язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Тадбиркорлик субъектлари/ Акциядорлик жамияти. Холдинглар/ Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.06.2004 й. 295-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 25 июндаги

295-сон қарорига

2-ИЛОВА


Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги

акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши

устидан мониторинг олиб бориш комиссияси тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Акциядорлик бирлашмалари ва компанияларидаги акциялар давлат улушидан самарали фойдаланилиши устидан мониторинг олиб бориш комиссияси (кейинги ўринларда Комиссия деб юритилади) фаолиятини тартибга солади ва унинг асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятларини белгилаб беради.


2. Ушбу Низомнинг амал қилиши тижорат банклар устав фондидаги акцияларнинг давлат улушини бошқаришга нисбатан татбиқ этилмайди.


3. Комиссиянинг ўз ваколати доирасида давлатнинг ишончли вакиллари ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни тайинлаш, озод этиш ва уларнинг фаолиятига тегишли бўлган масалалар бўйича қабул қилган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда хўжалик юритувчи субъектлар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади.

4. Комиссия ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига, Олий Мажлиснинг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари ва фармойишларига, Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига, мазкур Низомга ва бошқа норматив ҳужжатларга амал қилади.



II. КОМИССИЯНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


5. Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари ҳисобланади:

хўжалик жамиятлари устав фондидаги давлат улушини бошқариш самарадорлигини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш;

давлат улуши инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларга бошқарувга берилгунгача бўлган муддатга республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги давлат улушини бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакилини тайинлаш, шунингдек уларни юкланган вазифалардан озод қилиш;

республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги давлат улушларини ишончли бошқариш ҳуқуқи учун ўтказилган танловлар натижаларини тасдиқлаш;

хўжалик жамиятларининг устав фондидаги давлат улуши бўйича дивидендлар давлат бюджетига тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш ишларини ташкил этиш;

хўжалик бошқаруви органлари раҳбарлари, давлат ишончли вакиллари ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларининг давлат улушларини бошқариш бўйича фаолиятларининг натижалари тўғрисидаги ахборотларини мунтазам равишда эшитиб бориш;

акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини тайинлаш ва озод қилиш.

6. Қуйидагилар Комиссиянинг функциялари ҳисобланади:

республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги давлат улушини бошқариш учун танлов ғолиблари - давлатнинг ишончли вакилларини давлат улуши инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларга берилгунгача бўлган муддатга тайинлаш ва инвестиция активларининг ишончли бошқарувчиларни тасдиқлаш;

акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини тайинлаш ва озод қилиш;

республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятларининг устав фондидаги давлат улушларини ишончли бошқариш ҳуқуқига танловлар натижаларини тасдиқлаш;

хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улушларини бошқариш бўйича фаолиятида давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг асосий мақсад ва вазифаларини белгилаш;

хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакилларини уларга юкланган мажбуриятлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод этиш;

давлат улушларини бошқариш бўйича шартномавий муносабатларни инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар билан давом эттириш мақсадга мувофиқлигини кўриб чиқиш;

давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг ҳисобот шаклларини тасдиқлаш;

хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улушларини бошқариш самарадорлиги юзасидан доимий мониторингни амалга ошириш ва таҳлил қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ва механизмларни ишлаб чиқиш;

хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улуши бўйича дивидендларни ва давлат корхоналарининг соф фойдасидан давлат бюджетига ажратмаларни ҳисоблашнинг прогноз параметрларини белгилаш.


III. КОМИССИЯНИНГ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


7. Комиссия қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз иш тартибини мустақил ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш, республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган хўжалик жамиятлари рўйхатини белгилаш;

давлатнинг ишончли вакилларини шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини тайинлаш учун номзодларни танлаш талабларини ва шартларини белгилаш;

ўз ваколатлари доирасида давлат ва хўжалик бошқаруви органларига топшириқлар бериш;

республика иқтисодиёти учун стратегик аҳамиятга эга бўлган, устав фондларидаги давлат улуши ишончли бошқарувга бериладиган хўжалик жамиятлари рўйхатини тасдиқлаш;

давлат ишончли вакилларини аттестациядан ўтказишнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат рақобат қўмитаси томонидан тасдиқланадиган тартибини келишиш.

8. Комиссия қуйидагиларга мажбур:

хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакиллари, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни тайинлашни ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини бажариш;

Комиссия мажлисларида қабул қилинган қарорларнинг ўз вақтида бажарилиши юзасидан назорат ва мониторингни амалга ошириш.



IV. КОМИССИЯНИНГ ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


9. Комиссия ишини Раис ташкил қилади, у Комиссия иш тартибини тасдиқлайди, мажлис ўтказиладиган санани ва кун тартибини белгилайди, ўзи ўрнида бўлмаган ҳолларда комиссия аъзоларидан бирини ўринбосар этиб тайинлайди.

Комиссиянинг мажлислари заруриятга қараб даврий, аммо чоракда камида бир марта унинг аъзоларининг учдан икки қисмидан кам бўлмаган аъзолари иштирокида ўтказилади.

Комиссия қарори Комиссия аъзоларининг мажлисида иштирок этувчиларнинг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлганда Комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Комиссия қарори мажлисда иштирок этувчи Комиссия аъзолари имзолайдиган ва Комиссия раиси ёки унинг ўринбосари томонидан тасдиқланадиган протокол билан расмийлаштирилади. Протоколни имзолаш вақтида Комиссия аъзолари ўзларининг алоҳида мулоҳазаларини билдириш ҳуқуқига эга.



V. КОМИССИЯНИНГ ИШЧИ ОРГАНИ


10. Комиссия мажлисини тайёрлаш ва ўтказишни ташкил этишни амалга оширувчи Комиссиянинг ишчи органи Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Давлат активларини бошқариш маркази ҳисобланади.

11. Ишчи орган:

хўжалик жамиятларидаги давлат улушларини бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакилларини, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини тайинлаш ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни тасдиқлаш бўйича;

хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улушларини бошқариш мажбуриятларидан давлатнинг ишончли вакиллари, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни озод этиш бўйича;

давлат улушларини ишончли бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакиллари, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларини ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларнинг фаолиятини тартибга соладиган норматив ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича;

давлат улушларини ишончли бошқариш бўйича фаолиятга тегишли бўлган бошқа масалалар юзасидан таклифларни Комиссияга кўриб чиқиш учун киритиш ҳуқуқига эга.


12. Комиссиянинг ишчи органи қуйидагиларга мажбур:

Комиссия томонидан қабул қилинган қарорларни ўз вақтида ва зарур даражада бажариш;

Комиссиянинг давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчиларни тасдиқлаш тўғрисидаги қарори қабул қилингандан кейин ўн иш куни мобайнида янги тайинланган давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар билан ишончли бошқарувга шартномалар тузиш;

давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар ҳамда акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакиллари томонидан тақдим этиладиган ҳисоботлар (ахборотлар)ни йиғиш, тартибга келтириш ва ишлаш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва чет элларда эгалик ҳуқуқи давлатга тегишли бўлган мол-мулкни сақлаш ва самарали бошқариш юзасидан инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар ва давлатнинг ишончли вакилларининг, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларининг фаолияти натижадорлиги бўйича мониторинг ўтказиш;

устав фондида давлат улуши бўлган давлат унитар корхоналари, хўжалик жамиятлари, уларнинг хўжалик фаолиятининг асосий натижалари тўғрисида маълумотлар базасини юритиш;

хўжалик жамиятларининг устав фондларидаги давлат улушларини бошқариш бўйича давлатнинг ишончли вакиллари, инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакиллари фаолияти тўғрисидаги ахборотни Комиссияга ҳар чоракда тақдим этиш;

хўжалик бошқарув органлари раҳбарлари, давлатнинг ишончли вакиллари ва инвестиция активларини ишончли бошқарувчилар ишлари самарадорлиги мониторинги ва улар ишининг самарадорлиги таҳлили асосида давлат улушларини бошқариш бўйича уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботлари, шунингдек акциядорлик жамиятларини бошқаришда давлат иштирокининг махсус ҳуқуқи ("олтин акция")дан фойдаланаётган давлат вакилларининг ўз ваколатларини амалга ошириш бўйича ҳисоботлари Комиссия томонидан эшитилишини ташкил этиш;

Комиссия мажлисини чақириш билан боғлиқ ташкилий масалаларини ҳал қилиш;

Комиссиянинг иш юритишини аниқ ва тўлиқ олиб бориш, Комиссия ёзишмаларини ҳисобга олиш ва таснифлаш, Комиссиянинг барча мажлислари протоколларини ўз вақтида ва тўлиқ расмийлаштириш.


13. Комиссияни қайта ташкил этиш ва тугатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 26-сон, 298-модда.