язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Сентябрь, 2019 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Вазирликлар, қўмиталар фаолиятини ва таркибини тартибга солиш / Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Дунё" ахборот агентлигининг Устави (ЎзР ВМ 13.09.2019 й. 770-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 13 сентябрдаги

770-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар

вазирлиги "Дунё" ахборот агентлигининг

УСТАВИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Устав Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги "Дунё" ахборот агентлигининг (кейинги ўринларда "Агентлик" деб аталади) мақоми, асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари, жавобгарлигини, фаолиятини ташкил этиш ва ҳисобот бериш тартибини белгилайди.


2. Агентлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирининг буйруқлари ва кўрсатмалари, ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги (кейинги ўринларда ТИВ деб аталади) қарорларига амал қилади.


3. Агентлик Ташқи ишлар вазирлигининг идоравий мансуб ташкилоти ҳисобланади ва тузилмасига киради.


4. Агентлик фаолияти Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, асосий фаолиятдан олинадиган бюджетдан ташқари маблағлар (пулли асосда ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли босма материаллар, воқеалар жойидан видеороликлар ва телекўрсатувларни тақдим этиш, босма маҳсулотларни чоп этиш, реклама фаолияти ва бошқалар), шунингдек, қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.


5. Агентлик давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс ҳисобланади, ўзининг логотипи, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган, ўз номи давлат ва инглиз тилларида ёзилган муҳри, бланки ва штампига, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Ғазначилигида шахсий ҳисобрақами ҳамда хорижий валютадаги ҳисобрақамига эга бўлади.


6. Агентликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ - Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг "Дунё" ахборот агентлиги, қисқартирилгани - "Дунё" ахборот агентлиги;

в) инглиз тилида:

тўлиқ - "Dunyo" Information Agency of the Ministry of Foreign Affairs of the Republic of Uzbekistan, қисқартирилгани - "Dunyo" Information Agency;

б) рус тилида:

тўлиқ - Информационное агентство "Дунё" Министерства иностранных дел Республики Узбекистан, қисқартирилгани Информационное агентство "Дунё".


7. Агентликнинг манзили (почта манзили): Тошкент шаҳри, Амир Темур кўчаси, 3-уй.



2-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда сифатли ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли босма материаллар, видеороликлар, телекўрсатувлар, шунингдек, Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда рўй бераётган воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ҳамда уларни тарқатиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ишончли ва масъулиятли шерик сифатида халқаро нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, унинг халқаро ташаббуслари, экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида халқаро ҳамжамиятни, шу жумладан хорижий сиёсатчи-экспертларни хабардор қилиш бўйича тизимли ишларда иштирок этиш;

мамлакатда амалга оширилаётган жадал ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқаро ҳамжамиятга ўз вақтида етказиш, шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситалари билан расмий ахборот алмашиш механизмини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ва хорижий ахборот марказлари, медиа тузилмалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш;

Ўзбекистон Республикаси делегацияларининг хорижга ва хорижий делегацияларнинг республикамизга ташрифларини, уларнингн якунлари бўйича эришилган келишувларни, шунингдек, кундалик ва долзарб халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг расмий позициясини кенг ва тезкор ёритиш;

республиканинг хориждаги муассасалари томонидан чет эллик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш, хориждан инвестициялар ва сайёҳларни жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси жисмоний ҳамда юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, хорижий давлатлардаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида хорижий ва маҳаллий жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш;

"Дунё" ахборот агентлигининг Медиа-маркази базасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистонда доимий ва вақтинча аккредитациядан ўтган хорижий мухбирлар (журналистлар) учун республика ҳақида холис маълумотларни тўплаш ва тарқатиш имконини берадиган иш майдончасини тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикасининг турли соҳаларда бугунги тараққиёти ва салоҳиятини намойиш этадиган фото ва медиа маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ахборот бюллетенлари, маълумотномалар, каталоглар, рисолалар, газеталар, журналлар, бошқа босма ҳамда компьютер маҳсулотларини чоп этиш ва хорижда тарқатиш.


9. Агентлик ўзига юклан вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


1) замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда сифатли ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли босма материаллар, видеороликлар, телекўрсатувлар, шунингдек, Ўзбекистонда ва хорижий давлатларда рўй бераётган воқеалар жойидан репортажлар тайёрлаш ҳамда уларни тарқатиш орқали Ўзбекистон Республикасининг ишончли ва масъулиятли ҳамкор сифатида халқаро нуфузини мустаҳкамлашга кўмаклашиш соҳасида:

республиканинг савдо-иқтисодий ва инвестиция, иқтисодиёт ва инвестициялар соҳасидаги қонунчилик базаси такомиллаштириш, хорижий давлатлар билан савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг муваффақиятли намуналари ҳақида ахборот тарқатиш орқали Ўзбекистоннинг ташқи иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва мустаҳкамлашга кўмаклашади;

Ўзбекистонда амалга оширилаётган туб ўзгаришлар, давлатнинг ички ва ташқи сиёсати ҳақида ахборот, таҳлилий ва кенг қамровли босма материаллар, видеороликлар ва таҳлилий телекўрсатувлар, репортажлар тайёрлаш, уларни Ўзбекистонда ва хорижда, шу жумладан хорижий оммавий ахборот воситалари учун тарқатади;

хорижда ахборот-тушунтириш ишларини амалга ошириш ва такомиллаштириш бўйича ТИВнинг Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси, бошқа бўлинмалари ҳамда республиканинг хориждаги муассасалари билан яқин ҳамкорлик қилади;


2) Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, унинг халқаро ташаббуслари, экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар, шунингдек, давлат дастурларининг ҳаётга татбиқ этилиши ҳақида халқаро ҳамжамиятни, шу жумладан хорижий сиёсатчи-экспертларни хабардор қилиш бўйича тизимли ишларда иштирок этиш соҳасида:

республиканинг хориждаги муассасалари, хорижий ва маҳаллий газеталар, журналлар, радио, телевидение, ҳукумат ва ноҳукумат муассасалар, ноҳукумат нотижорат ташкилотлари ва хусусий шахсларга шартнома асосида Ўзбекистон Республикаси ички ва ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, халқаро ташаббуслари, унинг экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти, турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда давлат дастурларининг амалга оширилиш ҳақида шартнома асосида ахборот тақдим қилади;


3) мамлакатда амалга оширилаётган жадал ўзгаришларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқаро ҳамжамиятга ўз вақтида етказиш, шунингдек, хорижий оммавий ахборот воситалари билан расмий ахборот алмашиш механизмини йўлга қўйиш мақсадида маҳаллий ва хорижий ахборот марказлари, медиа тузилмалари ҳамда бошқа тегишли ташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш соҳасида:

ахборот ва тажриба алмашиш, шунингдек, ходимлар малакасини ошириш мақсадида маҳаллий ва хорижий етакчи медиаташкилотлар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатади ва ривожлантиради;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Ўзбекистон Республикасида ва хорижда ахборот, маданий, хайрия, гуманитар ва бошқа жамғармалар, шунингдек, ассоциациялар, жамиятлар ва бошқа ташкилотларни ташкил этиш ҳамда уларнинг фаолиятини таъминлашда иштирок этади;

хориждаги ахборот агентликларининг ишларини ташкил этиш, жумладан, ахборот тўплаш, таҳлил қилиш ҳамда уларни юридик ва жисмоний шахсларга тарқатиш борасида бошқа турдаги хизматларни кўрсатиш масалалари бўйича илғор тажрибани ўрганади ва жорий қилади;

хорижий ва халқаро ахборот марказлари билан Агентлик фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича ахборот тўплаш ва таҳлил қилиш борасида биргаликдаги ишларни ташкил қилади ва амалга оширади;


4) Ўзбекистон Республикаси делегацияларининг хорижга ва хорижий делегацияларнинг республикамизга ташрифларини, уларнингн якунлари бўйича эришилган келишувларни, шунингдек, кундалик ва долзарб халқаро масалалар бўйича Ўзбекистон Республикасининг расмий позициясини кенг ва тезкор ёритиш соҳасида:

мамлакатимизга ва хорижга олий даражадаги ташрифлар арафасида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан икки ва кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида ахборот-таҳлилий материаллар тайёрлайди;

ташрифлар арафасида ва давомида Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик соҳалари бўйича икки ҳамда кўп томонлама ҳамкорлигини ривожлантириш тўғрисида туркум материаллар тайёрлайди;

ташрифлар якунлари бўйича хорижий давлатлар ижтимоий-сиёсий, эксперт-таҳлил ва ишбилармон доиралари вакилларининг фикрлари ва эксперт баҳолари асосида ахборот материаллари тайёрланишини таъминлайди;

олий даражадаги ташрифлар якунлари бўйича ахборот дайжестлари тайёрлайди;


5) республиканинг хориждаги муассасалари томонидан чет эллик шериклар билан ҳамкорликни ривожлантириш, эришилган келишувларни амалга ошириш, хориждан инвестициялар ва сайёҳларни жалб қилиш, Ўзбекистон Республикаси жисмоний ҳамда юридик шахсларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек, хорижий давлатлардаги ватандошлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида хорижий ва маҳаллий жамоатчиликни ўз вақтида хабардор қилиш соҳасида:

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги миссиялари томонидан Ўзбекистон Республикасининг бугунги тараққиёти, савдо-иқтисодий ва туристик салоҳиятига бағишлаб ўтказилаётган тадбирлар (брифинглар, семинарлар, давра суҳбатлари, симпозиумлар, тақдимотлар ва бошқалар) ҳақида ахборот материаллари тайёрлайди;

Ўзбекистон Республикасининг турли даражадаги делегацияларининг хорижий давлатларга ташрифлари ҳақида видео ва фоторепортажлар тайёрлайди ҳамда уларни республика оммавий ахборот воситаларига юборади;


6) "Дунё" ахборот агентлигининг Медиа-маркази базасида маҳаллий оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистонда доимий ва вақтинча аккредитациядан ўтган хорижий мухбирлар (журналистлар) учун республика ҳақида холис маълумотларни тўплаш ва тарқатиш имконини берадиган иш майдончасини тақдим этиш соҳасида:

маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган хорижий мухбирлар (журналистлар) учун Ўзбекистон Республикасининг ташқи ва ички сиёсатининг долзарб масалаларига бағишланган брифинглар, давра суҳбатлари, матбуот анжуманлари, тақдимотлар ташкил қилади;


7) Ўзбекистон Республикасининг турли соҳаларда бугунги тараққиёти ва салоҳиятини намойиш этадиган фото ва медиа маҳсулотлар ишлаб чиқариш, ахборот бюллетенлари, маълумотномалар, каталоглар, рисолалар, газеталар, журналлар, бошқа босма ҳамда компьютер маҳсулотларини чоп этиш ва хорижда тарқатиш соҳасида:

ноширлик фаолиятини амалга оширади, ахборот бюллетенлари, маълумотномалар, каталоглар, рисолалар, газеталар, журналлар, бошқа босма маҳсулотларни чоп этади ҳамда республикада ва хорижда тарқатади;

Ўзбекистон Республикасининг давлатлараро ва ҳукуматлараро битимларининг расмий йиллик тўпламларини чоп этади;

ахборот тарқатиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ тасвир, овоз ва маълумотларни узатиш частоталари ҳамда бошқа каналлардан фойдаланади;

кенг кўламли халқаро ҳамкорлик учун республиканинг имкониятларини намойиш этадиган компьютер, фото ва аудиовизуал маҳсулотлар тайёрлайди.


10. Медиа-марказ Агентликнинг ахборот тарқатиш платформаси ҳисобланади ва қуйидаги вазифаларни бажаради:

мамлакатда ва хорижда матбуот анжуманлари, брифинглар ҳамда ахборот учрашувларини ташкил этиш;

хорижий давлатларнинг Ўзбекистон Республикасидаги дипломатик ваколахоналари, консуллик муассасалари, савдо ваколатхоналари, халқаро ташкилотлар ваколатхоналари вакилларининг интервьюсини ташкил этиш ва ўтказиш, кейинчалик тегишли материалларни миллий ҳамда хорижий оммавий ахборот воситаларида тарқатиш;

Ўзбекистон Республикасининг тарихи ва маданияти, экспорт, инвестиция ва туристик салоҳияти, мамлакатнинг ташқи сиёсат йўналиши, ТИВ ва республиканинг хориждаги муассасалари фаолияти ҳақида видеороликлар ва таҳлилий кўрсатувлар тайёрлаш ҳамда тарқатиш, шу жумладан хорижий сиёсатчи-экспертлар ва журналистларга;

республиканинг хориждаги муассасалари билан, жумладан, вазирлик ва идоралар, вилоят ҳокимликлари раҳбарлари иштирокида телекўприк ва видеоконференциялар ташкил этиш.


11. Медиа-марказ ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси ТИВ ва хориждаги муассасалари фаолиятини ахборот тадбирлари ўтказиш орқали ёритади;

ўтказиладиган тадбирларни фото ва видеотасвирга олади, уларнинг эфирга узатилишини таъминлайди;

маҳаллий ва хорижий мухбирлар ҳамда экспертларни ўтказиладиган тадбирларга таклиф қилади, зарур ахборот билан таъминлайди;

миллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари, тегишли ташкилотлар ҳамда экспертлар билан ҳамкорлик қилади;

республиканинг хориждаги муассасаларига илғор технологиялардан фойдаланган ҳолда, мавзуга оид видеороликлар, кўрсатувлар ва дастурларни тайёрлаш, монтаж қилиш ва тарқатишда кўмаклашади;

суратга олиш ва репортажлар тайёрлаш учун воқеа жойларига боради;

республика вазирликлари ва идоралари, хориждаги муассасалари, Ўзбекистон Республикасида аккредитациядан ўтган дипломатик миссиялар ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналари раҳбарлари ҳамда вакилларидан интервью олади.


12. Агентлик Ўзбекистон ҳақидаги маълумотларни жамоатчиликка ўз вақтида ва сифатли етказиб бериш мақсадида республика қонунчилиги талабларига жавоб берадиган ўз расмий веб-сайтини яратади, унинг зарур ҳолатда бўлиши ва мунтазам тўлдириб борилишини таъминлайди, шунингдек, Агентлик олдига қўйилган вазифаларни ҳал қилиш учун интернетнинг бошқа имкониятларидан фойдаланган ҳолда, ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон ҳақидаги ахборотни фаол тарқатади.



3-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАСЪУЛИЯТИ


13. Агентлик ўз зиммасига юкланган вазифа ва функцияларни бажариш учун:

Ўзбекистон Республикасининг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларидан Агентлик ваколатларига тааллуқли масалалар бўйича ҳужжатлар, статистика маълумотлари, ҳисоботлар, таҳлилий материаллар, таклифлар, хулосалар маълумотномалар ва бошқа маълумотларни, шунингдек, бошқа зарур маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

ўзининг ахборотномалари, бошқа босма ва видеомаҳсулотларни чоп этиш, республика ва хорижда тарқатиш, зарурат бўлганда, ушбу фаолиятни амалга ошириш учун хорижий фуқароларни ёллаш ёки ушбу вазифаларни шартномалар асосида хорижий агентликлар, фирмалар ва бошқа ташкилотларга топшириш;

ўз ваколатлари доирасида конференция, семинар, симпозиумлар ўтказиш, шунингдек, бошқа ташкилотлар томонидан ташкил этилган шундай тадбирларда қатнашиш;

Агентлик фаолиятига тааллуқли масалаларни ҳал қилиш бўйича маслаҳатлашиш, таклифларни ўрганиш ва тайёрлаш учун давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, илмий доиралар вакиллари, мутахассислар ва экспертлар, илмий-тадқиқот ва бошқа ташкилотларни жалб этиш;

олинадиган даромаддан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига, ўз фаолияти мақсадлари ва вазифаларига мувофиқ фойдаланиш;

кредитлар олиш, ўз номидан битимлар имзолаш, мулк харид қилиш, судларда даъвогар ва жавобгар бўлиш;

республиканинг хориждаги муассасаларида ўз мухбирлик пунктларини (пресс-атташе - мухбирлик пункти мудири) очиш, уларнинг фаолиятига умумий раҳбарлик қилиш ҳуқуқига эга.

Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


14. Агентлик:

ўзига юкланган вазифа ва функцияларнинг самарали бажарилиши;

ходимларни тизимлиравишда махсус қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

ўзига тегишли мулкдан мақсадли фойдаланиш ва унинг сақланишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бухгалтерия ва статистика ҳисоби ва ҳисоботини юритиш учун масъулдир.



4-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


15. Агентлик ишлари ТИВ иш режалари, Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ва унинг ўринбосарларининг Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича топшириқларига мувофиқ ишлаб чиқиладиган истиқболли ва жорий режалар асосида амалга оширилади.


16. Агентликка Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган директор раҳбарлик қилади.

Агентлик директори мақоми бўйича Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Департаменти директорига тенглаштирилади.


17. Агентлик директори:

а) Агентлик фаолиятига умумий раҳбарлик қилади, Агентликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши, жамоада ижро ва меҳнат интизоми учун шахсан жавоб беради;

б) давлат ва хўжалик бошқаруви идоралари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва давлатнинг бошқа органлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва хориж мамлакатлар оммавий ахборот воситалари билан ўзаро муносабатларда Агентлик номидан вакиллик қилади;

в) Агентликнинг барча ходимлари томонидан бажарилиши мажбурий бўлган буйруқлар, фармойишлар, йўриқномалар чиқаради;

г) Агентлик ходимлари ўртасида мажбуриятларни тақсимлайди ва уларнинг ўзаро алмашинувини белгилайди;

д) Агентлик штатларини такомиллаштириш ва ходимлар иш ҳақини белгилаш;

Агентликка кадрлар танлаш, уларни жой-жойига қўйиш ва алмаштириш, ходимларни рағбатлантириш ва уларга нисбатан интизомий чоралар қўллаш;

Агентлик маблағларидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетида назарда тутилган ва тегишли давр учун тасдиқланган бюджет маблағлари диорасида фойдаланиш бўйича қарорлар қабул қилади.

е) Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазирига:

Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ Агентликнинг таркибий бирликларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш;

Агентлик ходимларига уларнинг малакаси, эгаллаб турган лавозими ва иш стажига мувофиқ дипломатик даража бериш, шунингдек, меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ходимлар лавозим маошларига дипломатик даража, узоқ йиллар хизмати, хорижий тилларни билгани учун ва бошқа асосда устамалар тўлаш;

ходимларни хорижий давлатларга қисқа ва узоқ муддатли хизмат сафарларига юбориш бўйича таклифлар киритади.

Агентлик директори Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам бажариши мумкин.


18. Директор икки нафар ўринбосарга эга бўлади ва улар Агентлик директори томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


19. Агентлик директори бўлмаган ҳолларда, унинг ваколатларини ўринбосарларидан бири бажаради.


20. Агентлик ходимлари Агентлик директорининг буйруғи билан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.


21. Агентлик ходимларининг функционал вазифалари Агентлик директори томонидан тасдиқланади.


22. Агентлик ходимлари:

махфий ёзишмалар тартиби ҳамда хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган ҳужжатларни ошкор этмаслик қоидаларига риоя этишга;

уларнинг ижросидаги ҳужжатларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш, ҳужжатларнинг сифатини тўлалигича сақлаш, хавфсизлик тартиби, жумладан, ёнғин хавфсизлиги тартибига амал қилиш, мол-мулк, шунингдек, компьютер ва бошқа техника воситаларидан тўғри фойдаланиш ва уларнинг сақланишини таъминлашга мажбур.

Агентлик ходимлари ўзларига юкланган вазифа ва функциялар, Агентлик ва ТИВ раҳбарияти топшириқларининг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, шунингдек, меҳнат интизомига риоя этиш учун шахсан жавоб беради.



5-БОБ. АГЕНТЛИКНИНГ МОЛ-МУЛКИ ВА МАБЛАҒЛАРИ


23. Агентликнинг мол-мулки ва маблағлари асосий фондлар ва айланма маблағлар, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган даромадлардан ташкил топади.



6-БОБ. АГЕНТЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


24. Агентлик ходимларининг иш ҳақи лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча ҳақ, устамалар ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан ташкил топади. Агентлик ходимлари лавозим маошига ойлик устамалар ҳамда рағбатлантирувчи қўшимча тўловлар директор томонидан Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири билан келишилгандан сўнг тасдиқланадиган низомларга мувофиқ тўланади.


25. Агентликнинг хўжалик фаолияти натижасида олинадиган ўз маблағлари Агентлик ходимларининг лавозим маошига (200 фоизгача) ҳар ойлик устамалар ҳамда уларни моддий рағбатлантириш манбалари ҳисобланади.


26. Агентликни сақлаш, шу жумладан моддий-техника таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари Агентликнинг ўз даромади билан таъминланмаган харажатларини қоплаш учун ажратилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


27. Агентлик Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 14 сентябрь