язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Бухгалтерия ҳисоби ва аудит/ Молия вазирининг 11.09.2019 й. 97-сон "Аудитор малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Буйруғи (АВ томонидан 30.09.2019 й. 3105-1-сон билан рўйхатга олинган)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

30.09.2019 й.

N 3105-1




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МОЛИЯ ВАЗИРИНИНГ

11.09.2019 й.

N 97


БУЙРУҒИ



Аудитор малака сертификатини бериш

тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш

ва қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Аудиторлик фаолияти тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ БУЮРАМАН:


1. Ўзбекистон Республикаси молия вазирининг 2018 йил 14 ноябрдаги 144-сон буйруғи (рўйхат рақами 3105, 2018 йил 21 декабрь) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2018 й., 51-сон, 986-модда) билан тасдиқланган Аудитор малака сертификатини бериш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур буйруқ расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Вазир                                                                   Д. Кучкаров






Буйруққа

ИЛОВА



Аудитор малака сертификатини бериш

тартиби тўғрисидаги низомга киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 8-бандда:


"в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) олий маълумот тўғрисидаги диплом ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжат ёхуд ваколатли давлат органининг хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот ёки илмий даражаси тўғрисидаги ҳужжатни тан олиш гувоҳномаси (нусхаси олиниб, асли қайтарилади);";


"д" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"д) меҳнат дафтарчаси (меҳнат стажини тасдиқловчи "Электрон меҳнат дафтарчаси тизимидан кўчирма) (нусхаси олиниб, асли қайтарилади), (ўриндошлик бўйича меҳнат стажи мавжуд бўлган тақдирда бу ҳақда меҳнат дафтарчасига ёзув киритилган бўлиши лозим);";


"ж" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"ж) малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси.".


2. 13-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин:

"Малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилишига асос бўлиб хизмат қилган камчиликларни бартараф этиш учун талабгорга 15 кундан кўп бўлмаган муддат берилади.

Ҳужжатларни қайта кўриб чиқиш уч кун мобайнида амалга оширилади. Талабгорнинг аризаси қайта кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

Агар малака имтиҳонини топширишга рухсат бериш рад этилишига асос бўлиб хизмат қилган камчиликлар 15 кун мобайнида бартараф этилмаса, бунда талабгорнинг аризаси янгидан тақдим этилган деб ҳисобланади.".


3. 14-банднинг рус тилидаги матни қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"14. При принятии решения о допуске претендента к сдаче квалификационного экзамена он включается в список лиц, допущенных к сдаче квалификационного экзамена, и этот список передается в экзаменационную комиссию перед началом квалификационного экзамена. При этом квалификационный экзамен проводится по мере формирования группы, но не реже одного раза в квартал.".


4. 18-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"18. Малака имтиҳонини топширишда талабгорлар паспорт ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этади.".


5. 19-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"19. Талабгор паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим қилмаганда ёхуд малака имтиҳонига кечиккан тақдирда малака имтиҳонига қўйилмайди ва малака имтиҳонига келмаган ҳисобланади.".


6. 20-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"20. Агарда талабгор, уни мазкур Низомда назарда тутилган тартибда хабардор қилинганидан сўнг, икки маротаба малака имтиҳонини топширишга келмаса, тақдим этилган ҳужжатлар талабгорга қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.".


7. 24-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"24. Тест синови қуйидаги бўлимлар бўйича 80 та саволдан иборат бўлади:

молиявий ҳисоб;

бошқарув ҳисоби ва молиявий таҳлил;

аудит;

солиқ солиш ва тадбиркорлик фаолиятини ҳуқуқий тартибга солиш.

Талабгорга малака имтиҳонини топшириш учун тўрт соат вақт тақдим этилади.

Талабгорнинг тўғри жавоблар бўйича якуний натижаси 75 фоиз ва ундан юқори кўрсаткични ташкил қилган бўлса, у малака имтиҳонини муваффақиятли топширган ҳисобланади.".


8. 25-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


9. 26-бандда:

биринчи хатбошиси "уяли телефондан" деган сўзлардан кейин "ёки бошқа ахборот технология воситаларидан" деган сўзлар билан тўлдирилсин;

учинчи хатбошиси "уяли телефон" деган сўзлардан кейин "ёки бошқа ахборот технология воситалари" деган сўзлар билан тўлдирилсин;


10. 28-банднинг биринчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"28. Малака имтиҳонидан ўта олмаган талабгор, малака имтиҳонини топширган санадан камида бир ой ўтгандан сўнг малака имтиҳонини қайта топшириш учун мазкур Низомнинг 8-бандида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим қилиши мумкин.".


11. 32-банддаги "мутахассиснинг" деган сўз "аудиторнинг" деган сўз билан алмаштирилсин.


12. 35-банддаги "талабгор" деган сўз "аудитор" деган сўз билан алмаштирилсин.


13. 36-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"36. Малака сертификати дастлаб беш йиллик муддатга, талабгор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда, ёхуд халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлган талабгорларга малака имтиҳонини топширмасдан берилади.

Дастлабки беш йиллик муддат тугагандан сўнг унинг амал қилиш муддатини навбатдаги ўн йилга узайтириш, аудитор малака имтиҳони муваффақиятли топширганда ёхуд аудитор халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

Малака сертификатини кейинги муддатсиз даврга узайтириш аудитор малака имтиҳонини муваффақиятли топширганда ёхуд аудитор халқаро бухгалтер сертификатига эга бўлганда ёки ўн йилдан кам бўлмаган узлуксиз аудитор иш стажи мавжуд бўлганда малака имтиҳонини топширмасдан амалга оширилади.

Малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун ҳужжатлар мазкур Низомнинг 37-бандига мувофиқ тақдим этилганда, малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ариза тақдим этилган санадан бошлаб малака сертификатининг амал қилиш муддати тугаши санасигача бўлган вақт оралиғи аудитор сифатида узлуксиз иш стажини ҳисоблашда инобатга олинади.

Аудитор лавозимига тайинлашлар оралиғидаги вақт бир ойдан ошмаган бўлса, ушбу давр аудитор сифатидаги узлуксиз иш стажини аниқлашда узилиш деб ҳисобланмайди.".


14. 37-бандда:

"в" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) аризани кўриб чиқиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида йиғим тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати нусхаси;";

"д" кичик банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"д) меҳнат дафтарчаси (меҳнат стажини тасдиқловчи "Электрон меҳнат дафтарчаси" тизимидан кўчирма) (нусхаси олиниб, асли қайтарилади).".


15. 39-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Агарда аудитор, уни мазкур Низомда назарда тутилган тартибда хабардор қилинганидан сўнг, малака сертификатининг амал қилиш муддатини узайтириш учун малака имтиҳонини топширишга келмаса, малака сертификатининг амал қилиш муддати тугагандан кейин, тақдим этилган ҳужжатлар (малака сертификатининг асл нусхасидан ташқари) қайтарилади. Бунда аризани кўриб чиқиш учун тўланган йиғим қайтариб берилмайди.".


16. 41-банднинг учинчи хатбошисидаги ва 45-банддаги "энг кам иш ҳақининг" деган сўзлар "базавий ҳисоблаш миқдорининг" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


17. Мазкур ўзгартириш ва қўшимчалар Ўзбекистон бухгалтерлар ва аудиторлар миллий ассоциацияси ҳамда Ўзбекистон аудиторлар палатаси билан келишилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 сентябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 7 октябрь, 40-сон, 751-модда