язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Нотижорат ташкилотлар/ "Кексалар маслаҳати" гуруҳлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 27.09.2019 й. 816-сон қарорига 2-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 27 сентябрдаги

816-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Кексалар маслаҳати" гуруҳлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур намунавий низом (кейинги ўринларда Низом деб аталади) "Кексалар маслаҳати" гуруҳининг (кейинги ўринларда Гуруҳ деб аталади) асосий вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Гуруҳ жисмоний шахсларнинг ихтиёрийлигига асосланиб, ўз фаолиятини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаши органи ҳисобланади.


3. Гуруҳ Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика, ҳудудий (вилоят, туман ва шаҳар) кенгашлар (кейинги ўринларда республика, ҳудудий кенгашлар деб аталади) ҳузурида ҳамда фуқаролар йиғинларида ташкил этилади.


4. Гуруҳ қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.


5. Гуруҳ тўғрисидаги низом тегишли республика, ҳудудий кенгашлар бошқаруви ҳамда фуқаролар йиғинлари қарори билан тасдиқланади.


6. Гуруҳ ошкоралик, коллегиаллик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоат фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.



2-БОБ. ГУРУҲНИНГ АСОСИЙ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


7. Гуруҳнинг асосий мақсади кексаларнинг муаммоларини манзилли ўрганиш ва бартараф этиш, кекса авлод вакилларининг бой ҳаётий тажрибасидан оилалар ва маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда кенг фойдаланиш, уларнинг ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этишини таъминлашдан иборат.


8. Гуруҳнинг асосий вазифалари:

маҳаллаларда аҳолига хизмат кўрсатувчи ташкилот ва идоралар, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг фаолияти устидан Ўзбекистон Республикасининг "Жамоатчилик назорати тўғрисида" Қонунида белгиланган тартибда жамоатчилик назоратини ўрнатиш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида"ги ПФ-5618-сон Фармони асосида маҳаллаларда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш, аҳолининг, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини юксалтиришга кўмаклашиш;

ота-оналарнинг фарзанд тарбиясидаги масъулияти ва огоҳлигини ошириш, жаҳолатга қарши таъсирчан ҳамда кучли маърифат тарғиботини, умумтаълим мактабларида кийиниш маданияти, ўқувчиларнинг давоматини таъминлашга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

кекса авлод вакилларининг давлат ва жамият ҳаётидаги ижтимоий фаоллигини ошириш, маҳалладаги муаммоларни ҳал этиш, миллий урф-одат, анъана ва маросимларни ташкил этиш ҳамда ўтказишда йўл-йўриқ кўрсатиш;

маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштиришда фуқаролар йиғинига кўмаклашиш;

кам таъминланган ва кўп болали оилалар, ёлғиз, ногиронлиги бўлган фуқаролар холидан хабар олиш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлашда давлат ва жамоат ташкилотларига кўмаклашиш;

маҳаллаларда аҳоли ўртасида жисмоний тарбия машғулотлари гуруҳларини шакллантириш, кексаларни оммавий спорт мусобақаларига кенг жалб этишда фаоллик кўрсатиш;

ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги ишларни янги тизим асосида йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда амалга оширилишида фаоллик кўрсатиш;

лоқайдлик, оилавий келишмовчиликлар ва ёшлар ўртасида "оммавий маданият" кўринишидаги салбий иллатлар тарқалишини олдини олиш, маҳаллаларда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда жамоатчилик муносабатини шакллантириш;

кексалар орасида спорт-соғломлаштириш, муваффақиятли қариш, саломатлик учун шахсий масъулиятни юксалтириш каби тарғибот тадбирларини ташкил этиш;

ижтимоий ҳимояга олинган ёлғиз кексаларнинг тиббий кўрикдан ўтказилиши, қаровчисиз қолган фуқароларнинг амбулатор-стационар ҳамда уй шароитида даволаш, ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларга тиббий-ижтимоий хизматларнинг ташкил этилишини назорат қилиш;

жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилган пенсия ёшидаги кишиларнинг жамиятга ижтимоий мослашуви, бандлигини таъминлаш, пенсия ёшидаги кишилар учун меҳнат ярмаркалари ташкил этилишига кўмаклашиш;

"Мурувват" ва "Саховат" уйлари билан доимий ҳамкорликда иш олиб бориш, эҳтиёжманд, боқувчисиз қолган ёлғиз кексаларга ҳар жиҳатдан кўмаклашиш;

тўй ва бошқа оилавий тадбирларни ихчам, ижтимоий табақаланишга йўл қўймаган ҳолда ўтказиш бўйича маҳаллада тарғибот ва тушунтириш ишларини олиб бориш;

илм-фан, санъат, ҳунармандчилик, касаначилик, томорқа маданияти, тадбиркорлик каби турли соҳалар бўйича катта ҳаётий ва касбий тажрибага эга кексалар иштирокида аҳоли орасида тадбирлар ўтказиш;

Ҳаж ва Умра зиёратларига тавсия этиладиган фуқаролар бўйича таклифлар бериш;

ёлғиз кексалар ҳамда пенсионерлар учун тарихий қадамжолар, зиёратгоҳларга мунтазам саёҳатлар уюштириш.


9. Гуруҳ қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ижтимоий-маънавий вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.



3-БОБ. ГУРУҲНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ


10. Гуруҳ қуйидаги ҳуқуқларга эга:

маҳаллалардаги тинчлик, ҳамжиҳатлик муҳитига салбий таъсир кўрсатувчи омилларнинг сабаблари ва оқибатларини бартараф этиш бўйича тегишли кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғинларига таклифлар киритиш;

ёшларни миллий менталитетимизга мос руҳда тарбиялаш, уларда кекса авлод вакилларига нисбатан ҳурмат ҳиссини шакллантириш, ножўя қилмишлар ва урф-одатларимизга зид хатти-ҳаракатлардан қайтаришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш;

мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиб келаётган, ташаббускор, фидойи кексаларни "Меҳнат фахрийси", "Мўътабар аёл" ва "Маҳалла ифтихори" кўкрак нишонларига тавсия этиш бўйича таклифлар киритиш;

фуқаролар йиғинларига мурожаат этган фуқароларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, келиб тушган мурожаатларни таснифлаш асосида халқ билан мулоқотнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ишларига кўмаклашиш;

заруратдан келиб чиқиб, ўз мажлислари ва тадбирларига давлат органларининг масъул ходимларини таклиф этиш;

маҳаллаларда кексаларнинг муаммоларини, уларнинг эҳтиёжларини ўрганиб, бартараф этиш бўйича масъулларга тавсия бериш;

тўйлар ва бошқа маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадриятларимиз ва ибратли анъаналаримизни ҳисобга олган ҳолда ўтказиш бўйича жамоатчилик назоратини ўрнатиш.



4-БОБ. ГУРУҲНИНГ ТАРКИБИ


11. Гуруҳлар қуйидаги таркибда шакллантирилади:


республика гуруҳи - вазирликлар, ташкилотлар ва хўжалик бирлашмаларида раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган, муайян тармоқ тараққиёти учун муносиб ҳисса қўшган, катта ҳаётий ва амалий тажриба ҳамда маҳалла тизимини ривожлантириш бўйича мустақил таклифларга эга ижтимоий фаол жамоат арбоблари, олимлар ва экспертлар;


вилоят ва туман (шаҳар) гуруҳлари - муайян соҳада раҳбарлик лавозимларида ишлаган, катта ҳаётий ва амалий тажрибага, маҳалланинг мавқеини юксалтириш бўйича амалий таклифларга эга бўлган, юқори обрў-эътиборга сазовор кишилар, олимлар, ижодкорлар ва экспертлар;


маҳалла гуруҳлари - маҳаллада ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, кишиларни ортидан эргаштира олиш малакасига эга бўлган, аҳоли орасида обрў-эътиборли, бошқаларга ибрат бўладиган кекса авлод вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нафақадаги ходимлари.


12. Жамоатчилик тузилмаси 15-20 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилиб, тегишли кенгашлар бошқаруви томонидан тасдиқланади.



5-БОБ. ГУРУҲНИНГ ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


13. Гуруҳ раҳбари тегишли бошқарув раислари тавсиясига кўра гуруҳ аъзолари орасидан сайланиб, гуруҳ фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади.


14. Гуруҳ бир ойда бир марта (зарурат бўлганда навбатдан ташқари) чақиртирилади.


15. Гуруҳ томонидан муҳокама этилган масалалар баённома тарзида расмийлаштирилади ҳамда тегишли кенгашларга тақдим этилади.


16. Гуруҳ фаолиятини тегишли кенгашлар ҳамда фуқаролар йиғини раисининг кексалар ва фахрийлар билан ишлаш бўйича ўринбосарлари мувофиқлаштиради.


17. Республика ва ҳудудий кенгашларининг тегишли бўлимлари тузилма фаолиятини самарали ташкил этишга услубий ҳамда амалий жиҳатдан кўмаклашади.


18. Гуруҳларнинг чораклик фаолияти юзасидан ҳудудий кенгашлар, ярим йилликва йиллик фаолияти эса ҳудудий кенгашларнинг ҳисоботига кўра республика кенгаши томонидан мониторинг қилинади.


19. Гуруҳ аъзолари пенсияга чиққунга қадар фаолият кўрсатган соҳаси бўйича тармоқларга бириктирилади.


20. Республика гуруҳи аъзолари ҳудудларга мувофиқлаштирувчи сифатида бириктирилади.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


21. Гуруҳлар ўз фаолияти доирасида республика ва ҳудудий кенгашлар бошқаруви олдида ҳисобдордир.


22. Гуруҳлар фаолиятини самарали ташкил этишга кўмаклашиш юзасидан тегишли ҳудудий кенгашлар бошқаруви раисларининг шахсий масъуллиги белгиланади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 28 сентябрь