язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Соғлиқни сақлаш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 02.10.2019 й. 838-сон "Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида замонавий тиббиёт кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

02.10.2019 й.

N 838



ЖИЗЗАХ ВИЛОЯТИНИНГ ҒАЛЛАОРОЛ ТУМАНИДА

ЗАМОНАВИЙ ТИББИЁТ КЛАСТЕРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жиззах вилоятини комплекс ривожлантиришни давлат томонидан тартибга солиш ва бошқаришнинг самарали моделини ишлаб чиқиш тўғрисида" 2019 йил 3 январдаги ПФ-5609-сон Фармони ижросини таъминлаш ва "Илғор ҳудуд" синов лойиҳасини амалга ошириш доирасида, шунингдек, республика аҳолисига тиббий хизмат кўрсатишни яхшилаш ва Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш тизимига хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш, умумэътироф этилган халқаро стандартлар ҳамда инновация технологияларини жорий қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жиззах вилояти ҳокимлигининг:

Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида аҳолига юқори сифатли тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш, хорижий ва маҳаллий инвестицияларни, халқаро молия институтлари, инвестиция фондлари маблағларини, банклар кредитлари, шу жумладан хорижий банклар кредитларини жалб қилиш ҳисобидан тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини оширишни назарда тутувчи замонавий тиббиёт кластерини ташкил қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини (кейинги ўринларда лойиҳа деб аталади) амалга ошириш;

лойиҳанинг амалга оширилиши учун масъул бўлган "Medical care cluster" (кейинги ўринларда "Medical care cluster" МЧЖ деб аталади) масъулияти чекланган жамиятини ташкил этиш;

"Medical care cluster" МЧЖ устав капиталини "Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг улуши ҳисобидан шакллантириш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


2. Белгилаб қўйилсинки, "Medical care cluster" МЧЖ:

лойиҳанинг амалга оширилишини услубий, ташкилий, эксперт-таҳлилий ва ахборот билан таъминлайди;

лойиҳанинг бошқа иштирокчилари билан келишилган ҳолда, тиббиёт кластерининг бино ва иншоотларини лойиҳалаштириш учун техник топшириқлар ишлаб чиқади;

тиббиёт кластерининг бино ва иншоотларини жойлаштириш учун зарур бўлган майдонлар қурилишини ташкил қилади;

манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда қурилиш объектларига муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини улаш ва ўтказишни амалга оширади, шунингдек, кириш йўлларини барпо этади;

тиббиёт кластери бино ва иншоотларининг майдонларини инвесторларга ижарага беради;

лойиҳа иштирокчилари реестрини юритади ва уни тиббиёт кластери расмий веб-сайтида жойлаштиради;

лойиҳа иштирокчиларига ўз фаолиятини амалга ошириш учун зарур бўлган хизматлар (шу жумладан, юридик ва маслаҳат хизматлари, бухгалтерия ҳисобини юритиш хизматлари) кўрсатишни ташкил қилади;

лойиҳа иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштиради, биргаликдаги ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси билан биргаликда лойиҳа иштирокчилари манфаатлари учун тиббиёт ходимларини тайёрлаш ва уларнинг стажировка ўташини, шунингдек, уларга қўшимча касбий таълим берилишини ташкил қилади;

лойиҳа иштирокчиларига бозорда товарларни (ишлар ва хизматларни) таклиф қилишда кўмаклашади;

лойиҳа иштирокчилари томонидан тиббиёт кластери ҳудудида тиббий фаолиятнинг амалга оширилиши бошлангани тўғрисидаги билдиришномани, шу жумладан қўлланиладиган қоидалар, талаблар, регламентлар ва нормативлар, фойдаланиладиган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳақидаги маълумотларни белгиланган тартибда юборади;

интеллектуал фаолият натижалари учун ҳуқуқларни расмийлаштиришга кўмаклашади.


3. Жиззах вилояти ҳокимлиги:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда "Medical care cluster" МЧЖга лойиҳани амалга ошириш учун доимий эгалик қилиш ва фойдаланиш, шу жумладан бино ва иншоотлар, клиникалар, шифохоналар, таълим кампуслари ва бошқа объектлар қуриш ҳуқуқи билан Жиззах вилоятининг Ғаллаорол туманида жойлашган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган умумий майдони 10 гектар ер участкаси бир ой муддатда ажратилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Энергетика вазирлиги, "Ўзтрансгаз" АЖ ва "Ўзбектелеком" АК билан биргаликда тасдиқланган лойиҳа-смета ҳужжатларига мувофиқ қурилиш объектларига муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси (электр, газ, сув таъминоти, канализация, телефон алоқаси ва бошқалар) ўтказилишини ўзининг ва/ёки жалб қилинган маблағлар ҳисобидан белгиланган тартибда таъминласин.


4. Агентлик "Medical care cluster" МЧЖ билан биргаликда тиббиёт кластери ҳудудида амалга ошириладиган ва перинатал, клиник-ташҳис қўйиш, реабилитация марказлари, кардиология ва онкология клиникалари, болалар жарроҳлиги ва травматология клиниклари, шунингдек, тиббиёт университетини ташкил этишни назарда тутувчи лойиҳаларни молиялаштириш учун инвесторлар жалб қилинишини таъминласин.


5. Қуйидагиларга, истисно тариқасида:

а) "Medical care cluster" МЧЖга:

лойиҳани амалга ошириш доирасида тендер савдолари ва танловлари ўтказмасдан, энг яхши таклифларни танлаб олиш асосида лойиҳа ва пудрат ташкилотларини белгилаш;

ишга қабул қилинган малакали хорижий мутахассислар учун иш ҳақи ва бошқа тўловлар миқдорларини белгилаш;

б) лойиҳани амалга ошириш доирасида "Medical care cluster" МЧЖ томонидан жалб қилинадиган пудрат ва субпудрат ташкилотларига:

тасдиқланган техник топшириқларга мувофиқ клиникалар, шифохоналар ва таълим кампусларини;

тиббиёт кластерининг бино ва иншоотларини, бошқа объектларини қурилиш соҳасида тегишли лицензия ва (ёки) рухсатнома олмасдан, пудрат ва лойиҳа ташкилотлари ўртасида консорциум ташкил этиш орқали ҳамда консорциум иштирокчиларига лойиҳанинг сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши учун биргаликда жавобгарлик юклаш шарти билан "fast-track" услубида, "тайёр ҳолда топшириш" шартларида қуришга рухсат берилсин.


6. 2022 йил 1 январгача бўлган муддатга:

а) "Medical care cluster" МЧЖ ва лойиҳани амалга ошириш доирасида МЧЖ томонидан жалб этиладиган пудрат ташкилотлари:

юридик шахслар даромад солиғи ва қўшилган қиймат солиғини;

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, тиббиёт кластерини қуриш, жиҳозлаш ва фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган материаллар, хомашё, ускуналар, технологик ҳужжатлар, алоҳида махсус қурилиш материаллари, бутловчи буюмлар ва эҳтиёт қисмларни белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб киришда божхона тўловлари (божхона йиғимларидан ташқари) тўлашдан;

б) лойиҳа иштирокчилари тиббиёт кластери фаолиятини ташкил қилиш учун, хусусан, тиббиёт ходими сифатида жалб қилинадиган хорижий мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш фондидан ягона ижтимоий тўлов тўлашдан озод этилсин.


7. Белгилансинки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан маъқулланган халқаро клиник протоколлар ҳамда касалликлар ва ҳолатларга ташхис қўйиш ҳамда уларни даволашнинг тиббий услублари тиббиёт кластери ҳудудида мослаштирилмасдан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли рухсатномасини олмасдан қўлланилиши мумкин.


8. Агентлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда:

тиббиёт кластери фаолиятини самарали ташкил қилиш учун етакчи хорижий бошқарув компанияларини жалб қилиш бўйича уч ой муддатда музокаралар ўтказсин ва амалий чоралар кўрсин;

халқаро компанияни жалб этган ҳолда, "Рақамли ишонч" рақамли иқтисодиётни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тиббий-техник топшириқни икки ой муддатда ишлаб чиқсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари А.А. Абдухакимов ва Жиззах вилояти ҳокими Э.А. Салиев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                       А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 3 октябрь