язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Табиатдан фойдаланиш. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш/ 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш Стратегияси (ЎзР Президентининг 04.10.2019 й. ПҚ-4477-сон қарорига 1-илова)

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 4 октябрдаги

ПҚ-4477-сон қарорига

1-ИЛОВА



2019-2030 йиллар даврида

Ўзбекистон Республикасининг

"яшил" иқтисодиётга ўтиш

СТРАТЕГИЯСИ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


2018 йилда Ўзбекистон Республикаси Париж битимини (Париж, 2015 йил 12 декабрь) ратификация қилдива уни амалга ошириш юзасидан миллий миқёсда белгиланадиган ҳисса бўйича - 2030 йилга қадар иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш миқдорий мажбуриятини қабул қилди.

Париж битими мажбуриятларини бажариш доирасида иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш бўйича ўрта муддатли устувор вазифалар мамлакатда иқтисодиётнинг энергия ва ресурс сарфи ҳажмини камайтириш, ишлаб чиқаришда энергия тежамкор технологияларни кенг жорий қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, Оролбўйида экологик танглик оқибатларини бартараф этишни назарда тутадиган қатор стратегик ва тармоқ режалари, дастурлари, шунингдек, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар орқали амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги етарли даражада эмаслиги, табиий ресурслардан оқилона фойдаланмаслик, технологиялар янгиланишининг сустлиги, "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш учун инновацион ечимларни жорий этишда кичик бизнеснинг фаол иштирок этмаётгани миллий иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнингустувор мақсадларига эришишга тўсқинлик қилмоқда.

Мавжуд муаммоларни ҳал этиш учун иқтисодий ривожланиш жараёнларига иқтисодиётнинг барча тармоқларида кам углерод сарфлаган ҳолда ривожланиш ва ресурсларни тежаш, самарали ва экологик тоза технологияларни жорий этиш, шунингдек, барқарор қишлоқ хўжалигига йўналтирилган "яшил" иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали табиий ва энергия ресурсларидан фойдаланиш усулларини тубдан ўзгартириш талаб этилади.

Бунда узоқ муддатли истиқболда "яшил" иқтисодиётга ўтиш қуйидаги асосий тамойилларга асосланиши керак:

барқарор ривожланиш соҳасида Миллий мақсад ва вазифаларга мувофиқлик;

ресурслардан оқилона фойдаланиш, барқарор истеъмол ва ишлаб чиқариш;

иқтисодий ҳисоб тизимига экологик ва ижтимоий мезонларни киритиш;

ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадларига эришиш учун "яшил" воситалар ва ёндашувларни қўллаш устуворлиги;

энг муҳим тармоқларда рақобатбардошликни ошириш ва кўрсаткичларни яхшилаш, "яшил" иш ўринларини яратиш, аҳолининг фаровонлигини ошириш орқали мавжуд макроиқтисодий мақсадларга эришиш;

ресурслардан самарали фойдаланиш тадбирларининг инвестицион жозибадорлигини таъминлаш.

Шу муносабат билан иқлим ўзгариши масалаларини миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига интеграция қилишга йўналтирилган 2019-2030 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасининг "яшил" иқтисодиётга ўтиш стратегиясини (кейинги ўринларда - Стратегия) ишлаб чиқиш алоҳида аҳамият касб этади.



2-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАД ВА ВАЗИФАЛАРИ


1. Стратегиянинг асосий мақсади мамлакатда амалга оширилаётган тузилмавий ислоҳотларга "яшил" иқтисодиёт тамойилларини интеграция қилиш орқали ижтимоий ривожланишга, иссиқхона газларининг ажратмалари даражасини пасайтиришга, иқлим ва экология барқарорлигига имкон берувчи мустаҳкам иқтисодий тараққиётга эришишдан иборат.


2. Стратегия мақсадларига эришиш учун қуйидаги асосий вазифаларни амалга ошириш зарур:

технологик модернизациялаш ва молиявий механизмларни ривожлантириш орқали иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш;

давлат инвестициялари ва харажатларининг устувор йўналишларига илғор халқаро стандартларга асосланган "яшил" мезонларни киритиш;

давлат томонидан рағбатлантириш механизмларини, давлат-хусусий шериклигини ривожлантириш ҳамда халқаро молиявий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш орқали "яшил" иқтисодиётга ўтиш йўналишлари бўйича тажриба-синов лойиҳаларини амалга оширишга кўмаклашиш;

таълимга инвестициялар киритишни рағбатлантириш, етакчи хорижий таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига "яшил" иқтисодиётдаги меҳнат бозори билан боғлиқ кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини ривожлантириш;

Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чораларини кўриш;

"яшил" иқтисодиёт соҳасида, шу жумладан икки томонлама ва кўп томонлама шартномалар тузиш орқали халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.



3-БОБ. СТРАТЕГИЯНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-§. Иқтисодиётнинг базавий тармоқлари

энергия самарадорлигини ошириш


3. Электр энергетика соҳасида:

буғ-газли ва газ турбинали қурилмалар негизида юқори самарали технологияларни жорий қилиш орқали ишлаб турган электрстанцияларининг энергия ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш;

энергия тизими барқарорлигини ошириш учун магистрал электр тармоқлари конфигурациясини такомиллаштириш ва модернизациялаш;

ташкилий-техник тадбирларни амалга ошириш, шу жумладан электр тармоқлари режимларини мақбуллаштириш, реактив қувват ва тармоқ схемаларини компенсация қилиш;

технологик жараёнларнинг автоматлашганлик даражасини ошириш, ташиш ва тақсимлашга сарфланадиган электр энергияси ҳажмини қисқартириш;

электр энергияси истеъмоли тизимларини автоматик назорат ва ҳисобга олиш асбоблари билан тўлиқ жиҳозлаш.


4. Иссиқлик энергетикаси соҳасида:

иссиқлик энергиясини ишлаб чиқишнинг янги технологиялари, шу жумладан марказий қозонхоналарда когенерация технологиялари, буғнинг ўта суперкритик кўрсаткичларига эга кўмир буғ-турбинали энергия блоклари технологияларини жорий этиш;

қозонхоналарнинг эскирган асбоб-ускуналарини модернизациялаш ва реконструкция қилиш;

турбокомпрессор қурилмалари чиқинди газлари иссиқлигини утилизация қилиш;

иссиқлик тармоқлари жойлашувини мақбуллаштириш ва модернизациялаш;

иссиқлик тармоқларини реконструкция қилиш ва модернизациялашда замонавий, иссиқликни ўтказмайдиган материаллардан фойдаланиш;

иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш ва ташиш тизимини истеъмолчилар сонини ҳисобга олган ҳолда автоматлаштириш, диспетчерлаш ва мақбуллаштириш;

истеъмолчиларни замонавий ҳисоблагичлар билан таъминлаш;

қозонхоналарда сувни иситиш учун гелиоколлекторлардан фойдаланиш.


5. Нефть ва газ саноати соҳасида:

углеводород ресурслари йўқотилиши назоратининг самарали технологиялари (SCADA)ни жорий қилган ҳолда компрессор станциялар, паст ва ўрта босимли газ тақсимловчи тармоқлар, шунингдек, газ-транспорт тизимини модернизациялаш ҳисобига табиий газ қазиб олиш, уни қайта ишлаш, ташиш ва тақсимлашдаги йўқотишларни камайтириш;

газ билан таъминлашни ҳисобга олиш ва уни тақсимлашнинг замонавий технологияларини жорий этиш;

нефть ва нефть маҳсулотларини қайта ишлаш ва сақлашда иссиқхона газларининг ажратмаларини қисқартириш;

нефтга қўшилиб чиқадиган газларни утилизация қилиш ва чуқур қайта ишлаш жараёнларини жорий этиш натижасида уларни ёндиришдан ҳосил бўладиган иссиқхона газлари ажратмаларини қисқартириш;

нефть ва газ қазиб чиқариш объектларида муқобил энергия манбаларини жорий этиш;

электр энергияси ишлаб чиқариш учун чиқувчи газлар иссиқлигини утилизация қилиш.


6. Кимё саноати соҳасида:

аммиак, азот кислотаси ва минерал ўғитлар ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш ва энергия самарадорлиги юқори янги қувватларни яратиш;

электр энергияси ишлаб чиқариш учун энергия сарфи ҳажми катта бўлган кимёвий жараёнларнинг иссиқлигини утилизация қилиш технологияларидан фойдаланиш;

йирик тоннажли техноген чиқиндилардан саноатда фойдаланишни жорий этиш.



2-§. Энергия ресурслари истеъмолини диверсификациялаш

ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан

фойдаланишни ривожлантириш


7. Қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида:

қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасини ривожлантиришнинг узоқ муддатли мақсадли кўрсаткичларини тасдиқлаш, шунингдек, ҳар йили қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланувчи янги қувват ишлаб чиқариш объектларини Ўзбекистоннинг Ягона электр энергетика тизимига хавфсиз интеграция қилиш техник жиҳатларини эътиборга олган ҳолда уларнинг жойлашувини белгилаш;

тариф сиёсатини такомиллаштириш ва мазкур соҳада қулай рақобат муҳитини рағбатлантириш мақсадида янгидан ишга тушириладиган қайта тикланувчи энергия манбалари объектлари, хусусан қуёш, шамол ва биогаз станцияларида ишлаб чиқариладиган электр энергиясини харид қилишнинг чегараланган (максимал даражада йўл қўйиладиган) тарифларини тасдиқлаш;

қайта тикланувчи энергия манбалари лойиҳаларини амалга ошириш доирасида электр энергетикаси бозорига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва мустақил электр энергиясини ишлаб чиқарувчилар киришини рағбатлантирувчи аукцион савдоларини жорий этиш орқали салоҳиятли инвесторларни рақобат асосида танлашнинг замонавий ва шаффоф услубларини шакллантириш;

қайта тикланувчи энергия манбалари соҳасида амалдаги стандартларни таҳлил қилиш ва миллий стандартларни ушбу соҳадаги халқаро меъёрлар билан уйғунлаштириш;

энергетика баланси тузилмасида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини ошириш учун йирик, ўрта, кичик ва микроГЭСлар, шамол генераторлари ва гелиостанцияларни лойиҳалаштириш ва қуришда замонавий асосланган илмий-техник ечимларни жорий этиш;

электр тармоқларининг энергия самарадорлиги ва ишончлилигини ошириш, авария ҳолатларининг олдини олиш ва электр қувватига талаб кучайганда захира қувватларни ўз вақтида ишга тушириш мақсадида қайта тикланувчи энергия манбалари асосида электр энергия ишлаб чиқаришнинг номарказлаштирилган тизимларини жорий этиш орқали электр таъминоти тизимларини модернизациялаш ва қайта қуриш;

электр энергиясини ишлаб чиқиш ва тақсимлаш балансини қайта тикланувчи энергия манбаларини алоҳида ажратган ҳолда мониторинг қилиш;

энергия тизимларига уланиш орқали ишлаб чиқарилган энергияни тўплаш технологияларини ривожлантириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан энергия олиш учун ускуналар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш;

мавжуд ГЭСларнинг энергия ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш;

кичик деривацион ГЭСлар ва уларнинг инфратузилмаларини қуриш;

республиканинг қишлоқ жойлари ва узоқ ҳудудларида электр ва иссиқлик энергиясини ишлаб чиқариш учун қуёш батареяларини жорий этиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш;

қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича намойиш марказларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш;

қайта тикланувчи энергия манбалари ва энергия самарадорлиги масалалари бўйича аҳолини кенг хабардор қилиш.


8. Биноларни қуриш ва улардан фойдаланиш соҳасида:

биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш бўйича давлат дастурларини амалга ошириш, шу жумладан кўп қаватли уй-жой ва шахсий уй-жой фондини реконструкция қилиш;

қурилиш меъёрлари ва қоидаларини қурилиш ва реконструкцияни амалга оширишда энергия самарадорлиги талабларини кучайтириш юзасидан ҳар 5 йилда камида бир марта қайта кўриб чиқиш;

биноларни қуриш ва улардан фойдаланишда қурилиш меъёрларига риоя қилишни назорат/мониторинг қилиш тизимини яратиш;

биноларни қуриш ва реконструкция қилишда энергия самарадорлигини оширишни ҳисобга олган ҳолда архитектура-режалаштириш ечимларига бўлган ёндашувларни такомиллаштириш;

биноларни энергетик сертификатлаштириш тизимини яратиш;

иссиқни сақловчи қурилиш материаллари учун амалдаги меъёр ва стандартларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини қабул қилиш;

энергия самарадор шаклда таъмирлаш учун ипотека кредитлари тизимини ривожлантириш, хусусан "яшил" ипотека кредитларидан фойдаланиш;

хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатларида кўп қаватли биноларни энергия самарадор шаклда таъмирлаш учун мақсадли фондлар яратиш;

энергияни тежашни рағбатлантириш учун табақалаштирилган тарифлар тизимини ривожлантириш;

биноларни замонавий иссиқ сақловчи материаллар, стеклопакетлардан фойдаланган ҳолда қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш технологияларини такомиллаштириш;

муҳандислик ускуналари, иссиқ сақловчи материаллар, иситиш ва совитиш тизимларини ишлаб чиқиш технологияларини "яшил" стандартлар асосида ривожлантириш ва модернизациялаш;

марказий иситишда иссиқлик таъминотининг "ёпиқ" тизимини кенг жорий этиш;

шаҳарлар ва қишлоқлардаги жамоат бинолари, кўп қаватли турар жойлар ва шахсий уй-жой фондини иситиш ва иссиқ сув билан таъминлаш учун юқори самарали автоматлаштирилган тизимли маҳаллий қозонхоналардан фойдаланиш;

параллел ишлайдиган истеъмолчилар тизимига иссиқликни бир текис етказиш мақсадида иссиқлик бўғинлари тартиботини бошқариш учун smart-тизимлар ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

алоҳида бинолар эҳтиёжларини ҳисобга олувчи юқори технологияли совитиш ва вентиляция тизимларидан, масалан, иссиқлик насоси функцияси бўлган split-кондиционерлардан фойдаланиш;

маиший ускуналар учун энергия самарадор стандартларни жорий этиш;

энергия таъминоти манбаи сифатида фотоэлектрик панелларни жорий этиш;

биноларни ёритиш учун smart-тизимларни ишлаб чиқиш ва замонавий энергия самарали лампалардан кенг фойдаланиш;

аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали биноларнинг энергия самарадорлигини ошириш масалалари бўйича кенг ахборот кампанияларини ўтказиш.


9. Транспорт соҳасида:

транспорт харажатларини қисқартириш ва транспорт соҳасининг самарали фаолиятини таъминлашга қаратилган ягона комплекс ривожланиш сиёсатини шакллантириш, шаҳарни узоқ муддатли ривожлантириш режалари ва экологик хавфсизлик чораларига мувофиқ "яшил" транспортни ривожлантириш;

Евро-4 ва ундан юқори стандартларга мос келувчи энергия самарадорлиги ва экологик тавсифлари яхшиланган автотранспорт воситалари, электромобиллар, гибрид двигателли автомобиллар ва газ ёқилғисида ишлайдиган автомобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни кенгайтириш;

яхшиланган тавсифга эга мотор ёнилғиларини ишлаб чиқариш;

автотранспорт паркини янгилашда давом этиш, эски автомобилларни утилизация қилиш ва янги, янада экологик автомобилларни сотиб олишни рағбатлантирувчи дастурларни ишлаб чиқиш;

жамоат транспортининг самарали тизимларини яратиш ва такомиллаштириш (яхшиланган тавсифга эга жамоат транспорти улушини ошириш);

янги транспорт-логистика тизимларини яратиш ва ривожлантириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш;

фойдаланилаётган транспорт воситаларининг экологик ҳолати устидан давлат назоратини кучайтириш.


10. Қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида:

қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда иккиламчи ресурслар ва саноат тармоқлари (энергетика, металлургия, кимё саноати)нинг йирик тоннажли техноген чиқиндиларидан фойдаланиш ҳажмларини ошириш;

қуйидаги қурилиш материаллари: цемент, ғишт, оҳак, автоклав усулидан фойдаланган ҳолда газобетондан тайёрланган буюмлар ишлаб чиқариш, иссиқ сақловчи материаллар, том ёпиш материаллари, ёғоч-қириндили плиталарни ишлаб чиқариш бўйича инновацион энергия самарадор технологияларни жорий этиш;

иссиқликни утилизация қилиш технологиялари ҳамда электр энергиясини ишлаб чиқарувчи технологик жараёнларни қўллаган ҳолда цемент ишлаб чиқаришнинг ривожланган технологияларини (қуруқ усул) жорий этиш;



3-§. Иқлим ўзгариши оқибатларига мослашиш

ва уларни юмшатиш, табиий ресурслардан фойдаланиш

самарадорлигини ошириш ва табиий экотизимларни асраш


11. Сув хўжалиги соҳасида:

сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, ерлар шўрланиши ва сифат жиҳатидан ёмонлашуви давом этишининг олдини олиш;

гидротехник иншоотлар, насос станциялари ва сув омборлари қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш;

сув хўжалигида ахборот-коммуникация технологиялари ва инновациялардан кенг фойдаланиш;

сув хўжалиги иншоотларини янгилаш, модернизациялаш ва автоматлаштириш;

қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг энергия самарадор ва сувни тежайдиган технологияларини кенг қўллаш, сувни тежашни рағбатлантириш механизмларини такомиллаштириш;

сув ресурсларини барқарор бошқариш механизмларини ишлаб чиқиш.


12. Қишлоқ хўжалиги соҳасида:

таназзулга учраган яйловларни тиклаш ва яйловларни барқарор бошқариш механизмларини жорий этиш;

органик қишлоқ хўжалиги услубларини жорий этиш;

ҳайдаладиган ер майдонлари юзасининг доимий қопланиб туришини таъминлаш мақсадида экинларни такрор экиш;

экинларни диверсификация қилиш (кўп йиллик дарахтлар ва кўп йиллик ўтлар экилишини кенгайтириш);

ишлаб чиқариш ва қайта ишлашга инвестицияларни жалб этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг қўшилган қиймат занжирини яратиш;

чорвачиликнинг органик чиқиндиларини тўғри сақлаш/қайта ишлаш;

сув манбаларининг қишлоқ хўжалиги чиқиндилари билан ифлосланишининг олдини олиш;

шўрланиш, қурғоқчилик ва бошқа хавфли ҳодисалар ва хатарларга бардошли юқори маҳсулдор чорвамол ва ўсимлик турлари (навлари)ни етиштириш, маҳаллий чорва турлари ва ўсимлик навлари генофондини, шунингдек, маданий ўсимликларнинг ёввойи аждодлари генофондини сақлаш.


13. Ўрмон хўжалиги соҳасида:

мамлакатнинг барча табиий зоналарида ўрмонларни тиклаш ва табиий ўсимлик қопламини сақлаш;

мамлакатнинг тоғли, тоғолди ва чўл зоналарида ўрмон майдонларини кенгайтириш, шунингдек, уларни сақлаш, муҳофаза қилиш ва барқарор ривожланишини таъминлаш;

тез ўсадиган маҳаллий дарахт турлари плантацияларини кенгайтириш;

тупроқни ҳимояловчи ихота дарахтзорларини яратиш, таназзулга учраган ерларда ўрмонлар барпо қилиш (агроўрмон мелиорацияси);

ўрмонларни кўпайтириш ва кўкаламзорлаштириш жараёнида шўрланиш, қурғоқчилик ва бошқа хавфли ҳодиса ва хатарларга бардошли маҳаллий ўсимлик турлари ва навларидан фойдаланиш;

ўрмон хўжалигини замонавий юқори ишлаб чиқариш технологияларини қўллаган ҳолда такомиллаштириш;

ўрмон хўжалигида геоахборот технологиялари ва инновациялардан кенг фойдаланиш;

аҳоли ўртасида, шу жумладан оммавий ахборот воситалари орқали ўрмонларни муҳофаза қилиш ва тиклаш масалалари бўйича кенг ахборот кампанияларини ташкил қилиш.


14. Қаттиқ маиший чиқиндилар (кейинги ўринларда - ҚМЧ) билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасида:

аҳолининг ҚМЧларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар билан тўлиқ қамраб олинишини таъминлашга йўналтирилган санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмасини ривожлантириш;

ҚМЧларни қайта ишлашнинг самарали ва замонавий тизимини яратиш;

полигонларга кўмиш учун йўналтириладиган ҚМЧ ҳажмини камайтириш, санитария ва экологик меъёрлар талабларига мувофиқ келадиган замонавий ҚМЧ полигонларини яратиш, шунингдек, мавжуд полигонларни ёпиш ва рекультивация қилиш чора-тадбирларини кўриш;

санитария жиҳатидан тозалаш соҳасида нархлар шаклланишини такомиллаштириш ва тарифларни оптималлаштириш;

қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш объектларидан муқобил энергия манбалари сифатида фойдаланиш.


15. Оролбўйидаги экологик инқирознинг салбий таъсирини юмшатиш чоралари:

Орол денгизи акваториясидаги табиий сув ҳавзалари тизимини сақлаш;

Орол денгизининг қуриган тубида дарахтзорлар барпо қилиш ва минтақада чўлланишнинг олдини олиш бўйича кенг кўламли тадбирларни амалга ошириш;

Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси доирасида минтақа мамлакатларининг ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва унинг институционал асосларини янада такомиллаштириш, шунингдек, Орол фалокати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга жаҳон ҳамжамияти эътиборини жалб қилишга қаратилган ҳаракатларни фаоллаштириш.



4-§. "Яшил" иқтисодиётни қўллаб-қувватлашнинг молиявий

ва номолиявий механизмларини ишлаб чиқиш


16. "Яшил" технологияларни жорий этишнинг институционал асосларини ривожлантириш:

технологик эҳтиёжларни баҳолаш, устувор вазифаларни белгилаш ва энг муҳим технологияларни танлаш, уларни ишлаб чиқиш/трансферга кўмак бериш;

"яшил" технологияларни тижоратлаштириш механизмларини ривожлантириш, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш учун ташкилий тузилмалар - технологияларни етказиб бериш агентликлари, технологик бизнес-инкубаторлар, технопарклар, кластерлар яратиш.


17. "Яшил" иқтисодиёт соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш:

Стратегиянинг устувор йўналишларини қамраб олувчи норматив-ҳуқуқий базани инвентаризация қилиш, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

иқтисодий чоралар ва воситалар ишлаб чиқиш, хусусан, иссиқхона газларининг ажратмаларини қисқартирганлик учун ҳақ тўлашни жорий этиш;

энергия самарадорлигига қўйиладиган мажбурий талабларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш.


18. Энергия самарадорлигини тартибга солиш ва назорат қилиш механизмларини ривожлантириш:

энергия тежаш ва энергия самарадорлиги бўйича мақсадли кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ҳамда уларнинг бажарилишини мониторинг қилиш, верификациялаш ва ҳисоботини юритиш тизимини жорий этиш;

энергия сарфи ҳажми юқори бўлган корхоналарнинг энергоменежменти ва аудитини ўтказиш;

барча тоифадаги истеъмолчилар, шу жумладан саноат ва энергетика объектлари учун электр энергияси истеъмолини ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган давлат тизимини ривожлантириш.


19. "Яшил" иқтисодиёт тамойилларини таълим ва фанга интеграция қилиш:

"яшил" иқтисодиёт асослари, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш, "соф" транспортни ривожлантириш, энергия тежаш ва бошқа масалаларни эътиборга олган ҳолда олий ва ўрта махсус таълимнинг тегишли йўналишлари ўқув дастурларини такомиллаштириш, шунингдек, умумий ўрта таълимнинг тегишли дастурларига "яшил" иқтисодиёт асослари бўйича мавзулар киритиш;

олий, ўрта махсус, касб-ҳунар, умумий ўрта таълим учун тегишли ўқув адабиётларини (йўналишлар бўйича) тайёрлаш ёки қайта нашр этиш жараёнида уларга "яшил" иқтисодиёт асослари бўйича мавзулар киритиш;

педагог ва илмий ходимларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш дастурларига "яшил" иқтисодиёт асослари, хусусан, "Яшил технологиялар", "Яшил мезонларни ҳисобга олган ҳолда экологик меъёрлаштириш асослари", "Қайта тикланувчи энергия манбалари технологиялари", "Энергия тежамкорлиги ва энергия самарадорлиги муаммолари" мавзуларини жорий этиш;

"яшил" технологиялар соҳасидаги илмий тадқиқотлар ва инновацион ишланмаларни қўллаб-қувватлаш.


20. "Яшил" иқтисодиётга ўтиш учун салоҳиятни ошириш ва қулай муҳит яратиш:

мамлакатимизнинг Париж битими бўйича миқдорий мажбуриятлари бажарилишини узлуксиз кузатиш учун иссиқхона газлари ажратмаларини миллий шароитларни эътиборга олган ҳолда мониторинг қилиш, ҳисобини юритиш ва верификациялаш тизимини (MRV) яратиш ҳамда иссиқхона газлари ажратмалари бўйича ҳисобот беришни таъминлаш;

иқлим мониторинги тизимини ривожлантириш;

"яшил" технологияларни илгари суриш учун давлат-хусусий шериклик салоҳиятини ривожлантириш;

"яшил" инновацияларни жорий этишда хусусий инвесторларга, жумладан кичик бизнесга кўмак кўрсатиш;

товар (иш, хизмат)лар энергия-ресурс самарадорлигининг турли ҳисоблагичлари, спецификациялар каталогларини яратиш, шунингдек, товар (иш, хизмат)лар энергия-ресурс самарадорлигини сертификатлаштириш тизимини жорий этиш орқали давлат "яшил" харидларини рағбатлантириш механизмларини ишлаб чиқиш;

кадрлар малакасини ошириш, энергия ва ресурсларга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш маданиятини шакллантириш;

касбий кўникмаларга "яшил" иқтисодиётнинг ривожланиши билан қўйиладиган янги талабларни ҳисобга олган ҳолда тармоқлар ходимлари, шу жумладан раҳбар ва муҳандислар таркиби хабардорлиги ва малакасини ошириш;

кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш давлат таълим дастурларини ишлаб чиқишда "яшил" иқтисодиёт асосларини ҳисобга олиш;

экоинновацион технологияларни янада самарали жорий этиш учун илмий-тадқиқот муассасаларининг кадрлар ва техник салоҳиятини ошириш;

иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва унга мослашиш масалалари билан боғлиқ соҳаларда тадқиқотларни ривожлантириш;

миллий ва хорижий илмий ташкилотларнинг "яшил" технологияларни илгари суриш соҳасидаги ҳамкорлигини мустаҳкамлаш.


21. "Яшил" инвестицияларни қўллаб-қувватлаш:

"яшил" кредитлаш, венчур молиялаштириш тизимини жорий этиш;

"яшил" фондлар, энергия тежамкорлиги махсус фондлари ва бошқа худди шундай механизмлар яратиш;

"яшил" иқтисодиётга ўтиш бўйича лойиҳаларни молиялаштиришда хусусий секторни фаоллаштириш, шунингдек, "яшил" инвестицияларга нисбатан банк тизимини рағбатлантириш;

фискал (хазинага оид) сиёсат орқали давлат томонидан "яшил" иқтисодиётнинг барқарор ўсишини қўллаб-қувватлаш.



4-БОБ. АМАЛГА ОШИРИШ МЕХАНИЗМЛАРИ


22. Стратегиянинг асосий вазифалари ва устувор йўналишлари миллий, тармоқ, соҳа режалари ва ривожланиш стратегияларида белгиланган тадбирлар воситасида амалга оширилади.


23. Стратегияни амалга оширишга барча манфаатдор томонлар, шу жумладан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари, халқаро ташкилотлар, хусусий сектор, шунингдек, аҳоли жалб қилинади.


24. "Яшил" иқтисодиётга ўтиш чора-тадбирларини амалга ошириш учун Яшил иқлим жамғармаси, Мослашиш жамғармаси ва иқлим билан боғлиқ бошқа ресурслар маблағлари, шунингдек, хорижий инвестициялар, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари ҳамда бошқа чет эллик донорларнинг кредит ва грантлари жалб қилиниши мумкин.



5-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


25. Стратегияни амалга ошириш натижасида 2030 йилга бориб қуйидагиларга эришиш кутилади:

иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 10 фоизга қисқартириш;

икки карра энергия самарадорлиги кўрсаткичини ошириш ва ялпи ички маҳсулот углерод сарфи ҳажмини камайтириш;

қайта тикланувчи энергия манбаларини янада ривожлантириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 25 фоизидан кўпроғига етказиш;

100 фоизгача аҳоли ва иқтисодиёт тармоқларини замонавий, арзон ва ишончли энергиядан фойдаланиш имконияти билан таъминлаш;

саноат корхоналари инфратузилмасини модернизациялаш, энергия самарадорлигини 20 фоиздан кам бўлмаган миқдорга ошириш ҳамда соф ва экологик хавфсиз технологиялар ва саноат жараёнларидан янада кенг фойдаланиш ҳисобига уларнинг барқарорлигини таъминлаш;

энергия самарадорлик ва экологик жиҳатдан яхшиланган тавсифларга эга мотор ёнилғиси ва автотранспорт воситалари ишлаб чиқаришни ҳамда улардан фойдаланишни кенгайтириш, шунингдек, электр транспортни ривожлантириш;

иқтисодиётнинг барча тармоқларида сувдан фойдаланиш самарадорлигини сезиларли даражада ошириш, 1 миллион гектаргача майдонда томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш ва уларда етиштириладиган экинлар ҳосилдорлигини 20-40 фоизгача ошириш;

ерларнинг таназзулга учраши бўйича нейтрал балансга эришиш;

асосий турдаги қишлоқ хўжалиги озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўртача ҳосилдорлигини 20-25 фоизгача ошириш.


26. Стратегияни амалга ошириш иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш соҳасида бошқарувни яхшилашга, табиий ресурсларни сақлаш ва улардан оқилона фойдаланишга, иссиқхона газларининг ажратмаларини камайтиришга, "яшил" энергиядан фойдаланишни таъминлашга, "яшил" иш ўринлари яратишга ва иқлим барқарорлигига эришишга хизмат қилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 14 октябрь, 41-сон, 769-модда