язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Октябрь, 2019 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг давлат томонидан қўллаб-қувватлаши ва назорат қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 05.10.2019 й. 848-сон "Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузурида Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

05.10.2019 й.

N 848




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ БОШ ВАЗИРИНИНГ

ТАДБИРКОРЛАР МУРОЖААТЛАРИНИ КЎРИБ ЧИҚИШ

ҚАБУЛХОНАЛАРИ ҲУЗУРИДА ТАДБИРКОРЛАРНИНГ

ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШЛАРИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ишларни ташкил қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурслар ва ишлаб чиқариш инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш тўғрисида" 2019 йил 13 августдаги ПФ-5780-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда ҳар бир туман ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари (кейинги ўринларда Бош вазир қабулхоналари деб аталади) ҳузурида фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда Тадбиркорлар кенгашлари деб аталади) ташкил этилсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузуридаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари тўғрисида намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


3. Белгилаб қўйилсинки:

Тадбиркорлар кенгашлари ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

Тадбиркорлар кенгашлари ўз фаолиятини мазкур қарор билан тасдиқланган Намунавий низомга мувофиқ ишлаб чиқилган ва тегишлича Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари мудири ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокими билан биргаликда тасдиқланадиган низом асосида амалга оширади;

Тадбиркорлар кенгаши аъзолигига, қоида тариқасида, фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари қабул қилинади.


4. Қуйидагилар Тадбиркорлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигига (кейинги ўринларда Агентлик деб аталади) ҳамда ваколатли давлат органларига тақдим этиш;

Агентлик, Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва иқтисодий кўникмаларини шакллантириш бўйича Агентлик, жамоатчилик кенгашлари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан тизимли алоқаларни йўлга қўйиш;

тадбиркорларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилувчи энг муҳим масалалар юзасидан жамоатчилик фикрини тизимли мониторинг қилиш ва ҳар томонлама таҳлил қилиш, ижтимоий сўровлар ўтказиш, жумладан уларни ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда ўтказиш.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимлари бир ҳафта муддатда:

Бош вазирнинг қабулхоналари, Савдо-саноат палатасининг Тадбиркорликка кўмаклашиш марказлари билан биргаликда жойлардаги фаол тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакиллари иштирокида йиғилишлар ўтказилишини ҳамда фаол ишбилармонлар ва обрў-эътиборга эга тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан Тадбиркорлар кенгаши аъзолари ва раисини сайлаб олинишини;

Тадбиркорлар кенгаши фаолиятини ташкил этишга доир масалалар ҳал этилишини таъминласин.


6. Бош вазир қабулхоналари мудирлари ўн кун муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар)лар ҳокимлари билан биргаликда белгиланган тартибда:

фаол ишбилармонлар ва обрў-эътиборга эга тадбиркорлар, ҳуқуқшунослар ва жамоатчиликнинг бошқа вакилларидан иборат Тадбиркорлар кенгашлари таркибини;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ҳузуридаги тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги Намунавий низом асосида тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши тўғрисидаги низомларни тасдиқласин.


7. Белгилансинки, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоят, туман (шаҳар) ҳокимлари, уларнинг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосарлари Тадбиркорлар кенгашлари фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.


8. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири Ж.А. Қўчқоров зиммасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибиятига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                          А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 5 октябрь