ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Сув, сувдан фойдаланиш ва сув хўжалиги / Сувдан фойдаланиш. Сувдан фойдаланиш лимитлари /

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 09.10.2019 й. 855-сон "Айрим ҳудудларда ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

09.10.2019 й.

N 855



АЙРИМ ҲУДУДЛАРДА ЕР ОСТИ СУВЛАРИДАН

ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШНИ ТАЪМИНЛАШ

БЎЙИЧА АМАЛИЙ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ер ости сувларидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, уларнинг сифатини сақлаш ва заҳиралари камайишининг олдини олиш, шунингдек, жадал суръатларда фойдаланилаётган айрим конларни қайта тиклаш учун ишлатилаётган мавжуд сув ресурсларини тежамкорлик билан сарфлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Навоий, Самарқанд ва Жиззах вилоятларининг Нурота, Қўшработ ҳамда Зомин туманлари доирасида жойлашган конлар ҳудудида ер ости сувлари ресурсларининг жадал олиниши натижасида ер ости сувлари сатҳининг пасайиши ва заҳираларининг камайиши кузатилаётгани маълумот учун қабул қилинсин.


2. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ 2019 йил 1 ноябрдан 2021 йил 31 декабргача бўлган даврда Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари доирасида жойлашган конлар ҳудудида сув олиш учун қудуқларни қазишга рухсатнома, аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш учун мўлжалланган қудуқлардан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси томонидан:

сувни тежаш технологияларини жорий этиш ҳисобга олинган ҳолда суғориш мақсадлари учун - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги;

ҳудудий ривожлантириш дастурлари ва оқилона фойдаланиш ҳисобга олинган ҳолда ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиш мақсадида - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда тегишли туманлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда берилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари доирасидаги ер ости сувларининг сатҳи ва сифати бўйича давлат мониторингини кучайтирсин ҳамда мониторинг натижаларига кўра, келгусида ушбу ресурсларни олишни чеклаш мақсадга мувофиқлиги тўғрисида 2019 йил охирига қадар Вазирлар Маҳкамасига асосланган таклифлар киритсин.


4. Нурота, Қўшработ ва Зомин туманлари ҳудуди доирасида 2020 йилдан бошлаб сувни кам талаб қиладиган экинларни экиш ва етиштиришга, шунингдек, ерларни суғоришда сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтиш механизмини жорий этилсин.


5. Айрим ҳудудларда ер ости сувларидан оқилона фойдаланиш ва уларнинг заҳиралари камайишининг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар (кейинги ўринларда Комплекс чора-тадбирлар деб аталади) иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ташкилотлар раҳбарлари - маъсул ижрочилар зиммасига Комплекс чора-тадбирларда кўрсатилган тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши юзасидан шахсий жавобгарлик юклансин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги республика минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта ишлаб чиқаришнинг ҳар йилги давлат дастурлари доирасида 2019-2021 йиллар даврида ер ости сувларини мониторинг қилиш ишларини кучайтириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қўшимча маблағлар ажратишни назарда тутсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ҳузуридаги Кон-геология фаолиятини назорат қилиш инспекцияси Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси билан биргаликда Нурота, Қўшработ ҳамда Зомин туманлари доирасида қудуқларни ноқонуний бурғулашга ва ер ости сувлари олинишига йўл қўймаслик бўйича назоратни кучайтирсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси ушбу қарор билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар чоракда мониторинг олиб борсин ва ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикси Вазирлар Маҳкамасига мунтазам равишда ахборот киритсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 4 майдаги ПҚ-2954-сон қарори билан ташкил этилган Ўзбекистон Республикаси минерал-хомашё базасини ривожлантириш стратегияси амалга оширилишини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳга мазкур қарор билан тасдиқланган Комплекс чора-тадбирлар доирасида Нурота, Зомин ва Қўшработ туманларида ер ости сув заҳиралари камайишининг олдини олиш ишлари бажарилишини мувофиқлаштириш вазифаси юклансин.


10. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси раиси Б.Ф. Исламов, Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири Ш.Р. Ҳамраев ва Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Ж.А. Ходжаев зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                         А. Арипов



*) Илова рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 10 октябрь











































Время: 0.0048
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск