ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Халқаро ҳамкорлик / Дипломатик, иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш ва янада чуқурлаштириш масалалари / Осиё /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 02.04.2019 й. ПҚ-4256-сон "Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

02.04.2019 й.

N ПҚ-4256



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВА БИРЛАШГАН АРАБ АМИРЛИКЛАРИ

ЎРТАСИДА ИККИ ТОМОНЛАМА ҲАМКОРЛИКНИ

ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ВА КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24-26 март кунлари Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи Ўзбекистон ва Амирликларнинг дўстлик ҳамда шериклик муносабатлари тарихида янги саҳифа очди, кенг қамровли ҳамкорликни кенгайтиришга кучли туртки берди.

Очиқ, дўстона ва конструктив муҳитда ўтган олий даражадаги самарали музокаралар, Абу-Даби ва Дубай шаҳарларида ўтказилган учрашувлар томонларнинг ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга бўлган интилишлари кучайганлигини яна бир бор тасдиқлади.

Бирлашган Араб Амирликларида улкан инвестиция имкониятлари мавжудлигини, илғор технологияларни илдам ривожлантириш, модернизация қилиш ва самарали татбиқ этиш, диверсификация қилинган ва барқарор иқтисодиётни шакллантиришни таъминлайдиган кенг миқёсли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш соҳасида катта тажрибага эга эканлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давомида энг муҳим йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада фаоллаштириш чора-тадбирлари белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида Қўшма баёнот, 9 та ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, 10 миллиард доллардан ортиқ миқдорда савдо-иқтисодий ва инвестициявий соҳалардаги битимлар имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари (кейинги ўринларда - БАА) ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, инновацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича имзоланган битимлар ва эришилган келишувларни сўзсиз амалга оширишни таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давомида имзоланган икки томонлама ҳужжатларни амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси ("Йўл харитаси") 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар, шунингдек, хавфсизлик соҳасида ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича 2019-2020 йилларга мўлжалланган Амалий чора-тадбирлар режаси ("Йўл харитаси") 2-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давомида имзоланган савдо-иқтисодий ва инвестициявий битимларни амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси ("Йўл харитаси") 3-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давомида имзоланган икки томонлама битимлар ҳамда эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилишни таъминлаш механизми 4-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини тасдиқласин.


3. Бирлашган Араб Амирликларига олий даражадаги ташриф давомида эришилган келишувларнинг сўзсиз бажарилишини таъминлаш масалалари бўйича Ишчи гуруҳ 5-иловага* мувофиқ тузилсин.

Ишчи гуруҳнинг (С.У. Умурзоқов, Ш.А. Вафоев) асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

имзоланган ҳужжатларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилишини доимий ҳамда тизимли мониторинг ва назорат қилишни, шу жумладан БААда олий даражада эришилган келишувлар ҳамда айрим ҳужжатларнинг кучга кириши бўйича ички давлат тартиб-таомилларининг ўз вақтида бажарилишини доимий асосда мониторинг ва назорат қилишни ташкиллаштириш;

мазкур қарор билан тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режалари ("йўл хариталари")нинг сўзсиз ижро этилиши бўйича масъул ижрочилар - вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан кўрилаётган амалий чоралар тўғрисидаги ҳисоботларни ҳар ойда эшитиш;

сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техник, инновацион ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича имзоланган икки томонлама битимлар ва эришилган келишувларни амалга ошириш, шунингдек, ушбу масалалар бўйича Амирликлар томони, аввало, Ўзбекистон - БАА Ҳукуматлараро комиссияси доирасида мунтазам ва самарали ҳамкорликни ташкил қилишни таъминлаш;

икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича жорий масалаларни тезкорлик билан ҳал этиш ва олға силжитиш, музокаралар олиб бориш учун тегишли вазирлик, идора ва компанияларнинг вакиллари билан биргаликда Ишчи гуруҳ раҳбариятини Бирлашган Араб Амирликларига мунтазам хизмат сафарларига юбориб туриш.


4. 2019-2020 йилларда БАА билан савдо-иқтисодий, инвестициявий ва молиявий ҳамкорлик лойиҳалари ва дастурларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда амалга ошириш бўйича вазирлик ва идораларнинг ишлари самарали мувофиқлаштирилишини, шунингдек, Амирликлар томони билан ўзаро сермаҳсул ҳамкорликни таъминлаш Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Ш.А. Вафоев фаолиятининг асосий вазифаси этиб белгилансин.

Ш.А. Вафоев фаолиятининг аниқ натижалари ҳисобот йили якунлари бўйича кўриб чиқилади.


5. Масъул ижрочилар - вазирлик, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар:

"Ijro.gov.uz" тизимидан фойдаланган ҳолда тармоқ жадвалларини ва мазкур қарор билан тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режаларини ўз вақтида ва сифатли бажаришни;

ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 3-санасига қадар тармоқ жадваллари ва мазкур қарор билан тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режалари ижроси юзасидан маълумотларни тегишлилиги бўйича Ташқи ишлар вазирлигига - 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ, Инвестициялар ва ташки савдо вазирлигига - 3-иловага* мувофиқ тақдим этилишини таъминласин.

Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 7-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатасига тармоқ жадваллари ва мазкур қарор билан тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режаларининг ижроси бўйича умумлаштирилган маълумотларни киритсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 10-санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига мазкур қарор ҳамда тасдиқланган амалий чора-тадбирлар режалари ижросининг танқидий таҳлилини тақдим этиб борсин.


6. Ўзбекистон Республикаси ва БАА ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорлик лойиҳаларини сифатли тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича тизимли ҳамда узлуксиз ишларни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг БААда ваколатхонаси "UzFDI" (кейинги ўринларда - "UzFDI") ташкил қилинсин.


7. "UzFDI"нинг ташкилий тузилмаси ушбу қарорнинг 6-иловасига* мувофиқ тасдиқлансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги:

икки ҳафта муддатда "UzFDI"нинг харажатлар сметаси, уни бюджет ва бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан молиялаштириш манбалари, ходимларга ҳақ тўлаш (шу жумладан, аниқ фаолият натижалари учун мукофотлаш) ва моддий-техник таъминоти даражаси кўрсатилган ҳолда ҳукумат қарори лойиҳасини киритсин;

бир ой муддатда барча ташкилий масалалар ҳал этилишини, ваколатхона малакали мутахассислар билан тўлдирилишини ва БААда "UzFDI" фаолият бошлашини таъминласин.


9. Белгилансинки, Ўзбекистон Республикаси вазирликлари, идоралари ҳамда давлат улуши 50 фоиздан ошадиган хўжалик юритувчи субъектларнинг хорижий давлат идоралари, чет эл ҳукумат молия ташкилотлари ва халқаро молия институтлари билан инвестициявий масалалар бўйича ўзаро ҳамкорликдаги ҳаракати фақат Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги орқали, хорижий компаниялар ва салоҳиятли инвесторлар билан ҳамкорлик йўналишлари ва лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан мажбурий келишиш орқали амалга оширилади.


10. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                     Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)


















































Время: 0.0042
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск