язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Карорга 2-илованинг 1-банди, 2-банди "а" кичик банди, 3 ва 4-бандлари 2020 йил 1 январдан кучга киради

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Агротехник, ирригация ва мелиорация ишлари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 25.10.2019 й. ПҚ-4499-сон "Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этишни рағбатлантириш механизмларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2019 й.

N ПҚ-4499



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИДА СУВ

ТЕЖОВЧИ ТЕХНОЛОГИЯЛАРНИ

ЖОРИЙ ЭТИШНИ РАҒБАТЛАНТИРИШ

МЕХАНИЗМЛАРИНИ КЕНГАЙТИРИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Мамлакатимизда сув ресурсларидан фойдаланиш механизмларини тубдан ислоҳ қилиш, улардан оқилона ва самарали фойдаланишни таъминлаш, иқтисодиёт тармоқларида сув тежовчи технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шунингдек, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Амалга оширилаётган чора-тадбирлар, шунингдек, давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари 2019 йилнинг ўзида қўшимча 33,2 минг гектарда сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилишини таъминлаш имконини берди, бу эса шу каби технологиялар қўлланилаётган ерлар умумий майдонининг 44 фоизини ташкил этди.

Бироқ сув тежовчи суғориш технологиялари қўлланилаётган умумий майдон атиги 75 минг гектарни ёки умумий суғориладиган ер майдонларининг 1,7 фоизини ташкил этаётгани қишлоқ хўжалигида сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтиришга ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни янада фаоллаштириш заруратини тақозо этмоқда.

Қишлоқ хўжалигида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни рағбатлантириш механизмларини янада кенгайтириш ва сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари ҳосилдорлиги даражасини яхшилаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

а) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 июндаги "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5742-сон Фармонига мувофиқ 2019-2022 йиллар давомида 253 381 гектар экин майдонида сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг прогноз кўрсаткичлари тасдиқланганлиги;

б) Ўзбекистон Республикаси Президентининг:

2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4087-сон қарорига мувофиқ пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидиялар тақдим этилаётганлиги;

2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4161-сон қарорига мувофиқ янги узум плантацияларини яратиш мақсадида томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилишга узум экиладиган майдоннинг ҳар бир гектари учун 8 миллион сўм миқдорида субсидиялар тақдим этилаётганлиги;

2019 йил 20 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4246-сон қарорига мувофиқ янги боғлар ва иссиқхона хўжаликларини яратиш мақсадида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишга экин майдонининг ҳар бир гектари учун 6 миллион сўмдан ошмаган миқдорда субсидиялар тақдим этилаётганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари 2020 йилда 43 825 гектарда, шу жумладан:

24 859 гектар - пахта экин майдонларида;

11 498 гектар - мевали экин майдонларида;

4 987 гектар - узумзорларда;

2 481 гектар - бошқа экин майдонларида сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича тасдиқланган прогноз кўрсаткичларининг самарали бажарилишини таъминласин.


2. 2020 йил 1 январдан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қуйидаги тартиби белгилансин:

бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини мажбурий экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4087-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларга қишлоқ хўжалиги экинларини ишлаб чиқаришда сув тежовчи суғориш технологияларининг барча турларини жорий этиш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш бўйича қўшимча вазифалар юклатилсин.


4. Белгилансинки:

а) сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилишини таъминлаш учун сув етказиб бериш насос станциялари ва насос агрегатлари ёрдамида, шу жумладан, суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан амалга ошириладиган экин майдонлари устувор ҳисобланади;

б) 2020 йил 1 январдан ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун пахта хом ашёси етиштирувчи қишлоқ хўжалиги корхоналарини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан молиявий қўллаб-қувватлаш тартиби бекор қилинади;

в) 2022 йил 1 январдан:

пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштириш учун насос агрегатлари ва суғориш қудуқлари истеъмол қилган электр энергияси қийматини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан субсидиялар ҳисобига қоплаш тартиби фақат сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига татбиқ этилади;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув хўжалиги ташкилотларининг суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланишга сув тежовчи суғориш технологияларини қўллаш шарти билан рухсат этилади;

г) мазкур қарорга асосан жорий этилаётган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари ўрмон хўжаликлари ва ўрмон фонди ерлари ижарачиларига ҳам тўлиқ татбиқ этилади.

5. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2019 йил 20 ноябрга қадар ҳудудлар ва экин майдонларини кўрсатган ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари ва сув тежовчи суғориш тизимлари турлари кесимида 2020 йил учун сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш манзилли дастури ишлаб чиқилиши ва тасдиқланишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ўн кун муддатда мазкур қарорга мувофиқ қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларининг сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларининг бир қисмини қоплаш тартибини ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, "Ўзэлтехсаноат" уюшмаси ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда:

сув тежовчи суғориш тизимларининг бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмларини ишлаб чиқариш соҳасида саноат тармоқлари ўртасидаги ўзаро кооперацияни кенгайтириш бўйича мавжуд имкониятларни ўргансин;

сув тежовчи суғориш тизимларининг маҳаллийлаштирилиши лозим бўлган бутловчи буюмлари ва эҳтиёт қисмларининг аниқ рўйхатини мавжуд хом ашё ресурсларини инобатга олган ҳолда шакллантирсин;

2020-2022 йилларда сув тежовчи суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва унинг қувватларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикасининг Исроил Давлати, Хитой Халқ Республикаси, Корея Республикаси, Туркия Республикасидаги элчихоналари ва мамлакатнинг хориждаги бошқа дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда:

сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишни кенгайтиришда, шунингдек, мамлакат ҳудудларида сув тежовчи суғориш тизимлари ҳамда уларнинг бутловчи буюмларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун чет эл инвесторларини жалб қилишда давлат ва хўжалик бошқаруви органларига кўмаклашишни;

2020 йил 1 июнга қадар ушбу банд ижроси доирасида кўрилаётган чоралар тўғрисида ҳар ой Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилишини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 январга қадар сув хўжалиги насос станцияларида Электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимига мос келувчи ўлчов асбоблари жорий этилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги:

а) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биргаликда қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги олимлар ва экспертларни жалб қилган ҳолда 2019 йилда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш самарадорлиги юзасидан ҳар томонлама ўрганиш ва таҳлил ўтказсин, уларнинг натижалари асосида:

2019 йил 15 декабрга қадар сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш натижалари ва ушбу йўналишдаги ишларнинг самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритсин;

2020 йил 1 февралга қадар ҳудудлар, суғориладиган далалар ва қишлоқ хўжалиги экинлари ҳамда уларнинг навлари хусусиятларидан келиб чиқиб, сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш ва қўллаш бўйича услубий тавсияларни, шунингдек, улардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш мезонларини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин;

б) 2020-2030 йилларда сув хўжалигини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқишда қуйидагиларни назарда тутсин:

2021-2025 йилларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилишнинг асосий йўналишлари ва устувор ҳудудлари, шунингдек, 2030 йилгача мақсадли мўлжалларни;

сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар ўлчамини инобатга олган ҳолда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини босқичма-босқич ошириш ҳамда насос станцияларини бошқаришни мақбуллаштиришни;

сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш тадбирларини халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг грантлари ҳамда узоқ муддатли имтиёзли кредитларини жалб қилиш ҳисобидан молиялаштириш тартибига ўтиш ва харажатларининг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан қоплаш механизмларини жорий этишни;

алоҳида сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилишни босқичма-босқич йирик қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги кластерларига беришни;

в) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда 2020 йил 1 январга қадар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларини сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш, улардан фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича қисқа муддатли сайёр ўқитиш курсларини ўтказишни назарда тутувчи режа-график ва ўқув дастурини ишлаб чиқсин;

г) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 февралга қадар мазкур қарорнинг ижро этилиши ҳолати ва натижалари таҳлили асосида қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришнинг сув тежовчи технологияларини жорий этиш прогноз кўрсаткичларини ошириш, шунингдек, ушбу тадбирларни молиялаштириш манбалари тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин;

д) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 июлга қадар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари томонидан сув хўжалиги ташкилотларининг суғориш қудуқлари ва вертикал дренаж қудуқларидан қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш учун фойдаланиш тартибини сув тежовчи суғориш технологияларини мажбурий тартибда қўллаш бўйича талаб киритилишини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига 2-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига оммавий ахборот воситаларида мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти ва вазифалари, шунингдек, жойларда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш жараёнлари ҳамда натижаларини кенг ёритиш тавсия этилсин.


14. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                Ш. Мирзиёев





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 25 октябрдаги

ПҚ-4499-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим қарорларига киритилаётган

ўзгартириш ва қўшимчалар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 5 ноябрдаги "Ҳосилдорлиги паст бўлган ерларда давлат эҳтиёжлари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-725-сон қарорининг 1-банди ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 27 декабрдаги "Пахта хом ашёсини етиштиришда томчилатиб суғориш технологияларидан кенг фойдаланиш учун қулай шарт-шароитлар яратишга оид кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги ПҚ-4087-сон қарорида:


а) 3-банднинг "а", "б" ва "в" кичик бандлари ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин;


б) 4-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"4. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳларни (кейинги ўринларда - ишчи гуруҳлар) 2-иловага мувофиқ намунавий таркибда ташкил этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Белгилансинки:

а) ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

сувни тежайдиган суғориш тизимларини жадал ва тўлиқ жорий этишда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига ҳуқуқий ва ташкилий-техник ёрдам кўрсатиш;

сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этадиган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сервис ташкилотлари ҳамда сувни тежайдиган суғориш тизимларини ишлаб чиқарувчилар томонидан сифатли сервис хизмат кўрсатилишини ташкил этишни таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига, шу жумладан сувни тежайдиган суғориш тизимларини қуриш бўйича намунавий лойиҳаларни тақдим этиш орқали суғоришнинг сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш услубларини ўзлаштиришда амалий ёрдам кўрсатиш;

бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган суғориш тизимларини жорий этиш учун кредит олишда амалий кўмаклашиш;

сувни тежайдиган суғориш тизимларининг жорий қилинишини ва ундан фойдаланиш самарадорлигини, жумладан, суғориш суви, минерал ўғитлар ва бошқа моддий-техник ресурсларни ишлатиш ҳажмларини қисқартириш кўрсаткичларининг тизимли мониторинг қилинишини ташкил этиш;

аниқланган муаммоли масалаларни ҳал этиш бўйича тезкор чоралар кўриш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳар ойда маълумот тақдим этиб бориш;

б) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари котибияти ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи (кейинги ўринларда - Мувофиқлаштирувчи) ҳисобланади;

в) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Мувофиқлаштирувчининг ишчи органи ҳисобланади;

г) Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ишчи гуруҳларнинг ишчи органлари ҳисобланади.

Белгилансинки, ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 сентябрдаги "Ҳудудларда тадбиркорлик ташаббуслари ва лойиҳаларини жадал амалга оширишни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-3939-сон қарорига мувофиқ ташкил этилган тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш бўйича ҳудудий гуруҳлар билан яқин ҳамкорликда фаолият юритади";


в) 6-бандда:


"б" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"б) қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этишда ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш бўйича вазирликлар, идоралар ва маҳаллий ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ҳолда фаолият юритишини таъминласин";


"в" кичик бандидаги "томчилатиб суғориш технологияларини" сўзлари "сувни тежайдиган суғориш технологияларини" сўзлари билан алмаштирилсин;


"г" кичик бандидаги "томчилатиб суғориш технологиясини" сўзлари "сувни тежайдиган суғориш технологияларини" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 2-илованинг 3-позицияси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармаси бошлиғи".


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги "Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4161-сон қарорида:


10-банднинг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"томчилатиб суғориш технологиясини жорий этишга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда";


11-банддаги "в" ва "г" кичик бандлари" сўзлари "г" кичик банди" сўзлари билан алмаштирилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 20 мартдаги "Ўзбекистон Республикасида боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4246-сон қарори 7-банди "б" кичик бандининг иккинчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

қорида кўрсатилган сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этишга қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорда".


Изоҳ: мазкур илованинг 1-банди, 2-банди "а" кичик банди, 3 ва 4-бандлари 2020 йил 1 январдан кучга киради.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 26 октябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 4 ноябрь, 44-сон, 829-модда