язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар/ Бюджет тизими/ Бюджет ташкилотлари, иқтисодиёт соҳалари ва ижтимоий соҳани молиялаштириш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 03.09.1999 й. 414-сон "Бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

03.09.1999 й.

N 414



БЮДЖЕТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ МАБЛАҒ

БИЛАН ТАЪМИНЛАШ ТАРТИБИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобига маблағ билан таъминланадиган тармоқларда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш, бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш механизмини такомиллаштириш, бюджет маблағларидан самарали ва аниқ фойдаланиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:

1. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2000 йил 1 январдан бошлаб бюджет ташкилотлари харажатларини маблағ билан таъминлашнинг янги тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин. У қуйидагиларни назарда тутади:

бюджет маблағларидан тежаб, самарали ва аниқ фойдаланиш ҳамда бюджет ва смета-штат интизомини мустаҳкамлаш учун бюджет ташкилотлари раҳбарларининг мустақиллигини кенгайтириш ва масъулиятини ошириш;

бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш механизмини соддалаштириш ва бюджет маблағларидан фойдаланишда юқори натижаларга эришиш мақсадида мавжуд маблағларни оқилона тақсимлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

бюджет ташкилотлари ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, улар фаолияти самарадорлигини ошириш ва кадрларнинг ўрнашиб қолиши учун шарт-шароитлар яратиш.


2. Бюджет ташкилотларининг харажатларини молиялаштириш (тўлаш) тартиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Юридик шахс мақомига эга бўлган бюджет ташкилотларини маблағ билан таъминлаш манбаларини:

фаолият тури бўйича товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотишдан;

бюджет ташкилотлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган биноларни ва давлатнинг бошқа мол-мулкини бошқа ташкилотларга ижарага беришдан;

юридик ва жисмоний шахслар томонидан бюджет ташкилотларига ҳомийлик (беғараз) ёрдами берилишидан қўшимча даромадлар олиш ҳисобига кенгайтириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблансин.


4. Мазкур қарорнинг 3-бандида кўрсатиб ўтилган манбалардан қўшимча даромад олаётган бюджет ташкилотлари 2000 йил 1 январдан бошлаб 2023 йил 1 январгача Давлат бюджетига ундириладиган солиқлар, Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод қилинсин, бўшаб қолган маблағлар моддий-техника ва ижтимоий базасини мустаҳкамлашга, шунингдек, уларнинг ходимларини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда моддий рағбатлантиришга мақсадли йўналтирилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилишни янада чуқурлаштириш ва уни ривожлантириш Давлат дастурини амалга оширишнинг асосий йўналишлари тўғрисида" 2007 йил 19 сентябрдаги ПФ-3923-сон Фармонига мувофиқ тиббиёт муассасаларига берилган солиқ имтиёзлари натижасида бўшаб қоладиган маблағлар тиббиёт муассасасини замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш билан бир қаторда, тиббиёт мақсадидаги эҳтиёт қисмлар, сарфлаш материаллари ва бошқа буюмларни сотиб олишга йўналтирилиши мумкин.

5. Бюджет ташкилотларига Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармасини шакллантириш ҳуқуқи берилсин, жамғарма:

ҳисобот чорагининг сўнгги иш куни охирида харажатлар сметаси бўйича тежалган маблағлар, капитал қўйилмаларни молиялаштириш учун назарда тутилган маблағлар бундан мустасно;

фаолият ихтисослиги бўйича товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан олинган даромадлар;

бюджет ташкилоти балансида турган мол-мулкни ижарага беришдан олинган маблағларнинг бир қисми;

белгиланган тартибда бюджет ташкилотлари тасарруфида қолдириладиган маблағлар;

ҳомийликдан олинган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади.

Бюджет ташкилотлари томонидан ходимларнинг меҳнат интизомини бузганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси 181-моддасининг биринчи қисми 2-бандига мувофиқ қўлланилган жарималар бюджет ташкилотларининин ривожлантириш жамғармасини шакллантириш манбаи бўлиб ҳисобланмайди ҳамда жарималар суммаси тегишли бюджет даромадига ўтказилади. Бу иш ҳақи ҳаражатлари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган бюджетдан маблағ олувчиларга ҳам тадбиқ этилади.

6. Белгилансинки, Бюджет ташкилотини ривожлантириш жамғармаси маблағлари:

аввало вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик бўйича нафақаларни ва мавжуд кредиторлик қарзларни тўлашга;

бюджет ташкилотининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш тадбирларига;

ижтимоий ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш тадбирларига сарфланади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ёки Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида назарда тутилган бошқа мақсадлар.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

тижорат банкларида жорий ҳисобварақлар очган ҳолда юридик шахс мақоми бериладиган бюджет ташкилотлари рўйхатини 1999 йил 1 октябргача белгиласин;

бюджет ташкилотлари фаолияти турини ҳисобга олган ҳолда бюджетдан маблағ билан таъминлаш нормативларини 1999 йил 1 ноябргача ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин;

бюджет ташкилотларини 2000 йил 1 январдан бошлаб маблағ билан таъминлашнинг янги шартларига ўтказишга тайёрлаш бўйича зарур тадбирларни амалга оширсин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бир ой муддатда:

тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда - Бюджет ташкилотлари томонидан товарлар (ишлар, хизматлар) ишлаб чиқариш ва сотиш тартибини, Бюджет ташкилотлари даромадлари ва харажатларининг бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги низомни;

Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда -Бюджет ташкилотлари томонидан вақтинча фойдаланилмаётган давлат мол-мулкини бошқа корхоналар ва ташкилотларга ижарага бериш тартибини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши устидан қаттиқ назоратни таъминласин, бунда:

бюджет маблағларидан, шу жумладан, Бюджет ташкилотларини ривожлантириш жамғармаси маблағларидан ноўрин фойдаланилиши;

бюджетдан ажратиладиган маблағларнинг харажатлар гуруҳлари ва моддалари бўйича тасдиқланган лимитлардан ошиб кетиши;

смета-штат интизоми бузилиши;

харажатларни маблағ билан таъминлашнинг белгиланган навбатига, уларни тўлаш муддатлари ва тўлиқлигига риоя қилмаслик ҳолларининг олдини олсин.

Молия органлари, ғазначилик бўлинмалари ва бюджет ташкилотлари раҳбарлари бюджет ва смета-штат интизомига риоя қилиниши учун бюджет, меҳнат, маъмурий ва жиноят қонунчилигида назарда тутилган тартибда шахсан жавоб беришлари тўғрисида огоҳлантирилсин. Бунда бюджет ташкилотларининг қўшимча даромадлар олиш бўйича фаолияти бюджет маблағлари ҳисобига бажарилаётган ишлар, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва сифатига зарар етказмаслиги керак.

10. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифларни икки ҳафта муддатда киритсин.


11. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Б.С. Ҳамидов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                          И. Каримов



"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1999 й., N 9, 51-модда.