ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА
ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10.04.2019 й. ПФ-5706-сон "Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш тўғрисида"ги Фармони
Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172
ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ФАРМОНИ
10.04.2019 й.
N ПФ-5706
ФАВҚУЛОДДА ВАЗИЯТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ
ВА БАРТАРАФ ЭТИШ ҲАМДА ЁНҒИН ХАВФСИЗЛИГИНИ
ТАЪМИНЛАШНИНГ СИФАТ ЖИҲАТИДАН ЯНГИ
ТИЗИМИНИ ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА
Мустақиллик йилларида мамлакатда аҳолини ва ҳудудларни табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш бўйича самарали чора-тадбирлар амалга оширилди, ёнғинларга қарши курашиш комплекс тизими шакллантирилди, бу йўналишларда, жумладан, ёнғин ва авария-қутқарув техникаси ва жиҳозларининг маҳаллий турлари ишлаб чиқарилишини ривожлантириш орқали моддий-техник база босқичма-босқич мустаҳкамланмоқда.
Шу билан бирга, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича ривожланган хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда амалдаги тизим самарадорлигини ўрганиш натижалари фуқароларнинг хавфсиз ҳаёт фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи қўйидаги омиллар мавжудлигидан далолат бермоқда:
биринчидан - ёнғин хавфсизлигини таъминлаш ва фавқулодда вазиятларда ҳаракат қилиш тизимларининг тарқоқ ҳолда фаолият юритиши ҳамда ушбу йўналишларда айрим вазифа ва функцияларнинг идоралараро такрорланиши;
иккинчидан - мобиллик ҳамда куч ва воситаларнинг етарли эмаслиги, шунингдек, ҳудудий фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг ички ишлар органлари ёнғин хавфсизлиги хизмати билан ўзаро ҳамкорлик механизмлари самарадорлигининг пастлиги;
учинчидан - ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича куч ва воситалар имкониятлари билан республика шаҳар ва туманлари ҳудудларининг тўлиқ қамраб олинмаганлиги, ёнғинларнинг олдини олиш ва барвақт профилактикаси бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг етарли даражада эмаслиги;
тўртинчидан - юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятлар ва ёнғинларнинг узлуксиз суткалик мониторинги, тезкор бошқарув ва ўз вақтида ҳамкорликда ҳаракат қилишнинг ягона самарали тизими ташкил этилмаганлиги;
бешинчидан - фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш тизимида мазкур соҳани илмий жиҳатдан таъминловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда махсус тадқиқот маркази мавжуд эмаслиги.
Ўзбекистон Республикасида фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш ҳамда ёнғин хавфсизлигини таъминлашда сифат жиҳатидан янги тизимга ўтиш мақсадида:
1. Қуйидагилар мавжуд штат бирликлари, молиявий ва моддий-техник базасининг тўлиқ ҳажмида, доимий жойлашган манзиллари ўзгартирилмаган ҳолда ўрнатилган тартибда берилсин:
а) Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига:
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигидан:
Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси, унинг таркибий ва ҳудудий тузилмалари (кейинги ўринларда - Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси), Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тугатилишини назарда тутган ҳолда;
Мудофаа вазирлигидан - Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатишни бошқариш хизмати;
б) Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тасарруфига - Гидрометеорология хизмати маркази.
2. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигига қуйидагилар бўйича қўшимча вазифалар юклатилсин:
ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини юритиш;
ёнғинларнинг самарали профилактикаси ва олдини олишни таъминлаш, шунингдек, ёнғин хавфсизлиги талабларига риоя этиш бўйича давлат ёнғин назоратини амалга ошириш;
ёнғинларни ўчиришни, ёнғин содир бўлган ҳудуддаги инсонларни ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мол-мулкини қутқаришни ташкил этиш, шунингдек, атроф табиий муҳитни ёнғинлардан асраш.
3. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимида мавжуд ҳамда берилаётган штат бирликлари доирасида қуйидагилар ташкил этилсин:
Қутқарув кучлари хизматини ва фавқулодда вазиятларни бартараф этишни ташкил қилиш бош бошқармаси, унга Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг барча ёнғин-қутқарув кучлари ва воситаларининг жанговар тайёргарлигини таъминлаш ҳамда фаолиятларини мувофиқлаштириш вазифаларини юклаган ҳолда;
Фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларда ҳаракат қилиш давлат тизими ҳамда фуқаро муҳофазасининг ташкилий таъминоти ва режалаштириш бош бошқармаси, уни фавқулодда вазиятлар профилактикаси бўйича вазирликлар, идоралар ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш учун масъул этиб белгилаган ҳолда;
Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш бош бошқармаси, унга ёнғин назорати ва профилактикасини амалга ошириш, терговга қадар текширув ва маъмурий амалиёт назорати, шунингдек, қурилишда ёнғинга қарши меъёрлаштириш соҳасида меъёрий-техник ишларни амалга ошириш ваколатларини юклаган ҳолда;
Ёнғин хавфсизлиги институти, Бошланғич тайёргарлик ва малака ошириш маркази, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Фуқаро муҳофазаси институти негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси.
4. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Академияси қошида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва ҳарбийлаштирилган тузилмаларнинг олий таълим муассасаларига ўқувчиларнинг ўқишга кириши учун тайёргарлигини таъминловчи Ихтисослаштирилган лицей ташкил этилсин.
5. Белгилансинки:
Ички ишлар вазирлигида тугатилаётган Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг ёнғин хавфсизлиги соҳасидаги махсус ваколатли органи учун қонунчиликда белгиланган ваколатлари Фавқулодда вазиятлар вазирлигига юклатилади;
фавқулодда вазиятлар вазирининг ёнғин хавфсизлиги соҳасида профилактика ва назорат фаолиятини мувофиқлаштирувчи ўринбосари, мақоми бўйича ёнғин назорати бўйича Ўзбекистон Республикаси бош давлат инспектори ҳисобланади;
6. Белгилаб қўйилсинки:
2020 йил 1 январдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилган Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва Ёнғин хавфсизлиги институтининг шаҳодатланган ходимлари, ички ишлар органлари ходимлари учун кўзда тутилган махсус унвонлар бўйича амалдаги иш ҳақи миқдори сақланган ҳолда ягона ҳарбий хизматчи мақомига, профессионал ёнғин бўлинмаларининг ишчи-хизматчилари эса - Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиси мақомига эга бўладилар;
2021 йил 1 январдан бошлаб Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ўтказилган Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармаси ва Ёнғин хавфсизлиги институтининг шаҳодатланган ходимлари шартнома бўйича ҳақиқий ҳарбий хизматни ўташ масалаларида пул таъминоти, кийим-кечак, тиббий ва маиший хизмат, ижтимоий имтиёзлар ва нафақа кафолати тартиблари бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳарбий хизматчиларининг тегишли тоифаларига тенглаштирилади.
7. Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги:
Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ҳафта муддатда фавқулодда вазиятлар тузилмаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;
Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларни бартараф этиш, шунингдек, ёнғин хавфсизлигини таъминлаш соҳасида кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштиришга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини киритсин;
манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда уч ой муддатда республиканинг шаҳарлари, аҳоли пунктлари ва объектларида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёнғин-қутқарув қисмлари ва постлари фаолиятини ташкил этиш тартибини белгиловчи Ҳукумат қарори лойиҳасини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг белгиланган тартибда киритилишини таъминласин.
8. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби В.В. Махмудов зиммасига юклансин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев
Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz)