Умная подшивка
2019 й. / НМ, 46 /Биз яшайдиган уй
БИЗ ЯШАЙДИГАН УЙ*
Томда ускуна ўрнатгани учун провайдер
Ахлат ташлаганга - жарима солинади
Инсон ва унинг иши
"Уй-жой соҳасида тадбиркор қайси йўл билан бўлса-да, пул топишни мақсад қилиб олмаслиги керак, деган фикрдаман. Акс ҳолда у узоққа бора олмайди. Мен бизнес одамийлик чегараларида бўлишининг тарафдориман. УКХ жабҳасидаги бизнесда ижтимоий жавобгарлик ҳисси юқори бўлиши лозим".
Уй-жой соҳасида кўпинча тиббиёт атамаларидан фойдаланилади. Уйни жонли организмга, ундаги "соғломлик"ни аҳолининг ўзаро муносабатларига қиёслашади. Агар уйга ғамхўрлик ва эътибор билан қаралса, ҳаммаси батартиб бўлади, бунда профилактикани ҳам унутмаслик керак. Агар уй қаровсиз қолдирилса, дарҳол ташхис қўйиш, даволаш ёки "жонлантириш" лозим. Уй-жой соҳасида 28 йиллик иш стажига эга бўлган Урганчдаги "Хоразм газ пайвандчилар" МЧЖ (БК) раҳбари Қаҳрамон Раҳимовни ўз ишининг кўп тармоқли "шифокори" деса арзийди. Бу даврлар оралиғида у қанчадан-қанча уйлар учун терапевт, ташхисчи, жарроҳ ва "қайта жонлантирувчи" сифатида майдонга тушмади, дейсиз. Кўп қаватли уйларнинг оғриқ нуқталарини кўзи боғлаб қўйилса ҳам топади. "Шифокор"нинг бир қанча уйларни "кома" ҳолатидан чиқаришига, муттасил даволанишни тайинлашига тўғри келган ва бу муолажалар ўз самарасини ҳам кўрсатган.
18 йил давомида Қаҳрамон Раҳимов ҳар тонгни унга қарашли БК хизмат кўрсатадиган Урганчнинг тўртинчи кичик туманини кузатувдан ўтказишдан бошлайди. Аввалига "Хоразм газ пайвандчилар" икки маҳалла ҳудудида жойлашган 46 та кўп қаватли уйларга хизмат кўрсата бошлади. Уйларнинг барчаси таъмирдан чиқарилган, атрофдаги ҳудуд тартибга солинган. Уй-жой соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг яхши намунасини шу ерда кўриш мумкин. Раҳимов аҳоли билан дилдан суҳбатлашади, ўзи шу ерда истиқомат қилгани сабабидан ёшу қарини беш қўлдек танийди. Одамларнинг соғлиғини сўрайди, хонадонлар тинчлиги, арз-додлар йўқлиги билан қизиқади. Одамлар унга ўз яқинлари сингари дардларини айтишади. Бирлари тўйга таклиф қилади - ўғил уйлаяпман деб; бошқасининг набираси институтга кирган бўлади; кимдир уйини таъмирдан чиқарган; яна аллақайси қўшнининг қизи мактабга чиққан. Барча уни хонадонига таклиф этади, у ҳақда илиқ гапларни айтади, ҳурмат қилади. Сафар туфайли ёки бошқа вазиятларга кўра бирор кун кўринмай қолса, дарҳол: "Қаҳрамон ака бугун кўринмадими? Тинчмикин ишқилиб?" деб сўроқлаб қолишади.
Шундай одамнинг қўшнилар - унга қарашли БК хизматларидан фойдаланадиган ширкатдагилар билан мунозарага бориши мумкинми? Йўқ, албатта. Ана шу инсонийлик омилини Раҳимов кўп квартирали уй фондини бошқаришда муҳим омиллардан деб билади.
Оз бўлсину, соз бўлсин
Раҳимов УКХ соҳасига ҳали Совет Иттифоқи давридаёқ келган эди. Ишни таъмирлаш-қуриш бошқармасида бошлаган. Уй-жойлар хусусийлаштирилгандан кейин уй хўжалиги соҳасининг профессионал мутахассисларига эҳтиёж кучайди. Қаҳрамон ака ХУМШда бош муҳандис бўлди, кейин нақ 25 та уйга эга бўлган ширкатни бошқарди. Дастлаб ХУМШда кўп қаватли уйлар қанча кўп бўлса, шунча яхши деб ҳисобланар эди. Бунда маблағларни жамлаш уйларни тартибга келтиришга ёрдам беради, деб келинган. Таъмирлаш ишлари учун у вақтларда ширкатларга кредитлар берилмас эди. Одамлар навбат уларнинг уйига қачон етиб келишини узоқ кутишар эди. Лекин айрим уй-жой мутахассислари ХУМШдаги йирик кўп қаватли ҳамжамиятлар ислоҳотларнинг илк даврида ўзини оқлаган деб ҳисоблашади - маблағларни умумлаштириш эвазига анчайин муаммоли уйларни эпақага келтириш имкони туғилган. Раҳимов эса "оз бўлсину, соз
...