ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Пул ва бюджет тизими. Бюджетдан ташқари фондлар / Умумий қоидалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.11.2019 й. ПФ-5877-сон "Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

18.11.2019 й.

N ПФ-5877



ИНФЛЯЦИОН ТАРГЕТЛАШ

РЕЖИМИГА БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ ЎТИШ

ОРҚАЛИ ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИНИ

ТАКОМИЛЛАШТИРИШ ТЎҒРИСИДА


Инфляция даражасини янада пасайтириш борасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.

Халқаро тажриба бозор иқтисодиёти шароитида пул-кредит сиёсатини юритишнинг самарали усулларидан бири инфляцион таргетлаш режими эканлигини кўрсатмоқда, бунда пул-кредит бозоридаги марказий банкнинг фаол иштироки, шунингдек, иқтисодий ривожланишнинг мунтазам таҳлили ва давлат сиёсати режаларининг кенг ёритиб борилиши инфляциянинг миқдорий мақсадларига эришишни таъминлайди.

Шу билан бирга, инфляцион таргетлаш режимини жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги йўналишларга қаратилган мувофиқлаштирилган тайёргарлик ишларини талаб этади:

инфляциянинг номонетар омиллари ролини босқичма-босқич пасайтириш, шу жумладан, тарифларни тартибга солишни ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг реал секторида таркибий иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш;

Марказий банкнинг макроиқтисодий таҳлил ва коммуникация сиёсати сифатини ошириш;

регуляторнинг кредит бозорига самарали таъсир этишини таъминлаб берувчи, пул бозорини тартибга солишнинг янги инструментларини жорий этиш.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор механизмлари ва инструментларини қўллашни кенгайтириш, шунингдек, пул-кредит сиёсати самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминласин.


2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсатининг асосий тамойиллари этиб белгилансин:

инфляциянинг доимий амал қиладиган мақсадини белгилаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш;

пул бозоридаги фоиз ставкаларини тартибга солиш ва инфляцион жараёнларни бошқариш мақсадида пул-кредит сиёсатининг кенг қамровли инструментларини қўллаш;

пул-кредит сиёсати соҳасида объектив қарорлар қабул қилиш мақсадида ички ва ташқи бозорларда мавжуд бўлган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда батафсил макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларни амалга ошириш;

пул-кредит сиёсати мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш, макроиқтисодий ҳолатнинг олдиндан кўра билинишини таъминлаш ва бозор иштирокчилари ишончини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг коммуникация сиёсатини такомиллаштириш.


3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки инфляцион таргетлаш режимига тўлиқ ўтиш учун шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин, хусусан:

мувофиқлаштирилган монетар-фискаль ва монополияга қарши сиёсат юритиш;

рақобатдош бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда товарлар ва хизматларнинг тўлақонли бозорларини шакллантириш орқали иқтисодиёт тармоқларида таркибий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш;

монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солишнинг замонавий усулларига ўтишга, шунингдек, ишлаб чиқариш инфратузилмасини кенгайтиришга йўналтирилган тартибга солинадиган нархларни босқичма-босқич эркинлаштириш;

жамғармаларни инвестицияларга трансформация қилиш учун молиявий воситачилик институтларини ривожлантириш мақсадида банк тизими ҳамда молия бозорларини ислоҳ этиш, шунингдек, молиявий оқимларни узоқ муддатли режалаштириш учун имконият яратиш.


4. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) 1-иловага мувофиқ;

2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича "Йўл харитаси" (кейинги ўринларда - "Йўл харитаси") 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.


5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни жорий этиш орқали пул-кредит сиёсати инструментлари, механизмлари ва жараёнларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш чораларини кўрсин:

2020 йилнинг 1 январига қадар пул бозори фоиз ставкаларига таъсир кўрсатувчи бозор инструментлари, шу жумладан, Марказий банк облигациялари, овернайт депозитлар, доимий тусдаги депозит аукционлари, давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида кредит аукционлари ва овернайт кредитлари;

2020 йил давомида фоиз ва валюта хатарларини бошқаришда ҳосилавий инструментлар (своп, опцион ва фьючерслар) ва тижорат банкларининг валюта курси шаклланишидаги ролининг босқичма-босқич ошириб борилиши;

бир ой муддатда Марказий банкнинг банклараро пул бозорига мунтазам интервенцияси орқали мослашувчан фоиз сиёсатини амалга оширишда асосий фоиз ставкасининг фоиз коридори механизми;

2020 йилнинг 1 апрелига қадар халқаро молия институтларининг техник кўмаги ҳамда илғор халқаро тажриба асосида эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантиришни назарда тутувчи макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизими;

икки ой муддатда Марказий банк томонидан иқтисодиётдаги жорий ҳолат, инфляцион жараёнларнинг асосий омиллари ва пул-кредит сиёсати чораларининг ўз вақтида ёритилишини кўзда тутувчи коммуникацион сиёсатнинг замонавий тамойиллари;

инфляция ва инфляцион кутилмалар омилларини доимий ўрганиб бориш, халқаро молия институтлари ва бошқа давлатлар марказий банклари техник кўмагини жалб этиш орқали илғор хорижий тажрибани ўрганиш.


6. Инфляция даражасини пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда - Комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

инфляция омиллари ва нархлар ошишига олиб келаётган сабабларни бевосита жойига чиққан ҳолда таҳлил этиш ва танқидий баҳолаб бориш;

барча вазирлик ва идоралар саъй-ҳаракатларини иқтисодиётда инфляция даражасини пасайтириш ҳамда амалга оширилаётган сиёсатнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашга қаратиш;

республика пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишидаги камчилик ва муаммоларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли орган ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ваколатли орган ва ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа вакиллари иштирокида ҳар ойда камида икки марта ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва инфляцияни пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини муҳокама қилишни ташкиллаштириш, шунингдек, амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб бориш.


7. Белгилансанки:

2020 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади, ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно;

2021 йил 1 январдан, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда кредитларни имтиёзли фоиз ставкаларида бериш амалиёти бекор қилинади.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

2020 йилнинг 1 февралига қадар Энергетика вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020-2021 йилларда тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни инфляция мақсадларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда эркинлаштириш графигини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

умумий фискаль баланс тақчиллигини 2022 йилда 1,5 фоиздан ошмайдиган даражагача босқичма-босқич камайтиришни таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг белгиланган параметрлар доирасидаги қатъий ижросини, шунингдек, Марказий банк билан биргаликда солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати мувофиқлигини таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июлига қадар норезидентларга молия бозорига киришга рухсат бериш шартлари, механизмлари ва муддатлари бўйича таклифларни юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини бартараф қилишнинг аниқ механизмлари ва инструментларини ишлаб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки:

Концепция ва "Йўл харитаси"нинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилишини;

"2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг "Йўл харитаси"ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш йиғилишларида солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати мувофиқлиги ҳамда таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳолати масалаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилишни;

жаҳон бозорларидаги реал вазиятнинг ривожланиши ва таркибий иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижаларидан келиб чиққан ҳолда мослашувчан макроиқтисодий сиёсат юритиш, шунингдек, инфляциянинг узоқ муддатли мақсадли кўрсаткичи (таргети) даражасигача пасайишини;

"Йўл харитаси"нинг амалга оширилиши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, инфляция бўйича қўйилган мақсадга эришиш омиллари ва хатарларини кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда маълумот киритиб боришни таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда 2020 йилнинг 1 апрелига қадар Жаҳон банкининг техник кўмаги асосида ишлаб чиқилаётган Молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегияси доирасида молиявий саводхонликни оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.


12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б. Нурмуратов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                              Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 18 ноябрдаги

ПФ-5877-сон Фармонига

2-ИЛОВА



2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар

барқарорлигини таъминлаш бўйича

"ЙЎЛ ХАРИТАСИ"

Т/р

Чора-тадбирлар

Амалга ошириш шакли ва механизми


Ижро муддати


Масъул

ижрочилар


I. ПУЛ-КРЕДИТ СИЁСАТИ СОҲАСИДА

1.

Пул-кредит сиёсатининг пул бозоридаги ликвидлилик ҳажми ва фоиз ставкаларини тартибга солиш инструментларини такомиллаштириш.

Пул-кредит операцияларини жорий қилиш бўйича Марказий банк бошқарувининг қарори, жумладан:

Марказий банкнинг овернайт депозитлари;

муддати 2 ҳафтагача бўлган мунтазам депозит аукционлари;

Марказий банк облигацияларини муомалага чиқариш;

Марказий банкнинг давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида овернайт кредитлари;

Марказий банкнинг давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида 2 ҳафтагача муддатда кредит аукционлари.

2020 йил

январь

Марказий банк (Нурмуратов)

2.

Марказий банкнинг пул-кредит операциялари бўйича асосий ставкаси ва фоиз коридорини ўрнатиш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Марказий банк бошқаруви қарори:

пул-кредит операциялари бўйича асосий мўлжал сифатида Марказий банкнинг асосий ставкасини ўрнатиш;

пул-кредит операциялари бўйича фоиз коридорини жорий этиш.

2020 йил

январь

Марказий банк (Нурмуратов)

3.

Фоиз сиёсати юқори мослашувчанлигини таъминлаш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Марказий банк бошқаруви қарори:

инфляция мақсадидан четга чиқиш хавфларига ўз вақтида жавоб қайтариш мақсадида асосий ставка даражасини кўриб чиқиш бўйича йиғилишлар оралиғида қўшимча йиғилишларни жорий этиш йўли билан кўпайтириш;

асосий ставкани бир йилда камида саккиз маротаба эълон қилиш.

2020 йил

январь

Марказий банк (Нурмуратов)

4.

Банклараро пул бозорини ва давлат қимматли қоғозларининг иккиламчи бозорини янада ривожлантириш.

Пул бозорида давлат қимматли қоғозлари билан операцияларни амалга ошириш ва ғазначиликнинг бўш маблағларини тижорат банкларига жойлаштириш учун ягона платформа яратишни назарда тутувчи ташкилий чоралар.

2020 йил

февраль

Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ишметов)

5.

Эконометрик таҳлил ва прогнозлар асосида қарорлар қабул қилиш ҳамда уларни асосий ставкани ўрнатишдан олдин муҳокама қилиш тизимини ривожлантириш.


Марказий банк бошқарувининг макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизимини (FPAS) амалиётга тўлиқ жорий қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи қарори:

эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантириш;

пул-кредит ва макроиқтисодий кўрсаткичларнинг ўзаро алоқадорлигини тизимли баҳолаш;

ўрта ва узоқ муддатли истиқболда пул-кредит сиёсатининг макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасига таъсирларини баҳолаш;

банк тизими ликвидлилиги ва унинг шаклланиш омилларини прогноз қилишни такомиллаштириш.

2020 йил

апрель


Марказий банк (Нурмуратов)


6.

Валюта бозорини янада ривожлантириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи Марказий банк бошқарувининг қарори:

айирбошлаш курсини белгилашда банкларнинг фаол иштироки орқали уларнинг бозордаги фаоллигини рағбатлантириш;

деривативлар бозори, хеджирлаш инструментлари ва маркет-мейкерлар институтини ривожлантириш;

банклараро валюта савдоларининг жорий "фиксинг" усулидан узлуксиз аукцион савдолари "мэтчинг" усулига ўтиш.

2020 йил

давомида

Марказий банк (Нурмуратов)


7.

Инфляцион таргетлаш режимини муваффақиятли жорий этиш ва инфляциянинг мақсадли мўлжалларига эришиш учун халқаро молия институтларининг техник кўмагини жалб қилиш.


1. Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро молия институтларига техник кўмак тақдим этиш тўғрисида мурожаатлар юбориш.

2019 йил

декабрь


Марказий банк (Нурмуратов)



2. Инфляцион таргетлаш бўйича доимий маслаҳатчини (экспертни) танлаш ва жалб қилиш. Доимий эксперт шартномаси шартлари ва молиялаштириш манбаларини келишиш.

Донорлар билан келишишга қараб

8.

Ҳар чоракда пул-кредит сиёсати шарҳларини ҳамда инфляцион кутилмалар сўровларини тайёрлаш ва эълон қилиш.


Пул-кредит сиёсати шарҳларини ҳамда аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг инфляцион кутилмалари сўровларини тайёрлаш ва эълон қилиш.

Ҳар чоракда

Марказий банк (Нурмуратов)


9.

Пул ва валюта бозорлари иштирокчиларининг малакасини ошириш.


Макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш соҳасида семинар ва тренинглар ўтказиш.


Доимий асосда

Марказий банк (Нурмуратов), тижорат банклари

10.

Макропруденциал банк назорати механизмларини такомиллаштириш.

Қуйидагилар орқали макропруденциал назорат амалиётини кучайтириш:

Базель қўмитаси талабларини босқичма-босқич татбиқ этиш;

иқтисодий ўсиш даврида кредит фаоллиги кескин ўсиб кетишининг олдини олиш мақсадида банклар капитали контрциклик буферини киритиш;

муайян кўрсаткичларнинг критик қийматларидан четга чиққан ҳолларда банкларнинг капитали етарлилиги учун қўшимча талаблар ўрнатиш.

2020 йил

февраль

Марказий банк

(Нурмуратов)



11.

Марказий банк кадрлари салоҳиятини ошириш.

Мутахассислар малакасини ошириш ва хорижий марказий банклар тажрибасини ўрганиш.

Истиқболли ёш мутахассисларни илғор хорижий олий таълим муассасаларида магистратура ва докторантура дастурлари бўйича ўқитишни ташкил қилиш.

Марказий банкнинг ёш мутахассисларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва самарали рағбатлантириш.

Доимий асосда

Марказий банк (Нурмуратов)


12.

Марказий банкнинг коммуникацион сиёсатини такомиллаштириш.

1. Инфляцион таргетлаш режими моҳияти ва мақсадлари тўғрисидаги маълумотларни аҳолининг кенг қатламига холис ва аниқ кўринишда етказишни назарда тутувчи коммуникацион сиёсатнинг янги стратегиясини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.


2. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати соҳасидаги операциялари шаффофлигини таъминлаш.

2020 йил

февраль

Марказий банк (Нурмуратов)



13.

Жамоатчиликка инфляцион таргетлашнинг моҳияти ва мақсадларини янада батафсил тушунтириш мақсадида пресс-брифинг ташкиллаштириш ва пресс-релизлар чиқариш.

Марказий банкнинг пресс-конференциясини ўтказиш.

Пресс-релиз чиқариш.

бир ҳафта муддатда


Марказий банк

(Нурмуратов)


II. СОЛИҚ-БЮДЖЕТ СИЁСАТИ СОҲАСИДА

14.

Мувофиқлаштирилган солиқ-бюджет сиёсатини юритиш.


Умумий фискал баланс тақчиллигини 2022 йилдан бошлаб ЯИМнинг 1,5 фоизидан оширмайдиган даражагача босқичма-босқич қисқартириб бориш.


2020 йил

май

Молия вазирлиги (Ишметов)

15.

Давлат ташқи қарзини жалб қилишнинг юқори чегараларини белгилаш механизмини жорий қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Давлат қарзларини бошқариш самарадорлигини ошириш тўғрисида"ги Фармони лойиҳаси, жумладан мазкур Фармонда ташқи ва ички омиллар ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда давлат қарзларини бошқариш бўйича ўрта муддатли стратегияни ҳар йили янгилаб боришни назарда тутиш.


2019 йил

декабрь

Молия вазирлиги (Ишметов)

16.

Ижтимоий-иқтисодий мақсадларга йўналтирилган марказлашган инвестициялар самарадорлигини ошириш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарори лойиҳаси:

инвестицион лойиҳаларни танлаш ва амалга ошириш билан боғлиқ мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш мақсадида давлат инвестицияларини бошқаришни баҳолаш (PIMA) тизимини жорий қилиш;

ижтимоий соҳа тармоқлари, йўл-транспорт инфратузилмаси ва бошқа тармоқлар бўйича инвестицион лойиҳаларни танлаш меъёрлари ва муҳимлилигини белгилаш тартибини ўрнатиш;

марказлашган инвестициялар ва халқаро молия институтлари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ва амалга оширишга таклиф этиладиган лойиҳалар маълумотларининг ҳар йили янгиланадиган ягона базасини яратиш;

Инвестиция дастурини марказлашган инвестициялар ҳисобидан амалга ошириш доирасида ҳудудий лойиҳаларни маҳаллий ресурслар ёки тармоқ вазирликлари ва идораларнинг бюджетидан ташқари ўз маблағлари ҳисобидан бажариш орқали Давлат бюджети улушини босқичма-босқич камайтириш.

   

2020 йил

август


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Ишметов), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков)

III. МАКРОИҚТИСОДИЙ СИЁСАТНИ МУВОФИҚЛАШТИРИШНИ

ТАЪМИНЛАШ СОҲАСИДА

17.

Ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш бўйича давлат сиёсати чораларини амалга ошириш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш:

бозорда рақобатни ривожлантиришга қаратилган ташқи савдо эркинлаштирилишини сақлаб қолиш;

ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш мақсадида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ҳамда саноат соҳалари учун зарур бўлган ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш.


Доимий асосда

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (Умурзаков), Молия вазирлиги (Ишметов), Марказий банк (Нурмуратов)

18.

Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилувчи муаммолар ва хатарларни аниқлаш механизмини такомиллаштириш.


"2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг "Йўл харитаси"ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш йиғилишларида солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсатлари мувофиқлиги ҳамда таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиш ҳолати масалаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилиш.

Доимий асосда

(йилига камида 4 маротаба)

Иқтисодий кенгаш котибияти (Ишметов)

19.

Давлат қимматли қоғозларини чиқариш графигини ҳар бир йил учун аниқ санасини кўрсатган ҳолда олдиндан эълон қилишни амалиётга жорий этиш.


Қуйидагиларни назарда тутувчи Ҳукуматнинг қарори лойиҳаси:

пул бозори "бенчмарк"ини шакллантириш учун сўндириш муддати ҳар хил бўлган давлат қимматли қоғозларини чиқариш частотаси ва ҳажмларини ошириш;

Ҳар йили йил бошланишидан олдин ва графикни янгилаш зарур бўлган ҳолларда

Молия вазирлиги (Ишметов), Марказий банк (Нурмуратов)

иқтисодиётда даромадлик эгри чизиғини шакллантириш учун узоқ муддатли давлат қимматли қоғозларини (сўндириш муддати 5-10 йил) чиқариш ва ички бозорда жойлаштириш.


2020-2023 йй.

20.

Молия вазирлиги ва Марказий банк ўртасида доимий равишда ўзаро маълумотлар алмашинуви амалиётини йўлга қўйиш.

Молия вазирлиги ва Марказий банкнинг қуйидагиларни назарда тутувчи ҳамкорликдаги чора-тадбирлари комплексини амалга ошириш:

маълумотлар алмашинуви бўйича кундалик алоқа каналларини ўрнатиш;

молиявий ва иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили учун зарур маълумотлар рўйхатини ҳамда уларни тақдим қилиш муддатларини белгилаб олиш;

банк тизимида ликвидлиликни қисқа муддатли прогноз қилиш мақсадида давлат бюджети кунлик даромадлари ва харажатларининг кутилаётган ҳажми бўйича олдиндан (бир кун аввал) баҳолашларни тақдим қилиш;

Молия вазирлиги ва Марказий банк мутахассисларининг онлайн-режимда ахборотларни экспорт қилиш имконини берувчи дастурий таъминотга улаш.

2020 йил

февраль

Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ишметов)


21.

Аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш курсларини жорий қилиш.

Ўрта ва касб-ҳунар таълими муассасаларида молиявий саводхонликни ошириш бўйича курсларни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

2020 йил

сентябрь

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (Мажидов), Халқ таълим вазирлиги (Шерматов), Марказий банк (Нурмуратов), Молия вазирлиги (Ишметов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)


IV. ИҚТИСОДИЁТНИНГ БОШҚА СОҲА ВА СЕКТОРЛАРИДАГИ

ТАРКИБИЙ ИСЛОҲОТЛАР СОҲАСИДА

22.

Иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларини ривожлантиришнинг, провардида ички ишлаб чиқариш ҳажмларини доимий ошириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш мақсадларига жавоб берувчи тамойилларга ва вазифаларга асосланган стратегияси ва дастурига мувофиқ тартибни ўрнатиш.


Қуйидаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётни, унинг тармоқлари ва соҳаларини ривожлантириш стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш тизими устидан тартиб ва назоратни ўрнатишни амалиётга жорий этишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳаси:

маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ва уларнинг ташқи иқтисодий шароитлардаги ўзгаришларга мослашувчанлигини ошириш;

ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш;

марказлашган молиявий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, хусусий ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар улушини кўпайтириш ҳисобига узоқ муддатли инвестицияларни молиялаштириш манбалари тузилмасини оптималлаштириш;

меҳнат унумдорлиги ва ишлаб чиқариш энергия самарадорлигини ошириш;

ишлаб чиқариш харажатларининг асоссиз ошишига олиб келувчи омилларни доимий равишда қидириш ва бартараф этишга асосланган ҳолда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини камайтириш.

       

2020 йил

февраль

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Ишметов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

23.

Ишлаб чиқариш харажатларининг асоссиз ошишига олиб келувчи омилларни доимий равишда қидириш ва бартараф этиш асосида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар таннархини камайтириш.

Ҳар йили ишлаб чиқариш харажатларини қисқартиришнинг йиллик мақсадли параметрларини ўрнатишни назарда тутган ҳолда вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар таркибига кирувчи саноат тармоқлари корхоналарининг ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар комплекси.

Ҳар йили декабрь охиригача


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), тармоқ вазирликлари ва идоралари

Тармоқ саноат корхоналарида 2020 йилда ишлаб чиқариш харажатларини қисқартириш бўйича қабул қилинган чора-тадбирларни амалга ошириш жараёнини мониторинг қилиш ва ҳар чоракда кўриб чиқиш.


Ҳар чоракда

24.

Иқтисодиёт тармоқларида маҳсулот таннархи шаклланишини таҳлил ва мониторинг қилиш механизмини жорий этиш.

Ҳар ҳафталик истеъмол нархлари индексларини ҳисоблаш учун қисқартирилган истеъмол саватчасига киритилган 65 турдаги товарлар ва хизматлар таннархининг шаклланиши тўғрисидаги ҳар чораклик маълумотнинг сўров усули асосидаги статистик ҳисоботини 2020 йил статистик ишлар режасига киритиш.

2019 йил

декабрь


Давлат статистика қўмитаси (Бегалов), Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев)


Доимий равишда юқорида кўрсатилган товарлар (хизматлар) бўйича таннарх ва нархлар шаклланишини таҳлил қилиш ва ҳар чоракда тегишли маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Президент Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиш.


Ҳар чоракда

25.

Иқтисодиёт тармоқларининг энергия сарфини камайтириш ҳамда техник ва технологик жиҳатдан янгилаш.


1. Маҳаллий корхоналар ва ташкилотларда халқаро стандартларга (ISO 50001) мос келувчи энергетик менежмент тизимини босқичма-босқич жорий қилиш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи механизмни ишлаб чиқиш:

энергия сарфи самарадорлигини шаффофлик ва холислик асосида баҳолаш, корхоналарнинг энергия сиғимини камайтириш;

ресурслар, биринчи навбатда, молиявий ресурсларни минимал сарфлаган ҳолда энергия истеъмолини бошқариш самарадорлигини, корхоналар активлари капиталлашувини ошириш;

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар рақобатбардошлигини ошириш.

2020 йил

январь


Энергетика вазирлиги (Султанов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Инновацион ривожланиш вазирлиги (Абдурахмонов)

2. Энергетик менежмент тизимини халқаро стандарт талабларига (ISO 50001) мувофиқ жорий қилиш тармоқ жадвалларини "Ўзстандарт" агентлиги билан келишган ҳолда вазирликлар ва идоралар томонидан ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил

февраль

3. Энергетик менежмент тизимини жорий қилиш, ходимларини ўқитиш ва сертификатлаш бўйича ишларни ташкил этиш.


4. "Ўзстандарт" агентлиги томонидан вазирлик ва идораларнинг энергетик менежмент тизимини халқаро стандарт талабларига мувофиқ жорий қилишни назорат қилиш.

Доимий

5. "Ўзстандарт" агентлиги томонидан вазирлик ва идораларнинг энергетик менежмент тизимини халқаро стандарт талабларига мувофиқ жорий қилиши жараёни тўғрисидаги ҳисоботни Вазирлар Маҳкамасига киритиш.


Ҳар чоракда

26..

Устав фондида давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар, шунингдек, стратегик аҳамиятга эга бўлган корхоналар фаолияти самарадорлигини баҳолаш мақсадида самарадорликнинг асосий кўрсаткичи (KPI) ва энергия сиғими индикаторини жорий қилиш.

1. Корхоналар фаолияти самарадорлигини баҳолаш учун самарадорликнинг асосий кўрсаткичи (KPI) ва энергия сиғими индикаторини белгилаш методикасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш.

2020 йил

апрель


Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов), Энергетика вазирлиги (Султанов), "Ўзстандарт" агентлиги (Саттаров), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев)

2. Корхоналар томонидан фаолият самарадорлигини баҳолаш учун самарадорликнинг асосий кўрсаткичи (KPI) ва энергия сиғими индикатори бўйича ойлик статистик ҳисоботлар тақдим этилишини таъминлаш.

Ҳар ойда

3. Ҳар чоракда Энергетика вазирлиги ва Давлат статистика қўмитаси веб-сайтларида, шунингдек, оммавий ахборот воситаларида юқорида келтирилган кўрсаткичларни эълон қилиш.

Ҳар чоракда

27.

Тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни эркинлаштириш жадвалини ишлаб чиқиш ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритиш.

Инфляция бўйича мақсадли кўрсаткичларни ҳисобга олган ҳолда, 2022 йилгача бўлган давр учун тартибга солинадиган нархлар ўзгариши жадвалини тасдиқловчи Ҳукумат қарори лойиҳаси.

2020 йил

январь


Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)

28.

Ноҳалол рақобат, суиистеъмолчилик ва импорт товарлари нархларини асоссиз оширишни тўхтатиш бўйича амалиётни такомиллаштириш.

Ноҳалол рақобат, суиистеъмолчилик ҳамда маҳаллий ва импорт товарлар нархларини асоссиз ошириш ҳолатларини аниқлаш механизмини ишлаб чиқиш.

2020 йил

январь


Давлат солиқ қўмитаси (Мусаев), Давлат божхона қўмитаси (Азимов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)

29.

Темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари бозорида рақобатни ривожлантириш.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига темир йўл ва ҳаво транспорти хизматлари бозорига иштирокчиларнинг киришини очиш ва хусусий операторлар сонини кўпайтириш орқали рақобат муҳитини шакллантириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи таклифларни киритиш:

кўрсатиладиган транспорт хизматлари тариф ва нархларини МДҲ давлатлари ва асосий ташқи савдо ва туристик йўналишлар ҳудудидан ўтувчи бошқа давлатлардаги тариф ва нархлардан ошмайдиган даражагача пасайтириш;

темир йўлда ва авиацияда хусусий юк ташувчилар бозорини шакллантириш бўйича дастурни тасдиқлаш;

инфратузилмадан фойдаланганлиги учун хусусий операторлар билан ҳисоб-китоблар тартиби ва тарифларни ўрнатиш.

2020 йил

февраль

Транспорт вазирлиги (Махкамов), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов), манфаатдор вазирлик ва идоралар

30.

Электр ва газ таъминоти соҳасига хусусий инвесторлар ҳамда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни танлов асосида киришига рухсат бериш ва уларни фаол жалб қилиш.


Электр ва газ таъминоти секторида рақобатни ривожлантириш мақсадида, шу жумладан давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаган ҳолда, тўсиқларни бартараф этиш ва имкониятлар яратиш бўйича "Йўл харитаси".


2020 йил

апрель

Энергетика вазирлиги (Султанов), Молия вазирлиги (Ишметов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов)

31.

Тадбиркорлик субъектлари учун рақобат муҳитини яхшилаш.

Қуйидагиларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаси:

тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлаш;

субсидиялар, преференциялар ва имтиёзли кредитлар бериш амалиётини қайта кўриб чиқиш;

давлат органлари хўжалик юритувчи функцияларни бажарадиган муайян соҳаларга хусусий секторни жалб қилиш бўйича дастурларни тайёрлаш;

давлат органлари томонидан таъсис этиладиган давлат корхоналари, шунингдек, давлат иштирокидаги йирик хўжалик юритувчи жамиятлар ва рақобатга салбий таъсир кўрсатувчи табиий монополия субъектлари бўлган афилланган корхоналар сонини қисқартириш;

табиий монополиялар тармоқлари билан турдош бозорларда рақобат шарт-шароитларини яратиш бўйича чоралар кўриш;

давлат харидлари, тендерларни амалга оширишда ва ресурсларни (шу жумладан, ёқилғи-энергетика ва тоғ-кон саноатида) тақсимлашда улар ўтказилишининг шаффофлигини ошириш орқали бозор механизмларини ривожлантириш.

2020 йил

февраль


Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Молия вазирлиги (Ишметов, Адлия вазирлиги (Давлетов)

32.

Иқтисодиётда рақобат муҳитини ривожлантириш учун индивидуал солиқ ва божхона имтиёзлари, субсидиялар, преференциялар бериш амалиётини қайтадан танқидий кўриб чиқиш.

1. Қуйидагиларни киритишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг "Рақобат тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳаси:

солиқ, божхона имтиёзлари, субсидиялар, нарх преференциялари ва грантлар кўринишида давлат кўмаги тақдим қилинишига ҳамда давлатнинг тадбиркорлик фаолиятида иштирок этишига нисбатан монополияга қарши талаблар;

фаолият олиб боришга эксклюзив ҳуқуқлар беришни назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари бўйича монополияга қарши органнинг дастлабки розилигини олиш механизми.

2020 йил

декабрь


Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)

2. Қуйидагиларни кўзда тутувчи амалий чора-тадбирлар режаси:

эксклюзив ҳуқуқларни тўлиқ хатловдан ўтказиш;

рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатаётган давлат иштирокидаги корхоналарга берилган эксклюзив ҳуқуқларни бекор қилиш.


2020 йил

январь

33.

Монопол корхоналар ва хўжалик юритувчи субъектлар маҳсулотлари нархини белгиланишнинг шаффофлигини таъминлаш.

Монопол корхонанинг интернетдаги расмий веб-сайтида ишлаб чиқариш харажатлари таркиби ва монопол маҳсулотни (ишлар, хизматлар) реализация қилиш ҳамда молиявий натижалар шаклланиши тартиби тўғрисида маълумотларни эълон қилиш тартибини ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.

2020 йил

январь

Монополияга қарши курашиш қўмитаси (Шарипов), Давлат активларини бошқариш агентлиги (Бекенов)

34.

Суд ҳокимияти мустақиллиги, шунингдек, хусусий мулк ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни ишлаб чиқиш.


Ўзбекистон Республикаси Президентининг суд ҳокимиятини ислоҳ қилиш ва унинг мустақиллигини таъминлаш, суд қарорларини ўз вақтида ижро этиш, шунингдек, саъй-ҳаракатларни хусусий мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлашга қаратишни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори лойиҳаси.


2020 йил март

Олий суд (Камилов), Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (Хўжаев), Адлия вазирлиги (Давлетов)





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 18 ноябрдаги

ПФ-5877-сон Фармонига

3-ИЛОВА



Инфляция даражасини пасайтириш ва

нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги

чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия

ТАРКИБИ

      

Р.А. Гулямов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Комиссия раҳбари

Ж.А. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - молия вазири, Комиссия раҳбари ўринбосари

М.Б. Нурмуратов

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси, Комиссия раҳбари ўринбосари

О.З. Насритдинхўжаев

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси ўринбосари

М.П. Оллоёров

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари ўринбосари

О.А. Ҳакимов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори

Б.А. Бегалов

-

Давлат статистика қўмитаси раиси

Ш.Ш. Шарахметов

-

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси

О.Б. Рустамов

-

иқтисодиёт ва саноат вазирининг биринчи ўринбосари

Т.А. Ишметов

-

молия вазирининг биринчи ўринбосари

М.М. Мирзаев

-

Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари

И.И. Норқулов

-

Марказий банк раисининг биринчи ўринбосари

А.Я. Ҳайдаров

-

молия вазирининг ўринбосари

А.Ж. Ортиқов

-

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар, молия-банк тизими ва хусусий тадбиркорлик масалалари котибияти мудири

Ш.З. Шукуров

-

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директорининг биринчи ўринбосари

Лавозимига кўра

-

Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси ижрочи директори

Н. Сирожиддинов

-

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети профессори

З.Т. Парпиев

-

Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети профессори

Б.С. Ҳамраев

-

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Пул-кредит сиёсати департаменти директори, Комиссия котиби

Изоҳ:


1. Комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янги тайинланган ёки тегишли функцияларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.


2. Зарур ҳолларда, Комиссия ишига тегишли давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари ва бошқа ташкилотларнинг мутахассислари жалб этилади.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 19 ноябрь


"Халқ сўзи", 2019 йил 20 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 ноябрь, 47-сон, 873-модда


































Время: 0.1630
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск