ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Божхона қонунчилиги / Божхона назорати ва олиб чиқиш ва олиб киришдаги бошқа назорат /

Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 18.11.2019 й. 912-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2019 йил 18 ноябрдаги

912-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали

шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш

пунктларида чегара, божхона, санитария-карантин,

фитосанитария ва ветеринария назоратидан

ўтказиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси (кейинги ўринларда Давлат чегараси деб аталади) орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш пунктларида (кейинги ўринларда ўтказиш пунктлари деб аталади) чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказиш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги тушунчалардан фойдаланилади:


божхона назорати - Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро шартномаларига риоя этилишини таъминлаш учун Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари (кейинги ўринларда божхона органлари деб аталади) томонидан, жумладан, хавфни бошқариш тизимидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган чора-тадбирлар;


божхона расмийлаштируви - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситаларининг божхона назоратини таъминлаш учун божхона органлари мансабдор шахслари томонидан амалга ошириладиган божхона операциялари;


ветеринария назорати - одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти ҳамда саломатлигини ҳимоя қилиш, ҳайвонлар касалликлари қўзғатувчиларининг ташувчилари бўлиши мумкин бўлган предметлар ва товарларни, шунингдек, "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган давлат ветеринария назорати объектларини назорат қилиш мақсадида ҳайвонларнинг юқумли касалликлари олиб кирилишидан муҳофаза қилишни таъминлаш учун чегара назорати ветеринария пунктлари томонидан (кейинги ўринларда давлат ветеринария назорати пунктлари деб аталади) ҳайвонлар ҳамда улардан олинадиган маҳсулотларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар;


давлат назорати органлари - шахслар, транспорт воситалари, товарларни ушбу Низомга мувофиқ Давлат чегараси орқали ўтказишда иштирок этадиган чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати органлари;


кириш пункти - шахслар, транспорт воситалари ва товарлар ҳаракатланадиган йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришда чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати амалга ошириладиган дастлабки ўтказиш пункти;


қўшма наряд - шахслар, транспорт воситалари ва товарларни биргаликда назорат қилишга жалб этиладиган давлат назорати органлари вакилларидан иборат таркибдаги наряд;


назорат тартиб-таомиллари - давлат назорати органлари томонидан Давлат чегараси орқали ўтадиган шахслар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан ўз ваколатлари доирасида амалга ошириладиган чора-тадбирлар;


рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат - товарлар ва (ёки) транспорт воситалари Давлат чегараси орқали ўтишида (олиб ўтилишида) қонун ҳужжатларига мувофиқ талаб этиладиган ҳужжатлар;


санитария-карантин назорати - ўтказиш пунктларида Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг ҳудудий бўлинмалари томонидан Давлат чегараси орқали келган шахслар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар;

технологик схема - чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратини амалга ошириш кетма-кетлигини, шу жумладан, шахслар, транспорт воситалари ва товарларни кўрикдан ўтказиш тартибини, уларнинг ўтказиш пункти ҳудудида ҳаракатланиши тартибини, товарлар ва транспорт воситаларини сақлаш, транспорт воситаларини кузатиб бориш тартибини, назоратда фойдаланиладиган шахсий таркибни, махсус техника воситалари ва хизмат ҳайвонларидан фойдаланиш тартибини, шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Давлат чегарасидан ўтказишда иштирок этадиган вазирликлар ва идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги тартибини белгилайдиган ҳужжат;


товар - божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳар қандай кўчар мол-мулк, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси миллий валютаси, валюта бойликлари ва бошқа қимматли қоғозлар, интеллектуал мулк объектлари, транспорт воситаси;


транспорт воситаси - товарлар ва йўловчиларни ташиш учун фойдаланиладиган восита. Транспорт воситаси ҳар қандай сув кемаси, ҳаво кемаси, автотранспорт воситаси, темир йўл транспорт воситасини (темир йўлда ҳаракатланадиган таркиб, темир йўлда ҳаракатланадиган таркибнинг бир қисми) ёки контейнерни, шунингдек, уларнинг конструкциясига мувофиқ техник паспорт ёки техник маълумотларда назарда тутилган эҳтиёт қисмлар, анжомлар ва ускуналар, суюқлик сақлаш идишларидаги ёқилғи-мойлаш материалларини совутувчи ва бошқа техник суюқликларни, агар улар ушбу транспорт воситалари билан бирга ташилаётган бўлса, ўз ичига олади;


Давлат чегараси - Ўзбекистон Республикаси ҳудуди доирасини (қуруқликда, сувда, ер остида, ҳаво бўшлиғида) белгиловчи чизиқдан ва бу чизиқ бўйлаб ўтувчи вертикал сатҳдан иборат;


ўтказиш пункти маъмурияти - ушбу ўтказиш пункти бириктирилган аэропорт (аэродром), дарё бандаргоҳи, темир йўл станцияси, автомобиль (пиёдалар) ўтказиш пункти раҳбарияти;


ўтказиш пункти - халқаро алоқалар учун очиқ бўлган чегарадош темир йўл станциялари ва автомобиль йўллари, дарё портлари, аэропортлар (аэродромлар)нинг ҳудуди (ҳудудининг бир қисми), шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегараси орқали шахслар, транспорт воситалари, товарлар, бошқа мол-мулк, чорва моллари, уруғлик, экиш материали, ҳайвонот ва ўсимликларнинг бошқа маҳсулотларининг чегара, божхона ва назоратнинг бошқа турлари амалга ошириладиган ҳамда ўтказиладиган махсус жиҳозланган бошқа жой;


ўтказиш пункти режими - ўтказиш пунктлари орқали шахслар, транспорт воситалари ва товарларнинг кириши, чиқиб кетиши ва олиб ўтилиши, шунингдек, унинг ҳудудида ишлаб чиқариш ва тижорат фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилайдиган қоидалар;


фитосанитария назорати - ўтказиш пунктида карантин остидаги маҳсулот ва Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ўсимлик ва ўсимлик маҳсулотларини текширишда ўсимликлар карантини бўйича давлат инспектори томонидан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар;


чиқиш пункти - шахслар, транспорт воситалари ва товарлар ҳаракатланадиган йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқишда божхона, санитария-карантин, фитосанитария, чегара ва ветеринария назорати амалга ошириладиган охирги ўтказиш пункти;


чегара назорати - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари чегара назорати бўлинмалари (кейинги ўринларда - чегара назорати бўлинмалари) томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш, Давлат чегарасини ва ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида Давлат чегараси орқали ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари ва товарларга нисбатан амалга ошириладиган комплекс тадбирлар;

экологик назорат - атроф муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талаблари бузилишининг олдини олиш, уни аниқлаш ва чек қўйишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган давлат ва жамоатчилик чора-тадбирлари тизими;


чегара кўриги - Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан транспорт воситалари ва товарларда назоратдан яширинган шахслар ёки Давлат чегараси орқали олиб ўтиш тақиқланган товарларни аниқлаш бўйича амалга ошириладиган комплекс тадбирлар мажмуи.


2-БОБ. ДАВЛАТ ЧЕГАРАСИНИ КЕСИБ

ЎТИШНИНГ УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


3. Давлат чегараси орқали ўтадиган барча шахслар, транспорт воситалари ва товарлар чегара, божхона, санитария-карантин, шунингдек, қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлса, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.

Бунда агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, уларни фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказилмайди.

Муайян тур ва шаклдаги назоратдан озод этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги ва халқаро шартномаларга мувофиқ белгиланади.


4. Ўтказиш пунктида давлат назорати органлари шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказишни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ва Ички ишлар вазирлиги ҳудудий органлари билан ҳамкорликда амалга оширадилар.

Ҳар бир ўтказиш пунктида шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказишнинг технологик схемаси давлат назорати органларининг ҳудудий тузилмалари ва (ёки) ўтказиш пункти маъмурияти раҳбарлари томонидан келишилган ҳолда жорий этилади.

Назорат тартиб-таомилларини амалга оширишда қурол-яроғ, техника, назорат-техника воситалари, муҳандислик иншоотлари, хизмат итлари, шунингдек, инсон ҳаёти ва саломатлиги, ҳайвонлар, ўсимликлар учун хавфсиз ҳамда товарлар ва транспорт воситаларига зарар етказмайдиган дезинфекция воситаларидан фойдаланиш мумкин.


5. Давлат чегарасини кесиб ўтишда "Қизил китоб"га киритилган ёки Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ олиб кириш ва олиб чиқиш тақиқланган ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёси объектлари, уларнинг қисмлари, ҳосилалари, яшаш фаолияти маҳсулотлари, ботаник ва зоологик коллекциялар давлат экологик назоратидан ўтказилади.

Давлат экологик назорати объектларини Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек, унинг ҳудуди орқали транзит олиб ўтишга қонун ҳужжатларига мувофиқ йўл қўйилади.


6. Божхона органлари ходимлари томонидан Давлат чегараси орқали ўтадиган шахсларнинг автотранспорт воситалари, товарлар, қўл юки ҳамда багажини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида экологик назорат объектлари аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф -муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари мутахассислари жалб қилинади.

Экологик назорат меъёр ва қоидалари бузилиши аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф - муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг ҳудудий органлари мутахассислари қоидабузарлик ҳолатини расмийлаштириш ва ҳужжатлаштириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни амалга оширади ҳамда объектни олиб қўйиш, утилизация қилиш ёки бошқа турдаги ҳаракатларни қўллаш чораларини кўради.


7. Ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомиллари давлат назорати органларининг ўзаро ҳамкорлигида амалга оширилади.

Ўтказиш пунктларида давлат назорати органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишга божхона органи бошлиғи ва чегара назорати бўлинмасининг раҳбари масъул ҳисобланади.


8. Қуйидагилар давлат назорати органлари ўртасида ўзаро ҳамкорликни ташкил этишнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

шахслар, транспорт воситалари ва товарларни Давлат чегараси орқали ўтказишда биргаликда ҳаракат қилиш тартиби ва усулларини белгилаш;

ўтказиш пунктларида ёки уларга кириш жойларида шахслар ва транспорт воситалари тирбандлиги юзага келишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни белгилаш;

Давлат чегарасида Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ҳимоя қилиш, чегара ва божхона қонун ҳужжатлари бузилишини аниқлаш ва унинг олдини олишга доир комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари ва товарларни имкон қадар қисқа муддатларда назорат тартиб-таомилларидан ўтказиш ҳамда ташқи савдонинг ривожланишига кўмаклашиш;

ўтказиш пунктларида ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш технологияларини такомиллаштириш ва оптималлаштириш;

давлат назорати органларининг ўтказиш пунктларида кутилмаган вазиятлар юзага келганда келишилган ҳолда ҳаракат қилишга доим тайёр туриш;

Давлат чегараларини ҳимоя қилиш ва қўриқлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларини бажариш бўйича давлат назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш.


9. Шахслар, транспорт воситалари ва товарлар Давлат чегараси орқали Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномалар билан белгиланган Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берадиган амалдаги ҳужжатлар бўйича ўтказилади.


10. Алоҳида ҳолларда, ҳужжатларсиз, бекор қилинган ёки муддати ўтган ҳужжатлар билан Ўзбекистон Республикасига кириш учун келган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раҳбариятининг рухсати билан Давлат чегараси орқали ўтказилади.


11. Давлат чегараси орқали қуйидагилар устувор тартибда, навбатсиз ўтказилади:

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ва халқаро шартномаларга мувофиқ муайян имтиёзларга эга шахслар, оғир беморлар, ҳомиладор ва ногиронлиги бўлган шахслар, 7 ёшгача бўлган болалар, уларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар ва улар кетаётган автотранспорт воситалари;

халқаро йўналишларда йўловчиларни мунтазам ташийдиган транспорт воситалари;

тирик ҳайвонлар, тез бузиладиган товарлар, радиоактив материаллар, оммавий ахборот воситалари учун хабарлар ва бошқа материаллар;

табиий офатлар, авариялар, ҳалокатлар оқибатларини бартараф этишда зарур бўлган ва инсонпарварлик ёрдами сифатида юбориладиган товарлар, шунингдек, ушбу товарлар олиб ўтиладиган транспорт воситалари;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ёки Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ёзма топшириғига мувофиқ шахслар, транспорт воситалари ва товарлар;

Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларига юбориладиган товарлар;

Ўзбекистон Республикасининг олий қонунчилик, ижро этувчи ва суд ҳокимияти органларига юбориладиган товарлар.

Шахслар, транспорт воситалари ва товарлар зарур ҳолларда чегара назорати бўлинмаси раҳбари ҳамда божхона органи бошлиғининг ўзаро келишувига асосан устувор тартибда ўтказилиши мумкин.


12. Давлат чегараси орқали ўтувчи шахслар давлат назорати органи ходимларининг талабига биноан зарур ҳужжатлар, багаж, қўл юки, валюта қимматликларини назорат ва текширувдан ўтказиш учун тақдим этади, назорат ва текширувни ўтказишга кўмаклашади.


13. Жисмоний шахсларга ўтказиш пунктида қуйидагилар тақиқланади:

чегара назорати бўлинмаси раҳбари ва (ёки) божхона органи бошлиғининг рухсатисиз фото ва видеога суратга олиш;

давлат назорати органларининг назорат тартиб-таомилларини ташкил этишига халақит берса, мобиль ва бошқа воситалардан фойдаланиш;

давлат назорати органлари ходимларини назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш бўйича белгиланган тартибни бузишга мажбур қиладиган ҳаракатларни содир этиш, шу жумладан, уларга бирон-бир моддий қимматликларни таклиф этиш;

давлат назорати органларининг қонуний талабларини бажармасликка, ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, оммавий равишда бўйсунмасликни келтириб чиқариш мақсадида атайин сохта уйдирмалар тарқатиш йўли билан давлат назорати органларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш, шунингдек, давлат назорати органларининг ҳуқуқбузарликларни тўхтатиш ҳақидаги қонуний талабларига бўйсунмаслик;

ўтказиш пункти ҳудудига ёки унинг хизмат хоналарига белгиланган тартибни бузган ҳолда кириш;

ўтказиш пункти ҳудудига тегишли рухсатларсиз қурол-яроғ, портловчи моддалар ва атрофдагилар ҳаёти ёки саломатлигига хавф туғдирадиган бошқа предметлар (моддалар) олиб кириш (олиб ўтиш).


14. Чегара назорати бўлинмаси ва божхона органлари йўловчиларни темир йўл ёки авиация транспортида халқаро ташишни амалга оширадиган юридик шахслардан Ўзбекистон Республикасига келаётган йўловчилар ва уларнинг багажи тўғрисидаги маълумотларни олдиндан олади.

Самарали божхона назоратини амалга ошириш мақсадида, темир йўл транспортида ташувни амалга ошираётган юридик шахслар ташилаётган ташқи савдо юклари ортилган темир йўл таркибидаги вагон ва контейнерларнинг ички ҳудудлардаги ҳаракати, улар турган темир йўл станцияси тўғрисида электрон маълумотларни божхона органига реал вақт режимида мавжуд ахборот тизими орқали бепул асосларда тақдим этиб боради.


15. Халқаро йўналишлар учун очилган автомобиль йўллари, темир йўллар ва авиация ўтказиш пунктларида йўловчилар ва уларнинг юклари, багажлари божхона назорати ва текширувидан, қоидага кўра, икки йўлакли тизимни белгиланган тартибда қўллаш орқали ўтказилади.

Ўтказиш пунктининг паспорт назорати зонаси аэропортлар ва автомобиль йўллари ўтказиш пунктлари ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини расмийлаштириш учун мўлжалланган секторлар ва чет эл фуқароларини расмийлаштириш учун мўлжалланган секторларга ажратилиши мумкин ва бу ўтказиш пунктининг технологик схемасида кўрсатилади.


16. Идентификация воситалари (пломбалар, муҳрлар ва бошқалар) бузилганлиги ва (ёки) уларга шикаст етганлиги ёки Давлат чегарасини бузиб ўтувчи шахс контрабанда предметларини ёхуд ноқонуний олиб кетилаётган товарларни яширган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи белгилар аниқланганда, божхона органи бошлиғи ёки унинг ўрнини босувчи шахснинг қарори асосида транспорт воситаси ва (ёки) товар божхона кўригидан ўтказилади.


17. Ўтказиш пункти орқали олиб ўтилаётган барча транспорт воситалари ва товарлар божхона органлари томонидан божхона назоратидан ўтказилади.


18. Транспорт воситалари ва товарлар техника хавфсизлигига риоя этилган ҳолда, ташувчи вакили ёки товарга ваколатли шахс ёхуд транспорт воситаси ҳайдовчиси (ҳаво, дарё кемаси экипажи, поезд бригадасининг аъзоси) иштирокида чегара ва божхона назоратидан ўтказилади ҳамда улар қўшма наряднинг талабига кўра кўздан кечириш қийин бўлган барча жойларни кўрсатиши шарт.

19. Ўтказиш пунктларида шахслар, транспорт воситалари ва товарлар асоссиз ушлаб турилишига, шунингдек, уларга зарар етказилишига йўл қўйилмайди.


20. Давлат назорати органлари томонидан назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш чоғида ҳуқуқбузарликлар аниқланганда, ушбу ҳуқуқбузарликлар изини ва объектларни сақлаш, ушбу ҳолатларга даҳлдор шахсларни қўлга олиш бўйича зарур чоралар кўриши лозим.


21. Ҳуқуқбузарлар ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишига даҳлдор бошқа шахслар маъмурий йўл билан ушлаб турилади, шунингдек, зарур ашёвий далиллар олиб қўйилади, сўнгра тегишлилиги бўйича чегара назорати бўлинмаси ёки божхона ёхуд ички ишлар органларига қонун ҳужжатларида назарда тутилган чораларни кўриш учун олиб келинади.


22. Давлат назорати органлари ходимларига нисбатан ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чоралар кўрилади.


23. Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг кўрсатмасига асосан Ўзбекистон Республикаси фуқаролари профилактика мақсадида эмлашларни ўтказишни талаб қиладиган мамлакатларга чиқишда уларда санитария-карантин бўлинмаси ходимлари томонидан вакцинация ва ревакцинация тўғрисидаги халқаро гувоҳномалар мавжудлиги текширилади.



3-БОБ. АВТОМОБИЛЬ ЙЎЛЛАРИДА (ПИЁДАЛАР)

ЖОЙЛАШГАН ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДА

НАЗОРАТ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


24. Давлат чегараси орқали пиёда ўтадиган шахслар ва йўловчилар ўтказиш пунктларида чегара назорати бўлинмалари томонидан ўтказиш пунктининг имкониятларига мувофиқ технологик схемада белгиланган миқдорда навбатма-навбат ўтказилади, ушбу Низомнинг 11-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.

Автотранспорт воситалари ўтказиш пункти ҳудудига чегара назорати бўлинмалари томонидан божхона органи билан келишилган миқдорларда мавжуд имконият ва шароитдан келиб чиққан ҳолда киритилади.


25. Давлат назорати органлари томонидан ўтказиш пунктида ҳайдовчилар, товарлар ва транспорт воситаларининг назорат тартиб-таомиллардан ўтказилиши "Ягона дарча" божхона ахборот тизими ёки унга интеграциялашган ахборот тизимлари асосида амалга оширилади.

Бунда, ўтказиш пунктига автотранспорт воситаси кириши ва чиқиши вақтлари, уларнинг ҳар бири давлат назорати органлари томонидан тегишли назорат тартиб-таомилларидан ўтказилиши электрон тизимга белги қўйиш орқали қайд этиб борилади.


26. Электрон тизим мавжуд бўлмаганда ёхуд унда техник носозлик ҳолатлари юзага келганда, ўтказиш пунктида мазкур Низомнинг 1-иловасига мувофиқ шаклдаги "Ягона қайд варақаси"дан фойдаланилади. Техник носозлик бартараф этилганидан сўнг бир кунлик муддатда "Ягона қайд варақаси"га киритилган белгилар "Ягона дарча" божхона ахборот тизимига мажбурий тартибда киритилади.

Товарлар ва автотранспорт воситалари Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича коди ёки номига мувофиқ фитосанитария ва (ёки) ветеринария объекти бўлмаса, божхона органи ходими "Ягона қайд варақаси"нинг фитосанитария ва (ёки) ветеринария назорати катакларига диагонал чизиқ чизиб, шахсий муҳри ва имзоси билан тасдиқлайди.

"Ягона қайд варақаси" чегара назорати бўлинмаси томонидан ўтказиш пунктига киришда ҳайдовчига берилади ва ундан чиқишда давлат назорати органларининг тегишли белгилари мавжудлиги назорат қилинади. Унинг асл нусхаси расмийлаштирилган йилдан кейинги йилдан эътиборан бир йил давомида чегара назорати бўлинмасида сақланади.


27. Юк автотранспорт воситаларининг божхона расмийлаштируви жараёнлари ҳар бир автотранспорт воситасининг кириш ва чиқиш вақтини автоматлаштирилган қайд этиш тизими ҳамда навбатларни бошқариш электрон тизими орқали амалга оширилади.

Божхона постлари орқали кесиб ўтиш вақти тўғрисидаги ҳар ойлик статистик маълумот ҳар бир божхона пости кесимида Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.


28. Ўтказиш пунктига бевосита туташ ҳудудда божхона терминали мавжуд бўлган ҳолларда товар ва автотранспорт воситаларининг божхона, фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратлари ушбу ҳудудда амалга оширилади. Бунда, товар ва автотранспорт воситалари ўтказиш пункти ҳудудида божхона назоратидан соддалаштирилган тартибда ўтказилади.


29. Ўтказиш пунктида автотранспорт воситаларининг бўлиш вақти уларнинг тури, ўтказиш пунктининг техник ҳолатидан келиб чиққан ҳолда технологик схемада белгиланади, бироқ ушбу кўрсаткич қуйидаги муддатлардан ортиқ бўлмаган ҳолда белгиланиши лозим:

енгил автотранспорт воситалари 15 дақиқа;

юк автотранспорт воситалари 30 дақиқа.

Бунда, автотранспорт воситаларининг ўтказиш пунктидаги ҳар бир давлат назорати органлари томонидан тегишли тартиб-таомиллардан ўтказилиши вақти (дақиқаларда) мазкур Низомнинг 2-3-иловалардаги схемаларга мувофиқ амалга оширилади.


30. Автотранспорт воситаларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтиш вақти қуйидаги ҳолларда белгиланган вақт меъёрларидан ортиқ бўлиши мумкин:

автотранспорт воситалари ва (ёки) товарлар чегара ва (ёки) божхона кўригидан ўтказилганда;

ҳайдовчи ва (ёки) автотранспорт воситаси ёки товарларни Давлат чегараси орқали олиб ўтиш ёхуд ташиш учун рухсат этиш хусусиятига эга бўлган ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;

божхона органларига Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали, шу жумладан, транзит шартларида ўтказиладиган автотранспорт воситалари ва товарлар бўйича транзит декларацияси олдиндан тақдим қилинмаган ҳолларда;

ўтказиш пунктларида тўланиши белгиланган йиғимлар ёки тўловлар тўланмаган ҳолларда;

ўтказиш пунктида фаолият олиб борувчи давлат назорати органлари қонунбузарлик ҳолатларини аниқлаганда;

фавқулотда ҳолатларда.

Бироқ, ушбу бандда келтириб ўтилган ҳолатларда автотранспорт воситаларининг назорат тартиб-таомилларидан ўтиш вақти 72 соатдан ортиқ бўлмаслиги лозим. Ушбу вақт ўтгандан сўнг, божхона органи томонидан автотранспорт воситасининг республикага кириши ҳал этилади ёхуд чегара назорати томонидан божхона органи билан келишилган ҳолда ортига қайтарилади.


31. Ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланаётган шахслар, автотранспорт воситалари ва товарлар устидан самарали назоратни ўрнатиш мақсадида чегара ва божхона органлари ўзаро электрон ахборот алмашади.

Бунда, давлат назорати органлари томонидан бир-бирини такрорловчи назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш тақиқланади.

Давлат назорати органларининг ахборот алмашинуви электрон тизим орқали амалга оширилади.


32. Автотранспорт воситаси божхона кўздан кечируви ва (ёки) божхона кўригидан ўтказилиши жараёнида чегара назоратидан яширинган шахслар аниқланганда, қонуний чоралар кўриш учун божхона органи чегара назорати бўлинмасига хабар беради.


33. Ушбу Низомнинг 16-17-бандларида назарда тутилган ҳолатларда божхона органи томонидан товарга илова қилинадиган ҳужжатларда ёки халқаро йўлларда ташиш дафтарчасида Халқаро йўлларда ташиш дафтарчасини қўллаган ҳолда юкларни халқаро ташиш тўғрисидаги божхона конвенциясига (Женева, 1975 йил 14 ноябрь) мувофиқ тегишли ёзувлар қайд этилади.


34. Ўтказиш пунктларида божхона органлари санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати фаолиятини мувофиқлаштиради, жумладан:

хизматга келиб-кетишини;

ўтказиш пункти орқали ҳаракатланаётган шахслар орасида тушунтириш ишлари ташкил этилишини;

назорат-техник воситаларининг белгиланган талаблар асосида сақланиши ва эксплуатация қилинишини.



2-§. Ўзбекистон Республикасига кириш


35. Шахслар, йўловчилар ва уларнинг қўл юклари ҳамда багажи назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) чегара назорати бўлинмалари томонидан Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар мавжудлиги текширилади;

б) санитария-карантин бўлинмаси томонидан назоратдан ўтказилади;

в) Давлат чегараси орқали пиёда ўтадиган шахслар қўл юки билан бирга назорат тартиб-таомилларидан ўтиш учун залга йўналтирилади;

г) божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг қуйидаги вазифаларини ҳам амалга оширади:

фитосанитария ва ветеринария назорати предметлари мавжудлиги тўғрисида сўраш;

фитосанитария ва ветеринария назорати талаб қилинадиган товарларни олиб кириш учун рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлигини сўраш;

қўл юки ва багажни назорат қилиш жараёнида фитосанитария ва ветеринария назорати объектлари мавжудлигини назорат техник воситалари ёрдамида кўздан кечириш.

Шахслар ёки йўловчиларнинг қўл юки ва багажини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органи томонидан фитосанитария ҳамда ветеринария назоратига тушадиган товарлар аниқланганда, назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш учун тегишли давлат назорат органи жалб қилинади. Ушбу ҳолатда божхона органининг талабига асосан фитосанитария ва ветеринария назорати ходимлари божхона назорати жараёнида иштирок этади.

Товарларга нисбатан рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва (ёки) рухсат этувчи ҳужжатлари мавжуд бўлган товарлар ташқи кўринишидаги мавжуд аломатларига кўра фитосанитария ёки ветеринария талабларига жавоб бермаган ҳолларда, ушбу товарлар божхона чегарасидан ўтказилишига рухсат берилмайди ва тегишли назорат органи томонидан республика ички ҳудудига киритилмасдан қайтариб юборилади. Товарларни ортига қайтариш уларни олиб кирган шахс ҳисобидан амалга оширилади.

Божхона чегарасидан олиб кирилишига рухсат берилмаган товарларни ортига қайтариш имкони бўлмаса, улар шу жойда тегишлилиги бўйича фитосанитария ва ветеринария назорати органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда йўқ қилиш учун олиб қўйилади.

Божхона органи фитосанитария ва ветеринария органи томонидан ўтказилган назорат натижасига асосан, фитосанитария ва (ёки) ветеринария талабларига жавоб берадиган товарларни амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказиш пункти орқали ўтказади.


36. Товарлар ва автотранспорт воситалари назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган автотранспорт воситаларининг ҳаракатланувчи қисмига ветеринария-санитария жиҳатидан ишлов берилганидан сўнг, чегара назорати бўлинмалари томонидан ҳайдовчининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлиги текширилади;

б) автотранспорт воситаси ўтказиш пункти ҳудудига ўтказилади ва кўздан кечириш майдончасига қўйилади;

в) ҳайдовчи чегара ва божхона назоратидан ўтказилади;

г) ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс божхона органига расмийлаштирувни амалга ошириш учун автотранспорт воситаси ва (ёки) товарга тегишли ҳужжатларни қоғоз ёки электрон тарзда тақдим этади;

д) ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахсни, товарлар ва автотранспорт воситаларини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг қуйидаги вазифаларини амалга оширади:

ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахсда фитосанитария ва ветеринария назорати предметлари мавжудлиги тўғрисида сўраш;

фитосанитария ва ветеринария назорати талаб қилинадиган товарларни олиб кириш учун рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлигини сўраш;

ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахснинг қўл юки ва багажини назорат қилиш жараёнида фитосанитария ва ветеринария назоратидаги товарларни аниқлаш;

товар Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича коди ёки номига мувофиқ фитосанитария ёхуд ветеринария объекти бўлса, уларни назоратдан ўтказиш жараёнида божхона органи ходими тегишли давлат назорати органи ходимини жалб қилади;

фитосанитария ва ветеринария назорати ходимлари назорат тартиб-таомилларини амалга оширади ва электрон тизимга белгиланган тартибда белгилар қўяди;

божхона органи ходими тегишли давлат назорат органи ходимининг белгисига асосан товарни Давлат чегараси орқали ўтказиш ёки ортига қайтариб юбориш масаласини ҳал этади;

товарларни ортига қайтариш уларни олиб кирган шахс ҳисобидан амалга оширилади;

агар товарларни ортига қайтариш имкони бўлмаса, улар шу жойда фитосанитария ва ветеринария назорати органлари томонидан тегишли қарор қабул қилингунга қадар вақтинча ушлаб турилади;

е) қўшма наряд томонидан ҳайдовчидан автотранспорт воситасида чегара ва божхона назоратидан яширинган шахслар ва товарлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ҳудуди орқали транзит ташиш тақиқланган предметлар бор ёки йўқлиги сўралади. Шундан сўнг автотранспорт воситаси қўшма наряд томонидан кўрикдан (божхона мақсадлари учун божхона кўздан кечирувидан) ўтказилади;

ё) автотранспорт воситаси ва унда ташилаётган товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилгандан сўнг, қоғоз шаклдаги кузатув ҳужжатларига ва (ёки) электрон тизимда божхона органининг тегишли белгилари қўйилади;

ж) барча турдаги назорат ишлари ниҳоясига етганидан сўнг, махсус ажратилган жойдаги йўловчилар қўл юки ва багажи билан бирга автотранспорт воситасига чиқариш учун чегара назорати бўлинмаси томонидан кузатиб борилади. Давлат чегарасидан пиёда ўтаётган шахслар ўтказиш пунктидан технологик схемага мувофиқ белгиланган йўналиш бўйича чиқарилади.

Автотранспорт воситасининг ўтказиш пункти ҳудудидан чиқишига "Ягона дарча" божхона ахборот тизими маълумотлари ва кўрсатмаси асосида ёхуд мазкур Низомнинг 26-бандида келтирилган ҳолатларда чегара назорати бўлинмаси томонидан "Ягона қайд варақчаси"да давлат назорати органларининг тегишли белгилари мавжудлиги текширилганидан сўнг рухсат берилади.


37. Автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириши учун тижорат банкининг шаҳобчаси томонидан ва (ёки) тўловларни амалга ошириш, валюта айирбошлаш, пул маблағларини нақд пулга алмаштириш ҳамда бошқа нақд ва нақдсиз ҳисоб-китоб банк операцияларини амалга ошириш имконини берадиган ўз-ўзига хизмат кўрсатиш терминаллари ёрдамида, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тўлов ва йиғимлар қабул қилинади.


38. Чегара ва божхона назорати жараёнида ёки ундан сўнг ҳайдовчи, шахс, йўловчи Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киришдан бош тортган ҳолларда, ушбу шахс, ҳайдовчи, йўловчи Ўзбекистон Республикасидан чиқиш учун назорат тартиб-таомилларидан такроран ўтказилади.

Товар ёки автотранспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки унинг ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланишдан бош тортилган ҳолларда, ушбу товар ёки автотранспорт воситаси қонун ҳужжатларига мувофиқ чегарадош мамлакат ҳудудига қайтариб юборилади.



3-§. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш


39. Шахслар, йўловчилар ва уларнинг қўл юклари ҳамда багажи назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) чегара назорати бўлинмалари томонидан Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган шахсларнинг Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлиги текширилади;

б) Давлат чегараси орқали пиёда ўтадиган шахслар ва йўловчилар қўл юки ҳамда багажи билан бирга назорат тартиб-таомилларидан ўтиш учун залга ўтказилади;

в) Давлат чегарасидан пиёда ўтаётган шахслар назорат тартиб-таомилларидан ўтказилганидан сўнг, ўтказиш пунктидан технологик схемага мувофиқ белгиланган йўналиш бўйича чиқарилади, йўловчилар эса махсус ажратилган жойга ўтади.


40. Товарлар ва автотранспорт воситалари назорат тартиб-таомилларидан қуйидаги тартибда ўтказилади:

а) автотранспорт воситаси ўтказиш пункти ҳудудига ўтказилади ва кўздан кечириш майдончасига қўйилади;

б) ҳайдовчи божхона назоратидан ўтказилади;

в) ҳайдовчи ёки юкни кузатиб бораётган шахс божхона органига расмийлаштирувни амалга ошириш учун автотранспорт воситаси ва (ёки) товарга тегишли ҳужжатларни қоғоз ёки электрон тарзда тақдим этади;

г) товар Ташқи иқтисодий фаолият товарлар номенклатураси бўйича коди ёки номига мувофиқ фитосанитария ёхуд ветеринария объекти бўлса, уларни назоратдан ўтказиш жараёнида божхона органи ходими тегишли давлат назорати органи ходимини жалб қилади;

фитосанитария ва ветеринария назорати ходимлари назорат тартиб-таомилларини амалга оширади ва электрон тизимга белгиланган тартибда белгилар қўяди;

д) қўшма наряд томонидан ҳайдовчидан автотранспорт воситасида чегара ва божхона назоратидан яширинган шахслар ва товарлар, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ёки ҳудуди орқали транзит ташиш тақиқланган предметлар бор ёки йўқлиги сўралади. Шундан сўнг автотранспорт воситаси қўшма наряд томонидан кўрикдан (божхона мақсадлари учун божхона кўздан кечирувидан) ўтказилади;

е) автотранспорт воситаси ва унда ташилаётган товарлар божхона расмийлаштирувидан ўтказилгандан сўнг, қоғоз шаклдаги кузатув ҳужжатларига ва (ёки) электрон тизимда божхона органининг тегишли белгилари қўйилади ва шундан сўнг ҳайдовчи чегара (паспорт) назоратидан ўтади;

ё) барча турдаги назорат ишлари ниҳоясига етганидан сўнг, махсус ажратилган жойдаги йўловчилар қўл юки ва багажи билан бирга автотранспорт воситасига чиқариш учун чегара назорати бўлинмаси томонидан кузатиб борилади;

ж) автотранспорт воситасининг ўтказиш пункти ҳудудидан чиқишига "Ягона дарча" божхона ахборот тизими маълумотлари ва кўрсатмаси асосида ёхуд мазкур Низомнинг 26-бандида келтирилган ҳолатларда чегара назорати бўлинмаси томонидан "Ягона қайд варақчаси"да давлат назорати органларининг тегишли белгилари мавжудлиги текширилганидан сўнг рухсат берилади.


41. Чегара ва божхона назорати жараёнида ёки ундан сўнг шахс Ўзбекистон Республикасидан чиқишдан бош тортган ҳолларда, у Ўзбекистон Республикасига қайтариб киритилади, унинг чиқиш ҳақида қўйилган белгилари бекор қилинади ва ундирилган йиғимлар қайтариб берилмайди.

Товар ёки автотранспорт воситасини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишдан бош тортилган ҳолларда ушбу товар ёки автотранспорт воситаси қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қайтариб киритилади.



4-БОБ. ТЕМИР ЙЎЛ ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДА

НАЗОРАТ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


42. Чегара назорати бўлинмасининг раҳбари поезд келишидан олдин ўтказиш пунктида режим ташкил қилади.

Давлат назорати органлари темир йўл таркибининг келиши ва кетиши тўғрисидаги ахборотни станция бўйича навбатчидан (диспетчердан) олади.


43. Йўловчилар, уларнинг қўл юки ва багажи ҳамда поезд бригадаси аъзолари қўшма наряд томонидан ўтказиш пунктида, айрим ҳолларда эса ҳаракатланиш йўналишида назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади.

Юк вагонлари ва контейнерларда ташиладиган товар ҳамда транспорт воситалари божхона органлари жойлашган темир йўл станцияларида расмийлаштирилади.


44. Назорат тартиб-таомиллари поездлар ҳаракатланиши жадвалида назарда тутилган тўхтаб туриш вақти давомида амалга оширилади. Темир йўл станцияси маъмурияти давлат назорати органларига поездлар ҳаракатланиши жадвалидаги ўзгартиришлар тўғрисида олдиндан хабар беради.

Юк ташиш поездининг тўхтаб туриш вақти чегара назорати бўлинмалари ва божхона органлари томонидан темир йўл станцияси маъмурияти билан биргаликда белгиланади. Ўтказиш пунктларида юк ва йўловчи ташиш поездларини текшириш тартиби ҳамда давомийлиги юк ва йўловчи ташиш поездларини назорат қилишнинг ҳудудий темир йўл бўлинмалари ва давлат назорати органларининг ҳудудий тузилмалари билан келишилган технологик схема асосида белгиланади.

Айрим ҳолларда, чегара ёки божхона назорати бўлинмаларининг буюртманомалари бўйича таркибларни қўшимча кўрикдан ўтказиш ва поездларни тўхтатиб туриш зарурати юзага келганда, поезднинг тўхтаб туриш вақти юк ва йўловчи ташиш поездларини назорат қилиш технологик схемага биноан белгиланган вақтдан кўпроққа узайтирилиши мумкин.


45. Назорат тартиб-таомиллари ниҳоясига етгандан сўнг, чегара назорати бўлинмасининг раҳбари поездни жўнатиш масаласини давлат назорати бошқа органларининг раҳбарлари билан келишади ҳамда темир йўл станцияси маъмуриятига поездни ўтказиш пункти ҳудудидан жўнатиш учун рухсат беради.


46. Чегара ва божхона назорати ниҳоясига етказилгач ички ишлар органлари ходимларига темир йўл таркибини кузатиб боришни давом эттиришга, йўлда жамоат тартибини сақлашга, йўловчиларнинг шахсий ва мулкий хавфсизлигини таъминлашга рухсат этилади.



2-§. Ўзбекистон Республикасига кириш


47. Чегара назорати бўлинмаси раҳбари чегарадош давлатнинг чегара станциясидан темир йўл таркибининг ҳаракатланиши ва келиш вақти тўғрисида станция навбатчисидан (диспетчеридан) ахборот олади.


48. Темир йўл таркиби Давлат чегарасини кесиб ўтишда чегара наряди сўровига асосан станция навбатчиси (диспетчери) томонидан унга чиқиши учун тўхтатилади ва наряд таркибни ўтказиш пунктигача кузатиб боради. Давлат чегараси линиясида тўхташ жойи ва тўхтаб туриш вақти чегара қўшинлари бўлинмалари томонидан темир йўл маъмурияти билан келишилган ҳолда белгиланади.


49. Йўловчилар, одатда, вагонлар, локомотивлар, темир йўл вокзали биносида ёки бунинг учун махсус ажратилган бошқа жойларда чегара, божхона, санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назоратидан ўтказилади.


50. Поездлардан йўловчилар туширилмайдиган ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомиллари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

қўшма наряд ички ишлар органлари билан биргаликда ўтказиш пунктида зарур режим чекловлари бажарилишини таъминлайди;

чегара назорати бўлинмаси, божхона органи ва санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати ходимлари темир йўл таркибига юборилади ва текширувни амалга оширади. Вагонлар кузатувчилари санитария-карантин бўлинмалари ходимларига ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари бор деб гумон қилинаётган йўловчилар борлиги ҳамда уларнинг сони ҳақида ахборот беради. Йўловчиларнинг ҳужжатларини текшириш, вагонни ички ва ташқи кўрикдан ўтказиш, почта-багаж вагонини кўздан кечириш, шунингдек, локомотивни кўрикдан ўтказиш технологик схемага мувофиқ амалга оширилади;

қўшма наряд вагонда назорат тартиб-таомилларини амалга оширишни бошлашдан аввал вагон кузатувчисидан йўловчилар купеда ўз жойларини эгаллашини ва ҳужжатлари, қўл юклари ҳамда багажини текширишга тайёрлашини, кўриш чекланган шароитда эса вагондаги қўшимча ёритиш чироқларини ёқишни талаб қилади (камида 80 люкс);

йўловчилар, уларнинг қўл юклари ва багажи қуйидаги кетма-кетликда назоратдан ўтказилади:

санитария-карантин назорати;

чегара назорати;

божхона назорати;

фитосанитария ва ветеринария назорати.


51. Йўловчилар поезддан тушириладиган ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомиллари, одатда, қуйидаги тартибда амалга оширилади:

йўловчиларни кутиб оладиган чегара наряди йўловчиларни перронда кутиб туради ва зарур режим чекловлари бажарилишини таъминлайди;

машинистлар бригадаси қўшма наряд томонидан локомотив кабинасида чегара назорати ва божхона расмийлаштирувидан ўтказилади;

божхона наряди товарнинг почта-багаж вагонидан туширилиши ва почта-багаж бўлимига олиб борилишини назорат қилади;

йўловчилар қўл юки ва багажи билан ҳамда товарлар поезддан туширилгач, транспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш бўйича қўшма наряд таркибни юк ҳамда йўловчи ташиш поездларини назорат қилиш технологик схемасига мувофиқ махсус ажратилган жойларда ташқи ҳамда ички томондан кўрикдан ўтказади;

йўловчилар уларни кутиб оладиган қўшма наряд кузатуви остида темир йўл вокзалининг тегишли залига боради;

йўловчилар санитария-карантин назоратидан ўтгандан сўнг, чегара назорати линиясига ўтади. Ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари бор деб гумон қилинган бемор йўловчилар аниқланганда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда эпидемияга қарши тадбирлар амалга оширилади;

йўловчилар чегара назоратидан ўтиш пайтида қўшма наряд йўловчилар, хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бегона шахсларнинг ҳужжатларни текшириш линияси орқали ноқонуний ўтишига йўл қўймаслик мақсадида кузатиб туради;

йўловчилар божхона расмийлаштирувидан ўтиш пайтида ветеринария ва фитосанитария назоратидан ҳам ўтказилади;

барча турдаги назорат тадбирлари тугагандан сўнг, йўловчилар қўл юки ва багажи билан вокзал биносидан чиқади;

вокзал зали бўйича навбатчи ўтказиш пунктига бегона шахслар, шу жумладан, кутиб олувчилар кириб келишига йўл қўймаслик мақсадида йўловчиларнинг вокзал биносидан чиқишини назорат қилади;

чегара ва божхона назорати ниҳоясига етганидан сўнг йўловчилар, перрон ва вокзал зали қўшма наряд томонидан бегона буюмлар ва предметларни аниқлаш учун кўздан кечирилади.


52. Юк ташувчи темир йўл таркиби алоҳида ишлаб чиқилган технологик схема бўйича давлат назорати органлари томонидан назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади.



3-§. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш


53. Йўловчилар поездга чиқариладиган ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомиллари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

чегара ва божхона назорати бўлинмалари поезднинг поездлар ҳаракатланиши жадвалида белгиланган жўнаб кетиш вақтидан 3 соат олдин чегара ва божхона назорати линиясига ўтади, вокзал залини кўздан кечиради, бегона шахсларни чиқариб юборади, буюмлар ва предметларни олиб ташлайди ҳамда иш ўринлари ва махсус техника воситаларини ишлашга тайёрлайди;

йўловчилар назоратдан ва зал бўйича навбатчилар томонидан чипталар рўйхатдан ўтказилгандан сўнг ветеринария ва фитосанитария назорати, божхона расмийлаштируви ҳамда чегара назоратидан ўтказилади, поезд келгунига қадар кутиш залига юборилади;

чегара наряди чегара назорати линиясида йўловчилар, хизмат кўрсатувчи ходимлар ва бегона шахсларнинг назорат линиясидан ноқонуний ўтишига йўл қўймаслик мақсадида кузатиб туради;

зал бўйича навбатчи рўйхатдан ўтказиш тугагандан сўнг рўйхатга олинган йўловчилар ҳақида чегара нарядига ахборот беради;

чет элга чиқувчи шахсларнинг ҳужжатини текшириш поезд жўнаб кетишига 15 дақиқа қолганда, темир йўл станцияси маъмурияти томонидан рўйхатдан ўтказилган йўловчиларнинг барчаси поездга чиқарилгандан сўнг якунланади;

транспорт воситаларини кўрикдан ўтказиш бўйича қўшма наряд жўнаб кетадиган темир йўл таркибини ташқи ва ички томондан кўрикдан ўтказади;

поезд кўрикдан ўтказилгач, чегара назорати бўлинмасининг раҳбари божхона органи бошлиғи билан келишган ҳолда вокзал биносида божхона расмийлаштируви ва чегара назоратидан ўтган йўловчиларга поездга чиқиш, шунингдек, товарларни юклашга рухсат беради;

рўйхатдан, назорат тартиб-таомилларидан ўтмаган йўловчиларнинг поездга чиқишига рухсат этилмайди;

поезд бригадаси аъзолари технологик схемага мувофиқ темир йўл таркиби ташкил этиладиган жойда турган вагонларда назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади;

йўловчилар вагонларга чиқарилгач, чегара назорати бўлинмасининг раҳбари божхона органи бошлиғи ва навбатчи диспетчер билан келишган ҳолда ўтказиш пункти ҳудудидан поезднинг жўнашига рухсат беради;

чегара наряди поезднинг ўтказиш пункти ҳудудидан жўнаб кетишини назорат қилади.


54. Йўловчилар поездга чиқарилмайдиган ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомиллари қуйидаги тартибда амалга оширилади:

чет элга жўнаб кетаётган темир йўл таркибининг ўтказиш пунктига келишидан 20 дақиқа олдин станция бўйича навбатчи (диспетчер) чегара назорати, божхона хизмати бўлинмалари ва ички ишлар органларига тегишли ахборотни етказади ва улар перронга бориб ҳудудни кўздан кечиради, бегона шахсларни чиқариб юборади, буюмлар ва предметларни олиб ташлайди ҳамда иш ўринлари ва махсус техника воситаларини ишлашга тайёрлайди;

ўтказиш пунктига поездда келган йўловчилар бевосита поезд вагонларида назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади;

темир йўл таркибининг почта-багаж вагони қўшма наряд томонидан кўздан кечирилади;

назорат тартиб-таомиллари тугаганидан сўнг чегара назорати бўлинмасининг раҳбари божхона органи бошлиғи ва станция бўйича навбатчи (диспетчер) билан келишган ҳолда ўтказиш пункти ҳудудидан поезднинг жўнашига рухсат беради;

чегара наряди темир йўл таркибининг ўтказиш пунктидан жўнаб кетишини назорат қилади.



5-БОБ. АВИАЦИЯ ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДА

НАЗОРАТ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


55. Халқаро парвозларни амалга оширадиган Ўзбекистон Республикаси аэропортларидан (аэродромларидан) учадиган ва қўнадиган барча ҳаво кемалари ҳамда ҳарбий-транспорт авиацияси чегара, божхона назоратидан ўтказилади. Халқаро парвозларни амалга оширадиган фуқаро авиацияси ҳаво кемалари эпидемик кўрсаткичлар бўйича санитария-карантин назоратидан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Ҳарбий-ҳаво кучларининг жанговар самолётлари ва вертолётлари чегара назоратидан ўтказилмайди.


56. Йўловчилар, уларнинг қўл юки ва багажи аэропорт биносидаги кириш (чиқиш) пунктида, айрим ҳолларда эса парвозларнинг кунлик режаси ҳамда улар бўйича келадиган аниқ маълумотлар ва қўшимчалар асосида чегара назорати бўлинмаси раҳбари ва божхона органи бошлиғининг ўзаро келишувига кўра ҳаво кемасининг бортида (борт остида) чегара ва божхона назоратидан ўтказилади.

Багаж ва товарлар ҳаво кемаси бориб қўнадиган аэропортда (йўловчининг авиачиптасига ёки товарнинг авиа юк хатига кўра) ёки ортиб жўнатиладиган аэропортда божхона расмийлаштирувидан ўтказилади.

Экипаж аъзолари, одатда, аэропорт биносида, айрим ҳолларда ҳаво кемаси бортида (борт остида) назоратдан ўтказилади.

Экипаж аъзолари ўсимликлар карантини бўйича давлат инспектори томонидан фитосанитария назоратидан ҳам ўтказилади.


57. Ҳаво кемаси йўловчилар ундан тушгандан сўнг кириш пунктида ёки йўловчилар унга чиқишидан аввал чиқиш пунктида қўшма наряд томонидан кўрикдан ўтказилади.


58. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига ҳаво кемаларида бир қанча оралиқ қўнишлардан сўнг келган йўловчилар, уларнинг қўл юклари ва багажи ҳаво кемаси бориб қўнадиган аэропортда (йўловчиларнинг авиачипталарига ёки товарларнинг авиа юк хатига кўра) чегара ва божхона назоратидан ўтказилади ҳамда расмийлаштирилади.

Ўзбекистон Республикасига бир қанча оралиқ қўнишлардан сўнг келадиган ҳаво кемалари, техник қўнишни амалга оширадиган ҳаво кемаларидан ташқари, йўловчилар, багаж ва товарлар туширилгандан сўнг охирги пунктда экипаж аъзоларидан бирининг иштирокида кўрикдан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасидан бир қанча оралиқ қўнишларни амалга оширадиган ҳаво кемаларида чиқиб кетадиган йўловчилар, уларнинг қўл юклари ва багажи, шунингдек, товарлар жўнатиладиган аэропортда (йўловчиларнинг авиачипталарига ёки товарларнинг авиа юк хатига кўра) назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасидан бир қанча оралиқ қўнишларни амалга оширадиган ҳаво кемалари, техник қўнишни амалга оширадиган ҳаво кемалари бундан мустасно, уларга йўловчилар чиққунича, багаж ва товарлар ортилгунича дастлабки пунктда экипаж аъзоларидан бирининг иштирокида кўрикдан ўтказилади.


59. Чет элга кетадиган йўловчиларни ҳаво кемасига чиқариш ва чет элдан келадиган йўловчиларни ҳаво кемасидан тушириш чегара назорати бўлинмаси раҳбарининг рухсати билан, чет элдан келишда эса қўшимча равишда санитария-карантин бўлинмалари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.


60. Ўзбекистон Республикасининг халқаро парвозларни амалга оширадиган ва жадвалга кўра чегара аэропортларида тижорат қўнишларни бажарадиган ҳаво кемаларида ички республика авиалиниялари йўловчиларини ташишга рухсат этилмайди.


61. Йўловчиларни ҳаво кемасидан аэропорт биносигача ва ортга автобусда ташишда қўшма наряд йўловчилар автобусга чиққунича ва ундан тушганда сўнг бегона шахслар ҳамда предметларни аниқлаш мақсадида автобусни кўздан кечиради.


62. Чегара нарядларининг божхона органлари ва халқаро рейсларга хизмат кўрсатувчи бошқа хизматлар билан ўзаро ҳамкорлиги парвозлар технологик схемаси ва режаларига мувофиқ чегара назорати бўлинмасининг раҳбари томонидан ташкил этилади.


63. Бемор йўловчиларнинг тиббиёт ходими томонидан кузатиб борилиши, уларни юкчи (юк ортувчи ва туширувчи ишчи) ва заруратга кўра ногиронлик аравачалари билан таъминлаш, тиббий хизмат кўрсатиш билан боғлиқ хизматлар технологик схемага мувофиқ аэропорт маъмурияти томонидан кўрсатилади.


64. Ўтказиш пунктларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда фитосанитария ва ветеринария назорати тегишли давлат назорати органлари томонидан амалга оширилиши таъминланади.

Йўловчилар ва экипаж аъзоларининг қўл юки ҳамда багажини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари фитосанитария ва ветеринария назорати органларининг қуйидаги вазифаларини амалга оширади:

фитосанитария ва ветеринария назорати предметлари мавжудлиги тўғрисида сўраш;

фитосанитария ва ветеринария назорати талаб қилинадиган товарларни олиб кириш учун рухсат этувчи ҳужжатлар мавжудлигини сўраш;

қўл юки ва багажни назорат қилиш жараёнида фитосанитария ва ветеринария назорати объектлари мавжудлигини назорат техник воситалари ёрдамида кўздан кечириш.

Йўловчилар ва экипаж аъзоларининг қўл юки ва багажини божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органи томонидан фитосанитария ва ветеринария назоратига тушадиган товарлар аниқланганда, назорат тартиб-таомилларини амалга ошириш учун тегишли давлат назорати органи жалб қилинади. Ушбу ҳолатда божхона органининг талабига асосан фитосанитария ва ветеринария назорати ходимлари божхона назорати жараёнида иштирок этади.

Товарларга нисбатан рухсат этувчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда ва (ёки) рухсат этувчи ҳужжатлари мавжуд бўлган товарлар ташқи кўринишидаги мавжуд аломатларига кўра фитосанитария ёки ветеринария талабларига жавоб бермаган ҳолларда, ушбу товарлар божхона чегарасидан ўтказилишига рухсат берилмайди.

Товарларни ортига қайтариш уларни олиб кирган шахс ҳисобидан амалга оширилади.

Божхона чегарасидан олиб ўтишга рухсат берилмаган товарларни ортига қайтариш имкони бўлмаса, улар шу жойда тегишлилиги бўйича фитосанитария ва ветеринария назорати органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда йўқ қилиш учун олиб қўйилади.

Божхона органи фитосанитария ва ветеринария органи томонидан ўтказилган назорат натижасига асосан фитосанитария ва (ёки) ветеринария талабларига жавоб берадиган товарларни амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказиш пункти орқали ўтказади.



2-§. Ўзбекистон Республикасига кириш


65. Чегара назорати бўлинмаси ва божхона органи аэропорт диспетчеридан ҳаво кемаси учиши тўғрисида унинг белгиланган манзилга бориб қўниши учун ҳисобланган вақт ва ундаги йўловчилар сони ҳамда бошқа юклар миқдори, беморлар, депортация қилинган йўловчилар бор-йўқлиги ҳақида маълумотлар кўрсатилган ахборотни олади.

Ташишларни ташкил этиш хизмати (кейинги ўринларда ТТХ деб аталади) диспетчери бир вақтнинг ўзида ушбу ахборотни бошқа манфаатдор хизматлар, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бўлими ходимларига ҳаво кемаси келишидан бир соат олдин етказади. VIP (СIP) зали ходимлари давлат назорати органларига VIP (СIP) зали орқали хизмат кўрсатиладиган йўловчилар борлиги тўғрисида олдиндан маълум қилади.


66. Ҳаво кемаси қўнишидан 10 дақиқа аввал чегара назорати бўлинмаси ҳаво кемалари турадиган тегишли жойда, шунингдек, давлат назорати бошқа органларининг ходимлари билан биргаликда аэропортнинг йўловчилар ўтиши йўналиши бўйича халқаро секторида зарур режимни ўрнатади.


67. Ҳаво кемаси ажратилган жойга келиб тўхтагач, чегара назорати бўлинмаси раҳбари санитария-карантин назорати, божхона органи ва аэропорт ТТХ ходими билан келишган ҳолда ҳаво кемасидан йўловчиларнинг тушишига, шунингдек, багаж ва юкларни туширишга рухсат беради.

Чегара назорати бўлинмаси божхона органи билан биргаликда видеокузатув тизими имкониятларидан фойдаланган ҳолда йўловчиларни, шу жумладан, ҳаво кемасини ер усти техник хизматига топширишда иштирок этмайдиган экипаж аъзолари ва уларнинг багажи аэропорт биносига етказилишини назорат қилади. Божхона органи товарларни тушириш ва уларнинг аэропорт (аэродром) омборига етказилишини назорат қилади.


68. Қўшма наряд келиб қўнган ҳаво кемасини авиатехник ёки экипаж аъзоси иштирокида кўздан кечиради, экипаж аъзоларининг қўл юки ва багажи туширилишини назорат қилади, ушбу Низомнинг 96-бандида назарда тутилган ҳолатлар бундан мустасно.


69. Ҳаво кемасида келган йўловчилар расмийлаштириш залига ўтади ва бу ерда қуйидаги назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади:

санитария-карантин назорати;

чегара (паспорт) назорати;

божхона назорати (божхона расмийлаштируви);

фитосанитария назорати;

ветеринария назорати.

Бунда, чегара наряди келган йўловчиларнинг расмийлаштириш залига технологик схемага кўра белгиланган йўналиш бўйича ўтишини назорат қилади.


70. Ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлари бор деб гумон қилинган йўловчилар аниқланганда, эпидемияга қарши тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


71. Йўловчилар чегара (паспорт) назоратидан ўтказилаётганда уларнинг Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлари текширилади.

ТТХ вакили визасиз келган чет эл фуқароларига виза билан боғлиқ расмиятчиликларни бажариш учун консуллик бўлими ходимига мурожаат қилиш кераклиги ҳақида маълум қилади.

Виза бериш рад этилганда ёки Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қонунчиликка мувофиқ кириш тақиқланган ҳолатларда, чегара назорати бўлинмалари ходимлари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига киритиш рад этилганлиги тўғрисида қарор қабул қилади ва бу ҳақида тузилган далолатнома асосида ТТХ ходимлари йўловчининг қайтиб кетишини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикасининг визалари чет эл фуқаролари орасидан айрим йўловчиларга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга берилган ҳолатларда бундай йўловчилар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириш имкониятига эга бўлади.


72. Кириш тақиқланган шахсларни ҳаво кемасининг учишини кутиш вақтида озиқ-овқат билан таъминлаш чегара назорати бўлинмаси ходимининг буюртманомаси бўйича аэропорт маъмурияти томонидан ташкил этилади.


73. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига мувофиқ ваколатли давлат органлари чет эл фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан депортация қилинишини (чиқариб юбориш) ташкил этиш билан шуғулланади.


74. Ташувчи депортация қилинган шахсларни қуйидаги ҳолларда ташишни рад этиш ҳуқуқига эга:

депортация тўғрисида қарор нусхаси бўлмаганда:

сўнгги манзилгача авиачипта бўлмаганда;

тегишли равишда расмийлаштирилган ҳаракатланиш ҳужжатлари бўлмаганда;

депортация қилинадиган шахс парвозлар хавфсизлигига хавф туғдирса.


75. Чегара назоратидан ўтиб, ўз багажини олган йўловчилар божхона назорати зонасига ўтади.

Божхона органи фитосанитария ва ветеринария органи томонидан ўтказилган назорат натижасига асосан фитосанитария ва (ёки) ветеринария талабларига жавоб берадиган товарлар амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ ўтказиш пункти орқали ўтказади.


76. Йўловчилар багажини олиб божхона назорати линиясига келгандан сўнг, уларни божхона назорати ва расмийлаштирувидан ўтказишнинг умумий вақти йўловчилар сонидан қатъий назар, бир соатдан ошмаслиги лозим, бундан божхона қонун ҳужжатлари бузилишлари аниқланган ҳолатлар мустасно.


77. Давлат назоратининг ҳар бир органи тегишли турдаги назорат тугагач ўзлари масъул бўлган зонадаги йўловчилар ўтиш йўналиши бўйича заллар ва биноларни бегона шахслар, буюмлар ва предметлар бор-йўқлигини аниқлаш учун кўздан кечиради.



3-§. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш


78. Чегара назорати бўлинмаси, божхона органи ва давлат назорати бошқа органлари раҳбарларига ҳаво кемаси учиб кетишидан 3 соат аввал аэропорт диспетчери овозни кучайтириш алоқаси орқали ҳаво кемасининг учиб кетиш, рўйхатдан ўтказишнинг бошланиши, йўловчилар сони ва тоифаси, ҳаво кемасининг тури ҳақида маълум қилади.


79. Қўшма наряд ҳаво кемасининг турига қараб йўловчи ташиш ҳаво кемаси учиб кетишидан 1-2,5 соат (юк ташувчи ҳаво кемаси - 45 дақиқа) қолганда тегишли туриш жойига келади ва бу ерда зарур режимни ўрнатади.


80. Аэропорт ТТХ диспетчери рўйхатдан ўтказиш тугагач чегара, божхона ва авиация хавфсизлигини текшириш хизматларига рўйхатдан ўтказилган йўловчилар ҳақида маълум қилади ва уларнинг сонини солиштириб чиқади.


81. Божхона органи ходимлари халқаро рейсларда парвоз қиладиган йўловчиларга хизмат кўрсатишни ҳаво кемасининг эълон қилинган учиш вақтидан 3 соат аввал бошлайди ва кетишига 35 дақиқа қолганда якунлайди.


82. Чегара назорати бўлинмаси кетувчи йўловчиларга хизмат кўрсатишни ҳаво кемаси кетишидан 3 соат аввал бошлайди ва 30 дақиқа қолганда якунлайди.


83. Чегара назорати бўлинмаси ёки божхона органи ходимлари йўловчини (йўловчиларни) парвоздан четлаштирганда ёки бунинг учун сабаб юзага келганда (вазият аниқлангунига қадар), улар ушбу йўловчи (йўловчилар) ҳақидаги маълумотларни унинг багажи бор-йўқлигини аниқлаш ҳамда уни рейсдан тушириб қолиш учун ТТХ агентига зудлик билан хабар беради.


84. Авиация хавфсизлигини текшириш хизмати (кейинги ўринларда АХТХ деб аталади) ходимлари халқаро рейсларда парвоз қиладиган йўловчиларга хизмат кўрсатишни ҳаво кемасининг эълон қилинган учиш вақтидан 3 соат аввал бошлайди ва кетишига 35 дақиқа қолганда якунлайди.


85. Йўловчилар расмийлаштиришдан қуйидаги тартибда ўтади:

авиачипта, қўл юки ва багажни рўйхатга олиш;

божхона назорати (божхона расмийлаштируви);

фитосанитария ва ветеринария назорати;

чегара (паспорт) назорати;

авиация хавфсизлигини текшириш.


86. Назорат тартиб-таомиллари ниҳоясига етгандан сўнг йўловчилар кутиш залига ўтказилади ва ҳаво кемасига чиққунича шу ерда бўлади.

Рўйхатдан, божхона ва чегара назоратидан, шунингдек, авиация хавфсизлиги текширувидан ўтказилмаган йўловчиларнинг парвоз қилишига рухсат этилмайди.


87. Чегара назорати бўлинмаси божхона органи, авиация хавфсизлиги хизматининг назоратчиси билан биргаликда учиб кетадиган ҳаво кемасини авиатехник ёки экипаж аъзосининг иштирокида кўздан кечиради ҳамда бортга озиқ-овқат, экипажнинг қолган аъзолари қўл юки ва багажи юкланишини назорат қилади.


88. ТТХ диспетчери ҳаво кемасининг учиб кетишидан 50 дақиқа аввал чегара назорати бўлинмасидан ҳаво кемаси бортида назорат тартиб-таомиллари ниҳоясига етказилгани тўғрисида ахборот олади ва ТТХ агентлари билан биргаликда йўловчилар автобусларга чиқарилиши, уларнинг самолётга кузатиб борилиши ва багажнинг АХТХ, чегара назорати ва божхона органи ходимлари назоратида юкланишини ташкил этади.


89. Ҳаво кемаси кўздан кечирилиб, барча ер усти хизматлари ишлари ниҳоясига етказилгандан сўнг, чегара наряди бу ҳақида аэропорт диспетчерига хабар қилади ва АХТХ, божхона органи билан келишган ҳолда ҳаво кемасига экипаж аъзолари, йўловчилар чиқарилиши ҳамда багажни юклашга рухсат беради.

Багаж ва пакетлаштириш воситалари АХТХ, чегара назорати бўлинмаси ва божхона органи ходими иштирокида юкланади ва парвоздан 25 дақиқа олдин якунланади.

ТТХ агентлари борт катта кузатувчиси, чегара назорати бўлинмаси ва божхона органи ходимлари билан келишган ҳолда йўловчиларни самолётга чиқишга таклиф этади ва чегара назорати ҳамда авиация хавфсизлиги текширувидан ўтганлиги тўғрисида муҳр босилган чиқиш талонини кўрсатишни сўрайди. Чиқиш талонининг бир қисми йиртиб олинади ва ҳаво кемасига чиқиш олдидан олиб қўйилади. Йўловчиларни ҳаво кемасига чиқариш учиб кетишга 20 дақиқа қолганда тугаши керак.


90. Ҳаво кемасига чиқариш ниҳоясига етгандан сўнг, чегара наряди бортдаги йўловчиларни чегара назоратидан ўтган йўловчилар сони билан солиштиради.


91. ТТХ агенти диспетчерга самолётга чиқиш якунлангани ва ундаги йўловчилар сони ҳақида маълум қилади. Чегара назорати бўлинмаси ходимининг рухсати билан трапни олишга кўрсатма беради ва уни олиш вақти ҳақида маълум қилади. Самолётдан трап олингач, йўловчиларни унга ҳар қандай чиқариш ва товарларни ортиш чегара назорати бўлинмаси, АХТХ ва божхона органининг рухсатисиз қатъиян ман этилади.


92. Чегара наряди чегара назоратидан ўтган барча шахслар ҳаво кемаси бортида эканлигига ишонч ҳосил қилгач Бошқариш хизмати диспетчерига двигателларни ишга тушириш ва самолётнинг учишига рухсат беради.

Чегара наряди самолётни унинг аэропорт ҳудудидан учиб кетгунига қадар кузатиб туради.


93. Қўшма наряд авиация хавфсизлигини текшириш, чегара назорати ва божхона расмийлаштируви тугагандан сўнг йўловчилар ўтиш йўналиши бўйича заллар ва биноларни бегона шахслар, буюмлар ва предметлар бор-йўқлигини аниқлаш учун кўздан кечиради.



4-§. Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ўтиш


94. Ҳаво кемаси қўнишидан бир соат аввал чегара назорати бўлинмаси раҳбари аэропорт диспетчеридан трансфер йўловчилар сонини аниқлайди ва давлат назорати органлари ўртасида ҳамкорликни ташкил қилади.

Ҳаво кемаси келиб қўнгач трансфер йўловчилар, одатда, авиация хавфсизлиги текширувидан ўтгандан сўнг ТТХ агентлиги ҳамроҳлигида трансфер залга ўтади.


95. Ўзбекистон Республикасининг халқаро ҳаво қатновлари учун очиқ аэропортларида (аэродромларида) техник қўнишларни амалга оширадиган ҳаво кемалари, уларнинг экипаж аъзолари ва йўловчилари ушбу ҳаво кемалари аэропортда (аэродромда) бўлган вақт давомида чегара ва божхона назоратидан ўтказилади.


96. Ўзбекистон Республикаси аэропортларида (аэродромларида) қисқа (3 соатгача) техник қўнишлар билан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит парвозларни амалга оширадиган ҳаво кемалари, уларнинг экипаж аъзолари ва йўловчилари, одатда, чегара ва божхона назоратидан ўтказилмайди. Чегара назорати бўлинмалари бундай ҳаво кемалари ва уларнинг йўловчилари аэропортда (аэродромда) бўлган вақт давомида уларни кузатиб туради.


97. Ҳаво кемаси бир самолётдан иккинчисига ўтиладиган, мажбуран қўниш амалга оширилган аэропортларда (аэродромларда) учиб кетиш учун узоқ вақт ушланиб қолган ҳолларда (3 соатдан ортиқ) транзит йўловчилар чегара назорати бўлинмаси раҳбарининг рухсати билан қўл юклари чегара ҳамда божхона назоратидан ўтказилгандан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг ҳудудий бўлинмалари билан келишилган ҳолда аэропорт меҳмонхонасига ёки бошқа меҳмонхоналарга жойлаштирилиши мумкин. Бунда, бундай йўловчилар багажи, одатда, ҳаво кемасида қолади. Йўловчилар меҳмонхонага ва қайтариб аэропортга аэропорт маъмурияти томонидан чегара назорати бўлинмаси билан келишилган ҳолда олиб борилади. Ушбу йўловчилар ҳаво кемасига чиқарилишдан аввал соддалаштирилган чегара ва божхона назоратидан (визуал текширув) ўтказилади.


98. Қўшма наряд аэропортнинг йўловчилар ўтиш йўналиши бўйича заллари ва биноларини бегона шахслар, буюмлар ва предметлар бор-йўқлигини аниқлаш учун кўздан кечиради.


99. Транзит йўловчилар парвозни давом эттиришдан бош тортганда, ушбу тоифадаги шахслар Ўзбекистон Республикасига кириш учун назарда тутилган тартиб-таомиллардан белгиланган тартибда ўтказилади.


100. Ўзбекистон Республикасига кириш учун назорат тартиб-таомилларидан ўтган трансфер йўловчилар парвозни давом эттирмоқчи бўлса, Ўзбекистон Республикасидан чиқиш учун назарда тутилган тартиб-таомиллардан белгиланган тартибда ўтказилади.



6-БОБ. ДАРЁ ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДА

НАЗОРАТ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАРИНИ

АМАЛГА ОШИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Умумий қоидалар


101. Ўзбекистон Республикаси бандаргоҳларига чет элдан келган ёки ушбу бандаргоҳлардан чет элга кетадиган кемалар ва сузадиган воситалар назорат тартиб-таомилларидан ўтказилади.

Ўзбекистон Республикасининг чет эл бандаргоҳларига кирмасдан сузадиган кемаларини кўрикдан ўтказиш тўғрисидаги қарор улар ўтказиш пунктига келгандан сўнг чегара назорати бўлинмаси ва божхона органи раҳбари томонидан қабул қилинади.

Экипаж аъзолари кема бортида, йўловчилар эса, одатда, бандаргоҳнинг махсус ажратилган биносида чегара ва божхона назоратидан ўтказилади ҳамда расмийлаштирилади.


102. Чет элга кетадиган кема ва сузадиган воситани чегара ва божхона назоратидан ўтказишдан аввал улардан бегона шахслар тушириб юборилиши, экипаж аъзолари эса кема бортида қолишлари лозим.

Кўрикдан ўтказишни бошлашдан аввал қўшма наряд кема капитанидан ёпиқ иншоотларда заҳарли моддалар бор ёки йўқлигини сўраб аниқлаб олади. Кўрикдан ўтказиладиган барча иншоотларга кўздан кечириш гуруҳига ҳамроҳлик қиладиган кема экипажи аъзолари биринчи бўлиб кириши ва улардан охирги бўлиб чиқиши керак.


103. Чет элга сузадиган кемаларда ташиладиган лихтерлар, вагонлар, автотранспорт воситалари, контейнерлар ва товарлар кемага, сузадиган воситага юклашдан олдин ёки туширилгандан сўнг кўрикдан ўтказилади.


104. Чегара назорати бўлинмаси чет элга сузадиган кемалар турадиган жойдаги ўтказиш пунктидаги режимни, шунингдек, уларда вахта хизмати олиб борилишини назорат қилади.

Қўшма наряд аъзолари кўрикдан ўтказиш ишларини ниҳоясига етказгач, чегара ва божхона наряди бошлиғининг рухсати билан кемани тарк этиши мумкин.


106. Кемалар капитанлари чегара ва божхона назорати бўлинмаларини бандаргоҳ маъмурияти орқали кеманинг чет элга чиқишга тайёр эканлиги ҳақида хабардор қилади.


107. Кема ўтказиш пункти причалидан чегара назорати бўлинмаси раҳбарининг рухсати билан жўнайди.



2-§. Ўзбекистон Республикасига кириш


108. Давлат назоратининг навбатчи органлари чет элга сузадиган кеманинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига келиши ҳақидаги ахборотни бандаргоҳ дарё флотининг диспетчер хизматидан кунлик буюртманома бўйича олади.

Дарё кемаси келишидан 30 дақиқа олдин қўшма наряд причалга бориб, уни ва туташ ҳудудларни кўздан кечиради, бегона шахсларни чиқариб юборади ва келган кемани кузатишни ташкил қилади.


109. Қўшма наряд кема бортига кўтарилади.

Чегара наряди кема экипажи аъзолари ва йўловчиларининг сонини аниқлайди, кема дафтарида кема экипаж томонидан кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзувни текширади, кема капитанидан унда Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлари бўлмаган ва кема экипажи аъзолари рўйхатига киритилмаган шахслар, шунингдек, ёпиқ иншоотларда заҳарли моддалар бор ёки йўқлигини сўраб аниқлайди, сўнгра кема жамоаси ва экипаж аъзоларининг ҳужжатларини текширади.


110. Қўшма наряд кема жамоаси аъзолари иштирокида кеманинг тумшуқ ва қуйруқ қисми, шкипер устки қавати, товарларни кўрикдан ўтказади.

Кўрикдан ўтказиладиган барча иншоотларга кўрикдан ўтказиш гуруҳига ҳамроҳлик қиладиган кема экипажи аъзолари биринчи бўлиб кириши ва улардан охирги бўлиб чиқиши керак.


111. Кема умумий кўрикдан ўтказилгандан сўнг, божхона органи рухсати билан лихтерлар, вагонлар, автотранспорт воситалари, контейнерлар, катта ҳажмли ва бошқа товарларни туширишга рухсат этилади.


112. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига баржалар билан келган ва чет элга тез кетадиган теплоходлар кўрикдан ўтказилмайди. Теплоходлар причалда туриш вақтида кузатувда бўлади.



3-§. Ўзбекистон Республикасидан чиқиш


113. Давлат назорати органлари кеманинг чет элга кетиш вақти тўғрисидаги ахборотни дарё флоти бўйича навбатчи диспетчердан қўшма наряд тўпланишидан 30 дақиқа аввал олади.


114. Қўшма наряд кема турадиган жойга келиб причал ва унга туташ жойларни кўздан кечиради, барча бегона шахсларни чиқариб юборади ва кема ҳамда атроф кузатилишини ташкил қилади.


115. Чегара наряди кема экипажи аъзолари ва йўловчиларининг сонини аниқлайди, кема дафтарида кема экипаж томонидан кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги ёзувни текширади, кема капитанидан унда Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берадиган ҳужжатлари бўлмаган ва кема экипажи аъзолари рўйхатига киритилмаган шахслар, шунингдек, ёпиқ иншоотларда заҳарли моддалар бор ёки йўқлигини сўраб аниқлайди, сўнгра кема жамоаси ва экипаж аъзоларининг ҳужжатларини текширади.


116. Қўшма наряд кема жамоаси аъзолари иштирокида кеманинг тумшуқ ва қуйруқ қисми, шкипер устки қавати, товарларни кўрикдан ўтказади.

Кўрикдан ўтказиладиган барча иншоотларга кўрикдан ўтказиш гуруҳига ҳамроҳлик қиладиган кема экипажи аъзолари биринчи бўлиб кириши ва улардан охирги бўлиб чиқиши керак.


117. Кемадаги катта ҳажмли товарларни кўрикдан ўтказиш имконияти бўлмаганда, улар кемага юкланаётганда бунинг учун махсус тайинланган божхона ходимлари томонидан божхона назоратидан ўтказилади.


118. Кема умумий кўрикдан ўтказилгандан сўнг, божхона органи рухсати билан лихтерлар, вагонлар, автотранспорт воситалари, контейнерлар, катта ҳажмли ва бошқа товарлар ортишга рухсат этилади.


119. Кемани кўрикдан ўтказиш ва қўшма наряд ишлари ниҳоясига етказилгач, чегара наряди бошлиғи кеманинг чет элга жўнаб кетишига рухсат беради.


120. Чегара наряди кеманинг қирғоқдан чиқиб, причалдан камида 100 метр масофагача узоқлашишини кузатиб туради.



7-БОБ. ЎТКАЗИШ ПУНКТЛАРИДА ДАВЛАТ

НАЗОРАТИ ОРГАНЛАРИНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


1-§. Чегара назорати


121. Чегара назорати бўлинмаси ўтказиш пунктида тезкор хизмат фаолиятини амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Давлат чегарасидан ўтаётган шахсларнинг улар шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини текшириш, уларга тегишли белгилар қўйиш ва зарур бўлганда, ушбу ҳужжатларни вақтинча олиб қўйиш, тегишли ҳужжатлари бўлмаган шахсларни улар Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни расмийлаштирмагунича ёки Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг чет элда бўлган даврда ҳужжатлари йўқотган ҳолатлари ва уларнинг шахси аниқлангунига қадар Давлат чегарасидан ўтказмаслик;

зиммасига юкланган вазифаларни бажариш мақсадида саволлар бериш, Давлат чегарасини бузиш тўғрисидаги ишлар юзасидан терговга қадар текширув ўтказиш - Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодексига мувофиқ ушлаб туриш, кўрикдан ўтказиш (кўздан кечириш) ва бошқа шошилинч процессуал ҳаракатларни амалга ошириш;

Давлат чегараси, ўтказиш пунктларидаги режим ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган шахсларни далолатномалар тузиш учун уч соатгача, зарур бўлганда шахсини аниқлаш ва ҳуқуқбузарлик ҳолатларини аниқлаш учун ушланган пайтдан бошлаб 24 соат ичида прокуратура органларини хабардор қилган ҳолда уч кунгача ёки ҳуқуқбузарнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаса, прокурорнинг санкцияси билан ўн кунгача маъмурий тартибда ушлаб туриш;

чет эл фуқароси ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан уларни прокурорнинг санкцияси билан чегарадош давлат чегара ҳокимиятига топшириш ёки республика ташқарисига чиқариб юбориш тўғрисида қарор белгиланган тартибда қабул қилинмаса, ушбу шахсларни топшириш ёхуд чиқариб юбориш учун зарур вақтга ушлаб туриш;

Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, Давлат чегараси режими, чегара режими, бўлиш режими ёки ўтказиш пунктларидаги режимни бузиш ҳолатларини, шунингдек, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлардаги хатоликларни аниқлаш учун ушбу шахсларни ўтказиш пунктига таклиф қилиш;

божхона органлари бўлмаган ўтказиш пунктларида Давлат чегарасидан ўтаётган шахслар олиб ўтадиган босма нашр асарлари, клишелар, қўлёзмалар, ҳужжатлар, видео ва аудиоёзувли материаллар, фото-киноматериаллар, электрон ахборот манбалари, бошқа босма ва тасвирий маҳсулотларни текшириш, зарур ҳолларда эса юқорида қайд этилган материалларни текшириш учун ушлаб туриш ҳамда улардан Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш мумкин бўлмаганларини белгиланган тартибда олиб қўйиш;

Давлат чегарасидан ўтаётган транспорт воситаларида чегара назоратидан яширинган шахслар борлиги юзасидан асосли гумон мавжуд бўлганда ёки бу тўғрисида божхона органи чегара назорати бўлинмасига хабар берганда, ушбу транспорт воситаларини божхона органлари билан биргаликда текшириш, транспорт воситаларини чегара нарядлари томонидан кузатиб бориш, зарур ҳолларда, чегара назоратига оид ҳуқуқбузарликлар юзасидан асосли гумон мавжуд бўлганда божхона органлари орқали транспорт ташкилотлари мансабдор шахслари ва (ёки) ҳайдовчидан божхона кўригини амалга ошириш учун пломбаланган вагонлар, автотранспорт воситалари, контейнерлар, трюмлар ва транспорт воситаларининг бошқа жойларини очишни талаб қилиш;

ўтказиш пунктларида чегара ва божхона назоратини амалга ошириш учун бинолар ва бошқа жойларни божхона органи билан келишилган ҳолда белгилаш, шунингдек, бу жойлардан бегона шахслар фойдаланиши ва Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтишининг олдини олиш мақсадида уларда қўшимча режим қоидаларини ўрнатиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда қурол-яроғ, жанговар техника, махсус техника воситалари, хизмат итлари ва жисмоний таъсир кўрсатиш чораларини қўллаш;

манфаатдор корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар билан биргаликда чет элга кетаётган транспорт воситаларининг ўтказиш пунктларида тўхташ жойлари ва вақтини аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси ички сувларида сузиш ва бўлишда, шунингдек, республика бандаргоҳларида туришда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйган хорижий ноҳарбий кемалар экипаж аъзолари ва улардаги бошқа шахсларнинг қирғоққа тушиши ва бўлишини ман этиш;

дарё кемаларидан жиноят содир этган ва қонунчиликка биноан жиноий жавобгарликка тортиладиган шахсларни, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, тушириб қолдириш ва ушлаб туриш, дастлабки тергов органларига топшириш;

чегарадош мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг чегара назорати бўлинмалари билан белгиланган тартибда алоқа ўрнатиш ва ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш.

Чегара назорати бўлинмаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


122. Чегара назорати бўлинмаси ўтказиш пунктида хизмат фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига жанговар гуруҳлар ва жангариларнинг қуролли ҳужумини қайтариш, ўтказиш пунктларида қуролли ва бошқа фитналарнинг олдини олиш, қайд этилган жиноий тажовузлардан аҳолини, давлат ва фуқароларнинг шахсий мулкини ҳимоя қилиш;

ўтказиш пунктида тартибсизликлар юзага келишининг олдини олиш ва ўтказиш пунктида фаолият олиб бораётган давлат назорат органлари ходимлари хавфсизлигини таъминлаш ҳамда шу каби ҳолатларни баратараф этишга қаратилган дастлабки чораларни кўриш;

тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатлар мавжуд бўлганда шахслар, транспорт воситалари ва товарларни ўтказиш;

ўтказиш пунктларида шахслар ва транспорт воситаларининг Давлат чегарасини ноқонуний усуллар билан кесиб ўтишининг олдини олиш ва йўл қўймаслик;

Давлат чегарасини, ўтказиш пунктларидаги режим ва Ўзбекистон Республикасида бўлиш қоидаларини бузган шахсларни аниқлаш ва ушлаб туриш;

божхона органлари билан биргаликда Давлат чегараси орқали контрабанда предметлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ёки ундан олиб чиқиш тақиқланган предметлар олиб ўтилишининг олдини олиш;

мустақил ёки аэропортлар (аэродромлар), темир йўл станциялари, дарё бандаргоҳлари маъмуриятлари билан биргаликда ўтказиш пунктларида белгиланган режимга риоя этилишини назорат қилиш;

қонунчиликка биноан Ўзбекистон Республикасига кириш ёки ундан чиқиш ҳуқуқлари чекланган шахсларни назорат қилиш;

ўтказиш пунктларида махсус ваколатли давлат органларига табиий муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилиш борасида кўмаклашиш.

Чегара назорати бўлинмалари қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам амалга оширади.



2-§. Божхона назорати


123. Божхона органи ўз ваколати доирасида ўтказиш пунктида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юридик ва жисмоний шахслардан товарлар ва транспорт воситаларини, шунингдек, зарур ҳужжатларни божхона кўздан кечируви ва (ёки) божхона кўригидан ўтказиш учун тақдим этишини талаб қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш;

шахслар, товарлар ва транспорт воситалари устидан божхона назоратини амалга ошириш учун маълумотлар ва ҳужжатларни текшириш, оғзаки сўров ўтказиш, ахборот олиш, божхона кўздан кечируви, божхона кўриги ва шахсий кўрикни ўтказиш, шунингдек, бинолар, ҳудудлар ва транспорт воситаларини кўздан кечириш;

валюта назоратини амалга ошириш;

божхона назорати учун товарлар ва бошқа предметлардан намуна ҳамда нусхалар олиш;

божхона назоратидан ўтказиладиган товарлар турадиган ҳудудлар ва иншоотлардан белгиланган тартибда фойдаланиш;

божхона қонунчилиги бузилишлари ҳақидаги материалларни белгиланган тартибда кўриб чиқиш, жисмоний ва юридик шахсларни қонун ҳужжатларига биноан жавобгарликка тортиш;

божхонага оид ҳуқуқбузарликларнинг бевосита предмети бўлган товарлар ва бошқа қимматликларни ушлаб туриш ҳамда олиб қўйиш;

терговга қадар текширув, суриштирув олиб бориш ва тезкор-қидирув фаолиятини амалга ошириш;

божхона назоратини амалга ошириш ва ҳуқуқбузарликларни аниқлашда техник ва махсус воситаларни, хизмат итларини, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ва ҳолатларда ўқотар қурол, жисмоний таъсир чораларини қўллаш.

Божхона органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


124. Божхона органи ўтказиш пунктида фаолият юритишда қуйидагиларга мажбур:

ягона давлат божхона сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

божхона қонун ҳужжатларига риоя этилишини назорат қилиш;

давлат хавфсизлиги, жамоат тартиби, фуқаролар ҳаёти ва саломатлигини ҳимоя қилиш, атроф муҳитни муҳофаза қилиш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиш;

юридик ва жисмоний шахсларни товарлар ҳамда транспорт воситалари ўтказиш ҳамда божхона чегарасини кесиб ўтишда ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўғрисида ўз вақтида хабардор қилиш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият турлари билан шуғулланиш ҳуқуқи учун махсус рухсатномалар (лицензиялар) бериш.

Божхона органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам амалга оширади.



3-§. Санитария-карантин назорати


125. Санитария-карантин бўлинмаси ўтказиш пунктида фаолият юритишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

эпимедемияга қарши комплекс тадбирлар, шахсларни тиббий-санитария кўригидан ўтказиш, эпидемик кўрсатмалар асосида транспорт воситалари ва товарларни текшириш;

транспорт воситасида ўта хавфли ва халқаро хавф туғдирадиган бошқа юқумли касалликлари бор деб гумон қилинган шахсларни аниқлаш, клиник ва бактериологик ташхис қўйилгунига қадар эпидемияга қарши бирламчи тадбирлар ташкил этиш;

Давлат чегарасини кесиб ўтадиган ҳар қандай транспорт воситаси ҳайдовчиси ва унинг йўловчиларида эпидемиологик хавф даражасини баҳолаш;

ҳаво кемалари командирлари, поездлар бригадирлари, дарё кемалари капитанлари, автотранспорт воситалари эгаларидан (ҳайдовчиларидан) йўловчилар орасида юқумли касалликлар ва кемирувчилар ўлат касаллиги бор деб гумон қилинган беморлар аниқланганлиги тўғрисида бандаргоҳлар, аэропортлар, темир йўл станцияларининг юқори маъмуриятларига зудлик билан хабар беришни талаб қилиш;

юқумли касалликларга гумон қилинганда транспорт воситалари ва ўтказиш пунктлари иншоотларида юқумли, паразитар касалликлар, Санитария-эпидемиология хизматининг ҳудудий бўлинмаларининг эпидемияга қарши режалари ва клиник белгилари бор беморлар аниқланганда тезкор режага мувофиқ эпидемияга қарши чора-тадбирларни белгилаш;

давлат назорати бошқа органлари ходимларидан турли назорат босқичларида аниқланган юқумли касалликлар аломатлари бор беморлар тўғрисида зудлик билан хабар беришни талаб қилиш;

аҳолининг санитария-эпидемиология осойишталиги соҳасида касалликлар кириб келиши ва фавқулодда вазиятлар пайдо бўлишининг реал хавфи мавжуд бўлганда етиб келган ҳар қандай транспорт воситаси, товарлар ва юклар, шунингдек, халқаро рейс билан келган ҳар қандай шахсни санитария (тиббий) назоратидан ўтказиш;

транспорт воситалари:

а) ўтказиш пункти маъмурияти, дарё кемалари капитанлари, ҳаво кемалари командирлари, поездлар бригадирлари, автотранспорт воситалари эгаларидан (ҳайдовчиларидан) юқумли касалликлар (безгак (тана ҳарорати 38°С ва ундан юқори), ич кетиш, қайт қилиш, тошма, лимфа тугунлари катталашиши, сариқ касаллиги, қон қуйилиши ва қон кетиши) аломатлари бўлган беморлар борлиги тўғрисида ахборот тушганда назоратдан ўтказилади. Ушбу ахборот дарё кемалари капитанлари ва ҳаво кемалари командирлари томонидан ўтказиш пунктига келишдан 30 дақиқа олдин, поездлар бригадирлари автотранспорт воситалари эгалари (ҳайдовчилари) томонидан ўтказиш пунктига келганда алоқа воситалари ёрдамида берилади;

б) ўтказиш пунктидаги давлат назорати органлари ходимларидан транспорт воситаларида юқумли касаллик аломатлари бўлган беморлар борлиги тўғрисида ахборот тушганда назоратдан ўтказилади;

юқумли касаллиги бор деб гумон қилинган шахсларга нисбатан тиббий-санитария тадбирларини (зарарланган ҳудудларга бориш тарихини, тиббий кўрикдан ва ҳар қандай лаборатория таҳлилларидан ўтганликни тасдиқловчи ҳужжатларни ўрганиш) ўтказиш;

тиббий текширувни ўтказишни талаб қилиш;

эмлаш ёки бошқа профилактика чоралари ўтказилганини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш, зарур бўлганда уларнинг ўтказилишини талаб қилиш;

зарарланган деб гумон қилинаётган шахсларга нисбатан карантин эълон қилиш, уларни тиббий кузатув хонасига жойлаштириш ёки бошқа тиббий санитария чораларини кўриш;

зарарланган шахсларни ажратиб қўйиш чораларини кўриш, зарур бўлганда даволаш;

зарарланган деб гумон қилинган ёки зарарланган шахсларнинг бошқа шахслар билан алоқаларини кузатиш чораларини кўриш;

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига зарарланган деб гумон қилинган ёки зарарланган шахсларнинг киришини рад этиш чораларини кўриш;

зарарланмаган шахсларнинг зарарланган ҳудудларга киришини ман этиш, зарарланган ҳудудлардаги шахсларга нисбатан чиқишда скрининг ўтказиш ва (ёки) уларга нисбатан чекловлар белгилаш;

юқумли касалликлар қўзғатувчилар билан зарарланган деб гумон қилинган багаж, контейнер, идишлар, товарлар ва почтада қуйидаги тиббий-санитария чораларини ўтказиш:

а) божхона декларацияси ва йўналиш варақасини текшириш, назорат ўрнатиш чораларини кўриш;

б) кетишда ёки транзитда контаминация ёки инфекция манбаларини истисно қиладиган тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш;

в) багаж, юклар, контейнерлар, ташиш воситалари, товарлар, почта жўнатмалари, инсон жасади ва унинг қолдиқларига инфекция ва контаминация манбаини, шу жумладан, ташувчилар ва резервуарларни йўқ қилиш учун ишлов бериш чораларини кўриш;

инсон жасади ва унинг қолдиқларига хавфсиз ишлов бериш ва транспортировка қилишни таъминлаш учун аниқ тиббий-санитария чораларини кўриш;

изоляцияни таъминлаш ва карантин жорий қилиш чораларини кўриш;

назорат шароитида зарарланган ёки зарарланганликда гумон қилинган багаж, товарлар, контейнерлар, ташиш воситалари, почта жўнатмаларини, агар уларга мавжуд ишлов бериш турлари ва жараёнлари муваффақиятсиз бўлса ва уларни Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ҳамда олиб чиқиш рад этилганда, белгиланган тартибда олиб қўйиш ва йўқ қилиш;

чегара назорати ёки божхона органи бўлинмаларига шахсларни киришини, транспорт воситалари, шунингдек, багаж, товар ва почта жўнатмаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кирилишини рад этиш тўғрисида мурожаат қилиш;

келган транспорт воситасида бемор борлиги аниқланганда (дастлабки маълумотларсиз) бу ҳақида ахборот йўқлиги тўғрисидаги сабабларни аниқлаш;

Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг кўрсатмасига биноан эпидемиологик вазиятни аниқлаш мақсадида транспорт воситаларини саралаб, тиббий назоратдан ўтказиш.

Санитария-карантин бўлинмаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

Транспорт воситаларида эпидемияга қарши тадбирлар ўтказилишидан бош тортилганда, ундаги шахслар келган пунктда эркин муомала қилиш ҳуқуқидан маҳрум этилади, аммо ундан тушмасдан, йўловчиларни олмасдан, юкларни туширмасдан ва ортмасдан зудлик билан жўнаб кетишига рухсат этилади. Бундай транспорт воситаси бортига ёқилғи, сув ва озиқ-овқат олишга рухсат этилади.

Товарлар фақат ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлар рўйхатга олинган жойлардан келган бўлса ёки Ўзбекистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бу юклар қайд этилган инфекциялар қўзғатувчилари билан зарарлангани ва улар тарқалиши мумкинлиги ҳақида ахборотга эга бўлса, улар назоратидан ўтказилиши мумкин.

126. Санитария-карантин бўлинмаси ўтказиш пунктида хизмат фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тасдиқланган махсус дастурига мувофиқ йилига камида бир марта ўта хавфли инфекциялар профилактикаси бўйича тайёргарликдан ўтиш ҳамда Санитария-эпидемиология хизмати ва туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари ходимлари билан биргаликда касалликлар белгилари бор беморларни аниқлаш ва эпидемияга қарши бирламчи тадбирларни ўтказиш бўйича транспорт воситалари экипажлари, чегара ва божхона назорати ходимларини тайёрлаш;

карантин ёки ўта хавфли инфекция ёхуд кемирувчилар ўлат касаллиги бор деб гумон қилинган беморлар тўғрисида ахборот олинганда зарур чораларни амалга ошириш (беморни ажратиб қўйиш ва бу ҳақидаги ахборотни Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган хабардор қилиш схемаси бўйича етказиш, эпидемиология ўчоғини бартараф этишга доир тезкор тадбирлар режасини амалга жорий этиш, бирламчи дезинфекция, дератизация ва дезинсекция тадбирларини ташкил этиш);

транспорт воситаларида ёки хонада ўта хавфли ва бошқа юқумли касалликлар бор деб гумон қилинган беморлар аниқланганда, фуқаролар ҳуқуқларини камситмаган ҳолда зудлик билан эпидемияга қарши зарур тадбирларни ўтказиш;

тиббий-санитария тадбирларини ўтказиш сабаблари ва усуллари, шунингдек, транспорт воситалари, багажлар, контейнерлар, шу жумладан, лихтерларда амалга оширилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотномаларни бериш;

йўловчилар (экипаж аъзолари) талабига мувофиқ уларга ва уларнинг багажига нисбатан Давлат чегарасини кесиб ўтишда амалга оширилган чора-тадбирлар тўғрисида маълумотнома бериш;

йўловчилар ва экипаж аъзоларини вақтинча ажратиб қўйишни таъминлаш;

беморлар (шифохонага ётқизилгунича), у билан мулоқотда бўлган, шунингдек, вақтинчалик изоляторда бўлган шахсларни чегара ва божхона назоратидан ўтказишда эпидемияга қарши режимни таъминлаш;

санитария-карантин бўлинмаси ходимларининг раҳбарлигида транспорт воситаси, юк, беморнинг шахсий буюмларини, шунингдек, изолятор иншоотларини жорий дезинфекция, дезинсекция ва дератизациядан ўтказиш.



4-§. Фитосанитария назорати


127. Фитосанитария назорати органи ўтказиш пунктида фаолият юритишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Давлат чегарасини кесиб ўтаётган жисмоний ва юридик шахслардан фитосанитария талаблари ва республика ҳудудига ўсимликлар карантини объектлари кириб келиши ва тарқалишидан ҳимоя қилиш тадбирларини амалга оширишни талаб қилиш;

карантин остидаги маҳсулотни халқаро ташишда амалдаги қонун ҳужжатлари талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

карантин остидаги маҳсулотлар намуналарини текширувдан ва кейинчалик лаборатория экспертизасидан ўтказиш учун танлаб олиш;

республикага хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган карантин остидаги маҳсулот, шунингдек, транспорт воситаларини зарарсизлантиришни назорат қилиш;

ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда, ўсимликлар карантини қоидаларига кўра карантин чекловларини ўрнатиш;

ўсимликлар карантини объектлари аниқланганда карантин остидаги маҳсулотни ушлаб туриш, олиб қўйиш, зарур бўлганда, қайтариб юбориш;

Ўзбекистон Республикасининг ўсимликлар карантини соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган юклар, транспорт воситаларини Давлат чегарасидан ўтказишни рад этиш.

Фитосанитария назорати органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


128. Фитосанитария назорати органи ўтказиш пунктида хизмат фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудини хорижий давлатлардан ўсимликлар карантини объектлари кириб келишидан ҳимоя қилиш;

фитосанитария назоратидан ўтказилиши шарт бўлган барча импорт ёки транзит қилинаётган карантин остидаги маҳсулотларнинг назоратини амалга ошириш;

импорт ва транзит юкларда ўсимликлар карантини объектлари ва ўта хавфли зараркунандалар, ўсимликлар касалликлари ҳамда ёввойи ўтларни ўз вақтида аниқлаш, уларнинг бартараф этилишини ташкил этиш;

ўсимликлар карантини бўйича барча тадбирларнинг ўтказилишини, зарур ишларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини, карантин остидаги маҳсулотни ташишда ўсимликлар карантини бўйича белгиланган қоидаларга риоя этилиши ва тадбирлар ўтказилишини назорат қилиш;

тегишли органлар ва ташкилотларга чегарабўйи ҳудудлар, чегарадош мамлакатларда юзага келган карантин вазияти тўғрисида хабар бериш, тегишли карантин тадбирларини амалга ошириш ва зарур тавсиялар бериш;

Давлат чегарасидан ўтадиган карантин остидаги маҳсулотнинг фитосанитария назоратидан ўтказилишини таъминлаш ва уларга илова қилинган карантин ҳужжатларини расмийлаштириш.

Фитосанитария назорати органи қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам амалга оширади.



5-§. Ветеринария назорати


129. Давлат чегарасидан ўтказиладиган ва давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарлар давлат ветеринария назоратидан ўтказилиши шарт.

Эпизоотик жиҳатдан осойишта бўлган бошқа давлатлардан давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ҳамда нормаларига риоя этилган ҳолда Ўзбекистон Республикасига олиб кириш ва Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқишга, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит ташишга рухсат этилади.

Давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарлар давлат ветеринария хизмати томонидан назоратдан ўтказилади.


130. Давлат ветеринария хизмати ўтказиш пунктида фаолият юритишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ўз ваколатига кирадиган масалаларни ҳал этиш учун зарур ахборотни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

Давлат чегарасини кесиб ўтадиган жисмоний ва юридик шахслардан ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бажаришни талаб қилиш;

одамлар ва ҳайвонлар ҳаёти ҳамда саломатлигини, шунингдек, "Ветеринария тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида белгиланган давлат ветеринария назорати объектларини ҳимоя қилиш мақсадида ҳайвонлар ҳамда улардан олинадиган маҳсулотлар, ҳайвонлар касалликларининг ташувчилари бўлиши мумкин бўлган предметлар ва товарларни халқаро ташишда амалдаги қонунчилик талаблари сўзсиз бажарилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикасининг ветеринария тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мос келмайдиган юклар, транспорт воситаларини Давлат чегарасидан ўтказишни рад этиш.

Давлат ветеринария хизмати ходими қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


131. Давлат ветеринария хизмати назорати пункти ўтказиш пунктида хизмат фаолиятини амалга оширишда қуйидагиларга мажбур:

Давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган ҳайвонларда ёки улар орасида юқумли касалликлар аниқланганда ёки гумон қилинганда касалликлар тарқалишининг олдини олиш бўйича зарур чоралар кўриш;

ветеринария препаратлари ва дезинфекция воситалари, ускуналари ва предметларининг, шунингдек, бошқа моддий-техник ресурсларнинг зарур захирасини белгиланган тартибда ташкил қилиш;

ўтказиш пунктлари орқали олиб ўтиладиган ва давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларнинг ветеринария кузатув ҳужжатларини расмийлаштириш;

ҳайвонлардан олинган маҳсулотлар ва хом ашёни, ветеринария дори воситалари, микроорганизмлар штамплари, озуқа ва озуқа қўшимчалари, ветеринария техника воситалари ва давлат ветеринария хизмати назоратидаги бошқа товарларни мулкчилик шаклларидан қатъий назар чегара пунктлари орқали импорт, транзит ташишда транспорт воситаларига ишлов берилишини таъминлаш.

Давлат ветеринария хизмати ходими қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа мажбуриятларни ҳам амалга оширади.



8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


132. Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали олиб ўтилаётган ва ўтказиш пунктида санитария-карантин, фитосанитария, ветеринария назорати органлари назоратига тушадиган товарларни божхона назоратидан ўтказиш жараёнида божхона органлари ушбу давлат органларининг ҳаракатларини мувофиқлаштиради.

Ўтказиш пунктида тирбандликлар келиб чиқишини олдини олиш мақсадида, шахслар ва йўловчиларга божхона қонун ҳужжатлари талаблари бўйича тушунтиришлар бериш ва уларни тегишли йўлакларга йўналтириш учун божхона органи ўтказиш пунктининг кириш ва чиқиш жойларида ҳам хизмат олиб бориши мумкин.

Ўтказиш пунктида хизмат олиб бораётган божхона органи, ушбу божхона органи бўйсунадиган ҳудудий божхона бошқармаси ва Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси марказий аппарати ходимлари хизмат гувоҳномасини кўрсатган ҳолда ўтказиш пункти ҳудудига тўсиқсиз киради ва бўлади.

Давлат назорати органлари ва бошқа ташкилотлар автомобиль йўлларида (пиёдалар) жойлашган ўтказиш пунктларида фаолият олиб бориши учун бино ва иншоотлардан фойдаланиши, шунингдек, тижорий хизматларни ташкил этиш масаласи қонунчиликда белгиланган тартибда, божхона органи раҳбарининг рухсати асосида амалга оширилади.


133. Маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва олиб кирилишини тартибга солиш ва назорат қилиш бўйича тезкор ҳал этишни талаб этадиган масалалар юзасидан божхона органи томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг ваколатли ходимлари жалб қилинади.


134. Фитосанитария ва ветеринария назорати органлари Давлат чегарасини автойўл, темир йўл, ҳаво ва дарё ўтказиш пунктлари орқали пиёда кесиб ўтаётган шахсларнинг қўл юки ва багажини божхона органлари билан биргаликда тегишли назорат техник воситаларини қўллаган ҳолда назорат тартиб-таомилларидан ўтказишга ҳақли.


135. Агар фитосанитария ва (ёки) ветеринария назорати объектлари ҳисобланган ёки ташувчи транспорт воситалари ва товарларни кўрикдан ўтказиш зарур бўлганда, фитосанитария ва (ёки) ветеринария назорати ходими ҳар бир текширув жараёнида иштирок этади.


136. Ўтказиш пунктида фитосанитария ва ветеринария органлари ходимларида шахслар ва йўловчилар қўл юки ҳамда багажида назорат остидаги товарлар мавжудлиги тўғрисида асосли шубҳа бўлганда, уларни мустақил равишда назоратдан ўтказиш ҳуқуқига эга.


137. Санитария-карантин, фитосанитария ва ветеринария назорати рахбарлари ва ходимлари:

назорат остидаги товарлар олиб ўтилишида тегишли назорат тартиб-таомилларини амалга оширилиши учун;

божхона постининг иш тартибига амал қилиниши учун шахсий жавобгарликни олади.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўтказиш пунктлари орқали ҳаракатланётган

автотранспорт воситаларининг назорат тартиб-

таомилларидан ўтказилганлигини назорат қилишда

фойдаланиладиган "Ягона қайд варақаси"нинг

НАМУНАВИЙ ШАКЛИ

Автотранспорт воситаси маркаси: _________________


Давлат рақами: _________________

   

1. САНИТАРИЯ-КАРАНТИН НАЗОРАТИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

   

2. ЧЕГАРА НАЗОРАТИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

   

3. БОЖХОНА РАСМИЙЛАШТИРУВИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

   

4. БОЖХОНА КЎЗДАН КЕЧИРУВИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

   

5. ФИТОСАНИТАРИЯ НАЗОРАТИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

   

6. ВЕТЕРИНАРИЯ НАЗОРАТИ


Сана: 20__ йил "___"__________

Назорат бошланган вақт: ___ : ___

Назорат якунланган вақт: ___ : ___

Хизмат белгиси: муҳр, имзо

      

       

Изоҳ. Товарлар ва транспорт воситалари, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, улар фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказилмайди.






Низомга

2-ИЛОВА



Чегара ўтказиш пунктлари орқали

Ўзбекистон Республикасига кириш йўналишида

ҳаракатланётган автотранспорт воситаларининг

назорат тартиб-таомилларидан ўтиши

СХЕМАСИ

Босқичлар

Назорат тури


Амалга ошириладиган тадбирлар номи


Бажариш

муддати

1-босқич

Санитария-карантин назорати


Ҳайдовчини (зарур ҳолларда товар ва транспорт воситасини)* санитария назоратидан ўтказиш.


уч дақиқа







2-босқич

Чегара назорати


1. Ҳайдовчининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлигини текшириш.


2. Ҳайдовчи ва транспорт воситасини чегара назоратидан ўтказиш.


тўрт дақиқа



Божхона назоратига ажратилган вақт доирасида







3-босқич

Божхона назорати


Ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситасини божхона назорати ва расмийлаштирувидан (шу жумладан, назорат техник воситаларини қўллаган ҳолда) ўтказиш.


ўн беш дақиқа







4-босқич

Фитосанитария назорати**


Олиб ўтилаётган товарлар фитосанитария назорати объекти бўлса, ушбу товарни фитосанитария назоратидан ўтказиш.


тўрт дақиқа







5-босқич

Ветеринария назорати**


Олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ушбу товар ветеринария назоратидан ўтказиш.


тўрт дақиқа

         

*) Эпидемик кўрсатмалар асосида транспорт воситалари ва товарлар санитария-кар антин назоратидан ўтказилиши мумкин.

**) Товарлар ва транспорт воситалари, агар мазкур товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, улар фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказилмайди.


Изоҳ: Ўзбекистон Республикасига кириб келаётган юкли автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомилларидан 22 - 30 дақиқада ўтказилади. Шу жумладан, чегара назорати билан боғлиқ тартиб-таомиллар ушбу белгиланган вақт доирасида амалга оширилади.

Агар, товарлар ва транспорт воситалари айрим назорат тартиб-таомилларидан (санитария-карантин, фитосанитария, ветеринария назоратлари) ўтказилмаса, ўтказиш пунктида товарлар ва транспорт воситаларини қолган назорат турларидан ўтказиш вақти тегишли равишда камаяди.






Низомга

3-ИЛОВА



Чегара ўтказиш пунктлари орқали

Ўзбекистон Республикасидан чиқиш йўналишида

ҳаракатланётган юкли автотранспорт воситаларининг

назорат тартиб-таомилларидан ўтиш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Назорат тури


Амалга ошириладиган тадбирлар номи


Бажариш

муддати

1-босқич

Божхона назорати


Ҳайдовчи, товарлар ва автотранспорт воситасини божхона назорати ва расмийлаштирувидан (шу жумладан, назорат техник воситаларини қўллаган ҳолда) ўтказиш.


ўн дақиқа







2-босқич

Фитосанитария назорати*


Олиб ўтилаётган товарлар фитосанитария назорати объекти бўлса, ушбу товарни фитосанитария назоратидан ўтказиш.


уч дақиқа







3-босқич

Ветеринария назорати*


Олиб ўтилаётган товар ветеринария назорати объекти бўлса, ушбу товарни ветеринария назоратидан ўтказиш.


уч дақиқа







4-босқич

Чегара назорати


1. Ҳайдовчининг Давлат чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари мавжудлигини текшириш.


2. Ҳайдовчи ва транспорт воситасини чегара назоратидан ўтказиш.


тўрт дақиқа



Божхона назоратига ажратилган вақт доирасида

       

*) Товарлар ва транспорт воситалари, агар ушбу товарлар ва транспорт воситалари қонун ҳужжатларига мувофиқ фитосанитария ва ветеринария назоратига тегишли бўлмаса, улар фитосанитария ва (ёки) ветеринария назоратидан ўтказилмайди.


Изоҳ: Ўзбекистон Республикасидан чиқиб кетаётган юкли автотранспорт воситалари чегара ўтказиш пунктларида назорат тартиб-таомилларидан 14 - 20 дақиқада ўтказилади. Шу жумладан, чегара назорати билан боғлиқ тартиб-таомиллар ушбу белгиланган вақт доирасида амалга оширилади.

Агар, товарлар ва транспорт воситалари айрим назорат тартиб-таомилларидан (фитосанитария, ветеринария назоратлари) ўтказилмаса, ўтказиш пунктида товарлар ва транспорт воситаларини қолган назорат турларидан ўтказиш вақти тегишли равишда камаяди.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 18 ноябрь






































Время: 0.2252
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск