язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари/ Маҳсулот сифати. Стандартлаштириш. Сертификатлаштириш. Метрология/ Сертификатлаштириш/ Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 06.07.2004 й. 318-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 6 июлдаги

318-сон қарорига

1-ИЛОВА


Маҳсулотларни сертификатлаштириш

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом ишлаб чиқариладиган ва четдан келтириладиган маҳсулотларни сертификатлаштириш (кейинги ўринларда матнда сертификатлаштириш деб аталади) тартибини белгилайди.

Маҳсулотларнинг ҳар бир тури бўйича сертификатлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказиладиган сертификатлаштиришнинг тегишли қоидалари билан белгиланади.

Сертификатлаштириш давомида илгари текширилган хавфсизлик бўйича тавсифга таъсир этмайдиган маҳсулотнинг дизайни ёки ташқи тавсифлари ўзгариши замонавийлаштирилган маҳсулотга қўшимча сертификатлаштириш ўтказилишига олиб келмайди. Маҳсулот хавфсизлиги бўйича мажбурий тавсифлар стандартлаштириш бўйича тегишли норматив ҳужжатларда белгиланади.

Транспорт воситаларини сертификатлаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 апрелдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган Муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентига мувофиқ амалга оширилади.

2. Мазкур Низомнинг амал қилиши мажбурий ва ихтиёрий сертификатлаштиришга татбиқ этилади.

Мажбурий тартибда сертификатлаштириладиган, шунингдек уларнинг мувофиқлиги мувофиқлик декларацияси билан тасдиқланиши мумкин бўлган маҳсулотлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


3. Сертификатлаштиришни амалга ошириш иловага мувофиқ схема бўйича, қоидага кўра, икки босқичда ўтказилади.

Биринчи босқич бир вақтнинг ўзида, заруриятга кўра, ветеринария ва фитосанитария хулосалари тегишли равишда давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида расмийлаштирилган ҳолда "Ўзстандарт" агентлиги томонидан аккредитация қилинган давлат санитария назорати органларида санитария-эпидемиологик хулоса расмийлаштирилишини ўз ичига олади. Бунда тадбиркорлик фаолияти субъекти:

санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш учун ариза билан биргаликда белгиланган тартибда аккредитация қилинган сертификатлаштириш органларига (кейинги ўринларда сертификатлаштириш органлари деб аталади) мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш юзасидан ариза беришга;

зарурат бўлганда тегишли хулосалар олиш учун ветеринария ва фитосанитария назорати органларига мустақил равишда мурожаат қилишга ҳақлидир.

Иккинчи босқич - сертификатлаштириш органлари томонидан мувофиқлик сертификати беришдир.


4. Сертификатлаштириш органлари тадбиркорлик субъектларининг ёзма аризасига мувофиқ давлат санитария назорати органларида, давлат ветеринария назорати ва ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органларида, шунингдек экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат органларида сертификатлаштиришни ўтказиш ва барча зарур хулосаларни олиш юзасидан агентлик хизматлари кўрсатишга ҳақлидир.

Бунда намуналар танлаб олиниши, шунингдек улар тўғри танланганлиги ва улар тегишли давлат органларига тақдим этилиши учун сертификатлаш органлари жавоб берадилар.

Кўрсатиб ўтилган хизматларга ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида декларацияланган тарифлар бўйича амалга оширилади.


5. Маҳсулотнинг (транспорт воситаларидан ташқари) мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати барча зарур ҳужжатлар (синов протоколлари, тадқиқот далолатномалари, санитария-эпидемиология, ветеринария, фитосанитария хулосалари, экологик экспертиза хулосаси) берилган вақтдан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги лозим.


II. САНИТАРИЯ-ЭПИДЕМИОЛОГИК,

ВЕТЕРИНАРИЯ ВА ФИТОСАНИТАРИЯ

ХУЛОСАЛАРИНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ

ВА БЕРИШ ТАРТИБИ

6. Санитария-эпидемиологик, ветеринария, фитосанитария ва экология сертификатлари (хулосалар) сертификатлаштирилаётган маҳсулотларга норматив ҳужжатларда тегишли равишда санитария-эпидемиологик, ветеринария, фитосанитария ёки экологик нормалар ва талаблар мавжуд бўлган тақдирда расмийлаштирилади.

7. Санитария-эпидемиология хулосасини олиш учун ариза берувчи давлат санитария назоратининг ҳудудий органига қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланган шаклдаги ариза билан мурожаат қилади.

Озиқ-овқат ишлаб чиқарувчилар аризага технологик йўриқнома ва рецептура илова қилади.

8. Ўзбекистон Республикаси илгари ишлаб чиқарилмаган ва илк бор олиб келинган озиқ-овқат қўшимчалари, махсус жорий этиладиган биологик актив моддалар ёки озиқ-овқат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш технологияларини қўллаш билан боғлиқ ишлаб чиқаришни ташкил этишда ёхуд маҳсулотларни четдан келтиришда ариза берувчи тегишли рухсатномани олиш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги рухсатномани уч иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда беради. Лаборатория тадқиқотларини ўтказиш харажатларини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган тарифлар бўйича тўлов ундирилади.

9. Тақдим этилган ҳужжатлар ўрганиб чиқилгандан кейин давлат санитария назоратининг ҳудудий органи томонидан белгиланган тартибда жойнинг ўзига бориб лаборатория синовлари ўтказиш ва ишлаб чиқариш объектини сақлаш шарт-шароитларини текшириш учун маҳсулотларнинг намуналари танлаб олинади. Маҳсулотларни гигиеник кўрсаткичларни аниқлаш учун синаш Ўзбекистон Республикаси Миллий аккредитация тизимида аккредитация қилинган давлат санитария назоратининг ҳудудий органлари лабораториялари томонидан амалга оширилади.

10. Агар маҳсулот келиб чиқишига кўра ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсига тегишли бўлган тақдирда, давлат санитария назоратининг ҳудудий органи ариза берувчидан ҳужжатлар олинган санадан кейинги кундан кечикмай ветеринария ёки фитосанитария хулосаси бериш бўйича ваколатли органларга мурожаат қилади.

Ветеринария ёки фитосанитария хулосаси давлат ветеринария назоратининг туман (шаҳар) органлари ёки ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати органлари томонидан берилади.

Давлат ветеринария назорати органи 20 кунгача бўлган муддат билан белгиланган тартибда ажратиб қўйиш-чеклаш тадбирлари (карантин) белгилаши мумкин. Бунда ветеринария хулосаси бериш тартиботи карантин муддати тамом бўлгунга қадар тўхтатиб турилади.

Ветеринария ёки фитосанитария хулосаси тайёрлаш ва бериш муддати уч иш кунидан ошмаслиги керак.

Ветеринария ёки фитосанитария хулосаси берилганлиги учун Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан белгиланадиган ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигида декларацияланган тарифлар бўйича, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан ортиқ бўлмаган суммада тўлов ундирилади.

11. Ветеринария ва фитосанитария хулосалари олиниши ҳисобга олинган ҳолда санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириш ва бериш муддати тегишли синов методлари учун норматив ҳужжатларда назарда тутилган муддатларга қараб белгиланади.

12. Лаборатория тадқиқотларини ўтказиш, санитария-эпидемиологик хулосасини расмийлаштириш ва бериш харажатларини қоплаш учун давлат санитария эпидемиология назорати органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланадиган тарифлар бўйича тўлов ундирилади.

13. Ветеринария ва фитосанитария хулосалари бериш бўйича ваколатли органларнинг хизматларига ариза берувчи томонидан ҳақ тўлаш давлат санитария назоратининг ҳудудий органлари орқали ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мустақил равишда амалга оширилади.


14. Ишлаб чиқариладиган маҳсулотга санитария-эпидемиологик хулосанинг амал қилиш муддати - 3 йил.

Четдан олиб келинаётган маҳсулотга санитария-эпидемиологик хулоса маҳсулотнинг яроқлилик даврига, яроқлилик муддатига эга бўлмаган маҳсулотга эса - муддати кўрсатилмасдан берилади.

Айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида санитария-эпидемиология хулосаси бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба берилади.

15. Санитария-эпидемиологик хулоса ариза берувчига давлат санитария назоратининг ҳудудий органи раҳбарининг имзоси билан берилади, у ушбу органнинг муҳри билан тасдиқланади, унга синовлар протоколи нусхалари илова қилинади.

Агар санитария-эпидемиологик экспертиза билан бир вақтда маҳсулотнинг фитосанитария ёки ветеринария нормалари ва қоидаларига мувофиқлиги синовдан ўтказилган тақдирда, ариза берувчига тегишли хулосалар ҳам берилади.

16. Лаборатория синовларининг салбий натижалари ҳамда ҳужжатлар тўлиқ туркумда тақдим этилмаслиги санитария-эпидемиологик хулоса бериш рад этилиши учун асос ҳисобланади, бу ҳақда давлат санитария назоратининг ҳудудий органи қонунчиликнинг аниқ нормаларини кўрсатган ҳолда ариза берувчига ёзма шаклда маълум қилади.

Мувофиқлик сертификатларини расмийлаштиришда такрорий синовлар ўтказилиши тақиқланади ва уларни беришда, идоравий бўйсинишидан қатъий назар, белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан амалга оширилган синовларнинг ижобий натижалари асос бўлади.

Ариза берувчи санитария-эпидемиологик хулоса ёхуд фитосанитария ва ветеринария хулосалари беришнинг рад этилиши юзасидан белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


III. МУВОФИҚЛИК СЕРТИФИКАТИНИ

РАСМИЙЛАШТИРИШ ВА БЕРИШ ТАРТИБИ


17. Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш сертификатлаш органлари томонидан амалга оширилади.

Сертификатлаштириш органини танлаш аризачи томонидан мустақил амалга оширилади.


18. Ариза берувчи исталган вақтда, сертификатлаштириш органлари эса биринчи талабга кўра қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт:

а) мувофиқлик сертификати мажбурий тартибда бўлиши керак бўлган маҳсулот турларининг рўйхати ёки рўйхатдан кўчирма;

б) аккредитация қилиш соҳасига тааллуқли бўлган маҳсулотни сертификатлаш қоидалари;

в) сертификатлаштириш бўйича хизматлар нархлари (тарифлари) прейскуранти;

г) давлат ваколатли органида аккредитация қилинганликни тасдиқловчи ҳужжат.

Сертификатлаштириш органи кўрсатиб ўтилган ҳужжатлар нусхаларини тақдим этганлик учун нусхаларни тайёрлаш харажатларидан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундиришга ҳақлидир.


19. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш учун ариза берувчи сертификатлаштириш органига ариза билан мурожаат қилади. Аризага қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга норматив ҳужжат нусхаси;

маҳсулотни маркировка қилиш намунаси (маҳсулот тўғрисида ахборот);

санитария-эпидемиологик хулоса нусхаси. Ариза берувчи томонидан айни бир вақтда санитария-эпидемиологик хулоса ва мувофиқлик сертификати олишга ариза берилган тақдирда санитария-эпидемиологик хулоса нусхаси, у мазкур Низомнинг 3-бандига мувофиқ, белгиланган тартибда расмийлаштирилгандан кейин тақдим этилади.

Четдан олиб келинаётган маҳсулотни сертификатлаштириш учун маҳсулотни маркировка қилиш намунаси (маҳсулот тўғрисида ахборот) тақдим этилади.

20. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сертификатлаштириш мақсадида сертификатлаштириш органларига стандартлаш бўйича расмий, "Ўзстандарт" агентлиги томонидан тасдиқланган норматив ҳужжатлар нусхалари тақдим этилади, бошқа ҳолларда, шу жумладан ўз эҳтиёжлари учун, тасдиқланмаган нусхалардан фойдаланилиши мумкин.

21. Аризада назарда тутилган тақдирда, сертификатлаштириш органи ишлаб чиқарилаётган маҳсулотни сертификатлаштириш ишларини санитария-эпидемиологик хулоса (ветеринария ва фитосанитария хулосалари) нусхаларини олиш муддатини кечиктирган ҳолда бошлаши мумкин.

Бу ҳолда сертификатлаштириш органи ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга мувофиқлик сертификатини фақат ариза берувчи томонидан ижобий натижаларга эга бўлган ҳужжатларнинг барча зарур нусхалари тақдим этилгандан кейин беришга ҳақлидир.

22. Сертификатлаштириш органи ариза берилган кундан бошлаб икки кун муддатда жойига бориб сертификатция синовларини ўтказиш учун маҳсулот намуналарини танлаб олади ва идентификация қилади.

Намуналар сони, танлаб олиш тартиби, идентификация қилиш ва сақлаш қоидалари маҳсулотга норматив ҳужжатларда белгиланади.


23. Маълум турдаги маҳсулотни сертификатлаш мақсадида синовлар протоколини расмийлаштириш ва бериш муддати ушбу турдаги маҳсулотни техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган услубларга мувофиқ синовлардан ўтказишнинг умумий давом этиш вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Ариза берувчи ўз маҳсулотининг танлаб олинишида ва синовларида қатнашиш ҳуқуқига эга. Бунда лабораторияда махфийликни таъминлаш чора-тадбирлари кўрилиши керак.

Намуналарнинг сақланиши, сифати ва синовларининг ишончлилиги учун "Ўзстандарт" агентлиги томонидан аккредитация қилинган лаборатория (марказ) жавоб беради. Синовлар протоколларини масъул мутахассислар имзолайди ва лаборатория раҳбари тасдиқлайди.


24. Ариза берувчи сертификатлаштириш органига аккредитация қилинган лабораториялардаги маҳсулот синовлари бўйича қўшимча ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Агар маҳсулотни алоҳида параметрлари бўйича синовлар турли синов лабораторияларида ўтказилган бўлса, у ҳолда синовларнинг ижобий натижалари билан бирга барча зарур протоколларнинг мавжудлиги маҳсулотнинг белгиланган талабларга мувофиқлигининг ижобий баҳоси ҳисобланади.

Республикада четдан келтириладиган, мажбурий тартибда сертификатланиши керак бўлган маҳсулотга норматив ҳужжат мавжуд бўлмаганда, сифат ва хавфсизлик бўйича сертификация синовлари маҳсулотнинг ана шундай турлари талабларига мувофиқлиги юзасидан амалга оширилади.

Четдан олиб келинаётган маҳсулотнинг зарур норматив ҳужжати ёки техник таснифномалар мавжуд бўлмаса, мазкур маҳсулотни сертификатлаш маҳсулотнинг ана шундай турларига хос ҳужжатлар бўйича амалга оширилади.

25. Лаборатория синовларининг салбий натижалари, шунингдек ҳужжатларнинг тўлиқ бўлмаган комплектини тақдим этиш мувофиқлик сертификати беришни рад этиш учун асос ҳисобланади, бу тўғрида сертификатлаштириш органи ариза берувчига аниқ қонунчилик нормаларини кўрсатган ҳолда ёзма равишда хабар қилади.

Хулоса беришни рад этганлик юзасидан ариза берувчи белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


26. Сертификатлаштириш органи тақдим этилган ҳужжатлар ва синовларнинг ижобий натижалари асосида икки иш куни мобайнида мувофиқлик сертификатини расмийлаштиради.

Четдан олиб келинаётган маҳсулотларга мувофиқлик сертификати уларнинг яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига), яроқлилик муддатига (маҳсулот яроқлилигининг кафолатли муддатига) эга бўлмаган маҳсулотларга эса амал қилиш муддати кўрсатилмасдан, кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун - 3 йилга берилади. Кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун берилган мувофиқлик сертификатининг амал қилиш даврида ишлаб чиқарилган маҳсулотлар сертификатланган деб ҳисобланади.

Айнан бир хил товарларга бир ташқи савдо шартномаси (контракти) доирасида мувофиқлик сертификати бир календарь йилидан ошмаган муддатга бир маротаба тақдим этилади.

27. Кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулотга мувофиқлик сертификати бериш учун сертификатлаштириш органи ариза берувчида маҳсулотни кўплаб ишлаб чиқариш учун шарт-шароитлар мавжудлигини аниқлаш мақсадида маҳсулот ишлаб чиқариладиган объектларни белгиланган тартибда текширади. Текшириш натижалари бўйича далолатнома расмийлаштирилади, ундан мувофиқлик сертификати бериш тўғрисида қарор қабул қилишда фойдаланилади.

Ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисидаги маълумотлар мувофиқлик сертификатида келтирилади.

Текширишни ўтказиш муддати, ишлаб чиқаришнинг шакли ва тоифаларига кўра, синовлар учун намуналар танлаб олинган вақтдан бошлаб 10 иш кунидан ошмаслиги керак. Текшириш ўтказилганлиги учун тўлов амалда сарфланган вақт бўйича ва белгиланган тартибда тасдиқланган харажатлар калькуляциясига биноан ундирилади.

Мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш муддати сертификатлаштириш органидан ушбу Низомда назарда тутилган барча зарур ҳужжатлар олинган вақтдан бошлаб уч иш кунидан ошмаслиги керак.

28. Кўплаб ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун мувофиқлик сертификати берган сертификатлаштириш органи ҳар йили камида бир марта, маҳсулотнинг сертификатлаштиришда белгиланган талабларга мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида, сертификатлаштирилган маҳсулотни инспекция назорати текширувини ўтказади.

Инспекция назорати натижалари бўйича мувофиқлик сертификатининг амал қилиши тасдиқланиши ёки тўхтатиб турилиши ёхуд белгиланган тартибда бекор қилиниши мумкин.


29. Лаборатория синовларини ўтказганлик, мувофиқлик сертификатини расмийлаштирганлик ва берганлик учун тўлов тартиби, ариза берувчига мувофиқлик белгисини қўллаш ҳуқуқи берилганлиги учун бир йўла тўланадиган бир марталик йиғимлар миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишган ҳолда "Ўзстандарт" агентлиги томонидан белгиланади.


IV. ЧЕТ ЭЛ МУВОФИҚЛИК

СЕРТИФИКАТЛАРИНИ ЭЪТИРОФ ЭТИШ


30. Сертификатлаштириш органи эътироф этиш тўғрисида битим тузилган МДҲ мамлакатларидан ва узоқ хорижий мамлакатлардан олиб келинадиган маҳсулотга сертификатларни эътироф этиш ҳуқуқига эга.

Эътироф этиш тартиботи сертификатлаштириш органининг маҳсулотни сертификатлаштириш тартибида, "Ўзстандарт" агентлигининг норматив ҳужжатларига мувофиқ белгиланган бўлиши керак.

Халқаро тизимлар ва битимлар доирасида амалга ошириладиган сертификатларни эътироф этиш ушбу тизимлар ва битимларда белгиланган, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига зид бўлмаган қоидаларга мувофиқ ўтказилади.


31. Сертификат талабларга мувофиқ бўлган, Ўзбекистон Республикасида белгиланган ана шундай талаблардан қолишмайдиган маҳсулот учун эътироф этилади.

Норматив ҳужжатларда сертификатлаштириш учун шарт бўлган ёки контрактда белгиланган қўшимча талаблар мавжуд бўлган тақдирда маҳсулот ушбу талабларга мувофиқлик юзасидан синаб кўрилиши керак.


32. Олинган ҳужжатлар ва материалларни таҳлил қилиш, шунингдек маҳсулотни идентификациялаш асосида сертификатлаштириш органи чет эл мувофиқлик сертификатини эътироф этиш (этмаслик) тўғрисида қарор қабул қилади.

Экспорт қилувчи мамлакатнинг Миллий сертификатлаштириш тизимига берилган мувофиқлик сертификатини эътироф этиш уни импорт қилувчи мамлакатнинг мувофиқлик сертификатига қайта расмийлаштириш ва Ягона давлат реестрига киритиш йўли билан амалга оширилади.



V. МАҲСУЛОТНИ ШТРИХЛИ КОДЛАШТИРИШ


33. Ариза берувчи ўз хоҳишига кўра таснифлаш Европа товар рақамланиши уюшмаси (GS1) томонидан кодлаштириш борасида корхонанинг рўйхатдан ўтказиш рақамини ҳамда ишлаб чиқариладиган товарнинг бир кун мобайнида бериладиган рақамли кодини олиш учун "GS1 Uzbekistan"га мурожаат қилади.

"Ўзстандарт" агентлиги томонидан, белгиланган тартибга мувофиқ штрихли коднинг оригинал - макети тайёрланади ва берилади.


34. Код бериш бўйича хизматлар қиймати, шунингдек аъзолик бадаллари миқдори GS1 Uzbekistan қатнашчилари томонидан белгиланади. Штрихли коднинг оригинал макетларини тайёрлаш ва бериш шартнома асосида амалга оширилади.


VI. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


35. Ушбу Низомнинг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беришади.






Низомга

ИЛОВА



Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиботи

СХЕМАСИ

Изоҳлар:

1. Ариза берувчи зарур ҳолларда санитария-эпидемиологик хулоса олиш учун ҳудудий санитария назорати органига зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза беради.

Ҳудудий давлат санитария назорати органи белгиланган тартибда жойига борган ҳолда лаборатория синовлари ўтказиш учун маҳсулотлардан намуна олади ва объектни текширади.

1а. Чорва маҳсулотлари учун ҳудудий санитария назорати органи ариза берувчидан ҳужжатлар олинган кундан кейинги кундан кечикмасдан туман (шаҳар) ветеринария хизмати органига буюртманома жўнатади.

1б. Ветеринария хизмати органи уч кун муддатда ҳудудий санитария назорати органига ветеринария хулосасини ёки хулоса беришни рад этишга сабаб бўлган аниқ қонун ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда ёзма жавоб юборади.

Ветеринария хизмати органи 20 кунгача изоляциялаш-чеклаш (карантин) чораларини белгилаш ҳуқуқига эга. Бунда ветеринария хулосасини бериш тартиботи карантин муддати тугагунга қадар тўхтатиб турилади.

1в. Ўсимлик маҳсулотлари учун ҳудудий санитария органи ариза берувчидан ҳужжатлар олинган кундан кейинги кундан кечикмасдан туман (шаҳар) ўсимликлар карантини давлат хизмати органига буюртманома жўнатади.

1г. Ўсимликлар карантини давлат хизмати органи икки кун муддатда фитосанитария хулосаси ёки салбий хулоса беради.

2. Лаборатория синовлари, шунингдек ветеринария ҳамда фитосанитария хулосаларидан ижобий натижа олинганда, ҳудудий санитария назорати органи ариза берувчига санитария-эпидемиологик хулоса беради.

3,4. Ариза берувчи ўз хоҳишига кўра, ташкилот ва ишлаб чиқарадиган маҳсулоти штрихли кодда фойдаланиладиган товар кодини олиш учун "GS1 Uzbekistan" га мурожаат қилиши мумкин.

5. Ариза берувчи мувофиқлик сертификати олиш учун сертификатлаш бўйича аккредитация қилинган органга зарур ҳужжатларни илова қилган ҳолда ариза тақдим этади. (Ариза санитария-эпидемиологик хулоса олиш учун бериладиган ариза билан бир вақтда берилиши мумкин).

6. Сертификатлаш бўйича аккредитация қилинган орган 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда мувофиқлик сертификати ёки аниқ қонун ҳужжатлари нормаларини кўрсатган ҳолда ёзма рад жавобини беради.

Ариза берувчи

(тадбиркорлик субъекти)

1

Ҳудудий санитария назорати органи (санитария-

эпидемиологик хулоса)

Ветеринария участкалари (бўлимлари)

(ветеринария хулосаси)

2

Муддат: 3 кунгача

Карантин хизматлари

(фитосанитария хулосаси)

Муддат: 3 кунгача


Муддат: 14 кунгача

GS1 Uzbekistan

(ариза берувчининг хоҳишига кўра, штрих-код бериш тўғрисида маълумотнома

3

4


Муддат: 1 кун

Сертификатлаш бўйича аккредитация қилинган органлар

(мувофиқлик сертификатини расмийлаштириш ва бериш)

5

6


Муддат: 3 иш кунигача

Сертификатлаштириш тартиботининг умумий муддати ушбу турдаги маҳсулотни техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган услубларга мувофиқ синовлардан ўтказишнинг умумий давом этиш вақтидан келиб чиққан ҳолда белгиланади


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 27-сон, 315-модда.