язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш/ Чиқиндиларни қайта ишлаш/ Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича Йўриқнома (АВ томонидан 19.11.2019 й. 3197-сон билан рўйхатга олинган Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг 17.10.2019 й. 12-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2019 йил 19 ноябрда 3197-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Респубикаси

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза

қилиш давлат қўмитасининг

2019 йил 17 октябрдаги

12-сон қарорига

ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқинди полигонларини

лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш бўйича

ЙЎРИҚНОМА


Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикасининг "Чиқиндилар тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ қаттиқ маиший чиқинди полигонларини лойиҳалаштириш ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Йўриқномада қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек, уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек, қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);


қаттиқ маиший чиқинди полигони - қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш, зарарсизлантириш ва изоляциялаш (кўмиш) учун мўлжалланган ҳамда атмосфера ҳавоси, тупроқ, ер усти ва ер ости сувларининг ифлосланишидан ҳимоя қилинишини таъминловчи, кемирувчилар, ҳашаротлар ва касаллик тарқатувчи микроорганизмлар кўпайишининг олдини олувчи комплекс иншоот (чиқиндихона).


2. Қаттиқ маиший чиқинди полигонлари (бундан буён матнда полигон деб юритилади) исталган катталикдаги аҳоли пунктлари учун ташкил этилиши мумкин. Ер участкаларидан самарали фойдаланилишини таъминлаш ва қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш ҳаражатларини камайтириш мақсадида бир бирига яқин аҳоли пунктлари учун марказлашган полигонларни ташкил этиш мақсадга мувофиқ.



2-БОБ. ПОЛИГОНЛАРНИ ЛОЙИҲАЛАШТИРИШ


§ 1. Полигонлар қурилиши учун

ер участкаларини танлаш


3. Полигонлар қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.


4. Полигонлар қурилиши учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ва ўрмон фонди ерларига кирмайдиган ер участкалари ажратилади.


5. Ер ажратиш ҳужжатларини расмийлаштириш ишлари Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси органлари томонидан амалга оширилади.


6. Турар жойдан полигон чегарасигача бўлган масофа аҳоли яшаш жойларида атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш бўйича санитария меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ камида 500 метрни ташкил қилиши керак.


7. Полигонларнинг атроф муҳитнинг турли объектларига салбий таъсири даражасини аниқлаш ва энг кам таъсир кўрсатувчи ер участкасини танлаш учун бир неча ҳудудларни муқобил вариант сифатида кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ.


8. Полигонлар шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктларининг ташқарисида жойлаштирилади.


9. Полигонларни сув объектларининг сувни муҳофаза қилиш зоналари, соҳил бўйи минтақалари ва санитария муҳофазаси зоналари, сифатли ер ости сувлари тўпланадиган манбалар теграси, курортларни муҳофаза қилиш зоналари, шунингдек фуқароларнинг оммавий дам олиш ва соғломлаштириш масканлари ҳудудига жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.



§ 2. Полигон қурилиши учун танланадиган ер

участкаларига атроф муҳитга потенциал таъсири

бўйича қўйиладиган талаблар


10. Ҳар бир ер участкасининг атроф муҳитга потенциал таъсирини ўрганиш натижаларига кўра энг кам таъсир кўрсатадиган майдон танланади.


11. Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда танланган ер участкалари атроф муҳитга потенциал таъсири жиҳатидан полигон қурилиши учун яроқли ҳисобланади:

геологик шароитларига кўра, гил ёки қум тупроқли ер участкалари;

ер участкасининг геологик нуқтаи назардан барқарорлиги, яъни унда ёриқлар мавжуд эмаслиги;

ер участкаси остида сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

ер участкаси остида 30 метрдан ортиқ қалинликдаги гил ёки оғир қум тупроқли сув ўтказмайдиган қатламнинг мавжудлиги;

ер участкасининг сув ҳавзалари ва тошқин сувлар босадиган ҳудудлардан камида 1000 метр узоқда жойлашганлиги;

ер ости сувларининг сатҳи ер юзасидан камида 10 метр пастда жойлашганлиги, ундан истеъмол қилиш ва суғориш учун фойдаланилмаслиги.


12. Қуйидаги омиллар мавжуд бўлганда атроф муҳитга потенциал таъсирини инобатга олиб, танланган ер участкасида полигон қурилишига йўл қўйилмайди:

сув ўтказувчи бир неча қатламлар, масалан, очиқ шағал конлари, ёриқлар мавжудлиги;

ер ости сувларига 10 метрдан камроқ сатҳда жойлашганлиги;

ер ости сувларидан истеъмол ва суғориш учун фойдаланилиши;

ер ости сувлари булоқлар кўринишида оқиб чиқадиган, 1000 метр радиусда сув ҳавзаси ёки сув тошадиган ҳудудлар мавжудлиги.


13. Полигонлар қурилиши учун мўлжалланган ер участкалари камида 15 йил фойдаланиш шарти билан танланади. Ушбу майдонлар тўғри тўртбурчак шаклига яқин ва қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштиришнинг максимал баландлигига эришиш мумкин бўлган ерлардан танлаб олинади.


14. Фойдаланиш муддати 15 йилга мўлжалланган полигон учун талаб этиладиган ер майдонининг ҳажми мазкур Йўриқноманинг 1-иловасида кўрсатилган намунавий жадвал бўйича аниқланиши мақсадга мувофиқ.



§ 3. Полигонлар қурилиши учун танланган

ер участкаларида тадқиқот ишларини

амалга ошириш


15. Полигоннинг лойиҳа ҳужжатларига қуйидагилар киради:

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги геология ва гидрогеология хулосаси;

ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусидаги санитария-эпидемиологик хулосаси;

атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг экологик нормативлари ва давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси.


16. Полигонлар қурилиши учун танланган ер участкаларида Ўзбекистон Республикаси Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси томонидан геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар амалга оширилади.


17. Геологик тадқиқотларни ўтказишда қатламланиш тартиби, полигонлар жойлашган ердаги жинслар таркиби ва қалинлиги, тупроқнинг фильтрация коэффициенти ўрганилади. Тадқиқот ишларининг минимал чуқурлиги 4 метр бўлиши лозим. Турли жинслардан иборат тупроқли шароитда сувга бардошли қатламгача тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда шу жойдан бошлаб 1-1,5 метр чуқурликкача тадқиқот ўтказиш лозим.


18. Гидрогеологик тадқиқотлар натижасида ер ости сувларининг сатҳи ва оқими аниқланади. Полигонларни ер усти (жала ва қор) сувлари оқимидан ҳимоя қиладиган баландлик зовурларини қуришда ёғингарчилик фаоллиги ва уларнинг майдонда тўпланиб қолишига оид маълумотлар йиғилади.


19. Геологик ва гидрогеологик тадқиқотлар натижасида қудуқлар (шурфлар) жойлашиши режаси, геологик (литогеологик) кесимлар режаси, полигон қурилиши учун мўлжалланган ер участкасининг яроқлилиги хусусида гидрогеология хулосаси тузилади.


20. Туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик маркази тайёрланган барча материалларни инобатга олган ҳолда танланган ер участкасининг полигон қурилиши учун яроқлилиги хусусида ўз хулосасини беради.


21. Лойиҳалаштирилаётган полигонлар учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 21 январдаги 14-сон қарори билан тасдиқланган Экологик нормативлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишиш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг экологик нормативлари ишлаб чиқилади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 ноябрдаги 949-сон қарори билан тасдиқланган Давлат экологик экспертизаси тўғрисида низомга асосан давлат экологик экспертизасидан ўтказилади.


22. Лойиҳалаштирилаётган полигоннинг сиғимини аниқлашда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг киши бошига умумий йиллик тўпланадиган меъёри, хизмат кўрсатиладиган аҳоли сони, ташкилотларда қаттиқ маиший чиқиндиларнинг йиллик тўпланиш меъёри, хизмат кўрсатиладиган ташкилотлар сони, полигондан фойдаланиш муддати, жойлаштириладиган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг зичланиш даражаси ҳамда полигонларда ишлатиладиган техника ва механизмлар ҳисобга олинади.



§ 4. Полигонлар тузилиши


23. Полигонлар қуйидаги асосий қисмлардан иборат бўлади:

кириш йўли;

қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони;

хўжалик ҳудуди;

санитария-муҳофаза зонаси.


24. Кириш йўли қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонини магистрал йўл билан боғлаш мақсадида барпо этилади. Кириш йўли икки томонлама ҳаракатланиш учун мўлжалланган бўлиши керак. Қияликларда қаттиқ маиший чиқиндилар ортилган транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсат бериладиган қиялик ўлчами юқорига 7 фоиз ва пастга 10 фоиздан ошмаслиги лозим.


25. Ёмғир мавсумида йўлларни сув босмаслиги учун полигонлар дренаж тизимига эга бўлиши лозим. Дренаж тизими орқали йиғилган сувлар ҳовузларда тўпланиб, қаттиқ маиший чиқиндиларни зичлашда фойдаланилиши мумкин.


26. Полигонларнинг қаттиқ маиший чиқиндилар жойлаштирилаётган қисми (бундан буён матнда иш харитаси деб юритилади) мунтазам ўзгариб туриши сабабли, қаттиқ маиший чиқиндиларни доимий йўл тизимидан иш харитасига етказадиган вақтинчалик йўллар қурилади. Вақтинчалик йўллар тупроқ қатламини зичлаш усули билан ётқизилиши мумкин. Намлик шароитидан келиб чиқиб, улар мустаҳкамлайдиган материаллар - шағал, тош, майдаланган бетон, қурилиш қоришмаси ёки ғишт билан қопланиши мумкин.


27. Қаттиқ маиший чиқиндиларни 2 қават (қатлам) баландликда жойлаштирилишида хизмат кўрсатилишини таъминлаш мақсадида вақтинчалик йўллар, мазкур Йўриқноманинг 2-иловасига мувофиқ схема бўйича иш хариталаридан 2 метр баландликда қурилиши лозим.


28. Қуйи қават (қатлам) - қаттиқ маиший чиқиндиларни қиялик бўйича 2 метр баландликдан "тепадан пастга суриш" усули билан, юқори қават (қатлам) эса - қаттиқ маиший чиқиндиларни 2 метр баландликка "пастдан тепага суриш" усули билан ҳосил қилинади.


29. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони - полигоннинг асосий қисми ҳисобланади. У қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишнинг йиллик ҳажмидан келиб чиқиб, полигон майдонининг 85-95 фоизини эгаллайди.


30. Қаттиқ маиший чиқиндиларни полигонларга жойлаштириш мазкур Йўриқноманинг 3-иловасига мувофиқ Полигон тузилмаси кесими бўйича амалга оширилади.


31. Жарлик ёнбағрида жойлашган полигонлар юқориликдан оқиб келиши мумкин бўлган ер усти сув оқимларидан ҳимояланган бўлиши лозим.


32. Хўжалик ҳудуди полигонларга қабул қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдоридан қатъи назар, 0,3-1,0 гектар майдонни эгаллайди.


33. Санитария-муҳофаза зонаси полигоннинг атрофи бўйлаб, унинг атроф муҳитга ва яқин аҳоли пунктларига салбий таъсирини камайтириш мақсадида ташкил қилинади.



§ 5. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш

майдонини лойиҳалаштириш


34. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонида оралиқ ва якуний изоляция учун тупроқ олиш мақсадида котлован (чуқурлик) лойиҳалаштирилади.

Ер ости сувларининг сатҳи котлован (чуқурлик) тубидан камида 2 метр пастда бўлиши лозим.


35. Полигонлар ер ости сувларининг ифлосланиши хавфини камайтириш учун фильтрацияга қарши изоляция қопламасига эга бўлиши лозим.

Изоляция харажатларини камайтириш мақсадида полигонларни кам сув ўтказувчанлик хусусиятига эга бўлган тупроқ қатламида яратиш мақсадга мувофиқ.


36. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг морфологик таркиби ва иқлим шароитидан келиб чиқиб, изоляция қопламасининг қуйидаги турларидан фойдаланиш мумкин:

қалинлиги 0,2 миллиметрдан кам бўлмаган полиэтилен қоплама ва унинг устидан қалинлиги 0,5 метрдан кам бўлмаган бир қатламли тупроқ ётқизилган қоплама;

ҳар бирининг қалинлиги 0,2 миллиметрдан кам бўлмаган, икки қаватли полиэтилен плёнкадан тайёрланган ва улар орасига 0,4 метр қалинликда йирик донали қум ётқизилган қоплама;

битумли ва бошқа махсус изоляция қоплама.


37. Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони лойиҳасида котлованларнинг (чуқурликларнинг) навбат бўйича қазилиши назарда тутилади. Биринчи навбатдаги котловандан (чуқурликдан) олинган тупроқ полигон периметри бўйича тупроқтепага жойлаштирилади. Иккинчи навбатдаги котловандан (чуқурликдан) олинган тупроқ биринчи навбатдаги иш харитаси тўлдирилганидан кейин, ундаги қаттиқ маиший чиқиндиларни изоляция қилишда фойдаланилади.


38. Полигонлар тубида намлик даражаси 52 фоиздан ортиқ, йиллик ёғингарчилик миқдори 100 миллиметрдан ортиқ бўлганда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдони фильтрат пайдо бўлиши эҳтимоли инобатга олинган ҳолда лойиҳалаштирилади.

Бунда котлованнинг (чуқурликнинг) туби майдон асоси бўйича фильтратнинг тенг тақсимланишини таъминлайдиган (горизонтал) ҳолатда лойиҳалаштирилади.


39. Қиялиги 0,5 фоиздан юқори бўлган участкаларда мазкур Йўриқноманинг 4-иловасига мувофиқ схема бўйича котлован (чуқурлик) поғонаси (каскади) лойиҳалаштирилади.


40. Котлованнинг (чуқурликнинг) юқоридаги ва навбатдаги оралиқ деворлар баландлиги, шунингдек иккита ёнма-ён котлованлар (чуқурликлар) деворларининг ўлчамлари орасидаги фарқ 1 метрдан ошмаслиги лозим. Оралиқ деворларнинг тепа қисми бўйича чиқинди ташиш техникаларининг киришига мўлжалланган вақтинчалик кириш йўли лойиҳалаштирилади.


41. Фильтрация коэффициенти белгиланган меъёрдан 30-50 фоиз ортиқ бўлганда тупроқ қатламини зичлаш чораларини кўриш лозим.


42. Котлованларнинг (чуқурликларнинг) чуқурлиги қоида тариқасида, 3-6 метр ва кенглиги 6-12 метр бўлиши лозим. Уларни шамол йўналишига перпендикуляр ҳолатда жойлаштирилади.



§ 6. Хўжалик ҳудуди ва муҳандислик

иншоотларини лойиҳалаштириш


43. Хўжалик ҳудуди - маъмурий ва маиший бинолар, назорат пункти, техникаларни сақлаш ва автотарози айвони, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва бошқа моддий қийматликларни сақлаш омборлари, чиқиндиларни саралаш ускуналари, сув ва электр тармоқлари каби бошқа иншоотларни жойлаштириш учун лойиҳалаштирилади.


44. Хўжалик ҳудуди қаттиқ қопламали майдонга эга бўлиши, тунги вақтларда ёритилиши, атрофи тўсилган бўлиши ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш майдонига кириладиган йўлга эга бўлиши лозим.


45. Полигонларнинг хўжалик ҳудудига кириш жойида дарвоза ёки шлагбаум ўрнатилади.


46. Чиқинди ташиш техникаларини ювишга мўлжалланган майдон хўжалик ҳудудидан ташқарида бўлиши керак. Чиқинди ташиш техникаларини ювиш ҳаво ҳарорати 5°С дан юқори бўлганда амалга оширилади.


47. Йилига 360 минг куб.м дан ортиқ қаттиқ маиший чиқиндилар қабул қилинадиган йирик полигонларда сув таъминоти артезиан қудуқлари орқали амалга оширилади. Ушбу қудуқлар полигонларнинг умумий лойиҳаси таркибида назарда тутилади.


48. Полигонлардан чиқишда чиқинди ташиш техникалари ғилдиракларини ювиш учун узунлиги 8 метр, эни 3 метр ва чуқурлиги 0,3 метр ўлчамдаги темир бетонли қурилмага эга бўлган назорат-дезинфекция ҳудуди мавжуд бўлиши керак. Ушбу қурилма махсус дезинфекцияловчи воситалар билан тўлдирилади.


49. Ёнғин ўчириш учун мўлжалланган сув захирасининг (сиғимининг) ҳажми 108 куб.м дан кам бўлмаслиги ҳамда ундан ёнғин ўчириш автомобилларининг сув олишлари учун шароит яратилган бўлиши лозим.


50. Полигонларнинг бутун ҳудуди периметри бўйича тўсиқ ўрнатилади.



§ 7. Санитария-муҳофаза зонаси ва

мониторинг тизими


51. Санитария-муҳофаза зонасида полигон периметри бўйлаб 5-8 метр кенгликда йўлак қурилади, унинг чегараси бўйлаб дарахт ва бута кўчатлари экилади, муҳандислик коммуникациялари (сув қувурлари, канализация) ётқизилади ҳамда электр ёритиш қурилмалари ўрнатилади.


52. Санитария-муҳофаза зонасида турар жойлар ва ичимлик суви қудуқлари жойлаштирилмайди.


53. Полигоннинг ер ости сувларига таъсирини назорат қилиб бориш учун ер ости сувлари оқими бўйича полигондан юқори ва пастки ҳудудларда мониторинг қудуқлари барпо этилади.


54. Биринчи мониторинг қудуғи ер ости сувлари оқими бўйича полигоннинг юқори ҳудудида барпо этилади. Мазкур мониторинг қудуғидан олинадиган намуналар ер ости сувларининг дастлабки ҳолатини аниқлайди.


55. Ер ости сувлари оқими бўйича полигондан 100-200 метр пастки ҳудудда ҳам 1 та ёки 50-100 метр оралиқда 2 та мониторинг қудуғи барпо этилади. Мазкур мониторинг қудуғидан олинадиган намуналар полигоннинг ер ости сувларига таъсирини кўрсатади.


56. Мониторинг қудуқлари ер ости сувларига чиқиндилар тушишидан ҳимоя қилинган бўлиши, шунингдек сувдан намуна олинишини таъминлаши лозим.


57. Олинган намуналарга асосан, сув таркибидаги аммиак, нитритлар, нитратлар, гидрокарбонатлар, кальций, хлоридлар, темир, сульфатлар, литий, органик углерод, магний, хром, цианидлар, қўрғошин, симоб, маргимуш, мис, барий ва бошқа кимёвий моддалар миқдори аниқланади.


58. Полигонларда атмосферага чиқарилаётган ташламаларни мониторинг қилиш ёки энергия олиш мақсадида газни фаол ажратиб олиш тизимини ўрнатиш мақсадга мувофиқ.



3-БОБ. ПОЛИГОНЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


§ 1. Полигонларда ишларни ташкиллаштириш


59. Полигонларда ишларни ташкиллаштириш мазкур Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ схема бўйича амалга оширилади.


60. Полигонларда қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш мазкур Йўриқноманинг 6-иловасига мувофиқ Полигонлардан фойдаланиш технологик схемаси асосида амалга оширилади. Технологик схемада йил мавсумларини инобатга олган ҳолда бажариладиган ишлар кетма-кетлиги, қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш тартиби ва изоляция қилувчи тупроқни қазиб олиш режаси кўрсатилиши мақсадга мувофиқ.


61. Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш мазкур Йўриқноманинг 7-иловасига мувофиқ бир йилга мўлжалланган Полигондан фойдаланиш жадвали асосида амалга оширилади.


62. Полигондан фойдаланиш жадвалида қаттиқ маиший чиқиндилар жойлаштириладиган хариталар рақами кўрсатилган ҳолда ҳар ой давомида қабул қилинадиган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори, уларни изоляция қилиш учун қазиб олинадиган тупроқ майдони хариталари ёки тупроқтепалар рақамланган ҳолда кўрсатилади. Изоляция қилиш учун қазиб олинадиган тупроқ ҳажми "куб.м" ўлчов бирлигида кўрсатилади.


63. Қабул қилинаётган қаттиқ маиший чиқиндиларнинг ҳисоби уларнинг зичланмаган ҳолатдаги вазни ёки ҳажми бўйича юритилади. Қабул қилинган қаттиқ маиший чиқиндилар миқдори мазкур Йўриқноманинг 8-иловасига мувофиқ Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш ва ҳисобга олиш китобида ёзма ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.



§ 2. Чиқиндиларни ташиш техникаларини

бўшатиш


64. Полигонда мазкур Йўриқноманинг 9-иловасига мувофиқ чиқиндиларни ташиш техникаларини бўшатиш схемаси бўйича ишлар узлуксиз амалга оширилади.


65. Полигонга келган чиқинди ташиш техникалари иш харитаси ёнида бўшатилади.

Чиқинди ташиш техникаларини бўшатиш майдони иш харитаси олдида икки қисмга бўлинади.

Майдоннинг бир қисмида чиқинди ташиш техникалари бўшатилади, иккинчи қисмида эса, бульдозерлар ёки зичлагичлар иш олиб боради.


66. Чиқинди ташиш техникаларининг бўшатиш майдонига жойлаштирилиши чиқиб кетаётган техникаларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаши лозим.

Майдоннинг бир қисмида чиқинди ташиш техникаларини бўшатиш учун қабул қилиш давомийлиги 1-2 соатдан ошмаслиги керак.



§ 3. Қаттиқ маиший чиқиндиларни иш

харитасига жойлаштириш


67. Чиқинди ташиш техникаларидан тўкилган қаттиқ маиший чиқиндилар иш харитасига жойлаштирилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни полигоннинг бутун юза қисми бўйлаб ва майдондан ташқарига тартибсиз жойлаштирилишига йўл қўйилмайди.

Иш харитасининг қуйидаги ўлчамлари ўрнатилади:

эни 5 метр (траншеяли хариталар учун - 12 метр);

узунлиги - 30-150 метр.


68. Қаттиқ маиший чиқиндилар бульдозерлар ёрдамида мазкур Йўриқноманинг 10-иловасига мувофиқ қалинлиги 0,5 метр бўлган қатламларни ҳосил қилган ҳолда иш харитасига сурилади. 10-15 та зичланган қатламлар ҳисобига чиқиндиларни тўкиш майдонидан 2 метр баландликдаги қияликлар ҳосил қилинади.


69. Навбатдаги иш харитасидаги қияликлар "пастдан тепага суриш" усули билан олдингиси томон суриб ҳосил қилинади. 2 метр баландликда зичлаштирилган ҳар бир чиқинди қатлами устидан 0,25 метр қалинликдаги тупроқ қатлами ётқизилиб, изоляция қилинади.

Иш хариталарининг тўлишига кўра иш кўлами, мазкур Йўриқноманинг 11-иловасига мувофиқ хариталарни тўлдириш кетма-кетлиги бўйича олдинги (ўтган) кунда тўлдирилган хариталардан ортга қараб давом эттирилади.


70. Қаттиқ маиший чиқиндиларни "тепадан пастга суриш" усулида "пастдан тепага суриш" усулидан фарқли равишда, мазкур Йўриқноманинг 12-иловасига мувофиқ чиқинди ташиш техникаларидаги қаттиқ маиший чиқиндилар олдинги (ўтган) кундаги изоляцияланган юқори иш харитаси устига тўкилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни пастга суриб ётқизишда қиялик баландлиги 2 метрдан ортмаслиги лозим.

Иш хариталарининг тўлишига кўра иш кўлами, мазкур Йўриқноманинг 13-иловасига мувофиқ хариталарни тўлдириш кетма-кетлиги бўйича олдинги (ўтган) кунда тўлдирилган хариталар олдинга қараб давом эттирилади.


71. Чиқинди ташиш техникаларидан тўкилган қаттиқ маиший чиқиндиларни иш харитасига суриш барча турдаги бульдозерлар ёрдамида амалга оширилиши мумкин. Иш харитасига жойлаштирилган қаттиқ маиший чиқиндиларни 0,5 метр қатлам қилиб зичлаш 14 тонна оғирликдаги бульдозер ёки қуввати 100-130 от кучига тенг бўлган трактор ёрдамида амалга оширилиши мумкин.


72. Зичланадиган ҳар бир қатламнинг қалинлиги 0,5 метрдан ошиб кетмаслиги лозим. Зичлаш ишлари бульдозерни бир жойдан иккинчи жойга 2-4 марта ҳаракатлантириб амалга оширилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни зичлаш жараёнида бульдозерларнинг иш харитасининг томонлари узунаси бўйлаб ҳаракатланиши талаб этилади.


73. Бульдозернинг 2 марта ҳаракатланиши натижасида чиқиндиларнинг зичлашиш даражаси 570-670 кг/ куб. м., 4 марта ҳаракатланиши натижасида эса, ушбу кўрсаткич 670-800 кг/куб. м ни ташкил этади.


74. Зичланган чиқинди қатламларининг оралиқ ва якуний изоляцияси тупроқ билан амалга оширилади. Қаттиқ маиший чиқиндиларни очиқ ва чуқур бўлмаган иш хариталарига жойлаштиришда оралиқ изоляция қилиш ишлари иссиқ кунларда ҳар куни, совуқ кунларда эса уч кундан кўп бўлмаган оралиқда амалга оширилади. Оралиқ изоляция қатлами 0,25 метр қалинликни, текисловчи ёрдамида зичланганда эса, 0,15 метр қалинликни ташкил этади.


75. Тупроқ олиш ва уни иш харитасига ташиб келтириш мазкур Йўриқноманинг 14-иловасига мувофиқ тупроқ етказиб бериш схемаси бўйича скреперлар ёрдамида амалга оширилади.


76. Куз ва қиш мавсумида изоляция материали сифатида қурилиш ва ишлаб чиқариш чиқиндилари (оҳак чиқиндилари, мел, сода, гипс, графит ва б.), шунингдек, истисно тарзида вақтинчалик изоляция учун қор ишлатилиши мумкин.


77. Баҳор фаслида ҳарорат 5°С дан ошган ҳолларда қор билан изоляцияланган майдонлар тупроқ билан қопланади. Қор билан изоляция қилинган қатлам устига навбатдаги қават жойлаштирилмайди.



4-БОБ. АТРОФ-МУҲИТ МУҲОФАЗАСИ


78. Полигонлардан фойдаланишда мазкур Йўриқноманинг 5-иловасига мувофиқ схема бўйича келтирилган кетма-кетликка риоя этилиши атроф муҳит муҳофазаси бўйича асосий талабларнинг бажарилишини таъминлайди.


79. Полигоннинг масъул хизматчиси ҳар ўн кунда санитария-муҳофаза зонасини кўздан кечириб, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини кўради (тартибсиз жойлаштирилган қаттиқ маиший чиқиндиларни бартараф қилиш, ҳудудни тозалаш ва б.).


80. Полигон ҳудудида атроф муҳитга зарар етишининг олдини олувчи махсус техник мосламаларни қўлламаган ҳолда қаттиқ маиший чиқиндиларни ёқиш қатъиян ман этилади.


81. Қаттиқ маиший чиқиндилар билан бирга жойлаштирилишига йўл қўйиладиган саноат чиқиндилари портлаш, ўз-ўзидан алангаланиш ёки ёниш хусусиятларига эга бўлмаслиги керак.



5-БОБ. ПОЛИГОННИ ЁПИШ ВА

РЕКУЛЬТИВАЦИЯ ҚИЛИШ


82. Фойдаланиш муддати 15 йилдан ортиқ бўлган полигонларда уларнинг лойиҳавий кўрсаткичидан 10 фоиз ортиқ миқдоргача қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилишга йўл қўйилади.


83. Полигонларда заҳарли ва портлаш хавфини туғдирадиган газларнинг ажралиб чиқиши сабабли, улар ёпилганидан кейин камида 40 йил ушбу ҳудудда капитал қурилиш ишларини олиб боришга йўл қўйилмайди.


84. Полигонни ёпиш учун қуйидагиларнинг мавжуд бўлиши талаб этилади:

якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама;

фильтратни бошқариш тизими;

газни бошқариш тизими.


85. Якуний (юқори) изоляция қилувчи қоплама полигон ёпилишидан олдин барча котлованларни (чуқурликларни) тупроқнинг якуний қатлами билан ёпишни назарда тутади.


86. Якуний (юқори) изоляция қилувчи қопламанинг тузилиши ер майдонидан келгусида қандай мақсадда фойдаланилишига боғлиқ ҳолда белгиланади. Дарахтзор ташкил этишда, тепалик ва бошқа баландликларни ҳосил қилиш учун фойдаланишда тупроқнинг устки изоляция қатлами 0,6 метрдан кам бўлмаслиги лозим.


87. Қаттиқ маиший чиқиндиларнинг устки қатлами изоляция билан қоплангунига қадар унинг зичланиш даражаси 750 кг/куб. м ни ташкил этиши лозим.


88. Полигонларнинг ташқи қияликларини мустаҳкамлаш ишлари қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш баландлиги ортишига мутаносиб равишда давом эттирилади. Полигонларнинг ташқи қияликларини қоплашда уни барпо этишда кўчириб олинган унумдор тупроқдан фойдаланилади.


89. Шамол кўчириб кетиши ёки қияликлардаги тупроқ ювилиб кетишининг олдини олиш учун якуний (юқори) изоляция қопламасини кўкаламзорлаштириш талаб этилади. Қияликлар бўйлаб ихота дарахтзорлари барпо этилади. Экиладиган дарахт ва бутасимон ўсимликлар (оқ қайин, тол, терак ва бошқалар) маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда танланади.


90. Фильтратни бошқариш тизими лойиҳаси, қоида тариқасида, полигоннинг умумий лойиҳасига киритилади.


91. Газни бошқариш тизими полигондан фаол фойдаланиш даврида барпо этилади. Полигон ёпилганидан сўнг, ушбу тизимни янада мустаҳкамлаш ва барқарорлаштириш мақсадида унга тегишли ўзгартиришлар киритиш (шамоллатиш қувурини герметик жиҳозлаш, полигон остига ҳаво киришидан ҳимоялаш ва ҳ. к.) зарур.


92. Полигон ёпилганидан сўнг, унинг майдонини рекультивация қилишга ётқизилган тупроқнинг камида қуйидаги мустаҳкамланиш муддатлари ўтганидан кейин йўл қўйилади:

кўп йиллик ўтларни экиш, пичанзор ва майсазорлар барпо этишда - 1 йил;

дарахт ва буталарнинг ниҳол ҳамда кўчатларини экишда - 2 йил.


93. Ёпилган полигонларда рекультивация қилишнинг ўрмон хўжалиги (дарахтзорлар барпо қилиш) ва рекреация йўналишлари энг мақбул йўл ҳисобланиб, рекультивация ишлари мазкур Йўриқноманинг 15-иловасига мувофиқ Полигонни рекультивация қилиш технологик схемаси бўйича амалга оширилади.


94. Полигонни рекультивация қилиш технологик схемасига мувофиқ рекультивация ишлари техник ва биологик босқичларда амалга оширилади.


95. Рекультивация қилишнинг техник босқичида полигон қиялиги махсус техника ёрдамида текистланади, унинг рекультивация қилинадиган устки қатламига 0,2 метр қалинликда унумдор тупроқ бир текисда ётқизилган ҳолда рекультивация қатлами ҳосил қилинади.


96. Рекультивация қилишнинг техник босқичи якунига кўра, полигоннинг рекультивация қилинадиган ҳудуди рекультивация қилишнинг биологик босқичини амалга ошириш учун топширилади.


97. Рекультивация қилишнинг биологик босқичида тупроқ эрозиясияга қарши, ландшафт-кўкаламзорлаштириш аҳамиятига эга ўрмонзорлар (дарахтзорлар) барпо этилиб, бу қуйидаги тадбирларни ўз ичига олади:

дастлабки йилда - кўкаламзорлаштириш учун ерни уруғ экишга тайёрлаш, кўп йиллик ўт уруғларини экиш (сепиш), экинзорларни парваришлаш;

келгуси йилда - маҳаллий иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда, кўп йиллик дарахт ва бута турларини танлаш, дарахт ва буталарни (уруғ, ниҳол ва кўчатларини) экиш, экинзорларни парваришлаш.



6-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


98. Ушбу Йўриқнома талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.


99. Мазкур Йўриқнома Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси, Қурилиш вазирлиги, Давлат геология ва минерал ресурслар қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси ҳамда Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси билан келишилган.






Йўриқномага

1-ИЛОВА



Фойдаланиш муддати 15 йилга мўлжалланган полигон

учун талаб этиладиган ер майдонининг ҳажми

(намунавий жадвал)

     

Хизмат

кўрсатиладиган

аҳоли сони

(минг киши)

Қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш

баландлиги, метр (м.)

12 м.

20 м.

25 м.

35 м.

45 м.

60 м.

50

6,5 га*

5,5 га

-

-

-

-

100

12,5 га

8,5 га

7,5 га

-

-

-

250

31,0 га

21,0 га

16,0 га

13,5 га

-

-

500

61,0 га

41,0 га

31,0 га

23,0 га

20 га

-

750

91,0 га

61,0 га

46,0 га

34,0 га

26,0 га

-

1000

121,0 га

81,0 га

61,0 га

45,0 га

35,0 га

31,0 га

*) Изоҳ: масалан, фойдаланиш муддати 15 йилга мўлжалланган, хизмат кўрсатиладиган аҳоли сони 50 минг кишини ташкил этадиган ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни жойлаштириш баландлиги 12 метр бўлган полигонлар учун тавсия этиладиган ер майдонининг ҳажми 6.5 гектарга тенг.






Йўриқномага

2-ИЛОВА



Полигонларда вақтинчалик йўлларни

жойлаштириш схемаси

    

1 - ер сатҳи;


2 - юқори (иккинчи) қават изоляцияси;


3 - 2 м баландликдаги вақтинчалик йўл;


4 - котлован (чуқурлик) тубининг ва қуйи (биринчи) қаватнинг асоси;


5 - юқори (иккинчи) қаватнинг оралиқ изоляцияси.






Йўриқномага

3-ИЛОВА



Полигон тузилмаси кесими


1 - ташқи (якуний) изоляция;


2 - оралиқ изоляция;


3 - чиқинди;


4 - сув ўтказмайдиган асос қисми;


5 - баландлиги;


6 - баландликни камайтириш кўрсаткичи;


7 - кенглиги;


8 - ер ости сувлари сатҳи.






Йўриқномага

4-ИЛОВА



Қиялиги 0,5 фоиздан юқори бўлган участкаларда

котлован (чуқурлик) поғонасини (каскадини)

лойиҳалаштириш схемаси


1 - изоляция қатлами учун тупроқтепа;


2 - участканинг котлованларни (чуқурликларни) лойихалаштирилгунга қадар юқори даражаси;


3 - горизонталь туби (асоси);


4 - оралиқ деворлар.






Йўриқномага

5-ИЛОВА



Полигонларда ишларни

ташкиллаштириш схемаси

Чиқиндиларни қабул қилиш, миқдорини ўлчаш

V

Чиқинди ташиш техникаларини бўшатиш жойига юбориш


V

Чиқинди ташиш техникаларини

иш харитаси ёнида бўшатиш

Кўчирилувчи тўсиқларни ўрнатиш


<

V

Изоляция учун тупроқ тайёрлаш

Чиқиндиларни қатлам қилиб харитага жойлаш

<

V

V

Тупроқни чиқиндиларни жойлаштириш харитасига ташиб келтириш

Чиқиндиларни қатлам қилиб зичлаштириш

<

V

Чиқиндиларни изоляциялаш учун хом ашёни етказиб бериш

Оралиқ ёки якуний изоляция қатламини ётқизиш

Ер ости сувларини назорат қилиш

>

<

^

V

Унумдор тупроқ қатламини ётқизиш, кўкаламзорлаштириш






Йўриқномага

6-ИЛОВА



Полигондан фойдаланиш

технологик схемаси

I - IV-полигондан навбат билан фойдаланиш кетма-кетлиги;


1 - 12-қаттиқ маиший чиқиндиларни қиш мавсумида жойлаштириш жойлари (иш хариталари);


13 - май-июнь ойларида тупроқ олиш жойлари (изоляция мақсадида);


14 - август-октябрь ойларида тупроқ олиш жойлари;


15 - вақтинчалик йўл;


16 - йўлларни таъмирлаш пайтида қаттиқ маиший чиқиндиларни фавқулодда жойлаштириш жойлари;


17 - хўжалик ҳудуди;


18 - қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб кириш йўналиши.






Йўриқномага

7-ИЛОВА



Полигондан фойдаланиш жадвали

Ойлар

Қабул қилиш режалаштирилган чиқинди

Тупроқ билан изоляциялаш

Технологиянинг

хусусиятлари

Харита рақами

Ҳажми

(минг куб. м)

Ишланадиган

харита рақами

Изоляция

қилинадиган

харита рақами

Ҳажми

(минг куб. м)

Январь







Февраль







Март







Апрель







Май







Июнь







Июль







Август







Сентябрь







Октябрь







Ноябрь







Декабрь











Йўриқномага

8-ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш

ва ҳисобга олиш китоби

     

Қаттиқ маиший чиқиндиларни қабул қилиш санаси

Чиқинди ташиш техникаси эгаси

Чиқинди ташиш техникасининг давлат рақами

Йўналиш

рақами

Қабул қилинган қаттиқ маиший чиқинди миқдори

Изох

куб. м

т




































Йўриқномага

9-ИЛОВА



Полигонда чиқиндиларни ташиш махсус транспорт

воситаларини бўшатиш схемаси

а - бўшатиш бўйича биринчи ва учинчи навбатлар (8-10, 12-14 с);


б - бўшатиш бўйича иккинчи ва тўртинчи навбатлар (10-12, 14-16 с);


1 - чиқинди ташиш транспорт воситаларини бўшатиш майдони (сменда иш ташкил этилганлигига қараб);


2 - чиқинди ташиш техникалари;


3 - иш харитаси;


4 - қаттиқ маиший чиқинди тўкилган майдон;


5 - қаттиқ маиший чиқинди;


6 - иш харитасига чиқиндиларни суриш бўйича бульдозерлар йўналиши;


7 - бўшатилгандан сўнг чиқинди ташиш техникаларининг полигондан чиқиб кетиши.






Йўриқномага

10-ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндиларни "пасдан тепага суриш"

усулида ётқизиш


1 - тупроқ билан таъминловчи скрепер;


2 - изоляция қилинувчи қатлам;


3 - изоляция учун тупроқ;


4 - чиқиндиларни зичловчи бульдозер;


5 - чиқинди ташиш техникасидан тўкилган чиқиндиларни ишчи харитага сурувчи бульдозер;


6 - чиқинди ташиш техникаси чиқинди тўкиш жойида;


7 - қия қатламларни ётқизиш;


8 - горизонтал қатламларни ётқизиш;


9 - тўкилган чиқинди.






Йўриқномага

11-ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндиларни "пастдан тепага суриш"

усулида хариталарни тўлдириш кетма-кетлиги

1 - 13-чиқиндилар билан навбатма-навбат тўлдириш ҳисобга олинган харита рақамлари;


14 - чиқиндидан бўшатилган чиқинди ташиш техникалари чиқиши учун вақтинчалик йўл; 15 - келаётган чиқинди ташиш техникалари учун вақтинчалик йўл;


16 - хўжалик ҳудуди;


17 - полигонга кириш доимий йўли;


18 - зичловчи бульдозер гусеницаларининг ҳаракат йўналиши бўйича шартли изи кўрсатилган хаританинг кўндаланг йўли.






Йўриқномага

12-ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндиларни "тепадан пастга суриш"

усулида ётқизиш

1 - чиқинди ташиш техникаси чиқиндини тўкиш жойида;


2 - олдинги кунда амалга оширилган изоляция;


3 - ишчи харитада чиқиндиларни зичлаш;


4 - 0,5-1 йил олдин амалга оширилган изоляция.






Йўриқномага

13-ИЛОВА



Қаттиқ маиший чиқиндиларни "тепадан пастга суриш"

усулида харитани тўлдириш кетма-кетлиги

1 - 13-чиқиндилар билан навбатма-навбат тўлдириш ҳисобга олинган харита рақамлари;


14 - чиқиндидан бўшатилган чиқинди ташиш техникалари чиқиши учун вақтинчалик йўл;


15 - келаётган чиқинди ташиш техникалари учун вақтинчалик йўл;


16 - хўжалик ҳудуди;


17 - полигонга кириш доимий йўли.






Йўриқномага

14-ИЛОВА



Иш харитада скреперлар ёрдамида чиқиндиларни

изоляциялаш учун тупроқ етказиб бериш схемаси

а - полигоннинг иккинчи навбатдаги котлованини (чуқурлигини) қазишда;


б - тупроқтепаликлар ҳосил қилишда;


1 - изоляция қилинган хариталар;


2 - изоляция қилинаётган харита;


3 - скрепер йўли;


4 - чиқинди ташиш техникаси учун вақтинчалик йўл;


5 - полигоннинг иккинчи навбатдаги котловани (чуқурлиги);


6 - скрепер;


7 - чиқинди билан тўлдирилаётган харита;


8 - чиқинди ташиш техникаларининг ҳаракатланиш йўли;


9 - тупроқтепалик.






Йўриқномага

15-ИЛОВА



Полигонни рекультивация қилиш

технологик схемаси

1

2

3

4

5

6

8

7

1 - полигоннинг текисланган қиялиги;


2 ва 5 - бульдозер;


3 - юк автотранспорти;


4 - ётқизиладиган унумдор тупроқ;


6 - ёпилган полигон (кўмилган қаттиқ маиший чиқиндилар);


7 - полигоннинг рекультивация қилинадиган қатлами;


8 - рекультивациянинг биологик босқичи.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 20 ноябрь


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2019 йил 25 ноябрь, 47-сон, 879-модда