язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Конституциялар ва кодекслар/ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси/ Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси (ЎзР 30.12.2019 й. ЎРҚ-599-сон Қонуни билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

СОЛИҚ КОДЕКСИ

(Янги таҳрири)


Ўзбекистон Республикасининг 30.12.2019 й.

ЎРҚ-599-сон Қонуни билан тасдиқланган


(01.01.2020 й., 01.01.2008 й. гача амалда бўлган

Солиқ кодексига қаранг)



Ҳужжатнинг рус тилидаги

матнига қаранг



Мазкур Кодексга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган

ЎзР 10.03.2020 й. ЎРҚ-607-сон Қонуни,

ЎзР 05.10.2020 й. ЎРҚ-640-сон Қонуни,

ЎзР 09.11.2020 й. ЎРҚ-646-сон Қонуни,

ЎзР 01.12.2020 й. ЎРҚ-652-сон Қонуни,

ЎзР 03.12.2020 й. ЎРҚ-653-сон Қонуни,

ЎзР 30.12.2020 й. ЎРҚ-659-сон Қонуни,

ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни,

ЎзР 29.04.2021 й. ЎРҚ-689-сон Қонуни,

ЎзР 16.08.2021 й. ЎРҚ-708-сон Қонуни,

ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни,

ЎзР 12.10.2021 й. ЎРҚ-721-сон Қонуни,

ЎзР 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон Қонуни,

ЎзР 25.10.2021 й. ЎРҚ-725-сон Қонуни,

ЎзР 29.10.2021 й. ЎРҚ-726-сон Қонуни,

ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни,

ЎзР 09.02.2022 й. ЎРҚ-752-сон Қонуни,

ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни,

ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонуни,

ЎзР 05.05.2022 й. ЎРҚ-767-сон Қонуни,

ЎзР 17.05.2022 й. ЎРҚ-770-сон Қонуни,

ЎзР 31.05.2022 й. ЎРҚ-773-сон Қонуни,

ЎзР 06.06.2022 й. ЎРҚ-775-сон Қонуни,

ЎзР 12.07.2022 й. ЎРҚ-783-сон Қонуни,

ЎзР 26.07.2022 й. ЎРҚ-785-сон Қонуни,

ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни,

ЎзР 12.06.2023 й. ЎРҚ-845-сон Қонуни,

ЎзР 16.06.2023 й. ЎРҚ-847-сон Қонуни,

ЎзР 18.07.2023 й. ЎРҚ-857-сон Қонуни,

ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни,

ЎзР 07.02.2024 й. ЎРҚ-906-сон Қонуни,

ЎзР 20.02.2024 й. ЎРҚ-910-сон Қонуни,

ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни,

ЎзР 02.04.2024 й. ЎРҚ-923-сон Қонуни,

ЎзР 13.05.2024 й. ЎРҚ-926-сон Қонуни,

ЎзР 29.05.2024 й. ЎРҚ-927-сон Қонуни,

ЎзР 13.08.2024 й. ЎРҚ-942-сон Қонуни,

ЎзР 29.08.2024 й. ЎРҚ-951-сон Қонуни,

ЎзР 07.09.2024 й. ЎРҚ-957-сон Қонуни,

ЎзР 18.10.2024 й. ЎРҚ-977-сон Қонуни,

ЎзР 05.11.2024 й. ЎРҚ-992-сон Қонуни,

ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонуни,

ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1001-сон Қонуни



УМУМИЙ ҚИСМ

I-IX бўлимлар, 1-30-боблар, 1-236-моддалар


МАХСУС ҚИСМ

X-XXI бўлимлар, 31-72-боблар, 237-483-моддалар



УМУМИЙ ҚИСМ


I бўлим. Умумий қоидалар (1-6-боблар, 1-75-моддалар)

   

II бўлим. Солиқ ҳисоби ва солиқ ҳисоботлари (7-8-боблар, 76-84-моддалар)

    

III бўлим. Солиқ мажбуриятини бажариш (9-15-боблар, 85-125-моддалар)

    

IV бўлим. Солиқ тўловчиларни ва солиқ солиш объектларини

ҳисобга олиш (16-боб, 126-134-моддалар)

  

V бўлим. Солиқ назорати (17-19-боблар, 135-175-моддалар)

  

VI бўлим. Трансферт нархни белгилашда солиқ

назорати (20-25-боблар, 176-202-моддалар)

    

VII бўлим. Назорат қилинадиган чет эл компанияларининг фойдасига

солиқ солиш шартлари ва умумий қоидалари (26-боб, 203-209-моддалар)

   

VIII бўлим. Солиққа оид ҳуқуқбузарликлар ва уларни содир

этганлик учун жавобгарлик (27-29-боблар, 210-229-моддалар)

  

IX бўлим. Солиқ органларининг ҳужжатлари ва улар

мансабдор  шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги)

устидан шикоят бериш (30-боб, 230-236-моддалар)



I БЎЛИМ.

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1-боб. Асосий қоидалар (1 - 15-моддалар)

2-боб. Ўзбекистон Республикасида солиқлар ва

йиғимлар тизими (16 - 18-моддалар)

3-боб. Солиқ муносабатларининг субъектлари, уларнинг

ҳуқуқлари ва мажбуриятлари (19 - 29-моддалар)

4-боб. Ушбу Кодексда қўлланиладиган

асосий тушунчалар (30 - 60-моддалар)

5-боб. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳи (61 - 68-моддалар)

6-боб. Солиқларнинг элементлари (69 - 75-моддалар)



1-БОБ. АСОСИЙ ҚОИДАЛАР


1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси

билан тартибга солинадиган муносабатлар

2-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчилик

3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ёки уларнинг

қисмларини ушбу Кодекснинг қоидаларига

мувофиқ эмас деб топиш

4-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг

вақт бўйича амал қилиши

5-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда

белгиланган муддатларни ҳисоблаш тартиби

6-модда. Ўзбекистон Республикасининг солиқ солишга

оид халқаро шартномаларининг қўлланилиши

7-модда. Солиқ солиш принциплари

8-модда. Мажбурийлик принципи

9-модда. Солиқ солишнинг аниқлиги ва солиқ органларининг

солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги принципи

10-модда. Адолатлилик принципи

11-модда. Солиқ тизимининг ягоналиги принципи

12-модда. Ошкоралик принципи

13-модда. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи

14-модда. Битимларнинг иқтисодий мазмуни ва уларни

юридик жиҳатдан расмийлаштириш

15-модда. Лозим даражада эҳтиёткорлик



1-модда. Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси

билан тартибга солинадиган муносабатлар


Ушбу Кодекс солиқлар ва йиғимларни белгилаш, жорий этиш ва бекор қилишга, ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлашга доир муносабатларни, шунингдек солиқ мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади.



2-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчилик

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)


(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ушбу Кодексдан ва қабул қилиниши ушбу Кодексда тўғридан-тўғри назарда тутилган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан иборат. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



3-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ёки уларнинг

қисмларини ушбу Кодекснинг қоидаларига

мувофиқ эмас деб топиш


(1-қ.) Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг бир қисми, агар мазкур ҳужжатга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, ушбу Кодекснинг қоидаларига мувофиқ эмас деб топилади:

1) ушбу Кодексга мувофиқ бундай ҳужжатларни қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлмаган орган томонидан қабул қилинган бўлса ёхуд норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган бўлса;

2) солиқ муносабатлари субъектларининг ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқларини бекор қилса ёки чекласа;

3) солиқ муносабатлари субъектлари ҳаракатларининг ушбу Кодексда белгиланган асосларини, шартларини, кетма-кетлигини ёки тартибини ўзгартирса;

4) ушбу Кодексда тақиқланган ҳаракатларга рухсат берса ёки йўл қўйса;

5) ушбу Кодекснинг нормаларига ёки қоидаларининг мазмунига бошқача тарзда зид бўлса.


(2-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган орган ёки унинг юқори турувчи органлари бу ҳужжатни бекор қилишга ёки унга зарур ўзгартишлар киритишга ҳақли. Бу органлар ушбу Кодексга мувофиқ бўлмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатни бекор қилишни ёки унга зарур ўзгартишлар киритишни рад этган тақдирда, у суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.


(3-қ.) Норматив-ҳуқуқий ҳужжат ёки унинг қисми улар қабул қилинган санадан эътиборан ушбу Кодексга мувофиқ эмас деб топилади.



4-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг

вақт бўйича амал қилиши

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)


(1-қ.) Солиқ солиш, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ мажбуриятлари юзага келган пайтда амалда бўлган қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари орқага қайтиш кучига эга эмас ва улар амалга киритилганидан кейин юзага келган муносабатларга нисбатан қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни бекор қиладиган ёки енгиллаштирадиган солиқ тўғрисидаги қонунчиликлар орқага қайтиш кучига эга. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Солиқлар ва йиғимларни бекор қилишни, солиқлар ва йиғимлар ставкаларини камайтиришни, солиқ тўловчиларнинг мажбуриятларини бекор қилишни ёки уларнинг аҳволини бошқача тарзда енгиллаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар бу солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларида тўғридан-тўғри назарда тутилган бўлса, орқага қайтиш кучига эга бўлиши мумкин, бундан ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Янги солиқлар ва йиғимлар белгиланишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари расман эълон қилинган кундан эътиборан камида уч ой ўтгач амалга киритилади. Солиқ имтиёзларини бекор қилишни, янги мажбуриятларни жорий этишни, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтиришни ёки солиқ муносабатлари субъектларининг ҳолатини бошқача тарзда оғирлаштиришни назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари ҳам худди шундай тартибда амалга киритилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(6-қ.) Солиқлар ва йиғимлар ставкаларининг ўзгартирилишини назарда тутувчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар уларда кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, улар расман эълон қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи кунидан эътиборан амалга киритилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Ушбу модданинг бешинчи ва олтинчи қисмларида кўрсатилмаган солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар ҳужжатларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилмаган бўлса, расман эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



5-модда. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда

белгиланган муддатларни ҳисоблаш тартиби

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда номи)


(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатлар, рўй бериши керак бўлган воқеа ёки содир қилиниши керак бўлган ҳаракатни кўрсатган ҳолда календарь сана билан ёки вақтнинг йиллар, чораклар, ойлар ёки кунлар билан ҳисобланадиган ўтиш даври билан аниқланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Календарь санадан ёки рўй бериши керак бўлган воқеадан кейинги кун солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатни ҳисоблаш бошланадиган кун деб ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Йиллар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги йилининг тегишли ойи ва кунида тугайди. Бунда кетма-кет келадиган ўн икки ойдан иборат ҳар қандай вақт даври йил деб эътироф этилади, бундан календарь йил мустасно.


(4-қ.) Чораклар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли кунида тугайди. Бунда чорак уч календарь ойга тенг деб ҳисобланади, чораклар ҳисоби эса календарь йил бошидан юритилади.


(5-қ.) Ойлар билан ҳисобланадиган муддат муддатнинг охирги ойининг тегишли санасида тугайди.


(6-қ.) Агар муддатнинг тамом бўлиши тегишли сана мавжуд бўлмаган ойга тўғри келса, муддат мазкур ойнинг охирги кунида тугайди.


(7-қ.) Кунлар билан ҳисобланадиган муддат, агар бу муддат календарь кунлар билан белгиланмаган бўлса, иш кунлари билан ҳисобланади. Бунда қонунчиликка мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган байрам куни деб эътироф этилмайдиган кун иш куни деб ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Агар муддатнинг охирги куни қонунчиликка мувофиқ дам олиш ва (ёки) иш куни бўлмаган кун деб эътироф этиладиган кунга тўғри келса, дам олиш кунидан ва (ёки) иш куни бўлмаган кундан кейинги иш куни муддатнинг тамом бўлиш куни деб ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(9-қ.) Амалга оширилиши учун муддат белгиланган ҳаракат муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар бажарилиши мумкин.


(10-қ.) Агар ҳужжатлар ёхуд пул маблағлари алоқа ташкилотига муддатнинг охирги куни соат 24 га қадар топширилган бўлса, муддат ўтказиб юборилмаган деб ҳисобланади.



6-модда. Ўзбекистон Республикасининг солиқ

солишга оид халқаро шартномаларининг

қўлланилиши


(1-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалаларига оид халқаро шартномаларини ва халқаро солиқ ҳуқуқининг умумий нормаларини қўллаш ушбу моддада белгиланган тартибда амалга оширилади.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси томонлардан бири бўлган, иккиёқлама солиқ солишнинг олдини олиш ва солиқларни тўлашдан бўйин товлашни бартараф этиш масалаларини тартибга соладиган халқаро шартнома қоидалари шундай шартномани тузган бир ёки иккала давлатнинг солиқ резидентларига нисбатан қўлланилади.


(3-қ.) Ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси тузилган давлатнинг солиқ резидентига нисбатан, агар солиқ резиденти ушбу халқаро шартнома қоидаларидан мазкур халқаро шартнома тузилган давлатнинг солиқ резиденти бўлмаган бошқа шахс манфаатларини кўзлаб фойдаланса, татбиқ этилмайди.


(4-қ.) Ушбу модданинг бешинчи - ўн иккинчи қисмлари қоидалари Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномасига мувофиқ тўлов манбаидан даромад олиш учун ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсни аниқлаш учун қўлланилади.


(5-қ.) Юридик шахс томонидан тўланадиган даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган шахс ёхуд унинг манфаатларини кўзлаб бундай даромадларни тасарруф этишга ваколатли бўлган ўзга шахс ушбу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс деб топилади. Бунда бу ҳуқуқ ушбу юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этиш ёки унинг устидан назорат бўлганлиги ёхуд бошқа ҳолатлар туфайли юзага келганлиги аҳамиятга эга эмас.


(6-қ.) Юридик шахс ташкил этмаган тузилманинг даромадларига нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс худди шундай тартибда аниқланади.


(7-қ.) Даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахсни аниқлашда ушбу модданинг бешинчи қисмида кўрсатилган шахслар томонидан бажариладиган вазифалар, шунингдек улар қабул қиладиган таваккалчиликлар инобатга олинади.


(8-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган даромадларни тасарруф этишга нисбатан чет эллик шахс чекланган ваколатларга эга бўлса, ҳеч қандай бошқа вазифаларни бажармаса ва ҳеч қандай таваккалчиликни ўз зиммасига олмаса, бундай даромадларни бевосита ёки билвосита бошқа шахсга тўлаган (тўлиқ ёки қисман) ҳолда, ушбу бошқа шахснинг манфаатларини кўзлаб мазкур даромадларга нисбатан воситачилик вазифаларини амалга оширса, бу чет эллик шахс Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинадиган даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга деб эътироф этилмайди.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромадларни бундай даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган чет эллик шахсга тўлаш чоғида, агар тўлов манбаига бундай даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга шахс маълум бўлса, тўланаётган даромадга солиқ солиш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) агар тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти бўлса, тўланаётган даромадга (унинг бир қисмига) солиқ солиши, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентларига нисбатан ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ амалга оширилади. Бунда тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) тааллуқли солиқ, агар тўлов манбаи ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органини хабардор қилган бўлса, тўлов манбаи томонидан ушлаб қолинмайди. Бундай хабардор қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади; (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) агар тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартнома мавжуд бўлган давлатнинг (ҳудуднинг) солиқ резиденти бўлса, тўланаётган даромадларга (уларнинг бир қисмига) солиқ солишга нисбатан мазкур халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.


(10-қ.) Кўрсатилган қоидалар, башарти даромадлар тўланадиган ва бу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг доимий турган жойи солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартномага эга бўлган давлат (ҳудуд) бўлса, қўлланилади.


(11-қ.) Агар даромадлар тўланадиган ва бу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган шахснинг доимий турган жойи солиқ солиш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси билан амалдаги халқаро шартномага эга бўлмаган давлат (ҳудуд) бўлса, солиқ тўлов манбаида мазкур Кодекс билан белгиланган солиқ ставкалари бўйича ушлаб қолинади. Агар бундай даромадлар ушбу даромадларга нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлмаган ва бу даромадларга (уларнинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлган шахс қайси давлат (ҳудуд) резиденти эканлиги ўзига маълум бўлмаган шахсга тўланса, тўлов манбаидаги солиқ ҳам солиқ ставкалари бўйича ушлаб қолинади.


(12-қ.) Халқаро шартномада Ўзбекистон Республикаси томонидан белгиланган ваколатли орган Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаси қоидаларига мувофиқ чет давлатнинг ваколатли органидан чет давлат солиқ тўловчиси томонидан Ўзбекистон Республикасида бажарилмаган солиқ мажбуриятларини бажаришига кўмаклашиш тўғрисида сўрашга ҳақли.



7-модда. Солиқ солиш принциплари


Солиқ солиш мажбурийлик, аниқлик ва солиқ органларининг солиқ тўловчилар билан ҳамкорлиги, адолатлилик, солиқ тизимининг ягоналиги, ошкоралик ва солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципларига асосланади.



8-модда. Мажбурийлик принципи


(1-қ.) Ҳар бир шахс ушбу Кодексда белгиланган солиқлар ва унда назарда тутилган йиғимларни тўлаши шарт.


(2-қ.) Ҳеч кимга солиқлар ва йиғимларнинг барча аломатларига эга бўлган, бироқ ушбу Кодексда назарда тутилмаган ёхуд унинг нормалари бузилган ҳолда белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилиши мумкин эмас.



9-модда. Солиқ солишнинг аниқлиги ва солиқ

органларининг солиқ тўловчилар билан

ҳамкорлиги принципи


(1-қ.) Солиқларни ва йиғимларни белгиловчи солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчиларни ҳамда ушбу солиқларнинг ва йиғимларнинг бошқа барча элементларини, шу жумладан уларни тўлаш муддатлари ва тартибини аниқлаб бериши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Солиқ органлари солиқ муносабатлари доирасида солиқ тўловчилар билан солиқ тўғрисидаги қонунчиликни тўғри бажариш мақсадида ҳамкорлик қилиши шарт. Бунда солиқ органлари солиқ тўловчиларнинг қонуний фаолиятига асоссиз тўсиқлар яратишга ҳақли эмас, солиқ тўловчилар эса солиқ органлари ўз ваколатларини амалга ошириши учун шарт-шароит яратиши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



10-модда. Адолатлилик принципи


(1-қ.) Солиқлар ва йиғимлар камситиш хусусиятига эга бўлиши ҳамда ижтимоий, ирқий, миллий, диний ва бошқа шу каби мезонлардан келиб чиққан ҳолда қўлланилиши мумкин эмас.


(2-қ.) Мулкнинг шаклига, жисмоний шахсларнинг фуқаролигига ёки капиталнинг келиб чиқиш мамлакатига қараб фарқланган солиқ ставкаларини, солиқ имтиёзларини ёки бошқа афзалликларни белгилашга йўл қўйилмайди.


(3-қ.) Фуқароларнинг ўз конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қиладиган солиқларни белгилашга йўл қўйилмайди.



11-модда. Солиқ тизимининг ягоналиги принципи



(1-қ.) Солиқ тизими Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягонадир.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасининг ягона иқтисодий маконини бузувчи, хусусан, Ўзбекистон Республикасининг ҳудуди доирасида товарларнинг (хизматларнинг) ёки молиявий маблағларнинг эркин муомалада бўлишини бевосита ёки билвосита чеклаб қўядиган солиқлар белгиланишига йўл қўйилмайди.



12-модда. Ошкоралик принципи


(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари расман эълон қилиниши шарт. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Расман эълон қилинмаган солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари кучга киритилмаган ҳужжат сифатида ҳуқуқий оқибатларни келтириб чиқармайди. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



13-модда. Солиқ тўловчининг ҳақлиги презумпцияси принципи

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


Солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларидаги барча бартараф этиб бўлмайдиган қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар солиқ тўловчининг фойдасига талқин этилади.



14-модда. Битимларнинг иқтисодий мазмуни ва

уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш


(1-қ.) Солиқ солиш мақсадида барча битимлар ва солиқ тўловчи киришадиган бошқа иқтисодий муносабатлар, уларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши усулидан ёки шартноманинг номланишидан қатъи назар, ўзининг ҳақиқий иқтисодий мазмунидан келиб чиққан ҳолда ҳисобга олиниши керак.


(2-қ.) Агар битимнинг ёки иқтисодий муносабатларнинг юридик жиҳатдан расмийлаштирилиши уларнинг ҳақиқатдаги иқтисодий мазмунига мувофиқ бўлмаса, солиқ органлари солиқ солиш мақсадида битимнинг юридик тавсифланишини, солиқ тўловчининг мақомини ва (ёки) унинг иқтисодий фаолияти хусусиятини ўзгартиришга ҳақли.


(3-қ.) Қалбаки (кўзбўямачилик учун тузилган) битимлар солиқ солиш мақсадида ҳисобга олинмайди. Агар бундай битимлар бошқа битимларни ниқобласа, солиқларни ҳисоблаш учун ҳақиқий битимларнинг иқтисодий мазмуни ва натижалари ҳисобга олинади.


(4-қ.) Агар битимларнинг ёки бошқа иқтисодий муносабатларнинг барча иштирокчилари ўзлари тузган битимларнинг барча шартлари ва талабларини бажараётган бўлса, солиққа оид бўлмаган муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган қоидаларнинг айрим бузилишлари солиқ тўловчи томонидан олинган даромадларни ёки уларнинг қилган харажатларини (кўрган зарарларини) солиқ солиш мақсадида эътироф этишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.


(5-қ.) Агар солиқ тўловчи ягона ёки устувор мақсади солиқ тўламаслик тарзидаги асоссиз солиқ нафи олишдан ёхуд ўзи тўлайдиган солиқларнинг суммасини камайтиришдан иборат бўлган операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини амалга оширса, унинг бундай ҳаракатлари ушбу Кодекс мақсадларида ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади.


(6-қ.) Солиқларнинг суммаларини камайтиришга оид схема ҳам ҳуқуқни суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади, бунда ушбу камайтириш бевосита ёки билвосита мақсад ёхуд оқибат бўлади ёки мақсадлардан ёхуд оқибатлардан бири бўлади ҳамда бу мақсад ёки оқибат иккинчи даражали бўлмайди. Солиқларнинг суммаларини камайтириш солиқ солиш қамровини бевосита ёки билвосита ўзгартиришни, солиқ имтиёзларидан фойдаланишни ёки тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бошқача тарзда камайтиришни ўз ичига олади.


(7-қ.) Ҳуқуқ суиистеъмол қилинган ҳолларда, солиқ органлари солиқ тўловчи тўлаши лозим бўлган солиқларнинг суммаларини аниқлашда ҳуқуқни суиистеъмол қилиш аломатларига эга бўлган айрим операцияларни ёки операциялар кетма-кетлигини эътиборга олмасликка ҳақли. Шунингдек солиқ органлари тўланиши лозим бўлган солиқлар суммаларини бундай суиистеъмолликнинг таъсирини истисно этадиган тарзда ўзгартиришга ҳақли.


(8-қ.) Ушбу моддада кўрсатилган ҳуқуқни суиистеъмол қилишнинг, битим қалбакилигининг (кўзбўямачилик учун тузилганлигининг) ҳолатларини аниқлаш, шунингдек уларнинг оқибатларини қўллаш солиқ органлари томонидан, солиқ тўловчи норози бўлган тақдирда эса, солиқ органларининг даъвоси бўйича суд томонидан амалга оширилади.



15-модда. Лозим даражада эҳтиёткорлик


(1-қ.) Солиқ муносабатларида солиқ тўловчилар контрагентларни танлаш чоғида уларнинг солиқ органларида солиқ тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлигини, контрагентнинг ишбилармонлик обрўсини, ишлаб чиқариш базаси ва ходимлари мавжудлигини, молиявий ҳолатини, битим бўйича мажбуриятларни бажариш қобилиятини текшириб, лозим даражада эҳтиёткорлик қилиши шарт.


(2-қ.) Солиқ тўловчи томонидан унинг олдидаги ўз мажбуриятларини бажармаган шахслар билан тузилган битимлар бўйича қилинган харажатлар (кўрилган зарарлар), агар ушбу солиқ тўловчи битим тузаётганда лозим даражада эҳтиёткорлик қилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида тан олинмайди.


(3-қ.) Солиқ органлари солиқ тўловчиларга контрагентларнинг солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги тўғрисидаги ахборотдан, шунингдек бошқа ахборотдан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда фойдаланиш имкониятини беради.



2-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИДА

СОЛИҚЛАР ВА ЙИҒИМЛАР ТИЗИМИ


16-модда. Солиқлар ва йиғимлар

17-модда. Солиқларнинг ва йиғимларнинг турлари

18-модда. Махсус солиқ режимлари



16-модда. Солиқлар ва йиғимлар


(1-қ.) Солиқ деганда ушбу Кодексда белгиланган, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ёки давлат мақсадли жамғармасига (бундан буён матнда бюджет тизими деб юритилади) тўланадиган мажбурий беғараз тўлов тушунилади.


(2-қ.) Йиғим деганда бюджет тизимига ушбу Кодексда ёки бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган мажбурий тўлов тушунилади, бу йиғимнинг тўланиши уни тўловчи шахсга нисбатан ваколатли орган ёки унинг мансабдор шахси томонидан юридик аҳамиятга эга ҳаракатларни амалга ошириш, шу жумладан унга муайян ҳуқуқларни ёхуд рухсат этувчи ҳужжатларни бериш шартларидан бири бўлади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Шахснинг зиммасига суд тартибида юклатилган жарималар ва бошқа тўловлар, шунингдек қонунда белгиланган ҳолларда мол-мулкни мусодара қилиш ҳамда бошқача тарзда олиб қўйиш солиқлар ёки йиғимлар жумласига кирмайди.



17-модда. Солиқларнинг ва йиғимларнинг турлари


(1-қ.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги солиқлар белгиланади:

1) қўшилган қиймат солиғи;

2) акциз солиғи;

3) фойда солиғи;

4) жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;

5) ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;

5-1) фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғи; (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)

6) сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

7) мол-мулк солиғи;

8) ер солиғи;

9) ижтимоий солиқ.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида йиғимлар белгиланиши мумкин. Йиғимларни жорий этиш, ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодексда ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Чет давлатлар автотранспорт воситаларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирганлиги ва унинг ҳудуди орқали транзити учун йиғимни, юк кўтариш қуввати 10 тоннадан юқори бўлган юк автотранспорти воситалари ва тиркамаларининг автомобиль йўллари бўйлаб ҳаракатланиши ҳуқуқи учун йиғимни ҳамда алкоголь маҳсулотларини реализация қилиш ҳуқуқи учун йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби ушбу Кодекс билан тартибга солинади. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(4-қ.) Давлат божини ҳисоблаб чиқариш ва ундириш тартиби давлат божи тўғрисидаги қонунчиликда белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



18-модда. Махсус солиқ режимлари


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қуйидаги махсус солиқ режимлари белгиланади:

1) айланмадан олинадиган солиқ;

2) маҳсулот тақсимотига оид битимлар иштирокчиларига солиқ солишнинг алоҳида тартиби;

3) махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби;

4) Ўзбекистон Республикасининг айрим ҳудудларида солиқ солишнинг алоҳида тартиби.

(ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(2-қ.) Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ва айрим тоифадаги солиқ тўловчиларга солиқ солишнинг алоҳида тартиби қонунчиликда ёки инвестиция битимларида назарда тутилган инвестицияларни амалга ошириш ҳамда бошқа шартларни бажариш билан боғлиқ ҳолда муайян муддат учун белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Махсус солиқ режимлари айрим солиқларни тўлашдан озод этишни, пасайтирилган солиқ ставкаларини ва бошқа солиқ имтиёзларини қўллашни назарда тутиши мумкин.



3-БОБ. СОЛИҚ МУНОСАБАТЛАРИНИНГ

СУБЪЕКТЛАРИ, УЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


19-модда. Солиқ муносабатларининг субъектлари

ва ҳужжатлар алмашиш тартиби

20-модда. Солиқ тўловчилар

21-модда. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари

22-модда. Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари

23-модда. Солиқ агентлари

24-модда. Солиқ тўловчининг вакиллари

25-модда. Ваколатли органлар

26-модда. Солиқ органларининг ҳуқуқлари

27-модда. Солиқ органларининг мажбуриятлари

28-модда. Божхона органларининг, йиғимларни ундиришга

доир вазифаларни амалга оширувчи давлат органларининг

ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

29-модда. Солиқ сири



19-модда. Солиқ муносабатларининг субъектлари

ва ҳужжатлар алмашиш тартиби


(1-қ.) Солиқ тўловчилар, солиқ агентлари ва ваколатли органлар солиқ муносабатларининг субъектларидир.


(2-қ.) Солиқ органлари, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, ҳужжатларни электрон ҳужжат тарзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборади. Юборилган ҳужжатлар солиқ тўловчи томонидан ўқиб чиқилганидан кейин, лекин ушбу ҳужжат жўнатилган санадан эътиборан уч кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади.


(3-қ.) Агар солиқ тўловчида солиқ тўловчининг шахсий кабинети мавжуд бўлмаса, ҳужжатлар буюртма хат қилиб почта орқали юборилади ва улар жўнатилганидан сўнг беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.


(4-қ.) Ҳужжатлар солиқ тўловчига ёки унинг вакилига шахсан мазкур ҳужжатлар олинган сана кўрсатилган ҳолда имзо қўйдириб топширилиши мумкин.


(5-қ.) Солиқ тўловчилар, ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ органларига ҳужжатларни мазкур модданинг иккинчи - тўртинчи қисмларида кўрсатилганига ўхшаш тартибда юборади. Бунда ушбу ҳужжатлар солиқ органларига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилганда - жўнатилган кун, почта орқали юборилганда беш кундан кейин олинган деб ҳисобланади.


(6-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳужжатларнинг, электрон ҳужжат айланишини таъминлаш учун зарур бўлган ҳужжатларнинг шакллари, мазкур ҳужжатларнинг шаклларини тўлдириш тартиби, бундай ҳужжатларни қоғозда ёки телекоммуникация каналлари орқали электрон шаклда ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юбориш ҳамда олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.



20-модда. Солиқ тўловчилар


(1-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига белгиланган солиқлар ҳамда йиғимларни тўлаш мажбурияти юклатилган юридик ва жисмоний шахслар солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.


(2-қ.) Юридик шахсларнинг алоҳида бўлинмалари мазкур шахсларнинг солиқлар ва йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятларини ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда ушбу алоҳида бўлинмалар жойлашган ери бўйича бажаради.


(3-қ.) Йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган солиқ тўловчилар алоҳида бўлинмаларни ҳисобга олиб марказлашган ҳолда солиқ ҳисоботини тақдим этади ва солиқларни (йиғимларни) тўлайди.


(4-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари солиқ тўловчилар деб эътироф этилади.



21-модда. Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари


(1-қ.) Солиқ тўловчилар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

солиқ органларидан ва бошқа ваколатли органлардан (уларнинг ваколатлари доирасида) амалдаги солиқлар тўғрисида, солиқ тўғрисидаги қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисида ахборотни, солиқ ҳисоботининг ва аризаларнинг шаклларини, шунингдек уларни тўлдириш тартиби ҳақида тушунтиришларни бепул олиш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ўз солиқ мажбуриятларини бажариш юзасидан солиқ органларида ва бошқа ваколатли органларда мавжуд бўлган маълумотларни олиш;

ушбу Кодексда белгиланган асослар мавжуд бўлганда ва тартибда солиқ имтиёзларидан фойдаланиш ёхуд улардан фойдаланишни рад этиш;

солиқлар, пенялар ва жарималарнинг ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммаларини ўз вақтида ҳисобга ўтказиш ёки қайтариш;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва шартларда солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш;

солиқ солиш объектларини ҳисобга олишда, солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашда ўзлари йўл қўйган хатоларни мустақил равишда тузатиш;

ушбу Кодексга мувофиқ ўз ҳудудида ўтказиладиган сайёр солиқ текширувини ва солиқ аудитини ўтказиш чоғида ҳозир бўлиш;

сайёр солиқ текшируви ва солиқ аудити материаллари билан танишиш, шунингдек ушбу текширувларнинг далолатномаларини олиш;

солиқ текширувини амалга оширувчи солиқ органларига солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг ижросига тааллуқли масалалар бўйича тушунтиришлар бериш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг ҳамда улар мансабдор шахсларининг ушбу Кодексга ва (ёки) солиқ тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган талабларини бажармаслик; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг норматив тусга эга бўлмаган ҳужжатлари ҳамда қарорлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан белгиланган тартибда шикоят қилиш;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонунга хилоф қарорлари ёки улар мансабдор шахсларининг ноқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли етказилган зарарларнинг ўрни қопланишини белгиланган тартибда талаб қилиш;

ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ текшируви материалларини ёки солиқ органларининг бошқа ҳужжатларини кўриб чиқиш жараёнида иштирок этиш;

солиқ муносабатлари масалаларига оид ўз манфаатларини шахсан ёхуд солиқ маслаҳатчилари ташкилоти ёки бошқа ўз вакиллари орқали ифодалаш;

солиқ сирига риоя этиш ва уни сақлаш.


(2-қ.) Солиқ тўловчилар ушбу Кодексда ва солиқ тўғрисидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларида белгиланган ўзга ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Солиқ тўловчининг солиқ муносабатларида шахсан иштирок этиши уни вакилга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди, худди шунингдек вакилнинг иштирок этиши солиқ тўловчини бундай муносабатларда шахсан иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқлари солиқ органлари ва бошқа ваколатли органлар мансабдор шахсларининг тегишли мажбуриятлари билан таъминланади.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқларини таъминлашга оид мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигида назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



22-модда. Солиқ тўловчиларнинг мажбуриятлари


(1-қ.) Солиқ тўловчилар:

белгиланган солиқлар ва йиғимларни ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши;

ҳужжатларни кўриб чиқиш ёки тушунтиришлар бериш зарурияти тўғрисида чақирув хатини олганида солиқ органига келиши;

товарларни (хизматларни) реализация қилишда харидорга ҳисобварақ-фактураларни, чекларни ёки уларга тенглаштирилган бошқа ҳужжатларни бериши;

солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларига солиқларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, шунингдек электрон манбаларда сақланадиган тегишли ахборот билан танишиш имкониятини таъминлаши;

солиқ органлари ва бошқа ваколатли органларнинг қонуний талабларини бажариши, кўрсатилган органларнинг ва улар мансабдор шахсларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилмаслиги;

агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ ҳисоботларининг ва солиқларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг тегишли солиқларни тўлаш учун белгиланган календарь йилдан кейинги уч йил мобайнида бут сақланишини таъминлаши; (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ўзи солиқ бўйича ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларини Ўзбекистон Республикаси юридик шахсларидаги ва чет эл юридик шахсларидаги иштироки тўғрисида, агар устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши 10 фоиздан ортиқ бўлса, хабардор этиши шарт.


(2-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, ўзлари ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига ўзларининг барча алоҳида бўлинмалари тўғрисида ва алоҳида бўлинмаларга оид илгари хабар қилинган маълумотларидаги ўзгаришлар тўғрисида алоҳида бўлинма ташкил этилган ёки мазкур маълумотлар ўзгартирилган кундан эътиборан бир ой ичида хабар қилиши шарт.


(3-қ.) Ушбу Кодекс билан зиммасига солиқ ҳисоботини электрон шаклда тақдим этиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ органлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчилиги билан тартибга солинадиган муносабатлардаги ўз ваколатларини амалга ошириш чоғида фойдаланиладиган ҳужжатларнинг солиқ органидан телекоммуникация алоқа тармоқлари орқали электрон шаклда олинишини таъминлаши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ солиқ солиш объекти деб эътироф этиладиган кўчмас мулкка эга бўлган чет эл юридик шахслари ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятлардан ташқари, кўчмас мулк объекти турган жойдаги солиқ органига ушбу чет эл юридик шахсининг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотларни ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда хабар қилиши шарт. Юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмалари кўрсатилган ҳолатларда ўз муассислари, бенефициарлари ва бошқарувчилари ҳақидаги маълумотларни хабар қилиши керак. Чет эл юридик шахсида (юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасида) ушбу қисмда кўрсатилган бир нечта мол-мулк объекти мавжуд бўлган тақдирда, ушбу шахс танловига кўра, хабар мол-мулк объектларининг бири турган ердаги солиқ органига тақдим этилади.


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан солиқлар тўлайдиган солиқ тўловчилар зиммасида Ўзбекистон Республикасининг божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган мажбуриятлар ҳам бўлади.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг зиммасида қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



23-модда. Солиқ агентлари

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Ушбу Кодексга мувофиқ зиммасига солиқларни ҳисоблаб чиқариш, солиқ тўловчидан ушлаб қолиш ва бюджет тизимига ўтказиш мажбурияти юклатилган шахслар солиқ агентлари деб эътироф этилади.


(2-қ.) Солиқ агентлари, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар каби ҳуқуқларга эга бўлади.


(3-қ.) Солиқ агентлари:

солиқларни тўғри ва ўз вақтида ҳисоблаб чиқариши, ушлаб қолиши ҳамда бюджет тизимига ўтказиши;

солиқ органларига солиқни ушлаб қолиш имконияти йўқлиги ва солиқ тўловчининг солиқ қарзи суммаси тўғрисида бундай ҳолатлар солиқ агентига маълум бўлган кундан эътиборан бир ой ичида ёзма равишда ёки электрон шаклда хабар қилиши;

ҳисобланган ва тўланган даромадларнинг, ҳисоблаб чиқарилган, ушлаб қолинган ва бюджет тизимига ўтказилган солиқларнинг ҳисобини ҳар бир солиқ тўловчи бўйича алоҳида юритиши;

солиқларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, ушлаб қолиниши ва ўтказилиши устидан назоратни амалга ошириш учун зарур бўлган ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этиши;

солиқ ҳисоботларининг ҳамда солиқларни ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатларнинг ушбу Кодекснинг 88-моддасида назар тутилган даъво муддати мобайнида бут сақланишини таъминлаши шарт.


(4-қ.) Солиқ агентларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.



24-модда. Солиқ тўловчининг вакиллари

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Солиқ тўловчи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ муносабатларида қонуний ёки ваколатли вакил орқали иштирок этишга ҳақли.


(2-қ.) Вакилнинг ваколатлари ушбу Кодексга ва бошқа қонунчиликка мувофиқ ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак.


(3-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчининг қонуний вакили деб ушбу юридик шахсга қонун ёки унинг таъсис ҳужжатлари асосида вакиллик қилишга ваколатли шахслар эътироф этилади.


(4-қ.) Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг қонуний вакили деб фуқаролик қонунчиликка мувофиқ унинг вакиллари сифатида фаолият олиб борадиган шахслар эътироф этилади.


(5-қ.) Юридик шахс қонуний вакилларининг мазкур юридик шахснинг солиқ муносабатларида иштирок этиши муносабати билан содир этилган ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) ушбу юридик шахснинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) ҳисобланади.


(6-қ.) Солиқ тўловчи томонидан белгиланган тартибда солиқ органлари, божхона органлари ва солиқ муносабатларининг бошқа иштирокчилари билан муносабатларда ўз манфаатларини ифодалаш ваколати берилган солиқ маслаҳатчилари ташкилотлари ёки бошқа шахслар солиқ тўловчининг ваколатли вакиллари бўлиши мумкин.


(7-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчининг ваколатли вакили, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ўз ваколатларини тузилган шартнома ёки фуқаролик қонунчиликда белгиланган тартибда бериладиган ишончнома асосида амалга оширади.


(8-қ.) Жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг ваколатли вакили ўз ваколатларини фуқаролик қонунчиликка мувофиқ нотариал тасдиқланган ишончнома асосида амалга оширади.


(9-қ.) Солиқ, молия, божхона ва бошқа давлат органларининг мансабдор шахслари солиқ тўловчининг ваколатли вакиллари бўла олмайди.


(10-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қонун асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи барча иштирокчиларининг ваколатли вакили ҳисобланади.


(11-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартнома қоидаларидан қатъи назар, ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси қуйидагилар билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда мазкур консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларининг манфаатларини ифодалашга ҳақли:

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномани солиқ органларида рўйхатдан ўтказиш, шунингдек ушбу шартномага ўзгартириш киритиш, шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарор ва уни тугатиш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда;

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчисидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи учун фойда солиғи бўйича қарзларни мажбурий ундириш билан боғлиқ ҳуқуқий муносабатларда;

солиқ органининг мансабдор шахси томонидан амалга оширилган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) хусусияти бўйича улар солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчиси бўлган юридик шахснинг ҳуқуқларига бевосита таъсир қилса.


(12-қ.) Амал қилиш муддати тугаши билан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартнома муддатидан олдин бекор қилинганда ёки тугатилганда ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси бўлган шахс ушбу модданинг ўнинчи ва ўн биринчи қисмларида назарда тутилган ваколатларини сақлаб қолади.


(13-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган шахслар мазкур гуруҳ иштирокчиларининг манфаатларини ифодалаш бўйича ушбу Кодекс билан ўзларига берилган ваколатларни қонунчиликда белгиланган тартибда тузилган шартнома ёки берилган ишончнома асосида учинчи шахсларга беришга ҳақлидир.



25-модда. Ваколатли органлар


Қуйидагилар ваколатли органлардир:

солиқ органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси, Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар давлат солиқ бошқармалари, шунингдек туманлар (шаҳарлар) давлат солиқ инспекциялари;

божхона органлари - Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси, Давлат божхона қўмитасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бўйича бошқармалари, "Тошкент - АЭРО" махсус божхона комплекси ва божхона постлари;

йиғимларни ундириш функциясини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотлар.



26-модда. Солиқ органларининг ҳуқуқлари


(1-қ.) Солиқ органлари қуйидагиларга ҳақли:

солиқ тўловчилардан ва учинчи шахслардан солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни (ахборотни), шу жумладан электрон тарзда тақдим этишини талаб қилиш;

ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ текширувлари ва бошқа солиқ назорати тадбирларини ўтказиш;

ҳудудни, ишлаб чиқариш, омборхона, савдо биноларини ва бошқа биноларни, шу жумладан солиқ тўловчи даромад олиш учун фойдаланадиган ёки солиқ солиш объектларини сақлаш билан боғлиқ жойларни кўздан кечириш;

мол-мулкни инвентаризация қилиш ва бажарилган ишлар, кўрсатилган хизматларнинг назорат ўлчовларини ўтказиш;

қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда кассани ва товар-моддий бойликлар ҳамда ҳужжатлар сақланадиган жойларни икки кундан ортиқ бўлмаган муддатга, икки кундан ортиқ муддатга эса, суд қарори бўйича муҳрлаш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқларни ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш билан боғлиқ ҳужжатларни ва электрон ахборот жисмларини олиб қўйиш;

фото- ва видеотасвирга тушириш, тушунтиришлар ҳамда бошқа маълумотларни олиш;

таржимонни, экспертни жалб этиш ва экспертиза тайинлаш;

солиқ тўловчи ҳисоб ҳужжатларини йўқотган ёки йўқ қилган ҳолларда солиқ тўловчи тўғрисидаги ўзида мавжуд ахборот, шунингдек бошқа шу каби солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотлар асосида солиқлар суммасини ҳисоб-китоб орқали мустақил равишда аниқлаш;

ўзаро келишув асосида солиқ мониторингида иштирок этаётган солиқ тўловчи томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқларни ҳисоблаб чиқаришнинг тўғрилиги, тўлиқлиги ва ўз вақтида тўланиши юзасидан солиқ мониторингини ўтказиш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ қарзини мажбурий ундириш чораларини кўриш;

солиққа оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ва молиявий санкциялар қўллаш;

солиқ ҳуқуқбузарликларининг аниқланган ҳолатлари бўйича товар-моддий бойликларни белгиланган тартибда давлат даромадига ўтказиш. Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг товар-моддий бойликларини давлат даромадига ўтказиш суд тартибида амалга оширилади;

солиқ тўловчиларга нисбатан улар томонидан ноқонуний олинган маблағларни давлат даромадига ундириш тўғрисида судларга даъволар киритиш;

ҳужжатларнинг давлат тилига таржима қилинишини талаб қилиш;

солиқ тўловчиларни ва солиқ агентларини ёзма билдириш асосида солиқ органларига улар томонидан солиқларни тўлаш (ушлаб қолиш ва ўтказиш) юзасидан ёки солиқ текшируви билан боғлиқ равишда, шунингдек улар томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бажарилиши билан боғлиқ бошқа ҳолларда тушунтиришлар беришга чақириш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва уларнинг мол-мулкини хатлаб қўйиш;

солиқ тўловчилар ва уларнинг вакилларидан, солиқ агентларидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини бартараф этишни талаб қилиш ҳамда ушбу талабларнинг бажарилишини назорат қилиш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ушбу Кодексда белгиланган мажбуриятларнинг банклар томонидан бажарилишини назорат қилиш.


(2-қ.) Солиқ органлари қонунга мувофиқ бошқа ҳуқуқларни ҳам амалга ошириши мумкин.



27-модда. Солиқ органларининг мажбуриятлари


(1-қ.) Солиқ органлари:

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этиши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши, солиқлар ва йиғимларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши, тўлиқ ҳамда ўз вақтида тўланиши устидан назоратни амалга ошириши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ тўловчилар, солиқ солиш объектлари ва солиқ солиш билан боғлиқ объектлар, ҳисобланган ва тўланган солиқлар тўлиқ ва ўз вақтида ҳисобга олинишини таъминлаши;

солиқ текширувларини ўтказишда солиқ тўловчиларга уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тўғрисида маълумот бериши, шунингдек ўтказилган текширишлар натижалари тўғрисида хабардор қилиши;

солиқ тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтида ўз вақтида эълон қилиши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

солиқ тўловчиларга солиқ тўғрисидаги қонунчиликни ижро этишида ёрдам бериши, солиқ тўғрисидаги қонунчилик нормаларини ва солиқ имтиёзларини қўллаш тартибини тушунтириши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

cолиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги фактларини таҳлил қилиши ва баҳолаши, солиққа оид ҳуқуқбузарликларга олиб келадиган сабаблар ва шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги таклифларни тегишли давлат органларига киритиши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда солиққа оид ҳуқуқбузарликларга қарши курашишга доир узоқ муддатли ва жорий дастурларни ишлаб чиқиши ҳамда амалга ошириши;

солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисидаги аризаларни, хабарларни ва бошқа ахборотни ўрганиши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

давлат даромадига ўтказилган мол-мулкни реализация қилишдан пул маблағларининг тўлиқ ва ўз вақтида тушишини назорат қилиши;

масалани ҳал этиш солиқ органлари ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳолларда солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши фактлари бўйича материалларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топшириши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

ўз ваколатлари доирасида валюта ва экспорт-импорт операцияларини амалга оширишнинг белгиланган тартибига риоя этилиши устидан назорат қилиши;

солиқ сирига риоя этиши ва унинг сақланишини таъминлаши;

солиқ тўловчининг талабига биноан солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбуриятининг бажарилиши юзасидан солиштирма далолатнома тузиши;

ушбу Кодексга мувофиқ солиқ қарзи суммасини сўзсиз ундириши;

юридик ва жисмоний шахсларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезидентларини ҳисобга олиши, уларга солиқ тўловчиларнинг идентификация рақамини бериши ҳамда бу ҳақда статистика ва рўйхатдан ўтказувчи органларга расмий равишда маълум қилиши;

солиқ тўловчининг талабига биноан унинг солиқ органларида ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи маълумотномани бериши;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликни қўллаш масалалари юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг ёзма тушунтиришларига амал қилиши шарт. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)


(2-қ.) Солиқ органларининг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



28-модда. Божхона органларининг, йиғимларни ундиришга доир

вазифаларни амалга оширувчи давлат органларининг

ҳамда ташкилотларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


(1-қ.) Божхона органлари товарларни ва автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтиш чоғида божхона тўғрисидаги қонунчиликка, ушбу Кодексга ва бошқа қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва йиғимларни ундириш бўйича ҳуқуқлардан фойдаланади ҳамда вазифаларни бажаради. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(2-қ.) Йиғимларни ундиришга доир вазифаларни амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари ушбу Кодекс ва бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



29-модда. Солиқ сири


(1-қ.) Ваколатли органлар томонидан олинган солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар солиқ сирини ташкил этади, қуйидагилар бундан мустасно:

1) ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган, шу жумладан эгасининг розилиги билан шундай фойдаланиш имкони яратилган маълумотлар;

2) солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги маълумотлар;

3) солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишлари ва бу қоидабузарликлар учун жавобгарлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

4) солиқ тўловчилар томонидан қўлланиладиган солиқ режимлари ва қўшилган қиймат солиғини тўловчилар сифатида ҳисобга қўйилганлик тўғрисидаги маълумотлар;

5) тўланган солиқларнинг ва солиқ қарзининг суммалари ҳақидаги маълумотлар;

6) юридик шахснинг иштирокчилари тўғрисидаги маълумотлар;

7) ходимларнинг рўйхатдаги ўртача сони тўғрисидаги маълумотлар;

8) молиявий ҳисобот маълумотлари бўйича даромадлар ва харажатлар суммалари тўғрисидаги маълумотлар.


(2-қ.) Солиқ сири давлат органлари, уларнинг мансабдор шахслари, жалб этиладиган мутахассислар ва экспертлар томонидан ошкор этилиши мумкин эмас, бундан қонунчиликда назарда тутилган ҳоллар мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Солиқ сирини ошкор этиш жумласига, хусусан, солиқ тўловчининг тижорат сирини (ишлаб чиқариш сирини) ташкил этувчи ва давлат органининг мансабдор шахсига, жалб этилган мутахассисга ёки экспертга улар ўз мажбуриятларини бажариши чоғида маълум бўлиб қолган ахборотдан фойдаланиш ёки уни бошқа шахсга бериш киради.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг солиқ органларига ёки бошқа тегишли органларига солиқ тўловчи тўғрисида сўралган маълумотларни тақдим этиш солиқ сирини ошкор этиш сирасига кирмайди.


(5-қ.) Давлат органларига келиб тушган солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлар махсус сақлаш ва фойдаланиш режимига эга.


(6-қ.) Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотлардан Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланадиган мансабдор шахслар фойдаланиш ҳуқуқига эга.


(7-қ.) Солиқ сирини ташкил этувчи маълумотларни ўз ичига олган ҳужжатларнинг йўқотилиши ёки бундай маълумотларнинг ошкор этилиши қонунда назарда тутилган жавобгарликка сабаб бўлади.


(8-қ.) Ушбу модданинг қоидалари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси тасарруфидаги, солиқ тўловчилар тўғрисидаги маълумотларни киритадиган ва уларга ишлов берадиган ташкилотлар томонидан олинган маълумотларга, шунингдек мазкур ташкилотларнинг ходимларига нисбатан татбиқ этилади.



4-БОБ. УШБУ КОДЕКСДА ҚЎЛЛАНИЛАДИГАН

АСОСИЙ ТУШУНЧАЛАР


30-модда. Жисмоний шахслар

31-модда. Якка тартибдаги тадбиркорлар

32-модда. Юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари

33-модда. Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари

бўлган юридик шахслар. Ўзбекистон Республикасининг

норезидентлари бўлган юридик шахслар

34-модда. Чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой

35-модда. Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмалари

36-модда. Доимий муассаса

37-модда. Ўзаро боғлиқ бўлган шахслар

38-модда. Юридик шахсда иштирок этиш улуши

39-модда. Назорат қилинадиган чет эл компаниялари

40-модда. Чет эл компаниялари устидан назорат қилиш ва

назорат қилувчи шахслар

41-модда. Дивидендлар ва фоизлар

42-модда. Даромад

43-модда. Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан

олинадиган даромадлар

44-модда. Роялти

45-модда. Товарлар ва хизматлар. Товарлар (хизматлар) бозори

46-модда. Товарлар ва хизматларни реализация қилиш

47-модда. Ҳисобварақ-фактура

48-модда. Мақсадли маблағлар

49-модда. Қимматли қоғозлар

50-модда. Муддатли битимларнинг молиявий воситалари

51-модда. Хеджирлаш

52-модда. Қимматли қоғозлар билан РЕПО операциялари

53-модда. Қимматли қоғозларнинг қарз операциялари

54-модда. Молиявий ижара ва лизинг

55-модда. Солиқ қарзи

56-модда. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети

57-модда. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари

58-модда. Нотижорат ташкилотлар

59-модда. Ижтимоий соҳада фаолиятни амалга

оширувчи юридик шахслар

60-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар



30-модда. Жисмоний шахслар


(1-қ.) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, чет давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслардир.


(2-қ.) Тегишли мақоми ўзига нисбатан белгиланган солиқ даври бошланадиган ёки тугайдиган ҳар қандай кетма-кет ўн икки ойлик давр давомида жами бир юз саксон уч календарь кундан кўпроқ Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.


(3-қ.) Ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари мазкур моддада белгиланган хусусиятларни ва Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалаларига доир халқаро шартномалари қоидаларини ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.


(4-қ.) Агар жисмоний шахс тегишли солиқ даврида Ўзбекистон Республикасида жами бир юз саксон уч кундан кам бўлиб, бироқ ушбу туриш муддати унинг бошқа бирор-бир давлатда турган муддатидан кўпроқ бўлса ҳам, у Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилади.


(5-қ.) Агар жисмоний шахс ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган ўн икки ойлик муддат тугагунга қадар солиқ органларига узоқ муддатли меҳнат шартномасини ёки ушбу модданинг иккинчи - тўртинчи қисмларида назарда тутилган шартлар бажарилишини тасдиқловчи бошқа ҳужжатни тақдим этса, ўзининг аризасига биноан Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилиши мумкин.


(6-қ.) Жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатан бўлиб туриши даври унинг қисқа муддатли (олти ойдан кам) даволаниш ёки ўқиш учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқарига чиққан даврида узилмайди.


(7-қ.) Ушбу модда мақсадларида чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг қуйидаги даврлар мобайнида бўлган вақти унинг Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатда бўлган вақтига тааллуқли ҳисобланмайди:

1) дипломатик ёки консуллик мақомига эга шахс сифатида бўлган даври;

2) Ўзбекистон Республикаси иштирокчиси бўлган, халқаро шартнома бўйича тузилган халқаро ташкилотнинг ходими сифатида бўлган даври;

3) тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаган тақдирда, ушбу модданинг 1 ва 2-бандларида кўрсатилган шахслар оиласининг аъзоси сифатида бўлган даври.


(8-қ.) Ўзбекистон Республикасида ҳақиқатан қанча вақт бўлганлигидан қатъи назар, чет элда хизматни ўтаётган Ўзбекистон Республикасининг ҳарбий хизматчилари, шунингдек Ўзбекистон Республикасидан ташқарида ишлаш учун хизмат сафарига юборилган давлат ҳокимияти органларининг ходимлари Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилади.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганликни тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикасига кириш (Ўзбекистон Республикасидан чиқиш) куни чет давлатларнинг давлат чегараларини кесиб ўтганлик тўғрисидаги белги асосида аниқланади. Бундай белги Ўзбекистон Республикасининг ва (ёки) чет давлатнинг чегара назоратини амалга оширувчи ваколатли органи томонидан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларга ва (ёки) Ўзбекистон Республикасига кириш (Ўзбекистон Республикасидан чиқиш) ҳужжатларига қўйилади. Шунингдек шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатда бўлиб турганлиги давлат органлари ва ташкилотлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тақдим этилган, солиқ органида мавжуд бўлган маълумотлар асосида ҳам аниқланиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(10-қ.) Агар ушбу модданинг тўққизинчи қисми қоидалари жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳақиқатан ҳам бўлиб турганлик вақтини аниқ белгилаш имконини бермаса, жисмоний шахс солиқ органига ўзининг календарь йил (йиллар) давомида ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи ҳужжатларни (уларнинг кўчирма нусхаларини), шунингдек ўзининг ҳақиқатда бўлиб турган жойини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин бўлган ҳар қандай бошқа ҳужжатларни (ёки уларнинг кўчирма нусхаларини) тақдим этади:

1) шахсни тасдиқловчи ҳужжат;

2) белгиланган тартибда расмийлаштирилган Ўзбекистон Республикасида вақтинча яшаш учун рухсатнома;

3) ҳақиқатда бўлиб турган жойини тасдиқловчи ҳужжатлар.


(11-қ.) Агар ушбу модданинг қоидаларига ёки Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномаларига мувофиқ, бир вақтнинг ўзида жисмоний шахсни ҳам Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти, ҳам чет давлатнинг солиқ резиденти деб тан олиш учун асослар бўлса, унинг солиқ резидентлиги шундай халқаро шартноманинг қоидаларига мувофиқ жисмоний шахс ҳаётий манфаатларининг маркази асосида белгиланади. Бунда қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилган тақдирда, жисмоний шахс ҳаётий манфаатларининг маркази Ўзбекистон Республикасида деб эътироф этилади:

1) жисмоний шахснинг эри (хотини) ва (ёки) яқин қариндошлари Ўзбекистон Республикасида яшаса;

2) Ўзбекистон Республикасида жисмоний шахсга ва (ёки) унинг эрига (хотинига) ва (ёки) унинг яқин қариндошларига мулк ҳуқуқида ёки бошқа асосларда тегишли бўлган, исталган вақтда унинг яшаши ва (ёки) эри (хотини) ва (ёки) унинг яқин қариндошлари яшаши мумкин бўлган кўчмас мулкнинг мавжудлиги.


(12-қ.) Агар жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида яшаш жойи мавжуд бўлмаса, ушбу Кодекснинг мақсадлари учун яшаш жойи бу жисмоний шахснинг илтимосига биноан унинг бўлиб турган жойи бўйича белгиланиши мумкин. Бунда жисмоний шахснинг Ўзбекистон Республикаси қонунчиликда белгиланган тартибда вақтинча яшаб турган ва рўйхатдан ўтган жойи (манзили) жисмоний шахснинг бўлиб турган жойи ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(13-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлмаган жисмоний шахслар Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари деб эътироф этилади.



31-модда. Якка тартибдаги тадбиркорлар


(1-қ.) Белгиланган тартибда рўйхатдан ўтган ва юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган жисмоний шахс якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланади.


(2-қ.) Юридик шахс ташкил этмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи, бироқ якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтмаган жисмоний шахсларга солиқ солиш ва уларга нисбатан жавобгарлик чораларини қўллаш мақсадида якка тартибдаги тадбиркор сифатида қаралади.



32-модда. Юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари


(1-қ.) Қуйидагилар юридик шахслардир:

1) Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган юридик шахслар (Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари); (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган, фуқаролик ҳуқуқий лаёқатига эга бўлган чет эл юридик шахслари (шу жумладан компаниялар ва бошқа корпоратив тузилмалар); (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

3) халқаро ташкилотлар.


(2-қ.) Юридик шахснинг ҳудудий жиҳатдан алоҳида бўлган, турган ери бўйича доимий иш жойлари жиҳозланган ҳар қандай бўлинмаси Ўзбекистон Республикаси юридик шахсининг алоҳида бўлинмасидир.


(3-қ.) Юридик шахснинг алоҳида бўлинмасини эътироф этиш, унга қандай ваколатлар берилганлигидан ва унинг ташкил этилиши бўйича юридик шахснинг таъсис ҳужжатларида ёки бошқа ташкилий-бошқарув ҳужжатларида акс эттирилганлиги ёки акс эттирилмаганлигидан қатъи назар, амалга оширилади.


(4-қ.) Агар иш жойи бир ойдан ортиқ муддатга яратилган бўлса, у доимий ҳисобланади.


(5-қ.) Ўзбекистон Республикаси юридик шахси алоҳида бўлинмасининг жойлашган ери ушбу юридик шахс мазкур алоҳида бўлинма орқали фаолият олиб борадиган жойдир.



33-модда. Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари

бўлган юридик шахслар. Ўзбекистон Республикасининг

норезидентлари бўлган юридик шахслар


(1-қ.) Қуйидаги юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентларидир:

1) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахслари;

2) Ўзбекистон Республикасининг солиқ солиш масалалари бўйича халқаро шартномаларига мувофиқ ушбу халқаро шартномаларни қўллаш мақсадлари учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этилган чет эл юридик шахслари;

3) ҳақиқатдаги бошқарув жойи Ўзбекистон Республикаси бўлган чет эл юридик шахслари, агар Ўзбекистон Республикасининг солиқ масалалари бўйича халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисми 3-бандининг мақсадлари учун чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой ушбу Кодекснинг 34-моддаси қоидаларига мувофиқ белгиланади.


(3-қ.) Инвестиция фондининг (пай фондининг ёки жамоавий инвестицияларни амалга ошириш бошқа шаклининг) бошқарувчи компаниясини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш ушбу инвестиция фондини (пай фондини ёки жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шаклини) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш учун асос бўлмайди. Мазкур фондлар (жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шакллари) бошқарувчи шериклар ёки бошқа шахслар томонидан бошқарилган тақдирда ҳам шундай қоидалар қўлланилади.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари бўлмаган юридик шахслар Ўзбекистон Республикасининг норезидентлари деб эътироф этилади.



34-модда. Чет эл юридик шахси ҳақиқатда

бошқариладиган жой


(1-қ.) Қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттасига риоя қилинган тақдирда, Ўзбекистон Республикаси чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқариладиган жой деб эътироф этилади:

1) унинг ижро этувчи органи (ижро этувчи органлари) ўз фаолиятини ушбу юридик шахсга нисбатан мунтазам равишда Ўзбекистон Республикасидан туриб амалга оширади. Бунда Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятнинг бошқа давлатдагига (давлатлардагига) нисбатан сезиларли даражада кам ҳажмда амалга оширилиши фаолиятни мунтазам равишда амалга ошириш деб эътироф этилмайди;

2) унинг асосий (раҳбар) мансабдор шахслари (фаолиятни режалаштириш ва назорат қилишга, корхона фаолиятини бошқаришга ва бунинг учун жавобгарликни ўз зиммасига олишга ваколатли бўлган шахслари) ушбу юридик шахсни раҳбарлик асосида бошқаришни асосан Ўзбекистон Республикасида амалга оширади. Бунда раҳбарлик асосида бошқариш жумласига, хусусан, ушбу чет эл юридик шахсининг жорий фаолиятига доир бўлган, бошқарувнинг ижро органлари ваколатларига кирадиган масалалар бўйича қарорлар қабул қилиш ва бошқа ҳаракатларни амалга ошириш киради.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасида қуйидаги фаолиятни амалга ошириш Ўзбекистон Республикасининг чет эл юридик шахсини ҳақиқатда бошқариш жойи сифатида эътироф этишга сабаб бўлмайди:

1) акциядорлар (иштирокчилар) умумий йиғилишининг ваколатига кирадиган масалалар бўйича қарорлар тайёрлаш ва (ёки) қабул қилиш;

2) директорлар кенгашининг мажлисини ўтказишга тайёргарлик кўриш;

3) чет эл юридик шахсининг фаолиятини режалаштириш ва назорат қилиш доирасида алоҳида функцияларни амалга ошириш.


(3-қ.) Алоҳида функцияларни амалга оширишга, хусусан, стратегик режалаштириш, бюджетлаштириш, консолидациялашган молиявий ҳамда бошқарув ҳисоботини тайёрлаш ва тузиш, ушбу чет эл юридик шахсининг фаолиятини таҳлил қилиш, ички аудит ҳамда ички назорат, шунингдек стандартлар, услубиятлар ва (ёки) сиёсатларни қабул қилиш (маъқуллаш) киради.


(4-қ.) Чет эл юридик шахсининг фаолиятига нисбатан қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси ушбу юридик шахс ҳақиқатда бошқариладиган жой деб эътироф этилмайди:

1) фаолият ўзи доимий жойлашган ердаги давлатда (унинг ҳудудида) ўзининг малакали ходимлари ва активларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилганда;

2) фаолият Ўзбекистон Республикаси билан солиқ солиш масалаларига доир амалдаги халқаро шартномага эга бўлган чет давлат ҳудудида амалга оширилганда.


(5-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шартларнинг бажарилганлиги ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак.


(6-қ.) Агар ушбу модданинг биринчи қисми 1-бандида ва (ёки) 2-бандида белгиланган шартлар бир вақтнинг ўзида ҳам Ўзбекистон Республикасига нисбатан, ҳам бирор-бир чет давлатга нисбатан бажарилаётганлиги ҳужжатлар билан тасдиқланса, агар чет эл юридик шахсига нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилаётган бўлса, Ўзбекистон Республикаси чет эл юридик шахси ҳақиқатда бошқарилаётган жой деб эътироф этилади:

1) .бухгалтерия ёки бошқарув ҳисобини юритиш (бундан консолидациялашган молиявий ҳамда бошқарув ҳисоботларини тайёрлаш ва тузишга, шунингдек унинг фаолиятини таҳлил қилишга доир ҳаракатлар мустасно) Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса;

2) иш юритиш Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса;

3) ходимларни оператив бошқариш Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган бўлса.



35-модда. Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмалари

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Чет давлатнинг қонунчиликка мувофиқ юридик шахс ташкил этмаган ҳолда ташкил этилган ва ўз иштирокчиларининг (пайчиларнинг, ишонч билдирувчиларнинг ёки бошқа шахсларнинг) ёхуд бошқа бенефициарларнинг манфаатларини кўзлаб даромад (фойда) олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган ташкилий тузилма юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасидир.


(2-қ.) Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмалари жумласига, хусусан, фондлар, шерикликлар, ширкатлар, трастлар, жамоавий инвестициялар ва (ёки) ишончли бошқарувнинг бошқа шакллари киради.



36-модда. Доимий муассаса


(1-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадларида чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикасидаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси деб эътироф этилади.


(2-қ.) Доимий муассаса деганда қуйидагилар тушунилади, чунончи:

1) ҳар қандай бошқарув жойи, филиал, бўлинма, бюро, идора, офис, хона, агентлик, фабрика, устахона, цех, лаборатория;

2) товарни ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, бутлаш, қадоқлаш ва ўраб-жойлаш амалга ошириладиган жой;

3) савдо шохобчаси сифатида фойдаланиладиган ҳар қандай жой, шу жумладан омбор;

4) кон (шахта), нефть ёки газ қудуғи, карьер ёки табиий ресурслар қазиб олинадиган бошқа ҳар қандай жой;

5) табиий ресурсларни ўрганиш (қидириш), ишлатиш, қазиб олиш ва (ёки) улардан фойдаланиш учун қўлланиладиган қурилма ёки иншоот (шу жумладан уни монтаж қилиш), фақат қурилма ёки иншоот бир юз саксон уч кундан ортиқ муддат мобайнида фойдаланилаётган бўлиши ёки фойдаланиш учун тайёр бўлиши шарт;

6) қувур, газ қувури билан боғлиқ фаолият (шу жумладан назорат ёки кузатув) амалга ошириладиган ҳар қандай жой;

7) ўйин автоматларини (шу жумладан уларга қўшимчаларни), компьютер тармоқлари ва алоқа каналларини, аттракционларни ўрнатиш, созлаш ҳамда улардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолият амалга ошириладиган ҳар қандай жой.


(3-қ.) Қуйидагилар ҳам доимий муассаса деб эътироф этилади:

1) қурилиш майдони, қурилиш, монтаж қилиш ёки йиғиш объекти ёхуд улар билан боғлиқ кузатув (назорат қилиш) фаолияти, башарти бундай майдон, объект ёки фаолият исталган кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр мобайнида бир юз саксон уч кундан ортиқ муддат мобайнида мавжуд бўлса ёки давом этса;

2) хизматлар кўрсатиш, шу жумладан ушбу чет эл юридик шахси томонидан ўз хизматчилари ёки шу мақсадлар учун унинг томонидан ёлланган бошқа ходимлар орқали бажариладиган маслаҳат хизматлари, башарти бундай фаолият (айни бир лойиҳа билан боғлиқ шахс ёки чет эл юридик шахсининг боғланган тарафи учун) исталган кетма-кетликдаги ўн икки ойлик давр мобайнида камида бир юз саксон уч кун давом этса.


(4-қ.) Агар ушбу модданинг учинчи қисми 1-бандида кўрсатилган қурилиш майдонида ёки бошқа объектда турли вақт даврларида, бир ёки бир нечта ўзаро боғлиқ чет эл юридик шахси томонидан хизматлар кўрсатиш амалга оширилса, бу даврларнинг ҳар бири алоҳида олинганда ушбу модданинг учинчи қисми 1 ва 2-бандларида кўрсатилган муддатдан ёки муддатлардан ошмаса, ушбу хизматларга доир фаолият даврлари мазкур қурилиш майдонида ёки бошқа объектда фаолият амалга оширилган жами вақт даврига қўшилади.


(5-қ.) Фақат тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлган ва чет эл юридик шахси тадбиркорлик фаолиятининг асосий турлари ҳисобланмайдиган қуйидаги фаолият турлари доимий муассасани ташкил этишга олиб келмайди:

1) объектлардан фақат ушбу юридик шахсга тегишли товарларни ёки буюмларни сақлаш ёхуд намойиш этиш мақсадида фойдаланиш;

2) ўзига тегишли товарлар ёки буюмлар захираларини фақат сақлаш ёки намойиш этиш мақсадида асраб туриш;

3) ўзига тегишли товарлар ёки буюмлар захираларини фақат уларнинг бошқа шахс томонидан қайта ишланиши мақсадида сақлаб туриш;

4) доимий фаолият жойини фақат товарларни, буюмларни харид қилиш ёки ушбу чет эл юридик шахси учун ахборот йиғиш мақсадида сақлаб туриш;

5) доимий фаолият жойини фақат тайёргарлик ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлган бошқа ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш мақсадида сақлаб туриш;

6) доимий фаолият жойини ушбу қисмнинг 1-5-бандларида эслатиб ўтилган фаолият турларининг исталган бирикмаси учун сақлаб туриш, башарти ушбу доимий фаолият жойининг бундай бирикмадан юзага келган жами фаолияти тайёргарлик хусусиятига ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлса. Бунда тайёргарлик хусусиятига ва ёрдамчи хусусиятга эга бўлган фаолият учинчи шахслар учун эмас, балки Ўзбекистон Республикаси норезидентининг ўзи учун амалга оширилиши керак.


(6-қ.) Ушбу модданинг бешинчи қисми қоидалари тадбиркорлик фаолиятининг чет эл юридик шахси томонидан фойдаланилаётган ёки сақлаб турилган доимий жойига нисбатан, агар бу чет эл юридик шахси ёки у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс тадбиркорлик фаолиятини Ўзбекистон Республикасидаги ушбу жой ёки бошқа жой орқали амалга оширса ва қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, қўлланилмайди:

1) ушбу жой ёки бошқа жой чет эл юридик шахси учун ёхуд у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс учун ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ доимий муассасани ташкил этса;

2) икки нафар шахс, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси норезиденти бўлган юридик шахслар томонидан доимий жой орқали ёки айни шу норезидент ёхуд у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс томонидан ҳар иккала жой орқали амалга оширилаётган фаолият турларининг бирикмаси натижаси бўлган жами фаолият тайёргарлик хусусиятига ёки ёрдамчи хусусиятга эга бўлмаса.


(7-қ.) Агар икки нафар шахс, шу жумладан чет эл юридик шахслари томонидан доимий жой орқали ёки айни шу шахс ёхуд у билан ўзаро боғлиқ бўлган шахс томонидан ҳар иккала жой орқали амалга оширилаётган тадбиркорлик фаолияти умумий тадбиркорлик фаолиятининг бир қисми бўлган ўзаро тўлдириб турувчи функциялари бўлса, ушбу модданинг олтинчи қисми қоидалари қўлланилади.


(8-қ.) Суғурта фаолиятини амалга оширувчи чет эл юридик шахси, қайта суғурталаш ҳолатларидан ташқари, агар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида суғурта мукофотларини йиғса ёки тобе агент орқали таваккалчилик хатарларидан суғурта қилса, у Ўзбекистон Республикасида доимий муассасага эга деб эътироф этилади.


(9-қ.) Агар бирор-бир шахс Ўзбекистон Республикасида чет эл юридик шахси номидан ҳаракат қилса ва одатда мулк (хизматлар кўрсатиш) ҳуқуқини бошқа шахсларга ўтказишга ёки мол-мулкдан ушбу чет эл юридик шахси номидан фойдаланиш ҳуқуқини беришга доир контрактларни тузишда асосий роль ўйнаса, бундай шахснинг фаолияти ушбу чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси ташкил этилишига олиб келади.


(10-қ.) Агар чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикасидаги фаолиятини воситачилик (топшириқ) шартномаси ёки шунга ўхшаш шартнома асосида ҳаракат қилувчи ва битимларни ушбу чет эл юридик шахси номидан имзолашга ваколатли бўлмаган мустақил агент орқали амалга оширса, ушбу модданинг тўққизинчи қисми қоидалари қўлланилмайди. Бунда, агар бундай агент асосан ўзи билан ўзаро боғлиқ бўлган бир ёки бир нечта чет эл юридик шахси номидан ҳаракат қилса, бу шахс тобе агент деб ҳисобланади.


(11-қ.) Чет эл юридик шахси томонидан чет эллик ходимларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаш учун бошқа юридик шахсга бериш, қуйидаги шартлар бир вақтда бажарилган тақдирда, Ўзбекистон Республикасида доимий муассасани ташкил этишга олиб келмайди:

1) бундай ходимлар қайси юридик шахсга берилган бўлса, ўша юридик шахс номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилса;

2) ходимларни берган юридик шахс ушбу ходимларнинг иш натижалари учун жавобгар бўлмаса;

3) юридик шахснинг ходимларни беришдан олган даромади унинг ушбу ходимларни бериш юзасидан солиқ даврида қилган харажатлари умумий суммасининг 10 фоизидан ошмаса.


(12-қ.) Чет эл юридик шахси томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги фаолият биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома асосида амалга оширилган тақдирда:

1) бундай шартнома ҳар бир иштирокчисининг фаолияти ушбу моддада белгиланган қоидаларга мувофиқ доимий муассасани ташкил этади;

2) бундай шартноманинг ҳар бир иштирокчиси томонидан солиқ мажбуриятларини бажариш ушбу Кодексда белгиланган тартибда мустақил равишда амалга оширилади.


(13-қ.) Чет эл юридик шахсининг фаолияти бундай фаолиятни Ўзбекистон Республикасида амалга ошириш бошланган санадан эътиборан ушбу модданинг қоидаларига мувофиқ доимий муассасани ташкил этади.


(14-қ.) Ушбу Кодексни қўллаш мақсадида чет эл юридик шахси томонидан Ўзбекистон Республикасида фаолиятни амалга ошириш бошланган сана деб қуйидаги саналар эътироф этилади:

1) қуйидагилар юзасидан ҳар қандай контрактни (шартномани, битимни) тузиш санаси:

а) Ўзбекистон Республикасида хизматлар кўрсатиш, шу жумладан биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома доирасида хизматлар кўрсатиш;

б) ушбу юридик шахс номидан Ўзбекистон Республикасида ҳаракатларни амалга ошириш ваколатларини бериш;

в) товарларни Ўзбекистон Республикасида фойдаланиш ёки реализация қилиш мақсадида олиш;

г) Ўзбекистон Республикасида хизматлар кўрсатиш учун хизматларни олиш;

2) Ўзбекистон Республикасида фаолиятни амал ошириш мақсадида биринчи меҳнат шартномасини (битимни, контрактни) тузиш санаси;

3) норезидент бўлган жисмоний шахс Ўзбекистон Республикасига келган сана, чет эл юридик шахси томонидан ушбу қисмнинг 1 ёки 2-бандларида кўрсатилган контракт (шартнома, битим) шартларини бажариш учун ходим ёки бошқа ходимлар ёлланган сана.


(15-қ.) Агар ушбу модданинг ўн тўртинчи қисмида кўрсатилган бир нечта шарт бажарилса, ушбу саналарнинг нисбатан илгаригиси, бироқ ушбу модданинг ўн тўртинчи қисми 2 ва 3-бандларида кўрсатилган саналарнинг биринчисидан илгари кириб келмаган сана норезидентнинг Ўзбекистон Республикасида фаолиятни амалга ошириши бошланган сана деб эътироф этилади.


(16-қ.) Ўзбекистон Республикасида доимий муассасани ташкил этишга олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган чет эл юридик шахси ушбу Кодекснинг 130-моддасида белгиланган тартибда солиқ органида солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиши шарт.


(17-қ.) Агар чет эл юридик шахси битта солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган икки ва ундан ортиқ доимий муассаса ташкил этилишига олиб келувчи тадбиркорлик фаолиятини амалга оширса, битта доимий муассаса барча шундай доимий муассасалар гуруҳи бўйича рўйхатдан ўтказилиши лозим. Мазкур қоида ушбу модданинг учинчи қисми 1-бандида кўрсатилган қурилиш майдонини, қурилиш, монтаж ёки бошқа объектни ташкил этувчи фаолиятга нисбатан татбиқ этилмайди.


(18-қ.) Агар чет эл юридик шахси ушбу модданинг иккинчи, учинчи ёки саккизинчи қисмларида кўрсатилган фаолиятни амалга оширадиган, рўйхатдан ўтказилган доимий муассасага эга бўлса ва ушбу доимий муассаса рўйхатдан ўтказилган жойдан фарқланувчи жойда шундай ёки шунга ўхшаш фаолиятни амалга оширса, бундай фаолиятни амалга ошириш ҳам мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан эътиборан рўйхатдан ўтказилиши лозим бўлган доимий муассасани ташкил этишга олиб келади.


(19-қ.) Агар чет эл юридик шахсининг фаолияти кўчма хусусиятга эга бўлса (йўл қурилиши, фойдали қазилмаларни қидириш ва кўчма хусусиятга эга бўлган бошқа фаолият турлари), бу ҳолда бутун лойиҳага, унинг кўчма хусусиятидан қатъи назар, доимий муассаса сифатида қаралади.


(20-қ.) Агар доимий муассаса Ўзбекистон Республикасининг Ягона солиқ тўловчилар реестридан чиқарилганидан кейин чет эл юридик шахси ўн икки ойлик давр ичида ушбу модданинг иккинчи ёки учинчи қисмларида кўрсатилган фаолиятини тикласа, у доимий муассасани ташкил этган деб эътироф этилади ва бундай фаолият тикланган санадан эътиборан солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтказилиши лозим.



37-модда. Ўзаро боғлиқ бўлган шахслар


(1-қ.) Агар шахслар ўртасидаги муносабатларнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу шахслар тузадиган битимларнинг шартларига ва (ёки) натижаларига ва (ёки) ушбу шахслар фаолиятининг иқтисодий натижаларига ёки ўзларини вакил қилган шахсларнинг фаолиятига таъсир кўрсатса, ушбу қисмда кўрсатилган шахслар солиқ солиш мақсадларида ўзаро боғлиқ бўлган шахслар деб эътироф этилади.


(2-қ.) Шахсларнинг ўзаро боғлиқлигини эътироф этиш учун бир шахснинг бошқа шахслар капиталида улар ўртасида тузилган битимга мувофиқ иштирок этиши туфайли ёхуд бир шахснинг бошқа шахслар томонидан қабул қилинадиган қарорларни белгилашда бошқача имконияти мавжуд бўлганда кўрсатилиши мумкин бўлган таъсир инобатга олинади. Бундай таъсир, у битта шахс томонидан бевосита ва мустақил равишда ёки шахснинг ушбу моддага мувофиқ ўзаро боғлиқ деб эътироф этиладиган ўзаро боғлиқ шахслари билан биргаликда кўрсатилиши мумкинлигидан ёки мумкин эмаслигидан қатъи назар, инобатга олинади.


(3-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадларида мазкур модданинг биринчи ва иккинчи қисмлари инобатга олинган ҳолда қуйидагилар ўзаро боғлиқ шахслар деб эътироф этилади:

1) юридик шахслар, агар бир юридик шахс бошқа юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этса ва бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;

2) жисмоний шахс ва юридик шахс, агар жисмоний шахс ушбу юридик шахсда бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этса ҳамда бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;

3) юридик шахслар, агар айни бир шахс бевосита ва (ёки) билвосита ушбу юридик шахсларда иштирок этса ва ҳар бир юридик шахсдаги бундай иштирокнинг улуши 20 фоиздан ортиқни ташкил этса;

4) юридик шахс ва ушбу юридик шахснинг якка тартибдаги ижро этувчи органи тайинловига (сайловига) кўра ёки ушбу юридик шахснинг коллегиал ижро этувчи органи ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркиби камида 50 фоизининг тайинловига (сайловига) кўра ваколатларга эга бўлган шахс (шу жумладан жисмоний шахс). Жисмоний шахс билан боғлиқ ҳолда, унинг ваколатларини белгилаш чоғида жисмоний шахснинг ушбу қисмнинг 11-бандида кўрсатилган ўзаро боғлиқ шахслари билан биргаликдаги ваколатлари ҳам инобатга олинади;

5) коллегиал ижро этувчи орган ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг камида 50 фоизи айни бир шахснинг (шу жумладан жисмоний шахснинг) қарорига кўра тайинланган ёки сайланган юридик шахслар. Жисмоний шахс билан боғлиқ ҳолда эса, ушбу шахснинг қарорларини белгилаш чоғида унинг ушбу қисмнинг 11-бандида кўрсатилган ўзаро боғлиқ шахслари билан биргаликда қабул қилинган қарорлари ҳам инобатга олинади;

6) коллегиал ижро этувчи орган ёки директорлар кенгаши (кузатув кенгаши) таркибининг 50 фоиздан ортиғини айни бир жисмоний шахслар ташкил этадиган юридик шахслар. Бунда жисмоний шахснинг бевосита иштироки ушбу қисмнинг 11-бандида кўрсатилган шахс билан ўзаро боғлиқ шахсларнинг иштирокига тенглаштирилади;

7) юридик шахс ва унинг якка тартибдаги ижро этувчи органи ваколатларини амалга оширувчи шахс;

8) якка тартибдаги ижро этувчи органнинг ваколатлари айни бир шахс томонидан амалга ошириладиган юридик шахслар;

9) юридик шахслар ва (ёки) жисмоний шахслар, агар ушбу шахсларнинг бири бошқа шахсда бевосита иштирок этишини акс эттирувчи кетма-кетликда ҳар бир илгариги шахснинг кейинги юридик шахсдаги бевосита иштироки 50 фоиздан ортиқни ташкил этса;

10) жисмоний шахслар, агар бир жисмоний шахс бошқа жисмоний шахсга лавозим мавқеи бўйича бўйсунса;

11) жисмоний шахс, унинг эри (хотини), ота-онаси (шу жумладан уни фарзандликка олган ота-онаси), эрининг (хотинининг) ота-онаси, фарзандлари (шу жумладан у фарзандликка олган фарзандлар), тўлиқ ва тўлиқ бўлмаган қариндош ака-укалари ва опа-сингиллари, шунингдек васийси (ҳомийси) ва жисмоний шахс ҳомийлигидаги шахс.


(4-қ.) Жисмоний шахснинг ва унинг ушбу модданинг учинчи қисми 11-бандида кўрсатилган ўзаро боғлиқ шахсларининг юридик шахсда иштирок этишининг жами улуши ушбу модданинг мақсади учун жисмоний шахснинг ушбу юридик шахсда иштирок этиши улуши деб эътироф этилади.


(5-қ.) Агар шахслар томонидан тузиладиган битимларнинг шартларига ва (ёки) натижаларига ва (ёки) бу шахслар фаолиятининг иқтисодий натижаларига бир ёки бир нечта бошқа шахслар томонидан уларнинг бозордаги устун мавқеи туфайли ёхуд бошқа шунга ўхшаш ҳолатлар туфайли таъсир кўрсатилса, бундай таъсир шахсларни ўзаро боғлиқ деб эътироф этиш учун асос бўлмайди.


(6-қ.) Ўзбекистон Республикасининг Ўзбекистон юридик шахсларидаги бевосита ва (ёки) билвосита иштироки бундай юридик шахсларни ўзаро боғлиқ деб эътироф этиш учун ўз-ўзидан асос бўлмайди. Мазкур юридик шахслар ушбу моддада назарда тутилган бошқа асосларга кўра ўзаро боғлиқ деб эътироф этилиши мумкин.


(7-қ.) Агар ўзаро боғлиқ шахслар ўртасидаги муносабатлар ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган белгиларга эга бўлса, ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилмаган бошқа асослар бўйича шахсларни ўзаро боғлиқ деб эътироф этиш суд томонидан амалга оширилади.



38-модда. Юридик шахсда иштирок этиш улуши


(1-қ.) Солиқ солиш мақсадида бир жисмоний ёки юридик шахснинг (бундан буён матнда шахс деб юритилади) улуши танланган бошқа юридик шахсдаги (бундан буён матнда танланган юридик шахс деб юритилади) улушни аниқлаш учун ушбу шахснинг танланган юридик шахсда бевосита ва билвосита иштирок этиш улушларининг суммаси тарзида аниқланади.


(2-қ.) Танланган юридик шахс овоз берувчи акцияларининг бевосита шу шахсга тегишли бўлган улуши ёки танланган юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) бевосита ушбу шахсга тегишли бўлган улуши юридик шахсда бевосита иштирок этиш улуши деб эътироф этилади.


(3-қ.) Шахснинг танланган юридик шахсда бевосита иштирок этиш улушини аниқлаш мумкин бўлмаган тақдирда, иштирокчиларнинг танланган юридик шахсдаги сонига мутаносиб равишда аниқланадиган улуш шахснинг танланган юридик шахсда бевосита иштирок этиш улуши деб эътироф этилади.


(4-қ.) Қуйидаги тартибда аниқланадиган улуш шахснинг танланган юридик шахсда билвосита иштирок этиш улуши деб эътироф этилади:

1) ушбу шахснинг танланган юридик шахсда иштирок этишининг барча кетма-кетлиги ҳар бир илгариги юридик шахснинг тегишли кетма-кетликдаги ҳар бир кейинги юридик шахсдаги бевосита иштироки орқали аниқланади;

2) ҳар бир илгариги юридик шахснинг ҳар бир кейинги юридик шахсдаги бевосита кетма-кетликдаги иштирок этиш улуши аниқланади;

3) ҳар бир шундай кетма-кетлик учун ушбу кетма-кетликнинг барча юридик шахслари учун бевосита иштирок этиш улуши топилади;

4) ҳар бир шундай кетма-кетлик учун топилган бевосита иштирок этиш улушларининг барчаси жамланади.


(5-қ.) Ташкилотда иштирок этиш улушини аниқлашда жисмоний шахснинг ёки юридик шахснинг юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасидаги иштирок этиш улуши ҳам ҳисобга олинади, ушбу шахс қайси чет давлатнинг (ҳудуднинг) қонун ҳужжатларига мувофиқ таъсис этилган бўлса, шу қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ташкилотларнинг ёхуд юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги ўзга чет эл тузилмаларининг капиталида иштирок этишга ҳақлидир.


(6-қ.) Юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ кўпи билан бир йил муддатга тузилган РЕПО шартномаси доирасида олинган қимматли қоғозларга эгалик қилиш орқали амалга оширилган иштирок ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ РЕПО операцияси деб эътироф этиладиган операция натижасида амалга оширилган иштирок ҳисобга олинмайди.


(7-қ.) Бундай ҳолларда юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлаш мақсадида ушбу қимматли қоғозлар, агар РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотувчи томонидан сотилган қимматли қоғозлар унинг томонидан РЕПОнинг бошқа операцияси бўйича ёки қимматли қоғозлар қарзига доир операциялар бўйича сотилсагина, РЕПОнинг биринчи қисми бўйича қимматли қоғозларни сотувчи бўлган шахсда ҳисобга олинади.


(8-қ.) РЕПОнинг иккинчи қисми бажарилмаган ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда бажарилган, шунингдек РЕПО шартномаси кўпи билан бир йил муддатга тузилган тақдирда, бир юридик шахснинг бошқа юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлаш ушбу модданинг бешинчи қисмида белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинмаган ҳолда амалга оширилади.


(9-қ.) Юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлашда Ўзбекистон Республикасининг ёки чет давлатнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган қимматли қоғозлар қарзига доир шартнома доирасида кўпи билан бир йил муддатга олинган қимматли қоғозларга эгалик қилиш воситасида амалга оширилган иштирок ҳисобга олинмайди.


(10-қ.) Бундай ҳолларда юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлаш мақсадида бу қимматли қоғозлар, агар қимматли қоғозлар қарзига доир шартнома доирасида берилган қимматли қоғозлар кредитор томонидан қимматли қоғозлар қарзига доир бошқа операция бўйича ёки РЕПО операцияси бўйича олинган бўлсагина, кредитор бўлган (қимматли қоғозларни қарзга берадиган) шахсда ҳисобга олинади.


(11-қ.) Қимматли қоғозлар қарзига доир операциялар бўйича қимматли қоғозларни қайтариш мажбуриятлари бажарилмаган ёки тўлиқ бўлмаган ҳажмда бажарилган, шунингдек қимматли қоғозлар қарзи юзасидан бир йилдан ортиқ муддатга шартнома тузилган тақдирда бир юридик шахснинг бошқа юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлаш ушбу модданинг еттинчи қисмида белгиланган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинмаган ҳолда амалга оширилади.


(12-қ.) Бир юридик шахснинг бошқа юридик шахсда ёки жисмоний шахснинг юридик шахсда иштирок этиш улушини аниқлашдаги қўшимча ҳолатлар суд томонидан аниқланади.



39-модда. Назорат қилинадиган чет эл компаниялари


(1-қ.) Солиқ солиш мақсадида бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган чет эл юридик шахси назорат қилинадиган чет эл компанияси деб эътироф этилади:

1) чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этилмайди;

2) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган юридик ва (ёки) жисмоний шахслар чет эл юридик шахсини назорат қилувчи шахслар ҳисобланади.


(2-қ.) Назорат қилувчи шахслари Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган юридик ва (ёки) жисмоний шахс бўлган, юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси ҳам назорат қилинадиган чет эл компанияси деб эътироф этилади.


(3-қ.) Инвестиция фондининг (пай фондининг ёки жамоавий инвестицияларни амалга ошириш бошқа шаклининг) бошқарувчи компаниясини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш ўз-ўзидан ушбу қисмда кўрсатилган шахс ўзи учун назорат қилувчи шахс бўлган ушбу инвестиция фондини (пай фондини ёки жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шаклини) назорат қилувчи компания деб эътироф этишга асос бўлмайди. Мазкур фондлар (жамоавий инвестицияларни амалга оширишнинг бошқа шакллари) бошқарувчи шериклар ёки ўзга шахслар томонидан бошқарилган тақдирда ҳам шундай қоидалар қўлланилади.



40-модда. Чет эл компаниялари устидан назорат

қилиш ва назорат қилувчи шахслар


(1-қ.) Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида қуйидагилар чет эл компаниясининг назорат қилувчи шахслари деб эътироф этилади:

1) чет эл компаниясида иштирок этиш улуши 25 фоиздан ортиқни ташкил этадиган, Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиладиган юридик ёки жисмоний шахс;

2) ушбу компанияда иштирок этиш улуши 10 фоиздан ортиқ бўлган юридик ёки жисмоний шахс, агар Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этиладиган барча шахсларнинг ушбу компанияда иштирок этиш улуши 50 фоиздан ортиқ бўлса.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисми мақсади учун чет эл компаниясида иштирок этиш улуши ушбу Кодекснинг 38-моддасида назарда тутилган тартибда аниқланади.


(3-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган жисмоний шахслар учун иштирок этиш улуши ушбу Кодекснинг 37-моддаси учинчи қисми 11-бандида кўрсатилган шахслар билан биргаликда ҳисобга олинади.


(4-қ.) Агар шахснинг чет эл компаниясида иштирок этиши листинг тартиб-таомилидан ўтган ва (ёки) тегишли лицензияга эга бўлган биржаларда ёки чет эл молиявий воситачилари рўйхатига киритилган биржаларда муомалага киритилган қимматли қоғозлар (депозитар қайдлар) эмитенти бўлган бир ёки бир нечта Ўзбекистон Республикаси юридик шахсининг бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этиши орқалигина амалга оширилган бўлса ҳамда бу шахс ушбу модданинг бешинчи - ўн иккинчи қисмларига мувофиқ назоратчи шахс деб тан олинмаса, мазкур шахс чет эл компаниясининг назорат қилувчи шахси деб эътироф этилмайди. Бунда чет эл молиявий воситачилари деганда Ўзбекистон Республикаси қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш бўйича ваколатли орган томонидан тасдиқланадиган рўйхатга киритилган чет эл фонд биржалари ва чет эл депозитар-клиринг ташкилотлари тушунилади.


(5-қ.) Қайси шахснинг иштирок этиш улушига нисбатан компанияда ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган шартларга риоя этилмаса, бироқ бунда бу шахс мазкур компания устидан назоратни шахсий манфаатларини ёки ушбу Кодекснинг 37-моддаси учинчи қисми 11-бандида назарда тутилган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширса, ўша шахс ҳам чет эл компаниясининг назорат қилувчи органи деб эътироф этилади.


(6-қ.) Соф фойдани (даромадни) тақсимлашга нисбатан компания томонидан қабул қилинадиган қарорларга ҳал қилувчи таъсир кўрсатиш ёки таъсир кўрсатиш имконияти ушбу Кодекснинг мақсадлари учун компания устидан назоратни амалга ошириш деб эътироф этилади. Бунда шахснинг бундай қарорларга ҳам ушбу компанияда бевосита ёки билвосита иштирок этиши туфайли, ҳам ушбу компанияни бошқариш қайси шартноманинг (битимнинг) предмети бўлса, ўша шартномада (битимда) иштирок этиши туфайли ёхуд ушбу шахс ҳамда компания ва (ёки) ўзга шахслар ўртасидаги бошқа ўзига хос муносабатлар туфайли таъсир этиши ёки таъсир этиш имконияти ҳисобга олинади.


(7-қ.) Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг активларини бошқарувчи шахс томонидан ушбу тузилма олган фойдани (даромадни) жисмоний шахс қайси давлатнинг (ҳудуднинг) фуқароси бўлса ёки юридик шахс қайси давлатда (ҳудудда) ташкил этилган бўлса, ўша давлатнинг (ҳудуднинг) қонунчилигига ва мазкур юридик шахснинг таъсис ҳужжатларига мувофиқ тақсимлашга нисбатан қабул қилинадиган қарорга таъсир кўрсатиш ёки таъсир кўрсатиш имконияти ушбу Кодекснинг мақсадлари учун юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаси устидан назоратни амалга ошириш деб эътироф этилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодекснинг мақсадлари учун юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг назорат қилувчи шахси деб ушбу тузилманинг муассиси (асосчиси) эътироф этилади.


(9-қ.) Агар ушбу модданинг ўн биринчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса ва агар юридик шахс ташкил этмаган ҳолдаги чет эл тузилмасининг муассисига (асосчисига) нисбатан бир вақтнинг ўзида қуйидаги барча шартларга риоя этилса, ушбу муассис (асосчи) мазкур тузилмани назорат қилувчи шахс деб эътироф этилмайди:

1) бундай шахс бу тузилманинг фойдасини (даромадини) бевосита ёки билвосита тўлиқ ёки қисман олишга (олишни талаб қилишга) ҳақли бўлмаса;

2) бундай шахс бу тузилманинг фойдасини (даромадини) ёки унинг бир қисмини тасарруф этишга ҳақли бўлмаса;

3) бундай шахс бу тузилмага берилган мол-мулкка бўлган ҳуқуқни ўзида сақлаб қолмаган бўлса (мол-мулк бу тузилмага қайтармаслик шартлари асосида берилган бўлса);

4) бундай шахс бу тузилма устидан ушбу модданинг еттинчи қисмига мувофиқ назоратни амалга оширмаса.


(10-қ.) Агар юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг муассиси (асосчиси) бу тузилманинг активларини ўз мулкига ўтказиш ҳуқуқига эга бўлмаса, ушбу модданинг тўққизинчи қисми 3-бандида назарда тутилган шарт бажарилган деб эътироф этилади. Бунда ушбу тузилманинг активларини тузилманинг бутун мавжуд бўлиш даври мобайнида, шунингдек у тугатилган (шартнома тугатилган, бекор қилинган) тақдирда, тўлиқ ёки қисман мулкка ўтказишга доир чеклов ушбу тузилма ташкил этилган чет давлатнинг (ҳудуднинг) қонунчилиги ва (ёки) тузилманинг таъсис ҳужжатлари билан тасдиқланган бўлиши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(11-қ.) Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган шахс, агар у ушбу модданинг тўққизинчи қисми 1-3-бандларида кўрсатилган ҳуқуқлардан исталганини олиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолган бўлса, юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг назорат қилувчи шахси деб эътироф этилади.


(12-қ.) Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг таъсис этувчиси (асосчиси) ҳисобланмайдиган ўзга шахс ҳам, агар бундай шахс тузилма устидан назоратни амалга оширса ва бунда унга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилса, ушбу Кодекс мақсадларида ушбу шахс мазкур тузилманинг назорат қилувчи шахси деб эътироф этилади:

1) бундай шахс ушбу тузилма томонидан олинадиган даромадга (унинг бир қисмига) нисбатан ҳақиқий ҳуқуққа эга бўлса;

2) бундай шахс ушбу тузилманинг мол-мулкини тасарруф этишга ҳақли бўлса;

3) бундай шахс ушбу тузилма тугатилган (шартнома тугатилган, бекор қилинган) тақдирда унинг мол-мулкини олишга ҳақли бўлса.


(13-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти ўзини мустақил равишда ушбу модданинг биринчи ёки бешинчи қисмларида назарда тутилган асосларга кўра, чет эл компаниясининг назорат қилувчи шахси деб ёки ушбу модданинг тўққизинчи ёки ўн иккинчи қисмларида назарда тутилган асосларга кўра, юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмасининг назорат қилувчи шахси деб эътироф этишга ҳақли. Бундай ҳолларда, ўзини назорат қилувчи шахс деб эътироф этган шахс ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тегишли билдириш хати юборади.


(14-қ.) Юридик шахсни ташкил этмаган чет эл тузилмаларининг назорат қилувчи шахсларини эътироф этишнинг ушбу моддада белгиланган қоидалари, қайси чет эл юридик шахсларини назорат қилувчи шахслар учун улар таъсис этилган ёки фуқароси бўлган чет давлатнинг (ҳудуднинг) қонунчилигига мувофиқ капиталда иштирок этиши назарда тутилмаган бўлса, ўша шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



41-модда. Дивидендлар ва фоизлар

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Қуйидагилар дивидендлар деб эътироф этилади:

1) юридик шахснинг фойдасини (шу жумладан имтиёзли акциялар бўйича фоизлар тарзидаги фойдасини) ушбу юридик шахснинг акциядорига (иштирокчисига) тегишли акциялар (улушлар) бўйича тақсимлаш чоғида акциядор (иштирокчи) томонидан олинган ҳар қандай даромад;

2) тугатиш чоғида юридик шахснинг акциядорига (иштирокчисига) ушбу акциядорнинг (иштирокчининг) шу юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдоридан кўп бўлган қисми бўйича пул ёки натура шаклидаги тўловлар;

3) жамиятдан чиқарилган ёки чиқиб кетган иштирокчига улуши қисмининг чиқарилиш ёки чиқиб кетиш санасидан олдинги охирги ҳисобот даври учун жамиятнинг бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари бўйича аниқланадиган ҳақиқий қийматини ушбу акциядорнинг (иштирокчининг) шу юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши миқдоридан кўп бўлмаган қисми бўйича тўлаш;

4) ушбу юридик шахснинг ўз капитали (мол-мулки) ҳисобига устав фонди (устав капитали) ошган тақдирда юридик шахс акциядорининг (иштирокчисининг) қўшимча акциялар қиймати (улуш номинал қийматининг ошиши) тарзида олинган даромадлари.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган даромадлар, башарти улар акциядорларнинг (иштирокчиларнинг) бундай даромадни тўловчи юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улушларига мутаносиб равишда тўланса, дивидендлар деб эътироф этилади.


(3-қ.) Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан олинадиган, чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ дивидендлар жумласига киритиладиган ҳар қандай даромадлар ҳам дивидендлар деб эътироф этилади.


(4-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун хусусий корхона мулкдорига, оилавий корхона иштирокчисига ёки фермер хўжалиги бошлиғига бундай юридик шахслар тасарруфида қолган фойда суммасидан тўланадиган даромадлар дивидендларга тенглаштирилади.


(5-қ.) Илгари билдирилган (белгиланган) ҳар қандай даромад, шу жумладан ҳар қандай турдаги қарз мажбуриятлари бўйича дисконт тарзида олинган даромад (уни расмийлаштириш усулидан қатъи назар), шу жумладан пул омонатлари бўйича олинган даромад фоизлар деб эътироф этилади.



42-модда. Даромад


Нафни баҳолаш имконияти мавжуд бўлган тақдирда ва бундай нафни баҳолаш мумкин бўлган даражада ҳисобга олинадиган пул ёки натура шаклидаги иқтисодий наф даромад деб эътироф этилади.



43-модда. Ўзбекистон Республикасидаги

манбалардан олинадиган даромадлар


(1-қ.) Солиқ тўловчининг даромадлари Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадлар ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадлар жумласига киритилиши мумкин.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий фаолиятдан олинган даромадлар ҳамда Ўзбекистон Республикасининг юрисдикцияси, ҳуқуқ лаёқати ва (ёки) унинг давлат органлари ва иқтисодий муносабатларнинг бошқа субъектлари билан иқтисодий муносабатларга бевосита боғлиқ бўлган бошқа даромадлар Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадлар жумласига киради.


(3-қ.) Агар ушбу Кодекснинг қоидалари даромадларни Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларга ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларга қатъий киритиш имкониятини бермаса, даромадни у ёки бу манбага киритиш Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан амалга оширилади. Мазкур даромадларнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадларга киритиш мумкин бўлган улуши ва Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларга киритиш мумкин бўлган улуши айни шундай тартибда аниқланади.



44-модда. Роялти


(1-қ.) Ҳар қандай номоддий активдан фойдаланганлик ёки фойдаланиш ҳуқуқи учун тўловлар роялти деб эътироф этилади, шу жумладан:

санъат, адабиёт, илм-фан, шу жумладан дастурий таъминот ва маълумотлар базаларига, чизмага, дизайнга ёки моделга, режага, махфий формулага, технологияга ёки жараёнга, аудиовизуал асарларга ҳамда турдош ҳуқуқлар объектларига, шу жумладан ижролар ва фонограммаларга бўлган муаллифлик ҳуқуқлари;

патентлар, товар белгилари, савдо маркалари ёки ҳуқуқнинг бошқа шунга ўхшаш турлари;

саноат, тижорат ёки илмий тажрибага тааллуқли ахборот (ноу-хау). Бунда илмий-техника соҳасидаги интеллектуал фаолият натижалари ва (ёки) касбий фаолиятни амалга ошириш усуллари тўғрисидаги, илгариги тажрибадан келиб чиқадиган, иқтисодий фаолиятда амалий жиҳатдан қўлланиладиган, шунингдек (унинг учинчи шахсларга маълум эмаслиги туфайли) ҳақиқий ёки потенциал тижорат қийматига эга бўлган саноат, тижорат ёки илмий хусусиятга эга ахборот (агар бундай маълумотлардан қонуний асосда эркин фойдаланиш имконияти учинчи шахсларда мавжуд бўлмаса) ва унинг ошкор этилиши натижасида иқтисодий наф олиш мумкин бўлса, бу ахборот ноу-хау деб тушунилади.


(2-қ.) Қуйидагилар учун тўланадиган тўловларга роялти сифатида қаралмайди:

1) компьютер дастурларидан фойдаланганлик (шу жумладан дастурни жойлаштирилган ички имкониятлардан фойдаланган ҳолда созлаш йўли билан мослаштириш), агар фойдаланиш шартлари бундай дастурнинг мўлжалланган функционал мақсади билан чекланган ва уни такрорлаш бундай фойдаланиш учун зарур бўлган кўчирма нусхалар сони билан чегараланган бўлса;

2) шахснинг фойдаланиши, эгалик қилиши ва (ёки) тасарруф этиши учун ушбу қисмнинг 1-бандида белгиланган интеллектуал мулк ҳуқуқи объектлари ўзида акс эттирилган ёки турган товарларни (шу жумладан ахборот ташувчиларни) сотиб олганлик;

3) компьютер дастурларини ва маълумотлар базаларини (ҳисоблаш техникасининг дастурий воситаларини ва ахборот маҳсулотларини) ишлаб чиқиш, шунингдек дастурларни ўрнатиш, уларга ишлов бериш ва уларни созлаш, мослаштириш ва модификация қилиш бўйича хизматлар кўрсатганлик;

4) буюртмачи билан тузилган шартнома асосида хизматлар кўрсатиш натижаси ҳисобланадиган, янги олинган, саноат, тижорат ёки илмий хусусиятга эга бўлган ахборотдан фойдаланганлик;

5) дастурий маҳсулотнинг нусхаларини уларни такрорлаш ҳуқуқисиз ёки агар уларни такрорлаш якуний истеъмолчи томонидан фойдаланиш билан чекланган бўлса, тарқатишга бўлган ҳуқуқни ўтказганлик.



45-модда. Товарлар ва хизматлар.

Товарлар (хизматлар) бозори

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Табиатнинг ёки инсон фаолиятининг (шу жумладан интеллектуал фаолиятнинг) қиймат баҳосига эга бўлган ва реализация қилиш учун мўлжалланган ҳар қандай предмети товар деб эътироф этилади.


(2-қ.) Товарлар деб, хусусан, электр энергияси, маълумотлар базаси, ахборот, интеллектуал фаолият натижалари, шу жумладан уларга бўлган мутлақ ҳуқуқлар эътироф этилади.


(3-қ.) Солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқлар ҳам товар деб эътироф этилади.


(4-қ.) Номоддий хусусиятга эга бўлган, пулда ифодаланган баҳога эга мол-мулкка қаратилган ва ушбу мол-мулкдан мустақил равишда, унга боғлиқ бўлмаган ҳолда муомалада бўлишга қодир (олди-сотди шартномасининг объекти ёхуд шартномада ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатда кўрсатилган, ушбу мулкий ҳуқуққа эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ҳамда уни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлган, ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказиш объекти бўлиши мумкин бўлган) фуқаровий ҳуқуқ объекти солиқ солиш мақсадида мулкий ҳуқуқ деб эътироф этилади.


(5-қ.) Мулкий ҳуқуқлар жумласига қуйидагилар киради, чунончи: кредиторнинг қарздорга талаб қўйиш ҳуқуқи, хўжалик жамиятининг устав фондида (устав капиталида) иштирок этиш улуши, қимматли қоғозлар, муаллифнинг (ёки бошқа ҳуқуқ эгасининг) интеллектуал мулк объектига бўлган ҳуқуқи, шунингдек ҳуқуқларнинг замирида ётган мол-мулк билан боғлиқ, сотилиши ёки ўз мулкдоридан ўзга шахсга бошқача тарзда ўтказилиши мумкин бўлган бошқа турлари.


(6-қ.) Ашёнинг ўзини ўтказмай туриб, мустақил муомалада бўлиши мумкин бўлмаган ашёвий ҳуқуқларга мулкий ҳуқуқлар сифатида қаралмайди.


(7-қ.) Божхона тўловларини ундириш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш мақсадида божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ товарлар жумласига бошқа мол-мулк киритилиши мумкин.


(8-қ.) Бошқа шахсларнинг эҳтиёжларини қаноатлантиришга қаратилган маҳсулотларни (моддий ёки номоддий) ишлаб чиқаришга доир тадбиркорлик фаолиятининг турлари, шунингдек бошқа шахслар учун бажариладиган ишлар солиқ солиш мақсадида хизматлар деб эътироф этилади.


(9-қ.) Жисмоний шахсларнинг иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси доирасидаги фаолияти хизматлар жумласига кирмайди.


(10-қ.) Бир хил хусусиятли асосий белгиларга эга бўлган товарлар (хизматлар) солиқ солиш мақсадида айнан ўхшаш товарлар (хизматлар) деб эътироф этилади.


(11-қ.) Товарларнинг айнан ўхшашлигини аниқлашда бундай товарларнинг ташқи кўринишидаги арзимас фарқлар ҳисобга олинмаслиги мумкин.


(12-қ.) Товарларнинг айнан ўхшашлигини аниқлашда уларнинг физик хусусиятлари, сифати, мўлжалланган вазифаси, келиб чиққан мамлакати ва ишлаб чиқарувчиси, унинг бозордаги ишбилармонлик обрўси ҳамда фойдаланиладиган товар белгиси ҳисобга олинади.


(13-қ.) Хизматларнинг айнан ўхшашлигини аниқлашда бажарувчининг (пудратчининг) хусусиятлари, унинг бозордаги ишбилармонлик обрўси ва фойдаланиладиган товар белгиси ҳисобга олинади.


(14-қ.) Айнан ўхшаш бўлмаган ҳолда, бир хил хусусиятларга эга бўлган ҳамда айни бир вазифани бажариш имкониятини берадиган ўхшаш таркибий қисмлардан иборат бўлган ва (ёки) тижорат жиҳатидан бир-бирининг ўрнини боса оладиган товарлар ушбу Кодекснинг мақсадлари учун бир турдаги товарлар деб эътироф этилади.


(15-қ.) Товарларнинг бир турдалигини аниқлашда, уларнинг сифати, бозордаги мавқеи, товар белгиси, келиб чиққан мамлакати ҳисобга олинади.


(16-қ.) Айнан ўхшаш бўлмаган ҳолда, тижорат жиҳатидан ва (ёки) бажарадиган вазифаси жиҳатидан бир-бирининг ўрнини босиш имкониятини берадиган бир хил хусусиятларга эга хизматлар бир турдаги хизматлар деб эътироф этилади.


(17-қ.) Хизматларнинг бир турдалигини аниқлашда уларнинг сифати, товар белгиси, бозордаги мавқеи, шунингдек турлари, ҳажмлари, ноёблиги ва тижорат жиҳатидан бир-бирининг ўрнини боса олиши ҳисобга олинади.


(18-қ.) Товарларнинг муомалада бўлиш соҳаси товарлар бозори деб эътироф этилади, бу соҳа харидорнинг (сотувчининг) бу товарларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ёки унинг ҳудудидан ташқарида унча кўп бўлмаган қўшимча харажатларсиз олиш (реализация қилиш) имкониятидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Хизматлар бозори ҳам худди шундай тартибда белгиланади.



46-модда. Товарлар ва хизматларни реализация қилиш


(1-қ.) Товарларга бўлган мулк ҳуқуқини ҳақ олиш асосида ўтказиш ёки ҳақ эвазига хизматлар кўрсатиш, шу жумладан қарздор гаров билан таъминланган мажбуриятларини бажармаганда гаровга қўйилган товарларни айирбошлаш ва ўтказиш товарларни ёки хизматларни реализация қилиш деб эътироф этилади.


(2-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда товарларга бўлган мулк ҳуқуқини бепул асосда ўтказиш ёки бепул асосда хизматлар кўрсатиш ҳам реализация қилиш деб эътироф этилади.



47-модда. Ҳисобварақ-фактура


(1-қ.) Товарларни (хизматларни) реализация қилишда юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар, агар мазкур моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу товарларни (хизматларни) сотиб олувчиларга ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.


(2-қ.) Ҳисобварақ-фактура, қоида тариқасида, электрон ҳисобварақ-фактураларнинг ахборот тизимида электрон шаклда расмийлаштирилади.


(3-қ.) Товарларни (хизматларни) реализация қилиш чоғида, агар сотувчи харидорга касса чеки ёки белгиланган шаклдаги бошқа ҳужжатни берса, ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар қўлланилмайди.


(4-қ.) Реализация қилинаётган товарлар (хизматлар) қиймати ўзгарганда, шу жумладан етказиб берилган товарлар ёки кўрсатилган хизматлар нархи ўзгарган ёхуд миқдори (ҳажми) аниқлаштирилган ҳолларда, сотувчи сотиб олувчига ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда қўшимча ёки тузатилган ҳисобварақ-фактурани тақдим этиши шарт.


(5-қ.) Ушбу Кодекснинг 279-моддасига мувофиқ ҳисобга туриши лозим бўлган чет эл юридик шахслари ҳисобварақ-фактураларни тақдим этмайди, сотиб олиш реестрларини, сотиш реестрларини, ҳисобга олиш журналларини ҳамда ушбу Кодекс 282-моддасида кўрсатилган хизматларни кўрсатиш қисми бўйича қабул қилинган ва берилган ҳисобварақ-фактураларни юритмайди.


(6-қ.) Ҳисобварақ-фактуранинг шакли ва уни тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



48-модда. Мақсадли маблағлар


(1-қ.) Солиқ солиш мақсадида солиқ тўловчи томонидан мақсадли маблағларнинг манбаи бўлган шахс томонидан белгиланган ёки қонунчиликда белгиланган мақсадга кўра фойдаланиш учун олинган мол-мулк мақсадли маблағларга киради. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Мақсадли маблағларга жумладан қуйидагилар киради:

1) бюджетдан ажратиладиган маблағлар ва бюджет субсидиялари;

2) грантлар ва инсонпарварлик ёрдами;

3) мақсадли тушумлар.


(3-қ.) Солиқ солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда бепул асосда бериладиган қуйидаги мол-мулк грант деб эътироф этилади:

1) давлатлар, давлатларнинг ҳукуматлари, халқаро ёки чет эл ҳукумат ташкилотлари ёхуд ноҳукумат ташкилотлари томонидан Ўзбекистон Республикасига берилган мол-мулк;

2) чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига берилган мол-мулк.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан у ваколат берган ташкилотлар орқали тақсимланадиган, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан ночор гуруҳларига тиббий ва (ёки) ижтимоий ёрдам кўрсатиш, ижтимоий соҳа муассасаларини қўллаб-қувватлаш, табиий офатлар, фалокатлар ва ҳалокатлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва бошқа фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда уларни бартараф этиш учун Ўзбекистон Республикасига аниқ мақсадли беғараз кўмаклашиш солиқ солиш мақсадида инсонпарварлик ёрдами деб эътироф этилади.


(5-қ.) Мақсадли тушумларга нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтирилган тушумлар (бундан акциз тўланадиган товарлар тарзидаги тушумлар мустасно) давлат ҳокимияти органларининг қарорлари асосида бепул келиб тушган, шунингдек бошқа юридик ва (ёки) жисмоний шахслардан келиб тушган, мазкур олувчилар томонидан мақсадли фойдаланиладиган тушумлар киради.


(6-қ.) Нотижорат ташкилотларни таъминлаш ва уларнинг уставда белгиланган фаолиятини юритишга йўналтирилган мақсадли тушумларга қуйидагилар киради:

1) муассисларнинг (иштирокчиларнинг, аъзоларнинг) нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилган бадаллари, шунингдек фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ деб эътироф этиладиган хайриялар; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) нотижорат ташкилотлар томонидан бепул олинган тегишли шартномалар асосида кўрсатилган хизматлар тарзидаги даромадлар;

3) ушбу Кодексда белгиланган тартибда уй-жой мулкдорлари ширкатлари, уй-жой, боғдорчилик, боғ-томорқа, гараж-қурилиш, уй-жой қурилиш кооперативлари ёки бошқа ихтисослашган истеъмолчилар кооперативлари томонидан амалга ошириладиган умумий мулкни таъмирлаш, мукаммал таъмирлаш учун уларнинг аъзолари томонидан захира шакллантиришга ажратмалар;

4) нотижорат ташкилотларга васиятнома бўйича мерос тартибида ўтадиган мол-мулк;

5) нотижорат ташкилотларнинг уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун берилган бюджет маблағлари;

6) хайрия фаолиятини амалга ошириш учун олинган маблағлар ва бошқа мол-мулк;

7) касаба уюшмаси ташкилотларига касаба уюшмаси ташкилотларининг уставларида назарда тутилган ижтимоий-маданий ва бошқа тадбирларни ўтказиш учун жамоа шартномаларига (келишувларига) мувофиқ келиб тушган маблағлар;

8) нотижорат ташкилотлар томонидан тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган, уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун қонунчиликка мувофиқ улар томонидан тузилган солиқ тўловчи бўлган таркибий бўлинмалардан бепул олинган маблағлар; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

9) уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун диний ташкилотлар томонидан олинган мол-мулк;

10) нотижорат ташкилотлар томонидан улар уставда белгиланган фаолиятини амалга ошириш учун давлат ҳокимияти органларининг қарорларига биноан олинган давлат мулкидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи тарзидаги мулкий ҳуқуқлар.



49-модда. Қимматли қоғозлар


(1-қ.) Қимматли қоғозлар мазкур ҳужжатларни чиқарган юридик шахс билан уларнинг эгаси ўртасидаги мулкий ҳуқуқларни ёки қарз муносабатларини тасдиқлайдиган, дивидендлар ёки фоизлар тарзида даромад тўлашни ҳамда ушбу ҳужжатлардан келиб чиқадиган ҳуқуқларни бошқа шахсларга ўтказиш имкониятини назарда тутадиган ҳужжатлардир.


(2-қ.) Қимматли қоғозларга акциялар, облигациялар, векселлар, депозит сертификатлари, депозитар тилхатлар, опционлар, фьючерс ва форвард контрактлари киради, шунингдек қонунчиликка ёки чет давлатнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонунчилигига мувофиқ қимматли қоғозлар деб эътироф этиладиган бошқа қимматли қоғозлар киради. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(3-қ.) Қимматли қоғозларни эмиссиявий қимматли қоғозлар жумласига киритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари ёки чет давлатларнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонунчилик билан белгиланади.


(4-қ.) Агар қимматли қоғозлар билан бажариладиган операция муддатли битимларнинг молиявий воситаларига оид операциялар мезонларига мувофиқ бўлса, солиқ тўловчи уни мустақил равишда солиқ солиш мақсадида қимматли қоғозлар билан бажариладиган операциялар жумласига ёки муддатли битимларнинг молиявий воситаларига оид операциялар жумласига киритишга ҳақли.


(5-қ.) Солиқ солиш мақсадида қимматли қоғозлар қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя этилган тақдирда қимматли қоғозларнинг уюшган бозорида муомалада бўлаётган қимматли қоғозлар (муомаладаги қимматли қоғозлар) деб эътироф этилади:

улар қимматли қоғозлар савдоларининг ҳеч бўлмаганда битта ташкилотчиси томонидан муомалага киритилган бўлса;

уларнинг нархлари (котировкалари) тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса ёхуд савдоларнинг ташкилотчиси ёки бошқа ваколатли шахс томонидан ҳар қандай манфаатдор шахсга қимматли қоғозларга доир операциялар амалга оширилган санадан эътиборан уч йил ичида берилиши мумкин бўлса;

солиқ тўловчи бу қимматли қоғозларга доир битимни тузган санадан эътиборан ўтган кетма-кет уч ой ичида улар бўйича ҳеч бўлмаганда бир марта бозор котировкаси ҳисоблаб чиқарилган бўлса (бундан қимматли қоғозларни бирламчи жойлаштириш чоғидаги бозор котировкасининг ҳисоб-китоби мустасно).



50-модда. Муддатли битимларнинг молиявий воситалари


(1-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун шартнома томонлари ҳуқуқ ва мажбуриятларининг асос активларга нисбатан тақсимланиши бўйича ва томонлар мажбуриятларининг бажарилишига тўғри келадиган сана кўрсатилган шартнома муддатли битимларнинг молиявий воситаси деб эътироф этилади.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигига ва (ёки) чет давлатларнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонунчилигига мувофиқ шартнома талаблари бўйича суд ҳимояси лозим бўлмаса, ушбу Кодекснинг мақсадлари учун ўша шартнома муддатли битимларнинг молиявий воситаси деб эътироф этилмайди. Мазкур шартнома туфайли кўрилган зарарлар солиқ солишда ҳисобга олинмайди. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Муддатли битимлар молиявий воситаларининг асос активи деганда муддатли битимнинг предмети тушунилади.


(4-қ.) Асос актив сифатида, жумладан чет эл валютаси, қимматли қоғозлар ва бошқа мол-мулк, фоиз ставкалари, кредит ресурслари, нарх ёки фоиз ставкаларининг индекслари, муддатли битимларнинг бошқа молиявий воситалари иштирок этиши мумкин.


(5-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун муддатли битимларнинг иштирокчилари деганда муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан операцияларни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар тушунилади.


(6-қ.) Муддатли битимларнинг молиявий воситаларини асос активларни етказиб бериш йўли билан, муддатли битимларнинг молиявий воситаси бўйича узил-кесил ўзаро ҳисоб-китобни амалга ошириш йўли билан ёхуд муддатли битимнинг молиявий воситаси билан илгари амалга оширилган операцияга муддатли битим иштирокчиси томонидан қарама-қарши операцияни амалга ошириш йўли билан бажариш муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича ҳуқуқлар ва мажбуриятларнинг бажарилиши деб эътироф этилади.


(7-қ.) Муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир, асос активни харид қилишга қаратилган операциялар учун қарама-қарши йўналишдаги операция деб - асос активни сотишга қаратилган операция, асос активни сотишга қаратилган операция учун эса - асос активни харид қилишга қаратилган операция эътироф этилади.


(8-қ.) Солиқ тўловчи асос активни етказиб бериш шартларини назарда тутувчи битимни муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операция деб ёки ижрони кечиктирган ҳолда битим предметини етказиб беришга доир битим деб эътироф этиб, ушбу битимни мустақил равишда, ушбу модданинг талабларини инобатга олган ҳолда тавсифлашга ҳақли.


(9-қ.) Битимнинг предметини етказиб беришни (бундан хеджирлаш операциялари мустасно) назарда тутувчи битимларни муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар тоифасига киритиш мезонлари солиқ тўловчи томонидан ҳисоб сиёсатида солиқ солиш мақсадлари учун аниқланиши керак.


(10-қ.) Муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциялар бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг ижро этилиш санаси муддатли битимларнинг молиявий воситаларига доир операциянинг тугалланиш санасидир.


(11-қ.) Муддатли битимнинг молиявий воситаси бўйича мажбуриятлар қуйидаги ҳолларда уни қайта тавсифламаган ҳолда тугатилиши мумкин:

1) бир турдаги талаблар ва мажбуриятларни ҳисобга ўтказган ҳолда (ўзаро ҳисобга ўтказган ҳолда);

2) шартномаларнинг намунавий шартларига мувофиқ бўлган бош келишувда белгиланган тартибда, агар бундай тугатишда нетто-мажбуриятнинг суммасини белгилаш назарда тутилган бўлса;

3) ташкил этилган савдоларнинг қоидалари ёки клиринг қоидалари шартларида тузилган шартномалардан келиб чиқадиган муқобил талабларни ҳисобга ўтказган ҳолда, агар бундай ҳисобга ўтказиш нетто-мажбуриятнинг суммасини аниқлаш мақсадида амалга оширилган бўлса.


(12-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун бир эмитентнинг бир турдаги, бир тоифадаги (хилдаги) ёки битта пай инвестиция фондининг (пай инвестиция фондларининг инвестиция пайлари учун) бир хил ҳажмдаги ҳуқуқларга эга бўлган қимматли қоғозларини етказиб беришга доир талаблар, шунингдек пул маблағларини айни шу валютада тўлашга доир талаблар бир турдаги талаблар деб эътироф этилади.


(13-қ.) Ижро этишни кечиктирган ҳолда битим предметини етказиб беришга доир битим сифатида тавсифланган битимларга солиқ солиш бундай битимларнинг тегишли асос активлари учун ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


(14-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун муддатли битимларнинг молиявий воситалари уюшган бозорда муомалада бўлган битимларнинг молиявий воситаларига (муддатли битимларнинг муомаладаги молиявий воситаларига) ва муддатли битимларнинг уюшган бозорда муомалада бўлмаган молиявий воситаларига (муддатли битимларнинг муомалада бўлмаган молиявий воситаларига) бўлинади.


(15-қ.) Муддатли битимларнинг молиявий воситалари қуйидаги шартларга бир вақтнинг ўзида риоя этилган тақдирда уюшган бозорда муомалада деб эътироф этилади:

1) битимларни тузиш, уларнинг муомалада бўлиши ва бажарилиши тартиби Ўзбекистон Республикаси қонунчилигига ёки чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ шундай ҳуқуққа эга бўлган савдоларнинг ташкилотчиси томонидан белгиланса; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) муддатли битимлар молиявий воситаларининг нархлари тўғрисидаги ахборот оммавий ахборот воситаларида эълон қилинса ёхуд савдоларнинг ташкилотчиси ёки бошқа ваколатли шахс томонидан ҳар қандай манфаатдор шахсга муддатли битимнинг молиявий воситасига доир операциялар амалга оширилган санадан кейин уч йил ичида берилиши мумкин бўлса.


(16-қ.) Агар битим уюшмаган бозорда тузилса ва унинг шартларида асос активни етказиб бериш назарда тутилган бўлса, битим муддатли битимларнинг молиявий воситаси сифатида фақат, башарти асос активни етказиб бериш бундай битимнинг шартларига мувофиқ битим тузилган кундан кейин камида учинчи кундан сўнг амалга оширилса, муддатли битимларнинг молиявий воситаси сифатида тавсифланиши мумкин.


(17-қ.) Уюшмаган бозорда тузиладиган ва шартларида асос активни етказиб бериш назарда тутилмаган битим фақат муддатли битимларнинг молиявий воситаси сифатида тавсифланиши мумкин.


(18-қ.) Ўз шартларида асос активни етказиб беришни назарда тутувчи муддатли битимларнинг молиявий воситалари ёки ўз шартларида асос активни етказиб беришни назарда тутувчи бошқа молиявий воситанинг муддатли битимларини тузиш етказиб беришга оид муддатли битимлар деб эътироф этилади.


(19-қ.) Ўз шартларида асос активни етказиб бериш назарда тутилмаган муддатли битимларнинг молиявий воситалари ёки ўз шартларида асос активни етказиб беришни назарда тутмайдиган молиявий воситаларнинг муддатли битимларини тузиш ҳисоб-китобли муддатли битимлар деб эътироф этилади.


(20-қ.) Етказиб беришга оид муддатли битимлар сифатида, шунингдек ижрони кечиктирган ҳолда битим предметини етказиб беришга доир битим сифатида тавсифланган битимлар мажбуриятлар лозим даражада ижро этишдан фарқ қиладиган усуллар орқали тугатилган тақдирда ҳисоб-китобли муддатли битимлар сифатида қайта тавсифланмайди.


(21-қ.) Вариацияли маржа деганда савдоларнинг ташкилотчиси ёки клиринг ташкилоти томонидан ҳисоблаб чиқиладиган ҳамда савдоларнинг ташкилотчилари ва (ёки) клиринг ташкилотлари томонидан белгиланган қоидаларга мувофиқ муддатли битимлар иштирокчилари томонидан тўланадиган пул маблағлари суммаси тушунилади.



51-модда. Хеджирлаш


(1-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида хеджирлаш операциялари деганда солиқ тўловчи учун нохуш оқибатларни (тўлиқ ёки қисман) камайтириш (компенсация қилиш) мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари (шу жумладан ҳархил турлари билан) амалга ошириладиган операциялар (операциялар мажмуи) тушунилади.


(2-қ.) Бундай нохуш оқибатлар жумласига, хусусан, зарар кўриш, тушумнинг ёки фойданинг камайиши, мол-мулк бозор қийматининг камайиши, нархнинг, фоиз ставкасининг, миллий валютага нисбатан чет эл валютаси курсининг ёки хеджирлаш объекти (объектлари) бошқа кўрсаткичининг (кўрсаткичлари мажмуининг) ўзгариши оқибатида солиқ тўловчининг мажбуриятлари кўпайиши киритилиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ тўловчининг мол-мулки, мулкий ҳуқуқлари ва унинг хеджирлаш операциясини амалга ошириш санасида бажарилиш муддати етиб келмаган мажбуриятлари хеджирлаш объектлари деб эътироф этилади.


(4-қ.) Амалга оширилиши (бажарилиши) тарафнинг шартнома бўйича талаб қўйиши билан боғлиқ бўлган ҳамда уларга нисбатан солиқ тўловчи хеджирлаш тўғрисида қарор қабул қилган талаб қилиш ҳуқуқлари ва мажбуриятлар хеджирлаш объектлари бўлиши мумкин.


(5-қ.) Муддатли битимлар молиявий воситаларининг хеджирлаш операцияси учун фойдаланиладиган асос активлари хеджирлаш объектидан фарқ қилиши мумкин.


(6-қ.) Хеджирлаш мақсадида ҳар хил турдаги муддатли битимнинг биттадан ортиқ молиявий воситасини, шу жумладан хеджирлаш муддати ичида битта хеджирлаш операцияси доирасида муддатли битимларнинг бир нечта молиявий воситаларини тузишга йўл қўйилади.


(7-қ.) Солиқ тўловчи муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан операцияни хеджирлаш операцияси жумласига киритиш асосланганлигини тасдиқлаш учун хеджирлаш операциясига доир битимни тузиш санасида солиқ тўловчининг тахминларидан келиб чиққан ҳолда ушбу операциянинг амалга оширилиши нархнинг, бозор котировкасининг, валюта курсининг ёки хеджирлаш объекти бошқа кўрсаткичининг ўзгариши билан боғлиқ бўлган нохуш оқибатларни камайтириш имконини беришини тасдиқловчи маълумотномани тузади.


(8-қ.) Агар битта хеджирлаш операцияси мақсадида муддатли битимларнинг молиявий воситалари билан боғлиқ операциялар мажмуидан фойдаланилса, бундай маълумотнома ушбу битимлар мажмуининг биринчиси тузилган санадаги ҳолатга кўра тузилади.



52-модда. Қимматли қоғозлар билан РЕПО операциялари


(1-қ.) Репо шартномасига мувофиқ битимнинг бир тарафи битимнинг бошқа тарафига қимматли қоғозларни ушбу шартномада олдиндан белгиланган нархда муайян муддатдан кейин уларни қайтариб сотиш (сотиб олиш) мажбурияти билан сотади. Бунда ушбу қимматли қоғозларнинг шартномада белгиланган сотиш (сотиб олиш) нархи уларнинг бозор нархларидан фарқ қилиши мумкин.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ва (ёки) чет давлатларнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонунчилигида репо шартномаларига нисбатан қўйиладиган талабларга жавоб берадиган шартнома РЕПО операцияси деб эътироф этилади. Бунда репо шартномасининг биринчи ва иккинчи қисмлари тегишинча РЕПОнинг биринчи ва иккинчи қисмлари деб эътироф этилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Репо шартномаси бўйича сотиб олувчи ва репо шартномаси бўйича сотувчи тегишинча РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотиб олувчи ҳамда РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотувчи деб эътироф этилади. Бунда РЕПОнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятлар РЕПОнинг биринчи қисми бажарилиши шарти билан юзага келиши керак.


(4-қ.) РЕПО операциясининг шартлари битим тарафларининг қуйидаги ҳуқуқларидан камида биттасини назарда тутиши мумкин:

1) РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотувчининг РЕПОнинг иккинчи қисмини бажариш санасига қадар РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотиб олувчига РЕПОнинг биринчи қисми бўйича берилган қимматли қоғозлар ёки улар айирбошланган қимматли қоғозлар ўрнига бошқа қимматли қоғозларни бериш ҳуқуқи;

2) РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотиб олувчининг РЕПОнинг биринчи қисми бўйича сотувчидан ушбу қисмнинг 1-бандида кўрсатилган ўтказишни талаб қилиш ҳуқуқи.


(5-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида РЕПО операцияси иштирокчилари томонидан РЕПОнинг тегишли қисми бўйича ўз мажбуриятларини бажаришининг репо шартномасида назарда тутилган муддатлари РЕПО биринчи ёки иккинчи қисмининг бажарилиш саналари ҳисобланади.


(6-қ.) РЕПОнинг биринчи ёки иккинчи қисми бўйича қимматли қоғозларни етказиб бериш ва уларга ҳақ тўлаш бўйича мажбуриятлар турли саналарда бажарилган тақдирда, қимматли қоғозларга ҳақ тўлаш ёки уларни етказиб бериш бўйича мажбуриятлар бажарилиши саналаридан энг кечроғи тегишинча РЕПО биринчи қисмининг санаси ва иккинчи қисмининг санаси деб эътироф этилади.


(7-қ.) РЕПОнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларни бажариш санаси РЕПО муддатини қисқартириш томонга ҳам, уни узайтириш томонга ҳам ўзгартирилиши мумкин. РЕПОнинг иккинчи қисмини бажариш санаси талаб қилиб олиш пайти билан белгиланадиган операциялар, агар репо шартномасида РЕПО иккинчи қисмининг нархини аниқлаш тартиби белгиланган бўлса ва агар РЕПОнинг иккинчи қисми тарафлар томонидан РЕПОнинг биринчи қисмига доир мажбуриятлар бажарилган санадан эътиборан бир йил ичида бажарилган бўлса, РЕПО операциялари деб эътироф этилади.


(8-қ.) Қимматли қоғозлар бозорида савдоларнинг ташкилотчиси (биржа) орқали ёки клиринг ташкилоти орқали бажарилган ҳолда амалга ошириладиган РЕПО операциялари учун РЕПОнинг иккинчи қисми бажарилиши санасининг қимматли қоғозлар бозоридаги савдолар ташкилотчисининг (биржанинг) ёки клиринг ташкилотининг қоидаларига мувофиқ амалга ошириладиган ҳар қандай ўзгартирилиши ушбу модда мақсадида РЕПО муддатини ўзгартириш деб эътироф этилади.


(9-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида РЕПО ставкаси РЕПО операциясини тузиш чоғида аниқланади ва у қатъий белгиланган ёки ҳисоб-китобли бўлиши мумкин.


(10-қ.) РЕПО ставкаси ҳисобот (солиқ) даврининг охирида фоизларнинг миқдорини белгилаш имконини бериши керак ва репо шартномаси тарафларининг келишувига кўра ўзгартирилиши мумкин.


(11-қ.) Агар РЕПОнинг иккинчи қисми бўйича қимматли қоғозларни реализация қилишга (сотиб олишга) доир мажбуриятлар РЕПОнинг иккинчи қисмини бажариш санасида тўлиқ ёки қисман бажарилмаса ва ўзаро талабларни тартибга солиш тартиб-таомили ўтказилмаса, РЕПОнинг иккинчи қисми, агар ушбу модданинг олтинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, лозим даражада бажарилмаган деб эътироф этилади.


(12-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қуйидагилар РЕПОнинг иккинчи қисмини тўлиқ бажармаслик деб эътироф этилмайди:

1) РЕПОнинг иккинчи қисми бўйича мажбуриятларни РЕПОнинг иккинчи қисмини бажаришнинг тарафлар томонидан келишган санасидан эътиборан ўн кун ичида бажариш;

2) мажбуриятларни қуйидаги ҳолларда муқобил талабларни ҳисобга олиш йўли билан бажариш (тугатиш):

а) агар бундай талаблар Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ёки чет давлатларнинг қўлланилиши мумкин бўлган қонунчилигига мувофиқ тасдиқланган шартномаларнинг намунавий шартларига мос бўлган бош келишув (ягона шартнома) шартлари асосида тузилган шартномалардан келиб чиқадиган бўлса. Бунда муқобил талабларни ҳисобга олиш нетто-мажбурият суммасини аниқлаш мақсадида амалга оширилган бўлса; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги кичик банд)

б) агар бундай талаблар уюшган савдолар қоидаларининг ва (ёки) клиринг қоидаларининг шартлари асосида тузилган шартномалардан келиб чиқадиган бўлса. Бунда муқобил талабларни ҳисобга олиш нетто-мажбурият суммасини аниқлаш мақсадида амалга оширилган бўлса.


(13-қ.) РЕПОнинг иккинчи қисми лозим даражада бажарилмаган ҳолларда РЕПО операцияси солиқ солиш мақсадида қайта тавсифланиши лозим.


(14-қ.) РЕПО операциясини солиқ солиш мақсадида қайта тавсифлаш солиқ тўловчи томонидан қуйидаги ҳолларда мустақил равишда амалга оширилади:

1) репо шартномаларига нисбатан қонунчиликда қўйиладиган талабларга ва (ёки) РЕПО операциясига нисбатан ушбу моддада қўйиладиган талабларга риоя этилмаганда; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) репо шартномаси бекор қилинганда;

3) РЕПОнинг иккинчи қисми лозим даражада бажарилмаганда.


(15-қ.) РЕПО операциясини солиқ солиш мақсадида қайта тавсифлаш бундай қайта тавсифлаш учун асос бўлган шартлардан бири юзага келган саналардан энг аввалгисида амалга оширилади.


(16-қ.) РЕПО операцияси иштирокчиларининг РЕПО операциясини солиқ солиш мақсадида қайта тавсифлаш чоғидаги мажбуриятлари ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланади.



53-модда. Қимматли қоғозларнинг қарз операциялари

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Қимматли қоғозларни қарзга бериш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига ёки чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ тузилган, ушбу модданинг учинчи - олтинчи қисмларида белгиланган шартларни қаноатлантирадиган қарз шартномаси (бундан буён матнда қарз шартномаси деб юритилади) асосида амалга оширилади.


(2-қ.) Ушбу Кодекс қоидалари солиқ тўловчининг воситачилар, ишончли вакиллар, агентлар, ишончли бошқарувчилар томонидан тегишли фуқаровий-ҳуқуқий шартномалар асосида унинг ҳисобидан амалга оширилган қимматли қоғозларнинг қарз операцияларига нисбатан ҳам қўлланилади.


(3-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қимматли қоғозларнинг қарз шартномасида фоизлар пул шаклида тўланиши назарда тутилиши керак.


(4-қ.) Фоиз ставкаси ёки уни аниқлаш тартиби қарз шартномасининг шартларида белгиланади.


(5-қ.) Қарз шартномаси бўйича фоизларни аниқлаш мақсади учун, агар ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қарз шартномаси бўйича берилган қимматли қоғозларнинг қиймати тегишли қимматли қоғозларнинг шартномани тузиш санасидаги бозор нархига тенг тарзда, бозор нархи мавжуд бўлмаган тақдирда эса, ҳисоб-китоб қилинган нархига тенг этиб қабул қилинади. Бунда қимматли қоғозларнинг бозор нархи ва ҳисоб-китоб қилинган нархи ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланган қоидаларга мувофиқ аниқланади.


(6-қ.) Қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини кредитор томонидан қарз олувчига ўтказиш чоғидаги ўтиш санаси қарзнинг бошланиш санаси бўлади, қимматли қоғозларга бўлган мулк ҳуқуқини қарз олувчи томонидан кредиторга ўтказиш чоғидаги ўтиш санаси қарзнинг тугаш санаси бўлади.


(7-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қимматли қоғозлар тарзида берилган (олинган) қарз шартномасининг муддати бир йилдан ошмаслиги керак.


(8-қ.) Агар қарз шартномасида қимматли қоғозларни қайтариш муддати белгиланмаган бўлса ёки мазкур муддат талаб қилиб олиш пайти билан белгиланган бўлса (очиқ санали қарз шартномаси) ва қарз бошланган санадан эътиборан бир йил ичида қимматли қоғозлар қарз олувчи томонидан кредиторга қайтарилмаган бўлса, солиқ солиш мақсадида қимматли қоғозлар қарз бошланган санада реализация қилинган деб эътироф этилади.


(9-қ.) Бунда кредиторнинг ва қарз олувчининг қарз шартномаси бўйича берилган қимматли қоғозларни реализация қилишдан (сотиб олишдан) олинган даромадлари ҳамда қилинган харажатлари қимматли қоғозларнинг қарз бошланган ва фоизлар олинган (тўланган) санадаги бозор нархидан (ҳисоб-китоб нархидан) келиб чиққан ҳолда ҳисоб-китоб қилинади.


(10-қ.) Мазкур қимматли қоғозларнинг кўрсатилган бозор (ҳисоб-китоб) нархи ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланган қоидаларга мувофиқ аниқланади.


(11-қ.) Ушбу модда саккизинчи қисмининг қоидалари қуйидаги ҳолларда ҳам қўлланилади, агар:

1) қарз шартномасида қарзни қайтариш муддати белгиланган бўлса, бироқ қимматли қоғозлар қарз бошланган санадан эътиборан бир йил ўтгач кредиторга қарз олувчи томонидан қайтарилмаган бўлса;

2) қимматли қоғозларни қайтаришга доир мажбурият кредиторга пул маблағларини тўлаш ёки қимматли қоғозлардан фарқ қиладиган бошқа мол-мулкни ўтказиш орқали тугатилган бўлса.


(12-қ.) Қимматли қоғозларнинг қарз операциялари бўйича қимматли қоғозларни қайтариш юзасидан мажбуриятлар бажарилмаган ёки тўлиқ ҳажмда бажарилмаган тақдирда, ўзига нисбатан лозим даражада бажармасликка йўл қўйилган ва ўзаро талабларни тартибга солиш тартиб-таомили ўтказилмаган РЕПО операцияси учун ушбу Кодексда белгиланган тартиб солиқ солиш мақсадида қўлланилади.



54-модда. Молиявий ижара ва лизинг


(1-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида шартнома бўйича мол-мулкни (молиявий ижара объектини) ўн икки ойдан кўп муддатга эгалик қилиш ва фойдаланишга бериш чоғида юзага келадиган ижара муносабатлари молиявий ижара деб эътироф этилади. Молиявий ижара шартномаси қуйидаги талаблардан ҳеч бўлмаганда биттасига жавоб бериши керак:

1) молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, молиявий ижара объекти ижарачининг мулкига ўтказилса;

2) молиявий ижара шартномасининг муддати молиявий ижара объекти хизмат қилиш муддатининг 80 фоизидан ошса ёки молиявий ижара объектининг молиявий ижара шартномаси тугаганидан кейинги қолдиқ қиймати унинг бошланғич қийматининг камида 20 фоизини ташкил этса;

3) молиявий ижара шартномасининг муддати тугагач, ижарачи молиявий ижара объектини молиявий ижара шартномасида белгиланадиган қатъий нарх бўйича ҳақини тўлаб олиш ҳуқуқига эга бўлса;

4) молиявий ижара шартномасининг амал қилиш даврида ижара тўловларининг жорий дисконтланган қиймати объектнинг уни молиявий ижарага топшириш пайтидаги жорий қийматининг 90 фоизидан ошса. Жорий дисконтланган қиймат бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ аниқланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(2-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида молиявий ижаранинг алоҳида тури лизинг деб эътироф этилиб, бунда бир тараф (лизинг берувчи) бошқа тарафнинг (лизинг олувчининг) топшириғига кўра учинчи тарафдан (сотувчидан) лизинг шартномаси бўйича шартлашилган мол-мулкни (лизинг объектини) олади ҳамда уни ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган талабларга мувофиқ бўлган шартнома бўйича эгалик қилиш ва фойдаланиш учун лизинг олувчига ҳақ эвазига беради.


(3-қ.) Ушбу Кодекс мақсади учун молиявий ижара (лизинг) шартномасининг тарафи бўлган ижарачига (лизинг олувчига) молиявий ижара (лизинг) предметининг харидори сифатида қаралади.



55-модда. Солиқ қарзи


(1-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида ҳисоблаб чиқарилган (ҳисобланган) ва белгиланган муддатларда тўланмаган солиқларнинг, шу жумладан улар бўйича бўнак ва жорий тўловларнинг суммалари, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган муддатда тўланмаган молиявий санкциялар ва пенялар солиқ қарзи деб эътироф этилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг солиқ қарзи барча солиқлар бўйича ҳам, уларнинг ҳар бири бўйича алоҳида-алоҳида ҳам аниқланиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ қарзини тўлаш, шу жумладан уни солиқ органлари томонидан ундириш чоғида тўлаш қуйидаги тартибдаги кетма-кетликда амалга оширилади:

1) солиқлар суммаси;

2) ҳисобланган пенялар;

3) жарималар.



56-модда. Солиқ тўловчининг шахсий кабинети

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилган ахборот ресурси солиқ тўловчининг шахсий кабинети ҳисобланади.


(2-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда, солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан солиқ тўловчилар ва солиқ органлари ўз ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятларини электрон тарзда амалга ошириши учун фойдаланилиши мумкин. Қонунда назарда тутилган ҳолларда, бошқа манфаатдор шахслар ҳам ушбу ахборот ресурси орқали электрон ҳужжатлар алмашинувини амалга ошириши мумкин. (ЎзР 10.03.2020 й. ЎРҚ-607-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Солиқ органлари томонидан солиқ тўловчиларга ва солиқ тўловчилар томонидан солиқ органларига юбориладиган электрон ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади. Ҳар бир солиқ тўловчининг шахсий кабинети ушбу солиқ тўловчи солиқ органларида ҳисобга қўйилганидан кейин шакллантирилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш солиқ тўловчи томонидан ихтиёрий тартибда (бундан юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мустасно) амалга оширилади. Бунда солиқ органлари ҳамда солиқ тўловчилар бўлган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги ахборот алмашинуви фақат солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Жисмоний шахсга, ушбу шахс якка тартибдаги тадбиркор бўлишидан ёки бўлмаслигидан қатъи назар, солиқ тўловчининг битта шахсий кабинети шакллантирилади.


(6-қ.) Якка тартибдаги тадбиркор сифатида ҳисобга турган жисмоний шахс ўз солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан якка тартибдаги тадбиркор сифатидаги ўз ҳуқуқлари ва мажбуриятларини электрон тарзда амалга ошириш учун фойдаланиши мумкин.


(7-қ.) Солиқ тўловчининг шахсий кабинетига кириш ягона идентификациялаш тизими орқали электрон рақамли имзо воситасида амалга оширилади.


(8-қ.) Электрон рақамли имзо солиқ тўловчига унинг аризаси асосида Давлат хизматлари маркази орқали ҳақ тўлаш асосида, Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда тақдим этилади.


(9-қ.) Солиқ тўловчининг шахсий кабинети фаоллаштирилганидан кейин то унинг амал қилиши тўхтатиб турилгунига қадар солиқ органлари барча ҳужжатларни солиқ тўловчига фақат унинг шахсий кабинети орқали юборади. Солиқ тўловчи ҳужжатларни солиқ органларига худди шундай тартибда юборади.


(10-қ.) Солиқ органлари томонидан ҳужжат ва солиқ тўловчига солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали юборилиши чоғида у кўрсатган мобил телефон рақамига тегишли СМС-хабар юборилади.


(11-қ.) Агар солиқ органи томонидан электрон ҳужжат солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилганда солиқ тўловчи шахсий кабинетининг амал қилиши тўхтатиб турилганлиги ёки электрон рақамли имзо калитининг сертификати тугатилганлиги тўғрисида маълумот олинган бўлса, мазкур ҳужжат солиқ тўловчига ушбу маълумотлар олинган кундан эътиборан уч кун ичида қоғозда юборилади.


(12-қ.) Ушбу Кодекснинг 129-моддаси еттинчи ва ўн учинчи қисмларига мувофиқ солиқ органида ҳисобда турган чет эл юридик шахси томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан солиқ органидан ҳужжатларни (ахборотни) олиш ҳамда ушбу Кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган хизматларни электрон шаклда кўрсатишга тааллуқли маълумотларни солиқ органига тақдим этиш учун фойдаланилади.


(13-қ.) Солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш имконияти чет эл юридик шахсларига улар солиқ органларида ушбу Кодекснинг 129-моддаси еттинчи қисмида назарда тутилган тартибда ҳисобга қўйилган кундан эътиборан берилади. Бундай чет эл юридик шахси солиқ органида ҳисобдан чиқарилган тақдирда солиқ тўловчининг шахсий кабинетидан фойдаланиш ҳуқуқи солиқ органлари солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинадиган муносабатлардаги ўз ваколатларини амалга ошириши чоғида фойдаланадиган ҳужжатларни олиш учун сақланиб қолади.



57-модда. Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари


(1-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари деб бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартларга жавоб берадиган юридик шахслар эътироф этилади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ишлаб чиқарувчи ва уни бирламчи қайта ишловчи, башарти бундай юридик шахснинг жами даромадида ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини, шу жумладан уни ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалик хом ашёсини қайта ишлашдан олинган маҳсулотни реализация қилишдан олинган даромадининг улуши солиқ давридаги жами даромаднинг камида 80 фоизини ташкил этса;

ер участкаларига эга бўлган, бу ер участкалари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун зарур бўлса.


(2-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жумласига биологик ресурслардан (ҳайвонлар ва ўсимликлардан) олинган қуйидаги маҳсулотлар киради:

1) қишлоқ ва ўрмон хўжалиги ўсимликшунослиги маҳсулотлари;

2) чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик маҳсулотлари;

3) ипакчилик маҳсулотлари;

4) балиқчилик маҳсулотлари ва сувда етиштириладиган экинлар.


(3-қ.) Саноатда қайта ишланган қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ушбу Кодекс мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти деб эътироф этилмайди.



58-модда. Нотижорат ташкилотлар


Қонунчиликда нотижорат ташкилот учун белгиланган шаклда рўйхатдан ўтказилган, қуйидаги шартларга мувофиқ бўлган юридик шахс ушбу Кодекс мақсадида нотижорат ташкилот деб эътироф этилади, агар: (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

даромад олиш мақсадига эга бўлмаса;

даромадларни ёки мол-мулкни иштирокчилари (аъзолари) ўртасида тақсимламаса.



59-модда. Ижтимоий соҳада фаолиятн

амалга оширувчи юридик шахслар


(1-қ.) Ушбу Кодекс мақсадида қуйидаги соҳаларда фаолият кўрсатувчи юридик шахслар ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига киради:

1) тегишли лицензия асосида тиббиёт ташкилотлари томонидан кўрсатиладиган тиббий хизматлар (бундан косметология хизматлари мустасно). Тиббий хизматлар жумласига, ушбу бандни қўллаш мақсадида, қуйидагилар киради, хусусан, тиббий ёрдам хизматлари ва санитария хизматлари кўрсатиш: (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)

а) ташхис қўйиш, профилактика ва даволаш хизматлари;

б) стоматологик хизматлар, шу жумладан тиш протезларини ўрнатиш хизматлари;

2) таълимга оид хизматлар, шу жумладан тестлар ва имтиҳонлар ўтказишни ташкил этиш;

3) илм-фан соҳасидаги ваколатли орган томонидан аккредитация қилинган илмий ва (ёки) илмий-техникавий фаолият субъектлари томонидан фан соҳасида амалга ошириладиган фаолият (шу жумладан илмий тадқиқотлар ўтказиш, муаллиф томонидан илмий-интеллектуал мулкдан фойдаланиш, жумладан уни реализация қилиш);

4) жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги хизматлар. Бундай хизматларга, хусусан, қуйидагилар киради:

а) спорт иншоотларида, мактабларда, соғломлаштириш йўналишидаги клубларда жисмоний тарбия ва спорт машғулотларини спорт турлари бўйича ўқув гуруҳлари ҳамда жамоаларида ўтказиш хизматлари, умумжисмоний тайёргарлик хизматлари;

б) спорт мусобақалари ёки байрамларини, спорт-томоша тадбирларини ўтказиш хизматлари, шунингдек ушбу тадбирларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш учун спорт иншоотларини ижарага бериш;

в) спорт-техника асбоб-ускуналарини, тренажёрларни, анжомларни, спорт кийим-бошларини бериб туриш бўйича хизматлар;

5) болаларни, кексаларни ва ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг ижтимоий таъминоти соҳасидаги хизматлар.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар, уларнинг тегишли фаолият турларидан олинган даромадлари текин олинган мол-мулк тарзидаги даромадлар ҳисобга олинган ҳолда жами йиллик даромадининг камида 90 фоизини ташкил этиши шарти билан, ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи шахслар деб эътироф этилади.


(3-қ.) Акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқаришга ва реализация қилишга доир фаолиятдан даромадлар олувчи, шунингдек фойдали қазилмаларни қазиб олишни амалга оширувчи юридик шахслар ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар жумласига кирмайди.



60-модда. Ушбу Кодексда қўлланиладиган бошқа тушунчалар


Ушбу Кодекс мақсадида қуйидаги тушунчалардан ҳам фойдаланилади:


жисмоний шахснинг яқин қариндошлари - унинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-укалари ва опа-сингиллари, эри (хотини), фарзандлари, шу жумладан фарзандликка олинганлар, боболари, бувилари, неваралари, шунингдек эрининг (хотинининг) ота-онаси;


ижара (лизинг) тўлови - ижарага берувчига (лизинг берувчига) тузилган ижара (лизинг) шартномаси асосида ижарачи (лизинг олувчи) томонидан тўланадиган сумма;


ижарага берувчининг (лизинг берувчининг) фоиздан олинадиган даромади - молиявий ижара (лизинг) объектининг ижара (лизинг) тўлови суммаси ва қиймати ўртасидаги фарқ;


назорат-касса техникаси - фискал хотира билан жиҳозланган назорат-касса машиналари, фискал тўплагичлардаги фискал маълумотлар ёзиб олиниши ва сақланишини таъминловчи, фискал ҳужжатларни шакллантирувчи ҳамда уларнинг солиқ органларига фискал маълумотлар оператори орқали топширилишини, шунингдек фискал ҳужжатлар назорат-касса техникасини қўллаш тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ қоғозда чоп этилишини таъминловчи бошқа қурилмалар ҳамда дастурий-техник мажмуалар; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)


ортиқча тўланган солиқ суммаси (пеня, жарима) - солиқнинг (пенянинг, жариманинг) тўланган суммаси билан ҳақиқатда тўланиши лозим бўлган суммаси ўртасидаги ижобий фарқ. Солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ортиқча тўланган суммаси у илгари ҳисобга олинган ва (ёки) солиқ тўловчига қайтарилган суммаларни, шунингдек солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ўтказиладиган суммаларни ҳисобга олган ҳолда уни ҳисоб-китоб қилиш санасида аниқланади;


ортиқча ундирилган солиқ суммаси - солиқ органларининг ғайриқонуний ҳатти-ҳаракатлари натижасида ортиқча тўланган солиқ суммаси;


тан олинган солиқ қарзи - солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома берилган санадан бошлаб ўн календарь кун ичида солиқ тўловчи томонидан эътироз билдирилмаган қарз ёки суд қарори билан тасдиқланган қарз;


хатолик билан тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси - солиқ (пеня, жарима) суммасини тўлаган шахсни ва (ёки) ушбу тўловнинг мақсадини қатъий аниқлаш имкониятини бермайдиган тўлов чоғида хатоликка йўл қўйилган солиқ (пеня, жарима) суммаси. Қайси солиққа (пеняга, жаримага) нисбатан уни тўлаган шахс солиқ тўловчи деб ҳисобланмайдиган шахсдан ёки тўланиши лозим бўлган бюджетдан бошқа бюджетга келиб тушган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳам хатолик билан тўланган деб эътироф этилади;


умидсиз қарз - суд қарори билан мажбуриятнинг бекор қилиниши туфайли ёхуд қарздорнинг банкрот деб топилганлиги, тугатиш, қарздорнинг вафоти ёки даъво муддати тугаши сабабли тўланиши мумкин бўлмаган қарз; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)


Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тартибга мувофиқ қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолиятни амалга ошираётган тадбиркорлик субъектларини аниқлашни ва рағбатлантиришни назарда тутувчи рейтинг. (ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонунига мувофиқ киритилган хатбоши)



5-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИНГ

КОНСОЛИДАЦИЯЛАШГАН ГУРУҲИ


61-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи

62-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш шартлари

63-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома

64-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини рўйхатдан ўтказиш

65-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш

ва унинг амал қилиш муддатини узайтириш

66-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи

иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

67-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи

масъул иштирокчисининг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

68-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳи фаолиятини тугатиш



61-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг хўжалик фаолияти бўйича жами молиявий натижасини ҳисобга олган ҳолда фойда солиғини (бундан буён матнда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи деб юритилади) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мақсадида, ушбу Кодексда назарда тутилган тартиб ҳамда шартларда тегишли шартнома асосидаги ихтиёрий бирлашмаси солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи деб эътироф этилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисида тузилган амалдаги шартноманинг тарафи бўлган ва ушбу Кодексда бундай гуруҳ иштирокчилари учун назарда тутилган барча шартларни қаноатлантирадиган юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси деб эътироф этилади.


(3-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ зиммасига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш мажбурияти юклатилган иштирокчи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси деб эътироф этилади.


(4-қ.) Кўрсатилган солиқни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашга оид ҳуқуқий муносабатларда, фойда солиғини тўловчилар каби, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси шундай ҳуқуқларни амалга оширади ва мажбуриятларни зиммасига олади.


(5-қ.) Ушбу Кодексга ва Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузилган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатдир.



62-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш шартлари


(1-қ.) Ўзбекистон Республикасининг ушбу моддада назарда тутилган барча шартларни қаноатлантирувчи юридик шахслари солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этишга ҳақли.


(2-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчилари томонидан қаноатлантирилиши лозим бўлган ушбу моддада назарда тутилган шартлар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мазкур гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг бутун амал қилиш муддати мобайнида бажарилиши керак.


(3-қ.) Башарти бир юридик шахс бошқа юридик шахсларнинг устав фондида (устав капиталида) бевосита ва (ёки) билвосита иштирок этса ҳамда ҳар бир шундай юридик шахсдаги бундай иштирок этиш улуши камида 90 фоизни ташкил этса, юридик шахслар томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи ташкил этилиши мумкин. Кўрсатилган шартга солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг бутун амал қилиш муддати мобайнида риоя этилиши керак.


(4-қ.) Бир юридик шахснинг бошқа юридик шахсда иштирок этиш улуши ушбу Кодекснинг 38-моддасида белгиланган тартибда аниқланади.


(5-қ.) Юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг тарафи сифатида қуйидаги барча шартларни қаноатлантириши керак:

агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қайта ташкил этилиш ёки тугатилиш жараёнида бўлмаслиги керак;

унга нисбатан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича иш қўзғатилган бўлмаслиги керак; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши) (Олдинги таҳририга қаранг)

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш (ўзгартириш) тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни солиқ органига тақдим этиш санасидан олдинги охирги ҳисобот санасидаги молиявий ҳисобот асосида ҳисоб-китоб қилинган шахс соф активларининг миқдори унинг устав фонди (устав капитали) миқдоридан ошиши керак.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг мавжуд консолидациялашган гуруҳига янги юридик шахсни қўшиб олиш, агар қўшиб олинаётган юридик шахс ўзининг қўшиб олиниши санасида ушбу модданинг бешинчи қисмида назарда тутилган шартларни қаноатлантирса, мумкин бўлади.


(7-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган жами юридик шахслар қуйидаги шартларни қаноатлантириши керак:

1) улар томонидан календарь йил мобайнида тўланган қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, фойда солиғи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқнинг жами суммаси камида юз миллиард сўмни ташкил этади;

2) календарь йил учун молиявий ҳисобот маълумотларига кўра товарлар ва хизматларни реализация қилишдан тушумнинг, шунингдек бошқа даромадларнинг жами ҳажми камида беш юз миллиард сўмни ташкил этади;

3) активларнинг жами қиймати календарь йил охирида молиявий ҳисобот маълумотларига кўра камида бир триллион сўмни ташкил этади;

4) фойда солиғи бўйича бир хил солиқ ставкасини қўллайди.


(8-қ.) Ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган барча кўрсаткичлар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатлар солиқ органига тақдим этиладиган йилдан олдинги йил якунларига кўра ҳисоб-китоб қилинади.


(9-қ.) Қуйидагилар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлиши мумкин эмас:

1) махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчилари бўлган юридик шахслар;

2) махсус солиқ режимларини қўлловчи юридик шахслар;

3) банклар, бундан ушбу консолидациялашган гуруҳга кирувчи бошқа барча юридик шахслар банклар бўлган ҳол мустасно;

4) суғурта ташкилотлари, бундан ушбу консолидациялашган гуруҳга кирувчи бошқа барча юридик шахслар суғурта ташкилотлари бўлган ҳол мустасно;

5) қимматли қоғозлар бозорининг банклар бўлмаган профессионал иштирокчилари, бундан ушбу консолидациялашган гуруҳга кирувчи бошқа барча юридик шахслар қимматли қоғозлар бозорининг банклар деб ҳисобланмайдиган профессионал иштирокчилари бўлган ҳол мустасно;

6) фойда солиғини тўловчилар деб эътироф этилмайдиган юридик шахслар;

7) клиринг ташкилотлари;

8) микрокредит ташкилотлари.


(10-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи, фақат башарти ушбу моддада назарда тутилган талабларни қаноатлантирадиган барча юридик шахслар ушбу консолидациялашган гуруҳнинг иштирокчилари бўлса, ташкил этилиши мумкин.


(11-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг таркиби унга фақат бундай талабларни қаноатлантирадиган иштирокчиларнинг қўшиб олиниши ёхуд ундан бундай талабларни қаноатлантирмай қўйган иштирокчиларнинг чиқарилиши ҳисобига ўзгариши мумкин. Мазкур талабни бузган ҳолда ташкил этилган ёхуд бу талабга мувофиқ бўлмай қолган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи ғайриқонуний равишда ташкил этилган ёхуд ушбу талаб бузилган санадан эътиборан амал қилиши тугатилган деб эътироф этилади.


(12-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи камида икки календарь йил муддатга ташкил этилади.



63-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ, ушбу Кодекснинг 62-моддасида белгиланган шартларни қаноатлантирувчи юридик шахслар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва шартларда ҳисоблаб чиқариш ҳамда тўлаш мақсадида ихтиёрий равишда бирлашади.


(2-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш юридик шахсни ташкил этмаган ҳолда амалга оширилади.


(3-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномада қуйидаги қоидалар бўлиши керак:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг предмети;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган юридик шахсларнинг рўйхати ва реквизитлари;

3) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахснинг номи;

4) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчисига ушбу бобга мувофиқ ўтказадиган ваколатлар рўйхати;

5) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ва бошқа иштирокчилари томонидан ушбу Кодексда назарда тутилмаган мажбуриятларни бажариш ҳамда ҳуқуқларни амалга ошириш тартиби ва муддатлари, белгиланган мажбуриятларни бажармаганлик учун жавобгарлик;

6) агар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи муайян муддатга тузилаётган бўлса, календарь йилларда ҳисобланадиган муддат ёхуд бу гуруҳ қанча муддатга ташкил этилаётганлигининг муайян муддати мавжуд эмаслигини кўрсатиш;

7) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг ҳар бир иштирокчиси бўйича ушбу Кодекснинг Махсус қисмида назарда тутилган ўзига хос хусусиятлар инобатга олинган ҳолда солиқ базасини аниқлаш ва фойда солиғини тўлаш учун зарур бўлган кўрсаткичлар. Бунда танланган кўрсаткичлар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг бутун амал қилиш муддати мобайнида ўзгартирилмайди.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага асосланган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчилик, солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан тартибга солинмаган қисмига нисбатан эса, фуқаролик қонунчилиги қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ва унинг қоидалари қонунчиликка мувофиқ бўлмаган тақдирда, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома қуйидаги саналардан энг аввалгиси юзага келгунига қадар амал қилади:

1) шартнома амал қилишининг тугаш санаси;

2) шартномани бекор қилиш санаси.


(7-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахс турган жойдаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилади.


(8-қ.) Агар солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси йирик солиқ тўловчилар тоифасига киритилган бўлса, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома консолидациялашган гуруҳнинг кўрсатилган масъул иштирокчиси йирик солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олинган жойдаги солиқ органида рўйхатдан ўтказилиши лозим.



64-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини рўйхатдан ўтказиш


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси ўзи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1) ташкил этилаётган консолидациялашган гуруҳ барча иштирокчиларининг ваколатли шахслари томонидан имзоланган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш ҳақидаги ариза;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг иккита нусхаси;

3) ушбу Кодекс 62-моддасининг учинчи, бешинчи, еттинчи ва тўққизинчи қисмларида назарда тутилган шартлар бажарилганлигини тасдиқловчи, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси томонидан тасдиқланган ҳужжатлар. Бундай ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу Кодекс 62-моддаси еттинчи қисмининг 1-бандида кўрсатилган солиқларни тўлашга доир тўлов топшириқномаларининг (солиқ органининг бу солиқлар бўйича ҳисобга олиш амалга оширилганлиги тўғрисидаги қарорининг кўчирма нусхалари), гуруҳ иштирокчиларидан ҳар бири учун олдинги календарь йилдаги бухгалтерия баланслари, молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботларнинг кўчирма нусхалари киради;

4) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани имзолаган шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи учун фойда солиғи ҳисобланадиган ва тўланадиган солиқ давридан олдинги йилнинг 30 октябридан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади.


(3-қ.) Солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар солиқ органига тақдим этилган кундан эътиборан ўн беш кун ичида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказади ёки уни рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида асослантирилган қарор қабул қилади. Ушбу моддада белгиланган муддат доирасида бартараф этиладиган қоидабузарликлар аниқланганда, солиқ органи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисини бу ҳақда хабардор қилиши шарт. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси аниқланган қоидабузарликларни ушбу моддада белгиланган муддат тугагунга қадар бартараф этишга ҳақли.


(4-қ.) Ушбу Кодекснинг 62-моддасида, 63-моддасининг учинчи қисмида ҳамда ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган шартларга риоя этилган тақдирда солиқ органи солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиши шарт.


(5-қ.) Шартнома рўйхатдан ўтказилган санадан эътиборан беш кун ичида солиқ органи солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисига ушбу шартноманинг бир нусхасини унинг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида белги қўйган ҳолда, шахсан имзо қўйдириб ёки олинганлик санаси тўғрисида гувоҳлик берувчи бошқа усулда бериши шарт.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома рўйхатдан ўтказилганлиги ҳақидаги ахборот худди шу муддатларда солиқ органи томонидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган юридик шахслар жойлашган ердаги солиқ органларига юборилади.


(7-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи ушбу гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги шартнома солиқ органи томонидан рўйхатга олинган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи санасида ташкил этилган деб эътироф этилади.


(8-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни солиқ органи томонидан рад этишга фақат қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлганда йўл қўйилади:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этишнинг ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларига мувофиқ эмаслиги;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг ушбу Кодекс 63-моддасининг учинчи қисмида кўрсатилган талабларга мувофиқ эмаслиги;

3) ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ҳужжатларни ваколатли солиқ органига тақдим этмаслик ёхуд тўлиқ ҳажмда тақдим этмаслик ёки мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатларни тақдим этиш муддатини бузиш;

4) ҳужжатлар уни имзолашга ваколати бўлмаган шахслар томонидан имзоланган тақдирда.


(9-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш солиқ органи томонидан рад этилган тақдирда, ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси камчиликлар бартараф этилганидан сўнг бундай шартномани рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳужжатларни қайта тақдим этишга ҳақли.


(10-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақидаги қарорнинг кўчирма нусхаси у қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида солиқ органи томонидан бундай шартномада солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида кўрсатилган ваколатли вакилига шахсан имзо қўйдириб ёки олинган санани тасдиқловчи бошқа усул орқали топширилади.


(11-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш рад этилганлиги устидан бундай шартномада солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида кўрсатилган шахс томонидан мазкур Кодексда солиқ органларининг ва улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилиш учун белгиланган тартибда ва муддатларда шикоят қилиниши мумкин.


(12-қ.) Ариза (шикоят) қаноатлантирилган тақдирда солиқ органи ушбу шартномани рўйхатдан ўтказиши шарт, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи эса ушбу модданинг тўртинчи қисмига мувофиқ рўйхатдан ўтиши лозим бўлган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи санасидан эътиборан ташкил этилган деб эътироф этилади. Агар солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказиш учун ушбу бобда белгиланган бошқа тўсиқлар бўлмаса, кўрсатилган қоида қўлланилади.



65-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани

ўзгартириш ва унинг амал қилиш муддатини

узайтириш


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома ушбу моддада назарда тутилган тартибда ва шартларда ўзгартирилиши мумкин.


(2-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома тарафлари қуйидаги ҳолларда мазкур шартномага ўзгартишлар киритиши шарт:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган бир ёки бир нечта юридик шахсни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилинганда;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган бир ёки бир нечта юридик шахсни қайта ташкил этиш тўғрисида (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, ажратиб чиқариш ёки бўлиш шаклида) қарор қабул қилинганда;

3) бир ёки бир нечта юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳига қўшиб олинганда;

4) юридик шахс мазкур Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларга жавоб бермай қолган ҳолларда, ушбу юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳидан чиқиб кетганда;

5) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда.


(3-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчиси қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган юридик шахслар, агар улар ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлса, шу консолидациялашган гуруҳ таркибига киритилиши шарт.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битим шундай гуруҳнинг барча иштирокчилари томонидан янгидан қўшиб олинаётган иштирокчиларни қўшиб ҳисоблаганда ва гуруҳдан чиқаётган иштирокчиларни истисно этган ҳолда қабул қилинади.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битим рўйхатдан ўтказиш учун солиқ органига қуйидаги муддатларда тақдим этилади:

1) мазкур шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганда - солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида бир ой олдин;

2) бошқа ҳолларда - солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш учун ҳолатлар юзага келган кундан эътиборан бир ой ичида.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битимни рўйхатдан ўтказиш учун унинг масъул иштирокчиси солиқ органига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1) шартномага ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги билдириш хати;

2) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг ваколатли шахслари томонидан шартномани ўзгартириш, шу жумладан унинг муддатини узайтириш тўғрисидаги имзоланган битимнинг иккита нусхаси;

3) шартномага ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги битимни имзолаган шахсларнинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлар;

4) шартномага киритилган ўзгартишларни ҳисобга олган ҳолда ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартлар бажарилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;

5) шартноманинг амал қилиш муддатини узайтириш тўғрисидаги қарорнинг иккита нусхаси.


(7-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битимни ушбу модданинг олтинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар тақдим этилган кундан эътиборан ўн кун ичида рўйхатдан ўтказиши ва мазкур гуруҳ масъул иштирокчисининг ваколатли вакилига ўзгартишларнинг бир нусхасини, у рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги белгини қўйган ҳолда, бериши шарт.


(8-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битимни рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларнинг солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг ҳеч бўлмаганда битта иштирокчисига нисбатан бажарилмаганлиги;

2) ҳужжатларнинг бунга ваколати бўлмаган шахслар томонидан имзоланганлиги;

3) мазкур шартномани ўзгартириш учун ҳужжатлар тақдим этиш муддатининг бузилганлиги;

4) ушбу модданинг олтинчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар тақдим этилмаганлиги (тўлиқ ҳажмда тақдим этилмаганлиги).


(9-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битим қуйидаги тартибда кучга киради:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага бундай гуруҳга янги юридик шахслар қўшиб олиниши билан боғлиқ ўзгартишлар (бундан гуруҳ иштирокчилари қайта ташкил этилган ҳоллар мустасно) шартномага тегишли ўзгартишлар солиқ органи томонидан рўйхатга олинган йилдан кейинги календарь йилнинг камида биринчи кунидан кейин кучга киради;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага бундай гуруҳ таркибидан иштирокчилар чиқиб кетиши билан боғлиқ ўзгартишлар шартномага тегишли ўзгартишлар киритиш учун ҳолатлар юзага келган йилдан (агар ушбу қисмнинг 3-бандида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса) кейинги календарь йилнинг биринчи кунидан кучга киради;

3) бошқа ҳолларда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага ўзгартишлар унинг тарафлари кўрсатган санадан эътиборан, лекин тегишли ўзгартишлар солиқ органи томонидан рўйхатга олинган санадан кейин келадиган санада кучга киради.


(10-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мажбурий ўзгартишларни киритишдан бўйин товлаш шартномага тегишли мажбурий ўзгартишлар кучга кириши керак бўлган календарь йилнинг биринчи кунидан эътиборан шартноманинг амал қилиши тугатилишига сабаб бўлади.



66-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи

иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


(1-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчилари қуйидагиларга ҳақли:

1) консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисидан ушбу консолидациялашган гуруҳнинг фаолияти муносабати билан солиқ органи томонидан масъул иштирокчига тақдим этилган ҳужжатлар, қарорлар, талабномалар, солиштирма далолатномалар ва бошқа ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини олиш;

2) ушбу Кодексда назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда солиқ органларининг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан юқори турувчи солиқ органига ёки судга шикоят қилиш;

3) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўлаш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажариш;

4) масъул иштирокчида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланиши муносабати билан ўтказиладиган солиқ текширувларини ўтказишда, шунингдек бундай солиқ текширувларининг материалларини кўриб чиқишда иштирок этиш.


(2-қ.) Ушбу Кодекснинг 62-моддасида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари учун назарда тутилган шартларга мувофиқ бўлган бундай гуруҳ иштирокчиси солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати мобайнида ўзининг ушбу гуруҳдаги иштирокини ихтиёрий равишда тугатишга ҳақли эмас.


(3-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчилари:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномани ва унга ўзгартишларни рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган барча ҳаракатларни амалга ошириши ҳамда барча ҳужжатларни тақдим этиши;

2) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўловчининг мажбуриятларини бажариш ва ҳуқуқларини амалга ошириш учун унга зарур бўлган маълумотларни тақдим этиши (шу жумладан электрон шаклда тақдим этиши). Бундай маълумотлар жумласига олинган даромадлар ва қилинган харажатларга нисбатан фойда солиғи бўйича солиқ базасининг ҳисоб-китоблари, ҳисобга олиш регистрларининг маълумотлари ва бошқа ҳужжатлар киради;

3) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг фаолияти муносабати билан солиқ органи томонидан солиқ назорати тадбирлари амалга оширилганда талаб қилинадиган ҳужжатлар ва бошқа ахборотни ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши;

4) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини (бўнак ва жорий тўловларни), тегишли пенялар ва жарималарни тўлаш бўйича мажбурият ушбу Кодекснинг III бўлимида белгиланган тартибда ушбу гуруҳнинг масъул иштирокчиси томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, бундай мажбуриятни бажариши;

5) ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларга риоя этилмаган тақдирда, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисини ва мазкур гуруҳни тузиш тўғрисидаги шартнома рўйхатга олинган солиқ органини дарҳол хабардор қилиши;

6) ушбу Кодекснинг II бўлимида назарда тутилган тартибда солиқ солиш мақсадида ҳисоб юритиши шарт.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига нисбатан солиқ мажбурияти масъул иштирокчи томонидан бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда, ушбу гуруҳнинг кўрсатилган солиқ мажбуриятини бажарган иштирокчиси фуқаролик қонунчилигида ва мазкур гуруҳни тузиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган миқдорларда ҳамда тартибда регресс талаби қўйиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу қоида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ўрнига унинг солиқ мажбурияти (шу жумладан бўнак ва жорий тўловларни тўлаш) шу консолидациялашган гуруҳнинг бир нечта иштирокчиси томонидан бажарилган ҳолларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Юридик шахс солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиққанда:

1) юридик шахс фойда солиғи бўйича консолидациялашган гуруҳ таркибидан чиққан солиқ давридан бошлаб солиқ ҳисобига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси бўлмаган солиқ тўловчининг солиқ ҳисоби бўйича ушбу Кодекснинг II бўлими талабларига риоя этишга қаратилган ўзгартишлар киритиши;

2) ушбу юридик шахс солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг таркибидан чиқиб кетган солиқ давридан бошлаб ўзи томонидан ҳақиқатда олинган фойдадан келиб чиққан ҳолда фойда солиғини ҳисоблаб чиқиши ва тўлаши. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси томонидан ушбу гуруҳ бўйича ҳақиқатда тўланган фойда солиғи суммаларини ҳисобга олган ҳолда, кўрсатилган талаб тегишли ҳисобот ва солиқ даврларига нисбатан татбиқ этилади ҳамда фойда солиғи бўйича бўнак ва жорий тўловларни ушбу Кодекснинг XII бўлимида белгиланган муддатларда тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади;

3) ушбу Кодекснинг XII бўлимида назарда тутилган муддатларда фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобда турган ердаги солиқ органига тақдим этиши шарт.


(6-қ.) Юридик шахснинг солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиқиб кетиши уни ушбу юридик шахс шундай консолидациялашган гуруҳнинг иштирокчиси бўлган даврда юзага келган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига нисбатан солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод этмайди.


(7-қ.) Мазкур қоида, ушбу юридик шахсга унинг солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан чиқиб кетгунига қадар мазкур солиқ мажбурияти бажарилмаганлиги ёки солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилганлиги тўғрисида маълум бўлганидан ёки маълум бўлмаганидан қатъи назар, қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



67-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган

гуруҳи масъул иштирокчисининг ҳуқуқлари

ва мажбуриятлари


(1-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ушбу Кодекснинг 66-моддасида назарда тутилган ҳуқуқлар ва мажбуриятлардан ташқари, ушбу моддада белгиланган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.


(2-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг фаолияти муносабати билан юзага келадиган муносабатларда фойда солиғини тўловчилар учун ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқларга эга бўлади ва мажбуриятларни ўз зиммасига олади.


(3-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қуйидаги ҳуқуқларга эга:

1) солиқ органларига ва уларнинг мансабдор шахсларига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини (бўнак ва жорий тўловларни) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш юзасидан ҳар қандай тушунтиришларни тақдим этиш;

2) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи тўланиши муносабати билан бундай гуруҳнинг исталган иштирокчиси ва унинг алоҳида бўлинмалари жойлашган ерда ўтказиладиган сайёр солиқ текширувлари ҳамда солиқ аудити ўтказилаётганда иштирок этиш;

3) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи тўланиши муносабати билан ўтказиладиган солиқ текширувлари ҳужжатларининг ва солиқ текширувларининг натижалари юзасидан солиқ органи томонидан чиқарилган қарорларнинг кўчирма нусхаларини олиш. Шунингдек фойда солиғини (бўнак тўловларини) тўлаш тўғрисидаги талабномаларни ҳамда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни олиш;

4) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўлаш муносабати билан ўтказиладиган солиқ текширувларининг ва солиқ назорати қўшимча тадбирларининг материаллари ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан кўриб чиқилаётганда иштирок этиш;

5) солиқ органларидан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари тўғрисидаги солиқ сирини ташкил этувчи маълумотларни олиш;

6) солиқ органларининг ва бошқа ваколатли органларнинг ҳужжатлари, улар мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан, шу жумладан солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини ҳисоблаб чиқаришда улар томонидан мажбуриятларнинг бажарилиши (ҳуқуқларнинг амалга оширилиши) муносабати билан солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг айрим иштирокчилари манфаатларини кўзлаб белгиланган тартибда шикоят қилиш;

7) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча тўланган фойда солиғини ҳисобга олиш (қайтариш) тўғрисидаги ариза билан солиқ органига мурожаат этиш.


(4-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси:

1) солиқ органига ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда ва муддатларда рўйхатдан ўтказиш учун солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномани, ушбу шартномани ўзгартириш тўғрисидаги битимни, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолиятини тугатиш тўғрисидаги қарорни ёки билдириш хатини тақдим этиши;

2) ушбу Кодекснинг XII бўлимида белгиланган тартибда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича солиқ ҳисобини юритиши, фойда солиғини (бўнак ва жорий тўловларни) ҳисоблаб чиқариши ва тўлаши;

3) солиқ органига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи бўйича солиқ ҳисоботини, шунингдек мазкур гуруҳнинг бошқа иштирокчиларидан олинган ҳужжатларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этиши;

4) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг фаолияти тугатилган тақдирда, ушбу гуруҳ иштирокчиларига фойда солиғини (бўнак ва жорий тўловларни) ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш ҳамда тегишли ҳисобот ҳамда солиқ даврлари учун солиқ ҳисоботини тузиш учун зарур бўлган маълумотларни солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномада назарда тутилган тартибда ва муддатларда тақдим этиши. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан бир ёки бир нечта юридик шахс чиқиб кетганда бундай маълумотлар ушбу консолидациялашган гуруҳнинг бошқа иштирокчиларига ва консолидациялашган гуруҳ таркибидан чиқиб кетган юридик шахсларга худди шундай тартибда тақдим этилади;

5) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўловчининг мажбуриятларини бажариш муносабати билан юзага келадиган солиқ қарзини узиши;

6) солиқларни тўлаш тўғрисидаги талабнома олинганлиги ҳақида у олинган кундан эътиборан беш кун ичида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларини хабардор қилиши;

7) солиқ органлари томонидан солиқ назорати амалга оширилиши ҳамда солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўловчининг мажбуриятлари бажарилиши учун зарур бўлган ҳужжатларни, изоҳларни ва бошқа ахборотни солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларидан талаб қилиб олиши;

8) ушбу консолидациялашган гуруҳни ташкил этиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказган солиқ органи томонидан солиқ назорати тадбирлари доирасида талаб қилинган, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича бошланғич ҳужжатларни, солиқ ҳисоби регистрларини ва бошқа ахборотни тақдим этиши шарт.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи таркибидан бир ёки бир нечта юридик шахс чиқиб кетган тақдирда шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчиси:

1) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг фойда солиғи бўйича юридик шахслар консолидациялашган гуруҳ таркибидан чиқиб кетган солиқ даври бошланишидан солиқ ҳисобига тегишли ўзгартишлар киритиши;

2) тугаган ҳисобот даврлари бўйича фойда солиғи юзасидан бўнак ва жорий тўловларни қайтадан ҳисоблашни амалга ошириши ва ҳисобда турган жойидаги солиқ органига солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.


(6-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ўзига берилган ваколатлар доирасида солиқ тўловчининг ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳуқуқларига эга бўлади ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлади.



68-модда. Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган

гуруҳи фаолиятини тугатиш


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи қуйидаги ҳолатлардан ҳеч бўлмаганда биттаси мавжуд бўлган тақдирда фаолиятини тугатади:

1) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиш муддати тугаганда;

2) тарафларнинг келишувига кўра солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартнома бекор қилинганда;

3) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги суднинг қарори қонуний кучга кирганда;

4) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани унинг иштирокчилари таркиби ўзгариши муносабати билан ўзгартириш тўғрисидаги битим белгиланган муддатларда солиқ органига тақдим этилмаганда;

5) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси қайта ташкил этилганда (бундан қайта ўзгартириш мустасно) ёки тугатилганда;

6) қонунчиликка мувофиқ солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисига нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритиш қўзғатилганда; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

7) солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ушбу Кодекснинг 62-моддасида назарда тутилган шартларга мувофиқ келмаганда;

8) солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартномага мажбурий ўзгартишларни киритишдан бўйин товлаганда.


(2-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиси бўлган юридик шахснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) акцияларни (улушларни) ушбу Кодекс 62-моддасининг учинчи қисмида назарда тутилган шартларнинг бузилишига олиб келмайдиган харид қилиш ёки сотиш солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолиятини тугатишга сабаб бўлмайди.


(3-қ.) Ушбу модда биринчи қисмининг 2-бандида кўрсатилган ҳолат мавжуд бўлганда, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ушбу гуруҳни тузиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказган солиқ органига унинг фаолиятини тугатиш тўғрисидаги, консолидациялашган гуруҳ иштирокчилари бўлган барча юридик шахсларнинг ваколатли вакиллари томонидан имзоланган қарорни юбориши шарт. Бундай қарор кўрсатилган солиқ органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилади.


(4-қ.) Ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3-7-бандларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда, солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси ушбу гуруҳни тузиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказган солиқ органига бундай ҳолатлар юзага келган санани кўрсатган ҳолда билдириш хати юбориши шарт. Бундай билдириш ихтиёрий шаклда тузилади ва мазкур солиқ органига тегишли ҳолат юзага келган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай юборилади.


(5-қ.) Солиқ органи ушбу модданинг учинчи ёки тўртинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар олинган санадан эътиборан беш кун ичида солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фаолияти тугатилганлиги ҳақидаги ахборотни солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчилари бўлган юридик шахслар жойлашган ердаги солиқ органларига юборади.


(6-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар юзага келган йилдан кейинги календарь йилнинг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.


(7-қ.) Ушбу модда биринчи қисмининг 3-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фойда солиғи бўйича суднинг кўрсатилган қарори қонуний кучга кирган солиқ даврининг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.


(8-қ.) Ушбу модда биринчи қисмининг 4-бандида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи фойда солиғи бўйича ушбу Кодекснинг 65-моддасида белгиланган шарт қайси солиқ даврида бузилган бўлса, ўша солиқ даврининг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.


(9-қ.) Ушбу модда биринчи қисмининг 5, 6 ёки 7-бандларида назарда тутилган асос мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи тегишли ҳолат юзага келган календарь йилнинг биринчи кунидан эътиборан фаолиятини тугатади.



6-БОБ. СОЛИҚЛАРНИНГ ЭЛЕМЕНТЛАРИ


69-модда. Солиқларнинг элементлари

70-модда. Солиқ солиш объекти

71-модда. Солиқ базаси

72-модда. Солиқ ставкаси

73-модда. Солиқ даври

74-модда. Солиқлар ва йиғимларни

ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби

75-модда. Солиқ имтиёзлари



69-модда. Солиқларнинг элементлари


(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчиликда солиқнинг барча элементлари аниқлаб қўйилган тақдирдагина ушбу солиқ белгиланган деб ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Бундай солиқ элементларига қуйидагилар киради:

1) солиқ солиш объекти;

2) солиқ базаси;

3) солиқ ставкаси;

4) солиқ даври;

5) солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби;

6) солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби;

7) солиқни тўлаш тартиби.


(3-қ.) Солиқни белгилашда солиқ имтиёзлари ва уларнинг қўлланилиши учун асослар назарда тутилиши мумкин.



70-модда. Солиқ солиш объекти


(1-қ.) Солиқ солиш объекти мол-мулк, ҳаракат, ҳаракат натижаси ёки қиймат, миқдорий ёки физик хусусиятга эга бўлган бошқа ҳолат бўлиб, у мавжуд бўлганда солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ тўловчида солиқ мажбуриятини вужудга келтиради. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Ҳар бир солиқ ушбу Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ белгиланадиган мустақил солиқ солиш объектига эга бўлади.



71-модда. Солиқ базаси


(1-қ.) Солиқ базаси солиқ солиш объектининг қиймат, физик ёки бошқа хусусиятини ифодалайди.


(2-қ.) Ҳар бир солиқ учун солиқ базаси ва уни аниқлаш тартиби ушбу Кодекс билан белгиланади.



72-модда. Солиқ ставкаси


(1-қ.) Солиқ ставкаси солиқ базасининг ўлчов бирлигига нисбатан ҳисобланадиган солиқнинг фоизлардаги ёки мутлақ суммадаги миқдорини ифодалайди.


(2-қ.) Солиқ ставкалари ушбу Кодекс билан белгиланади. Акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва уни реализация қилиш, шу жумладан импорт қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин. (ЎзР 30.12.2020 й. ЎРҚ-659-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


ЎзР 30.12.2020 й. ЎРҚ-659-сон Қонунига мувофиқ учинчи қисм чиқариб ташланган


(3-қ.) Акциз солиғи, ер солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва қатъий белгиланган суммада жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги Қонуни билан белгиланади. Акциз солиғининг ставкалари, маҳсулот нархи динамикасидан ва реализация қилиш ҳажмидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан йил давомида қайта кўриб чиқилиши мумкин.



73-модда. Солиқ даври


(1-қ.) Солиқ даври деганда тугагандан кейин солиқ базаси аниқланадиган ҳамда тўланиши лозим бўлган солиқ суммаси ҳисоблаб чиқариладиган календарь йил ёки бошқа давр тушунилади.


(2-қ.) Солиқ даври бир неча ҳисобот даврларидан иборат бўлиши мумкин.


(3-қ.) Календарь йил солиқ даври ҳисобланадиган солиқларга нисбатан ушбу қисмнинг қоидалари мазкур модданинг тўртинчи - ўнинчи қисмларида назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.


(4-қ.) Агар юридик шахс календарь йил бошланганидан кейин, лекин шу йилнинг 1 декабрига қадар ташкил этилган бўлса, унинг учун у ташкил этилган кундан эътиборан шу йилнинг охирига қадар бўлган давр биринчи солиқ даври деб эътироф этилади.


(5-қ.) Агар юридик шахс 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса, ташкил этилган кундан эътиборан ташкил этилган йилдан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври деб эътироф этилади. Бунда юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган кун у ташкил этилган кун деб эътироф этилади.


(6-қ.) Ушбу модданинг тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган қоидалар ушбу Кодексда белгиланган тартибда ўзини мустақил равишда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентлари деб эътироф этган ҳамда фаолияти бундай эътироф этиш санасида Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса тузишга олиб келмаган чет эл юридик шахслари учун фойда солиғи бўйича биринчи солиқ даврини аниқлашга нисбатан қўлланилмайди.


(7-қ.) Агар юридик шахс календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун шу йил бошидан то тугатиш (қайта ташкил этиш) тамомланган кунгача бўлган давр охирги солиқ даври деб эътироф этилади.


(8-қ.) Агар календарь йил бошланганидан кейин ташкил этилган юридик шахс шу йил охирига қадар тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади.


(9-қ.) Агар юридик шахс жорий календарь йилнинг 1 декабридан 31 декабрига қадар бўлган даврда ташкил этилган бўлса ва ташкил этилган йилдан кейинги календарь йил охиригача тугатилган (қайта ташкил этилган) бўлса, унинг учун у тузилган кундан эътиборан тугатилган (қайта ташкил этилган) кунгача бўлган давр солиқ даври деб эътироф этилади.


(10-қ.) Ушбу модданинг тўққизинчи қисмида назарда тутилган қоидалар таркибидан бир ёхуд бир нечта юридик шахслар ажралиб чиқадиган ёки унга бир ёки бир нечта юридик шахслар қўшиб олинадиган юридик шахсларга нисбатан қўлланилмайди.


(11-қ.) Агар фаолияти Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса тузишга олиб келмаган чет эл юридик шахси ўзини мустақил равишда Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, унинг учун фойда солиғи бўйича биринчи солиқ даврини аниқлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1) агар ушбу чет эл юридик шахси ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризани тақдим этган календарь йилнинг 1 январидан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, мазкур ариза тақдим этилган календарь йил унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади;

2) агар ушбу чет эл юридик шахси тегишли ариза тақдим этилган санадан эътиборан ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этса, кўрсатилган ариза солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан ушбу ариза тақдим этилган календарь йилнинг охиригача бўлган давр унинг учун биринчи солиқ даври ҳисобланади. Бунда, агар чет эл юридик шахсининг ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиш тўғрисидаги аризаси 1 декабрдан 31 декабрга қадар бўлган даврда тақдим этилган бўлса, унинг учун ушбу ариза солиқ органига тақдим этилган санадан эътиборан у солиқ органига тақдим этилган кундан кейинги календарь йилнинг охиригача бўлган давр биринчи солиқ даври ҳисобланади.



74-модда. Солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб

чиқариш ва тўлаш тартиби


(1-қ.) Солиқни ҳисоблаб чиқариш тартиби солиқ базасидан, солиқ ставкасидан, шунингдек мавжуд бўлган тақдирда, солиқ имтиёзларидан келиб чиққан ҳолда солиқ даври учун солиқ суммасини ҳисоб-китоб қилиш қоидаларини белгилайди.


(2-қ.) Солиқни ҳисоблаб чиқариш солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда амалга оширилади.


(3-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда бу мажбурият солиқ органига ёки солиқ агентига юклатилиши мумкин.


(4-қ.) Агар мазкур Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқлар ҳамда йиғимларни мустақил равишда тўлайди.


(5-қ.) Солиқни тўлаш солиқнинг тўлиқ суммаси бўйича ёки ушбу Кодексда назарда тутилган бошқача тартибда амалга оширилади.


(6-қ.) Агар солиқ бўйича солиқ даври бир неча ҳисобот даврини ташкил этса, улардан ҳар бирининг натижалари бўйича жорий тўловлар тўланади. Жорий тўловларни тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.


(7-қ.) Алоҳида солиқ турлари учун бўнак тўловлари назарда тутилиши мумкин. Бўнак тўловларини тўлаш мажбурияти солиқни тўлаш бўйича мажбуриятга тенглаштирилади.


(8-қ.) Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқларни банклар орқали нақд пулсиз шаклда тўлайди.


(9-қ.) Солиқлар ва йиғимларни турлари бўйича ҳисоблаб чиқариш тартиби ҳамда тўлаш муддатлари ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланади.



75-модда. Солиқ имтиёзлари


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг айрим тоифаларига бошқа солиқ тўловчиларга нисбатан солиқ тўғрисидаги қонунчиликда назарда тутилган афзалликлар, шу жумладан солиқни тўламаслик ёки уларни камроқ миқдорда тўлаш имконияти солиқ имтиёзлари деб эътироф этилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имконияти берилиши солиқ имтиёзлари ҳисобланмайди.


(3-қ.) Агар ушбу модданинг бешинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ имтиёзлари ушбу Кодекс билан тақдим этилади.


(4-қ.) Солиқ имтиёзлари индивидуал хусусиятга эга бўлиши мумкин эмас.


(5-қ.) Айрим солиқлар бўйича солиқ имтиёзлари, қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи солинадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарилганда ва (ёки) реализация қилинганда акциз солиғи ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқдан ва фойдали қазилмаларни қазиб олганлик учун махсус рента солиғидан ташқари, ушбу модданинг олтинчи қисми қоидаларини ҳисобга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари билан фақат белгиланган солиқ ставкасини камайтириш, лекин кўпи билан 50 фоизга камайтириш тарзида ва кўпи билан уч йил муддатга берилиши мумкин. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(6-қ.) Ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчилар солиқлар бўйича имтиёзлардан тегишли ҳуқуқий асослар юзага келган пайтдан эътиборан уларнинг бутун амал қилиш даври мобайнида фойдаланишга ёки солиқ имтиёзидан фойдаланишдан воз кечишга ёхуд ундан фойдаланишни бир ёки бир неча солиқ даврларида тўхтатиб туришга ҳақли, бундан қўшилган қиймат солиғидан озод этиладиган товарларни (хизматларни) реализация қилиш мустасно.


(7-қ.) Солиқлар бўйича имтиёзлар солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириши шарти билан берилиши мумкин. Бундай маблағлар мақсадли ишлатилмаган тақдирда мақсадсиз ишлатилган маблағлар суммаси белгиланган тартибда пеня ҳисобланган ҳолда бюджетга ундирилиши лозим. Солиқлар бўйича имтиёзлар берилиши муносабати билан бўшаган ва мазкур имтиёзларнинг амал қилиш даврида фойдаланилмаган маблағлар суммаси берилган имтиёзларнинг амал қилиш муддати тугаганидан сўнг бир йил давомида уларни тақдим этишда белгиланган мақсадлар учун йўналтирилиши мумкин. Бунда белгиланган муддатда фойдаланилмаган маблағлар бюджетга ўтказилиши лозим.


(8-қ.) Қўшилган қиймат солиғи бўйича имтиёзлар, шу жумладан товарлар Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан, берилиши мумкин эмас.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бош бошқармалари, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг муассасалари ушбу Кодексда назарда тутилган солиқларни тўлашдан озод этилади, бундан ижтимоий солиқ ва Ўзбекистон Республикасининг ҳудудига олиб киришда (импортида) тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно.


(10-қ.) Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва вилоятлар халқ депутатлари Кенгашлари туристик зоналарда жойлашган алоҳида санаторий-курорт объектлари эгаллаган ер участкаларига нисбатан мол-мулк солиғи ва ер солиғининг камайтирилган солиқ ставкаларини белгилаш ёки солиқ тўлашдан озод қилиш ҳуқуқига эга. (ЎзР 30.12.2020 й. ЎРҚ-659-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


(11-қ.) Ушбу Кодекснинг 483-моддасида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг ёки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорларида юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳамда юридик шахслардан олинадиган ер солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш тарзида берилган солиқ имтиёзларига эга бўлган солиқ тўловчилар мазкур солиқларни ушбу солиқлардан ҳисобланган сумманинг бир фоизи миқдорида тўлайди. (ЎзР 05.05.2022 й. ЎРҚ-767-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 05.05.2022 й. ЎРҚ-767-сон Қонунига мувофиқ ўн биринчи қисми ўн иккинчи қисм деб ҳисоблансин


(12-қ.) Солиқ имтиёзларини ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан ахборот тизимларидан фойдаланган ва солиқ имтиёзларининг ҳар бир турига махсус идентификация кодини берган ҳолда амалга оширилади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



II БЎЛИМ.

СОЛИҚ ҲИСОБИ ВА СОЛИҚ ҲИСОБОТЛАРИ


7-боб. Солиқ ҳисоби (76 - 80-моддалар)

8-боб. Солиқ ҳисоботи (81 - 84-моддалар)



7-БОБ. СОЛИҚ ҲИСОБИ


76-модда. Солиқ солиш мақсадларида

ҳисобга олиш ва ҳисоб ҳужжатлари

77-модда. Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати

78-модда. Солиқ солиш мақсадларида ҳисобни юритиш

79-модда. Ҳисоб ҳужжатларини тузиш ва сақлашга доир талаблар

80-модда. Алоҳида-алоҳида ҳисоб ва уни юритиш қоидалари



76-модда. Солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш

ва ҳисоб ҳужжатлари


(1-қ.) Солиқ солиш объектлари ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектлар тўғрисидаги ахборотни умумлаштириш ҳамда тизимлаштириш, шунингдек солиқларни, йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ ҳисоботини тузиш мақсадида ушбу Кодекс талабларига мувофиқ солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан ҳисоб ҳужжатларини юритиш солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш деб эътироф этилади.


(2-қ.) Ҳисоб ҳужжатлари солиқ солиш объектларини ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларни аниқлаш, шунингдек солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш учун асос бўлган бошланғич ҳужжатлар, бухгалтерия ҳисоби регистрлари ҳамда бошқа ҳужжатлардан иборатдир.


(3-қ.) Агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олиш бухгалтерия ҳисоби маълумотларига асосланади. Бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоб ҳужжатларини юритиш тартиби бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ зиммасига бухгалтерия ҳисобини юритиш мажбурияти юклатилмаган шахслар солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишни ушбу бобга мувофиқ ташкил этади ва юритади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Солиқ солиш мақсадларида ҳисобга олишга нисбатан солиқ органларининг ахборот тизимларидан мажбурий фойдаланишга доир талаблар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан аниқланадиган тартибда белгиланиши мумкин. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



77-модда. Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсати


(1-қ.) Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда белгиланади. Бунда ҳисоб сиёсати ихтиёрий шаклда тасдиқланади ва унда қуйидагилар акс эттирилиши керак:

1) агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти томонидан мустақил равишда ишлаб чиқилган солиқ регистрларининг шакли ва уларни тузиш тартиби; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) унга риоя этилиши устидан масъул мансабдор шахслар;

3) солиқ солиш мақсадларида алоҳида-алоҳида ҳисоб юритиш тартиби, агар бундай ҳисоб юритиш мажбурияти ушбу Кодексда назарда тутилган бўлса;

4) солиқ тўловчи томонидан фойда солиғини ҳисоблаб чиқариш мақсадида сарфларни харажатлар сирасига киритиш, шунингдек қўшилган қиймат солиғини ҳисобга олишнинг танланган усуллари;

5) хеджирланадиган таваккалчиликларни, хеджирланадиган моддаларни ва уларга нисбатан қўлланиладиган хеджирлаш воситаларини аниқлаш сиёсати, хеджирлаш операциялари, шунингдек бошқа молиявий таваккалчиликлар амалга оширилган тақдирда хеджирлаш самарадорлиги даражасини баҳолаш услубияти;

6) активларнинг ҳар бир гуруҳи ва кичик гуруҳи бўйича амортизация нормалари (ҳисоблаш усуллари).


(2-қ.) Солиқ солиш мақсадларида ҳисоб сиёсатини ўзгартириш ва (ёки) унга қўшимчалар киритиш солиқ тўловчи томонидан қуйидаги усуллардан бири ёрдамида амалга оширилади:

1) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган янги ҳисоб сиёсатини ёки унинг янги бўлимини тасдиқлаш; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ишлаб чиқилган амалдаги ҳисоб сиёсатига ёки амалдаги ҳисоб сиёсатининг бўлимига ўзгартириш ва (ёки) қўшимчалар киритиш. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(3-қ.) Ҳисоб сиёсатини шакллантиришда солиқ тўловчи томонидан солиқ солиш мақсадларида танланган ҳисоб юритиш усуллари тегишли ҳисоб сиёсати тасдиқланган йилдан кейинги йилнинг 1 январидан эътиборан қўлланилади.


(4-қ.) Янги ташкил этилган юридик шахс ёки чет эл юридик шахсининг доимий муассасаси солиқ солиш мақсадларида ҳисоб юритиш усуллари тўғрисидаги қарорни ўзи ташкил этилгандан кейинги биринчи ҳисобот даври давомида қабул қилади.


(5-қ.) Солиқ солиш мақсадларидаги ҳисоб сиёсати календарь йил давомида ўзгартирилмайди. Солиқ тўғрисидаги қонунчиликка ёхуд солиқ солиш шартларига ўзгартириш киритилганда ва фақат ушбу ўзгартиришлар тааллуқли бўлган қисмида солиқ тўловчининг ҳисоб сиёсатида ўзгартиришлар қилишга йўл қўйилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



78-модда. Солиқ солиш мақсадларида ҳисобни юритиш


(1-қ.) Агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи ёки солиқ агенти солиқ солиш мақсадларида ҳисобни ҳисоблаш усули бўйича миллий валютада юритади.


(2-қ.) Фойдали қазилмаларни қазиб олиш учун махсус рента солиғини тўловчи бўлган чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар солиқ ҳисобини солиқ солиш мақсадида ҳисоблаш усули бўйича АҚШ долларида юритишга ҳақли. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



79-модда. Ҳисоб ҳужжатларини тузиш ва сақлашга доир талаблар


(1-қ.) Ҳисоб ҳужжатлари қоғозда ва (ёки) электрон шаклларда тузилади ҳамда ушбу Кодекснинг 88-моддасида белгиланган солиқ мажбурияти бўйича даъво муддати тугагунга қадар сақланади.


(2-қ.) Солиқ тўловчи қайта ташкил этилганда қайта ташкил этилган шахснинг ҳисоб ҳужжатларини сақлаш мажбурияти унинг ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) юклатилади.


(3-қ.) Юридик шахс тугатилганда ҳисоб ҳужжатлари тегишли давлат архивига қонунчиликда белгиланган тартибда топширилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



80-модда. Алоҳида-алоҳида ҳисоб ва уни юритиш қоидалари


(1-қ.) Ушбу Кодексда солиқ солишнинг турлича тартиби назарда тутилган фаолият турларини бир вақтда амалга ошираётган солиқ тўловчилар солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт.


(2-қ.) Солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби солиқ тўловчилар томонидан бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида юритилади.


(3-қ.) Фаолиятнинг муайян турига тааллуқли барча даромадлар ва харажатлар тегишли ҳисоб ҳужжатлари билан тасдиқланиши керак.


(4-қ.) Солиқ солиш объектларининг ва солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг алоҳида-алоҳида ҳисоби мутаносиб усул ёки тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули ёрдамида юритилиши мумкин.


(5-қ.) Ҳисобга олишнинг мутаносиб усулида даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар реализация қилишдан олинган тушумнинг умумий суммасида фаолиятнинг муайян турлари бўйича, қўшилган қиймат солиғи ва акциз солиғини ҳисобга олмаган ҳолда реализация қилишдан олинган тушум улушига мутаносиб тарзда шу муайян фаолият турларига киритилади.


(6-қ.) Тўғридан-тўғри ҳисобга олиш усули қўлланилганда даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар фаолиятнинг қайси тури амалга оширилиши билан боғлиқ бўлса, шу турига киритилади. Бунда фаолиятнинг фақат битта аниқ турига киритиш мумкин бўлмаган даромадлар, харажатлар ва солиқ солишнинг бошқа объектлари ёки солиқ солиш билан боғлиқ объектлар ҳисобга олишнинг мутаносиб усули орқали фаолиятнинг амалга оширилаётган барча турларига киритилади.


(7-қ.) Мақсадли маблағлар олувчи солиқ тўловчилар ушбу мақсадли маблағлардан фойдаланиш доирасида олинган даромадларнинг (қилинган харажатларнинг) алоҳида-алоҳида ҳисобини юритиши шарт.


(8-қ.) Солиқ тўловчилар, бундан бюджет ташкилотлари мустасно, солиқ даври тугаганидан кейин ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органларига олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисида ҳисобот тақдим этади. Олинган мақсадли маблағлардан фойдаланганлик тўғрисидаги ҳисоботнинг шакли ва уни тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланади.



8-БОБ. СОЛИҚ ҲИСОБОТИ


81-модда. Солиқ ҳисоботини тузиш

82-модда. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби

83-модда. Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш

84-модда. Солиқ ҳисоботини сақлаш муддати



81-модда. Солиқ ҳисоботини тузиш


(1-қ.) Солиқ тўловчининг ҳар бир солиқ тури ёки тўланган даромадлар бўйича ҳисоб-китобларни ва солиқ декларацияларини, шунингдек ҳисоб-китобларга ҳамда солиқ декларацияларига доир иловаларни ўз ичига оладиган, солиқ тўловчиларнинг ва солиқ агентларининг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлари солиқ ҳисоботидир.


(2-қ.) Солиқ ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган шаклларда тузилади.


Қаранг: АВ томонидан 2020 йил 24 февралда 3221-сон билан рўйхатга олинган "Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида"ги ДСҚ Қарори


(3-қ.) Солиқ ҳисоботи солиқ органларига шахс фақат солиқ тўловчи деб эътироф этиладиган солиқлар бўйича тақдим этилади.


(4-қ.) Солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги учун жавобгарлик солиқ тўловчининг ёки солиқ агентининг зиммасига юкланади.


(5-қ.) Солиқ тўловчининг солиқ ҳисоботи унинг танловига кўра солиқ органлари томонидан тузилиши мумкин. Бунда солиқ ҳисоботини тузиш ва тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


Қаранг: ВМнинг 2020 йил 20 ноябрдаги 736-сон Қарори билан тасдиқланган Солиқ тўловчининг танловига кўра солиқ органлари томонидан солиқ ҳисоботини шакллантириш тартиби тўғрисида Низом



82-модда. Солиқ ҳисоботини тақдим этиш тартиби


(1-қ.) Солиқ ҳисоботи солиқ тўловчи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шаклда қоғоз ёки электрон шаклда ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатлар билан бирга тақдим этилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчи ушбу Кодексга мувофиқ солиқ ҳисоботига илова қилиниши лозим бўлган ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этишга ҳақли.


(3-қ.) Юридик шахс бўлган солиқ тўловчилар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ ҳисоботини ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига белгиланган шакллар бўйича электрон ҳужжат тарзида тақдим этади.


(4-қ.) Йирик солиқ тўловчилар, жойлашган еридан қатъи назар, солиқ ҳисоботини Йирик солиқ тўловчилар бўйича ҳудудлараро давлат солиқ инспекциясига тақдим этади.


(5-қ.) Ушбу модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари қоидалари давлат сирлари жумласига киритилган ахборотни тақдим этишга нисбатан қўлланилмайди.


(6-қ.) Солиқ ҳисоботи бланкалари солиқ органлари томонидан бепул тақдим этилади.


(7-қ.) Солиқ ҳисоботи ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчи томонидан солиқ органига шахсан ёки вакил орқали тақдим этилиши ёхуд почта жўнатмаси тарзида жойланмалар рўйхати билан юборилиши мумкин.


(8-қ.) Солиқ маслаҳатчилари ташкилоти солиқ ҳисоботини солиқ тўловчи номидан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали электрон ҳужжат тарзида тақдим этишга ҳақли.


(9-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчи томонидан белгиланган шаклда тақдим этилган солиқ ҳисоботини қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас.


(10-қ.) Солиқ ҳисоботи қоғозда олинган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ ҳисоботининг кўчирма нусхасига унинг қабул қилиб олингани тўғрисида белги қўйиши ва у олинган санани кўрсатиши шарт.


(11-қ.) Солиқ ҳисоботи, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг идентификация рақами кўрсатилган ҳолда тақдим этилади.


(12-қ.) Солиқ тўловчи ва унинг ваколатли вакили солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини тасдиқлаб, унга имзо қўяди.


(13-қ.) Агар солиқ ҳисоботида кўрсатилган маълумотларнинг тўғрилиги ва тўлиқлигини солиқ тўловчининг ваколатли вакили тасдиқласа, солиқ ҳисоботида бу ҳақда тегишли белги қўйилади. Бунда солиқ ҳисоботига ушбу вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси илова қилинади.


(14-қ.) Солиқ ҳисоботи электрон шаклда тақдим этилганда вакилнинг уни имзолашга бўлган ваколатини тасдиқловчи ҳужжатнинг кўчирма нусхаси телекоммуникация алоқа каналлари орқали электрон шаклда тақдим этилиши мумкин.


(15-қ.) Солиқ ҳисоботи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларда тақдим этилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(16-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар ушбу Кодекснинг Махсус қисмига мувофиқ солиқ ҳисоботини тақдим этиш мажбурияти зиммасига юклатилган солиқ агентларига ва бошқа шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.



83-модда. Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритиш


(1-қ.) Ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган нотўғри ёки тўлиқ бўлмаган маълумотларни ва (ёки) хатоларни аниқлаган солиқ тўловчи ушбу солиқ ҳисоботига зарур тузатишларни киритиши ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши шарт.


(2-қ.) Агар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасининг камайишига олиб келмаган бўлса, солиқ тўловчи ўзи илгари тақдим этган солиқ ҳисоботига зарур тузатишлар киритишга ва солиқ органига аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этишга ҳақли. Бунда солиқ ҳисоботини тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгандан кейин тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи муддат бузилган ҳолда тақдим этилган деб ҳисобланмайди.


(3-қ.) Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқ ҳисоботини тақдим этиш муддати ўтгунга қадар тақдим этилган бўлса, солиқ ҳисоботи аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилган кун тақдим этилган деб ҳисобланади.


(4-қ.) Агар аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига солиқни тўлаш муддати ўтгандан кейин тақдим этилган бўлса, солиқ тўловчи бир пайтнинг ўзида қуйидаги шартларга риоя этган тақдирда жавобгарликдан озод қилинади:

1) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи у ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммаси камайишига (ўзгаришига) олиб келган ҳолатлар солиқ органи томонидан аниқланганлигини ёки солиқ аудити тайинланганлигини билган пайтга қадар тақдим этилган бўлса;

2) аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи тақдим этилгунга қадар у етишмаётган солиқ суммасини ва унга тегишли пеняларни тўлаган бўлса.


(5-қ.) Аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи солиқ органига, ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни инобатга олган ҳолда, солиқ ҳисоботини топшириш учун белгиланган тартибда тақдим этилади.


(6-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар солиқ агентлари томонидан тақдим этиладиган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботига нисбатан ҳам қўлланилади.



84-модда. Солиқ ҳисоботини сақлаш муддати


(1-қ.) Солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари солиқ органларига солиқ ҳисоботини ва унга илова қилинадиган ҳужжатларни, агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, ушбу ҳисобот тақдим этилган йилдан кейин камида уч йил сақлаши шарт. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Агар солиқ тўғрисидаги қонунчилик солиқ ставкасини қўллашни, тўланадиган солиқ миқдорини, солиқ имтиёзини ёки солиқ чегирмасини қўллашни ва (ёки) солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни солиқ тўловчининг муайян шартларга риоя этиши билан боғласа, ушбу солиқ тўловчи барча тасдиқловчи ҳужжатларни мазкур шартларнинг амал қилиши тугайдиган йилдан кейин камида уч йил сақлаши керак. Бундай тасдиқловчи ҳужжатлар жумласига, хусусан, ушбу солиқ бўйича солиқ ҳисоботи, унга илова қилинадиган ҳужжатлар, шунингдек кўрсатилган шартларга ёки мажбуриятларга риоя этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар киради. Ушбу қисмнинг қоидалари, агар кўрсатилган шартлар ёки мажбуриятлар вақтинчалик тусга эга бўлса ва уларга риоя этилишини ҳужжатлар билан тасдиқлашни талаб қилса, қўлланилади. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



III БЎЛИМ.

СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШ


9-боб. Солиқ мажбуриятини бажаришнинг умумий

қоидалари (85 - 88-моддалар)

10-боб. Солиқ мажбуриятини бажариш (89 - 96-моддалар)

11-боб. Солиқларни тўлаш муддатларини

ўзгартириш (97 - 102-моддалар)

12-боб. Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни

ҳисобга олиш ҳамда қайтариш (103 - 105-моддалар)

13-боб. Солиқ мажбуриятининг бажарилишини

таъминлаш (106 - 114-моддалар)

14-боб. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома (115 - 119-моддалар)

15-боб. Солиқ қарзини ундириш (120 - 125-моддалар)



9-БОБ. СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШНИНГ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАРИ


85-модда. Солиқ мажбурияти

86-модда. Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддати

87-модда. Солиқ мажбуриятининг тугатилиши

88-модда. Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари



85-модда. Солиқ мажбурияти

(ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


(1-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ тўловчилар зиммасига юклатилган солиқларни ва йиғимларни тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳамда ўз вақтида тўлаш мажбурияти уларнинг солиқ мажбуриятидир.


(2-қ.) Солиқ тўғрисидаги қонунчилик билан солиқ агентларининг зиммасига юклатилган, ўзига нисбатан ушбу шахслар солиқ агентлари деб эътироф этиладиган муносабатлар доирасида солиқларни тўғри ҳисоблаб чиқариш, ушлаб қолиш ва ўз вақтида ўтказиш мажбурияти солиқ мажбуриятига тенглаштирилади.


(3-қ.) Солиқ мажбурияти ушбу Кодекс ёки бошқа солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган асослар мавжуд бўлганда юзага келади, ўзгартирилади ва тугатилади.


(4-қ.) Ҳар бир солиққа нисбатан солиқ мажбурияти солиқ тўловчига cолиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган ушбу солиқни тўлашни назарда тутувчи ҳолатлар юзага келган пайтдан эътиборан юклатилади.



86-модда. Солиқ мажбуриятини бажариш тартиби ва муддати


(1-қ.) Солиқ тўловчи ўзининг солиқ мажбуриятини, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, мустақил равишда бажаради.


(2-қ.) Якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмайдиган жисмоний шахс бўлган солиқ тўловчининг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши мумкин. Бунда солиқ тўловчи унинг солиқ мажбурияти ўзга жисмоний шахс томонидан бажарилиши натижасида олган моддий наф солиқ солиш мақсадларида шу солиқ тўловчининг даромади деб эътироф этилмайди. Ўзга шахс ўзи томонидан солиқ тўловчи учун тўланган солиқнинг қайтарилишини талаб қилишга ҳақли эмас.


(3-қ.) Солиқ мажбурияти солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатда бажарилиши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари календарь сана ёки вақт даври (йил, чорак, ой, ўн кунлик ва кун) ўтиши билан белгиланади.


(5-қ.) Муддатнинг ўтиши календарь санадан ёки муддатнинг бошланиши белгилаб қўйилган воқеа юз берганидан кейинги кундан бошланади. Солиқ мажбурияти ушбу мажбуриятни бажариш муддатининг сўнгги куни соат йигирма тўртга қадар бажарилиши керак.


(6-қ.) Агар солиқ мажбуриятини бажариш муддатининг сўнгги куни дам олиш (ишланмайдиган) кунига тўғри келса, ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади.


(7-қ.) Солиқ тўловчи солиқ мажбуриятини муддатидан олдин бажаришга ҳақли.


(8-қ.) Солиқ мажбуриятини бажариш муддати ушбу Кодекснинг 97-102-моддаларида назарда тутилган тартибда ўзгартирилиши мумкин.


(9-қ.) Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбуриятининг бажарилмаганлиги ёки лозим даражада бажарилмаганлиги унга солиқ органи томонидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома юборилиши учун асос бўлади.


(10-қ.) Солиқ тўловчи томонидан солиқ мажбурияти бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда, солиқ органлари ушбу мажбуриятнинг мажбурий тартибда бажарилиши юзасидан ушбу Кодекснинг 15-бобида назарда тутилган чораларни кўриши ва (ёки) унинг бажарилишини таъминлашга доир ушбу Кодекснинг 13-бобида назарда тутилган чораларни қўллаши шарт.



87-модда. Солиқ мажбуриятининг тугатилиши


(1-қ.) Солиқ мажбурияти, агар ушбу модданинг иккинчи - тўртинчи қисмларида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда тугатилади:

солиқ тўловчи томонидан солиқ тўланганда ёки солиқ агенти томонидан ўтказиб берилганда;

солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ мажбуриятини тугатиш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар юзага келганда. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)


(2-қ.) Жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

мазкур шахс вафот этганда;

уни вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суд қарори қонуний кучга кирганда.


(3-қ.) Вафот этган ёки вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ушбу Кодекснинг 94-моддасида белгиланган тартибда мерос мол-мулкнинг қиймати доирасида меросхўрлардан ундирилади.


(4-қ.) Юридик шахснинг солиқ мажбурияти қуйидаги ҳолларда тугатилади:

ушбу Кодекснинг 91-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у тугатилганда;

ушбу Кодекснинг 92-моддасига мувофиқ, бюджет тизими билан барча ҳисоб-китоблар амалга оширилгандан кейин у қайта ташкил этилганда.



88-модда. Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатлари


(1-қ.) Солиқ органи ёки бошқа ваколатли орган солиқ текширувини ўтказишга, текширув натижалари бўйича солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборишга ёки солиқ тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ тўланиши лозим бўлган солиқлар миқдорини қайта кўриб чиқишга ҳақли бўлган муддат солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати, натижаларига кўра солиқ мажбурияти аниқланадиган солиқ даври тугаганидан кейин уч йилни ташкил этади. Агар солиқ мажбуриятининг юзага келиши муайян воқеа ёки ҳаракат билан боғлиқ бўлса, агар ушбу Кодексда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддати шу воқеа ёки ҳаракат содир бўлган пайтдан эътиборан уч йилни ташкил этади. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Ушбу Кодекс 84-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда даъво қилиш муддати солиқ тўғрисидаги қонунчиликка кўра солиқ тўловчи томонидан солиқ ставкаси, тўланадиган солиқ миқдори, солиқ имтиёзи ёки солиқ чегирмаси қўлланилиши ва (ёки) солиқни тўлаш муддати ўзгариши билан боғлиқ шартларнинг амал қилиш муддатига узайтирилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Солиқ мажбурияти бўйича даъво қилиш муддатининг ўтиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тўхтатиб турилади, узилади ва қайта тикланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



10-БОБ. СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИ БАЖАРИШ


89-модда. Солиқлар ва йиғимларни тўлаш

90-модда. Солиқларни ўтказишга доир тўлов

топшириқномаларининг банклар томонидан бажарилиши

91-модда. Юридик шахс тугатилганда

солиқ мажбуриятини бажариш

92-модда. Юридик шахс қайта ташкил этилганда

солиқ мажбуриятини бажариш

93-модда. Мол-мулкни ишончли бошқарувга беришда

солиқ мажбуриятини бажариш

94-модда. Жисмоний шахс вафот этган ёки у вафот этган

деб эълон қилинган тақдирда солиқ мажбуриятини бажариш

95-модда. Бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб

топилган жисмоний шахснинг солиқ мажбуриятини бажариш

96-модда. Солиқ қарзининг ундирилишини умидсиз деб эътироф этиш



89-модда. Солиқлар ва йиғимларни тўлаш


(1-қ.) Солиқни тўлаш, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, миллий валютада амалга оширилади.


(2-қ.) Чет эл валютасида ҳисоблаб чиқарилган солиқ суммасини миллий валютада қайтадан ҳисоблаш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг солиқни тўлаш санасидаги расмий курси бўйича амалга оширилади.


(3-қ.) Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти, агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилади:

1) пул маблағларини солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварағидан бюджет тизимига тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказишга доир топшириқнома банкка тақдим этилган пайтдан эътиборан - солиқ тўловчининг ҳисобварағида тўлов кунида етарлича пул қолдиғи мавжуд бўлган тақдирда;

2) банкда ҳисобварақ очмасдан тегишли ғазначилик ҳисобварағига бюджет тизимига ўтказиш учун банк кассасига нақд пул маблағлари топширилган пайтдан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

3) банк ёки алоқа бўлимига бюджет тизимига ўтказиш учун нақд пул маблағлари киритилган кундан эътиборан. Бундай қоида солиқни тўлаш учун пул маблағлари етарлича бўлган тақдирда, фақат жисмоний шахслар томонидан солиқни тўлашда қўлланилади;

4) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахснинг шахсий ҳисобварағида тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир операция акс эттирилган пайтдан эътиборан;

5) ортиқча тўланган суммаларни ёки ортиқча ундирилган солиқлар, пенялар, жарималар суммаларини тегишли солиқ тури бўйича мажбуриятнинг бажарилиши ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органи томонидан қарор чиқарилган кундан эътиборан;

6) солиқни ҳисоблаб чиқариш ва солиқ тўловчининг пул маблағларидан ушлаб қолишга доир мажбурият ушбу Кодексга мувофиқ солиқ агентига юклатилган бўлса, солиқ суммалари солиқ агенти томонидан ушлаб қолинган кундан эътиборан.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбурияти қуйидаги ҳолларда бажарилган деб эътироф этилмайди:

1) тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома солиқ тўловчи томонидан қайтариб олинганда ёки банк томонидан унга қайтарилганда;

2) ғазначиликда шахсий ҳисобварағи очилган юридик шахс томонидан тегишли пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган топшириқнома қайтариб олинганда ёки ғазначилик томонидан унга қайтарилганда;

3) пул маблағлари ушбу пул маблағларини бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасида банк реквизитлари нотўғри кўрсатилганлиги сабабли бюджет тизимининг тегишли ғазначилик ҳисобварағига ўтказилмай қолганда;

4) агар солиқ тўловчи солиқ тўлови учун банкка пул маблағларини ўтказиш учун топшириқнома тақдим этган куни унинг фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда бажариладиган ҳисобварағига тақдим этилган бажариб бўлмайдиган бошқа талаблар мавжуд бўлса, агар ушбу ҳисобварақда барча талабларни қаноатлантириш учун етарлича қолдиққа эга бўлмаса. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(5-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар пенялар ва жарималарга нисбатан ҳам қўлланилади ҳамда солиқ агентларига нисбатан ҳам татбиқ этилади.


(6-қ.) Солиқ органлари бюджет тизимига тушумлар ҳисобини ҳисобланган ҳамда тўланган солиқлар ва йиғимлар суммаларини, шунингдек пенялар ва жарималарни солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағида акс эттириш орқали юритади. Солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағини юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


(7-қ.) Божхона органлари Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш билан боғлиқ тўланиши лозим бўлган, солиқлар ва йиғимларнинг, шунингдек пенялар ва жарималарнинг бюджет тизимига тушумлари ҳисобини юритади. Ҳисоб юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади.


(8-қ.) Ундирилиши бошқа давлат органлари ва ташкилотлар томонидан амалга ошириладиган давлат божининг ҳамда бошқа йиғимларнинг бюджет тизимига тушумларини ҳисобга олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



90-модда. Солиқларни ўтказишга доир тўлов

топшириқномаларининг банклар томонидан

бажарилиши


(1-қ.) Банклар солиқ тўловчининг пул маблағлари ҳисобидан солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир тўлов топшириқномасини (бундан буён ушбу моддада солиқ тўловчининг топшириқномаси деб юритилади), шунингдек солиқ органининг солиқни бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномасини (бундан буён ушбу моддада солиқ органининг инкассо топшириқномаси деб юритилади) бажариши шарт.


(2-қ.) Солиқ тўловчининг топшириқномалари ва солиқ органининг инкассо топшириқномалари фуқаролик қонунчилигида белгиланган навбат бўйича бажарилиши лозим. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси бундай топшириқнома олинган кундан кейинги бир операция куни ичида банк томонидан бажарилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағлари мавжуд бўлган ва тўлов ҳужжатида реквизитлари тўғри кўрсатилган тақдирда банк солиқ тўловчининг топшириқномасини ёки солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажаришни кечиктиришга ҳақли эмас.


(5-қ.) Солиқ тўловчининг ҳисобварағида пул маблағларининг йўқлиги (етарли эмаслиги) сабабли солиқ органининг инкассо топшириқномасини белгиланган муддатда бажаришнинг имкони бўлмаганда, банк белгиланган муддат тугаганидан кейинги кундан кечиктирмай инкассо топшириқномасини юборган солиқ органига унинг топшириқномаси бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисида хабар қилиши шарт.


(6-қ.) Солиқ тўловчининг топшириқномаси ёки солиқ органининг инкассо топшириқномаси бажарилмаганлиги (қисман бажарилганлиги) тўғрисидаги банк хабарномасининг шакли ва уни электрон шаклда узатиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(7-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун банклар ушбу Кодексда белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


(8-қ.) Жавобгарлик чораларининг қўлланилиши банкни солиқ тўловчининг топшириқномасини ёки солиқ органининг инкассо топшириқномасини бажариш мажбуриятидан озод этмайди.


(9-қ.) Банклар солиқ тўловчиларнинг топшириқномаларини ва солиқ органларининг инкассо топшириқномаларини кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатилганлиги учун ҳақ ундирмасдан бажаради. Солиқ тўловчиларга ёки солиқ агентларига ортиқча тўланган (ундирилган) солиқлар, пенялар ва жарималар суммаларини қайтариш бўйича банклар томонидан топшириқномалар бажарилганда кўрсатилган операциялар бўйича хизмат кўрсатилганлиги учун ҳам ҳақ ундирилмайди.



91-модда. Юридик шахс тугатилганда

солиқ мажбуриятини бажариш


(1-қ.) Тугатилаётган юридик шахснинг солиқ мажбурияти мазкур юридик шахснинг пул маблағлари, шу жумладан унинг мол-мулкини реализация қилишдан олинган пул маблағлари ҳисобидан тугатувчи томонидан бажарилади.


(2-қ.) Агар тугатилаётган юридик шахснинг пул маблағлари, шу жумладан унинг мол-мулкини реализация қилишдан олинган пул маблағлари унинг солиқ қарзини тўлиқ ҳажмда узиш учун етарли бўлмаса, тўланмай қолган қарз мазкур юридик шахснинг иштирокчилари томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда узилиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Юридик шахс тугатилаётганда солиқ мажбуриятини мазкур юридик шахснинг бошқа кредиторлари билан ҳисоб-китоблари ўртасида бажариш навбати фуқаролик қонунчилиги билан белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Тугатилаётган юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммалари солиқ органи томонидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.


(5-қ.) Ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларнинг (пеняларнинг, жарималарнинг) ҳисобга олиниши лозим бўлган суммаси бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзига мутаносиб равишда ёки тугатувчининг қарорига биноан тақсимланади.


(6-қ.) Тугатилаётган юридик шахснинг солиқлар бўйича қарзи бўлмаган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммаси шу юридик шахсга ушбу Кодексда белгиланган тартибда у ариза берган кундан эътиборан ўн беш кундан кечиктирмай қайтарилиши лозим. Солиқ тўловчи томонидан ариза тақдим этилмаган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқлар (пенялар, жарималар) суммаси Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестридан чиқарилган солиқ тўловчининг шахсий ҳисобварағидан ҳисобдан чиқарилади. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш муносабати билан солиқлар тўлашда ҳам қўлланилади.



92-модда. Юридик шахс қайта ташкил этилганда

солиқ мажбуриятини бажариш


(1-қ.) Қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ мажбурияти ушбу моддада белгиланган тартибда унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан бажарилиши лозим.


(2-қ.) Қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ мажбуриятини бажариш, қайта ташкил этиш тугаллангунига қадар ҳуқуқий ворисга (ҳуқуқий ворисларга) қайта ташкил этилган юридик шахс солиқ мажбуриятини бажармаганлиги ёки лозим даражада бажармаганлиги фактлари ва (ёки) ҳолатлари маълум бўлганлиги-бўлмаганлигидан қатъи назар, унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) зиммасига юклатилади.


(3-қ.) Ҳуқуқий ворис (ҳуқуқий ворислар) ўзига ўтган мажбуриятлар бўйича жами солиқ қарзини, шу жумладан қайта ташкил этилган юридик шахсга унинг қайта ташкил этилиши тугаллангунига қадар солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этганлик учун белгиланган жарималар суммаларини ҳам узиши шарт.


(4-қ.) Қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) ўз зиммасига ушбу модда билан юклатилган мажбуриятларни бажаришда солиқ тўловчилар учун ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда ҳуқуқлардан фойдаланади ва зиммасида мажбуриятлар бўлади.


(5-қ.) Юридик шахснинг қайта ташкил этилиши унинг ҳуқуқий вориси (ҳуқуқий ворислари) томонидан унинг солиқ мажбуриятларини бажариш муддатларини ўзгартирмайди.


(6-қ.) Бир неча юридик шахслар қўшиб юборилганда уларнинг мажбуриятларини бажариш қисми бўйича бундай қўшиб юбориш натижасида вужудга келган юридик шахс уларнинг ҳуқуқий вориси деб эътироф этилади.


(7-қ.) Бир юридик шахс бошқа юридик шахсга қўшиб олинганда, уни қўшиб олган юридик шахс солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича қўшиб олинган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси деб эътироф этилади.


(8-қ.) Юридик шахс бўлинганда бундай бўлиш натижасида вужудга келган юридик шахслар солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича унинг ҳуқуқий ворислари деб эътироф этилади.


(9-қ.) Бир неча ҳуқуқий ворислар мавжуд бўлган тақдирда, улардан ҳар бирининг қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ мажбуриятини бажаришдаги иштироки улуши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ тузилган тақсимлаш баланси билан аниқланади. Агар тақсимлаш баланси қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳар бир ҳуқуқий ворисининг улушини аниқлаш имконини бермаса, янгидан вужудга келган юридик шахслар қайта ташкил этилган шахснинг солиқ мажбуриятини суднинг қарорига кўра солидар бажариши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(10-қ.) Агар қайта ташкил этиш солиқ мажбуриятини бажармасликка қаратилган бўлса, қайта ташкил этилган юридик шахс солиқ мажбуриятининг ҳеч бўлмаганда битта ҳуқуқий ворис томонидан унга тўғри келадиган солиқ мажбурияти қисмини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятини истисно этган тақдирда ҳам, ушбу модданинг тўққизинчи қисмида кўрсатилган қоида қўлланилади.


(11-қ.) Юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахслар ажратиб чиқарилганда қайта ташкил этилган юридик шахсга нисбатан унинг солиқ мажбуриятини бажариш қисми бўйича ҳуқуқий ворислик, агар ушбу модданинг ўн иккинчи қисмида бошқача қоида белгиланмаган бўлса, юзага келмайди.


(12-қ.) Агар юридик шахс таркибидан бир ёки бир неча юридик шахсларни ажратиб чиқариш натижасида қайта ташкил этилаётган юридик шахс ўзининг солиқ мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш имкониятига эга бўлмаса ва бундай қайта ташкил этиш солиқ мажбуриятини бажармасликка қаратилган бўлса, ажратиб чиқарилган юридик шахслар ушбу қайта ташкил этилган шахснинг солиқ мажбуриятига суднинг қарорига кўра солидар эга бўлиши мумкин.


(13-қ.) Бир юридик шахс бошқа юридик шахс этиб ўзгартирилганда, янгидан вужудга келган юридик шахс солиқ мажбуриятини бажариш қисмида қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий вориси деб эътироф этилади.


(14-қ.) Юридик шахс томонидан у қайта ташкил этилгунга қадар ундан ортиқча ундирилган ёки ортиқча тўланган солиқ (пеня, жарима) суммаси ҳуқуқий ворис (ҳуқуқий ворислар) қайта ташкил этилган юридик шахснинг солиқ қарзини узиши ҳисобига солиқ органи томонидан ҳисобга олиниши лозим. Бундай ҳисобга олиш қайта ташкил этиш тугалланган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай ушбу моддада назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


(15-қ.) Юридик шахс томонидан у қайта ташкил этилгунга қадар ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқнинг (пенянинг, жариманинг) ҳисобга олиниши лозим бўлган суммаси ҳисобланиши ва тўланиши устидан назорат қилиш солиқ органлари зиммасига юклатилган бошқа солиқлар бўйича солиқ қарзига мутаносиб равишда тақсимланади.


(16-қ.) Қайта ташкил этилган юридик шахсда солиқ қарзи бўлмаган тақдирда, ушбу юридик шахс томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ (пеня, жарима) суммаси унинг ворисига (ҳуқуқий ворисларига) ҳуқуқий ворис (ҳуқуқий ворислар) ариза берган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай қайтарилиши лозим. Бунда ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ (пеня, жарима) суммаси қайта ташкил этилган юридик шахснинг ҳуқуқий ворисига (ҳуқуқий ворисларига) ҳар бир ҳуқуқий вориснинг тақсимлаш баланси асосида аниқланадиган улушига мутаносиб равишда қайтарилади.


(17-қ.) Ушбу модданинг қоидалари юридик шахс қайта ташкил этилганда йиғимларни тўлаш бўйича мажбуриятни бажаришга нисбатан ҳам қўлланилади.


(18-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар чет давлат қонунчилигига мувофиқ қайта ташкил этилган чет эл ташкилоти мажбуриятларининг ҳуқуқий ворисини (ҳуқуқий ворисларини) аниқлашда ҳам қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(19-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш муносабати билан солиқлар тўлашда ҳам қўлланилади.



93-модда. Мол-мулкни ишончли бошқарувга беришда

солиқ мажбуриятини бажариш


(1-қ.) Ишончли бошқарувчи ишончли бошқарув шартномаси тузилган санадан эътиборан ишончли бошқариш шартномаси бўйича солиқ мажбуриятларини бажаради.


(2-қ.) Ишончли бошқарувни таъсис этувчи (наф олувчи), мол-мулк ишончли бошқарувга топширилиши муносабати билан ўзида юзага келадиган солиқ мажбуриятларини, агар солиқ мажбуриятларини бажариш (қўшилган қиймат солиғи бўйича мажбуриятлардан ташқари) ишончли бошқарувчига юклатилмаган бўлса ёхуд мол-мулк Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган ишончли бошқарувчига ишончли бошқаришга топширилган тақдирда, мустақил равишда бажаради.


(3-қ.) Ишончли бошқарувчи солиқ солиш объектларининг ва (ёки) солиқ солиш билан боғлиқ объектларнинг ҳисобини ишончли бошқарувни таъсис этувчининг (наф олувчининг) манфаатларида амалга ошириладиган ишончли бошқарув фаолияти бўйича ва бошқа фаолият бўйича алоҳида-алоҳида юритиши шарт.


(4-қ.) Агар ишончли бошқарувни таъсис этувчи (наф олувчи) учун солиқ мажбуриятини бажариш, шунингдек солиқ ҳисоботини ва молиявий ҳисоботни тузиш ҳамда тақдим этиш бўйича мажбуриятни бажариш ишончли бошқарувчига юклатилган бўлса, бундай солиқ мажбуриятини бажариш ишончли бошқарувчи ҳисобланувчи шахс номидан ушбу Кодекснинг Махсус қисмида белгиланган тартибда амалга оширилади.


(5-қ.) Агар ишончли бошқарувчи солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш бўйича ушбу моддада назарда тутилган мажбуриятларни бажармаган ёки тўлиқ ҳажмда бажармаган бўлса, уларни бажариш мажбурияти ишончли бошқарувни таъсис этувчига (наф олувчига) юклатилади.



94-модда. Жисмоний шахс вафот этган ёки у вафот этган

деб эълон қилинган тақдирда солиқ мажбуриятини бажариш


(1-қ.) Солиқ қарзи мавжуд бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, солиқ тўғрисидаги қонунчиликни лозим даражада бажармаганлик учун унга ҳисобланган пенялар ва жарималар суммаси ундирилиши умидсиз суммалар деб эътироф этилади. Ушбу жисмоний шахснинг солиқлар бўйича узилмай қолган қарзи вафот этган шахснинг мерос қилиб олинадиган мол-мулкини мерос қилиб олиш тартибида қабул қилиб олган унинг меросхўри (меросхўрлари) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати доирасида ва унинг (уларнинг) меросдаги улушига мутаносиб равишда, ушбу модданинг қоидаларини инобатга олган ҳолда узилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Агар вафот этган жисмоний шахснинг солиқлар бўйича солиқ қарзи мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ бўлса, солиқ қарзининг мерос қилиб олинадиган мол-мулк қийматидан ортиқ суммаси ундирилиши умидсиз сумма деб эътироф этилади. Мазкур норма меросхўр (меросхўрлар) томонидан мерос қилиб олинадиган мол-мулкнинг қиймати ҳужжатлар билан тасдиқланган ҳолларда қўлланилади.


(3-қ.) Меросхўр бўлмаганда ёки меросхўр (меросхўрлар) мерос олиш ҳуқуқидан воз кечганда, вафот этган жисмоний шахснинг солиқ қарзи ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этилади. Умидсиз солиқ қарзи солиқ органлари томонидан ҳисобдан чиқарилиши лозим.


(4-қ.) Солиқ қарзи бўлган жисмоний шахс вафот этган тақдирда, мазкур жисмоний шахс ҳисобга қўйилган жойдаги ва (ёки) унинг мол-мулки турган жойдаги солиқ органи вафот этган шахснинг меросхўри (меросхўрлари) тўғрисида ахборот олинган пайтдан эътиборан бир ой ичида унга (уларга) солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисида хабар қилиши шарт.


(5-қ.) Вафот этган жисмоний шахснинг меросхўри (меросхўрлари) мазкур жисмоний шахснинг солиқлар бўйича қолган қарзини мерос қабул қилиб олинган кундан эътиборан бир йилдан кечиктирмай узиши шарт.


(6-қ.) Солиқ органининг қарорига биноан узиш муддати, агар солиқ қарзи мавжудлиги тўғрисидаги хабарни меросхўр (меросхўрлар) тўлаш муддати ўтишига олти ойдан кам вақт қолганида олган бўлса, узайтирилиши мумкин.


(7-қ.) Вафот этган жисмоний шахснинг жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқни тўлаш бўйича қарзи умидсиз қарз деб эътироф этилади.


(8-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар фуқаролик қонунчилигида белгиланган тартибда вафот этган деб эълон қилинган жисмоний шахснинг солиқ қарзига нисбатан ҳам қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



95-модда. Бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб

топилган жисмоний шахснинг солиқ мажбуриятини бажариш


(1-қ.) Суд томонидан бедарак йўқолган деб эътироф этилган жисмоний шахснинг солиқларни тўлаш бўйича солиқ мажбурияти ушбу бедарак йўқолган шахснинг мол-мулкини бошқариш ҳуқуқига эга бўлган шахс (бундан буён матнда ваколатли шахс деб юритилади) томонидан қонунчиликка мувофиқ унинг мол-мулки ҳисобидан бажарилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Ваколатли шахс суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган жисмоний шахснинг у бедарак йўқолган деб топилган кунда вужудга келган бутун солиқ қарзини шу бедарак йўқолган шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки ҳисобидан узиши шарт.


(3-қ.) Суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг солиқ мажбурияти шу муомалага лаёқатсиз шахснинг мол-мулки ҳисобидан унинг васийси томонидан бажарилади.


(4-қ.) Васий муомалага лаёқатсиз жисмоний шахснинг солиқлар бўйича бутун солиқ қарзини шу муомалага лаёқатсиз шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки ҳисобидан узиши шарт.


(5-қ.) Суд томонидан бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахснинг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятини, шунингдек унга тегишли пенялар ва жарималарни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш, шу жисмоний шахснинг пул маблағлари ёки бошқа мол-мулки кўрсатилган мажбуриятни бажариш учун етарли бўлмаган (мавжуд бўлмаган) тақдирда, тегишли солиқ органининг қарори билан тўхтатилади.


(6-қ.) Жисмоний шахсни бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топишни бекор қилиш тўғрисида белгиланган тартибда қарор қабул қилинган тақдирда, тўхтатиб турилган мажбуриятларнинг бажарилиши мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан тикланади.


(7-қ.) Ушбу моддага мувофиқ, суд томонидан бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган жисмоний шахсларнинг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятлари юклатилган шахслар солиқ тўловчилар учун ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда барча ҳуқуқлардан фойдаланади ва барча мажбуриятларни мазкур моддада назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда бажаради. Ушбу модда билан ўзига юклатилган мажбуриятларни бажариш чоғида, шу муносабат билан солиқ ҳуқуқбузарликларини содир этганлик айби учун жавобгарликка тортиладиган мазкур шахслар ушбу Кодексда назарда тутилган жарималарни тегишлича суд томонидан бедарак йўқолган ёки муомалага лаёқатсиз деб топилган шахснинг мол-мулки ҳисобидан тўлашга ҳақли эмас.



96-модда. Солиқ қарзининг ундирилишини

умидсиз деб эътироф этиш


(1-қ.) Айрим солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари зиммасида турган солиқларнинг тўланиши ва (ёки) ундирилиши қуйидаги ҳолларда ундириш имкони бўлмай қолган умидсиз солиқ қарзи деб эътироф этилади:

1) юридик шахс тугатилганда - юридик шахснинг мол-мулки етарли эмаслиги ва (ёки) шу юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) томонидан қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда унинг солиқ қарзини узиш имкони бўлмаганлиги сабабли унинг ушбу Кодекснинг 91-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолган қисми бўйича; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) якка тартибдаги тадбиркор ёки жисмоний шахс банкрот деб эътироф этилганда - қарздорнинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли солиқ қарзининг узилмай қолган қисми бўйича; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги банд)

3) жисмоний шахс вафот этганда ёки жисмоний шахс вафот этган деб эълон қилинганда - унинг мол-мулки етарли эмаслиги сабабли, шу жумладан мерос давлат мулкига ўтган тақдирда, унинг солиқ қарзининг ушбу Кодекснинг 94-моддасида назарда тутилган тартибда узилмай қолган қисми бўйича;

4) суд томонидан ҳужжат қабул қилиниб, унга мувофиқ солиқ органи солиқ қарзини ундиришнинг белгиланган муддати ўтиши муносабати билан уни ундириш имкониятини йўқотганда, шу жумладан суд томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилганда;

5) мазкур Кодекс 129-моддасининг еттинчи қисмига мувофиқ, чет эл юридик шахси солиқ органидан ҳисобдан чиқарилганда - доимий муассасанинг мол-мулки етарли эмаслиги ва қонунчиликда белгиланган миқдор ва тартибда Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс томонидан тўлаш имконсизлиги сабабли тўланмаган солиқ қарзи бўйича ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган мазкур солиқ қарзи шу чет эл юридик шахси ушбу Кодекс 129-моддасининг еттинчи қисмида назарда тутилган асосларга кўра солиқ органида қайтадан ҳисобга қўйилганда тикланиши лозим.


(2-қ.) Қуйидагилар солиқ қарзини ундирилиши умидсиз қарз деб эътироф этиш ва уни ҳисобдан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилиш ваколатига эга органлардир:

1) юридик шахс жойлашган ердаги ёки жисмоний шахснинг яшаш жойидаги солиқ органлари (ушбу қисмнинг 2 ва 3-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) - мазкур модда биринчи қисмининг 1-3-бандларида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда;

2) солиқ тўловчи ёки солиқ агенти ҳисобда турган жойдаги солиқ органлари (ушбу қисмнинг 3-бандида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно) - ушбу модда биринчи қисмининг 4 ва 5-бандларида назарда тутилган ҳолатлар мавжуд бўлганда;

3) Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси томонидан белгиланадиган божхона органлари - Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича.


(3-қ.) Ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзини ҳисобдан чиқариш тартиби ва ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича тартиб ва ҳужжатлар рўйхати Ўзбекистон Республикасининг Давлат божхона қўмитаси томонидан тасдиқланади.



11-БОБ. СОЛИҚЛАРНИ ТЎЛАШ

МУДДАТЛАРИНИ ЎЗГАРТИРИШ


97-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини

ўзгартиришнинг умумий шартлари

98-модда. Солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни

истисно этадиган ҳолатлар

99-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш

тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли органлар

100-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки

бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари

101-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки

бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби

102-модда. Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки

бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилишини тугатиш



97-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини

ўзгартиришнинг умумий шартлари


(1-қ.) Солиқ тўлашнинг муддатини кейинроқ муддатга кўчириш солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш деб эътироф этилади.


(2-қ.) Солиқ тўлаш муддатини ўзгартиришга ушбу бобда белгиланган тартибда йўл қўйилади.


(3-қ.) Агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тўланиши лозим бўлган умумий солиқ суммасига ёки унинг бир қисмига (бундан буён ушбу бобда қарз суммаси деб юритилади) нисбатан, қарз суммасига фоизлар ҳисобланган ҳолда, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш мумкин.


(4-қ.) Солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш уни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шаклида амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, шу солиқ бўйича тегишлича бир йўла ёки босқичма-босқич қарз суммасини тўлаган ҳолда, ушбу солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришдан иборатдир.


(6-қ.) Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисида қарор қабул қилингунига қадар юзага келган қарз суммасига ёки келгусида юзага келадиган қарз суммасига нисбатан берилиши мумкин.


(7-қ.) Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш, агар ушбу Кодекснинг 99-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, бир йилдан ошмаган муддатга берилади.


(8-қ.) Солиқ тўлаш муддати ўзгартирилишига талабгор шахс (бундан буён ушбу бобда манфаатдор шахс деб юритилади) солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш тўғрисида ариза беришга ёхуд бу ҳақда хабардор қилишга ҳақли. Бундай ариза бир ёки бир нечта солиққа нисбатан берилиши мумкин. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(9-қ.) Манфаатдор шахснинг солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақидаги аризасини кўриб чиқиш чоғида, солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли орган мазкур шахсга у билан келишилган ҳолда қабул қилиниши мумкин бўлган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг ушбу бобда назарда тутилган бошқа шартларини таклиф этишга ҳақли.


(10-қ.) Солиқ тўлаш муддатининг ўзгартирилиши солиқ тўлаш бўйича мавжуд мажбуриятларни бекор қилмайди ва янги мажбуриятларни вужудга келтирмайди.


(11-қ.) Ушбу Кодекснинг 99-моддасида кўрсатилган органларнинг қарорига кўра солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш, агар ушбу бобда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу Кодекснинг 107-109-моддаларига мувофиқ мол-мулк гарови, кафиллик ёки банк кафолати билан таъминланиши мумкин.


(12-қ.) Ушбу боб қоидалари пеня ва жарима тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилганда ҳам қўлланилади.


(13-қ.) Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд санацияси ёки ташқи бошқарув жараёнида юзага келадиган барча турдаги жорий солиқ тўловларини (бундан меҳнат шартномалари (контрактлари) ва фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятдаги шартномалар бўйича олинган даромадлар солиғи, шунингдек ижтимоий солиқ мустасно) тўлаш, суд ажрими асосида жорий этилган суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомилининг муддатида тўхтатиб турилади. Бу ҳолда суд санация қилувчи бошқарувчининг ёки ташқи бошқарувчининг ҳисоботини тасдиқлаган ва тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш юритишни тугатиш ҳақида ажрим чиқарган санадан эътиборан мазкур солиқ қарзлари олти ой ичида тенг улушларда бўлиб-бўлиб тўланади. (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонунига мувофиқ ўн учинчи қисми ўн тўртинчи қисм деб ҳисоблансин


(14-қ.) Ушбу бобнинг қоидалари солиқ агентларига ва ушбу Кодекснинг 482-моддасида назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди. (ЎзР 01.12.2020 й. ЎРҚ-652-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



98-модда. Солиқни тўлаш муддатини ўзгартиришни

истисно этадиган ҳолатлар


(1-қ.) Агар манфаатдор шахсга нисбатан қуйидаги шартлардан ҳеч бўлмаганда биттаси бажарилаётган бўлса, солиқни тўлаш муддати ўзгартирилиши мумкин эмас:

1) агар ушбу модданинг иккинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилиши билан боғлиқ жиноят аломатлари бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлса; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

2) ушбу шахс бундай ўзгартиришдан солиқ солиниши лозим бўлган ўз пул маблағларини ёки бошқа мол-мулкини яшириш учун фойдаланишини ёки ушбу шахс доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикасидан ташқарига чиқиб кетишини тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса;

3) ушбу шахс солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида ариза берган кундан олдинги уч йил мобайнида ушбу Кодекснинг 99-моддасида кўрсатилган орган томонидан солиқ тўлаш муддатини тегишли ўзгартириш шартлари бузилганлиги муносабати билан илгари берилган кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятининг амал қилишини тугатиш тўғрисида қарор чиқарилган бўлса;

4) шахс банкрот деб топилган бўлса; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

5) шахс ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-2-банди бўйича юқори даражадаги таваккалчилик тоифасига киритилган бўлса. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган шартлар ушбу Кодекс 99-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларга нисбатан татбиқ этилмайди.


(3-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин эмас, қабул қилинган қарор эса бекор қилиниши лозим.


(4-қ.) Қабул қилинган қарор бекор қилингани тўғрисида манфаатдор шахс ва ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органи уч кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилинади. Манфаатдор шахс бундай қарор устидан ушбу Кодексда белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига нисбатан солиқ тўлаш муддатини ўзгартириш амалга оширилмайди.



99-модда. Солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш

тўғрисида қарор қабул қилишга ваколатли органлар


(1-қ.) Қуйидаги органлар солиқларни тўлаш муддатларини ўзгартириш тўғрисида қарорлар қабул қилиш ваколатига эга органлардир (бундан буён ушбу моддада ваколатли органлар деб юритилади):

1) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 1-5-бандларида кўрсатилган солиқлар бўйича - Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси (бундан ушбу қисмнинг 3-бандида ва ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно). Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган солиқларни, шунингдек айланмадан олинадиган солиқни ушбу бобда назарда тутилган тартибда мол-мулкни гаровга бермаган ҳолда, кафилликсиз ёки банк кафолатисиз бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишга (бундан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи, ижтимоий солиқ, тўлов манбаида олинадиган фойда солиғи ҳамда солиқ агенти сифатида тўланадиган қўшилган қиймат солиғи мустасно) ҳам ҳақли; (ЎзР 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон Қонуни таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)

2) ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 6-8-бандларида кўрсатилган солиқлар ва айланмадан олинадиган солиқ бўйича - Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари. Бундай солиқларга нисбатан тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти икки йилгача муддатга берилиши мумкин;

3) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича - божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда божхона органлари (бундан ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳоллар мустасно). (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(2-қ.) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 17-моддасида кўрсатилган ҳар қандай солиқ бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини уч йилгача муддатга беришга ҳақли. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришда ушбу Кодекс 98-моддасининг биринчи қисмида белгиланган чекловлардан четга чиқишга ҳақли.



100-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки

бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш шартлари


(1-қ.) Солиқни тўлаш бўйича муддатни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга, башарти унинг молиявий аҳволи ушбу солиқни белгиланган муддатда тўлаш имконини бермаса, бироқ кўрсатилган шахсда бундай солиқни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун берилган муддат мобайнида тўлаш имконияти юзага келади деб тахмин қилиш учун етарлича асослар мавжуд бўлса, берилиши мумкин.


(2-қ.) Солиқ тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти манфаатдор шахсга қуйидаги асослардан лоақал биттаси мавжуд бўлган тақдирда берилиши мумкин:

1) ушбу шахсга табиий офат, технологик фалокат ёки бошқа бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар натижасида зарар етказилганлиги;

2) ушбу шахсни бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш кечиктирилганлиги ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмаси, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматлар ҳақини тўлаш кечиктирилганлиги;

3) манфаатдор шахс солиқни бир йўла тўлаши оқибатида унинг тўловга қобилиятсизлиги аломатлари пайдо бўлиши хавфи юзага келганлиги; (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонуни таҳриридаги банд)

3-1) манфаатдор шахс фаолиятни уч йилдан ортиқ вақтдан буён амалга ошираётганлиги ҳамда ҳисобланган солиқларни ўз вақтида тўлаб келганлиги, аммо молиявий аҳволига кўра солиқ қарзини белгиланган муддатларда тўлаш имкониятига эга бўлмаганлиги; (ЎзР 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)

3-2) агар манфаатдор шахс (тадбиркорлик субъекти) ушбу Кодекс 101-моддасининг биринчи қисмига биноан солиқ тўлашни кечиктириш ҳуқуқи тўғрисидаги хабарномани ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан уч ой ичида солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ер участкалари, бинолар ва иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтганлигининг қайд рақамини ва санасини кўрсатган ҳолда солиқ органларига юборган бўлса; (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)

3-3) агар ўтган йил якунлари бўйича жами даромади ўн миллиард сўмдан ошмаган шахс солиқ қарзи юзага келган санадан эътиборан бир ой ичида солиқ органларига солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ҳуқуқи тўғрисида хабарнома юборган бўлса. Мазкур тартиб қўшилган қиймат солиғи ва фойда солиғи тўловчиларига нисбатан қўлланилади (устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз тўланадиган товарларни ишлаб чиқарувчилар бундан мустасно); (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)

4) жисмоний шахснинг мулкий ҳолати (қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк ҳисобга олинмаганда) солиқни бир йўла тўлаш имкониятини истисно этиши; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

5) манфаатдор шахс томонидан товарлар ёки хизматларни ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш мавсумий хусусиятга эга эканлиги;

6) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарлар олиб ўтилиши муносабати билан божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тўланиши лозим бўлган солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш учун асослар мавжуд эканлиги; (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)

7) ушбу Кодекс 97-моддасининг ўн учинчи қисмида назарда тутилган тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд санацияси ёки ташқи бошқарув тартиб-таомили жорий этилган бўлса. (ЎзР 21.02.2024 й. ЎРҚ-911-сон Қонунига мувофиқ киритилган банд)


(3-қ.) Ушбу модда иккинчи қисмининг 1, 3-6-бандларида кўрсатилган асослар мавжуд бўлганда, солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти қуйидагиларга берилиши мумкин:

1) юридик шахсга - унинг соф активлари қийматидан ошмайдиган суммага;

2) жисмоний шахсга - унинг мол-мулки қийматидан ошмайдиган суммага, бундан Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(4-қ.) Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқни ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига ёзма, шу жумладан солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали хабарнома юбориб, солиқ аудити натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини ва молиявий санкцияларнинг текширув материалларини, шунингдек камерал солиқ текшируви натижалари бўйича қўшимча ҳисобланган солиқлар суммаларини кўриб чиқиш натижалари юзасидан солиқ органи томонидан қабул қилинган қарор кучга кирган кундан эътиборан олти ой ичида тенг улушларда тўлашга ҳақли. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(5-қ.) Агар солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 1 ёки 2-бандларида кўрсатилган асослар бўйича берилган бўлса, қарз суммасига фоизлар ҳисобланмайди. Агар солиқларни бўлиб-бўлиб тўлаш ушбу модда иккинчи қисмининг 3-3-бандида кўрсатилган асослар бўйича тақдим этилган ва солиқ қарзи бўйича бўлиб-бўлиб тўлаш календар йил давомида бир марта фойдаланилган бўлса, фоизлар олти ой давомида ҳам ҳисобланмайди. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(6-қ.) Агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти ушбу модда иккинчи қисмининг 3, 3-1, 4, 5 ва 6-бандларида ва (ёки) тўртинчи қисмида кўрсатилган асосларга кўра берилган бўлса, кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш даврида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда, ушбу модда иккинчи қисмининг 3-2-банди бўйича солиқларни тўлаш кечиктирилган кундан эътиборан қарз суммасига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизи миқдорида фоизлар ҳисобланади. Ушбу модданинг иккинчи қисми 3-2-бандида кўрсатилган асосларга кўра фоизлар солиқларни тўлаш кечиктириш бўйича қарз суммасига нисбатан кечиктириш даврида амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаштириш ставкасининг 50 фоизига тенг ставкадан келиб чиққан ҳолда ҳисобланади. Бунда, солиқларни манфаатдор шахс томонидан тўлашни кечиктиришнинг амал қилиш муддати солиқ органига хабарнома юборилган санадан эътиборан ҳисоблаб чиқарилади, кечиктирилган солиқлар суммаси эса, муддати тугаган ойидан кейинги ойидан бошлаб кечиктириш муддати тугаганидан сўнг амал қилиш муддати тугаган санадан эътиборан кечиктирилган солиқ суммаси ҳисобланган фоизлар билан бирга тенг улушларда ўн икки ой ичида тўланади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



101-модда. Солиқларни тўлашни кечиктириш ёки

бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тартиби


(1-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томонидан тегишли ваколатли органга берилади. Тадбиркорлик субъектлари (бундан давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган корхоналар, ер қаъридан фойдаланувчилар ва акциз ости маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар мустасно) умумий майдони бир минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ер участкаларига ва (ёки) бинолар ҳамда иншоотларга бўлган мулкий ҳуқуқ олинганда ушбу Кодекс 17-моддаси биринчи қисмининг 7 ва 8-бандларида кўрсатилган солиқларни тўлашни тақдим этилган хабарнома асосида хабардор қилган ҳолда ва гаров таъминотисиз олти ой муддатга кечиктириш ҳуқуқига эга. Бунда кечиктирилган солиқлар суммаси давлат рўйхатидан ўтказилган ер участкаларининг, биноларнинг ва иншоотларнинг қийматидан ва (ёки) майдонларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган солиқлар миқдорида белгиланади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(2-қ.) Манфаатдор шахснинг солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги аризасига қуйидаги ҳужжатлар илова қилинади:

1) ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг унинг солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китоблари ҳолати тўғрисидаги маълумотномаси;

2) ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органининг мазкур шахсга банкларда очилган барча ҳисобварақлар рўйхати кўрсатилган маълумотномаси;

3) ушбу шахснинг банклардаги ҳисобварақлари бўйича кўрсатилган ариза берилишидан олдинги олти ой давомида ҳар ойлик пул маблағлари айланиши тўғрисида, шунингдек унинг ҳақи тўланмаган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг тегишли картотекасига жойлаштирилган ҳисоб-китоб ҳужжатлари мавжудлиги тўғрисида ёхуд ушбу картотекада уларнинг мавжуд эмаслиги тўғрисида банклар маълумотномалари;

4) ушбу шахснинг банклардаги барча ҳисобварақларида мавжуд бўлган пул маблағларининг қолдиқлари тўғрисида банклар маълумотномалари;

5) ушбу шахснинг солиқни тўлаш муддати ўзгартирилган даврда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор қайси шартларга кўра қабул қилинган бўлса, ўша шартларга риоя этилишини назарда тутувчи мажбурияти, шунингдек қарздорликни сўндиришнинг тахминий графиги;

6) солиқни тўлаш муддатини ўзгартириш асослари мавжудлигини тасдиқловчи ушбу модданинг учинчи - саккизинчи қисмларида кўрсатилган ҳужжатлар.


(3-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 1-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилинади:

1) ушбу шахсга нисбатан унинг ариза билан мурожаат этиши учун асос бўлган бартараф этиб бўлмайдиган ҳолатлар вужудга келганлиги факти тўғрисидаги хулоса;

2) кўрсатилган ҳолатлар натижасида ушбу шахсга етказилган зарарни баҳолаш далолатномаси.


(4-қ.) Ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқаро муҳофазаси, аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан ҳимоя қилиш соҳасидаги органлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариши органлари томонидан тузилади.


(5-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 2-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига бундай асос мавжудлигини ва бюджетдан (давлат мақсадли жамғармаларидан) молиялаштириш ҳисобига ушбу шахсга келиб тушмаган суммани ёки ушбу шахс томонидан бажарилган давлат буюртмасининг, давлат эҳтиёжлари ёки маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг эҳтиёжлари учун бажарилган ишлар ва (ёки) кўрсатилган хизматларнинг ҳақи тўланмаганлигини тасдиқловчи молия органининг ҳужжати илова қилинади.


(6-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 3-бандида кўрсатилган асос мавжудлиги манфаатдор шахснинг молиявий ҳолатини таҳлил қилиш натижалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ёки у ваколат берган солиқ органи томонидан аниқланади. Бундай таҳлил Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқланадиган услубиятга мувофиқ ўтказилади.


(7-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 4-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига жисмоний шахснинг кўчар ва кўчмас мулки (бундан қонунчиликка мувофиқ ундирув қаратилиши мумкин бўлмаган мол-мулк мустасно) тўғрисидаги маълумотлар илова қилинади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддасининг иккинчи қисми 5-бандида кўрсатилган асос бўйича солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасига ушбу шахс томонидан тузилган, мазкур шахснинг умумий даромадларида унинг мавсумий хусусиятга эга бўлган фаолиятдан олинган даромадларининг улуши камида 50 фоизни ташкил этишини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади.


(9-қ.) Мавсумий хусусиятга эга бўлган тармоқлар ва фаолият турларининг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.


(10-қ.) Ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-1-бандида кўрсатилган асослар мавжуд бўлган тақдирда, манфаатдор шахснинг аризасига мувофиқ солиқни бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилади. Бунда ушбу қисмда назарда тутилган тартибда тўланадиган солиқ суммаси охирги уч йил давомида тўланган солиқлар суммасининг эллик фоизидан ошмаслиги керак. (ЎзР 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 14.10.2021 й. ЎРҚ-722-сон Қонунига мувофиқ ўнинчи-йигирманчи қисмлари ўн биринчи-йигирма биринчи қисмлар деб ҳисоблансин


(11-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги манфаатдор шахснинг аризасида ушбу шахс мазкур бобга мувофиқ қарз суммасига ҳисобланган фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз зиммасига олади.


(12-қ.) Ваколатли органнинг талабига кўра, манфаатдор шахс гаров предмети бўлиши мумкин бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатларни, кафиллик хатини ёки банк кафолатини тақдим этади.


(13-қ.) Ваколатли орган манфаатдор шахснинг илтимосномаси бўйича ушбу шахс томонидан қарз суммасининг тўланишини вақтинчалик (ариза кўриб чиқиладиган даврда) тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилишга ҳақли. Бундай қарорнинг кўчирма нусхаси манфаатдор шахс томонидан ўзи ҳисобга олинган жойдаги солиқ органига қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кунлик муддатда тақдим этилади.


(14-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш ёхуд уни беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ваколатли орган томонидан манфаатдор шахснинг аризаси олинган кундан эътиборан ўттиз кун ичида қабул қилинади.


(15-қ.) Солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда қуйидагилар кўрсатилиши керак:

1) қарз суммаси;

2) кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти берилаётган солиқ;

3) қарз суммасини ва ҳисобланган фоизларни тўлаш тартиби ҳамда муддатлари.


(16-қ.) Тегишли ҳолларда солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда гаров предмети бўлган мол-мулк тўғрисидаги ҳужжатлар, кафиллик хати ёки банк кафолати кўрсатилиши керак.


(17-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор ушбу қарорда белгиланган кундан эътиборан кучга киради. Бунда солиқни тўлаш учун белгиланган кундан эътиборан ушбу қарор кучга кирадиган кунга қадар бўлган бутун вақт учун тегишли пенялар, агар тўловнинг кўрсатилган муддати ушбу қарор кучга кирадиган кундан олдин бўлса, қарз суммасига киритилади.


(18-қ.) Агар солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш мол-мулк гарови эвазига бериладиган бўлса, уни бериш тўғрисидаги қарор фақат ушбу Кодекснинг 107-моддасида назарда тутилган тартибда мол-мулк гарови тўғрисидаги шартнома тузилгандан кейингина кучга киради.


(19-қ.) Солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор асослантирилган бўлиши керак. Агар солиқ тўловчи томонидан юборилган хабарнома ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-2-бандида назарда тутилган асосларга мувофиқ бўлмаса, солиқ органи уч кундан кечиктирмай солиқ тўловчига солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисида хабарнома юборади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(20-қ.) Солиқларни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини беришни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан манфаатдор шахс қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(21-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарорнинг кўчирма нусхаси ваколатли орган томонидан мазкур қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кунлик муддатда ушбу шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади.



102-модда. Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш

ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал

қилишини тугатиш


(1-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши тегишли қарорнинг амал қилиш муддати ўтганидан кейин тугатилади ёхуд ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда бу муддат келишидан олдин тугатилиши мумкин.


(2-қ.) Солиқнинг тўлиқ суммаси ва тегишли фоизларнинг суммаси белгиланган муддат ўтгунга қадар тўланган тақдирда солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши муддатидан олдин тугатилади.


(3-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш шартлари манфаатдор шахс томонидан бузилган тақдирда, унинг амал қилиши солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш муддатини тегишли ўзгартириш тўғрисида қарор қабул қилган ваколатли органнинг қарори билан муддатидан олдин тугатилиши мумкин. Ер участкалар, бинолар ва иншоотлар солиқ тўловларини тўлашни кечиктириш муддати даврида реализация қилинган ёки ижарага берилган тақдирда, ушбу Кодекс 100-моддаси иккинчи қисмининг 3-2-бандида назарда тутилган асосларга кўра кечиктириш суммаси бир ой ичида тўлиқ миқдорда ундирилади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилиши муддатидан олдин тугатилганда манфаатдор шахс тегишли қарорни олганидан кейин бир ой ичида солиқ қарзининг тўланмаган суммасини, шунингдек солиқни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилишини тугатиш тўғрисидаги қарор қабул қилинган кундан кейинги кундан бошлаб ушбу сумма тўланган кунгача бўлган ҳар бир календарь кун учун пеня тўлаши керак. Бунда солиқ қарзининг қопланмасдан қолган суммаси кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тўғрисидаги қарорда кўрсатилган солиқ қарзи суммаси тўлашни кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) амал қилган даврда кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳақидаги қарорга мувофиқ ҳисобланган фоизлар суммасига оширилган сумма билан ҳақиқатда тўланган суммалар ҳамда фоизлар ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади.


(5-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор бекор қилингани тўғрисидаги хабарнома ушбу қарорни қабул қилган ваколатли орган томонидан қарор қабул қилинган кундан эътиборан беш кун ичида ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда манфаатдор шахсга юборилади. Бундай қарорнинг кўчирма нусхаси айни шу муддатда манфаатдор шахс ҳисобда турган жойдаги солиқ органига юборилади.


(6-қ.) Ваколатли органнинг солиқни тўлаш бўйича кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлашнинг амал қилишини муддатидан илгари тугатиш тўғрисидаги қарори устидан манфаатдор шахс қонунчиликда белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Ушбу бобда назарда тутилган ва манфаатдор шахс томонидан тўланиши лозим бўлган фоизлар уларни тўлаш муддати бузилган тақдирда ҳамда уларни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати ўтганидан кейин ушбу Кодекснинг 15-бобида назарда тутилган тартибда ва муддатларда ундирилади.



12-БОБ. ОРТИҚЧА ТЎЛАНГАН ВА ОРТИҚЧА

УНДИРИЛГАН СОЛИҚЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ҲАМДА ҚАЙТАРИШ


103-модда. Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган солиқларни

ҳисобга олиш ҳамда қайтариш тўғрисидаги умумий қоидалар

104-модда. Ортиқча тўланган солиқни ҳисобга

олиш ёки қайтариш тартиби

105-модда. Ортиқча ундирилган солиқни ҳисобга

олиш  ёки қайтариш тартиби



103-модда. Ортиқча тўланган ва ортиқча ундирилган

солиқларни ҳисобга олиш ҳамда қайтариш

тўғрисидаги умумий қоидалар


(1-қ.) Солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган ёки ундан ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчининг қарзи бўлмаган тақдирда шу солиқ тўловчига қайтарилиши ёхуд ушбу солиқ бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиниши лозим.


(2-қ.) Солиқ тўловчида солиқ қарзи мавжуд бўлган тақдирда, ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқ суммаси ушбу қарзни узиш ҳисобига қуйидаги кетма-кетликда ҳисобга олиниши лозим:

1) мазкур солиқ турининг пеняси бўйича қарз ҳисобига;

2) бошқа солиқлар ва уларнинг пенялари бўйича қарзни узиш ҳисобига;

3) солиққа оид ҳуқуқбузарликлар учун жарималарни тўлаш ҳисобига.


(3-қ.) Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчининг аризасига кўра солиқ тўловчига тўлиқ ёки қисман қайтарилиши мумкин.


(4-қ.) Ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмига мувофиқ ва учинчи қисмини ҳисобга олган ҳолда қайтарилиши лозим бўлган суммани солиқ тўловчига қайтариш ушбу Кодекснинг 104 ва 105-моддаларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқларнинг ортиқча тўлангани эҳтимолидан далолат берувчи фактлар аниқланган тақдирда, солиқ органининг ёки солиқ тўловчининг таклифига кўра солиқлар, пенялар ва жарималар бўйича ҳисоб-китобларни биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилиши мумкин.


(6-қ.) Солиқнинг ортиқча тўланган суммаларини ҳамда ҳисобланган фоизларини ҳисобга олиш ёки қайтариш миллий валютада амалга оширилади.


(7-қ.) Ушбу бобда белгиланган қоидалар ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган бўнак ва жорий тўловлар, йиғимлар, пенялар ва жарималарнинг суммаларини ҳисобга олишга ёки қайтаришга нисбатан ҳам қўлланилади ҳамда солиқ агентлари ва йиғимларни тўловчиларга нисбатан ҳам татбиқ этилади.


(8-қ.) Ушбу бобда белгиланган қоидалар ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган йиғимлар, пенялар ва жарималар суммаларини бошқа ваколатли органлар томонидан ҳисобга олишга ёки қайтаришга нисбатан ҳам қўлланилади.


(9-қ.) Ушбу бобда белгиланган қоидалар солиқ органининг қарорига кўра ўрни қопланиши лозим бўлган қўшилган қиймат солиғи суммасини ҳисобга олишга ёки қайтаришга нисбатан ҳам қўлланилади.


(10-қ.) Ушбу бобда белгиланган қоидалар нотўғри тўланган солиқ суммасини, шунингдек пенялар ва жарималарни ҳисобга олишга ёки қайтаришга нисбатан ҳам қўлланилади.



104-модда. Ортиқча тўланган солиқни

ҳисобга олиш ёки қайтариш тартиби


(1-қ.) Солиқ бўйича қарзини қоплаш ҳисобига солиқ тўловчи томонидан ортиқча тўланган суммани ушбу Кодекснинг 103-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.


(2-қ.) Ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқнинг ортиқча тўланганлиги факти аниқлаган кундан эътиборан ёки агар солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан у тўлаган солиқларни биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилган бўлса, бундай биргаликдаги солиштириш далолатномаси солиқ органи ва солиқ тўловчи томонидан имзоланган кундан эътиборан ёхуд суднинг тегишли қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.


(3-қ.) Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган қоида солиқ тўловчига ўзи ортиқча тўлаган солиқ суммасини унинг солиқ қарзини қоплаш ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисида солиқ органига ёзма ариза тақдим этишига тўсқинлик қилмайди. Бундай ариза мавжуд бўлган тақдирда солиқ органининг ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ қарзини узиш ҳисобига ҳисобга олиш тўғрисидаги қарори солиқ тўловчининг аризаси олинган кундан эътиборан ёки, агар биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчи билан у тўлаган солиқларни биргаликда ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан ўн кун ичида қабул қилинади.


(4-қ.) Ортиқча тўланган солиқ суммаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 103-моддаси қоидалари инобатга олинган ҳолда, унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан олинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) уч кун ичида қайтарилиши лозим (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно). (ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(5-қ.) Ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисидаги ариза, агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, кўрсатилган сумма тўланган кундан эътиборан уч йил ичида берилиши мумкин. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(6-қ.) Ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтариш тўғрисидаги қарор солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг тегишли аризаси олинган кундан эътиборан ёки, агар биргаликда ўзаро солиштириш ўтказилган бўлса, солиқ органи солиқ тўловчи билан у тўлаган солиқларнинг биргаликдаги ўзаро солиштириш далолатномасини имзолаган кундан эътиборан ўн кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига нисбатан эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) икки кун ичида қабул қилинади (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно). (ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(7-қ.) Ушбу модданинг саккизинчи қисмида кўрсатилган муддат ўтгунга қадар солиқ органининг тегишли суммани қайтариш тўғрисидаги қарори асосида расмийлаштирилган ортиқча тўланган солиқ суммасини қайтаришга доир топшириқнома солиқ органи томонидан бюджет тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ тўловчига қайтариб беришни амалга ошириш учун ғазначиликка юборилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Солиқ органи ортиқча тўланган солиқ суммасини ҳисобга олишни ёки қайтаришни рад этиш тўғрисидаги қабул қилинган қарор ҳақида солиқ тўловчига бундай қарор қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида хабар қилиши шарт. Агар ортиқча тўланган солиқ суммасини солиқ тўловчига қайтариш ушбу модданинг тўртинчи қисмида белгиланган муддат бузилган ҳолда амалга оширилса, белгиланган муддатда қайтарилмаган сумма учун солиқ тўловчига қайтариш муддати бузилган ҳар бир календарь кун учун фоизлар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси қайтариш муддати бузилган кунларда амал қилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.


(9-қ.) Янглишиб тўланган солиқ суммалари, шунингдек пенялар ва (ёки) жарималар солиқ тўловчига унинг ёхуд банкнинг ёки Ўзбекистон Республикаси Ғазначилигининг ёзма мурожаати асосида, агар хатолик улар томонидан йўл қўйилган бўлса, қайтарилади.


(10-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғининг ортиқча тўланган суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига ушбу моддада белгиланган тартибда ҳисобга олиниши (қайтарилиши) лозим.


(11-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини ташкил этиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тугаган тақдирда, солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча тўланган фойда солиғининг ушбу консолидациялашган гуруҳ бўйича мавжуд бўлган солиқ қарзи ҳисобига ҳисобга олинмайдиган ва (ёки) ҳисобга олинмаган суммалари шу солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахсга унинг ёзма аризасига биноан ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.



105-модда. Ортиқча ундирилган солиқни

ҳисобга олиш ёки қайтариш тартиби


(1-қ.) Ортиқча ундирилган солиқ суммаларини ҳисобга олиш ёки қайтариш тўғрисида солиқ органига ариза солиқ тўловчи томонидан ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суд қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан уч йил ичида берилиши мумкин. (ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Ортиқча ундирилган солиқ суммаси солиқ тўловчига ушбу Кодекснинг 103-моддаси қоидалари инобатга олинган ҳолда, унинг ёзма аризасига кўра, бундай ариза солиқ органи томонидан қабул қилинган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, Тадбиркорлик субъектларининг юқори барқарорлик рейтингига эга бўлган тадбиркорлик субъектларига эса (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) унга ҳисобланган фоизлар билан бирга уч кун ичида (бундан қўшилган қиймат солиғи мустасно) қайтарилиши лозим. (ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(3-қ.) Ортиқча ундирилган солиқ суммасига фоизлар солиқ тўловчи ундан солиқ ортиқча ундирилгани факти ўзига маълум бўлган кундан ёки суднинг қарори қонуний кучга кирган кундан эътиборан ўттиз кун ичида мурожаат этган тақдирда ҳисобланади. Фоизлар ундирилган кундан кейинги кундан эътиборан ҳақиқий ҳисобга олинган (қайтарилган) кунга қадар ҳисобланади. Ҳисобланган фоизлар тегишли бюджет маблағлари ҳисобидан тўланади. Фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу кунлардаги амал қилаётган қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.


(4-қ.) Агар солиқ ортиқча ундирилгани факти аниқланган бўлса, солиқ органи ортиқча ундирилган солиқ суммасини, шунингдек ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган тартибда ортиқча ундирилган суммага ҳисобланган фоизларни ҳисобга олиш ва (ёки) қайтариш тўғрисида қарор қабул қилади.


(5-қ.) Ортиқча ундирилган солиқ суммасини солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш ҳисобига ёки ўша солиқ тури бўйича ёхуд ушбу Кодекснинг 103-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган бошқа солиқлар бўйича келгуси тўловлар ҳисобига ҳисобга олиш солиқ органлари томонидан ушбу Кодекснинг 104-моддаси биринчи - бешинчи қисмларида ортиқча тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиш учун белгиланган тартибда амалга оширилади.


(6-қ.) Ортиқча ундирилган солиқни қайтариш тартиби ушбу Кодекснинг 104-моддасида ортиқча тўланган солиқ суммаларини қайтариш учун белгиланган тартибга айнан ўхшашдир.


(7-қ.) Жами йиллик даромад тўғрисидаги декларация асосида аниқланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ортиқча тўланган (ушлаб қолинган) суммаси солиқ тўловчи бўлган жисмоний шахсга, унинг солиқ ҳисобида турган жойидан қатъи назар, унинг солиқ органига тақдим этган аризаси асосида қайтарилади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ еттинчи ва саккизинчи қисмлари саккизинчи ва тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин


(8-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича ортиқча ундирилган фойда солиғи суммалари шу консолидациялашган гуруҳнинг масъул иштирокчисига ушбу моддада белгиланган тартибда ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.


(9-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартноманинг амал қилиши тугатилган тақдирда ушбу консолидациялашган гуруҳ бўйича мавжуд бўлган солиқ қарзи ҳисобига ҳисобга олиниши лозим бўлмаган ва (ёки) ҳисобга олинмаган солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғининг ортиқча ундирилган суммалари солиқ тўловчилар ушбу консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси бўлган юридик шахсга унинг ёзма аризаси асосида ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши лозим.



13-БОБ. СОЛИҚ МАЖБУРИЯТИНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


106-модда. Солиқ мажбуриятининг

бажарилишини таъминлаш усуллари

107-модда. Мол-мулк гарови

108-модда. Кафиллик

109-модда. Банк кафолати

110-модда. Пеня

111-модда. Банклардаги ҳисобварақлар

бўйича операцияларни тўхтатиб туриш

112-модда. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг

банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни

тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тартиби

113-модда. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни

тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларнинг банклар

томонидан бажарилиши тартиби

114-модда. Мол-мулкни хатлаш



106-модда. Солиқ мажбуриятининг бажарилишини

таъминлаш усуллари


(1-қ.) Солиқ мажбуриятининг бажарилиши мол-мулк гарови, кафиллик, банк кафолати, пенялар, банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларнинг тўхтатилиши ва солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш билан таъминланиши мумкин.


(2-қ.) Солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятини бажариш бўйича таъминлаш чораси сифатида мол-мулкни хатлаш унинг аризасига кўра:

1) қимматли қоғозлар уюшган бозорида муомалада бўлган қимматли қоғозларнинг гарови ёки ушбу Кодекснинг 107-моддасида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилган бошқа мол-мулк гарови билан;

2) ушбу Кодекснинг 108-моддасида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилган учинчи шахснинг кафиллиги билан алмаштирилиши мумкин;

3) ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилган банк кафолати билан.


(3-қ.) Ушбу Кодекснинг 109-моддасида назарда тутилган тартибда расмийлаштирилган амалдаги банк кафолати берилган тақдирда, солиқ органи солиқ тўловчига ушбу бандда назарда тутилган таъминлаш чораларини алмаштиришни рад этишга ҳақли эмас.


(4-қ.) Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш усуллари, уларни қўллаш тартиби ва шартлари ушбу бобда белгиланади.


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқлар бўйича божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ва шартларда солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлашнинг бошқа чоралари ҳам қўлланилиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



107-модда. Мол-мулк гарови


(1-қ.) Ушбу Кодексда назарда тутилган ҳолларда солиқларни тўлаш мажбурияти мол-мулк гарови билан таъминланиши мумкин.


(2-қ.) Мол-мулк гарови солиқ органи ва гаровга қўювчи ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади. Солиқ тўловчининг ўзи ёки учинчи шахс гаровга қўювчи бўлиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ тўловчи тегишли солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда, солиқ органи ушбу мажбуриятнинг гаровга қўйилган мол-мулк қиймати ҳисобидан бажарилишини фуқаролик тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Фуқаролик қонунчилигига мувофиқ ўзига нисбатан гаров белгиланиши мумкин бўлган мол-мулк, агар ушбу моддада бошқача қоида белгиланмаган бўлса, гаров предмети бўлиши мумкин. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Бошқа шартнома бўйича гаров предмети солиқ органи ва гаровга қўювчи ўртасидаги шартнома бўйича гаров предмети бўлиши мумкин эмас.


(6-қ.) Гаров чоғида мол-мулк гаровга қўювчида қолиши ёхуд гаровга қўювчининг маблағлари ҳисобига солиқ органига (гаровга олувчига), гаровга қўйилган мол-мулкнинг бут сақланишини таъминлаш мажбурияти унга юкланган ҳолда, топширилиши мумкин.


(7-қ.) Гаровга қўйилган мол-мулкка нисбатан бирон-бир битимни, шу жумладан солиқ қарзи суммаларини узиш мақсадида битимларни тузиш фақат гаровга олувчи билан келишилган ҳолда амалга оширилиши мумкин.


(8-қ.) Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш усули сифатида гаров белгилашда юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар солиқ тўғрисидаги қонунчиликда бошқача қоида белгиланмаган бўлса, фуқаролик қонунчиликнинг қоидалари қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



108-модда. Кафиллик


(1-қ.) Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари ўзгарган тақдирда ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда солиқларни тўлаш мажбурияти кафиллик билан таъминланиши мумкин.


(2-қ.) Кафиллик туфайли кафил, агар солиқ тўловчи тегишли солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини олади.


(3-қ.) Кафиллик фуқаролик тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқ органи ва кафил ўртасидаги шартнома билан расмийлаштирилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчи кафиллик билан таъминланган солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини бажармаган тақдирда, кафил ва солиқ тўловчи солидар жавобгар бўладилар.


(5-қ.) Тўланиши бўйича мажбурият кафиллик билан таъминланган солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ органи солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати тугаган кундан эътиборан беш кун ичида кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисида кафилга талабнома юборади.


(6-қ.) Агар кафил кафиллик шартномаси бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани белгиланган муддатда бажармаса, солиқ органи ушбу Кодекснинг 15-бобида назарда тутилган тартибда ва муддатларда ушбу кафилдан тўлаш мажбурияти унинг кафиллиги билан таъминланган суммаларни мажбурий равишда ундириш чораларини қўллайди.


(7-қ.) Кафил шартномага мувофиқ ўз зиммасига олган мажбуриятларини бажаргач, кафил томонидан тўланган суммаларни, шунингдек шу суммалар бўйича фоизларни ҳамда солиқ тўловчининг мажбуриятлари бажарилиши муносабати билан кўрилган зарарларнинг ўрни қопланишини солиқ тўловчидан талаб қилиш ҳуқуқи унга ўтади.


(8-қ.) Юридик ёки жисмоний шахс кафил бўлиши мумкин.


(9-қ.) Солиқни тўлаш бўйича битта мажбуриятга нисбатан бир вақтнинг ўзида бир нечта кафилнинг иштирок этишига йўл қўйилади.


(10-қ.) Солиқ мажбуриятининг бажарилишини таъминлаш бўйича чора сифатида кафиллик белгиланишида юзага келадиган ҳуқуқий муносабатларга нисбатан, агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, фуқаролик қонун ҳужжатларининг қоидалари қўлланилади.


(11-қ.) Ушбу модданинг қоидалари йиғимларни тўлашдаги кафилликка нисбатан ҳам қўлланилади.



109-модда. Банк кафолати


(1-қ.) Солиқ мажбуриятини бажариш муддатлари ўзгарган тақдирда ва ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда солиқни тўлаш мажбурияти банк кафолати билан таъминланиши мумкин.


(2-қ.) Агар солиқ тўловчи тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларини ва тегишли пеняларни белгиланган муддатда тўламаса, банк кафолати туфайли банк (кафолат берувчи) солиқ органлари олдида солиқ тўловчининг солиқни тўлаш бўйича мажбуриятини тўлиқ ҳажмда бажариш мажбуриятини ўз зиммасига олади.


(3-қ.) Банк кафолати қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

1) кафолат қайтариб олинмайдиган ва бошқа шахсга ўтказилмайдиган бўлиши керак;

2) кафолатда солиқ органи томонидан кафолат берувчига ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишга доир кўрсатма бўлиши мумкин эмас;

3) амал қилиш муддати, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчи томонидан банк кафолати билан таъминланган солиқ тўлаш мажбуриятини бажаришнинг белгиланган муддати ўтадиган кундан эътиборан камида олти ойдан кейин тугаши керак;

4) қайси суммага берилган бўлса, ўша сумма кафолат берувчи томонидан солиқ тўловчининг солиқни ва тегишли пеняларни тўлаш бўйича мажбурияти, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, тўлиқ ҳажмда бажарилишини таъминлаши керак;

5) кафолат берувчи томонидан ушбу банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабнома белгиланган муддатда бажарилмаган тақдирда, солиқ органи томонидан тўлаш мажбурияти банк кафолати билан таъминланган суммаларни кафолат берувчидан ундириш чоралари қўлланилишини назарда тутиши керак.


(4-қ.) Кафолат берувчидан ундириш, агар солиқ органининг мазкур талабномаси кафолат берувчига банк кафолатининг амал қилиш муддати тугагунга қадар юборилган бўлса, ушбу Кодекснинг 121 ва 123-моддаларида назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқ тўловчи томонидан солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилиши банк кафолати билан таъминланган солиқ белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ органи солиқни тўлаш тўғрисидаги талабномани бажариш муддати тугаган кундан эътиборан беш кун ичида кафолат берувчига банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш ҳақида талабнома юборади.


(6-қ.) Банк кафолати бўйича мажбурият кафолат берувчи томонидан у банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисида талабнома олган кундан эътиборан беш кун ичида бажарилиши лозим.


(7-қ.) Кафолат берувчи солиқ органига банк кафолати бўйича пул суммасини тўлаш тўғрисидаги талабномани қаноатлантиришни рад этишга ҳақли эмас (бундан банк кафолати берилган муддат тугаганидан кейин кафолат берувчига талабнома тақдим этилган ҳоллар мустасно).


(8-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар пенялар ва жарималарни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминловчи банк кафолатларига нисбатан ҳам қўлланилади.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан белгиланадиган тартибда ва шартларда Ўзбекистон Республикасининг юридик шахси ёки чет эл юридик шахси томонидан солиқни тўлаш мажбурияти халқаро рейтинг агентликларининг юқори рейтингига эга бўлган чет эл банкининг банк кафолати билан таъминланиши мумкин. Чет эл банкининг бундай кафолати ушбу модда учинчи қисмининг 1-4-бандларида назарда тутилган талабларга мос бўлиши керак.



110-модда. Пеня


(1-қ.) Солиқ тўловчи солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган солиқларни тўлаш муддатини бузган тақдирда тўлаши лозим бўлган пул суммаси пенядир. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Тегишли пеняларнинг суммаси тўланиши лозим бўлган солиқ суммаларидан ташқари ва солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлашга доир бошқа чоралар, шунингдек солиқ тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик чоралари қўлланилишидан қатъи назар тўланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(3-қ.) Пенялар, агар ушбу Кодексда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган солиқни тўлаш кунидан кейинги кундан бошлаб солиқни тўлаш бўйича мажбуриятни бажариш кечиктирилган ҳар бир календарь кун учун ҳисобланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(4-қ.) Солиқни тўлаш бўйича кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) имкониятини бериш тўғрисида ариза берилганлиги тўланиши лозим бўлган солиқ суммасига пенялар ҳисобланишини тўхтатиб турмайди.


(5-қ.) Солиқ тўловчи, унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларнинг тўхтатилиши ёки пул маблағларига тақиқ қўйилиши шаклидаги солиқ органининг ундириш тўғрисида таъминот чоралари ҳақидаги қарори қабул қилинганлиги сабабли тўлай олмаган солиқ қарзига пеня ҳисобланмайди. Бундай ҳолда пенялар кўрсатиб ўтилган ҳолатларнинг бутун амал қилиш даври учун ҳисобланмайди.


(6-қ.) Солиқни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби ҳақида ёки солиқ тўғрисидаги қонунчиликни қўллашга доир бошқа масалалар бўйича молия ёки солиқ органи (унинг мансабдор шахси) томонидан ўз ваколатлари доирасида солиқ тўловчига ёки номуайян доирадаги шахсларга берилган ёзма тушунтиришларни бажариши натижасида солиқ тўловчида ҳосил бўлган солиқ бўйича қарз суммасига пеня ҳисобланмайди. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Пенялар солиқ мониторингини ўтказиш жараёнида солиқ органининг солиқ тўловчига юборилган асосли фикрини бажариши натижасида солиқ тўловчида ҳосил бўлган солиқ бўйича қарз суммасига ҳам ҳисобланмайди.


(8-қ.) Ушбу модданинг олтинчи ва еттинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар, шу органнинг моҳияти ва мазмунига кўра солиқ қарзи ҳосил бўлган солиқ (ҳисобот) даврларига тааллуқли тегишли ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда, шундай ҳужжат қабул қилинган санадан қатъи назар, аниқланади.


(9-қ.) Ушбу модданинг олтинчи ва еттинчи қисмлари қоидалари, агар солиқ органининг мазкур ёзма тушунтиришлари ёки асослантирилган фикри солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган тўлиқ бўлмаган ёки нотўғри ахборотга асосланган бўлса, қўлланилмайди.


(10-қ.) Ҳар бир кечиктирилган кун учун пенялар солиқнинг тўланмаган суммасидан келиб чиқиб фоизларда белгиланади.


(11-қ.) Пенянинг фоиз ставкаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг шу даврда амалда бўлган қайта молиялаш ставкасининг уч юздан бирига тенг этиб қабул қилинади.


(12-қ.) Пенялар тегишли солиқ тўланадиган бюджетга (давлат мақсадли жамғармасига) тўланади.


(13-қ.) Пенялар солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, шунингдек солиқ тўловчининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ушбу Кодекснинг 15-бобида назарда тутилган тартибда мажбурий равишда ундирилиши мумкин.


(14-қ.) Юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан пеняни мажбурий равишда ундириш ушбу Кодекснинг 121-124-моддаларида назарда тутилган тартибда, бошқа жисмоний шахслардан эса - ушбу Кодекснинг 125-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


(15-қ.) Ушбу Кодекснинг 120-моддаси еттинчи - саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда юридик шахслардан ва якка тартибдаги тадбиркорлардан пеняни мажбурий равишда ундириш суд тартибида амалга оширилади.


(16-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар солиқ агентларига ҳам татбиқ этилади.



111-модда. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича

операцияларни тўхтатиб туриш


(1-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан ўн кундан кўп бўлмаган муддатга қабул қилиниши мумкин. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни ўн кундан кўп муддатга тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор солиқ органининг илтимосномасига асосан суд томонидан қабул қилиниши мумкин. Бунда солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банк ҳисобварақлари бўйича операциялари суд томонидан қарор қабул қилингунга қадар тўхтатиб турилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида қарор электрон шаклда солиқ органи томонидан банкка юборилади. Бир вақтнинг ўзида солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг шахсий кабинетига унинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар тўхтатиб турилиши тўғрисида хабарнома бунинг сабабларини кўрсатган ҳолда юборилади.


(3-қ.) Юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш солиқ органи томонидан мазкур солиқ тўловчиларнинг (солиқ агентларининг) солиқ мажбуриятлари бажарилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳолларда қўлланилиши мумкин:

1) ушбу солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органига молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати тугаганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилмаганда;

2) солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан солиқ органининг камерал солиқ текшируви натижалари бўйича талабномасига тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар белгиланган муддатда тақдим этилмаганда, шунингдек солиқ тўловчи томонидан солиқ органи талаб қилган ҳужжатлар тақдим этилмаганда;

3) солиқ текширувини ўтказаётган солиқ органларининг мансабдор шахсларини кўрсатилган ҳудудга ёки бинога (бундан турар жойлар мустасно) киришига тўсқинлик қилишда. Солиқ органи мансабдор шахсининг киришига тўсқинлик қилиниши унинг ўзи ва текширилаётган шахс томонидан имзоланадиган далолатнома билан расмийлаштирилади. Бундай далолатнома асосида солиқ органи банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туради;

4) солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ўзи кўрсатган манзилда йўқлигида.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши банклар томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) барча ҳисобварақлари бўйича барча чиқим операциялари тўхтатиб турилишини англатади.


(5-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси томонидан солиқ ҳисоботи бундай ҳисоботни тақдим этишнинг белгиланган муддати ўтгач ўн кун ичида тақдим этилмаган тақдирда, банкдаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор масъул иштирокчининг ёки ушбу консолидациялашган гуруҳ барча иштирокчиларининг операцияларига нисбатан солиқ органи раҳбари (унинг ўринбосари) томонидан қабул қилиниши мумкин.


(6-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақ бўйича операцияларнинг тўхтатиб турилиши фуқаролик қонунчилигига мувофиқ биринчи навбатда кўрсатилган тўловларга, шунингдек қонунчиликка мувофиқ ундирувга йўл қўйилмайдиган банклардаги ҳисобварақларга татбиқ этилмайди. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



112-модда. Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги

ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб

туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш тартиби


(1-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қуйидагилар асосида қарор қабул қилинган тақдирда бекор қилинади:

1) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 1-банди асосида - солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан молиявий ва (ёки) солиқ ҳисоботи тақдим этилган кундан кейин бир кундан кечиртирмасдан;

2) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 2-банди асосида - солиқ органининг талабига жавобан ҳужжатлар, тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар тақдим этилган куни;

3) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 3-банди асосида - солиқ органининг текширув ўтказаётган мансабдор шахсларига кириш ҳуқуқи берилган кундан кейин бир кундан кечиктирмай;

4) ушбу Кодекснинг 111-моддаси учинчи қисми 4-банди асосида - солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) у маълум қилган манзилида йўқлигининг асослилиги солиқ органи томонидан эътироф этилган кундан кейин бир кундан кечиктирмай. Бундай эътироф учун солиқ тўловчининг вакили солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органига зарур тушунтиришларни шахсан тақдим этиши шарт.


(2-қ.) Солиқ тўловчи (солиқ агенти) бошқа солиқ органида ҳисобга қўйилганда, агар ҳисобда туриш жойи ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотлар олдинги ҳисобда туриш жойидаги солиқ органига маълум бўлмаса, шунингдек техник хатолар юз берганда ва бошқа шу каби ҳолларда солиқ тўловчининг ҳисобга олинган жойда йўқлиги асосли деб эътироф этилиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) унинг филиали ёки алоҳида бўлинмаси ҳисобда турган жойда ёхуд солиқ солиш объекти ҳисобланган мулки жойлашган ерда йўқлиги, хусусан филиал ёки алоҳида бўлинма тугатилган ёки кўрсатилган мулк реализация қилинган тақдирда асосли деб эътироф этилиши мумкин.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарор банкка электрон шаклда бундай қарор қабул қилинган кундан кейинги кундан кечиктирмай юборилади.


(5-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш ва тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги солиқ органининг қарорларини банкка электрон шаклда юбориш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(6-қ.) Солиқ органи томонидан солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш муддати ёки бундай қарорни банкка юбориш муддати бузилган тақдирда тўхтатиб туриш режими амал қилган пул маблағлари суммасига фоизлар ҳисобланади, бу фоизлар солиқ органи томонидан солиқ тўловчига (солиқ агентига) муддат бузилган ҳар бир календарь кун учун тўланиши лозим.


(7-қ.) Агар солиқ органи солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида ноқонуний қарор чиқарган бўлса, тўхтатиб туриш режими амал қилган пул маблағлари суммасига нисбатан банк солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни олган кундан эътиборан то уни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни олгунга қадар ҳар бир календарь кун учун ушбу солиқ тўловчига тўланиши лозим бўлган фоизлар ҳисобланади.


(8-қ.) Ушбу модданинг олтинчи ва еттинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда, фоиз ставкаси солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операциялар ноқонуний тўхтатиб турилган, солиқ органи солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорни бекор қилиш ёки солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарорни банкка юбориш муддатини бузган кунларда амал қилган Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қайта молиялаштириш ставкасига тенг этиб қабул қилинади.



113-модда. Банклардаги ҳисобварақлар бўйича операцияларни

тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарорларнинг

банклар томонидан бажарилиши тартиби


(1-қ.) Солиқ органининг солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори банк томонидан сўзсиз бажарилиши лозим.


(2-қ.) Солиқ органининг қарорига кўра ҳисобварақлар бўйича операциялар тўхтатиб турилиши оқибатида солиқ тўловчи (солиқ агенти) кўрган зарар учун банк жавобгар бўлмайди.


(3-қ.) Агар ушбу Кодекснинг 111-моддаси биринчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш банк солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органининг қарорини олган кундан эътиборан, то солиқ органининг ушбу тўхтатиб туришни бекор қилиш тўғрисидаги қарори олинадиган кунга қадар амал қилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор банкка электрон шаклда юборилганда банк ушбу қарорни олган сана ва вақт Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тартибда белгиланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(5-қ.) Агар солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) номи ва (ёки) унинг солиқ органининг ушбу қарорига мувофиқ операциялар тўхтатиб турилган банкдаги ҳисобварағи реквизитлари ўзгарса, мазкур қарор банк томонидан ўз номини ўзгартирган солиқ тўловчига (солиқ агентига) ва реквизитлари ўзгартирилган ҳисобвараққа нисбатан ижро этилиши шарт.


(6-қ.) Солиқ тўловчининг (солиқ агентининг) банкдаги ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш тўғрисида солиқ органи ёки суднинг қарорини олганидан кейин банклар ушбу солиқ тўловчига (солиқ агентига) янги ҳисобварақлар, омонатлар ва депозитлар очишга ҳақли эмас, бундан қонунчиликка мувофиқ ундирув йўл қўйилмайдиган ҳисобварақлар мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



114-модда. Мол-мулкни хатлаш


(1-қ.) Солиқ органининг солиқ тўловчи бўлган юридик шахснинг мол-мулкига нисбатан мулк ҳуқуқини чеклашга доир ҳаракати солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги қарорнинг бажарилишини таъминлаш усули сифатида мол-мулкни хатлашдир.


(2-қ.) Солиқ қарзи бўйича солиқ тўловчиларнинг мол-мулкини хатлаш суд қарорига кўра амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзи тан олинган тақдирда, солиқ органи қарори асосида солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича мол-мулкига тақиқ қўйиши мумкин.


(3-қ.) Солиқ тўловчининг солиқ қарзи бўйича унинг мол-мулкини хатлаш солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юборилган кундан бошлаб ўн беш календарь кун ичида у томонидан тўлиқ бажарилмаган тақдирда амалга оширилади.


(4-қ.) Мол-мулкни хатлаш тўлиқ ёки қисман бўлиши мумкин.


(5-қ.) Мол-мулкни тўлиқ хатлаш солиқ тўловчининг ўз мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини шундай чеклашки, бунда у хатланган мол-мулкни тасарруф этишга ҳақли эмас, ушбу мол-мулкка эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш эса солиқ органининг рухсати билан ҳамда унинг назорати остида амалга оширилади.


(6-қ.) Мол-мулкни қисман хатлаш солиқ тўловчининг ўз мол-мулкига нисбатан ҳуқуқларини шундай чеклашки, бунда ушбу мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш солиқ органининг рухсати билан ва унинг назорати остида амалга оширилади.


(7-қ.) Мол-мулкни хатлаш солиқ тўловчининг банкдаги ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаган ёки йўқ бўлган тақдирда фақат солиқни (пеняни, жаримани) тўлаш мажбурияти унинг ана шу мол-мулки ҳисобидан бажарилишини таъминлаш учун қўлланилиши мумкин.


(8-қ.) Мол-мулкни хатлаш ушбу Кодекснинг 117-моддасига мувофиқ солиқ органи томонидан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига юборилгандан сўнг қўлланилиши мумкин.


(9-қ.) Солиқ тўловчининг барча мол-мулки хатлаб қўйилиши мумкин.


(10-қ.) Фақат солиқ қарзини узиш учун зарур ва етарли бўлган мол-мулк хатлаб қўйилиши лозим.


(11-қ.) Ўзбекистон Республикасида доимий муассаса орқали фаолиятни амалга оширмайдиган чет эл юридик шахсининг кўчмас мулки объекти, мазкур кўчмас мулки объектининг қиймати ундириладиган солиқ қарзи суммасидан ортиқ бўлганда, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ушбу чет эл шахсининг ундирув қаратилиши мумкин бўлган бошқа мол-мулки бўлмаган тақдирда хатлаб қўйилади.


(12-қ.) Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш тўғрисидаги қарор солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) томонидан тегишли қарор шаклида қабул қилинади.


(13-қ.) Солиқ тўловчининг мол-мулкини хатлаш видеотасвирга олинган ҳолда, бундай имконият мавжуд бўлмаганда эса - холислар иштирокида амалга оширилади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(14-қ.) Мол-мулкни хатлашни амалга оширувчи орган мол-мулкни хатлаш чоғида солиқ тўловчининг (унинг қонуний ва (ёки) ваколатли вакилининг) иштирок этишини рад қилишга ҳақли эмас.


(15-қ.) Хатлашни амалга оширишда холислар, мутахассислар сифатида иштирок этувчи шахсларга, шунингдек солиқ тўловчига (унинг вакилига) уларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари тушунтирилади.


(16-қ.) Мол-мулкни хатлаш олдидан хатлашни амалга оширувчи мансабдор шахслар солиқ тўловчига (унинг вакилига) хатлаб қўйиш тўғрисидаги қарорни ва ўзларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатларни кўрсатиши шарт.


(17-қ.) Хатлашни амалга оширишда мол-мулкни хатлаш тўғрисида баённома тузилади.


(18-қ.) Мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги баённомада ёки унга илова қилинадиган рўйхатда хатланиши лозим бўлган мол-мулк санаб ўтилади ва тавсифланади, ашёларнинг номи, миқдори ва хусусий аломатлари, имкони бўлганда уларнинг қиймати кўрсатилади.


(19-қ.) Хатланиши лозим бўлган барча ашёлар холисларга ва солиқ тўловчига (унинг вакилига) кўрсатилади.


(20-қ.) Мол-мулкни хатлаб қўйиш тўғрисида қарор чиқарган солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) хатлаб қўйилган мол-мулк туриши лозим бўлган жойни белгилайди.


(21-қ.) Хатлаб қўйилган мол-мулкни бошқа шахсга беришга (бундан хатлашни қўллаган солиқ органининг назорати остида ёки рухсати билан амалга оширилиши мустасно), растрата қилишга ёки яширишга йўл қўйилмайди.


(22-қ.) Мол-мулкни хатлаб қўйиш тўғрисида ўзига нисбатан қарор қабул қилинган солиқ тўловчининг илтимосига кўра, солиқ органи мол-мулкни хатлашни ушбу Кодекснинг 107-моддасига мувофиқ мол-мулк гаровига алмаштиришга ҳақли.


(23-қ.) Солиқ қарзи узилган ва (ёки) ушбу Кодекснинг 107-моддасига мувофиқ мол-мулк гарови тўғрисида шартнома тузилган тақдирда, мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарор солиқ органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан бекор қилинади.


(24-қ.) Солиқ органи мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарор бекор қилингани тўғрисида солиқ тўловчини ушбу қарор қабул қилинган кундан кейин беш кун ичида хабардор қилади.


(25-қ.) Мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги қарор мол-мулк хатлаб қўйилган пайтдан то ушбу қарор уни чиқарган солиқ органининг ваколатли мансабдор шахси томонидан бекор қилингунга қадар ёхуд ушбу қарор юқори турувчи солиқ органи ёки суд томонидан бекор қилингунга қадар амал қилади.


(26-қ.) Ушбу моддада белгиланган қоидалар юридик шахс бўлган солиқ агентининг мол-мулкини хатлашга нисбатан ҳам қўлланилади.


(27-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир солиқ мажбуриятларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида ушбу модданинг қоидалари қуйидаги хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади:

биринчи навбатда ушбу солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг мол-мулки хатланади;

солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг мол-мулки ушбу солиқ мажбуриятини бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, солиқ органи етишмаган сумма қисмида ушбу консолидациялашган гуруҳнинг бошқа иштирокчиларига тегишли мол-мулкни хатлашга ҳақли. Бунда солиқ органининг раҳбари (унинг ўринбосари) солиқ тўловчилар тўғрисидаги мавжуд ахборот асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг бошқа иштирокчилари мол-мулкини қайси кетма-кетликда хатлашни мустақил равишда белгилайди.



14-БОБ. СОЛИҚ ҚАРЗИНИ УЗИШ

ТЎҒРИСИДАГИ ТАЛАБНОМА


115-модда. Солиқларни тўлаш бўйича

мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш

116-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома

117-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани

юбориш тартиби ва муддатлари

118-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги

талабномани ўзгартириш

119-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги

талабномани бажариш



115-модда. Солиқларни тўлаш бўйича мажбуриятларнинг

бажарилишини таъминлаш


(1-қ.) Солиқ тўлаш мажбуриятига эга бўлган солиқ тўловчи уни тўлашга доир тўлов топшириқномасини хизмат кўрсатувчи банкка, ўзининг банк ҳисобварағида пул маблағлари бор-йўқлигидан қатъи назар, ушбу Кодексда белгиланган тўлов муддатидан кечиктирмасдан тақдим этиши шарт.


(2-қ.) Агар солиқ тўловчида тўланмаган солиқ қарзи мавжуд бўлса, солиқ органи унга солиқларни тўлаш муддати ўтганидан кейин уч кундан кечиктирмай солиқ қарзини узиш тўғрисида талабнома юборади.



116-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома


(1-қ.) Солиқ тўловчига унинг зиммасидаги солиқ қарзи суммаси тўғрисида, шунингдек шу қарз суммасини белгиланган муддатда тўлаш мажбурияти ҳақида хабар юбориш солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномадир.


(2-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчи бўлган юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга тадбиркорлик фаолияти бўйича унда ушбу Кодекснинг 100-моддасида назарда тутилган солиқ қарзи ёки фоизлар мавжуд бўлган тақдирда юборилади.


(3-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома ушбу солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисига юборилади.


(4-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига солиқ ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликка тортилишидан қатъи назар юборилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномада солиқ бўйича қарз суммаси, талабнома юборилаётган пайтга ҳисобланган пенялар миқдори, жарималар суммаси, шунингдек солиқ тўловчи талабларни бажармаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш ва солиқ мажбурияти бажарилишини таъминлаш бўйича кўриладиган чоралар ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.


(6-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабноманинг шакли Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.


(7-қ.) Ушбу бобда назарда тутилган қоидалар солиқ агентларига юбориладиган талабномаларга ҳам татбиқ этилади.


(8-қ.) Ушбу Кодекснинг 120-моддаси саккизинчи - ўнинчи қисмларида ва 122-моддасида назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчининг солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома бошқа шахсларга юборилиши мумкин. Бундай ҳолларда ушбу бобда назарда тутилган барча қоидалар мазкур шахсларга юборилган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномаларга ҳам татбиқ этилади.



117-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани

юбориш тартиби ва муддатлари


(1-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига у ҳисобда турган солиқ органи томонидан юборилади.


(2-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига ушбу қарз аниқланган кундан эътиборан ёки солиқ текшируви натижалари бўйича аниқланган солиқ қарзини узиш тўғрисидаги қарор кучга кирган санадан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай юборилиши керак.


(3-қ.) Ушбу Кодекс 116-моддасининг еттинчи ва саккизинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномалар бошқа шахсларга ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган тартибда юборилади. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома олинган санадан эътиборан кўрсатилган бошқа шахслар ушбу талабномани бажариш қисмида солиқ қарзига эга бўлган солиқ тўловчиларга тенглаштирилади.



118-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги

талабномани ўзгартириш


(1-қ.) Агар солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома солиқ тўловчига юборилганидан кейин ушбу талабномада кўрсатилган солиқлар бўйича қарз суммаси, пенялар ёки солиқ ҳақидаги қонунчиликни бузганлик учун жарималар суммаси ўзгаришига олиб келган ҳолатларни аниқлаган тақдирда, солиқ органи ушбу солиқ тўловчига солиқ қарзини узиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабномани юбориши ёхуд илгари юборилган талабномани чақириб олиши шарт. Мазкур қоида солиқ тўловчи томонидан солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномада кўрсатилган солиқ, пеня ёки жарималар бўйича қарзлари қисман тўланган ҳолларга татбиқ этилмайди. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги аниқлаштирилган талабнома ёки илгари юборилган талабномага доир чақирув хати солиқ тўловчига ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ўзгаришларга олиб келган ҳолатлар аниқланган кундан эътиборан уч кун ичида юборилади.



119-модда. Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги

талабномани бажариш

(ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги модда матни)


Солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабнома юридик шахс, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига доир қисми бўйича якка тартибдаги тадбиркор томонидан олинган кундан эътиборан олтмиш календарь кун ичида солиқ қарзи тўланмаган тақдирда ва агар ушбу Кодекснинг 120-122-моддаларида назарда тутилган чоралар қўлланиши натижасида солиқ қарзи узилмай қолаверса, солиқ органлари ундирувни ушбу Кодекснинг 123-124-моддаларида белгиланган тартибда солиқ тўловчининг мол-мулкига қаратади.



15-БОБ. СОЛИҚ ҚАРЗИНИ УНДИРИШ


120-модда. Солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги умумий қоидалар

121-модда. Солиқ қарзини банк ҳисобварақларидаги

пул маблағлари ҳисобидан ундириш

122-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган

гуруҳи иштирокчиларининг банк ҳисобварақларидаги

пул маблағлари ҳисобидан солиқ қарзини ундириш

123-модда. Солиқ қарзини бошқа мол-мулк ҳисобидан ундириш

124-модда. Солиқ қарзини солиқ тўловчилар консолидациялашган

гуруҳи иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш

125-модда. Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган

жисмоний шахснинг солиқ қарзини ундириш



120-модда. Солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги умумий қоидалар


(1-қ.) Солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда бу қарзни ундириш ушбу бобда назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


(2-қ.) Солиқ қарзи мазкур солиқ қарзига эга бўлган солиқ тўловчидан, ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда эса - бошқа шахслардан ундирилади.


(3-қ.) Агар солиқ тўловчининг солиқлар бўйича қарзини узишга доир мажбурияти банк кафолати, учинчи шахснинг кафиллиги ёхуд мол-мулк гарови билан таъминланган бўлса, солиқ тўловчи солиқлар бўйича солиқ қарзини узмаган ёки тўлиқ узмаган тақдирда, солиқ органи солиқ қарзининг тўланмаган суммасини тегишлича банк кафолатини берган банкдан, кафилдан ёхуд гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан ундириши шарт.


(4-қ.) Юридик шахсдан ёки якка тартибдаги тадбиркордан солиқ қарзини ундириш ушбу Кодекснинг 121-124-моддаларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


(5-қ.) Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахсдан солиқ қарзини ундириш ушбу Кодекснинг 125-моддасида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.


(6-қ.) Юридик шахсдан ёки якка тартибдаги тадбиркордан солиқ қарзини ундириш дастлаб унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан, улар етишмаган тақдирда эса мазкур шахснинг бошқа мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.


(7-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган ҳолларда солиқ тўловчининг ёки бошқа шахснинг солиқ қарзи унинг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундириш имкони бўлмаган қисмида бошқа шахслардан ундирилиши мумкин.


(8-қ.) Агар солиқ тўловчининг товарларни (хизматларни) реализация қилишдан оладиган тушуми ёки бошқа даромадлари бошқа шахсларнинг банкдаги ҳисобварақларига келиб тушган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши мумкин.


(9-қ.) Агар солиқ тўловчи солиқ текшируви тўғрисида билган пайтдан эътиборан ўзининг пул маблағларини ёки бошқа мулкини ўзга шахсларга берган бўлса, солиқ тўловчининг солиқ қарзи шу шахслардан ундирилиши мумкин.


(10-қ.) Ушбу модда саккизинчи ва тўққизинчи қисмларининг қоидалари товарларни (хизматларни) реализация қилишдан олинадиган тушум ёки бошқа даромадлар ёхуд пул маблағлари ёки бошқа мулк ўзга шахсларга бир нечта операциялар орқали ўтказиб берилганлиги аниқланган ҳолларда ҳам қўлланилади.


(11-қ.) Ушбу модданинг саккизинчи - ўнинчи қисмларида кўрсатилган ҳолларда мазкур шахслардан солиқ қарзини ундириш солиқ тўловчининг реализация қилинган товарлари (ишлари, хизматлари) учун келиб тушган тушум, бошқа даромадлари, у томонидан ўтказилган пул маблағлари, бошқа мол-мулкнинг қиймати доирасида амалга оширилади. Солиқ органи мазкур шахслар тўғрисида ўзида мавжуд бўлган ахборот асосида ва солиқ тўловчининг солиқ қарзи миқдорига боғлиқ тарзда ушбу қарзни ундиришни кўрсатилган қайси шахслардан ва қандай нисбатда ундиришни амалга оширишни мустақил равишда белгилашга ҳақли.


(12-қ.) Ушбу модданинг саккизинчи - ўнинчи қисмларида назарда тутилган ҳолларда солиқ қарзини ундириш суд тартибида амалга оширилади.


(13-қ.) Солиқни суд тартибида ундириш қуйидаги ҳолларда ҳам амалга оширилади, агар солиқни тўлаш мажбурияти:

1) солиқ органи томонидан битимни тавсифлашни, солиқ тўловчининг мақомини ёки фаолияти хусусиятини ўзгартиришга асосланган бўлса;

2) ўзаро алоқадор шахслар ўртасида битимлар тузилиши муносабати билан трансферт нарх белгилаш чоғидаги солиқ назорати натижаларига кўра юзага келган бўлса.


(14-қ.) Ушбу бобнинг қоидалари Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтиш муносабати билан тўланадиган солиқлар бўйича солиқ қарзини ундиришга, шунингдек солиқ агентларининг солиқ қарзини ундиришга ҳам татбиқ этилади.



121-модда. Солиқ қарзини банк ҳисобварақларидаги

пул маблағлари ҳисобидан ундириш


(1-қ.) Солиқ қарзи белгиланган муддатда тўланмаган ёки тўлиқ тўланмаган тақдирда, солиқ қарзини ундириш - ундирувни банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига (шу жумладан, корпоратив карталардаги пул маблағларига) қаратиш йўли билан мажбурий тартибда амалга оширилади.


(2-қ.) Ушбу модданинг қоидалари фақат юридик шахсларга ва якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан қўлланилади.


(3-қ.) Солиқ қарзини мажбурий тартибда ундириш тўланмаган солиқ қарзига эга бўлган солиқ тўловчидан ёки солиқ агентидан, ушбу Кодекснинг 120 ва 122-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса бошқа шахслардан ҳам амалга оширилиши мумкин.


(4-қ.) Солиқ қарзини ундириш солиқ органи томонидан мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварағи очилган банкка ушбу шахснинг ҳисобварақларидан зарур пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджетга ўтказиш учун инкассо топшириқномасини электрон шаклда юбориш йўли билан амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқ органининг мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджетга ўтказишга доир инкассо топшириқномасининг шакли ҳамда уни банкка юбориш тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Марказий банки билан келишилган ҳолда белгилайди.


(6-қ.) Агар солиқ тўловчи солиқни тўлаш учун тўлов топшириқномасини мустақил равишда юбормаган бўлса, солиқ органининг инкассо топшириқномаси солиқ тўловчининг ҳисобварағига солиқни тўлаш учун белгиланган муддат тугагач уч иш кунидан кечиктирмай қўйилади.


(7-қ.) Солиқ органининг мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномаси банк томонидан фуқаролик тўғрисидаги қонунчилигида белгиланган тўловлар навбатини ҳисобга олган ҳолда банк томонидан сўзсиз бажарилиши шарт. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Қуйидаги ҳолларда солиқ органлари мажбуриятга эга шахсларнинг ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир бажарилмаган (тўлиқ ёки қисман) инкассо топшириқномаларини чақириб олиш тўғрисида қарор қабул қилади:

1) ушбу Кодекснинг 11-бобига мувофиқ солиқ қарзига нисбатан кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти тақдим этилганда;

2) солиқ қарзи узилганда, шу жумладан ушбу Кодекснинг 12-бобига мувофиқ ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган суммалар ҳисобга олиниши муносабати билан солиқ қарзи узилганда;

3) ушбу Кодекснинг 96-моддасига мувофиқ ундирилиши умидсиз деб эътироф этилган солиқ қарзи ҳисобдан чиқарилганда;

4) ушбу Кодекснинг 83-моддасига мувофиқ тақдим этилган аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи бўйича солиқ ва пеня суммалари камайтирилганда.


(9-қ.) Солиқ қарзини ундириш миллий валютадаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларидан, бундай ҳисобварақларда маблағлар етарли бўлмаган тақдирда эса - мажбуриятга эга шахснинг чет эл валютасидаги талаб қилиб олгунча депозит ҳисобварақларидан амалга оширилиши мумкин. Мажбуриятга эга шахснинг валюта ҳисобварақларидан солиқ қарзини ундириш Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг валюта сотиладиган санада белгиланган курси бўйича миллий валютада ундириладиган суммага эквивалент суммада амалга оширилади.


(10-қ.) Солиқ қарзини ундириш муддатли депозитларга жойлаштирилган маблағлар ҳисобидан, уларнинг амал қилиш муддати тугагунга қадар амалга оширилмайди.


(11-қ.) Валюта ҳисобварақларида турган маблағларни ундириш чоғида солиқ органининг раҳбари (раҳбар ўринбосари) инкассо топшириқномаси билан бир вақтнинг ўзида банкка мажбуриятга эга шахснинг валютасини сотиш учун топшириқнома юборади. Мазкур топшириқнома банк томонидан у олинган кундан кейинги операция кунидан кечиктирмай бажарилади. Чет эл валютасини сотиш билан боғлиқ харажатлар шу мажбуриятга эга шахснинг ҳисобидан амалга оширилади.


(12-қ.) Солиқ органининг мажбуриятга эга шахснинг банкдаги ҳисобварақларидан пул маблағларини ҳисобдан чиқариш ва бюджет тизимига ўтказишга доир инкассо топшириқномаси банк томонидан инкассо топшириқномаси олинган кундан кейинги бир операция кунидан кечиктирмай, валюта ҳисобварақларидан ундиришда эса - икки операция кунидан кечиктирмай бажарилади.


(13-қ.) Агар банк томонидан солиқ органининг инкассо топшириқномаси олинган кунда мажбуриятга эга шахснинг ҳисобварақларида уни бажариш учун пул маблағлари етарли бўлмаса, инкассо топшириқномаси шу ҳисобварақларга пул маблағлари келиб тушишига қараб, ҳар бир бундай тушум кунидан кейинги бир ёки икки операция кунидан кечиктирмай, ҳисобварақ валютасига боғлиқ ҳолда бажарилади. Мазкур инкассо топшириқномаси банк томонидан фуқаролик тўғрисидаги қонунчилигида белгиланган тўловлар навбатини ҳисобга олган ҳолда банк томонидан бажарилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(14-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг иштирокчиларидан банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан солиқ қарзини ундиришнинг ўзига хос хусусиятлари ушбу Кодекснинг 122-моддасида белгиланади.



122-модда. Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи

иштирокчиларининг банк ҳисобварақларидаги пул

маблағлари ҳисобидан солиқ қарзини ундириш


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи юзасидан солиқ қарзини шу консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан ундиришда ушбу Кодекснинг 124-моддаси қоидалари мазкур моддада назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғи юзасидан солиқ қарзини тўлаш тўғрисидаги талабнома ушбу Кодекснинг 116-моддасида белгиланган тартибда юборилади. Бундай талабнома солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғини тўлаш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин юборилади.


(3-қ.) Банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобидан солиқ қарзини ундириш биринчи навбатда солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг банк ҳисобварақларида солиқ қарзининг бутун суммасини ундириш учун пул маблағлари етарли бўлмаса ёки умуман бўлмаса, ундирилмай қолган суммани ундириш ушбу консолидациялашган гуруҳ қолган иштирокчиларининг банклардаги пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчилар тўғрисидаги ўзида мавжуд бўлган ахборот асосида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг банк ҳисобварақларидаги пул маблағлари ҳисобига ундириш амалга ошириладиган таркибини, шунингдек олдинги иштирокчиларнинг банкдаги ҳисобварақларида пул маблағлари етарли бўлмаган тақдирда, ушбу иштирокчилардан бундай ундиришнинг кетма-кетлигини мустақил равишда белгилайди.


(6-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг солиқ қарзи ушбу консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларидан бири томонидан узилган, шу жумладан қисман узилган тақдирда, кўрсатилган солиқ қарзини ундириш тартиб-таомили ушбу иштирокчи томонидан узилган қисми бўйича тугатилади.


(7-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг ўзига нисбатан ундирув тўғрисида қарор чиқарилган иштирокчиларига солиқ тўловчилар учун ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқлар ва кафолатлар татбиқ этилади.



123-модда. Солиқ қарзини бошқа мол-мулк ҳисобидан ундириш


(1-қ.) Агар мажбуриятга эга шахснинг солиқ қарзини ушбу Кодекснинг 121 ва 122-моддаларида назарда тутилган тартибда ундириш мумкин бўлмаса, солиқ органи солиқ қарзини шу мажбуриятга эга шахснинг бошқа мол-мулки, шу жумладан нақд пул маблағлари ҳисобидан ундиришга ҳақли.


(2-қ.) Солиқ қарзини ундириш солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномада кўрсатилган суммалар доирасида ҳамда ушбу Кодекснинг 121 ва 122-моддаларига мувофиқ ундирув амалга оширилган суммаларни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади.


(3-қ.) Ушбу модданинг қоидалари солиқ қарзини фақат юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлардан ундиришга нисбатан қўлланилади.


(4-қ.) Мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш қуйидагиларга нисбатан ушбу кетма-кетликда амалга оширилади:

1) ушбу Кодекснинг 121 ва 122-моддаларига мувофиқ ундирув қаратилмаган нақд пул маблағларига нисбатан;

2) маҳсулотлар (товарлар) ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этмайдиган мол-мулкка, хусусан, қимматли қоғозлар, валюта қимматликлари, ишлаб чиқаришга мўлжалланмаган бинолар, енгил автотранспорт, хизмат хоналарининг дизайни ашёларига нисбатан;

3) тайёр маҳсулотларга (товарларга), шунингдек ишлаб чиқаришда иштирок этмайдиган ва (ёки) бевосита иштирок этишга мўлжалланмаган бошқа моддий қимматликларга нисбатан;

4) ишлаб чиқаришда бевосита иштирок этиш учун мўлжалланган хом ашё ва материалларга нисбатан, шунингдек дастгоҳлар, ускуналар, бинолар, иншоотлар ва бошқа асосий воситаларга нисбатан;

5) бошқа шахсларга эгалик қилиш, фойдаланиш ёки тасарруф этиш шартномаси бўйича ушбу мол-мулкка бўлган мулк ҳуқуқи уларга ўтказилмаган ҳолда топширилган мол-мулкка нисбатан, агар солиқни тўлаш бўйича мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш учун бундай шартномалар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

6) бошқа мол-мулкка нисбатан, бундан якка тартибдаги тадбиркор ёки унинг оила аъзолари кундалик шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган, қонунчиликка мувофиқ белгиланадиган бошқа мол-мулк мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(5-қ.) Солиқ қарзини солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундиришнинг ушбу модда тўртинчи қисмида белгиланган кетма-кетлиги бузилишига йўл қўйилмайди.


(6-қ.) Солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарздорлигини ундириш суд тартибида амалга оширилади. Солиқ тўловчи томонидан солиқ қарздорлиги тан олинса, солиқ органи раҳбарининг (раҳбар ўринбосарининг) қарорига биноан солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мулки ҳисобидан солиқ қарздорлиги ундирилиши мумкин.


(7-қ.) Солиқ органи мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш тўғрисида қарор чиқарилган кундан эътиборан уч иш куни ичида тегишли қарорни қоғозда ёки электрон шаклда ушбу моддада назарда тутилган хусусиятларни инобатга олган ҳолда, қонунчиликда белгиланган тартибда ижро этиш учун мажбурий ижро этувчи давлат органига юбориши керак. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(8-қ.) Солиқ органининг ушбу модда еттинчи қисмида кўрсатилган қарорни мажбурий ижро этувчи давлат органига юбориш шакли ва тартиби, шунингдек унинг мазмуни Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.


(9-қ.) Давлат ижрочиси солиқ қарзи бўйича мажбуриятга эга шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги қарор ўзига келиб тушган кундан эътиборан икки ойлик муддатда ижро ҳаракатларини амалга ошириши ва ушбу қарорда мавжуд бўлган талабларни бажариши керак.


(10-қ.) Солиқ қарзини солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш хусусиятлари ушбу Кодекснинг 124-моддасида белгиланади.


(11-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган қоидалар солиқ қарзларини божхона органлари томонидан божхона тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган қоидаларни ҳисобга олган ҳолда ундириш чоғида ҳам қўлланилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



124-модда. Солиқ қарзини солиқ тўловчилар

консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг

бошқа мол-мулки ҳисобидан ундириш


(1-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи бўйича фойда солиғига доир солиқ қарзини шу консолидациялашган гуруҳ иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан ундиришда ушбу Кодекс 123-моддасининг қоидалари ушбу моддада назарда тутилган хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилади.


(2-қ.) Солиқни солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг мол-мулки ҳисобидан ундириш биринчи навбатда мазкур консолидациялашган гуруҳ масъул иштирокчисининг ушбу Кодекснинг 122-моддасига мувофиқ ундирувга қаратилмаган нақд пул маблағлари ва банклардаги пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


(3-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчисида ушбу Кодекснинг 122-моддасига мувофиқ ундирувга қаратилмаган нақд пул маблағлари ва банклардаги пул маблағлари етарли бўлмаган ёки умуман бўлмаган тақдирда, солиқни ундириш мазкур гуруҳнинг бошқа аъзоларидан уларнинг нақд пул маблағлари ҳамда банклардаги пул маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.


(4-қ.) Солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларида ушбу Кодекснинг 122-моддасига мувофиқ ундирувга қаратилмаган нақд пул маблағлари ва банклардаги пул маблағлари етарли бўлмаган ёки умуман бўлмаган тақдирда, солиқни ундириш мазкур гуруҳ масъул иштирокчисининг бошқа мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади. Бундай ундирув ушбу Кодекс 123-моддаси тўртинчи қисмининг 2-6-бандларида белгиланган кетма-кетликда амалга оширилади.


(5-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи масъул иштирокчисининг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда, солиқни ундириш ушбу Кодекс 123-моддаси тўртинчи қисмининг 2-6-бандларида белгиланган кетма-кетликда мазкур гуруҳ ўзга иштирокчиларининг бошқа мол-мулки ҳисобидан амалга оширилади.


(6-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчилар тўғрисидаги мавжуд ахборот асосида бошқа мол-мулки ҳисобидан солиқ қарзини ундириш амалга ошириладиган солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳи иштирокчиларининг таркибини ҳамда аввалги иштирокчиларнинг мол-мулки етарли бўлмаган тақдирда мазкур иштирокчилардан ундирув қандай кетма-кетликда амалга оширилишини мустақил тарзда белгилайди.


(7-қ.) Солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг солиқ қарзини бошқа мол-мулк ҳисобидан ундириш тўғрисида қарор чиқарилган иштирокчиларига нисбатан солиқ тўловчилар учун ушбу Кодексда назарда тутилган ҳуқуқ ва кафолатлар татбиқ этилади.



125-модда. Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган

жисмоний шахснинг солиқ қарзини ундириш


(1-қ.) Агар якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахс (бундан буён ушбу моддада жисмоний шахс деб юритилади) солиқ тўлаш бўйича мажбуриятларини белгиланган муддатда бажармаган бўлса, солиқ органи солиқ қарзини ушбу жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги ариза (бундан буён ушбу моддада ундириш тўғрисидаги ариза деб юритилади) билан судга мурожаат қилишга ҳақли.


(2-қ.) Ундириш тўғрисидаги аризага солиқ органининг талабномани таъминлаш тартибида жавобгарнинг мол-мулкини хатлаш ҳақидаги илтимосномаси илова қилиниши мумкин.


(3-қ.) Ундириш тўғрисидаги аризанинг нусхаси у судга берилган кундан кечиктирмай солиқ органи томонидан солиқ қарзи ундирилаётган жисмоний шахсга юборилади.


(4-қ.) Агар жисмоний шахснинг солиқ қарзи умумий суммаси бир миллион сўмдан ошса, ундириш тўғрисидаги ариза солиқ органи томонидан судга берилади.


(5-қ.) Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш тўғрисидаги ишлар қонунчиликка мувофиқ кўриб чиқилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(6-қ.) Қонуний кучга кирган суд қарори асосида солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш ушбу моддада назарда тутилган ўзига хос хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундириш қуйидагиларга нисбатан ушбу кетма-кетлик билан амалга оширилади:

1) банк ҳисобварақларидаги пул маблағларига;

2) нақд пул маблағларига;

3) бошқа шахсларга шартнома бўйича эгалик қилишга, фойдаланишга, тасарруф этишга берилган мол-мулкка, ушбу мол-мулкка доир мулк ҳуқуқи уларга ўтмаган ҳолда, агар солиқ мажбурияти ижросини таъминлаш учун бундай шартномалар бекор қилинган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

4) бошқа мол-мулкка, бундан қонунчиликка мувофиқ белгиланадиган жисмоний шахснинг ёки унинг оиласи аъзоларининг кундалик шахсий фойдаланиши учун мўлжалланган мол-мулк мустасно. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги банд)


(8-қ.) Солиқ қарзини жисмоний шахснинг мол-мулки ҳисобидан ундиришда ушбу модданинг еттинчи қисмида белгиланган кетма-кетликни бузишга йўл қўйилмайди.


(9-қ.) Солиқ қарзи жисмоний шахснинг пул маблағлари кўринишида бўлмаган мол-мулки ҳисобидан ундирилган тақдирда, солиқ қарзи бундай мол-мулк реализация қилинган ва ундан келиб тушган суммалар ҳисобидан тўланган пайтдан эътиборан тўланган деб ҳисобланади.


(10-қ.) Мазкур мол-мулк хатлаб қўйилган кундан эътиборан ва тушган суммалар бюджет тизимига ўтказилган кунга қадар солиқларни ўз вақтида тўламаганлик учун пенялар ҳисобланмайди.



IV БЎЛИМ.

СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИ ВА СОЛИҚ СОЛИШ

ОБЪЕКТЛАРИНИ ҲИСОБГА ОЛИШ


16-боб. Солиқ тўловчиларни ҳисобга

олиш тартиби (126 - 134-моддалар)



16-БОБ. СОЛИҚ ТЎЛОВЧИЛАРНИ ҲИСОБГА

ОЛИШ ТАРТИБИ


126-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш

тўғрисида умумий қоидалар

127-модда. Солиқ тўловчининг идентификация рақами

128-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш

129-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш тартиби

130-модда. Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган

чет эллик шахсларни ҳисобга қўйишнинг ўзига хос хусусиятлари

131-модда. Солиқ тўловчиларни солиқ солиш

объекти бўйича ҳисобга қўйиш

132-модда. Солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари

133-модда. Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ

органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари

134-модда. Банкларнинг солиқ назоратини амалга ошириш

билан боғлиқ бўлган мажбуриятлари



126-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш

тўғрисида умумий қоидалар


(1-қ.) Солиқ назоратини амалга ошириш мақсадида юридик ва жисмоний шахслар солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.


(2-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резидентларини ҳисобга қўйиш ушбу Кодекс у ёки бу солиқни тўлаш мажбуриятининг пайдо бўлишини боғлайдиган ҳолатлар мавжудлигидан қатъи назар амалга оширилади.


(3-қ.) Солиқ органларида ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш бепул амалга оширилади.


ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи қисм чиқариб ташланган


(4-қ.) Солиқ тўловчига идентификация рақами берилганлиги тўғрисида солиқ органи томонидан берилган гувоҳнома ёки солиқ тўловчини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида у бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ва давлат статистика органларида ҳисобга қўйилган тақдирда - давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади.


ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ бешинчи, олтинчи ва еттинчи қисмлари тегишинча тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин


(4-қ.) Жисмоний шахсларни солиқ органларида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш уларга ваколатли орган томонидан идентификацияловчи ID-карталарни ёки жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бериш билан бир вақтда амалга оширилади. Бунда солиқ тўловчи ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи алоҳида ҳужжат берилмайди. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасининг юридик шахсини давлат рўйхатидан ўтказиш чоғида у бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ва давлат статистика органларида ҳисобга қўйилган ҳолда берилган давлат рўйхатидан ўтказилганлик тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг ҳисобга қўйилганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


(6-қ.) Чет давлатларнинг қонунчилигига мувофиқ ташкил этилган чет эл юридик шахсларига (шу жумладан компаниялар ва бошқа корпоратив тузилмаларга) берилган солиқ тўловчининг идентификация рақами тўғрисидаги гувоҳнома солиқ тўловчининг рўйхатдан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатдир. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи, бешинчи ва олтинчи қисмлари еттинчи, саккизинчи ва тўққизинчи қисмлар деб ҳисоблансин


(7-қ.) Солиқ тўловчиларни ҳисобга олиш маълумотлари асосида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрини юритади.


(8-қ.) Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрида мавжуд бўлган маълумотларнинг таркиби ҳамда реестрни юритиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланади.


(9-қ.) Солиқ тўловчи тўғрисидаги маълумотлар, агар ушбу Кодекснинг 29-моддасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ органида ҳисобга қўйилган пайтдан бошлаб солиқ сиридир.



127-модда. Солиқ тўловчининг идентификация рақами


(1-қ.) Ҳисобга олишда ҳар бир солиқ тўловчига Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ягона бўлган солиқ тўловчининг идентификация рақами берилади ва унинг ҳисоб маълумотлари Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрига киритилади.


(2-қ.) Адлия органларида ҳисобга қўйилган, юридик шахс мақомига эга бўлмаган касаба уюшмаларининг бўлинмаларига ва бошланғич касаба уюшмалари ташкилотларига солиқ тўловчининг идентификация рақами уларнинг ихтиёрига кўра берилади. (ЎзР 13.08.2024 й. ЎРҚ-942-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 13.08.2024 й. ЎРҚ-942-сон Қонунига мувофиқ иккинчи-олтинчи қисмлар учинчи-еттинчи қисмлар деб ҳисоблансин


(3-қ.) Ушбу Кодекс 126-моддасининг тўртинчи қисмида кўрсатилган жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами солиқ тўловчининг идентификация рақами ҳисобланади. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


(4-қ.) Солиқ тўловчига идентификация рақамини бериш, қўллаш ҳамда уни ўзгартириш тартиби ва шартлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.


(5-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчининг идентификация рақамини унга юбориладиган барча ҳужжатларда кўрсатади.


(6-қ.) Ҳар бир солиқ тўловчи ўзининг солиқ тўловчининг идентификация рақамини солиқ ҳисоботларида, солиқ органига тақдим этиладиган аризалар ва бошқа ҳужжатларда, шунингдек, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда кўрсатади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(7-қ.) Солиқ тўловчининг идентификация рақами қуйидаги ҳужжатларда мажбурий кўрсатилади:

фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун лицензияларда;

юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан тузиладиган хўжалик, фуқаролик-ҳуқуқий ва меҳнат шартномаларида;

юридик шахслар ва (ёки) якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан битимлар тузилганлигини белгиловчи ёки тасдиқловчи ҳужжатларда, шу жумладан ҳисобварақ-фактураларда ва товар-кузатув ҳужжатларида;

пул, ҳисоб-китоб ва тўлов ҳужжатларида;

қонунчиликда белгиланган ҳолларда бошқа ҳужжатларда. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги хатбоши)



128-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш


(1-қ.) Юридик шахслар ўзлари жойлашган ердаги ва уларнинг алоҳида бўлинмалари жойлашган ердаги солиқ органларида ҳисобга қўйилади.


(2-қ.) Таркибига Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган алоҳида бўлинмалар кирадиган юридик шахслар ҳар бир алоҳида бўлинма жойлашган ердаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.


(3-қ.) Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиб оладиган норезидент бўлган юридик шахслар биржа савдолари амалга ошириладиган жойдаги солиқ органида ҳисобга қўйилади.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Молия вазирлиги солиқ органларида йирик солиқ тўловчиларни ҳисобга олишнинг ўзига хос хусусиятларини белгилашга ҳақли.


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасида фаолиятни ваколатхона ёки доимий муассаса орқали амалга ошираётган чет эл юридик шахслари фаолиятни амалга ошириш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйилиши лозим.


(6-қ.) Жисмоний шахслар ўз яшаш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйилади.


(7-қ.) Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахслар ўзига тегишли бўлган кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органларида, шунингдек ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳисобга қўйилиши лозим.


(8-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган асосларга кўра солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартиби ушбу Кодекснинг 129 ва 130-моддаларида белгиланади.



129-модда. Солиқ тўловчиларни ҳисобга қўйиш тартиби


(1-қ.) Юридик ва жисмоний шахсларни ушбу Кодекснинг 128-моддасида назарда тутилган тартибда олинадиган маълумотлар асосида солиқ органларида ҳисобга олиш, агар ушбу моддада бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, солиқ органлари томонидан мустақил равишда амалга оширилади.


(2-қ.) Солиқ органлари ўзларидаги мавжуд маълумотлар асосида солиқ тўловчилар ҳисобга олинишини (ҳисобдан чиқарилишини) ва солиқ тўловчилар тўғрисида маълумотлар ҳисоби юритилишини таъминлаши шарт.


(3-қ.) Ўзбекистон Республикаси солиқ тўловчиларининг ягона реестрида мавжуд бўлган маълумотлар асосида солиқ органларида ҳисобга қўйиш қуйидагиларга нисбатан амалга оширилади:

1) юридик шахс ўзи жойлашган ерида, филиали ва (ёки) ваколатхонаси жойлашган ерида;

2) чет эл нотижорат ноҳукумат ташкилотининг ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлинмаси орқали амалга ошириш жойида;

3) якка тартибдаги тадбиркор Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхатга мувофиқ тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жойида ёки ўз яшаш жойида. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги банд) (Олдинги таҳририга қаранг)


(4-қ.) Чет эл юридик шахсини аккредитация қилинган филиал ва (ёки) ваколатхона орқали ўз фаолиятини амалга ошириш жойидаги солиқ органларида ҳисобга қўйиш Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида амалга оширилади.


(5-қ.) Фаолиятини бошқа алоҳида бўлинмалар орқали амалга ошириш чоғида чет эл юридик шахсини ҳисобга қўйиш, агар ушбу модданинг учинчи қисмида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза асосида амалга оширилади. Чет эл юридик шахсини солиқ органларида ҳисобдан чиқариш худди шундай тартибда амалга оширилади.


(6-қ.) Ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза чет эл юридик шахси томонидан у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини бошлаган кундан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай солиқ органига берилади. Ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги ариза бундай шахс томонидан у Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўз фаолиятини тугаллаган кундан эътиборан ўн беш календарь кундан кечиктирмай берилади.


(7-қ.) Ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза берилаётганда чет эл юридик шахси мазкур ариза билан бир вақтнинг ўзида солиқ органига ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) учун зарур бўлган ҳужжатларни тақдим этади. Бундай ҳужжатларнинг рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.


(8-қ.) Чет эл юридик шахсни Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сифатида солиқ органида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) солиқ органи томонидан бундай чет эл юридик шахсининг ўзини Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти деб эътироф этиши тўғрисидаги (Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти мақомидан воз кечиши ҳақидаги) аризаси асосида амалга оширилади.


(9-қ.) Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда акциядорлик жамиятларининг акцияларини сотиб оладиган норезидент бўлган юридик шахсларни ҳисобга қўйиш тартибини Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси белгилайди.


Қаранг: ВМнинг 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон Қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида товар-хомашё биржаларида операцияларни амалга оширувчи ва (ёки) ташкиллаштирилган савдоларда жамиятларнинг акцияларини сотиб оладиган (сотадиган) ҳамда жисмоний шахсларга Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматларни кўрсатувчи чет эл юридик шахсларини давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) бўйича давлат хизматини кўрсатиш Маъмурий регламенти


(10-қ.) Юридик шахсни солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида ҳисобга қўйиш ушбу Кодекснинг 64-моддасига мувофиқ солиқ тўловчиларнинг консолидациялашган гуруҳини тузиш тўғрисидаги шартномани рўйхатдан ўтказган солиқ органи томонидан шартнома рўйхатга олинган санадан эътиборан беш кун ичида амалга оширилади. Худди шу муддатда мазкур юридик шахсга солиқ органида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақида билдиришнома берилади (юборилади).


(11-қ.) Юридик шахсни солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида ҳисобдан чиқариш солиқ органи томонидан ушбу Кодекснинг 68-моддасига мувофиқ солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг амал қилиши тугатилган кундан эътиборан беш кун ичида амалга оширилади. Худди шу муддатда мазкур юридик шахсга солиқ органида солиқ тўловчилар консолидациялашган гуруҳининг масъул иштирокчиси сифатида ҳисобдан чиқарилганлиги ҳақида билдиришнома берилади (юборилади).


(12-қ.) Жисмоний шахсларга ушбу Кодекснинг 282-моддасида кўрсатилган, Ўзбекистон Республикаси ҳудуди реализация қилиш жойи деб эътироф этиладиган электрон шаклдаги хизматлар кўрсатувчи ва ҳисоб-китобларни бевосита мазкур жисмоний шахслар билан амалга оширадиган чет эл юридик шахсини солиқ органида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) солиқ органи томонидан ҳисобга олиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза ҳамда Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган рўйхат бўйича бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади. Солиқ агенти деб эътироф этиладиган воситачи бўлган чет эл юридик шахсини солиқ органида ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) ҳам худди шундай тартибда амалга оширилади.


(13-қ.) Ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) тўғрисидаги ариза ушбу модданинг ўн учинчи қисмида кўрсатилган чет эл ташкилотлари томонидан солиқ органига мазкур хизматлар кўрсатиш бошланган (тугалланган) кундан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай берилади. Ҳисобга қўйиш (ҳисобдан чиқариш) солиқ органи томонидан тегишли ариза ва рўйхати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланадиган бошқа ҳужжатлар асосида амалга оширилади.


(14-қ.) Чет эл юридик шахси томонидан ушбу модданинг ўн учинчи қисмида кўрсатилган Ўзбекистон Республикасининг солиқ тўғрисидаги қонунчилиги талаблари бузилган тақдирда, солиқ органи бундай юридик шахсни тегишли ариза тақдим этмаган ҳолда солиқ ҳисобидан чиқаришга ҳақли. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(15-қ.) Солиқ органида аввал кўрсатилган асослар бўйича ҳисобдан чиқарилган чет эл юридик шахсини ҳисобга қўйиш солиқ органи томонидан ҳисобга олиш тўғрисидаги ариза ва ушбу модданинг ўн учинчи қисмида кўрсатилган ҳужжатлар асосида амалга оширилади.


(16-қ.) Ушбу модда ўн учинчи - ўн олтинчи қисмларининг қоидалари мазкур хизматларни электрон шаклда кўрсатувчи ёки бундай хизматларни бевосита воситачи сифатида ўзининг Ўзбекистон Республикасидаги доимий муассасаси орқали кўрсатувчи чет эл юридик шахсларига нисбатан татбиқ этилмайди.


(17-қ.) Якка тартибдаги тадбиркор бўлмаган жисмоний шахсларни солиқ органларида ҳисобга қўйиш ушбу Кодекснинг 133-моддасида кўрсатилган органлар тақдим этадиган маълумот ёки жисмоний шахснинг аризаси асосида мазкур жисмоний шахснинг яшаш жойидаги солиқ органлари томонидан амалга оширилади.


(18-қ.) Яшаш жойи солиқ солиш мақсадлари учун жисмоний шахснинг турган жойи бўйича аниқланадиган жисмоний шахслар ўзи турган жойдаги солиқ органига солиқ органларида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилишга ҳақли.


(19-қ.) Солиқ тўловчида ҳисобга қўйиш жойини аниқлаш хусусида қийинчиликлар юзага келган тақдирда, қарор у тақдим этган маълумотлар асосида солиқ органи томонидан қабул қилинади.



130-модда. Ўзбекистон Республикасининг норезиденти

бўлган чет эллик шахсларни ҳисобга қўйишнинг

ўзига хос хусусиятлари


(1-қ.) Ўзбекистон Республикасида фаолиятни доимий муассаса орқали амалга ошираётган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган кундан эътиборан бир юз саксон уч календарь кундан кечиктирмай солиқ органига солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани тақдим этиши шарт. Ушбу аризага қуйидагиларнинг давлат тилига таржима қилинган асл нусхалари ёки нотариал тарзда тасдиқланган нусхалари илова қилинади:

1) Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс ўзи таъсис этилган мамлакатда давлат рўйхатидан ўтказилганлигини тасдиқловчи ҳужжатнинг;

2) махсус рухсат берувчи ҳужжатларнинг ёки лицензияларнинг (улар мавжуд бўлган тақдирда);

3) Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс номидан Ўзбекистон Республикасида ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини тасдиқловчи ишончноманинг ёки бошқа ҳужжатнинг (улар мавжуд бўлган тақдирда);

4) ижро этилиши доимий муассаса ташкил этилишига олиб келадиган шартноманинг (мавжуд бўлган тақдирда).


(2-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс бир юз саксон уч календарь кундан ортиқ муддатга шартнома тузган бўлса, солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза ва ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар мазкур фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан ўттиз календарь кундан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади.


(3-қ.) Агар Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахс ўз фаолиятининг умумий муддати бир юз саксон уч календарь кундан ортиқ муддатни ташкил этадиган бир нечта шартномалар тузган бўлса, солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш тўғрисидаги ариза ва ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳужжатлар фаолиятни амалга ошириш бошланган ёки қайси шартномага мувофиқ фаолиятнинг умумий муддати бир юз саксон уч календарь кундан ошадиган бўлса, ўша шартнома тузилган санадан эътиборан ўттиз календарь кундан кечиктирмай солиқ органига тақдим этилади.


(4-қ.) Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти билан тузилган оддий ширкатнинг (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг) иштирокчиси бўлган, фаолияти доимий муассаса ташкил этилишига олиб келадиган Ўзбекистон Республикасининг норезиденти солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш учун ўз фаолиятини амалга ошириш бошланган санадан эътиборан ўттиз календарь кун ичида биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг иштирокчиси бўлган Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти жойлашган (яшайдиган, турган) еридаги солиқ органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларнинг нотариал тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт:

1) биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани;

2) Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган жисмоний шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатни ёки Ўзбекистон Республикасининг норезиденти бўлган юридик шахснинг ўз мамлакатида давлат рўйхатидан ўтказилганлигини, давлат рўйхатидан ўтказилганлиги рақамини кўрсатган ҳолда, тасдиқловчи ҳужжатни (ёки унинг ўрнига ўтадиган ҳужжатни).


(5-қ.) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан даромадлар оладиган, ушбу Кодекс қоидаларига мувофиқ тўлаш манбасида солиқ солиниши лозим бўлмаган чет эллик фуқаролар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фаолиятни амалга ошириш бошланган санадан ўттиз календарь кун давомида турган (яшайдиган) жойидаги солиқ органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт:

1) чет эллик фуқаронинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни;

2) фуқаролик (резидентлик) мамлакатида солиқ рўйхатига олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатни, бундай ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда;

3) Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромад суммасини тасдиқловчи ҳужжатни, бундай ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда.


(6-қ.) Ўзбекистон Республикасида мол-мулк солиғи ёки ер солиғи солиш объекти бўлган мол-мулкни олувчи чет эллик фуқаролар ёки фуқаролиги бўлмаган шахслар солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтиш учун бундай мол-мулк ёки ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига ҳисобга қўйиш тўғрисидаги аризани қуйидаги ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини илова қилган ҳолда тақдим этиши шарт:

1) чет эллик фуқаронинг ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни;

2) фуқаролик (резидентлик) мамлакатида солиқ рўйхатига олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни, бундай ҳужжат мавжуд бўлган тақдирда.



131-модда. Солиқ тўловчиларни солиқ солиш

объекти бўйича ҳисобга қўйиш


(1-қ.) Солиқ тўловчини ҳисобга қўйиш солиқ солиш объекти жойлашган ердаги солиқ органлари томонидан амалга оширилади.


(2-қ.) Солиқ тўловчини объектлар бўйича ҳисобга қўйиш у ушбу Кодекснинг 129-моддасида белгиланган тартибда ҳисобга қўйилганидан кейин, агар ушбу Кодексга мувофиқ солиқ тўловчида солиқ тўловчи сифатида ҳисобга олинмаган жойдаги ер солиғи, мол-мулк солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ва (ёки) норуда қазилма бойликлари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ тўлаш мажбурияти юзага келган бўлса, амалга оширилади.


(3-қ.) Ҳисобга қўйилмаган жойда ер солиғини, мол-мулк солиғини ёки сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқни тўлаш мажбурияти ўзида юзага келган солиқ тўловчи мазкур мажбурият юзага келган кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ солиш объектларини улар жойлашган ерда ҳисобга қўйиш учун давлат солиқ хизмати органларига қонунчиликда белгиланган тартибда мурожаат қилиши керак, бундан ушбу Кодекс 133-моддасининг учинчи ва бешинчи қисмларига мувофиқ солиқ органларига бундай маълумотларни тақдим этиш органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг мажбурияти бўлган ҳоллар мустасно. (ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(4-қ.) Ҳисобга олиниши давлат солиқ хизмати органлари томонидан мустақил равишда амалга ошириладиган солиқ солинадиган объектлар бўйича мол-мулк солиғи ва ер солиғи тўловчиси бўлган жисмоний шахсларга нисбатан ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган мажбурият татбиқ этилмайди.


(5-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбурият, шунингдек:

бензин, дизель ёқилғиси ва газни охирги истеъмолчига реализация қилишда тўланадиган акциз солиғининг солиқ тўловчиларига;

ҳудудий алоҳида бўлинма жойлашган ери бўйича ходимлар сони йигирма беш кишидан кўп бўлган доимий иш жойи яратган солиқ агентига татбиқ этилади.


(6-қ.) Ушбу модда бешинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган солиқ тўловчи акцизости маҳсулотни реализация қилиш бошланган пайтдан бошлаб ўн кун ичида автомобилларга ёқилғи қўйиш шохобчаси жойлашган ердаги солиқ органига акциз солиғи солиқ тўловчиси сифатида ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилиши шарт.


(7-қ.) Ушбу модда бешинчи қисмининг учинчи хатбошисида кўрсатилган солиқ агенти алоҳида бўлинма ташкил этилган пайтдан бир ой ўтганидан кейин ўн кун ичида алоҳида бўлинма жойлашган ердаги солиқ органига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчи солиқ агенти сифатида ҳисобга қўйиш учун мурожаат қилиши шарт.


(8-қ.) Солиқ органи солиқ тўловчига илгари берилган солиқ тўловчининг идентификация рақамига мувофиқ уни мурожаат қилган кунидан эътиборан уч иш кунидан кечиктирмай объектнинг жойлашган ери бўйича ҳисобга олади.


Қаранг: ВМнинг 2022 йил 2 апрелдаги 150-сон Қарори билан тасдиқланган Солиқ тўловчиларни солиқ органларида солиқ солиш объекти бўйича ҳисобга қўйиш юзасидан давлат хизматини кўрсатиш Маъмурий регламенти



132-модда. Солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари


(1-қ.) Ушбу Кодекснинг мақсадлари учун солиқ тўловчи тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари деганда солиқ тўловчи томонидан солиқ органларига тақдим этилган маълумотлар, шунингдек ушбу Кодекснинг 133-моддасида назарда тутилган тартибда органлар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан юборилган маълумотлар тушунилади.


(2-қ.) Юридик шахс тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари таркибига қуйидагилар киради, хусусан:

1) солиқ тўловчининг идентификация рақами;

2) тўлиқ ва қисқартирилган номи;

3) жойлашган ери (почта манзили);

4) ташкилий-ҳуқуқий шакли;

5) давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жойи ва рақами;

6) устав фондининг (устав капиталининг) миқдори - тижорат ташкилотлари учун;

7) алоҳида бўлинмалар тўғрисидаги маълумотлар;

8) Ўзбекистон Республикасининг резидентлари бўлган иштирокчилар солиқ тўловчисининг идентификация рақами, чет эллик иштирокчининг мамлакати ҳамда ҳар бир муассиснинг устав фондидаги (устав капиталидаги) улуши кўрсатилган ҳолда иштирокчиларнинг тўлиқ таркиби - тижорат ташкилотлари учун.


(3-қ.) Жисмоний шахслар тўғрисидаги ҳисоб маълумотлари таркибига уларнинг қуйидаги шахсга доир маълумотлари киритилади:

1) фамилияси, исми, отасининг исми;

2) фуқаролиги;

3) жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами;

4) паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг серияси ва рақами, берилган санаси ва жойи;

5) яшаш жойи (манзили).

(ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(4-қ.) Якка тартибдаги тадбиркорлар учун ҳисоб маълумотлари таркибига ушбу модданинг учинчи қисмида кўрсатилган маълумотлардан ташқари, қуйидагилар ҳам киритилади:

1) давлат рўйхатидан ўтказилган сана, жойи ва рақами;

2) фаолият тури;

3) фаолият амалга ошириладиган жой.


(5-қ.) Солиқ тўловчи солиқ органларининг маълумотлар базасида мавжуд бўлган ўз ҳисоб маълумотларини солиқ органининг сўровига кўра солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали тасдиқлаши керак. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонунига мувофиқ бешинчи қисми олтинчи қисм деб ҳисоблансин


(6-қ.) Солиқ тўловчилар тўғрисида ҳисоб маълумотларини юритиш, солиқ тўловчилар томонидан уларни тасдиқлаш, бу маълумотларни учинчи шахсларга тақдим этиш тартиби, шунингдек солиқ тўловчиларнинг айрим тоифалари учун маълумотлар таркибини шакллантиришнинг ўзига хос хусусиятлари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан келишилган ҳолда белгиланади. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



133-модда. Органлар, муассасалар ва ташкилотларнинг солиқ

органларига маълумотлар тақдим этиш мажбуриятлари


(1-қ.) Тадбиркорлик субъекти бўлган юридик ва жисмоний шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига ушбу шахслар давлат рўйхатидан ўтказилган кундан эътиборан ўн кундан кечиртирмай тегишли юридик шахсларнинг давлат реестридан кўчирмани, раҳбар (раҳбар вазифаларини бажарувчи шахс) тўғрисидаги маълумотларни, жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини ва унинг паспортига ёки идентификацияловчи ID-картасига оид маълумотларни топшириши шарт. Шунингдек мазкур органлар солиқ органига давлат реестрига киритилган ва тегишли шахсларга тааллуқли бўлган ҳар қандай ўзгартиришлар тўғрисида бундай ўзгартиришлар киритилган кундан эътиборан уч кундан кечиктирмай маълум қилиши шарт. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Ички ишлар органлари идентификацияловчи ID-карталар берилганлиги, шу жумладан йўқотилган ёки амал қилиш муддати ўтган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар ўрнига идентификацияловчи ID-карталар берилганлиги фактлари тўғрисида, бекор қилинган паспортлар ёки идентификацияловчи ID-карталар ҳақида ўзлари жойлашган жойдаги солиқ органларига ҳар ойда хабар бериб бориши, шунингдек турар жойни ижарага олиш (ижарага бериш) шартномаси, текин фойдаланишга бериш шартномаси мавжуд эмаслиги ёки ижарага олиш (ижарага бериш) шартномасининг солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйилишига риоя этилмаганлиги бўйича аниқланган фактлар тўғрисида ўзлари жойлашган жойдаги солиқ органларига уч кун ичида хабар бериши шарт. (ЎзР 14.03.2022 й. ЎРҚ-759-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(3-қ.) Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органлар тегишли ҳудудда жойлашган ер участкаси ва бошқа кўчмас мол-мулк, уларнинг мулкдорлари (эгалари) тўғрисидаги ахборотни давлат солиқ органларига реал вақт режимида электрон шаклда тақдим этиши шарт. (ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(4-қ.) Табиий ресурслардан фойдаланувчиларни ҳисобга олишни ва (ёки) уларни рўйхатдан ўтказишни, шунингдек табиий ресурслардан фойдаланиш билан боғлиқ фаолиятни лицензиялашни амалга оширувчи органлар табиатдан фойдаланиш жойидаги солиқ органларига тегишли тарзда рўйхатдан ўтказилган (лицензия, рухсатнома берилган) кундан эътиборан ўн кун ичида солиқ солиш объекти бўлган бундай ресурслардан фойдаланишга доир ҳуқуқлар бериш тўғрисида маълум қилиши шарт.


(5-қ.) Сув ресурсларини ҳисобга олишни амалга оширувчи органлар сувдан фойдаланиш ёки сувни истеъмол қилиш жойидаги солиқ органларига сувдан фойдаланувчи шахслар ва улар томонидан фойдаланилган сув ҳажмлари тўғрисида реал вақт режимида электрон шаклда ахборот тақдим этиши шарт. (ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(6-қ.) Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари соҳасидаги ваколатли органлар берилган, узайтирилган, тўхтатиб турилган, қайта тикланган, тугатилган, бекор қилинган, қайта расмийлаштирилган ва чақириб олинган лицензиялар, рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатлар, шунингдек жисмоний ва юридик шахслар томонидан ваколатли органларга юборилган хабарномалар тўғрисидаги маълумотларни кўрсатилган тартиб-таомиллардан ўтган шахслар жойлашган ердаги солиқ органларига электрон шаклда реал вақт режимида тақдим этиши шарт. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(7-қ.) Чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналарини аккредитациядан ўтказишни амалга оширувчи органлар ҳамда ташкилотлар чет эл юридик шахсларининг ваколатхоналари аккредитациядан ўтказилганлиги (аккредитациядан маҳрум этилганлиги) тўғрисидаги маълумотларни ваколатхона жойлашган ердаги солиқ органига тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан ўн кун ичида маълум қилиши шарт.


(8-қ.) Халқаро ташкилотларнинг ҳамда чет эл нотижорат ноҳукумат ташкилотларининг ваколатхоналари реестрини юритиш ваколатига эга бўлган орган мазкур реестрга тегишли тарзда киритилганлик (реестрдаги ўзгартиришлар) тўғрисидаги маълумотларни аккредитациядан ўтказилган (аккредитациядан маҳрум этилган) ёки мазкур реестрга маълумотлар (ўзгартиришлар) киритилган кундан эътиборан ўн кун ичида ваколатхона жойлашган ердаги солиқ органига хабар қилиши шарт.


(9-қ.) Васийлик ва ҳомийлик органлари мол-мулк мулкдорлари (эгалари) бўлган жисмоний шахсларга нисбатан васийлик, ҳомийлик ҳамда мол-мулк бошқаруви белгиланганлиги тўғрисида, шу жумладан мол-мулк мулкдори (эгаси) бўлган боланинг васий оилага топширилганлиги ҳақида, шу жумладан мазкур васийлик, ҳомийлик ва мол-мулк бошқаруви билан боғлиқ кейинги ўзгартиришлар тўғрисида тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан ўн кун ичида ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига маълум қилиши шарт.


(10-қ.) Нотариал ҳаракатларни амалга оширишга ваколатли бўлган органлар (муассасалар) кўчмас мулк олди-сотди шартномалари, мол-мулк ижараси шартномалари тасдиқланганлиги ва ижара ҳақи миқдори ҳақида, меросга эгалик қилиш ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномалар берилганлиги ҳамда ҳадя этиш шартномалари нотариал тарзда тасдиқланганлиги тўғрисида солиқ органларига ахборот-коммуникация технологиялари воситасида реал вақт режимида хабар қилиши шарт. Бунда ҳадя этиш шартномалари тасдиқланганлиги тўғрисида тақдим этилаётган ахборотда ҳадя қилувчи ва ҳадя олувчи шахс ўртасидаги қариндошлик даражаси тўғрисидаги маълумотлар бўлиши керак. (ЎзР 14.09.2021 й. ЎРҚ-714-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(11-қ.) Чет эллик фуқароларга ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга ишлаш учун рухсатномалар ёки патентлар беришни амалга оширувчи органлар чет эллик фуқаролар ёхуд фуқаролиги бўлмаган шахслар турган жойи бўйича миграция ҳисобига қўйилганлиги тўғрисидаги маълумотларни хабар қилиши шарт. Бундай маълумотлар солиқ органларида ҳисобда турмаган ва ўзига нисбатан ишлаш учун рухсатномани ёки патентни расмийлаштириш учун ҳужжатлар кўриб чиқишга қабул қилинган чет эллик фуқаролар ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан тақдим этилади. Мазкур органлар белгиланган ҳужжатлар қабул қилинган кундан кейин келадиган кундан кечиктирмай ушбу маълумотларни ўзлари жойлашган ердаги солиқ органларига хабар қилади.


(12-қ.) Қимматли қоғозларнинг марказий депозитарийси ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиртирмай Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасига ўзи ва инвестиция воситачилари томонидан рўйхатга олинган акцияларга доир битимлар тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.


(13-қ.) Божхона органлари ҳар ойда солиқ органларига:

экспорт-импорт операциялари тўғрисидаги, шунингдек товарларни олиб ўтиш, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали электрон тижорат шаклида амалга оширилган товарларни олиб ўтиш ҳақидаги;

Ўзбекистон Республикаси норезидентлари томонидан Ўзбекистон Республикасининг божхона омборларида товарлар сақланаётганлиги фактлари тўғрисидаги ахборотни тақдим этиши шарт.


(14-қ.) Интернет жаҳон ахборот тармоғи миллий сегментининг домен номлари тизимини белгиловчи орган солиқ органларига тегишли маълумотлар базасига уланиш учун дастурий маҳсулотларни тақдим этиш орқали домен номларининг маъмурлари тўғрисидаги ахборотларга кириш ҳуқуқини беради.


(15-қ.) Солиқ органларига ушбу моддада назарда тутилган, қоғозда ёки электрон шаклда тақдим этиладиган маълумотларнинг шакллари, шунингдек шаклларни тўлдириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан тасдиқланади.


(16-қ.) Маълумотларни солиқ органларига электрон шаклда тақдим этиш тартиби ўзаро ҳамкорлик қилувчи тарафларнинг келишуви билан белгиланади.


(17-қ.) Ушбу моддада кўрсатилган маълумотлар солиқ органларига бепул тақдим этилади.


(18-қ.) Ушбу моддада назарда тутилган маълумотлар ушбу моддада белгиланган органлар, муассасалар, ташкилотлар ёки нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ваколатига эга бўлган мансабдор шахслар томонидан солиқ органларининг сўровларига биноан сўров олинган кундан эътиборан беш кун ичида тақдим этилади.


(19-қ.) Муассасалар ва ташкилотлар томонидан солиқ органларига маълумотлар тақдим этиш мажбурияти қонунчиликда белгиланади. (ЎзР 30.12.2022 й. ЎРҚ-812-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



134-модда. Банкларнинг солиқ назоратини амалга

ошириш билан боғлиқ бўлган мажбуриятлари


(1-қ.) Банк ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахснинг (бундан буён ушбу моддада мижоз деб юритилади) ҳисобварағи ёки омонати (депозити) очилганлиги (ёпилганлиги), ҳисобварағи ёки омонати (депозити) реквизитларининг ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ахборотни тегишли ҳодиса рўй берган кундан эътиборан уч кун ичида электрон шаклда, ўзи жойлашган ердаги солиқ органига маълум қилиши шарт.


(2-қ.) Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ахборотни банк томонидан маълум қилиш тартиби ва шакллари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)


(3-қ.) Солиқ органининг банк мижозига нисбатан ахборот тақдим этиш тўғрисидаги сўровига биноан банк ёзма сўров олинган кундан эътиборан уч кун ичида солиқ органларига қуйидагиларни бериши шарт:

1) мижознинг банкда ҳисобварақлари ва омонатлари (депозитлари) мавжудлиги тўғрисидаги маълумотларни;

2) мижознинг ҳисобварақлари ва омонатларидаги (депозитларидаги) пул маблағларининг қолдиқлари ҳақидаги маълумотларни;

3) мижознинг ҳисобварақларидаги операцияларга ҳамда омонатларига (депозитларига) доир кўчирмаларни;

4) солиқ тўловчининг солиқ мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ бошқа маълумотларни.


(4-қ.) Ушбу модданинг учинчи қисмида назарда тутилган ахборот, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган ҳолларда чет давлат ваколатли органининг сўрови асосида ҳам солиқ органлари томонидан банкдан сўраб олиниши мумкин.


(5-қ.) Солиқ органи томонидан банкка сўров юбориш шакли ва тартиби ҳамда банклар томонидан солиқ органларининг сўровларига кўра ахборот тақдим этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади. (ЎзР 11.03.2022 й. ЎРҚ-758-сон Қонуни таҳриридаги қисм) (Олдинги таҳририга қаранг)



V БЎЛИМ.

СОЛИҚ НАЗОРАТИ


17-боб. Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар.

Солиқ текширувлари (135 - 155-моддалар)

18-боб. Солиқ текширувларининг ва солиқ назорати бошқа

чораларининг ҳуқуқий оқибатлари (156 - 168-моддалар)

19-боб. Солиқ мониторинги (169 - 175-моддалар)



17-БОБ. СОЛИҚ НАЗОРАТИ ТЎҒРИСИДАГИ

УМУМИЙ ҚОИДАЛАР. СОЛИҚ ТЕКШИРУВЛАРИ


135-модда. Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар

136-модда. Солиқ назоратининг шакллари

137-модда. Солиқ текширувларининг турлари

138-модда. Камерал солиқ текшируви

139-модда. Сайёр солиқ текшируви

140-модда. Солиқ аудити

141-модда. Солиқ аудитини ўтказиш муддати

142-модда. Солиқ аудитини ўтказиш муддатини узайтириш

143-модда. Солиқ аудитини ўтказишга доир чекловлар

144-модда. Мансабдор шахсларнинг солиқ

тўловчининг ҳудудига кириши

145-модда. Ҳудудни ва биноларни кўздан кечириш

146-модда. Солиқ текширувини ўтказишда

ҳужжатларни талаб қилиб олиш

147-модда. Учинчи шахслардан ҳужжатларни

(ахборотни) талаб қилиб олиш

148-модда. Ҳужжатлар ва буюмларни олиб қўйиш

149-модда. Гувоҳнинг иштироки

150-модда. Экспертиза

151-модда. Мутахассисни жалб этиш

152-модда. Таржимоннинг иштироки

153-модда. Солиқ назоратини амалга оширишга доир

ҳаракатларнинг холислигини таъминлаш

154-модда. Солиқ назорати доирасида ҳаракатларни амалга

ошириш чоғидаги баённомага қўйиладиган умумий талаблар

155-модда. Солиқ текширувини ўтказиш чоғида ғайриқонуний

ҳаракатлар орқали зарар етказилишига йўл қўймаслик



135-модда. Солиқ назорати тўғрисидаги умумий қоидалар


(1-қ.) Ваколатли органларнинг солиқ тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилишга доир фаолияти солиқ назоратидир. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Солиқ назорати мақсадида ушбу Кодекснинг 133-моддасида кўрсатилган давлат органлари, муассасалари, ташкилотлар ва мансабдор шахслар солиқ тўловчиларни солиқ бўйича ҳисобга олиш учун зарур бўлган маълумотларни ушбу Кодексда белгиланган тартибда солиқ органларига тақдим этиши шарт.


(3-қ.) Солиқ назорати мақсадида банклар ушбу Кодекснинг 134-моддасида ўз зиммасига юклатилган мажбуриятларни бажаради.


(4-қ.) Солиқ, божхона органлари ва бошқа ваколатли органлар, прокуратура органлари ҳамда тергов органлари солиқ тўғрисидаги қонунчилик бузилишлари, ўзлари олиб бораётган солиқ текширувлари ҳақидаги ўзида мавжуд материаллар тўғрисида бир-бирини хабардор қилади. Шунингдек мазкур органлар ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариш мақсадида бошқа зарур ахборот билан алмашишни амалга оширади. Бундай хабардор қилиш тартиби мазкур органлар ўртасидаги келишувлар билан белгиланади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(5-қ.) Солиқ тўловчи (солиқ агенти) тўғрисида қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган ҳужжатлар ёки бошқа ахборот ушбу шахсни солиққа оид ҳуқуқбузарликни содир этганлик учун жавобгарликка тортишга асос бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(6-қ.) Солиқ назорати материаллари Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда солиқ тўловчи ҳисобда турган жойдаги солиқ органида текширув тугаган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтказилиши керак.



136-модда. Солиқ назоратининг шакллари


(1-қ.) Солиқ органлари солиқ назоратини:

1) солиқ текширувлари;

2) солиқ мониторинги шаклида амалга оширади.


(2-қ.) Божхона органлари товарларнинг Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали олиб ўтилиши муносабати билан тўланиши лозим бўлган солиқларга нисбатан ўз ваколатлари доирасида ушбу Кодексга ва божхона тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ солиқ назоратини амалга оширади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)



137-модда. Солиқ текширувларининг турлари


(1-қ.) Солиқ текширувлари солиқ тўловчилар, йиғимларни тўловчилар ва солиқ агентлари томонидан солиқ тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан назорат қилиш мақсадида ўтказилади. (ЎзР 21.04.2021 й. ЎРҚ-683-сон Қонуни таҳриридаги қисм)


(2-қ.) Солиқ текшируви солиқ тўловчи тўғрисида солиқ органларида мавжуд бўлган маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида амалга оширилади.


(3-қ.) Солиқ органлари солиқ текширувларининг қуйидаги турларини ўтказади:

1) камерал солиқ текшируви;

2) сайёр солиқ текшируви;

3) солиқ аудити.


(4-қ.) Тадбиркорлик субъектлари юқори барқарорлик рейтингининг "ААА" тоифасидаги тадбиркорлик субъектларига нисбатан (бундан давлат корхоналари ҳамда устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар мустасно) солиқ текширувлари ўтказилмайди (бундан жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар мустасно). (ЎзР 15.11.2024 й. ЎРҚ-1000-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)



138-модда. Камерал солиқ текшируви


(1-қ.) Камерал солиқ текшируви солиқ тўловчи (солиқ агенти) томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботини, молиявий ҳисоботни, шунингдек солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатлар ҳамда маълумотларни таҳлил қилиш асосида солиқ органи томонидан ўтказилади.


(2-қ.) Камерал солиқ текширувида қуйидаги солиқ назорати тадбирларини ўтказиш тақиқланади, бундан қўшилган қиймат солиғи суммасининг ўрнини қоплаш (қайтариш) мақсадида ўтказиладиган камерал солиқ текшируви мустасно:

1) солиқ тўловчининг ҳудудига кириш;

2) солиқ тўловчининг ҳудудини ва биноларини кўздан кечириш;

3) солиқ тўловчидан ҳужжатларни талаб қилиб олиш ва уни чақиртириш;

4) солиқ тўловчининг ҳужжатлари ва буюмларини олиб қўйиш.

(ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонунига мувофиқ киритилган қисм)


ЎзР 28.12.2023 й. ЎРҚ-891-сон Қонунига мувофиқ иккинчи-йигирма тўртинчи қисмлари учинчи-йигирма бешинчи қисмлар деб ҳисоблансин


(3-қ.) Солиқ органлари камерал солиқ текшируви ўтказилиши бошлангунига қадар текширувдан олдинги таҳлилни ўтказиши мумкин. (ЎзР 29.12.2021 й. ЎРҚ-741-сон