ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Тиббиёт саноати. Микробиология саноати /

2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш Концепцияси (ЎзР Президентининг 30.12.2019 й. ПҚ-4554-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2019 йил 30 декабрдаги

ПҚ-4554-сон қарорига

1-ИЛОВА



2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг

фармацевтика тармоғини ривожлантириш

КОНЦЕПЦИЯСИ


2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепцияси (кейинги ўринларда - Концепция) аҳоли касалликларининг олдини олишни, фармакотерапиянинг самарадорлиги ва юқори сифат даражасини таъминлайдиган, пировардида инсон ҳаётининг давомийлиги васифатини оширишга ёрдам берадиган фармацевтика секторининг барқарор фаолиятини ташкил этишга қаратилган.

Фармацевтика тармоғини ислоҳ қилиш мамлакатда дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш, фармацевтика секторини модернизациялаш, чуқур илм талаб қиладиган ва юқори технологияли янги ишлаб чиқаришларни яратиш, фармацевтика маҳсулотлари ва хизматларининг экспортини ўстириш, илғор илмий ва технологик ишланмаларни рағбатлантириш ва ташқи бозорларга бўлган қарамликни минималлаштириш борасида кўмаклашишга қаратилган.



1-БОБ. ФАРМАЦЕВТИКА ТАРМОҒИНИНГ

ЖОРИЙ ҲОЛАТИ ТАҲЛИЛИ


Сўнгги беш йил ичида маҳаллий фармацевтика бозориянги турдаги маҳсулотларни ўзлаштириш ва ишлаб чиқариш ҳажмларининг ортишида ўсиш суръатларини кўрсатди.

Чунончи, 2014 йилда 520 миллиард сўмдан ортиқ фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, 2018 йилда 1,5 триллион сўмдан ортиқ миқдорда маҳсулот ишлаб чиқарилди ёки ўсиш ўртача 3 бараварни ташкил этди.

Ушбу даврда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ҳажми ўртача 4 марта ўсиб, тайёр дори воситалари 360 миллион шартли бирликдан ортиқ, тиббий буюмлар 490 миллион шартли бирликдан ортиқни ташкил қилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи 191 та маҳаллий корхоналар фаолият юритмоқда. Улардан 95 таси турли хил дори воситаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган, 23 таси тиббий техника, 62 таси тиббий буюмлар, 11 таси ҳам дори воситалари, ҳам тиббий буюмлар ишлаб чиқаради.

Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасида 9 736 та дори воситалари учун тиббиёт амалиётида фойдаланишга рухсат берилган, шу жумладан 2 634 номдаги маҳаллий дори воситалар, 1 759 номдаги тиббий буюмлар, улардан 284 таси ўзимизда ишлаб чиқарилади, шунингдек, 1 666 номдаги тиббий техника, улардан 78 таси ўзимизда ишлаб чиқарилмоқда.

Ўзбекистонда фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун етарли хомашё базаси мавжуд. Хусусан, 4 500 га яқин ўсимлик турлари ўсади, 51 та фармацевтика корхонаси доривор ўсимликларни қайта ишлаш билан шуғулланади.

Ўтган давр мобайнида ихтисослаштирилган илмий-тадқиқот институтларининг олимлари томонидан 10 мингдан ортиқ янги кимёвий моддалар ажратиб олинди ва синтез қилинди, 2 мингдан ортиқ ўсимлик моддаларининг фармакология ва токсикологияси ўрганилди, 70 га яқин дори препаратлари ва биологик фаол қўшимчаларнинг клиник тадқиқотлари ўтказилди, 45 та дори препаратлари тиббиёт амалиётида қўллаш учун тавсия этилди.

Ҳозирги вақтда институтларнинг тажриба ишлаб чиқаришларида 30 дан ортиқ дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар тайёрланмоқда. 2016 йилдан бошлаб ОИВ 3 ва 4-авлодлари, В ва C гепатити, шунингдек, сифилис учун ИФА тест тизимларини ишлаб чиқариш ва реализация қилиш ташкил этилди.

Ўзбекистоннинг доривор флорасига чет элда ҳам талаб катта. Республика ҳар йили 18 миллион АҚШ долларидан ортиқ миқдорда 5 минг тоннадан ортиқ ўсимлик хомашёси ва унинг асосида ишлаб чиқарилган дори препаратларини экспорт қилмоқда.

Бироқ, Ўзбекистоннинг доривор ўсимликлар етиштириш салоҳиятидан етарли даражада тўлиқ фойдаланилмаяпти, бу эса, ўз навбатида, доривор ўсимлик хомашёси асосида талаб юқори бўлган дори воситаларини серияли ишлаб чиқаришнинг етарли даражада эмаслигига олиб келди. Республика ҳудудида ўсадиган доривор ўсимликларнинг 577 туридан фақат 112 тури тиббиёт амалиётида 100 дан ортиқ номдаги дори воситаларини ишлаб чиқаришда фойдаланилмоқда.

2018-2019 йилларда умумий қиймати 152,1 миллион АҚШ долларига тенг 50 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 2 164 янги иш ўринлари яратилди. Шу жумладан ташкил этилган фармацевтика эркин иқтисодий зоналарида ушбу даврда умумий қиймати 70 миллион АҚШ долларига тенг 11 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилди ва 850 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғининг ҳозирги ҳолати таҳлили шуни кўрсатдики, маҳаллий фармацевтика тармоғи аҳоли ва даволаш-профилактика муассасаларининг фармацевтика маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини етарли даражада қаноатлантирмаяпти.

Хусусан, фармацевтика саноати чиқарилаётган маҳсулот турлари бўйича иқтисодий ривожланган мамлакатларнинг шундай секторларидан ортда қолмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мавжуд қувватлари аҳоли ва тиббиёт муассасаларининг дори воситалари ва тиббий буюмларига бўлган эҳтиёжининг 27 фоизини қоплайди холос.

Айни пайтда, АҚШ, Германия ва Франция каби ривожланган хорижий мамлакатларда маҳаллий фармацевтика саноатининг фармацевтика бозори умумий ҳажмидаги улуши 75 фоизни ташкил этади.

Айниқса, кардиожарроҳлик, нейрожарроҳлик, травматология ва бошқа соҳаларда юқори технологик жарроҳлик аралашувларда ишлатиладиган жарроҳлик асбоб-ускуналари, бир марталик стерил катетерлар, ўтказгичлар, тикув материаллари, диализаторлар, анестетик ва нафас олиш ускуналари, сарф материалларинингетишмовчилиги яққол сезилмоқда.

Дори воситаларининг ишлаб чиқариш шакллари бўйича таҳлиллар шуни кўрсатдики, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг умумий бозордаги улуши қарийб 45 фоизни ташкил қилмоқда (дамламалар 100 фоиз, ампулалар 85 фоиз, эритмалар 80 фоиз, суюқ дори воситалари 60 фоиз, концентратлар 51 фоиз, шамчалар 41 фоиз, сироплар 40 фоиз, малҳамлар 38 фоиз, капсулалар 33 фоиз, суспензиялар 29 фоиз, таблеткалар 24 фоиз, томчи дорилар 23 фоиз, кукун дорилар 20 фоиз, геллар 4 фоиз).

Шу билан бирга, яллиғланишга қарши ва диагностик воситалар, токсикология, гинекология, акушерлик, иммунология, гематология, онкология ва стоматология соҳасидаги дори препаратлари деярли ишлаб чиқарилмайди (10 фоиздан кам).

Бугунги кунда, дори воситалари ишлаб чиқарувчи 95 та маҳаллий фармацевтик корхоналардан 10 тасида "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти" - GMP талаблари жорий этилган.

Маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналарда халқаро стандартлар, шу жумладан фармацевтик корхоналарда дори воситалари сифати ва хавфсизлигини тартибга солувчи "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти" (GMP), "Зарур фармназорат амалиёти" (GVP) ва ISO 13485 талабларини жорий этиш бўйича етарли даражада ташкил этилмаганлиги, ташқи ва ички бозорда рақобатбардош самарадор ва хавфсиз фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқариш имкониятларини чеклайди.

Дистрибьюторлик амалиётида сифат ва хавфсизлик тизимини бошқаришга қаратилган (GDP) "Зарур фармацевтика амалиёти"ни (GxP), умуман, маҳсулотнинг бутун ҳаётий даврида унинг самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминловчи клиниколди (GLP) ва клиник тадқиқотлар ўтказишни (GCP) жорий этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Шунингдек, дори препаратларининг биотехнологияси, дори моддаларининг кимёвий технологияси, тайёр дори воситалари вафитопрепаратлар технологияси, фармация иқтисодиёти ва уни бошқариш, фармацевтик кимё ва микробиология каби муҳим йўналишларда фармацевтика тармоғидаги ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини янада такомиллаштириш талаб этилади.



2-БОБ. ФАРМАЦЕВТИКА ТАРМОҒИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

МАҚСАДЛАРИ


Фармацевтика тармоғини янада ривожлантиришнинг асосий мақсадлари қуйидагиларни амалга ошириш орқали уни миллий иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг стратегик тармоғига айлантиришга, шунингдек, ушбу Концепциянинг иловасига мувофиқ Мақсадли кўрсаткичларга эришишга қаратилган:

фармацевтика маҳсулотлари ва хизматлари сифатини назорат қилиш, рўйхатдан ўтказиш ва сертификатлаштириш давлат тизимини такомиллаштириш;

маҳаллий ишлаб чиқариш тармоғини "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти" (GMP) талабларига мувофиқлаштириш орқали ривожланишнинг инновацион моделига ўтказиш ва унинг рақобатбардошлигини ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

ўсимлик хомашёсини чуқур қайта ишлаш асосида дори субстанциялари ишлаб чиқаришни ташкил этиш ҳамда хомашёни синтез қилиш ва доривор моддалар ишлаб чиқариш технологиясини ишлаб чиқиш;

фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришга хорижий инвестицияларни, илғор халқаро тажриба ва технологияларни фаол жалб этиш.

Мазкур Концепция 2024 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси фармацевтика тармоғини ривожлантиришнинг қуйидаги асосий мақсадларини белгилайди:


1. Соғлиқни сақлаш муассасалари ва республика аҳолисининг эҳтиёжини қаноатлантирадиган, биринчи навбатда, Асосий дори воситалари рўйхатига (АДВР) киритилган хавфсиз, самарадор, ҳаммабоп ва сифатли маҳаллий дори воситалар ва тиббий буюмларни ишлаб чиқаришни таъминлаш.


2. Илғор илмий тажриба ва замонавий технологияларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқариладиган фармацевтика маҳсулотлари турларини кенгайтириш, шунингдек, инновацион фармацевтика маҳсулотларини яратиш ва ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, замонавий объектларни ишга тушириш ҳамда мавжуд объектларнинг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлаш орқали фармацевтика саноатини ривожлантириш.


3. Ташкилотлар ва корхоналарнинг дори воситаларини яратиш ва ишлаб чиқариш бўйича халқаро талаблар билан уйғунлаштирилган стандартлар меъёрларига мувофиқлигини таъминлаш орқали маҳаллий фармацевтика тармоғини ривожлантириш.


4. Дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқариш бўйича замонавий рақобатбардош ишлаб чиқаришларни ташкил этиш учун, шу жумладан хорижий фармацевтика корхоналарининг инвестициялари ва илғор технологияларини жалб этиш.


5. Кейинчалик дори воситалари ишлаб чиқариш учун доривор ўсимликлар хомашёси асосида субстанциялар ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва маҳаллийлаштириш.


6. Фаолият кўрсатаётган ишлаб чиқариш қувватларини модернизациялаш, кўпайтириш ва янги турдаги дори воситаларини ўзлаштириш ҳисобига, шунингдек, инвестицияларни жалб қилиш орқали дори воситаларининг импортини қисқартириш.


7. Маҳаллий корхоналарда "Зарур ишлаб чиқариш амалиёти" (GMP), "Зарур фармназорат амалиёти" (GVP), шунингдек, дистрибьюторлик фаолиятида сифат ва хавфсизлик тизимини бошқариш (GDP), клиниколди (GLP) ва клиник тадқиқотларни ўтказишни (GCP) тартибга солишга қаратилган амалиётларни босқичма босқич жорий этиш.


8. Нархларни шакллантириш механизмларини такомиллаштириш, дори препаратларини маркировкалаш ва кузатиш тизимларини жорий этиш.


9. Замонавий халқаро талабларга мувофиқ дори воситалари ва тиббий буюмларни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш ва сифатини назорат қилиш, клиниколди ва клиник тадқиқотлар ўтказиш соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш орқали миллий регулятор орган салоҳиятини мустаҳкамлаш.


10. Илғор халқаро тажриба асосида республиканинг фармацевтика тармоғи учун, шу жумладан дори препаратларининг биотехнологияси, дори моддаларининг кимёвий технологияси, тайёр дори воситалари ва фитопрепаратлар технологияси, фармация иқтисодиёти ва уни бошқариш, фармацевтик кимё ва микробиология каби муҳим соҳаларда мутахассисларни юқори сифатли тайёрлашни таъминлаш.


11. Фармацевтика тармоғидаги кадрларни халқаро стандартлар бўйича қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг самарали тизимини яратиш.


12. Таълим, илм-фан ва ишлаб чиқаришни чуқур интеграциялаш орқали ишлаб чиқариш, сертификатлаш ва стандартлаштириш, фармацевтик маҳсулотларнинг клиниколди ва клиник тадқиқотлари бўйича янги технологияларни ишлаб чиқиш ва мослаштиришга қаратилган фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотлар самарадорлигини тубдан ошириш.


13. Оригинал дори воситаларини, шунингдек, талаб юқори бўлган оригинал дори воситалари негизида генерик дори препаратларини (генерикларни) ишлаб чиқишга мўлжалланган замонавий ўқув лаборатория ва тадқиқот марказларини ташкил этиш.



3-БОБ. ФАРМАЦЕВТИКА ТАРМОҒИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ


1-§. Норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш


1. Фармацевтика тармоғини жадал ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш (Ўзбекистон Республикасининг "Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида"ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш), халқаро меъёр ва стандартларни имплементация қилиш.


2. Халқаро тажрибаларни татбиқ этган ҳолда, шу жумладан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти иштирокида дори воситаларини ишлаб чиқиш, стандартлаштириш, рўйхатга олиш, ишлаб чиқариш, уларнинг сифатини назорат қилиш, клиник олди ва клиник тадқиқотлар соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани GxP "зарур амалиётлар" талабларига мувофиқлаштириш.


3. Тайёр дори препаратини рўйхатдан ўтказиш жараёнида маҳсулотнинг юқори сифати ва хавфсизлигини таъминлаган ҳолда доривор субстанцияларни рўйхатдан ўтказиш талабларини соддалаштириш нуқтаи назаридан миллий қонунчиликни такомиллаштириш.


4. Дори воситаларини нооқилона тайинлаш ҳамда манфаатлар тўқнашуви ва коррупция белгиларининг олдини олиш мақсадида шифокорлар ва фармацевтлар томонидан дори воситаларини тўғри тайинлаш ва қўллаш қоидаларига риоя этилишини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш.



2-§. Фармацевтика тармоғи ривожланишини

рағбатлантириш усуллари


1. Янги фармацевтика маҳсулотини яратиш, шунингдек, чет элда фармацевтика маҳсулотини рўйхатдан ўтказиш жараёнида уни илгари суриш харажатларини қоплаш кўринишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини амалга ошириш.


2. Маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни илгари мамлакатда ишлаб чиқарилмаган импорт ўрнини босувчи дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга рағбатлантириш.


3. Инновацион фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва яратишга қаратилган илмий тадқиқотларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш.


4. Тижорат банкларининг молиявий маблағлари ва бошқа бюджетдан ташқари манбаларни фармацевтика тармоғини ривожлантириш учун жалб қилишнинг самарали механизмини ишлаб чиқиш.



3-§. Халқаро стандартларга мувофиқ фармацевтика

маҳсулотлари сифатини таъминлаш


1. GxP ва ISO "зарур амалиётлар" талабларини жорий этиш орқали фармацевтика маҳсулотининг бутун айланиш даврида сифатни бошқариш тизимини яратиш.


2. GxP "Зарур фармацевтика амалиёти" қоидаларини жорий қилиш бўйича расмий методик қўлланмалар яратиш ва нашр этиш, уларни татбиқ этиш бўйича малака ошириш курслари, консультациялар ва бошқа тадбирларни ташкил этиш.


3. Фармацевтика маҳсулотларини давлат рўйхатидан ўтказишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни халқаро талабларга мувофиқ ҳолга келтириш, шу жумладан хорижий ишлаб чиқаришларни инспекция қилиш амалиётини жорий этиш.


4. Халқаро ва давлатлараро эксперт органлари, хусусан, фармацевтика маҳсулотларини стандартлаштириш ва рўйхатдан ўтказиш бўйича комиссиялар ишида фаол иштирок этиш.


5. Ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотларининг сифати ва рақобатбардошлигини ошириш мақсадида маҳаллий синов лабораториялари томонидан халқаро аккредитация олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.



4-§. Фармацевтика маҳсулотларининг

янги турларини ишлаб чиқиш


1. Ўсимликлар, микроорганизмлар ва ҳайвонлардан фармацевтика тармоғида фойдаланишга мўлжалланган биологик фаол моддалар олишнинг янги технологияларини ишлаб чиқиш.


2. Энг самарали генерик дори воситалари турларини кенгайтириш, яхшиланган фармакокинетик ва фармакодинамик хусусиятларга эга янги замонавий инновацион дори шаклларини, фаол модданинг организмга мақсадли таъсир қилиш тизимларини яратиш.


3. Ички ва ташқи бозор талабларига самарали жавоб бериш учун илмий-техник салоҳиятни ва чуқур илм талаб қиладиган фармацевтика ишлаб чиқаришларни ривожлантириш.


4. Давлат-хусусий шериклик механизмларини татбиқ этиш ва ундан амалиётда, шу жумладан мамлакатимизда аввал ишлаб чиқарилмаган фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этишда кенг фойдаланиш.


5. Вакциналар, биринчи навбатда, миллий эмлаш календарига киритилган иммунодиагностикумлар, иммунотроп препаратлар, хавфли юқумли касалликларнинг (сил, ОИТС ва бошқалар) қўзғатувчиларига қарши юқори самарали янги авлод иммунобиологик препаратларини маҳаллий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилишини ташкил этиш.



5-§. Тиббиёт буюмлари, тиббий техника ҳамда дори

воситаларини, шу жумладан доривор ўсимликлар

хомашёсидан тайёрланган дори воситаларини

ишлаб чиқариш


1. Бугунги кунда импорт ҳажми ҳам пул, ҳам натурал шаклда катта улуш эгаллаётган генерик дори воситалар импорти ўрнини босувчи препаратларнинг устувор рўйхатини аниқлаш.


2. Ўсимлик хомашёсидан дори воситалари олиш учун замонавий технологик жараёнларни жорий этиш, энг истиқболли ўсимликларни плантацияларда етиштириш ва уларнинг наслчилигини устувор ривожлантириш.


3. Доривор ўсимликларни йиғиш ва бирламчи қайта ишлашнинг замонавий тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш, ёввойи ҳолда ўсувчи доривор ўсимликлар захирасини аниқлаштириш.


4. Тармоқни жадал ривожлантириш учун тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ва етакчи хорижий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларни жалб этиш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш.


5. Мамлакатимизда ва хорижда талаб юқори бўлган фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун зарур бўлган ишлаб чиқариш, йўл-транспорт ва бошқа инфратузилмани ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш.



6-§. Экспорт салоҳиятини кенгайтириш


1. Фармацевтика саноати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларининг ишлаб чиқариш қувватларини ташқи бозорларда рақобатбардош даражада технологик қайта жиҳозлаш.


2. Маҳаллий фармацевтика маҳсулотларини хорижда илгари суриш бўйича самарали стратегияни ишлаб чиқиш.


3. Республикада фармацевтика тармоғини ривожлантириш ва экспорт ҳажмини ошириш учун етакчи хорижий ишлаб чиқарувчилар билан фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи қўшма корхоналар ташкил этиш.


4. Маҳаллий фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларнинг ўз маҳсулотларини илгари суришда фармацевтика соҳасидаги халқаро тадбирларда (кўргазмалар, ярмаркалар, форумлар, реклама ва имиж тадбирлари) иштирокини рағбатлантириш.


5. Савдо бозорларини кенгайтириш мақсадида, шу жумладан фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш бўйича хорижий мамлакатлардаги тендерларда иштирок этиш орқали фармацевтика маҳсулотлари халқаро савдоси тизимига қўшилиш.



7-§. Юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш


1. Саноат фармацевтикаси бўйича малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, таълимни амалиётга йўналтирган ҳолда соҳадаги маҳаллий ва хорижий таълим муассасалари негизида илғор технологияларни ўзлаштириш.


2. Фармацевтика тармоғидаги ҳозирги тенденциялар ва ривожланиш эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, таълим жараёнининг илмий ва ўқув-услубий таъминотини такомиллаштириш, фармацевтика саноати учун мутахассислар тайёрлаш сифатини яхшилаш.


3. Маҳаллий тармоқ таълим муассасаларини халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида уларнинг моддий-техник базасини янгилаш.


4. Хорижий фармацевтика таълим муассасалари билан кенг ҳамкорлик қилиш, шу жумладан республикада уларнинг филиаллари ва факультетларини очиш.


5. Тармоқларда ўзаро ҳамкорлик ва очиқ курслардан фойдаланиш орқали хорижий таълим муассасалари ресурсларидан фойдаланиш, шунингдек, миллий электрон таълим платформаларини ривожлантириш ва электрон таълим муҳитини шакллантириш ҳисобига таълим имкониятларини кенгайтириш.



8-§. Инновацион илмий-амалий фармацевтика

кластерини ташкил қилиш


Қуйидагиларни кўзда тутувчи инновацион илмий-амалий фармацевтика кластерини ташкил қилиш:

фармацевтика тармоғида таълим, фан, амалиёт ва ишлаб чиқаришни интеграциялаш учун зарур шарт-шароитлар ва инфратузилмани яратиш ҳамда ривожлантириш;

фармацевтика тармоғи илмий тадқиқот муҳитида қулай шарт-шароитлар яратиш ва уни халқаро илмий тадқиқот марказларига интеграциялаш;

фармацевтика соҳаси мутахассисларини халқаро талаблар ва замонавий фармацевтика тармоғида зарур бўлган мутахассисликларга мос ҳолда тайёрлаш сифатини оширишга кўмаклашиш;

фармацевтика тармоғидаги маҳаллий корхоналарга етакчи хорижий фармацевтика компаниялари билан ҳамкорликни йўлга қўйишда, инновацион илмий-амалий фармацевтика кластери негизида тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўлиқ технологик циклини яратиш орқали ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош юқори сифатли фармацевтика маҳсулотларининг янги турларини ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда кўмаклашиш.



4-БОБ. КУТИЛАЁТГАН НАТИЖАЛАР


Концепцияни амалга оширишдан кутилаётган натижалар қуйидагилар бўлиши зарур:

устувор дори воситалари, шу жумладан иммунобиологик препаратлар номенклатурасига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг дори-дармон хавфсизлигини таъминлаш;

ички бозорда маҳаллий фармацевтика маҳсулотларининг улушини қиймат жиҳатидан 50 фоизгача ошириш;

республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган дори воситаларининг ишлаб чиқариш номенклатурасини кенгайтириш, шу жумладан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар портфелидаги инновацион дори воситалари улушини қиймат жиҳатидан 50 фоизгача ошириш;

2020-2024 йилларда фармацевтика тармоғига 100 миллион АҚШ доллари миқдорида қўшимча тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилиш;

2019 йилга нисбатан фармацевтика маҳсулотлари экспортини 3 баравар ўстириш;

кадрлар тайёрлаш, ўқув марказларини жиҳозлаш, аккредитация ва стандартлаштиришни ривожлантириш, энг янги ускуналар билан жиҳозланган замонавий лабораторияларни яратиш соҳасидаги халқаро тажрибани татбиқ қилиш.






Концепцияга

ИЛОВА



2020-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасининг

фармацевтика тармоғини ривожлантириш концепциясини

амалга ошириш самарадорлигининг мақсадли

КЎРСАТКИЧЛАРИ

Т/р

Кўрсаткичлар

ҳозирги

ҳолат


2020

йил


2021

йил


2022

йил


2023

йил


2024

йил


1.

Маҳаллий дори шаклларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг маҳсулот кўринишдаги ифодаси (фоизларда).


45

50

55

60

65

70

2.

Маҳаллий дори шаклларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг пул маблағлари кўринишидаги ифодаси (фоизларда).


27

30

35

40

45

50

3.

Ишлаб чиқилаётган маҳаллий дори воситалари сони.


23

27

31

35

40

47

4.

Ўзбекистон Республикасида тиббиёт амалиётида фойдаланиш учун рухсат этилган маҳаллий ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари сони.


2 918

3 100

3 450

3 800

4 150

4 500

5.

Чет элда рўйхатдан ўтган маҳаллий ишлаб чиқарилган фармацевтика маҳсулотлари сони.


250

280

300

330

345

370

6.

Фармацевтика маҳсулотларини экспорт қилиш ҳажми (млн. AҚШ долл.).


28

35

40

55

70

85

7.

Фармацевтика корхоналари сони.


191

196

203

209

215

220

8.

Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни ташкиллаштирган хорижий фармацевтика компаниялари сони.


4

6

10

14

18

20

9.

GMP сертификатига эга бўлган фармацевтика корхоналарининг сони (фоизларда).


9

40

70

100

100

100

10.

Малака оширишдан ўтган, шу жумладан халқаро амалиёт, қоидалар ва стандартлар бўйича малака оширган фармацевтика тармоғидаги мутахассислар сони.


200

250

300

400

500

600

        


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 1 январь






































Время: 0.0330
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск