ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Халқаро алоқалар / Халқаро ҳамкорлик / Дипломатик, иқтисодий ва бошқа алоқаларни ривожлантириш ва янада чуқурлаштириш масалалари / Осиё /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.12.2019 й. ПҚ-4553-сон "Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.2019 й.

N ПҚ-4553



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВА ЯПОНИЯ ЎРТАСИДА ИККИ ТОМОНЛАМА

ҲАМКОРЛИКНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШ ВА

МУСТАҲКАМЛАШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ

ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи Ўзбекистон-Япония кенг қамровли ҳамкорлик алоқалари тарихида янги саҳифа очди.

Дўстона ва конструктив муҳитда ўтган самарали икки томонлама музокаралар ва тадбирлар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлашда ҳал қилувчи омил бўлган олий даражадаги мулоқотни келгусида яна давом эттириш муҳим эканлигини тасдиқлади.

Икки давлат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, технологик, молиявий ва маданий-гуманитар соҳаларда узоқ муддатли ҳамкорликни илгари суришга қаратилган Стратегик ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида қўшма баёнотнинг имзоланиши ўтказилган учрашувлар ва музокаралар натижаси бўлди.

Ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар ҳамда икки давлатнинг манфаатдор ташкилотлари, етакчи компаниялари ва банклари ўртасида битимларнинг йирик тўплами имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг тўлиқ ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси ва Япония ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш бўйича амалий харакатлар режаси ("Йўл харитаси") 1-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17-20 декабрь кунлари Японияга расмий ташрифи давомида имзоланган ҳужжатларни ўз вақтида ижро этиш бўйича амалий харакатлар режаси ("Йўл харитаси") 2-иловага* мувофиқ;

Инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини ўз вақтида ижро этиш бўйича амалий ҳаракатлар режаси ("Йўл харитаси") 3-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга расмий ташрифи давомида имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш масалалари бўйича Ишчи гуруҳ (кейинги ўринларда - Ишчи гуруҳ) таркиби 4-иловага* мувофиқ;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Японияга расмий ташрифи давомида эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг ўз вақтида ва сўзсиз амалга оширилишини мониторинг ҳамда назорат қилишни таъминлаш механизми 5-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда:

мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномаларини амалга оширишнинг тармоқ жадвалларини;

Тошкент вилояти ва Аичи префектураси, Тошкент ва Нагоя, Самарқанд ва Нара шаҳарлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар, илмий-техникавий ҳамкорлик алоқаларини чуқурлаштириш бўйича "йўл хариталари"ни тасдиқласин.


3. Қуйидагилар Ишчи гуруҳнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

имзоланган ҳужжатларнинг сўзсиз ва сифатли бажарилиши устидан доимий ва тизимли мониторинг ҳамда назоратни ташкил қилиш;

ҳар ҳафта мазкур қарор билан тасдиқланган амалий харакатлар режалари ("йўл хариталари")нинг сўзсиз ижросини таъминлаш бўйича масъул ижрочилар - вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарлари томонидан кўрилаётган амалий чора-тадбирлар тўғрисидаги ҳисоботларни эшитиш;

икки томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича жорий масалаларни тезкор ҳал қилиш учун Ишчи гуруҳ, вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар вакилларининг Японияга мунтазам хизмат сафарлари амалга оширилишини таъминлаш.


4. Қуйидагиларга:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчисига (Р.А. Гулямов) Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги ва Халқаро ҳамкорлик бўйича Япония банки билан ўзаро алоқаларни мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосарига (А.А. Абдухакимов) вазирлик ва идораларнинг таълим ва маданий-гуманитар алмашув соҳасидаги ҳамкорлик бўйича япон томони билан ўзаро алоқаларини мувофиқлаштириш;

инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосарига (Л.Ш. Қудратов) савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик дастурлари ва лойиҳаларини ўз вақтида ҳамда тўлиқ ҳажмда амалга ошириш бўйича вазирлик ва идораларнинг ишлари, шунингдек, япон компаниялари билан ўзаро биргаликдаги натижадор фаолияти самарали мувофиқлаштиришини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори вазифасини бажарувчи (К.И. Алламжонов), Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси (А.Д. Ходжаев), инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосарига (Л.Ш. Қудратов) Япония билан икки томонлама ҳамкорликнинг ривожланиш суръатларини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш вазифаси юклатилсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги марказий аппарати тузилмасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган 4 та штат бирлигини қўшимча ажратиш орқали Япония билан ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси тузилсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 28 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида"ги ПҚ-4135-сон қарорига 6-иловага* мувофиқ қўшимча ва ўзгартиришлар киритилсин.


6. 2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонаси (кейинги ўринларда - Элчихона) штатлар жадвалига меҳнатга ҳақ тўлаш фондига тегишли ўзгартиришлар киритган ҳолда таълим, фан ва инновация масалалари бўйича маслаҳатчи-элчи ҳамда хусусий бизнес билан ишлаш бўйича маслаҳатчи қўшимча лавозимлари киритилсин.

Ўзбекистон Республикасининг Япониядаги Элчихонаси штат жадвали 7-иловага* мувофиқ тасдиқлансин.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги хорижий муассасанинг ташкилий-штат тузилмасидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда 2020 йил учун Элчихонанинг харажатлар сметасини шакллантирсин ва тасдиқласин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

Элчихонанинг штат жадвалидаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда унинг харажатларини хорижий муассасаларни молиялаштиришнинг 2020 йил учун тасдиқланган бюджет ҳажмлари доирасида молиялаштиришни амалга оширсин;

Элчихонага қўшимча битта автомобиль таъминоти учун лимит ажратсин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги ''Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасаларининг фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4318-сон қарорининг 15-иловаси ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


7. Қуйидаги таклифларга розилик берилсин:

Нагоя шаҳрида Тошкент шаҳри ҳокимлигининг ваколатхонасини очиш;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва "Ўзкимёсаноат" АЖнинг жорий ва истиқболли лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Японияда ўз вакилларининг фаолиятини ташкил этиш.

Белгилансинки, ваколатхоналар фаолияти билан боғлиқ барча харажатлар тегишли вазирликлар ва идораларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.


8. Масъул ижрочилар - вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар:

икки ҳафта муддатда сифатли инвестиция таклифларини, мазкур қарорнинг 3-иловасига* киритилган лойиҳаларнинг паспортлари ва тақдимотларини инглиз тилида ишлаб чиқиш;

"ljro.gov.uz" тизимидан фойдаланган ҳолда тармоқ жадвалларини ва мазкур қарор билан тасдиқланган амалий харакатлар режаларини ("йўл хариталари") ўз вақтида ва сифатли бажариш;

ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 3 санасига қадар мазкур қарор билан тасдиқланган амалий харакатлар режалари ("йўл хариталари") ижроси бўйича маълумотларни тегишлича Ташқи ишлар вазирлигига - 1 ва 2-иловаларга* мувофиқ, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига - 3-иловага* мувофиқ тақдим этишни таъминласин.


9. Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 7 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатасига мазкур қарор билан тасдиқланган амалий харакатлар режалари ("йўл хариталари") ижроси бўйича умумлаштирилган маълумотларни киритсин.


10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси ҳисобот ойидан кейинги ҳар ойнинг 10 санасига қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ижро этувчи аппаратига ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши аппаратига мазкур қарор, шу жумладан амалий харакатлар режалари ("йўл хариталари") ижросининг бориши тўғрисидаги танқидий таҳлилларни тақдим этсин.


11. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                         Ш. Мирзиёев



*) Иловалар рус тилидаги матнда берилган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил 30 декабрь


















































Время: 0.0080
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск