язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Январь, 2020 й./ Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва ҳуқуқни қўлловчи органлар/ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 25.10.2019 й. 20-сон "Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти ҳақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

25.10.2019 й.

N 20



МАЪМУРИЙ ИШЛАР БЎЙИЧА СУД

ХАРАЖАТЛАРИНИ УНДИРИШ

АМАЛИЁТИ ҲАҚИДА



Маъмурий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, "Судлар тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, маъмурий ишлар бўйича суд харажатлари давлат божи ва ишни кўриш билан боғлиқ чиқимлардан иборат.


2. Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг (бундан буён матнда СК деб юритилади) 326-моддасига мувофиқ давлат божи деганда, юридик аҳамиятга молик ҳаракатларни амалга оширганлик ва (ёки) бундай ҳаракатлар учун ваколатли муассасалар ва (ёки) мансабдор шахслар томонидан ҳужжатлар берганлик учун олинадиган мажбурий тўлов тушунилади.

Давлат божи бошқа мажбурий тўловлар қаторида Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини шакллантиришнинг таркибий қисмини ташкил этиши туфайли, судлар маъмурий ишлар бўйича давлат божи ундиришга доир қонун талабларига сўзсиз риоя этиши шарт.


3. Тушунтирилсинки, маъмурий ишлар бўйича давлат божи қуйидагилардан ундирилади:

1) биринчи инстанция судига бериладиган:

идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

давлат бошқаруви органларининг, маъмурий-ҳуқуқий фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа органларнинг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг ва улар мансабдор шахсларининг қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ҳамда фуқаролар ёки юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

сайлов комиссияларининг ҳаракатлари (қарорлари) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

нотариал ҳаракатни содир этишни, фуқаролик ҳолати далолатномаларининг ёзувларини қайд этишни рад этганлик юзасидан низолашиш ёхуд нотариуснинг ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи мансабдор шахсининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан низолашиш тўғрисидаги;

давлат рўйхатидан ўтказишни рад этганлик ёхуд белгиланган муддатда давлат рўйхатидан ўтказишдан бўйин товлаганлик устидан шикоят қилиш тўғрисидаги аризалардан;

2) бериладиган апелляция, кассация ва назорат шикоятларидан:

маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари;

иш юритишни тугатиш, аризани кўрмасдан қолдириш, суд жарималарини солиш тўғрисидаги ажримлар устидан;

3) суд ҳужжатларининг дубликатлари ва кўчирма нусхаларини берганлик учун.

Иш ҳужжатларидан фотонусха кўчириш учун давлат божи ундирилмайди.


4. Маъмурий ишлар бўйича давлат божини тўлаш билан боғлиқ муносабатлар СК ХVII бўлими, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексининг (бундан буён матнда МСИЮтК деб юритилади) 12-боби, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 3 ноябрдаги "Давлат божи ставкалари тўғрисида"ги 533-сонли қарори билан тартибга солинади.


5. Давлат божи ариза, шикоят (бундан буён матнда ариза деб юритилади) судга берилгунга қадар тўланади, агар қонунда бошқача белгиланмаган бўлса (масалан, тўловчи давлат божини тўлашдан озод қилинган ёки суд давлат божи тўлашни кечиктирган ёхуд бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат берган бўлса).

Давлат божи нақд пулсиз шаклда тўланганлиги факти банкнинг тўлов қабул қилинганлиги тўғрисидаги белгиси бўлган тўлов топшириқномаси билан тасдиқланиши шарт.

Давлат божи нақд пул шаклида тўланганлиги факти банк томонидан тўловчига бериладиган белгиланган шаклдаги квитанция билан тасдиқланиши керак.

Агар муайян судда кўрилиши керак бўлган бир нечта аризалар бўйича давлат божи бир тўлов топшириқномаси билан тўланган бўлса, тўлов топшириқномаси ишлардан бирига илова қилинади.

Қолган ишларга судья томонидан тўлов топшириқномаси санаси ва рақами кўрсатилган ҳамда тўлов топшириқномаси қўшиб қўйилган ишга ҳавола қилинган ҳолда давлат божи тўланганлиги тўғрисида белги қўйилади (маълумотнома тузилади).


6. Шуни назарда тутиш лозимки, тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдори аризачи судга мурожаат қилаётган талабининг турига қараб қонун ҳужжатларида белгиланган ставкалар бўйича аниқланади.

Бир нечта мустақил талаблардан иборат бўлган аризалардан давлат божи ҳар бир талаб бўйича, ушбу талаб учун белгиланган тегишли ставкалар бўйича алоҳида ундирилади.


7. Судлар шуни назарда тутиши лозимки, қонунга кўра, (СК 337-моддаси) учинчи шахслар ишга мустақил талаблар билан киришганида давлат божи умумий асосларда ундирилади.

Ишга киришган аризачининг ҳуқуқий ворисидан давлат божи, агар у муқаддам тўланмаган бўлса, умумий асосларда ундирилади.


8. Ариза бир неча шахс томонидан биргаликда тақдим этилганда, давлат божи мазкур турдаги талаб учун белгиланган миқдордан ошмаслиги лозим.

Бирлаштирилган бир ёки бир неча талаблар суд томонидан алоҳида иш юритишга ажратилганда, қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ тўланган давлат божи қайта ҳисоблаб чиқилмайди ва қайтарилмайди. У алоҳида ажратилган иш юритиш бўйича ҳисобга олинади, бу ҳақда судья томонидан тегишли маълумотнома тузилади ва иш материалларига қўшиб қўйилади.


9. Суд томонидан кўрмасдан қолдирилган ариза такроран берилганда давлат божи қайтадан умумий асосларда тўланади.

Ариза кўрмасдан қолдирилган ёки қайтаришга асос бўлган шартлар бартараф этилгандан сўнг такроран берилган ҳолда аризага, агар қонунда белгиланган, давлат божини бюджет тасарруфига ўтказиш вақтидан ҳисобланадиган бир йиллик даъво муддати тугамаган бўлса, давлат божи тўланганлиги ҳақидаги дастлабки ҳужжат илова қилинишига йўл қўйилади (СК 337-моддасининг бешинчи ва йигирма иккинчи қисмлари).


10. Судга давлат божи тўланмаган ариза келиб тушганда, судья қонун бўйича давлат божини тўлашдан озод қилинган шахслар рўйхатига аризачи кириши ёки кирмаслигини текшириши шарт (СК 330-1-моддаси). Агар аризачи қонунга кўра, давлат божини тўлашдан озод қилинмаган бўлса ва аризада уни тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш ҳақида илтимоснома мавжуд бўлмаса, шунингдек почта харажатлари тўланмаганда, судья тўланиши лозим бўлган давлат божи, почта харажатлари суммасини ҳамда ушбу камчилик бартараф қилингандан сўнг аризачининг умумий тартибда такроран мурожаат қилиш ҳуқуқини кўрсатган ҳолда аризани қайтариш тўғрисида ажрим чиқаради (МСИЮтК 134-моддаси).

Қонун бўйича судья маъмурий судга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божини тўлашдан тўлиқ ёки қисман озод этиш ҳуқуқига эга эмаслигини назарда тутиш лозим. Бироқ, аризачининг мулкий аҳволидан келиб чиқиб, (масалан, иш ҳақи (даромади), унинг мулкида бўлган мол-мулклари, банкдаги маблағлари, вояга етмаган фарзандлари, бошқа қарамоғидагилар тўғрисидаги маълумотлар ва ҳ.к.) судья давлат божини тўлашни кечиктиришни ёки бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини аризани иш юритувга қабул қилиш ва ишни қўзғатиш тўғрисидаги ажримда ёки аризачининг илтимосномасини қаноатлантириш ҳақидаги алоҳида ажримда ҳал қилишга ҳақли.


11. Ҳам жисмоний, ҳам юридик шахсдан давлат фойдасига ундириладиган давлат божини кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш масаласини ҳал қилишда, суд уларнинг бу харажатларни қисман ёки бир йўла тўлашга қурби етмаслигини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ҳақидаги далилларни текшириши лозим. Пул маблағларининг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги банкнинг тасдиғи судга мурожаат қилинган санадан кўпи билан уч кун олдинги сана билан қайд этилган бўлиши лозим.


12. Судларга тушунтирилсинки, давлат божини қайтариш асослари СК 342-моддасида назарда тутилган бўлиб, унинг маъносига кўра, давлат божи қонунда талаб қилинганидан ортиқча миқдорда тўланган бўлса, шу ортиқча тўланган қисми, бошқа ҳолларда эса тўлиқ ҳажмда қайтарилади.

Агар бож давлат бюджети тасарруфига ўтказилган кундан бошлаб бир йиллик муддат ўтмаган бўлса, давлат божи судьянинг ажрими асосида у тўланган жойдаги молия органи томонидан қайтарилади.

Агар аризачи божни тўлаб, судга ариза (шикоят) билан мурожаат қилмаган бўлса ёки ариза суд томонидан қайтарилган ёхуд ариза, апелляция, кассация ёки назорат шикояти судга келиб тушмаган бўлса, давлат божини қайтариш суднинг ушбу ҳолатни тасдиқловчи маълумотномаси асосида молия органи томонидан амалга оширилади.


13. Судлар назарда тутиши лозимки, маъмурий ишни кўриш билан боғлиқ чиқимларга:

гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар;

далилларни жойида кўздан кечириш билан боғлиқ бўлган харажатлар;

суд хабарномаларини ва суд ҳужжатларини юбориш билан боғлиқ почта харажатлари;

суд мажлисини видеоконференцалоқа режимида ўтказиш билан боғлиқ харажатлар киради.

Судларнинг эътибори суд чиқимларини тўлашдан озод этиш қонунда назарда тутилмаганлигига қаратилсин.


14. Суд чиқимларининг тараф (тарафлар) томонидан олдиндан киритилмаганлиги гувоҳни, экспертни, мутахассисни чақириш, жойига бориб кўздан кечириш ҳақида қилинган илтимосномани, агар бу тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, ишнинг ҳақиқий ҳолатларини ҳар томонлама, тўла ва холисона аниқлаш учун зарур бўлса, қаноатлантиришни рад этиш учун асос бўлмайди. Бундай ҳолда ишни кўриш билан боғлиқ сарф қилинган чиқимлар, МСИЮтК 115-моддасида белгиланган қоидалар бўйича суд ҳужжати қабул қилинаётганда ундирилади.


15. Тушунтирилсинки, гувоҳлар, экспертлар мутахассислар, таржимонларга тўланиши лозим бўлган суммалар ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 3 июлдаги кейинчалик ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган "Гувоҳлар, жабрланувчилар, экспертлар, мутахассислар, таржимонлар ва холисларга харажатларни тўлаш тартиби ва миқдори ҳақида"ги Қонуни билан белгиланган.


16. Умумий қоидага кўра, иш бўйича суд харажатларини низода ноҳақ бўлиб чиққан тараф тўлайди.

Суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаш ва уларни давлат фойдасига ундириш МСИЮтК 115-моддаси билан тартибга солинади. Шу сабабли суд муҳокамаси жараёнида суд (судья) суд харажатлари билан боғлиқ ҳолатларни текшириши, бу ҳолатлар бўйича ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида тегишли хулосалар қилиши ва, нафақат ундирувга бўлган ҳуқуқни, балки иш бўйича тарафдан (тарафлардан) ундирилиши лозим бўлган аниқ суммани белгилаши ҳамда шу суммани ҳал қилув қарорининг (ажримнинг) хулоса қисмида кўрсатиши лозим.


17. Аризачи тўлашдан белгиланган тартибда озод қилинган давлат божи, агар жавобгар бож тўлашдан озод қилинмаган бўлса, қаноатлантирилган талаблар миқдорига мутаносиб равишда жавобгардан давлат даромадига ундирилади.

Давлат божини тўлашдан озод этилган бир ёки бир нечта аризачи томонидан бир нечта жавобгарга нисбатан тақдим этилган ариза тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганда, у давлат фойдасига алоҳида ҳар бир жавобгардан қаноатлантирилган талабларга мутаносиб равишда ундирилади.

Ариза қаноатлантирилган ҳолда аризачининг тегишли илтимосномаси мавжуд бўлгандагина, суд харажатлари унинг зиммасига юклатилиши мумкин.


18. Тушунтирилсинки, аризачи арз қилган талабларидан воз кечганда у қилган харажатларнинг ўрни жавобгар томонидан қопланмайди.

Давлат божини тўлашдан озод қилинган аризачи ўз талабларидан улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги оқибатида воз кечганлиги сабабли иш юритиш тугатилган ҳолда, давлат божи жавобгардан давлат даромадига ундирилади.


19. МСИЮтК 162-моддасига кўра, суд харажатлари масаласига доир қўшимча ҳал қилув қарори фақат, бу масала ҳал қилув қарори чиқариш вақтида ечилмаган ҳолдагина чиқарилиши мумкин.


20. Судларга тушунтирилсинки, давлат божи билан боғлиқ масалалар бўйича қабул қилинган суд ҳужжатлари устидан умумий асосларда шикоят (протест) берилиши мумкин.


21. Судлар назарда тутиши лозимки, СК 330-1-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган шахслар (1, 9, 11, 12-бандларида кўрсатилган шахслардан ташқари) суд ҳужжатлари устидан апелляция, кассация, назорат шикояти билан мурожаат қилганда давлат божидан озод этилган.


22. Юқори инстанция судлари маъмурий ишларни апелляция, кассация, назорат тартибида кўриш вақтида қуйи инстанция судлари томонидан суд харажатларини ундиришда йўл қўйилган камчиликларни тузатиш чораларини кўриши лозим.


23. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари давлат солиқ хизмати органлари билан биргаликда давлат божи тушумлари ҳисобга олинишини вақти-вақти билан таққослаш ўтказиши, аниқланган камчиликларни бартараф этиш чораларини амалга ошириши лозим.

Ўзбекистон Республикаси

Олий суди раиси

К. Камилов

Пленум котиби,

Олий суд судьяси

И. Алимов

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2019 йил