Внимание!

NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Таълим. Фан. Маданият / Таълим / Таълим соҳасида бошқарув. Таълим муассасаларини лицензиялаш ва аттестациядан ўтказиш /

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 20.07.2004 й. 341-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2004 йил 20 июлдаги

341-сон қарорига

3-ИЛОВА


Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта

махсус таълим вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги (кейинги ўринларда матнда Вазирлик деб юритилади) республикада олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимига раҳбарлик қилувчи давлат бошқарув органи ҳисобланади.

Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.


2. Вазирлик тизимига Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Олий ва ўрта махсус таълим, каб-ҳунар таълимини ривожлантириш маркази, идоравий мансуб олий ўқув юртлари киради.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорларига ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.


4. Вазирлик ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.


5. Вазирлик фаолияти Вазирликка ажратиладиган маблағлар доирасида давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.


6. Вазирлик юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.



II. ВАЗИРЛИКНИНГ ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида юксак маънавий-ахлоқий фазилатли, мустақил фикрлашга қодир бўлган, ҳозирги замон бозор шароитларида ишни ташкил этишнинг илғор усуллари ва шаклларини эгаллаб олган юқори маълумотли, малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

илғор жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда республикада олий ва ўрта масхус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва такомиллаштириш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида мўлжалланган вазифалар бажарилишини таъминлаш;

идоравий бўйсунишидан ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар республиканинг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига ўқув-педагогик ва илмий-методик раҳбарликни амалга ошириш, улар фаолиятини мувофиқлаштириш, уларда давлат таълим стандартлари талаблари ҳамда таълим даражаси ва мазмунига, мутахассисларнинг касбий тайёргарлиги сифатига қўйиладиган бошқа талаблар бажарилишини таъминлаш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устуворликларига мувофиқ кадрлар тайёрлашнинг мавжуд ва истиқболли йўналишлари бўйича корхоналар ва ташкилотлар, шунингдек фуқаролар томонидан таълим хизматларига бўлган талабни ўрганиш ва унинг қондирилишини таъминлаш;

ўқув-тарбия жараёнида ўқитишнинг илғор шаклларини, шу жумладан масофадан туриб ўқитиш, янги педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ва улардан самарали фойдаланишни ташкил этиш;

Узлуксиз таълим тизими учун янги авлод ўқув адабиёти яратиш концепцияси талабларига мувофиқ дарсликлар ва ўқув-методик адабиётлар яратилиши, таржима қилиниши ва нашр этилишини ташкил этиш;

педагог кадрлар ва мутахассислар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини ташкил этиш ва такомиллаштириш;

олий ўқув юртларида илмий-тадқиқот ишларини ташкил этиш, уларнинг самарадорлигини ошириш ва тадқиқотларнинг натижаларини амалиётга кенг жорий этиш, олий таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг мустаҳкам ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

барча манбалар, айниқса тўлов-контракт шакли бўйича олий таълим муассасалари даромадлари шакллантирилиши ва улардан самарали фойдаланилиши устидан назорат қилиш;

бюджет маблағларининг ноқонуний сарфланиши ва талон-торож қилиниши ҳолатларини профилактика қилиш, уларнинг олдини олиш ва аниқлаш.

8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:

олий таълим муассасаларида ва Вазирлик тизимидаги бошқа идоравий мансуб ташкилотларда "Таълим тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳамда Кадрлар тайёрлаш миллий дастури бажарилишини таъминлайди;

бакалавриат таълими ва магистратура мутахассисликлари йўналишлари бўйича давлат таълим стандартларини, олий таълим фанларининг намунавий ўқув режалари ва дастурларини, шунингдек олий таълим муассасалари фаолиятининг аниқ турларини тартибга солувчи норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

Иқтисодиёт вазирлиги ҳамда Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги билан биргаликда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига мувофиқ бакалавриат таълими ва магистратура мутахассисликларининг истиқболли йўналишлари рўйхатини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан келишган ҳолда Олий таълимнинг йўналишлари ва мутахассисликлари классификаторларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритади;

ўқув жараёнига замонавий педагогик ва ахборот-коммуникация технологиялари, янги авлод ўқув ва ўқув-методик адабиётлар, электрон кутубхоналар жорий этилишини таъминлайди;

олий таълим тизимида Кадрлар тайёрлаш миллий дастури амалга оширилиши мониторингини олиб боради;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида миллий мустақиллик ғояларига, халқнинг бой миллий ва маданий-тарихий анъаналари ва умуминсоний қадриятларга асосланган ўсиб келаётган авлодни маънавий-ахлоқий тарбиялаш ташкил этилишини амалга оширади;

олий таълим муассасасининг намунавий уставини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди ҳамда олий таълим муассасаларининг ва Вазирлик тизимидаги бошқа идоравий мансуб ташкилотларининг уставларини тасдиқлайди;

Давлат тест маркази билан биргаликда олий таълим сифатини ошириш чора-тадбирларини ишлаб чиқади ва амалга оширади, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига республиканинг олий таълим муассасаларига абитуриентларни танлаш ва қабул қилишни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари ва олий ўқув юртидан кейинги таълимга, шунингдек педагог кадрлар ва мутахассисларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қўйиладиган давлат талаблари амалга оширилишини таъминлайди;

педагог кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашни ташкил этишнинг самарали шаклларини, шу жумладан масофадан туриб ўқитиш шаклини ишлаб чиқади ва амалга оширади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг раҳбарлари, педагоглари ва муҳандис-педагог ходимларига қўйиладиган малака талабларини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

олий таълим муассасасининг ректори, проректори ва факультет декани лавозимига номзодларни танлаш ва кўрсатиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди;

таълим сифатини оширишга, рақобатбардош кадрлар тайёрлашга, педагог кадрларнинг самарали фаолиятини рағбатлантиришга йўналтирилган норматив ҳужжатларни ишлаб чиқади, тасдиқлайди ва ўқув жараёнига жорий этади;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларининг педагог кадрларини ишга қабул қилишнинг танлов тизими тўғрисидаги низомни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун тақдим этади ҳамда уларнинг амалга оширилишини назорат қилади;

олий таълим соҳасида маркетинг тадқиқотларини ташкил этади, республиканинг олий таълим муассасаларида кадрлар тайёрлашнинг мавжуд ва истиқболли йўналишлари бўйича қабул кўрсаткичларини ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритади;

Вазирлик тизимининг олий таълим муассасаларини, шунингдек ўқув-тарбия жараёнини моддий-техник жиҳозлашни молиялаштиришнинг давлат нормативларини белгилаш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

олий таълим муассасалари, Вазирлик корхоналари ва ташкилотларининг хўжалик, ишлаб чиқариш ва молиявий фаолияти устидан назоратни амалга оширади;

идоравий мансуб олий таълим муассасалари ва ташкилотларининг таъминотига харажатлар сметасини тасдиқлайди ҳамда белгиланган тартибда уларни молиялаштиришни амалга оширади;

Вазирликнинг идоравий мансуб муассасалари ва ташкилотлари бошқарув ходимлари сонини белгиланган тартибда тасдиқлайди;

ўқитишнинг тўлов-контракт шакли даромадлари ва харажатлари сметасини тасдиқлайди ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар тушуми ва сарфланиши устидан назорат қилади;

Вазирликка марказлаштирилган тартибда ажратиладиган маблағларни тақсимлаш ва қайта тақсимлаш учун Ўзбекистон Республикасининг тижорат банкида жорий, ҳисоб-китоб рақамлари ва бошқа ҳисоб рақамлари очади;

республика илмий-техник дастурлари бўйича фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни бажаришда олий мактабнинг илмий-техник салоҳиятидан самарали фойдаланилишини таъминлайди;

мутасаддилик қилинадиган олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасаларида фундаментал, амалий ва инновацион тадқиқотларнинг илмий-техника дастурларини шакллантиради ва амалга оширади;

талабалар ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиатларини аниқлайди;

илмий ва илмий-педагог кадрлар аспирантура ва докторантура орқали белгиланган тартибда тайёрланишини ташкил этади;

олий таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга оширади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимлари асосида хорижий шериклар билан тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатади;

идоравий мансублиги ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар республиканинг олий таълим муассасаларида хорижий мамлакатлар учун мутахассислар тайёрланишини мувофиқлаштиради;

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги билан биргаликда давлат тилида ва бошқа тилларда дарсликлар ва ўқув қўлланмаларини нашр этиш ва уларнинг нусхаларини кўпайтиришнинг йиллик ва истиқболли режаларини ишлаб чиқади;

Вазирлик тизими ходимларини Ўзбекистон Республикасининг давлат мукофотларига тақдим этишга материалларни кўриб чиқади ва хулоса беради;

талабалар учун белгиланган тартибда универсиадалар ва бошқа спорт тадбирларини ўтказади, уларнинг ғолибларини халқаро танловлар ва мусобақаларга юборади;

олий мактабни ривожлантириш, фан ва техниканинг долзарб масалалари бўйича белгиланган тартибда республика ва халқаро кенгашлар, конференциялар, симпозиумлар ўтказади;

идоравий мансуб таркибий бўлинмалар, марказлар, Вазирлик тизимига кирадиган корхоналар, ташкилотлар ва муассасалар раҳбарларини тайинлайди;

харажатлар сметаларини режалаштириш ва ижро этиш, бюджет ҳисобини юритиш, тендер (танлов) савдоларини ўтказиш ва идораларнинг бўйсунувидаги муассасаларда шартномалар тузиш мониторингини ўтказиш;

бўйсунувидаги муассасалар ва марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматлари раҳбарларига бюджет ҳисоби ва ҳисоботи тизимини такомиллаштириш, асоссиз дебитор ва кредитор қарздорликларга йўл қўймаслик, бюджет интизомини мустаҳкамлаш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, шу жумладан товарлар, иш ва хизматларни харид қилиш самарадорлигини ошириш, шунингдек, марказлаштирилган молия-бухгалтерия хизматларининг ходимлари таркибини мустаҳкамлаш масалалари бўйича тавсиялар тайёрлайди;

қонунни бузиш ҳолатларини, уларни содир этишга имконият яратувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида қуйи муассасаларга бажарилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритади.

9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзига идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасалар орқали ҳал қилади.



III. ВАЗИРЛИКНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


10. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг кўриб чиқиши учун республикада олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тузилмасини такомиллаштириш ва бошқариш масалалари бўйича таклифлар киритиш;

ҳайъат мажлисларида олий ва ўрта махсус ўқув юртларига эга бўлган республика вазирликлари ва идоралари раҳбар ходимларининг ахбороти (маърузалари)ни кўриб чиқиш;

давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлардан ва мансабдор шахслардан кадрларга бўлган эҳтиёж тўғрисидаги ахборотни, шу жумладан шартнома асосида тайёрланган мутахассисларнинг ишга жойлаштирилиши мониторингини юритиш учун зарур бўлган таҳлилий материалларни ва бошқа материалларни сўраш ва белгиланган тартибда олиш;

идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида таълим тўғрисидаги амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини, Вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бажарилишини назорат қилиш;

идоравий бўйсуниши ва мулкчилик шаклларидан қатъи назар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларини ташкил этиш, қайта ташкил этиш ва тугатиш масалалари бўйича эксперт хулосалар бериш;

барча манбалар, айниқса ўқитишнинг тўлов-контракт шакли бўйича олий таълим муассасалари даромадлари шакллантирилиши ва улардан самарали фойдаланилиши устидан назорат қилиш;

олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун педагог кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш факультетлари ташкил этиладиган олий таълим муассасалари рўйхатини белгилаш;

республика вазирликлари, идораларидан ва бевосита олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларидан Вазирликка юкланган вазифаларни бажариш учун зарур бўлган материалларни ҳамда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими бўйича белгиланган статистика ҳисоботини олиш ва Вазирликнинг таълим муассасаларида ҳисоб ва ҳисоботнинг ҳолати устидан назорат қилиш;

ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш ва Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда банк муассасаларида ва бошқа кредит муассасаларида валюта ҳисоб рақамларига эга бўлиш;

мутахассисларни шартнома асосида мақсадли тайёрлаш учун идоравий мансуб олий таълим муассасаларида белгиланган тартибда махсус курслар, кафедралар, факультетлар ва лабораториялар очиш;

муаммоли лабораториялар ташкил этиш ва уларни ёпиш ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан келишган ҳолда - Вазирлик тизимининг олий таълим муассасаларида тармоқ илмий-тадқиқот лабораториялари ташкил этиш ва уларни ёпиш;

Вазирликда республиканинг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари бўйича таклифларни кўриб чиқиш учун етакчи олимлар, юқори малакали ўқитувчилар ва мутахассислардан илмий-методик кенгашлар ташкил этиш;

марказий аппаратнинг тасдиқланган тузилмасига Вазирликнинг меҳнатга ҳақ тўлаш фонди ва аппарат ходимларининг чекланган сони доирасида бошқарувнинг технологияси ва техникасини такомиллаштириш зарурияти туфайли келиб чиққан ўзгартиришлар киритиш;

идоравий мансуб муассасаларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари, Вазирликнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари бузилган ҳолда чиқарилган буйруқларини бекор қилиш;

белгиланган тартибда Вазирликнинг мукофотлари, кўкрак белгилари ва фахрий ёрлиқларини таъсис этиш ҳамда улар билан илғор ходимларни ва профессор-ўқитувчилар тартибини, шунингдек энг яхши илмий ва экспериментал конструкторлик ишлари учун олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларининг талабалари ва ўқувчиларини мукофотлаш;

олий таълим муассасаларининг талабаларини белгиланган тартибда бир ўқув муассасасидан бошқасига ўтказиш, талабаликка тиклаш ва талабаликдан чиқариш, якуний давлат аттестациясини қайта топширишга рухсатнома бериш;

олий таълим муассасалари фаолиятини белгиланган тартибда текшириш.

Вазирлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Вазирлик ўз ваколатлари доирасида олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасаларига эга бўлган вазирликлар ва идоралар бажариши мажбурий бўлган, таълим сифатини оширишга, рақобатбарбош кадрлар тайёрлашга, педагог ходимларнинг самарали ишини рағбатлантиришга йўналтирилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга ҳақлидир.


12. Вазирлик, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ва бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.


13. Вазирлик олий таълим соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши, Вазирлик маблағларидан самарали фойдаланилиши, шунингдек ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.



IV. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган Вазир раҳбарлик қилади.

Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган тўрт нафар ўринбосарлари, шу жумладан, икки нафар биринчи ўринбосарлари бўлади. Биринчи ўринбосарлардан бири Вазирликнинг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директори ҳисобланади.

15. Вазир:

Вазирлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича қарорлар қабул қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ўз ўринбосарларининг ваколатларини белгилайди, улар ўртасида вазифаларни тақсимлайди, Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, ўз ўринбосарларининг ва бошқа мансабдор шахсларнинг Вазирлик фаолияти алоҳида участкаларига раҳбарлиги ва тасарруфидаги ташкилотлар ва муассасалар ишлари учун жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Вазирлик тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Вазирлик марказий аппарати тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида Вазирлик марказий аппаратининг штат жадвалини, шунингдек Вазирлик марказий аппаратининг, тасарруфидаги органлар ва муассасаларнинг харажатлар сметасини тасдиқлайди;

Вазирликнинг таркибий бўлинмалари тўғрисидаги низомларни, Вазирлик тизимига кирадиган тасарруфидаги бошқа ташкилотлар ва муассасаларнинг низомлари (уставлари)ни белгиланган тартибда тасдиқлайди;

олий таълим муассасасининг ректори лавозимига тайинлаш учун номзодларни белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади, Вазирлик марказий аппарати ходимларини, олий таълим муассасалари проректорларини, Вазирлик тизимига кирадиган бошқа идоравий мансуб ташкилотлар ва муассасаларнинг раҳбарларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод этади, уларни аттестациядан ўтказишни ташкил этади (ректорлардан ташқари);

педагог кадрлар тайёрлаш, уларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш соҳасида хорижий шериклар билан ҳамкорлик тўғрисида идоралараро битимлар, шартномалар тузади.

Вазир қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


16. Вазирликда Вазир (ҳайъат раиси), унинг ўринбосарлари (лавозимига кўра), шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.

Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Вазирнинг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

Вазирлик фаолиятининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида юксак маънавий-ахлоқий фазилатли, мустақил фикрлашга қодир бўлган, ҳозирги замон бозор шароитларида ишни ташкил этишнинг илғор усуллари ва шаклларини эгаллаган юқори маълумотли, малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилган ягона давлат сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, илғор жаҳон тажрибасини ҳисобга олган ҳолда республикада олий ва ўрта масхус, касб-ҳунар таълимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, шунингдек олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими соҳасида Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида мўлжалланган мақсад ва вазифалар бажарилишини таъминлаш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.

Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.

17. Вазирликнинг идоравий мансуб олий таълим муассасалари ва бошқа ташкилотлари ўз фаолиятини белгиланган тартибда Вазирлик томонидан тасдиқланадиган уставлар ва низомларга мувофиқ амалга оширадилар.


18. Вазирлик жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ўртага қўйилган масалалар тўғри ва адолатли ҳал этилишига эришиб, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ушбу мурожаатларнинг ўз вақтида кўриб чиқилишини ташкил этади ҳамда Вазирлик тизимининг олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари, корхоналари ва ташкилотлари фаолиятида аниқланган камчиликларни бартараф этиш чора-тадбирларини кўради.

19. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигини қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2004 йил, 29-сон, 332-модда.



































Время: 0.2239
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск