язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Банклар. Кредитлаш. Валютани тартибга солиш/ Қўшимчалар ва ўзгартиришлар киритилган ҳужжатлар/ Банк операциялари/ Марказий банк Бошқарувининг 28.12.2019 й. 33/6-сон "Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида"ги Қарори (АВ томонидан 10.02.2020 й. 1948-19-сон билан рўйхатга олинган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

АДЛИЯ ВАЗИРЛИГИ ТОМОНИДАН

РЎЙХАТГА ОЛИНГАН

10.02.2020 й.

N 1948-19




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

МАРКАЗИЙ БАНКИ БОШҚАРУВИНИНГ

28.12.2019 й.

N 33/6


ҚАРОРИ



Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган

банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага

ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида



Ўзбекистон Республикасининг "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги ва 2019 йил 11 декабрдаги ЎРҚ-592-сон "Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқаруви ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошкарувининг 2009 йил 16 мартдаги 7/2-сон қарори (рўйхат рақами 1948, 2009 йил 27 апрель) (Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2009 й., 18-сон, 229-модда) билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


2. Мазкур қарор расмий эьлон қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Марказий банк Раиси                                                       М. Нурмуратов






Қарорга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси банкларида очиладиган

банк ҳисобварақлари тўғрисидаги йўриқномага

киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар


1. 7-бандда:

қуйидаги мазмундаги иккинчи хатбоши билан тўлдирилсин:

"Банк ҳисобварағи шартномаси (жисмоний шахсларнинг омонати бўйича банк омонати шартномаси) банк ва унинг мижозлари ўртасида тузилган шартномага асосан ёзма шаклда ёки масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали оферта шартномасини тасдиқлаш орқали амалга оширилади.";

иккинчи - олтинчи хатбошилар тегишли равишда учинчи - еттинчи хатбошилар деб ҳисоблансин;

олтинчи хатбошидаги "солиқларни ва бошқа мажбурий тўловларни" деган сўзлар "солиқлар ва йиғимларни" деган сўзлар билан алмаштирилсин.


2. 8-банддан бешинчи ва олтинчи хатбошилар чиқариб ташлансин.


3. 10-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"10. Банк мижозлари бўлган юридик шахслар, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳамда деҳқон хўжаликлари банк ҳисобварақларини очиш учун асос бўлган мазкур Йўриқномада белгиланган барча ҳужжатлар ҳамда ушбу ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар нусхалари ҳар бир мижоз учун очилган юридик йиғмажилдларда сақланади.

Юридик йиғмажилдлардаги маълумотлар электрон шаклда банкнинг махсус дастурий таъминотлари орқали ҳар бир мижоз бўйича шакллантирилиши мумкин.".


4. 16-бандда:

биринчи хатбоши қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"16. Фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонунчилик билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари миллий валютада талаб қилиб олингунча депозит ҳисобварақлари очиш учун банкка қуйидаги ҳужжатларни тақдим қиладилар:"';


"д" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"д) фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари таъсис ҳужжатлари (таъсис шартномаси, устав) ҳамда уларга киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг консуллик ёки нотариус томонидан тасдиқланган нусхаси;".


5. 17-банд қуйидаги мазмундаги хатбошилар билан тўлдирилсин;

"Резидент жисмоний шахслар банкнинг масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали банк ҳисобварағи очишлари мумкин, бунда банк резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш ва лозим даражада текшириш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда тегишли чораларни амалга ошириши лозим.

Банк бошқа банкда очилган банк ҳисобварақларига эга бўлган резидент жисмоний шахсларга масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали депозит ҳисобварақларини очиш учун ушбу резидент жисмоний шахсларни идентификациялаш ва лозим даражада текшириш имкониятига эга бўлиши зарур.

Резидент жисмоний шахсларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат (паспорт ёки уни ўрнини босадиган ҳужжат) электрон нусхада сақланиши мумкин.".


6. 21-бандда:

"в" кичик банди қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"в) фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари (жисмоний шахслар бундан мустасно) томонидан ушбу Йўриқноманинг 16-бандида келтирилган ҳужжатлар;";

олтинчи хатбоши чиқариб ташлансин.


7. 24-банд "ҳисобварағи очилади" деган сўзлардан кейин ", кредит масофадан хизмат кўрсатиш тизимлари орқали расмийлаштириш ҳоллари бундан мустасно" деган сўзлар билан тўлдирилсин.


8. 39-банднинг иккинчи хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"Тадбиркорлик фаолияти субъекти бўлмаган резидент юридик шахслар ҳамда Бюджетдан маблағ олувчилар, резидент юридик шахсларнинг ваколатхоналари ва филиаллари, фаолиятини Ўзбекистон Республикасида амалга оширувчи норезидент юридик шахслар, товар-хом ашё биржасининг очиқ электрон савдоларида қатнашувчилар, ташкилий савдоларда акцияларни сотувчи (сотиб олувчи) чет эллик инвесторлар), шунингдек норезидентларнинг Ўзбекистон Республикасида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда фаолият юритаётган доимий муассасалари таъсис ҳужжатларида (таъсис шартномасида, уставда) кўрсатилган маълумотлар (муассислар, аъзолар ёки бошқа маълумотлар) ўзгарган тақдирда, улар таъсис ҳужжатларига киритилган ўзгартириш ва қўшимчаларнинг нусхасини банкка тақдим қилади.".


9. 47-банд қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

"Рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахслар давлат реестридан чиқарилган кундан эътиборан банк ҳисобварағи шартномаси бекор қилинади.".


10. 48-банд қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

"48. Ихтиёрий тугатилаётган тадбиркорлик субъектлари - юридик шахсларнинг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Тадбиркорлик субъектларини ихтиёрий тугатиш ва уларнинг фаолиятини тўхтатиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларининг банк ҳисобварақларини ёпиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 21 августдаги 704-сон қарори билан тасдиқланган Молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган тадбиркорлик субъектларини давлат реестридан чиқариш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.".


11. 49-банд ўз кучини йўқотган деб топилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 10 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 17 февраль, 6-сон, 67-модда