Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Хўжалик ва тадбиркорлик фаолиятининг умумий масалалари / Айрим турдаги маҳсулотлар муомаласини тартибга солиш / Гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши /

Объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисида хулосалар бериш тартиби ҳақида Низом (ЎзР ВМ 14.02.2020 й. 85-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 14 февралдаги

85-сон қарорига

1-ИЛОВА



Объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини,

уларнинг аналогларини, психотроп моддалар

ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник

талабларга мувофиқлиги тўғрисида

хулосалар бериш тартиби ҳақида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом объектлар (хоналар)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани бериш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низом талаблари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитаси органлари ва бўлинмаларининг экспертиза ва тезкор-қидирув фаолиятида, шунингдек, Адлия вазирлигининг суд-экспертиза муассасалари фаолиятида фойдаланиладиган гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларга татбиқ этилмайди.


3. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган жойлар техник мустаҳкамлик, жисмоний ҳимояланганлик ҳамда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализация мосламалари билан жиҳозланиш даражасига қараб уч тоифадаги объектларга бўлинади:

а) биринчи тоифадаги объектларга умумий тўсиқ девор билан ўраб олинган ва техник мустаҳкамланган ҳудудда жойлашган қуйидаги фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган бинолар, иншоотлар ва хоналар киради:

прекурсорларни сотиш (бериш) (прекурсорлар сақланадиган база ва омборхоналар);

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш;

таркибида гиёҳванд модда бўлган ўсимликларни ўстириш;

б) иккинчи тоифадаги объектларга қуйидаги фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналар киради:

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сотиш (бериш) ва тақсимлаш (дорихоналар ва даволаш-профилактика муассасаларининг дорихоналари);

янги гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни ишлаб чиқариш;

гиёҳвандлик воситаларидан, уларнинг аналогларидан, психотроп моддалар ва прекурсорлардан ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун, илмий ва таълим мақсадлари учун фойдаланиш;

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни йўқ қилиш;

в) учинчи тоифадаги объектларга лабораторияларнинг, даволаш-профилактика муассасалари бўлинмаларининг, тиббиёт пунктларининг, бошқа тиббиёт муассасаларининг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сақлаш бўйича фаолиятни амалга оширишга мўлжалланган хоналари киради.


4. Объектнинг тоифаси ва сақланувчи предметларнинг хоссаларидан келиб чиқиб ушбу Низомнинг 3 ва 4-боблари талабларига мувофиқ техник мустаҳкамланган ҳамда жисмоний ҳимоялаш воситалари билан жиҳозланган сақлаш жойлари ҳудудида ва махсус хоналарда гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашнинг қуйидаги режимлари ўрнатилади:

биринчи тоифага кирадиган объектларда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар махсус хоналар ичида жойлаштирилган сейфларда ёки металл жавонларда сақланади;

биринчи тоифага кирадиган объектларда прекурсорлар сақлаш жойи ҳудудида ва махсус хоналар ичида сақланади;

иккинчи ва учинчи тоифаларга кирадиган объектларда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар махсус хоналар ичида сақланади, бунда гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналоглари сейфларда, психотроп моддалар металл жавонларда, прекурсорлар эса - ушбу маҳсулот учун ишлаб чиқарувчининг техник ҳужжатлари билан белгиланган идишлар ва қадоқларда сақланиши таъминланади;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар иккинчи тоифасига кирадиган объектларда даволаш-профилактика муассасаларининг навбатчи тиббиёт ходимлари томонидан ушбу мақсадларда махсус ажратилган, полга ёки деворга қотирилган сейф ёки металл жавонларда сақланади;

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар тез тиббий ёрдам хизматининг транспорт воситаларида тиббий мақсадларда ташиш мобайнида тиббий қутиларда сақланади.

Кимёвий ва физик-кимёвий хоссаларидан келиб чиқиб гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ва психотроп моддаларни сақлашнинг ҳарорат режимига риоя қилиш зарур бўлган ҳолларда, юридик шахс раҳбарининг буйруғи ёки бошқа фармойиш ҳужжатига асосан уларнинг махсус хоналар ичида ўрнатилган, ички қулф билан қулфланадиган ва муҳрланадиган совутиш камераларида (совуткичларда) сақланишига рухсат берилади.


5. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сақлашга мўлжалланган сейфлар ва металл жавонлар деворларининг қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаслиги, камида иккита ички (ўйма) қулфлар билан жиҳозланган ҳамда пол ёки деворга қотирилган (пайвандланган) бўлиши лозим, оғир (оғирлиги 700 кг дан ортиқ), ўртача ва катта габаритли (ўлчамлари 1500 х 600 х 500 мм дан кам бўлмаган) сейф ва металл жавонлар бундан мустасно. Гиёҳвандлик воситаларини сақлашга мўлжалланган металл жавонларнинг эшиклари металли уст қўйма (накладка)лар ёки бурчаклар билан мустаҳкамланади.

Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддалар сейф типидаги битта ички қулфга эга бўлган оғир сейфларда сақланишига рухсат берилади.


6. Сейфлар, металл жавонлар ва совутгичли камералар (совутгичлар) иш куни давомида ёпиқ ҳолда бўлиши керак.

Иш куни якунлангандан сўнг сейфлар, металл жавонлар, совутгичли камералар (совутгичлар) ва гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар қулфланиши, муҳрланиши (пломбаланиши) ҳамда қўриқловга топширилиши, калитлар, муҳр ва тамғалаш ускунаси (пломбир) эса - гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорлар сақланиши учун жавобгар шахсда бўлиши шарт.

Муҳрлаш учун каноп ип тугунларсиз, бутун бўлиши керак. Каноп ип гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар, сейфлар, металл жавон ва совутгичли камералар (совутгичлар)нинг эшигидаги қулоқчаси (илгаги ёки тутқичи)дан шундай ўтказилиши керакки, эшикни каноп ипга ва муҳр изи (оттиски)га зарар етказмасдан очишнинг имкони бўлмаслиги шарт. Бунда муҳрлар каноп ип устидан муҳрлар изи (оттиски) учун чуқурчага эга бўлган тахтачага босилиши лозим.


7. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар ва унга олиб келувчи йўлларнинг етарлича ёритилиши таъминланади.

Бундан ташқари, хоналар фонарлар ёки бошқа ёритишнинг авариявий (захира) манбалари билан таъминланган бўлиши керак. Шамлар, машъалалар, керосинли фонарлар, чироқлар ва бошқа очиқ оловли ёритиш воситаларини ишлатиш, ушбу мақсадларда суюқ ёнувчи моддалардан фойдаланиш тақиқланади.


8. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар қуруқ ва хонага яқин (10 метрдан узоқ бўлмаган) жойда ўрнатиладиган ёнғинга қарши инвентарлар билан таъминланган бўлиши лозим.

Гиёҳвандлик воситалари ва уларнинг аналогларини сақлаш ва қадоқлашга мўлжалланган хоналарнинг деворларини, шифт ва ички конструкцияларини пардозлаш учун чанг ва буғ йиғмайдиган, осон тозалаш ва ювиш имконини берадиган материаллардан фойдаланилиши лозим. Деворнинг пол билан туташган қисми айланасимон шаклда ишланади. Бу хоналар ҳавони тортувчи вентиляция билан жиҳозланади.

Прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарда шамоллатиш учун табиий вентиляциядан фойдаланилади.


9. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган жойлар ва махсус хоналар ушбу Низомнинг 5-боби талабларига мувофиқ қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар ҳамда видеокузатув тизимлари билан таъминланган бўлиши лозим.


10. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар, сейфлар, металл жавонлар ва совутгичли камералар (совутгичлар) калитларининг икки тўплами бўлиши керак. Калитларнинг бир тўплами доимий равишда гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун жавобгар шахс ёнида, иккинчиси эса муҳрланган қутичада юридик шахснинг раҳбарида сақланади. Калитларни столлар, бошқа жойларда қолдириш тақиқланади.


11. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хонада сейфлар, металл жавонлар ва совутгичли камералар (совутгичлар) рақами ва улар муҳрланадиган муҳрлар кўрсатилган рўйхат бўлиши керак.



2-БОБ. ИЧКИ ИШЛАР ОРГАНЛАРИ ТОМОНИДАН

ОБЪЕКТ (ХОНА)НИНГ ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИНИ,

УЛАРНИНГ АНАЛОГЛАРИНИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР

ВА ПРЕКУРСОРЛАРНИ САҚЛАШ БЎЙИЧА ТЕХНИК

ТАЛАБЛАРГА МУВОФИҚЛИГИ ТЎҒРИСИДАГИ

ХУЛОСАНИ БЕРИШ


1-§. Хулосани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш,

хулосани бериш ёки хулосани беришни рад этиш

тўғрисидаги қарорни қабул қилиш


12. Объект (хона)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалар (кейинги ўринларда хулосалар деб аталади) гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойи жойлашган ҳудуд бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармаларининг патруль-пост хизмати ва жамоат тартибини сақлаш бошқармалари (кейинги ўринларда ваколатли органлар деб аталади) томонидан ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема бўйича берилади.


13. Хулосалар ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ шаклда берилади ҳамда юридик шахсларнинг гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиши учун асос ҳисобланади.


14. Хулосани олиш учун ариза берувчи ваколатли органга икки нусхада номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, жойлашган жойи (почта манзили), гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича фаолият амалга ошириладиган жой, телефон ва факс рақамлари, мавжуд бўлса - электрон почта ва веб-сайт манзиллари, шунингдек, ариза берувчида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш шароитларини текшириш ва баҳолаш ишларида қатнашишга ваколат бериладиган юридик шахснинг вакили тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган хулосани бериш ҳақидаги аризани тақдим этади.

Ариза берувчидан бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


15. Ариза берувчи томонидан хулосани бериш тўғрисидаги ариза ваколатли органга бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади.

Аризада ариза берувчининг электрон манзили кўрсатилганлиги унинг аризаси бўйича қабул қилинган қарор ҳақидаги хабарномани ахборот тизими орқали электрон шаклда олишга бўлган розилигини билдиради.

Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Аризанинг иккинчи нусхаси ариза қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига дарҳол берилади (юборилади).


16. Ваколатли орган ариза берувчининг оғзаки ёки ёзма шаклдаги, шу жумладан, электрон ҳужжат шаклида жўнатган сўровномаси бўйича хулосани олишда рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш масалалари юзасидан маълумотларни ва маслаҳатларни бепул асосда тақдим этади.


17. Хулоса бериш тўғрисидаги ариза кўриб чиқилганлиги учун ваколатли орган томонидан йиғим ундирилмайди.


18. Хулосани бериш ёки хулосани беришни рад этиш тўғрисидаги қарор ариза берувчининг аризаси ваколатли орган томонидан олинган кундан бошлаб беш иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда қабул қилинади.

Агар ваколатли орган ариза берувчининг хулосани бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида ариза берувчига хулосани бермаса ёки уни беришни рад этмаса, ариза берувчи кўрсатилган муддат ўтгандан кейин, хулосани тақдим этмасдан гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш юзасидан, бу ҳақда ваколатли органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Бунда ваколатли орган ариза берувчининг хабарномаси олингандан кейин беш иш куни ичида унга хулосани бериши шарт. Хулоса олингунга қадар ариза берувчи аризасининг иккинчи нусхаси ва қабул қилинган санаси қайд этилган ариза берувчининг ваколатли органга юборган хабарномаси хулосага тенглаштирилади ҳамда гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш юзасидан мурожаат қилиш учун асос бўлади.


19. Хулосани бериш тўғрисидаги ариза қабул қилинган куннинг ўзида ваколатли органга кўриб чиқиш учун киритилади.

Ариза берувчининг рухсат бериш талаблари ва шартларига мувофиқлигини аниқлаш учун ваколатли орган аризани олган кундан бошлаб уч иш кунидан ошмаган муддатда ўз маблағлари ҳисобига ариза берувчида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун мавжуд шароитларни текшириш ва баҳолаш ишларида қатнашишга ваколат берилган юридик шахс вакили иштирокида, жойига чиққан ҳолда ариза берувчида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун зарур бўлган мавжуд шароитларни текширишни ва баҳолашни амалга оширади ҳамда натижалари бўйича икки нусхада далолатномани тузади.

Далолатномада гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган жойнинг муҳандислик-техник жиҳатдан мустаҳкамлиги, жисмоний ҳимояси ташкил этилганлиги, қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар билан жиҳозланганлиги рухсат бериш талаблари ва шартларига мувофиқлиги тўғрисида хулосалар баён этилади, зарурат бўлганида аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этишнинг аниқ тавсиялари ва етарли муддатлари кўрсатилади.

Далолатноманинг иккинчи нусхаси юридик шахснинг раҳбарига ёки текшириш ва баҳолаш ишларида қатнашишга ваколат берилган шахсга имзо орқали топширилади.


20. Ваколатли орган тегишли қарор қабул қилинган кундан бошлаб бир иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда ариза берувчига хулосани беради (юборади) ёки хулосани беришни рад этиш ҳақида ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда хабардор қилади.


21. Хулосани беришни рад этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

аризада ушбу Низомнинг 14-бандида назарда тутилган маълумотлар кўрсатилмаганлиги ёки тўлиқ кўрсатилмаганлиги, ёхуд аризада нотўғри ёки бузиб кўрсатилган маълумотларнинг мавжудлиги;

объект (хона)нинг ушбу Низомда белгиланган талабларга мувофиқ эмаслиги.

Хулосани беришни бошқа асослар бўйича, шу жумладан, мақсадга мувофиқ эмаслиги сабабли рад этишга йўл қўйилмайди.


22. Хулосани бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарнома ариза берувчига рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи ушбу сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этиши мумкин бўлган муддат кўрсатилган ҳолда ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади (топширилади). Ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этишга ва ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун тақдим этишга ҳақли бўлган муддат камчиликларни бартараф этиш учун зарур бўлган вақтга мутаносиб тарзда белгиланиши, бироқ беш иш кунидан кам бўлмаслиги керак.


23. Ариза берувчи хулосани бериш рад этилиши учун асос бўлган сабабларни белгиланган муддатда бартараф этган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш, хулосани бериш ёки уни беришни рад этиш ариза берувчининг рад этиш сабаблари бартараф этилганлиги тўғрисидаги аризаси ва рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан эътиборан уч иш кунидан ошмаган муддатда ваколатли орган томонидан амалга оширилади.


24. Хулосани бериш тўғрисидаги ҳужжатларни такроран кўриб чиқишда ваколатли орган томонидан ариза берувчига илгари ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқали электрон шаклда баён қилинмаган рад этиш сабабларини келтиришга йўл қўйилмайди, илгари кўрсатилган сабаблар бартараф этилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан боғлиқ рад этиш сабаблари келтирилиши бундан мустасно.


25. Хулосани бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада кўрсатилган муддат ўтганидан кейин ариза берувчи томонидан топширилган ариза янгидан топширилган ҳисобланади ва ваколатли орган томонидан умумий асосларда кўриб чиқилади.


26. Ариза берувчи ваколатли органнинг хулоса беришни рад этиш тўғрисидаги қарори устидан, шунингдек, ваколатли орган мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилишга ҳақли.



2-§. Хулосани қайта расмийлаштириш,

хулосанинг дубликатини бериш


27. Хулосанинг қайта расмийлаштирилиши қуйидаги ҳолатларда амалга оширилади:

юридик шахс қайта ташкил этилганида, унинг номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгарганида;

янги ташкил этилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказиш санасида бир хил турдаги гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни битта жойда сақлашга фаолиятни амалга ошириш бўйича хулосаларга эга бўлган юридик шахслар қўшилган тақдирда.

Қайд этилган ўзгаришлар мавжуд бўлганда юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси ўзгаришлардан кейин етти иш куни ичида ваколатли органга кўрсатилган маълумотларни тасдиқловчи юридик шахснинг қайта ташкил этилиши (номи ёки жойлашган жойи (почта манзили) ўзгариши, юридик шахслар қўшилиши) муносабати билан давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси илова қилинган ҳолда хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги аризани киритиши шарт.

Ҳужжатлар ваколатли органга бевосита, алоқа почтаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим қилинган ҳужжатлар ариза берувчининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Юридик шахсдан ушбу бандда назарда тутилмаган ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.


28. Хулоса қайта расмийлаштирилгунга қадар хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида ариза берган юридик шахс ёки унинг ҳуқуқий вориси хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида берилган, қабул қилиб олинган санаси ҳақида ваколатли органнинг белгиси қўйилган ариза асосида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича фаолиятни амалга оширади.


29. Хулоса қайта расмийлаштирилганда ваколатли орган берилган хулосалар реестрига тегишли ўзгартиришлар киритади.

Хулосани қайта расмийлаштириш ва бериш хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисидаги ариза тегишли ҳужжатлар илова қилинган ҳолда ваколатли орган томонидан қабул қилиб олинган кундан эътиборан беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда амалга оширилади.


30. Хулоса йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган тақдирда юридик шахснинг аризасига кўра унинг дубликати берилади. Дубликатни беришда ваколатли орган томонидан "Дубликат" белгиси қўйилган янги хулоса берилади.

Ваколатли орган ариза, шунингдек, хулоса яроқсиз ҳолга келган тақдирда унинг асл нусхаси олинган кундан эътиборан беш иш кунида хулосанинг дубликатини бериши (юбориши) шарт.


31. Хулосани қайта расмийлаштириш ёки хулосанинг дубликатини бериш учун ваколатли орган томонидан йиғим ундирилмайди.



3-§. Берилган хулосалар реестри


32. Ваколатли орган томонидан қуйидагилар кўрсатилиши лозим бўлган берилган хулосаларнинг реестри (кейинги ўринларда реестр деб аталади) юритилади:

юридик шахс тўғрисидаги асосий маълумотлар (номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефони);

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича фаолият амалга ошириладиган жой;

хулоса берилган сана ва унинг тартиб рақами;

хулосани қайта расмийлаштиришнинг асоси ва санаси;

хулоса дубликатини беришнинг асоси ва санаси.


33. Хулоса берилганлиги тўғрисидаги маълумотлар реестрга юридик шахсга хулоса бериш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда киритилади. Реестрдаги барча қайдларга сана қўйилади ҳамда улар ваколатли орган масъул шахсининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.

Реестр қоғозда ва электрон манбаларда юритилади. Қоғоздаги ва электрон манбалардаги ёзувлар ўртасида номувофиқлик мавжуд бўлган тақдирда қоғоз манбалардаги ёзувлар устувор аҳамиятга эга бўлади.

Қоғоз манбадаги реестр ваколатли орган томонидан Реестр журнали шаклида ягона нусхада юритилади. Реестр журнали ип ўтказиб тикилади, тартиб рақами қўйилади ва унинг орқа томонида саҳифалар сони, журнални юритиш бошланган сана (йил, ой, кун) кўрсатилади ҳамда ваколатли орган раҳбарининг имзоси қўйилади ва муҳри босилади.


34. Ваколатли орган хулосани қайта расмийлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган кунда реестрга тегишли қайдларни киритади.


35. Реестрдаги маълумотлар ваколатли органнинг веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ ҳисобланади.



3-БОБ. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИНИ, УЛАРНИНГ

АНАЛОГЛАРИНИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА

ПРЕКУРСОРЛАРНИ САҚЛАШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН

МАХСУС ХОНАЛАРНИНГ МУҲАНДИСЛИК-ТЕХНИК

ЖИҲАТДАН МУСТАҲКАМЛИГИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


36. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар алоҳида (ёрдамчи, хизмат ва бошқа хоналардан ажратилган) бўлиши, мустаҳкам бино (иншоот)ларда жойлаштирилиши ва битта кириш жойига (эшик ўрнига) эга бўлиши лозим.


37. Биринчи ва иккинчи тоифалардаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг асосий (ташқи) деворларининг қалинлиги 250 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 125 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.

Биринчи ва иккинчи тоифалардаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг ички деворлари (пардеворлари)нинг қалинлиги 120 мм дан кам бўлмаган пишиқ ғишт ёки тошдан ёхуд 80 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли девор блокларидан кўтарилган бўлиши лозим.

Биринчи ва иккинчи тоифалардаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг поли ва шифт тўсинларининг қалинлиги 180 мм дан кам бўлмаган темир-бетонли плиталардан ётқизилган бўлиши лозим.


38. Ушбу Низомнинг 37-банди талабларига жавоб бермайдиган биринчи ва иккинчи тоифалардаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг деворлари, шифт тўсинлари ва поли ичкари томондан бутун майдон бўйича қўшимча равишда металл панжаралар билан мустаҳкамланади (арматураланади). Металл панжара сим чивиқларининг учлари девор ва плиталардан чиқарилган, оралиғи 500 х 500 мм бўлган ҳамда диаметри 14 мм дан кам бўлмаган анкерларга (металл штирларга) пайвандланади. Анкерларни деворга мустаҳкамлаш имкони бўлмаган тақдирда, 100 х 50 х 6 мм ўлчамли металл тасмалардан тайёрланган тўсиқ деталларини тўртта дюбель михлари ёрдамида темир-бетон ёки бетон сатҳларга отиб қоқишга йўл қўйилади.


39. Эшик ўрни (эшик қутиси)нинг роми қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган металл профиль (швеллер, бурчакча ва шу кабилар)дан тайёрланади. Илгари қурилган биноларда қалинлиги 5 мм дан кам бўлмаган, ўлчамлари 30 х 40 мм бўлган металл бурчаклар билан мустаҳкамланган ҳамда арматура диаметри 14 мм дан ва узунлиги 120 мм дан кам бўлмаган, бир хил оралиқда жойлаштирилган камида ўнта штирлар ёрдамида деворга қотирилган тахтали эшик ромларидан фойдаланишга йўл қўйилади.


40. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг эшиклари соз ва эшик кесакисига зич мустаҳкамланган (пухта мослаштирилган) бўлиши керак.


41. Биринчи ва иккинчи тоифалардаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар иккита эшик билан жиҳозланади, бунда:

ташқи (асосий) эшик яхлит, қалинлиги 3 мм дан кам бўлмаган металл листдан тайёрланиб, унга камида иккита ички (ўйма) қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси ўрнатилган бўлиши лозим. Ташқи эшик хонадан чиқиш томонга (ташқарига) очилади;

ички (қўшимча) эшик металл панжаралардан тайёрланиб, ички (уйма) ёки осма қулф билан жиҳозланади. Ички эшик хонага кириш томонга (ичкарига) очилади;

ташқи ва ички эшиклар секретлари бўйича (ҳар бир қулф учун) ҳар хил бўлган қулфлар, ишончли қотиргичлар ва ошиқ-мошиқлар мосламаси билан жиҳозланади. Қулфлар ёки қулфлаш ускуналарининг ригеллари кўндаланг кесишмасининг майдони бўйича 3 кв. смдан кам бўлмаслиги лозим.


42. Учинчи тоифадаги объектларнинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар ушбу Низом 41-бандининг "а" кичик банди талабларига жавоб берадиган битта ташқи эшик билан жиҳозланади.


43. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарда дераза ўринларининг бўлишига, қоида тариқасида, йўл қўйилмайди.

Илгари қурилган хоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга хонанинг ички томонидан металл панжаралар ўрнатилган бўлиши керак. Металл панжаралар симларининг учлари деворга 80 мм дан кам бўлмаган чуқурликда бетон ёрдамида қотирилиши лозим.

Биринчи қаватда жойлашган хоналарда дераза ўринлари бўлган тақдирда, уларга қўшимча равишда хонанинг ички томонидан металл ёки икки томонидан металл листлар билан қопланган ёғоч дераза эшиклари ўрнатилади. Ушбу эшикларда осма қулф ва махсус рақамланган муҳр билан муҳрлаш ёки пломбалаш мосламаси бўлиши лозим.


44. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг деворлари, шифт тўсинлари ва полини мустаҳкамлашда (арматуралашда) фойдаланиладиган, шунингдек, эшик ва дераза ўринларидаги панжараларнинг металл сим чивиқлари (арматуралари) диаметри 14 мм дан кам бўлмаслиги лозим. Сим чивиқлари 150 х 150 мм дан катта бўлмаган катакчаларни ҳосил қилган ҳолда ҳар бир кесишмасида пайвандланади.


45. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг ичкарисига чиқувчи вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларининг люклари ва туйнукларига хона ичига ўтиш имконини истисно этадиган диаметри 14 мм дан кам бўлмаган ҳамда катакчаларнинг ўлчами 100 х 100 мм дан катта бўлмаган металл панжаралар ўрнатилиши лозим.

Хонанинг деворларида, шифт тўсинларида ёки полида муҳандислик тармоқларини ўтказиш учун қолдирилган туйнукларнинг диаметри 200 мм дан катта бўлмаслиги лозим.



4-БОБ. БИРИНЧИ ТОИФАДАГИ ОБЪЕКТЛАРДА

ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ, УЛАРНИНГ АНАЛОГЛАРИ,

ПСИХОТРОП МОДДАЛАР ВА ПРЕКУРСОРЛАР

САҚЛАНАДИГАН ЖОЙЛАРНИНГ ҲУДУДИГА

ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


46. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойлари жойлашган ҳудуд қурилиш меъёрлари ва қоидаларига ҳамда лойиҳалашнинг санитария қоида ва меъёрларига мувофиқ бўлиши ҳамда қуйидаги талабларга жавоб бериши керак:

тўсиқ девордан 3 м дан кам бўлмаган кенгликда тақиқланган ҳудудга эга бўлиши зарур. Тақиқланган ҳудуднинг чегараларида тўсиқлар ва огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилади. Тўсиқ девордан энг яқиндаги омборхонагача масофа 3 м дан кам бўлмаслиги керак. Тақиқланган ҳудуд доирасидаги дарахтлар ва буталар олиб ташланган бўлиши, ушбу ҳудуд қуруқ ўтдан, буталардан, шох-шаббалар ва бошқа осон алангаланувчи буюмлардан тозаланган бўлиши керак;

юзаси текис бўлиши, ёғингарчилик, қор-муз сувлари ва суғориладиган сувлар оқиб кетиши учун зарур қияликларга эга бўлиши керак;

бинолар, қурилмалар ва иншоотларга, ёнғин гидрантларига, ҳовузларга ва бошқа сув таъминоти манбаларига олиб борувчи ички йўллар, ўтиш йўллари, шахобча йўллар, ўтиш жойлари ва пиёдалар йўлакчалари, шунингдек, ёнғинга қарши буюмлар, мосламалар ҳамда резервуарларнинг бўсағалари қаттиқ қопламага эга бўлиши, эркин ҳаракатланиш учун доимо бўш бўлиши, тоза сақланиши ва ўз вақтида таъмирланиб турилиши, муз билан қопланганида қум сепилиши, қишда эса қордан тозаланиб турилиши керак;

ички темир йўлларини кесиб ўтиш йўллари ва жойлари ёнғин ўчириш автомобиллари ўтиши учун бўш туриши лозим. Йўллардан, ўтиш йўлларидан, бинолар, қурилмалар ва иншоотлар орасидаги узилишлардан материалларни, хом ашёни, тайёр маҳсулотларни тўплаш жойлари ҳамда автотранспорт воситалари тураргоҳи сифатида фойдаланишга йўл қўйилмайди;

ўтиш йўлларининг тор жойларида ва ёнғинни ўчириш тезкор режаси бўйича ёнғин ўчириш техникаси жойлаштирилиши белгиланган жойларда автотранспортнинг ва бошқа механизмларнинг тўхтаб туришини тақиқловчи йўл белгилари ва аниқлаштирувчи ёзувлар билан таъминланиши;

соз ва зудлик билан ишлатишга тайёр ҳолда ушлаб туриладиган яшиндан ҳимоялаш ҳамда ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари билан жиҳозланиши зарур. Ёнғин ўчиришнинг бирламчи воситалари олиниши қулай бўлган жойларда жойлаштирилган ҳамда сутканинг қоронғи вақтида ёритиладиган махсус ёнғин қалқон (пост)ларига ўрнатилиши лозим;

сутканинг қоронғи вақтида турғун электр чироқлари билан ёритилиши;

қазилган чуқурлар ёки чуқурли жойларнинг бўлмаслиги, люклар, қудуқлар ва ариқчалар тоза бўлиши ва қопқоқлар билан ёпилган бўлиши лозим. Вақтинча очиб қўйилган люклар, қудуқлар ва ариқчалар баландлиги 1 метрдан кам бўлмаган, сутканинг қоронғи вақтида кўринадиган чироқли сигнализация ўрнатилган тўсиқлар билан таъминланади;

қудуқларга, шунингдек, муюлиш бурчакларида камераларга эга бўлмаган ер ости муҳандислик тизимлари уларнинг жойлашувини аниқлаш имконини берувчи ташқи аниқлаштирувчи белгилар билан жиҳозланади.


47. Алоҳида жойлашган гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойлари ўртасидаги, шунингдек, гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойлари ва бошқа бинолар, қурилмалар ва иншоотлар ўртасидаги масофа ўрнатилган ёнғин хавфсизлигини таъминлаш оралиқларидан кам бўлмаслиги керак. Ёнғин хавфсизлигини таъминлаш оралиқларидан материалларни, хомашёни, ярим тайёр маҳсулотларни, тайёр маҳсулотларни ва идишларни сақлаш учун фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Ҳудудда материалларни, хом ашёни, ярим тайёр маҳсулотларни, тайёр маҳсулотларни ва идишларни сақлаш учун майдончаларнинг жиҳозланиши ёнғин хавфсизлиги органлари билан келишилган бўлиши лозим.


48. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойининг ҳудуди куну тун хизмат олиб борувчи қуролланган қўриқлаш хизмати билан таъминланади.


49. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш жойининг ҳудуди ташқи периметри бўйича тўсиқ девор билан ўралган бўлиши лозим.


50. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни сақлаш жойларининг ҳудуди тиканли сим, пишиқ ғишт, тош ёки металлдан тайёрланган тўсиқ девор билан ўралади. Тўсиқ деворнинг баландлиги 2 м дан кам бўлмаслиги керак. Пишиқ ғиштдан, тошдан ёки металлдан тайёрланган тўсиқ девор устига 0,5 м дан кам бўлмаган баландликда металл асосларга тўрт қатор тиканли сим тортилиши лозим. Тўсиқ деворда қулфланадиган дарвоза ва эшиклар ўрнатилади.


51. Прекурсорларни сақлаш жойлари ҳудудининг тўсиқ девори икки доирали қилиб ўрнатилади.

Биринчи (ташқи) доирадаги тўсиқ девор 2,5 м дан кам бўлмаган баландликда пишиқ ғишт, тош ёки темир-бетонли блоклардан кўтарилади. Тўсиқ девор устидан баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган 4 қатор тиканли симдан ясалган эгилган (бурчакли) устун ёки "егоза" туридаги тиканли симдан ялпи тўсиқ ўрнатилади.

Иккинчи (ички) доирадаги тўсиқ девор асосий деворнинг ички томонидан баландлиги 2 м дан кам бўлмаган "рабица" туридаги симдан кўтарилади. Тўсиқ девор устидан баландлиги 0,5 м дан кам бўлмаган 4 қатор тиканли симдан ясалган эгилган (бурчакли) устун ёки "егоза" туридаги тиканли симдан ялпи тўсиқ ўрнатилади.

Тўсиқ деворлар қулфланадиган дарвоза ва эшиклар билан жиҳозланади.


52. Прекурсорларнинг сақланиши ёнғин хавфсизлиги қоидалари, моддаларнинг ўзаро мутаносиблиги ҳамда ўт ўчириш воситаларининг бир хилдалиги белгиларига риоя этилган ҳолда амалга оширилади.


53. Прекурсорларнинг сақлаш жойлари қуйидаги турларга бўлинади:

омборхоналар;

майдончалар (очиқ ва усти ёпиқ);

резервуар жойлар.

Муайян турдаги сақлаш жойларида сақланиши лозим бўлган прекурсорларнинг аниқ типи ва турлари ҳамда уларнинг чекланган сиғимлари норматив-техник ҳужжатлар билан белгиланади.


54. Ҳар бир омборхонда кўринадиган жойда "Сигнал ранглари ва хавфсизлик белгилари" 12.4.026 Давлат стандарти бўйича, омборхонада сақланаётган материалларни тўплашда хавфсизлик қоидалари, бахтсиз ҳодисалар рўй берганда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш йўриқномалари осилган бўлиши керак.


55. Прекурсорларни идишларда сақлаш омборхоналари ёнмайдиган материаллардан қурилиши, қуруқ, яхши шамоллатиладиган ёки вентиляцияланадиган бўлиши лозим.


56. Хомашё ва тайёр маҳсулотларни сақлаш омборхоналарида умумий алмашинувчан вентиляция, сочилувчан моддаларни сақлаш силос омборхоналарида эса - аспирация бўлиши керак.


57. Хомашё ва тайёр маҳсулотларни сақлаш учун майдончалар атмосфера ёғинларидан ва қуёш нурларининг тўғридан-тўғри таъсиридан ҳимояланган бўлиши, йўлнинг қатнов қисми сатҳидан камида 15 см баландликда жойлашиши, суюқликларнинг тўсиқларсиз ёйилишини чекловчи мосламалар ҳамда атмосфера ва ер усти сувлари учун ариқлар билан жиҳозланиши керак.


58. Кислоталарни сақлаш учун омборхоналар бошқа материалларни сақловчи омборхоналардан алоҳида жойлашган бўлиши керак. Кислоталарнинг ертўлаларда сақланишига рухсат этилмайди. Кислоталарни сақлаш омборхоналарини шамоллатиш учун табиий вентиляциядан фойдаланилади.


59. Хомашё ва тайёр маҳсулотларнинг махсус майдончаларда идишлар ичида сақланиши ҳар бирида сони 100 донадан ортиқ бўлмаган гуруҳлар билан амалга оширилиши, гуруҳлар орасидаги масофа 1 м дан кам бўлмаслиги лозим. Ҳар бир гуруҳда маълум бир турдаги моддалар сақланиши зарур.


60. Хомашёнинг суткалик захирасини сақлаш учун бўлинмаларда ҳавони тортувчи вентиляция ўрнатилган омборлар жиҳозланган бўлиши керак.



5-БОБ. ГИЁҲВАНДЛИК ВОСИТАЛАРИ,

УЛАРНИНГ АНАЛОГЛАРИ, ПСИХОТРОП МОДДАЛАР

ВА ПРЕКУРСОРЛАР САҚЛАНАДИГАН ЖОЙЛАР ҲАМДА

МАХСУС ХОНАЛАРНИНГ ҚЎРИҚЛАШ ВА ЁНҒИНДАН

ДАРАК БЕРУВЧИ СИГНАЛИЗАЦИЯ ВОСИТАЛАРИ

ҲАМДА  ВИДЕОКУЗАТУВ ТИЗИМЛАРИ БИЛАН

ЖИҲОЗЛАНИШИГА ҚЎЙИЛАДИГАН ТАЛАБЛАР


61. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган жойлар ҳамда махсус хоналарда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплексини лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари ушбу фаолият турларини амалга ошириш учун лицензияга эга бўлган юридик шахслар томонидан амалга оширилади.

Сақлаш жойлари ва махсус хоналарни қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси ҳамда видеокузатув тизимлари билан жиҳозлашда қурилиш-монтаж ва ишга тушириш-созлаш ишлари қурилиш меъёрлари ва қоидалари талабларига биноан ишлаб чиқилган махсус лойиҳаларга мувофиқ амалга оширилади.


62. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплексига ҳамда видеокузатув тизимларига уларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш ва созлаш ишларини амалга оширган юридик шахс билан келишмасдан туриб ўзгартиришлар киритиш тақиқланади.


63. Юридик шахснинг буйруғи ёки фармойиш тусидаги бошқа ҳужжат билан қўриқлаш ва ёнғинга қарши сигнализация комплекси ҳамда видеокузатув тизимларини эксплуатация қилиш ва унга хизмат кўрсатиш учун жавобгар шахслар тайинланади.


64. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси ҳамда видеокузатув тизимларини ўрнатиш ва эксплуатация қилишга оид техник ҳужжатлар хизмат доирасида фойдаланиш учун мўлжалланган бўлиб, "Хизмат фаолияти доирасида фойдаланиш учун" грифига эга бўлиши керак.


65. Хавфни билдирувчи сигнал тушганида юридик шахс қоровули (қоровуллик хизмати)нинг хатти-ҳаракатлари юридик шахс раҳбари томонидан тасдиқланган йўриқнома билан тартибга солинади.


66. Гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг техник қўриқлаш маркази (пункти) қўриқловига топширилиши, бунда уларнинг қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси техник қўриқлаш маркази (пункти)га уланиши лозим.


67. Биринчи тоифадаги объектлар икки (ташқи ва ички) доирали қўриқлаш, шунингдек, ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан жиҳозланади.


68. Иккинчи тоифадаги объектлар ички доирали қўриқлаш сигнализацияси, шунингдек, ёнғиндан дарак берувчи сигнализация билан жиҳозланади.


69. Учинчи тоифадаги объектлар ички доирали қўриқлаш сигнализацияси билан жиҳозланади.


70. Биринчи (ташқи) доирадаги қўриқлаш сигнализациясининг датчиклари рухсатсиз кириб-чиқишни (очишни, бузишни) аниқлаш мақсадида қуйидагича ўрнатилади:

биринчи тоифадаги объектлар ҳудудининг атрофи бўйлаб ер устида жойлашган бинонинг ташқи деворидан ёки бино дўнгликда жойлашганида дўнгликнинг ташқи асосидан, ёхуд бино пастқамликда жойлашганида чуқурликнинг ташқи четидан 5 м дан кам бўлмаган масофа доирасида яхлит ҳимоя зонаси кўринишида ўрнатилади. Бино атрофидаги ҳимоя зонаси узлуксиз бўлиши ва унинг доирасида ҳаракатланаётган одам аниқланишини таъминлаши керак. Ташқи ҳимоя тизими қўриқланаётган ҳудудда одамларнинг ҳаракатланишини сезадиган радиотўлқин ускуналари билан жиҳозланади, бунда объект атрофида яхлит ҳимоя зонасини яратиш учун ҳажмли типдаги ёки ёпиқ узлуксиз периметр бўйича тор, чегара бўйлаб тортилган ҳимоя зонасини яратиш учун тармоқ типидаги хабар бергич ускуналаридан фойдаланилади. Яхлит зона ўрнига ташқи ҳимоя тизими чегарасида кенглиги 1,5-2 м ли периметр бўйлаб қўриқлаш зонасини жиҳозлашга рухсат этилади;

гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналарнинг эшикларига, деразаларига, вентиляция ва бошқа муҳандислик коммуникацияларининг туйнук ва тешикларига ўрнатилади.


71. Иккинчи (ички) доирадаги қўриқлаш сигнализацияси датчиклари хона ичида рухсатсиз бегона шахсларнинг борлигини аниқлаш мақсадида гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар ичига ўрнатилади.


72. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализациянинг датчиклари хона ичига, у ердаги ёнғинга қарши вазият кескин ўзгарганда (ҳарорат кўтарилиши, тутун ҳосил бўлиши ва бошқалар) ёки ёнғин юзага келганда хатарни билдирувчи сигнални бериш учун ўрнатилади. Ёнғиндан дарак берувчи сигнализация ёнғин чиққанлиги ёки бино ичидаги ёнғин хавфсизлиги ҳолати ўзгарганлигини аниқлаш ва сигнал беришга мўлжалланган тутунли, иссиқлик, ёруғлик ва (ёки) комбинацияланган хабар бергичлар билан жиҳозланади.


73. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализацияларнинг хатарни билдирувчи сигнали юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасида жиҳозланган махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши, ушбу пультдаги махсус таблода бузилиш ёки ёнғин рўй берган жойни (ёнғинни) чироқ (нур) ёрдамида кўрсатадиган товушли, ёруғлик ёки бошқа индикаторлар (сигналлар) узатилиши керак.

Хатарни билдирувчи сигнал юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати хонасида жиҳозланган махсус кўп каналли (кўп нурли) пультга келиб тушиши билан бир вақтда симли ёки радио алоқа тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг техник қўриқлаш маркази (пункти)га узатилиши лозим.

Хатарни билдирувчи сигнал сабабларини аниқлаш, зудлик билан кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўриш ва ёлғон (сабабсиз) чақириқнинг олдини олиш мақсадида юридик шахснинг кечаю кундуз ишловчи қоровуллик, қўриқлаш, навбатчилик ёхуд диспетчерлик хизмати ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси бўлинмаларининг техник қўриқлаш маркази (пункти) ўртасида икки томонлама алоқа ташкил этилиши лозим.


74. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган хонанинг ташқи томонида баланд товуш чиқарувчи ускуна (сирена) билан жиҳозланиши лозим.


75. Хатарни билдирувчи сигнални узатишда қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси автоматик тарзда ишлаши лозим.

Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси ҳамда видеокузатув тизимларининг электр таъминоти тармоғи унинг сутка давомида узлуксиз тарзда ишлашини таъминлайдиган бўлиши зарур.

Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси ҳамда видеокузатув тизимларининг электр таъминоти тармоғи асосий электр тизими ўчирилганда уни алмаштирувчи, автоматик тарзда ишга тушадиган электр таъминоти манбаига (дизель-генератор ва бошқалар) уланган ва камида 3 соат ишловчи аккумулятор билан таъминланган бўлиши лозим.

Видеокузатув тизими тасвирни камида ўттиз кун давомида сақланишини таъминлаши лозим.


76. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплекси ҳамда видеокузатув тизимларининг симлари электр узатиш қутиси (коммутацион ускуна)дан датчикларгача яширин тарзда, деворлар ёки шифт ости тўсиқларига чуқур киритилиб ва суваб, ёхуд деворлар ва шифт ости панеллари ичига жойлаштирилиб ўтказилиши ҳамда унга шикаст етказилганида ишлаб кетадиган датчиклар билан таъминланган бўлиши лозим.

Қўриқлаш сигнализацияси ва видеокузатув тизимларининг шлейфлари темир-бетон ва бетон қурилиш конструкциялари бўйлаб қувурларда фақат гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлашга мўлжалланган махсус хоналар ичида ётқизилишига йўл қўйилади.


77. Қўриқлаш ва ёнғиндан дарак берувчи сигнализациялар комплексининг сигнал берувчи ва таъминлаш кабеллари тасодифий равишда ёки қасддан шикастланишлардан юқори даражада ҳимояланган бўлиши керак.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


78. Ушбу Низом талабларига риоя этилиши учун юридик шахсларнинг раҳбарлари, шунингдек, юридик шахсларнинг буйруқлари ёки фармойиш тусидаги бошқа ҳужжат билан гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг сақланиши учун жавобгарлик юкланган мансабдор шахслар жавобгардир.


79. Ушбу Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Объект (хона)нинг гиёҳвандлик воситаларини,

уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва

прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга

мувофиқлиги тўғрисидаги хулосани бериш

СХЕМАСИ

       

Босқич

Субъектлар

Тадбирлар

Муддати

1-босқич

Ариза

берувчи -

юридик

шахс

Аризани кўриб чиқиш учун бевосита, почта алоқаси воситалари ёки электрон шаклда ваколатли органга икки нусхада улар олинганлиги ҳақида хабардор қилинган ҳолда тақдим қилади.

Ариза берувчининг хоҳишига кўра

2-босқич

Ваколатли орган

1. Аризани қабул қилади, унинг иккинчи нусхасини қабул қилинган сана кўрсатилган ҳолда ариза берувчига жўнатади (тақдим этади).

1. Ариза қабул қилинган кунда


2. Жойга чиққан ҳолда ариза берувчида мавжуд гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш учун зарур бўлган шароитларни ўрганади ва баҳолайди.

2. Ариза олинганидан уч иш куни ошмаган муддатда


3. Текширув ва баҳолаш натижалари бўйича хулосани бериш ёки беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилади.

3. Ариза олинганидан беш иш кунидан ошмаган муддатда


4. Ариза берувчига хулосани беради (жўнатади) ёки хулосани бериш рад этилганлиги ҳақида унга ёзма шаклда, шу жумладан, ахборот тизими орқли электрон шаклда хабар беради.

4. Тегишли қарор қабул қилинганидан  бир иш куни ошмаган муддатда


5. Реестрга тегишли ёзувларни киритади.

5. Ариза берувчига хулосани бериш ҳақида қарор қабул қилинган кунда

6. Хулосани беришни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинганда хулосани бериш рад этилганлиги ҳақидаги хабарномада рад этиш сабаблари, қонун ҳужжатларининг аниқ нормалари ва ариза берувчи рад этиш сабабларини бартараф этиб, такроран кўриб чиқиш учун ҳужжатларни киритишга етарли муддат кўрсатилади.

6. Тегишли қарор қабул қилинганидан бир иш кунидан ошмаган муддатда

3-босқич

Ваколатли орган

Ариза берувчи белгиланган муддатда хулоса беришни рад этиш учун асос бўлган сабабларни бартараф этган тақдирда, хулоса берилиши ҳақидаги аризани такроран кўриб чиқади ва тегишли қарорни қабул қилади.

Рад этиш сабаблари бартараф этилгани ҳақидаги ариза ва рад этиш сабаблари бартараф этилганли-гини тасдиқловчи ҳужжатлар олинган кундан эътиборан уч иш кунидан ошмаган муддатда





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Давлат герби


Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги



Объект (хона)нинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини,

психотроп моддалар ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник

талабларга мувофиқлиги тўғрисида

ХУЛОСА

(хулосани берган ички ишлар органининг номи)

20___ йил "____" ________

________-сон



ҳоли пункти)

Ушбу билан

га тегишли бўлган,

(юридик шахснинг номи)

манзили бўйича

жойлашган объект (хона)нинг қуйидагиларни


(сақлашга рухсат этиладиган моддалар турлари -

гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари, психотроп моддалар

ва прекурсорлар - алоҳида-алоҳида кўрсатиб ўтилади)

сақлаш бўйича белгиланган техник талабларга мувофиқлиги тасдиқланади.


Асос: 20___ йил "____" __________________даги текшириш далолатномаси.

Бошлиқ

м.ў.

(имзо)

(фамилияси, исми ва отасининг исми бош ҳарфлари)

Хонанинг гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини, психотроп моддалар

ва прекурсорларни сақлаш бўйича техник талабларга мувофиқлиги тўғрисидаги

ХУЛОСА БЎЛАГИ

20___ йил "____" ________

________-сон



ҳоли пункти)

(ички ишлар органининг номи)

Ушбу билан

га тегишли бўлган,

(юридик шахснинг номи)

манзили

бўйича жойлашган объект (хона)нинг қуйидагиларни


(сақлашга рухсат этиладиган моддалар

турлари - гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари,

психотроп моддалар ва прекурсорлар - алоҳида-алоҳида кўрсатиб ўтилади)

сақлаш бўйича

            

белгиланган техник талабларга мувофиқлиги тасдиқланади.


Асос: 20___ йил "____" __________________даги текшириш далолатномаси.

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 февраль















































Время: 0.0056
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск