язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм/ Соғлиқни сақлаш/ Тиббиёт муассасалари/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 18.02.2020 й. ПҚ-4606-сон "Хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

18.02.2020 й.

N ПҚ-4606



ХУСУСИЙ ТИББИЁТ ТАШКИЛОТЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШНИ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШНИНГ

ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Хусусий соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш, ҳудудлар аҳолиси учун ихтисослаштирилган тиббиёт хизматларидан фойдаланиш имкониятини ошириш, хусусий тиббиёт ташкилотларининг инвестициявий фаоллигини яхшилаш, уларни замонавий юқори технологияли асбоб-ускуналар ва бутловчи қисмлар билан жиҳозлаш, шунингдек, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида:


1. "Асака" АТБ орқали 28 миллион АҚШ доллари миқдорида мақсадли имтиёзли ресурслар ажратилиши натижасида республиканинг барча ҳудудларида хусусий тиббиёт ташкилотларини замонавий тиббиёт ускуналари билан жиҳозлаш бўйича 286 та лойиҳа амалга оширилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг (кейинги ўринларда - Жамғарма) "Асака" АТБга хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион АҚШ доллари миқдорида Жамғарма кредит линиясини тақдим этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.


3. Белгилансинки, Жамғарманинг кредит линияси:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4290-сон қарорига мувофиқ ажратилган, танланмаган маблағлар қисми ҳисобидан;

10 йилгача муддатга, шу жумладан 3 йиллик имтиёзли давр, "Асака" АТБ маржасини ҳисобга олмасдан йиллик 5 фоиз ставка билан;

лойиҳалар қийматининг кўпи билан 60 фоизини молиялаштириш учун;

пуллик тиббиёт хизматларига бўлган талаб бўйича таҳлилларни ва хусусий тиббиёт ташкилотида харид қилинаётган ускуналарда хизмат кўрсата оладиган малакали ходимларнинг мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда иловага мувофиқ ҳудудларда янги импорт тиббиёт ускуналари (косметологияга оидлари бундан мустасно) ва уларга бутловчи қисмларни харид қилиш учун тақдим этилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва "Асака" АТБ билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар халқаро молия институтлари билан хусусий тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион АҚШ доллари миқдорида узоқ муддатли кредит линияларини жалб қилишни кўриб чиқсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 16 апрелдаги "Соғлиқни сақлаш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-4290-сон қарори 3-бандининг иккинчи хатбошисидаги "200" рақами "150" рақами билан алмаштирилсин.


6. Мазкур қарор ижроси устидан назорат қилишнинг қуйидаги тартиби ўрнатилсин:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов - мазкур қарорнинг самарали амалга оширилиши, унинг қоидалари ўз вақтида ижро этилиши бўйича масъул вазирликлар, идоралар ва "Асака" АТБ раҳбарларининг ҳисоботлари мунтазам этишиб борилиши, зарур ҳолларда мазкур соҳани янада такомиллаштириш бўйича таклифлар киритилишини таъминласин;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (С.У. Умурзаков, Ш.А. Вафаев) - мазкур қарорга мувофиқ хусусий тиббиёт ташкилотларини қўллаб-қувватлаш учун Жамғарманинг кредит линиялари ўз вақтида ажратилиши, соғлиқни сақлашнинг хусусий секторини янада ривожлантириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг маблағлари жалб этилиши бўйича чораларни кўрсин;

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазири А.К. Шадманов - сифатли хусусий соғлиқни сақлаш тизимини, айниқса ҳудудларда янада кенгайтириш, ушбу соҳада мавжуд муаммо ва камчиликларни бартараф этиш, тиббиёт туризмини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича зарур чораларни (таклифларни) кўрсин (киритсин).



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                           Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 18 февралдаги

ПҚ-4606-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт

жамғармаси  маблағлари  ҳисобидан  хусусий

тиббиёт ташкилотларини ривожлантиришни

қўллаб-қувватлашни молиялаштиришнинг

ПРОГНОЗ ПАРАМЕТРЛАРИ*

млн долл.

Т/р

Ҳудудлар

Суммаси

ЖАМИ:

50

1.

Қорақалпоғистон Республикаси

3

2.

Андижон вилояти

5

3.

Бухоро вилояти

3,1

4.

Жиззах вилояти

2,2

5.

Қашқадарё вилояти

5,2

6.

Навоий вилояти

1,6

7.

Наманган вилояти

4,5

8.

Самарқанд вилояти

6,2

9.

Сурхондарё вилояти

4,2

10.

Сирдарё вилояти

1,4

11.

Тошкент вилояти

4,6

12.

Фарғона вилояти

6

13.

Хоразм вилояти

3

    

*) "Асака" АТБга Жамғарма билан келишилган ҳолда кредит линияси маблағларининг амалда ўзлаштирилиши ва ҳудудларда молиялаштириш учун тайёр лойиҳаларнинг мавжудлигидан келиб чиқиб Прогноз параметрларига ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 19 февраль


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 24 февраль, 7-сон, 76-модда