ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси / Ер қонунчилиги / Ерларни мелиорациялаш /

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2020 й. 109-сон қарорига илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 февралдаги

109-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни

фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация

объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан

боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, насос агрегатини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни бир қисмини қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом қоидалари:

аввал фойдаланишга қайтарилган ер майдонларида амалга оширилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига ҳамда мавжуд ирригация ва мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларига нисбатан татбиқ этилмайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонининг 3-иловасида келтирилган туман (шаҳар)нинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларга, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ва сув билан таъминланмаган ерларига ҳамда туман ҳокимликлари захирасидаги ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативларига ажратилган ерларга, шунингдек, лалми ва адир ерларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ирригация объектлари - сув ресурсларини бошқариш, тўплаш ва уларни сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига етказиш, суғориладиган ерларни сув билан таъминлашга кўмаклашадиган, гидроузеллар, сув оқимини йўналтириш, дарёлар ва каналлар ўзанларини ҳимоя қилиш, сув омборлари, сел-сув омборлари, ирригация тизими каналлари ва суғориш тармоқлари иншоотлари билан, насос станциялари, суғориш вертикал қудуқлари, сув олиш, сув ташлаш, сув чиқариш ва бошқа иншоотларни ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;


мелиорация объектлари - коллектор-дренаж ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиорация насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;


ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш - ирригация ва мелиорация объектларини тўлиқ ёки қисман қайта қуриш ва қуриш. Объект реконструкция қилингандан кейин унинг дастлабки лойиҳа параметрлари ва иншоотлар таркиби янги лойиҳага мувофиқ қисман ёки тўлиқ ўзгариши мумкин;


вертикал суғориш қудуғи - ер ости сувларини чиқаришга хизмат қиладиган, сув қабул қилгич, электр насос, қувурлар, шунингдек, бошқариш станцияси билан жиҳозланган ҳамда хизмат кўрсатаётган майдонни сув билан таъминлаш учун барпо этиладиган қудуқдан иборат сув хўжалиги объекти;

лойиҳа ташаббускори - қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритувчи ва шу мақсадда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция ишларини ўз маблағи ҳисобидан амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, Ўзбекистон Республикаси резидентлари;


талабгорлар - аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш истагини билдирган томорқа ер эгалари.

4. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш (кейинги ўринларда қуриш ва реконструкция қилиш объектлари деб аталади) билан боғлиқ харажатларни қоплаш инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилади.


5. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган, ерларни фойдаланишга киритишда вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва насос агрегатини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг эса 50 фоизи, бироқ 120 миллион сўмгача бўлган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда - Давлат бюджети) маблағлари ҳисобидан (субсидия сифатида) тузилган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик битими доирасида бир марта қоплаб берилади.

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар учун субсидия:

аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан, Қорақалпоғистон Республикаси учун 5 метрдан ортиқ бўлган кичик ҳажмдаги ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг биринчи метридан бошлаб 100 фоизини, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан ошмаган қисмини;

камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун катта ҳажмдаги вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизини, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган қисмини;

фуқароларга очиқ электрон танлов орқали деҳқон хўжалиги ташкил этиш учун 0,15 гектардан 2 гектаргача бўлган ўлчамларда 30 йилга ижарага берилган ва битта контурда ёки ёнма-ён иккита контурда жойлашган камида 30 та деҳқон ҳўжаликлари ерларини суғориш учун катта ҳажмли вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 100 фоизи, бироқ 150 миллион сўмдан ошмаган қисмини;

қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва насос агрегатини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 120 миллион сўмгача бўлган қисмини қоплаш учун ажратилади.

Бунда, лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция ишлари, шунингдек, талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва насос агрегатини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг қолган қисми уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатлар учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига марказлашган харажатлар сметасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига асосан мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланадиган қўшимча маблағлар назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларига маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонларини ўзлаштириш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари харажатларининг бир қисмини қоплашга зарур қўшимча маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратилади.

7. Лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ қопланади.

Талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


2-БОБ. МАНЗИЛЛИ ДАСТУРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Қуриш ва реконструкция қилиш объектларининг

манзилли дастурини шакллантириш

8. Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудий органлари ҳамда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини ҳисобот йилининг 1 февралига қадар шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

Манзилли рўйхатни шакллантиришда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонига асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш прогноз кўрсаткичлари;

қишлоқ хўжалиги кооперативларига маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари миқдори;

фойдаланишга киритилаётган ирригация ва мелиорация объектларининг номи, ер майдони, қуввати, уларнинг дастлабки қиймати ва лойиҳа ташаббускорлари номи;

тупроқ унумдорлиги, ерларнинг балл бонитети ҳамда инфратузилма объектлари (дала шийпони, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тақдим этилган туман (шаҳар) манзилли рўйхатини белгиланган тартибда кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда ҳисобот йилининг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ва Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигига тақдим этадилар.

Туман (шаҳар) ва ҳудудий манзилли рўйхатларни сифатли шакллантириш, тақдим этилган маълумотларнинг аниқлилиги юзасидан жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳудудий манзилли рўйхатларни кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳисобот йилининг 1 апрелига қадар тасдиқлайди.

Маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари бўйича манзилли дастур Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳам келишилади.


2-§. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари

ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини

суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва

ишга тушириш бўйича талабгорларнинг манзилли

дастурини шакллантириш тартиби

10-1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда келгуси ҳисобот йилида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш бўйича талабгорларнинг манзилли рўйхатини йилига икки марта, яъни биринчи марта ҳисобот йилининг 1 ноябрига қадар, иккинчи марта ҳисобот йилининг 1 майига қадар шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

Туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиришда вертикал суғориш қудуқлари бурғуланадиган сув таъминоти оғир бўлган маҳалла фуқаролари йиғинлари, аҳоли хонадонлари, деҳқон ҳўжаликлари шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун тасдиқланган манзилли рўйхат Кенгашнинг расмий веб-сайтида эълон қилинган кундан бошлаб бир йил муддатга амал қилади.

10-2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тақдим этилган туманлар манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда ҳисобот йилининг тегишлича 1 декабрь ва 1 июнига қадар Кенгашга тақдим этади.

Туман (шаҳар) ва ҳудудий манзилли рўйхатларни сифатли шакллантириш, тақдим этилган маълумотларнинг аниқ ва ишончлиги юзасидан жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.


10-3. Кенгаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳудудий манзилли рўйхатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳисобот йилининг 15 декабрига ва 15 июнига қадар тасдиқлайди.

Кенгаш ҳисобот йилида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш бўйича талабгорларнинг манзилли дастурини ҳисобот йилининг тегишлича 1 январь ва 1 июлига қадар ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилиб боради.

11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган, ерларни фойдаланишга киритишда вертикал суғориш қудуғини бурғилаш ва насос агрегатини ўрнатиш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг эса 50 фоизи, бироқ 120 миллион сўмгача қопланадиган қисмини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича тасдиқланган манзилли дастурига асосан мазкур мақсадлар учун марказлашган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида аниқлайди.

12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатини, ҳисобот йилининг 15 апрелига қадар оммавий ахборот воситаларида ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради.



3-БОБ. ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ БЎЙИЧА ИНВЕСТИЦИЯ

ШАРТНОМАСИНИ ЁКИ ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ

ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА БИТИМ ТУЗИШ


13. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари (кейинги ўринларда Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурларга асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда инвестиция шартномаси ёки "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларидан келиб чиқиб лойиҳа ташаббускорлари билан инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолайдилар.

Бунда инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори кўрсатилади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ер майдонларини инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг ваколатли давлат органи қарорига асосан лойиҳа ташаббускорига ушбу Низомда белгиланган тартибда ажратиб беради.


15. Инвестиция шартномасида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

лойиҳа ташаббускори томонидан бажариладиган қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари рўйхати ва унга талаб этиладиган маблағлар дастлабки миқдори;

бизнес лойиҳа;

Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори ва бошқа мажбуриятлар.



4-БОБ. ХАРАЖАТЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


1-§. Қуриш ва реконструкция қилиш харажатларини

давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби

16. Лойиҳа ташаббускорлари қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун тегишли равишда Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза-талабнома;

амалга оширилган қуриш ва реконструкция ишлари харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (ҳисоб-фактура ва бошқалар);

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари раислигида тасдиқланадиган фойдаланишга қабул қилиш комиссияси томонидан белгиланган тартибда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан расмийлаштирилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси.


17. Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига лойиҳа ташаббускори томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганда, уларни уч иш кунида лойиҳа ташаббускорига тўлиқ ҳолда тақдим қилиш учун қайтаради.

18. Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш бўйича бажарилган ирригация ва мелиорация тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш юзасидан келиб тушган ҳужжатларни уч иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

19. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг Давлат бюджетидан қопланадиган қисмини уч иш кунида Сув хўжалиги вазирлигининг марказлашган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида шахсий ғазна ҳисобварағи орқали лойиҳа ташаббускорларининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.


20. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар маблағлари ҳисобидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича келишувлар амалга оширилган ҳолларда, эришилган келишувлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига икки томонлама молиялаштиришни ва Давлат бюджети маблағларини мақсадлилигини таъминлаш бўйича ҳар чоракда бир марта ахборот киритиб борилади.

Бунда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар маблағлари ҳисобига қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмайди.



2-§. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари

ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини

суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга

тушириш билан боғлиқ харажатларни давлат томонидан

қоплаб бериш тартиби

20-1. Талабгорлар вертикал суғориш қудуқлари бурғуланиб ишга туширилгандан сўнг сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун "Агросубсидия" ахборот тизимига қуйидаги ҳужжатларни киритади:

ариза-талабнома;

амалга оширилган ишларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (гидрогеология хулосаси, корхона ва талабгор ўртасида тузилган шартнома, ҳисоб-фактура, назорат-ўлчов хулосаси, сув билан таъминланадиган камида 30 нафар томорқа ер эгаларининг МФЙ раиси томонидан тасдиқланган рўйхати, талабгорнинг банк реквизитлари, пудратчи ташкилот томонидан олинадиган Ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш учун рухсатнома, қазилган қудуққа тайёрланган ва Гидрогеология станцияларида рўйхатга қўйилган техник паспорт, қудуқдан фойдаланиш учун истеъмолчи томонидан олинадиган Ер ости сувларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома, талабгор ва бурғиловчи ташкилот ўртасида қазилган қудуқни 1 йил давомида кузатиб ва тузатиб бориш шартномаси ҳамда туман комиссияси ва талабгор ўртасида талабгор томонидан қудуқдан камида 2 йил давомида самарали фойдаланиш бўйича келишув шартномаси);

ушбу Низомнинг 3-иловасига мувофиқ намунавий таркибда тузилган сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва деҳқон ҳўжаликларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш ишларини қабул қилиш туман (шаҳар) комиссиясининг вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси;

мазкур банднинг иккинчи, учинчи ва тўртинчи хатбошиларида келтирилган ҳужжатларнинг ҳаққонийлиги, вертикал суғориш қудуқларини қазиш ва фойдаланишга топшириш жараёнида барча зарур ҳужжатларни, жумладан ер ости сувларидан фойдаланишга оид рухсат этувчи ҳужжатлар, лойиҳа-смета ҳужжатларининг тўғри тузилганлиги ва шакллантирилганлиги, шунингдек, ушбу жараёнида бюджет ва бюджетдан ташқари тўловлар бўйича ҳисоб-китобларнинг амалдаги қонунчилик талаблари асосида амалга оширилганлиги юзасидан талабгор ва у билан шартнома муносабатлари асосида фаолият кўрсатган юридик шахслар масъул ҳисобланади.

20-2. Туман кенгашлари талабгорлар томонидан мазкур Низомнинг 20-1-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганда, уларни уч иш кунида талабгорга тўлиқ ҳолда қайта тақдим қилиш учун қайтаради.


20-3. Туман кенгашлари талабгорлар томонидан тўлиқ тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиққандан сўнг, туман (шаҳар) комиссияси уч иш куни муддатда вертикал суғориш қудуқларини барча ҳужжатларни тўғри ва ҳаққоний тузилганлигини, артезиан қудуқдан самарали фойдаланиши ҳолатини жойига чиққан ҳолда ўрганади ва ижобий қарор қабул қилинган тақдирда "Агросубсидия" ахборот тизими орқали мазкур Низомнинг 4-иловасида келтирилган таркибдаги Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш ишларини фойдаланишга қабул қилиш ҳудудий ишчи гуруҳи (кейинги ўринларда - Ҳудудий ишчи гуруҳи) муҳокамасига киритади.

20-4. Ҳудудий ишчи гуруҳи аъзолари:

уч иш кунида фойдаланишга топширилган вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш жараёнида расмийлаштирилиши лозим бўлган барча ҳужжатларни тўғри ва ҳаққоний тузилганлигини, бюджет ва бюджетдан ташқари тўловлар бўйича ҳисоб-китоблар тўғри амалга оширилганлигини, артезиан қудуқдан самарали фойдаланилиши ҳолатини ўрганади ва ушбу жараён амалдаги қонунчилик талаблари асосида амалга оширилишини таъминлайди;

ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, талабгорларга ажратиладиган субсидия миқдори ва талабгорларнинг банк реквизитларини кўрсатган ҳолда буюртманомаларни шакллантиради ҳамда тасдиқлаган ҳолда "Агросубсидия" ахборот тизими орқали Кенгашга киритади.

Қазилган вертикал суғориш қудуқларининг ҳужжатлари (лойиҳа-смета) тўғри тайёрланганлиги ва тақдим этилган маълумотларнинг тўғри ва ҳаққонийлиги юзасидан жавобгарлик Туман (шаҳар) комиссияси ва Ҳудудий ишчи гуруҳи аъзолари зиммасига юклатилади.

20-5. Кенгаш Ҳудудий ишчи гуруҳи томонидан тақдим этилган буюртманомаларни кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига киритади.

Мазкур вазирликлар томонидан ижобий хулоса олингандан сўнг, талабгорларнинг харажатларини қоплаб бериш бўйича зарур ҳужжатлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига йўналтирилади.

20-6. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан ҳисобот йили бошида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон хўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш ва ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларни қоплашга мўлжалланган субсидия учун белгиланган маблағлар Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг Ғазначилик хизмати қўмитасидаги ҳисобварағида режалаштирилади.

20-8. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси Кенгаш томонидан киритилган буюртманома асосида субсидияларни бир иш кунида талабгорларнинг тегишли тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб беради.

20-9. Қабул қилиб олинган вертикал суғориш қудуқларидан доимий тарзда самарали фойдаланилиши учун маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари масъул ҳисобланади.


5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилиши ҳамда давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат молиявий назорати инспекцияси томонидан тизимли равишда назорат амалга оширилади.

22. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун давлат томонидан субсидия бериладиган ер майдонларида қуриш ва реконструкция ишлари юзасидан назорат белгиланган ваколатлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари зиммасига юклатилади.

Аҳоли томорқа ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга туширишга Давлат бюджетидан субсидия бериладиган ер майдонларида бурғуланадиган ва ишга тушириладиган вертикал суғориш қудуқлари юзасидан назорат бегилаган ваколатлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари зиммасига юклатилади.

22-1. Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ҳузуридаги Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини субсидиялаш бўйича Техник ишчи гуруҳ томонидан 2025 йил 1 январга қадар ушбу субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи баҳоланади. Бунда:

субсидияни ажратиш натижасида субсидия ажратилган субъектлар томонидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерлар фойдаланишга киритилганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "ижобий";

субсидия олувчи субъект томонидан тегишли ерлар фойдаланишга киритилмаганлиги аниқланганда, субсидиянинг самарадорлик кўрсаткичи "салбий" деб баҳоланади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Лойиҳа ташаббускорларининг ерларни фойдаланишга

киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш

ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларини

давлат бюджетидан қоплаш

СХЕМАСИ

Босқич


Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимликлари

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади.


1 февралга қадар





2-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

Туман (шаҳар) манзилли рўйхатини кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ва Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигига тақдим этади.


1 мартга қадар







3-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ҳудудий манзилли рўйхатларни кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

Маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари бўйича манзилли дастурни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳам келишади.


1 апрелга қадар







4-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг тасдиқланган манзилли дастурини оммавий ахборот воситаларида ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилади.


15 апрелга қадар







5-босқич


Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари


Тасдиқланган манзилли дастурга асосан лойиҳа ташаббускорлари билан инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолайди.


келишувга кўра







6-босқич

Лойиҳа ташаббускорлари

Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, сарфланган харажатларнинг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш учун Сув хўжалиги вазирлигининг вилоят ҳудудий органларига ҳужжатларни тақдим этади.

Талабгор мурожаати тушган кундан бошлаб 3 кун мобайнида







7-босқич


Сув хўжалиги вазирлигининг вилоят ҳудудий органи

Лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни умумлаштириб Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.


3 кун мобайнида







8-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ер майдонларини фойдаланишга киритишда қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг Давлат бюджетидан қопланадиган қисмини лойиҳа ташаббускорларининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.

3 кун мобайнида



       





Низомга

2-ИЛОВА


Талабгорларнинг сув таъминоти

оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари,

деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида

фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш

учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш

ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг

бир қисмини давлат томонидан қоплаш

СХЕМАСИ


Босқичлар

      

     

Субъектлар

     


     

Тадбирлар

     


      

Бажариш муддати

       

1-босқич

Туман (шаҳар) ҳокимликлари, Туман (шаҳар) фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, Туман (шаҳар) ирригация бўлими


         

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш бўйича талабгорларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

         


Йилига икки марта:

1 ноябрь ва 1 майга қадар







2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


         

Туманлар (шаҳар) манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади, ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашига тақдим этади.

        


Йилига икки марта:

1 декабрь ва 1 июнга қадар







3-босқич

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


         

Ҳудудий манзилли рўйхатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

       


Йилига икки марта:

15 декабрь ва

15 июнга қадар







4-босқич

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


         

Манзилли дастурни оммавий ахборот воситаларида ҳамда ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

           


Йилига икки марта:

1 январь ва 1 июлга қадар







5-босқич

Талабгор


         

Вертикал суғориш қудуқлари бурғуланиб ишга туширилганидан сўнг, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиб ўрнатилганидан сўнг сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун туман (шаҳар) фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашига зарур ҳужжатларни тақдим этади.

           


Ихтиёрий равишда







6-босқич

Туман (шаҳар) фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши


         

Талабгорлар томонидан тўлиқ тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги билан келишилган ҳолда ҳудудий фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашига тақдим қилади.

       


Талабгор мурожаати тушган кундан бошлаб 3 иш кунида







7-босқич

Ҳудудий фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


         

Туман (шаҳар) фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан киритилган ҳужжатларни кўриб чиқади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳига тақдим этади.

          


3 иш кунида







8-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳи


         

Тақдим этилган рўйхатни кўриб чиқади ва уларга асосан талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари, деҳқон ҳўжаликлари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш, шунингдек, дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш юзасидан талабгорлар кесимида буюртманомаларни расмийлаштиради ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашига тақдим этади.

           


3 иш кунида







9-босқич

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


         

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг Сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этишга кўмаклашувчи ишчи гуруҳи тақдим этган буюртманомаларни кўриб чиқади ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги ва Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги билан келишган ҳолда буюртманомаларни расмийлаштиради. Буюртманомаларни:

2022-2025 йилларда Молия вазирлигига;

2026 йилдан бошлаб - Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаш учун мазкур жамғармага тақдим қилади.

           


3 иш кунида







10-босқич

Молия вазирлиги


         

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши томонидан 2022-2025 йилларда киритилган буюртманомалар асосида зарур маблағларни Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказиб беради.

            


3 иш кунида







11-босқич

Фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси


         

Молия вазирлигидан 2022-2025 йилларда келиб тушган маблағларни ғазна ҳисобварағи орқали талабгорларнинг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.

       


3 иш кунида

           


      





Низомга

3-ИЛОВА


Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги

аҳоли томорқалари ва деҳқон ҳўжаликларини суғориш

учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш, шунингдек,

дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан

сув чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш

ишларини фойдаланишга қабул қилиш

туман (шаҳар) комиссиясининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ

          

1. Туман (шаҳар) ҳокимининг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, ишчи гуруҳи раҳбари


2. Туман (шаҳар) фермер, деҳқон ҳўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, ишчи гуруҳи раҳбарининг ўринбосари


3. Туман (шаҳар) ирригация бўлими бошлиғи


4. Туман (шаҳар) маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи


5. Туман (шаҳар) молия бўлими бошлиғи


6. Туман (шаҳар) электр тармоқлари корхонаси бошлиғи.






Низомга

4-ИЛОВА


Сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли

томорқалари ва деҳқон хўжаликларини суғориш учун

вертикал суғориш қудуқларини бурғилаш, шунингдек,

дарёлар, каналлар ва бошқа сув объектларидан сув

чиқариш воситаларини сотиб олиш ва ўрнатиш

ишларини фойдаланишга қабул қилиш

ҳудудий ишчи гуруҳининг

НАМУНАВИЙ ТАРКИБИ


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Ишчи гуруҳ раҳбари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси, Ишчи гуруҳ раҳбари ўринбосари;

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят Гидрогеология ҳудудий станциялари бошлиқлари;

Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири, вилоят ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи;

Қорақалпоғистон Республикаси камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири, вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бошқармаси бошлиғи;

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиёт ва молия вазири, вилоят Иқтисодиёт ва молия бошқармаси бошлиғи;

ҳудудий электр тармоқлари корхоналари директорлари.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 февраль






























Время: 0.2022
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск