язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Ер ва бошқа табиий ресурслар. Атроф-муҳит муҳофазаси/ Ер қонунчилиги/ Ерларни мелиорациялаш/ Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 24.02.2020 й. 109-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 24 февралдаги

109-сон қарорига

ИЛОВА



Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни

фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация

объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан

боғлиқ харажатларни қоплаб бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, сув таъминоти оғир бўлган ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни бир қисмини қоплаб бериш тартибини белгилайди.

2. Ушбу Низом қоидалари:

аввал фойдаланишга қайтарилган ер майдонларида амалга оширилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишларига ҳамда мавжуд ирригация ва мелиорация объектларини таъмирлаш-тиклаш ишларига нисбатан татбиқ этилмайди;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонининг 3-иловасида келтирилган туман (шаҳар)нинг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган суғориладиган ерларга, ўрмон фондининг ўрмон билан қопланмаган ва сув билан таъминланмаган ерларига ҳамда туман ҳокимликлари захирасидаги ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативларига ажратилган ерларга нисбатан татбиқ этилади.

3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ирригация объектлари - сув ресурсларини бошқариш, тўплаш ва уларни сувдан фойдаланувчилар ва сув истеъмолчиларига етказиш, суғориладиган ерларни сув билан таъминлашга кўмаклашадиган, гидроузеллар, сув оқимини йўналтириш, дарёлар ва каналлар ўзанларини ҳимоя қилиш, сув омборлари, сел-сув омборлари, ирригация тизими каналлари ва суғориш тармоқлари иншоотлари билан, насос станциялари, суғориш вертикал қудуқлари, сув олиш, сув ташлаш, сув чиқариш ва бошқа иншоотларни ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;


мелиорация объектлари - коллектор-дренаж ер усти ташлама сувларини тўплаш ҳамда уларни суғориладиган ерлардан ташқарига чиқариб ташлашга кўмаклашадиган коллекторларни ва коллектор-дренаж тармоғини, вертикал дренаж қудуқларини, мелиорация насос станцияларини (агрегатларини) ва кузатув тармоғини ўз ичига оладиган сув хўжалиги объектлари;


ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш - ирригация ва мелиорация объектларини тўлиқ ёки қисман қайта қуриш ва қуриш. Объект реконструкция қилингандан кейин унинг дастлабки лойиҳа параметрлари ва иншоотлар таркиби янги лойиҳага мувофиқ қисман ёки тўлиқ ўзгариши мумкин;


вертикал суғориш қудуғи - ер ости сувларини чиқаришга хизмат қиладиган, сув қабул қилгич, электр насос, қувурлар, шунингдек, бошқариш станцияси билан жиҳозланган ҳамда хизмат кўрсатаётган майдонни сув билан таъминлаш учун барпо этиладиган қудуқдан иборат сув хўжалиги объекти;

лойиҳа ташаббускори - қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритувчи ва шу мақсадда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция ишларини ўз маблағи ҳисобидан амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар - Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, қишлоқ хўжалиги корхоналари, Ўзбекистон Республикаси резидентлари;


талабгорлар - аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш истагини билдирган томорқа ер эгалари.

4. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш (кейинги ўринларда қуриш ва реконструкция қилиш объектлари деб аталади) билан боғлиқ харажатларни қоплаш инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда назарда тутилади.


5. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бароваридан ошмаган қисми Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети (кейинги ўринларда Давлат бюджети деб аталади) маблағлари ҳисобидан (субсидия сифатида) тузилган инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик битими доирасида бир марта қоплаб берилади.

Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар учун субсидия:

аҳоли томорқа ерини суғориш учун чуқурлиги 10 метрдан ортиқ бўлган ҳар бир вертикал суғориш қудуғини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажтларни қоплашга қудуқнинг ҳар бир метр чуқурлиги учун 100 минг сўмдан, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бароваридан ошмаган қисмини;

камида 30 та аҳоли томорқа ерларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларнинг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмаган қисмини қоплаш учун ажратилади.

Бунда, лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция ишлари, шунингдек, талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг қолган қисми уларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

6. Мазкур Низомнинг 5-бандига мувофиқ Давлат бюджетидан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ҳар бир гектар ерни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ харажатлар учун Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига марказлашган харажатлар сметасида ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Инвестиция дастурига асосан мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш учун ажратиладиган маблағларнинг 5 фоизи миқдоридан келиб чиқиб ҳисобланадиган қўшимча маблағлар назарда тутилади.

Қишлоқ хўжалиги кооперативларига маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонларини ўзлаштириш учун ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари харажатларининг бир қисмини қоплашга зарур қўшимча маблағлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан ажратилади.

7. Лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ қопланади.

Талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини давлат томонидан қоплаш ушбу Низомга 2-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.


2-БОБ. МАНЗИЛЛИ ДАСТУРНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Қуриш ва реконструкция қилиш объектларининг

манзилли дастурини шакллантириш

8. Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳудудий органлари ҳамда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини ҳисобот йилининг 1 февралига қадар шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

Манзилли рўйхатни шакллантиришда:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Қишлоқ хўжалигида ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2019 йил 17 июндаги ПФ-5742-сон Фармонига асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш прогноз кўрсаткичлари;

қишлоқ хўжалиги кооперативларига маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари миқдори;

фойдаланишга киритилаётган ирригация ва мелиорация объектларининг номи, ер майдони, қуввати, уларнинг дастлабки қиймати ва лойиҳа ташаббускорлари номи;

тупроқ унумдорлиги, ерларнинг балл бонитети ҳамда инфратузилма объектлари (дала шийпони, маҳсулотлар сақланадиган омборхоналар, суғориш иншоотлари ва бошқалар) билан таъминланганлиги тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.


9. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тақдим этилган туман (шаҳар) манзилли рўйхатини белгиланган тартибда кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда ҳисобот йилининг 1 мартига қадар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ва Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигига тақдим этадилар.

Туман (шаҳар) ва ҳудудий манзилли рўйхатларни сифатли шакллантириш, тақдим этилган маълумотларнинг аниқлилиги юзасидан жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.

10. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳудудий манзилли рўйхатларни кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳисобот йилининг 1 апрелига қадар тасдиқлайди.

Маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари бўйича манзилли дастур Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳам келишилади.


2-§. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари

ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини

суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва

ишга тушириш бўйича талабгорларнинг манзилли

дастурини шакллантириш тартиби

10-1. Туман (шаҳар) ҳокимликлари Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (кейинги ўринларда - Кенгаш) Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари ҳамда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда ҳисобот йилида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш бўйича талабгорларнинг манзилли рўйхатини йилига икки марта, яъни биринчи марта ҳисобот йилининг 1 февралига қадар, иккинчи марта ҳисобот йилининг 1 июнига қадар шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

Туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиришда вертикал суғориш қудуқлари бурғуланадиган сув таъминоти оғир бўлган маҳалла фуқаролари йиғинлари, аҳоли хонадонлари, шунингдек, қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонлари тўғрисидаги маълумотлар инобатга олинади.


10-2. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан тақдим этилган туманлар манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда ҳисобот йилининг тегишлича 1 марти ва 1 июлига қадар Кенгашга тақдим этади.

Туман (шаҳар) ва ҳудудий манзилли рўйхатларни сифатли шакллантириш, тақдим этилган маълумотларнинг аниқ ва ишончлиги юзасидан жавобгарлик Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари зиммасига юклатилади.


10-3. Кенгаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари томонидан тақдим этилган ҳудудий манзилли рўйхатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда ҳисобот йилининг 1 апрелига ва 1 августига қадар тасдиқлайди.

Кенгаш ҳисобот йилида сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш бўйича талабгорларнинг манзилли дастурини ҳисобот йилининг тегишлича 15 апрели ва 15 августига қадар оммавий ахборот воситаларида ҳамда Кенгашнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради.


11. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш билан боғлиқ бўлган қуриш ва реконструкция қилиш ишлари учун Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга 50 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан ошмаган ҳолда қопланадиган қисмини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бўйича тасдиқланган манзилли дастурига асосан мазкур мақсадлар учун марказлашган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида аниқлайди.


12. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг тасдиқланган манзилли рўйхатини, ҳисобот йилининг 15 апрелига қадар оммавий ахборот воситаларида ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиб боради.



3-БОБ. ҚУРИШ ВА РЕКОНСТРУКЦИЯ

ҚИЛИШ ОБЪЕКТЛАРИ БЎЙИЧА ИНВЕСТИЦИЯ

ШАРТНОМАСИНИ ЁКИ ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ

ШЕРИКЛИК ТЎҒРИСИДА БИТИМ ТУЗИШ


13. Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари (кейинги ўринларда Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари деб аталади) Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан тасдиқланган манзилли дастурларга асосан қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритишда инвестиция шартномаси ёки "Давлат-хусусий шериклик тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларидан келиб чиқиб лойиҳа ташаббускорлари билан инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолайдилар.

Бунда инвестициявий шартнома ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори кўрсатилади.


14. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ер майдонларини инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим имзоланганидан сўнг ваколатли давлат органи қарорига асосан лойиҳа ташаббускорига ушбу Низомда белгиланган тартибда ажратиб беради.


15. Инвестиция шартномасида ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимда қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

лойиҳа ташаббускори томонидан бажариладиган қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари рўйхати ва унга талаб этиладиган маблағлар дастлабки миқдори;

бизнес лойиҳа;

Давлат бюджетидан ҳар бир гектар ерга ажратиладиган субсидиянинг базавий ҳисоблаш миқдори ва бошқа мажбуриятлар.



4-БОБ. ХАРАЖАТЛАРНИ ДАВЛАТ ТОМОНИДАН

ҚОПЛАБ БЕРИШ ТАРТИБИ


1-§. Қуриш ва реконструкция қилиш харажатларини

давлат бюджетидан қоплаб бериш тартиби

16. Лойиҳа ташаббускорлари қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун тегишли равишда Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органларига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза-талабнома;

амалга оширилган қуриш ва реконструкция ишлари харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (ҳисоб-фактура ва бошқалар);

туман ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари раислигида тасдиқланадиган фойдаланишга қабул қилиш комиссияси томонидан белгиланган тартибда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига асосан расмийлаштирилган ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси.


17. Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига лойиҳа ташаббускори томонидан мазкур Низомнинг 16-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганда, уларни уч иш кунида лойиҳа ташаббускорига тўлиқ ҳолда тақдим қилиш учун қайтаради.

18. Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари лойиҳа ташаббускорларининг қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш бўйича бажарилган ирригация ва мелиорация тадбирларини ўтказиш билан боғлиқ харажатларни қоплаб бериш юзасидан келиб тушган ҳужжатларни уч иш куни ичида кўриб чиқади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.

19. Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг Давлат бюджетидан қопланадиган қисмини уч иш кунида Сув хўжалиги вазирлигининг марказлашган харажатлар сметасида назарда тутилган маблағлар доирасида шахсий ғазна ҳисобварағи орқали лойиҳа ташаббускорларининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.


20. Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар маблағлари ҳисобидан қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича келишувлар амалга оширилган ҳолларда, эришилган келишувлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига икки томонлама молиялаштиришни ва Давлат бюджети маблағларини мақсадлилигини таъминлаш бўйича ҳар чоракда бир марта ахборот киритиб борилади.

Бунда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат ташкилотлари ва бошқа донорлар маблағлари ҳисобига қуриш ва реконструкция қилиш ишлари билан боғлиқ харажатлар Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб берилмайди.



2-§. Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари

ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини

суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга

тушириш билан боғлиқ харажатларни давлат томонидан

қоплаб бериш тартиби

20-1. Талабгорлар вертикал суғориш қудуқлари бурғуланиб ишга туширилгандан сўнг сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун тегишли равишда туман (шаҳар) фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашига (кейинги ўринларда - туман кенгаши) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

ариза-талабнома;

амалга оширилган харажатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг нусхаси (ҳисоб-фактура ва бошқалар);

туман (шаҳар) ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари раислигида тасдиқланадиган фойдаланишга қабул қилиш комиссияси томонидан белгиланган тартибда вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш бўйича якунланган ишларни фойдаланишга қабул қилиш далолатномаси.


20-2. Туман кенгашлари талабгорлар томонидан мазкур Низомнинг 20-1-бандида белгиланган ҳужжатлар тўлиқ тақдим қилинмаганда, уларни уч иш кунида талабгорга тўлиқ ҳолда қайта тақдим қилиш учун қайтаради.


20-3. Туман кенгашлари талабгорлар томонидан тўлиқ тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади, туман (шаҳар) ҳокимлиги билан келишади ҳамда вилоят фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашларига (кейинги ўринларда - ҳудудий кенгашлар) тақдим қилади.


20-4. Ҳудудий кенгашлар талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш бўйича тушган ҳужжатларни уч иш куни ичида кўриб чиқади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишиб Кенгашга тақдим этади.


20-5. Кенгаш ҳудудий кенгашлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва уларга асосан талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш юзасидан уч иш кунида талабгорлар кесимида буюртманома расмийлаштиради. Буюртманомаларни:

2020 йилда Инқирозга қарши кураш жамғармаси, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига;

2022 йилдан бошлаб - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига мазкур жамғарма маблағлари ҳисобидан қоплаш учун тақдим қилади.


20-6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги уч кун мобайнида Кенгаш томонидан киритилган буюртманома асосида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказиб беради.


20-7. Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси бир иш кунида Кенгаш томонидан киритилган буюртманома асосида субсидияларни бир иш кунида талабгорларнинг тегишли тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб беради.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


21. Қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларни қоплаш бўйича ҳужжатлар тўғри расмийлаштирилиши ҳамда давлат томонидан субсидия маблағлари ажратилиши юзасидан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти томонидан тизимли равишда назорат амалга оширилади.

22. Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ерларни фойдаланишга киритиш учун давлат томонидан субсидия бериладиган ер майдонларида қуриш ва реконструкция ишлари юзасидан назорат белгиланган ваколатлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий органлари зиммасига юклатилади.

Аҳоли томорқа ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга туширишга Давлат бюджетидан субсидия бериладиган ер майдонларида бурғуланадиган ва ишга тушириладиган вертикал суғориш қудуқлари юзасидан назорат бегилаган ваколатлар доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар, туман (шаҳар) ҳокимликлари, Кенгаш ҳамда унинг ҳудудий органлари зиммасига юклатилади.

23. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА


Лойиҳа ташаббускорларининг ерларни фойдаланишга

киритишда ирригация ва мелиорация объектларини қуриш

ва реконструкция қилиш билан боғлиқ харажатларини

давлат бюджетидан қоплаш

СХЕМАСИ

Босқич


Субъектлар

Тадбирлар


Бажариш муддати

1-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимликлари

Қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини фойдаланишга киритиш учун қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига кўриб чиқиш учун киритади.


1 февралга қадар





2-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

Туман (шаҳар) манзилли рўйхатини кўриб чиқиб ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига ва Қишлоқ ҳўжалиги вазирлигига тақдим этади.


1 мартга қадар







3-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ҳудудий манзилли рўйхатларни кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

Маҳаллий ҳокимликлар захирасидан ажратилган ер майдонлари негизида ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативлари бўйича манзилли дастурни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши билан ҳам келишади.


1 апрелга қадар







4-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ҳисобот йилида қуриладиган ва реконструкция қилинадиган объектларнинг тасдиқланган манзилли дастурини оммавий ахборот воситаларида ҳамда вазирликнинг расмий веб-сайтларида эълон қилади.


15 апрелга қадар







5-босқич


Сув хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари


Тасдиқланган манзилли дастурга асосан лойиҳа ташаббускорлари билан инвестиция шартномаси ёки давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолайди.


келишувга кўра







6-босқич

Лойиҳа ташаббускорлари

Ирригация ва мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари якунланиб, сарфланган харажатларнинг бир қисмини Давлат бюджети ҳисобидан қоплаш учун Сув хўжалиги вазирлигининг вилоят ҳудудий органларига ҳужжатларни тақдим этади.

Талабгор мурожаати тушган кундан бошлаб 3 кун мобайнида







7-босқич


Сув хўжалиги вазирлигининг вилоят ҳудудий органи

Лойиҳа ташаббускорлари томонидан тақдим этилган ҳужжатларни умумлаштириб Сув хўжалиги вазирлигига тақдим этади.


3 кун мобайнида







8-босқич


Сув хўжалиги вазирлиги

Ер майдонларини фойдаланишга киритишда қуриш ва реконструкция қилиш ишларининг Давлат бюджетидан қопланадиган қисмини лойиҳа ташаббускорларининг банк ҳисобварағига ўтказиб беради.

3 кун мобайнида



       





Низомга

2-ИЛОВА


Талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудлардаги

аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган

ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини

бурғулаш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг

бир қисмини давлат томонидан қоплаш

СХЕМАСИ

Босқич


Субъектлар


Тадбирлар

Бажариш муддати







1-босқич


Туман (шаҳар) ҳокимликлари

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлигининг туман бўлимлари ҳамда манфаатдор идора ва ташкилотлар билан биргаликда


Сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ва ишга тушириш бўйича талабгорларнинг туман (шаҳар) манзилли рўйхатини шакллантиради ҳамда тасдиқлаб Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига киритади.

йилига икки марта:

1 февраль ва 1 июнга қадар







2-босқич


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


Туманлар (шаҳар) манзилли рўйхатларини белгиланган тартибда кўриб чиқади, ҳудудий манзилли рўйхатни шакллантиради ва тасдиқлайди ҳамда Кенгашга тақдим этади.

йилига икки марта:

1 март ва 1 июлга қадар







3-босқич


Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


Ҳудудий манзилли рўйхатларни белгиланган тартибда кўриб чиқади ҳамда манзилли дастурни шакллантириб Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ва Сув хўжалиги вазирлиги билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.

йилига икки марта:

1 апрель ва 1 августга қадар







4-босқич


Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


Манзилли дастурини оммавий ахборот воситаларида ҳамда ўзининг расмий веб-сайтларида эълон қилади.

йилига икки марта:

15 апрель ва

15 августга қадар







5-босқич


Талабгор


Вертикал суғориш қудуқлари бурғуланиб ишга туширилганидан сўнг сарфланган харажатларнинг бир қисмини қоплашга маблағ олиш учун тегишли равишда туман кенгашига зарур ҳужжатларни тақдим этади.

Ихтиёрига кўра







6-босқич


Туман кенгаши


Талабгорлар томонидан тўлиқ тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқади ҳамда туман (шаҳар) ҳокимлиги билан келишилган ҳолда вилоят фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгашларига тақдим қилади.

Талабгор мурожаати тушган кундан бошлаб 3 кун мобайнида







7-босқич


Ҳудудий кенгаш


Туман кенгаши томонидан киритилган ҳужжатларни кўриб чиқади, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан келишади ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши тақдим этади.

3 кун мобайнида







8-босқич


Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари кенгаши


Тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва уларга асосан талабгорларнинг сув таъминоти оғир ҳудудларда аҳоли томорқалари ва қишлоқ хўжалигида фойдаланилмаётган ер майдонларини суғориш учун вертикал суғориш қудуқларини бурғулаш ҳамда ишга тушириш билан боғлиқ харажатларининг бир қисмини қоплаш юзасидан талабгорлар кесимида буюртманома расмийлаштиради. Буюртманомаларни:

2020 йилда Инқирозга қарши кураш жамғармаси, 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаш учун - Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига;

2022 йилдан бошлаб - Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан қоплаш учун мазкур жамғармага тақдим қилади.

3 кун мобайнида







9-босқич


Молия вазирлиги


Кенгаш томонидан 2020-2021 йилларда киритилган буюртманома асосида зарур маблағларни Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобварағига ўтказиб беради.

3 кун мобайнида







10-босқич

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси

Кенгаш томонидан 2022 йилдан бошлаб киритилган буюртманома асосида зарур маблағларни талабгорнинг тегишли тижорат банкидаги ҳисобварақасига ўтказиб беради.

Бир иш кунида

      


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 февраль