язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Айни вактда мазкур хужжатга ўзгартишлар киритилмокда.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Қишлоқ ва сув хўжалиги/ Дончилик/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 06.03.2020 й. ПҚ-4634-сон "Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

06.03.2020 й.

N ПҚ-4634



ҒАЛЛА ЕТИШТИРИШ, ХАРИД ҚИЛИШ

ВА СОТИШГА БОЗОР ТАМОЙИЛЛАРИНИ КЕНГ

ЖОРИЙ ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 23 октябрдаги "Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида"ги ПФ-5853-сон Фармони ижросини таъминлаш, хусусан давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиётини бекор қилиш, харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш, қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлигини ошириш ва манфаатдорликни таъминлашга қаратилган қулай агробизнес муҳитини яратиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК ва Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер хўжаликлари ва ғаллачилик кластерлари билан "Ўздонмаҳсулот" АК тизимидаги корхоналар ўртасида 2020 йил ҳосилидан давлат харидлари доирасида тузилган контрактация шартномалари миқдорини ҳар бир ғалла етиштирувчи учун 25 фоизга камайтириш тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) томонидан давлат харидлари доирасида 2 265 минг тонна буғдой (уруғлик дон учун амалдаги устама тўлаш тартибини сақлаб қолган ҳолда) ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси жорий йил 10 майга қадар жаҳон бозори ва минтақавий биржа нархлари ҳамда республикада кутилаётган ҳосилни инобатга олиб, дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун 2020 йилда харид қилинадиган ғалла нархларини белгиласин.


2. Белгилаб қўйилсинки:

а) 2020 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат буюртмаси асосида бошоқли дон етиштириш амалиёти босқичма-босқич бекор қилинади;

ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун давлат томонидан харид қилинадиган буғдой мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхоналарнинг донни сақлаш талабларига мос келадиган омборлар (сиғимлар)ида шартнома асосида сақланади;

б) 2021 йил ҳосилидан бошлаб:

давлат томонидан ғаллага харид нархини белгилаш амалиётидан тўлиқ воз кечилади;

давлат хариди тўлиқ бекор қилинади ҳамда фермерлар ва бошқа корхоналар томонидан етиштириладиган ғалла барча истеъмолчиларга, шу жумладан донни қайта ишловчи корхоналар, ғаллачилик кластерлари ва трейдерларга биржа савдолари орқали ёки тўғридан-тўғри шартномалар (фьючерс, форвард ва бошқалар) асосида эркин нархларда сотилади;

ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун зарур миқдордаги дон Жамғарма томонидан фьючерс, форвард шартномалари асосида ёки биржа савдолари орқали эркин нархларда харид қилинади;

дон етиштирувчи хўжаликларни сифатли уруғлик билан таъминлаш мақсадида сертификатланган уруғлик етказиб бериш тизими сақлаб қолинади ҳамда 2021-2023 йилларда уруғлик етказиб бериш босқичма-босқич Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги уруғчилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари зиммасига юклатилади.


3. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархларини таҳлил қилган ҳолда, ҳар йили 1 августга қадар келгуси йил ғалла ҳосили учун кутилаётган минимал нархларни эълон қилсин ҳамда бозорлардаги нархлардан келиб чиқиб, ҳар чоракда ушбу нархга тузатишлар киритиб, оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилишини таъминласин.


4. Республика ички бозорида дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш Жамғарма зиммасига юклатилади.

Ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун Жамғарма томонидан харид қилинадиган дон Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги ва Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан келишилган ҳолда, Бош вазирнинг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари томонидан тасдиқланадиган ойлик график асосида Жамғарма томонидан биржа савдоларида сотувга қўйилади.

5. Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун зарур миқдордаги буғдойни харид қилиш билан боғлиқ харажатлар (сотиб олиш, ташиш, сақлаш), харид қилиш ва сотиш нархлари ўртасида юзага келган тафовут (ижобий, салбий) Жамғарма молиявий фаолияти якунларига олиб борилади ҳамда зарур ҳолатларда юзага келган салбий тафовут Жамғармага республика бюджетидан қоплаб берилади.


6. 2020 йил 1 июндан бошлаб:

а) фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликларининг ғалла етиштириш харажатларини молиялаштириш учун тижорат банклари томонидан Жамғарма маблағлари ҳисобидан 12 ой муддатгача ғалла ялпи ҳосили умумий қийматининг 40 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 10 фоиз, 50 фоизигача бўлган миқдорда молиялаштирилганда йиллик 12 фоиз ставкадан (шундан банк маржаси 2 фоиз) ошмаган миқдорда кредитлар ажратилади.

Бунда:

фермер хўжаликлари, ғаллачилик кластерлари ва Уруғчиликни ривожлантириш маркази таркибидаги элита уруғчилик хўжаликлари агротехник тадбирларни ўтказиш хусусиятларидан келиб чиқиб, кредит маблағларидан эркин фойдаланади ҳамда моддий ресурслар етказиб берувчиларни ихтиёрий танлайди;

ғаллачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларининг ғалла етиштириш билан боғлиқ харажатларини бўнаклаш пул маблағлари шаклида амалга оширилади;

ғалла етиштириш харажатларини молиялаштиришга ажратилган кредит маблағларининг муддатида қайтарилмаган қисми тижорат кредити сифатида қайта расмийлаштирилади;

б) мулкчилик шаклидан қатъи назар, фақат донни қайта ишловчи корхоналар ҳамда донни қайта ишлаш қувватига эга бўлган ғаллачилик кластерлари томонидан республикада етиштирилган ғаллани харид қилиш учун тижорат банклари томонидан 12 ой муддатгача 10 миллиард сўмгача миқдорда тижорат кредитлари ажратилади.

7. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, "Ўздонмаҳсулот" АК ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ой муддатда дон сақлаш сиғимларига эга бўлган тадбиркорлик субъектларини жалб этган ҳолда, 2020 йил ҳосилидан бошлаб етиштириладиган бошоқли донни қабул қилиш ва сақлаш бўйича хизмат тарифларини тасдиқласин.


8. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, "Ўздонмаҳсулот" АК, Жамғарма, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда бир ой муддатда 2020 йилда, 1 апрелга қадар келгуси йилларда ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун сотиб олинадиган ғалланинг ҳудудлар кесимидаги тақсимотини ва ушбу ғаллани сақлашга талабгор корхоналарнинг ҳудудлар кесимидаги рўйхатини шакллантирсин.


9. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси дон сақланаётган корхоналарда унинг сифати ва миқдори бўйича тўғри сақланиши юзасидан ойлик назорат ўрнатилишини таъминласин.


10. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, тижорат банклари билан биргаликда ғаллачилик кластерлари ва донни қайта ишловчи корхоналарга республикада етиштирилган донни харид қилиш учун мазкур қарорда белгиланган кредит ажратиш механизми бўйича ўқув-семинарларини ташкил этсин ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


11. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2020 йил 1 майга қадар:

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган ғалла ҳажмини ҳудудлар кесимида аниқлаш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш ҳамда ғаллани сақлаш тартибларини тасдиқласин;

"Ўздонмаҳсулот" АК тизимига кирувчи дон корхоналарини 2020-2021 йилларда белгиланган тартибда босқичма-босқич хусусий секторга сотиш чора-тадбирларини белгиласин.


12. Қуйидагилар:

Ғалла етиштиришга давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури 1-иловага мувофиқ;

Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга бозор тамойилларини кенг жорий этишни мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.


13. Республика кенгашига (А. Aрипов) қуйидаги вазифалар юклатилсин:

ғалла етиштиришга давлат буюртмаси босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастури ижросини ўз вақтида таъминлаш;

2021 йил ҳосилидан бошлаб дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган буғдой ҳажмини белгилаш;

ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, ғалла экин майдонларини навлар бўйича жойлаштириш;

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинган ғаллани сақловчи корхоналар рўйхатини шакллантириш;

озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган барча масалаларни ҳал этиб бориш.


14. Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Ў.Барноев:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг таклифларига асосан "Ўзстандарт" агентлиги билан биргаликда календарь йилнинг 1 майига қадар талабгор корхоналарнинг дон сақлаш сиғимлари хатловдан ўтказилишини ва уларнинг амалдаги талабларга мослиги тўғрисида хулоса берилишини, ижобий хулоса берилган корхоналарнинг лабораториялари ва тарозиларини хатловдан ўтказилишини, тегишли рухсатномалар берилишини, дон сақлашга рухсат этилган корхоналар рўйхати тасдиқланишини ҳамда уларнинг дон сақлаш қувватларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боришни таъминласин;

қишлоқ хўжалиги вазири Ж. Ходжаев, сув хўжалиги вазири Ш. Ҳамраев, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва туманлар ҳокимликлари билан биргаликда белгиланган тартибда ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва тупроқ унумдорлигини ошириш, ғалла етиштиришга замонавий ҳамда энергия ва ресурстежамкор технологияларнинг жорий этилишини, фермер хўжаликларини сув билан таъминлаш ҳамда комплекс агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишида амалий ёрдам кўрсатсин.


15. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ушбу қарор мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифаларининг оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминласин.


16. Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Молия вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.


17. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                               Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4634-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ғалла етиштиришга давлат буюртмаси

босқичма-босқич бекор қилиниши ҳамда соҳага

бозор тамойиллари кенг жорий этилишини ташкил

этиш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар

ДАСТУРИ

Т/р

Тадбирлар номи


Амалга ошириш

механизми


Ижро муддати


Масъул ижрочилар


1.

Ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун буғдойни харид қилиш тартибини ишлаб чиқиш: Бунда:

дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун ҳудудлар кесимида харид қилинадиган ғалла ҳажмини аниқлаш;

харид қилинадиган ғалла учун ҳисоб-китобларни амалга ошириш назарда тутилади.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 май

Молия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


2.

Дон ва нон маҳсулотлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинадиган ғаллани сақлаш тартибини ишлаб чиқиш.

Бунда, дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун сотиб олинадиган донни сақлаш сиғимларини сертификатлаш назарда тутилади.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси

2020 йил

1 апрель


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзстандарт" агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК


3.

"Ўздонмаҳсулот" АК тизимига кирувчи дон корхоналарини 2020-2021 йилларда ислоҳ қилиш учун Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузурида бюджетдан ташқари Давлат активларини бошқариш, трансформация ва хусусийлаштириш жамғармаси маблағлари ҳисобига молиялаштириладиган Лойиҳа офисини тузиш.

Лойиҳа офисини

тузиш

2020 йил

20 март


Давлат активларини бошқариш агентлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


2020-2021 йилларда амалга ошириладиган чоралар "Йўл харитаси"ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш. Бунда:

корхоналарнинг дон сақлаш сиғимларини (қувватларини) хатловдан ўтказиш;

"Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги дон корхоналари қарздорликларининг (дебитор-кредитор) ҳамда асосий воситаларининг хатловдан ўтказилишини таъминлаш;

"Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги дон корхоналарини 2020-2021 йилларда белгиланган тартибда босқичма-босқич хусусий секторга сотиш чора-тадбирларини белгилаш.


Чора-тадбирлар

режаси

2020 йил

10 май

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Лойиҳа офиси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, "Ўздонмаҳсулот" АК, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


4.

"Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги корхоналарда сақланаётган давлат захирасидаги буғдойни белгиланган тартибда хатловдан ўтказиб, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираси қўмитаси билан биргаликда унинг ҳисобини юритиш чораларини кўриш.

Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирлари учун харид қилинадиган буғдойнинг ҳисоб-китоби Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги балансида юритилади ҳамда ушбу доннинг сифати, шунингдек, миқдори учун "Ўздонмаҳсулот" АК таркибидаги корхоналар ва хусусий корхоналар масъул ҳисобланади.

Давлат захирасидаги буғдойни алмаштиришнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.


Чора-тадбирлар

режаси

2020 йил

20 апрель

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат захираси қўмитаси, "Ўздонмаҳсулот" АК, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги


5.

Дон сақлашга талабгор бўлган, мулкчилик шаклидан қатъи назар барча дон қабул қилиш корхоналарининг лабораториялари ва тарозиларини хатлов ҳамда аттестациядан ўтказиш, рухсатномалар бериш, дон сақлашга рухсат этилган корхоналар рўйхати ҳамда уларнинг дон сақлаш қувватларини оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш.

Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун сотиб олинган ғалла сақланаётган омборларда ғалланинг сифати ва миқдори бўйича тўғри сақланиши юзасидан ойлик назорат ўрнатилишини таъминлаш.


Чора-тадбирлар

дастури


2020 йил

25 апрель


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, "Ўзстандарт" агентлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК, Тегирмончилар уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


6.

Дон ва нон маҳсулотларига бўлган талабни таҳлил қилиш, дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун харид қилинадиган буғдой ҳажмининг прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш.


Чора-тадбирлар

режаси


Ҳар йили

мавсум

олдидан


Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Молия вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши


7.

2020 йил ҳосилидан дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун сотиб олинадиган буғдой учун шартнома муносабатларини қайта кўриб чиқиш.

Намунавий

шартнома

лойиҳаси


2020 йил

15 март

Адлия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК, Молия вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари

Бунда, тузилган контрактация шартномалари ҳажмини 25 фоизга камайтириб, 2020 йилда Молия вазирлиги ҳузуридаги Жамғарма томонидан 2 265 минг тонна (товар дон ва уруғлик дон) буғдойни харид қилиш чоралари кўрилади.


Комплекс

чора-тадбирлар

8.

Фермер хўжаликлари ихтиёрида қолган донни дон сақловчи сиғимларга эга бўлган корхоналарда шартнома асосида сақлашни ташкил этиш.


Амалий

чора-тадбирлар


2020 йил

15 май,

доимий

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ҳокимликлари


9.

Фермер хўжаликлари томонидан донни биржада сотиш мавзусида ўқув семинарлари ўтказиш, хўжаликлар билан биржа брокерлари ўртасида шартномалар тузилишини ташкил этиш.


Чора-тадбирлар

режаси


2020 йил

1 апрель,

ҳар йили ғалла

ўрим-йиғим

мавсумидан

олдин


Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Республика товар хом-ашё биржаси, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


10.

Жаҳон бозори, минтақавий биржалар нархлари ҳамда ғалла етиштиришнинг прогноз харажатлари таҳлилидан келиб чиқиб, ҳосил йилида кутилаётган минимал нархларни эълон қилиб бориш.


Бюллетень

чоп этиш,

оммавий ахборот

воситаларида

эълон қилиш

Ҳар йили

1 август

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


11.

Ички бозорда дон нархлари барқарорлигини таъминлаш тадбирларини амалга ошириш учун харид қилинган донни темир йўлда ташишда имтиёзли тарифларни белгилаш механизмларини ишлаб чиқиш.


Амалий

чора-тадбирлар

2020 йил

5 апрель

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги


12.

Донни қабул қилиш, дастлабки ишлов бериш (тозалаш, қуритиш), қайта ишлашга мўлжалланган лойиҳаларни кўпайтириш чораларини кўриш.

Бунда, донни қабул қилиш, дастлабки ишлов бериш (тозалаш, қуритиш), қайта ишлашга мўлжалланган ускуналарни олиб кирганлик учун мавжуд божхона тўловлари ставкаларини камайтириш кўзда тутилади.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 июнь

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, тижорат банклари


13.

"Омборхона гувоҳномаси" ва "Аграр гувоҳномаси" каби молиявий ҳужжатлардан фойдаланишни амалиётга киритишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 июнь

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Марказий банк, манфаатдор вазирлик ва идоралар


14.

2020 йил дон ҳосилини ўриш-йиғиш даврида техника таъминоти узлуксизлигини таъминлаш мақсадида туманлар кесимида мувофиқлаштирувчи штабларни ташкил этиш.


Амалий

чора-тадбирлар

2020 йил

май

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, "Ўзагросервис" АЖ, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


15.

Дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш учун сотиб олинган буғдойнинг сифати ва миқдори юзасидан мониторинг юритиш ҳамда чораклик ва йиллик маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиб бориш.


Амалий

чора-тадбирлар

2020 йил

июль-август

Даврий

ўрганишлар

ўтказиш

даврида


Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, "Ўзстандарт" агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги


16.

Ҳудудларда донни қайта ишлашга мўлжалланган лойиҳаларни кўпайтириш чораларини кўриш.


Амалий

чора-тадбирлар


Доимий

равишда


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


17.

Нархлари (тарифлари) давлат томонидан тартибга солинадиган ижтимоий аҳамиятли товарлар (хизматлар) ва уларнинг стратегик турлари рўйхатидан донни (харид нархлари) чиқариш.


Норматив-ҳуқуқий

ҳужжат лойиҳаси


2020 йил

1 апрель


Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Молия вазирлиги, "Ўздонмаҳсулот" АК


18.

Ушбу қарорнинг мазмун-моҳияти ҳамда мақсад ва вазифалари тўғрисида махсус телекўрсатувлар ташкил этиш, реклама роликлари тайёрлаш орқали оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилишини таъминлаш.


Амалий

чора-тадбирлар


Ҳар ҳафта


Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, манфаатдор вазирлик ва идоралар


         





Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 6 мартдаги

ПҚ-4634-сон қарорига

2-ИЛОВА



Ғалла етиштириш, харид қилиш ва сотишга

бозор тамойилларини кенг жорий этишни

мувофиқлаштирувчи Республика кенгаши

ТАРКИБИ

1. А. Арипов

-

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири, Кенгаш раиси


2.Ў. Барноев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари, Кенгаш раиси ўринбосари


3. Р. Гулямов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси


4. Б. Мавлонов

-

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари


5. Ж. Қўчқоров

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодиёт ва саноат вазири


6. М. Нурмуратов

-

Марказий банк раиси


7. Ж. Ходжаев

-

қишлоқ хўжалиги вазири


8. А. Эргашев

-

молия вазири ўринбосари


9. С. Бекенов

-

Давлат активларини бошқариш агентлиги директори


10. А. Равшанов

-

Вазирлар Маҳкамасининг котибият мудири


11. А. Ортиқов

-

Вазирлар Маҳкамасининг котибият мудири


12. А. Вахобов

-

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси бошлиғи


13. Б. Мусаев

-

Давлат солиқ қўмитаси раиси


14. А. Абдуллаев

-

"Давергеодезкадастр" қўмитаси раиси


15. Р. Маматқулов

-

"Агробанк" АТБ бошқаруви раиси


16. М. Абдуллаев

-

"Ўзбекнефтгаз" АЖ бошқаруви раиси


17. А. Хаитов

-

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси


18. Ф. Пўлатов

-

"Ўздонмаҳсулот" АК бошқаруви раиси


19. Р. Хаитов

-

"Ўзагросервис" АЖ бошқаруви раиси


20. Ж. Мирзамаҳмудов

-

"Ўзкимёсаноат" АЖ бошқаруви раиси


21. А. Исроилов

-

Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси директори, Кенгаш котиби


        

Изоҳ: Кенгаш аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган ёки тегишли вазифаларни бажариш зиммасига юкланган шахслар киритилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 март


"Халқ сўзи", 2020 йил 10 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 16 март, 10-сон, 108-модда