ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Жиноий жавобгарлик. Жазони ижро этиш /

Озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасалари тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 05.03.2020 й. 128-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 5 мартдаги

128-сон қарорига

1-ИЛОВА



Озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони

ижро этиш муассасалари тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг озодликдан маҳрум этиш туридаги жазони ижро этиш муассасаларининг (кейинги ўринларда жазони ижро этиш муассасалари деб аталади) мақоми, вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жиҳозланишини ва фаолиятини ташкил этишга қўйиладиган умумий талабларни белгилайди.


2. Жазони ижро этиш муассасалари озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ жазоларни ижро этиш соҳасидаги давлат муассасаси ҳисобланади.


3. Жазони ижро этиш муассасалари ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Жазони ижро этиш муассасалари Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти (кейинги ўринларда - ЖИЭД) тизими таркибига киради ва қуйи турувчи бошлиқларнинг юқори турувчи бошлиқларга ва Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирига бўйсиниши асосида фаолият юритади.

5. Жазони ижро этиш муассасаси юридик шахс ҳисобланади, фаолиятини амалга ошириш учун ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварағига ва банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрларга, шунингдек, ўз фаолиятини амалга ошириш учун муассасанинг номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган бланкаларга эга бўлади.

Жазони ижро этиш муассасалари ҳузурида юридик шахс ҳисобланган, фаолиятини амалга ошириш учун ўз мустақил балансига, шахсий ғазна ҳисобварағига ва банк ҳисобварағига, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи давлат тилида ёзилган муҳрларга, шунингдек, ўз фаолиятини амалга ошириш учун корхонанинг номи ёзилган ва Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг тасвири туширилган бланкаларга эга бўлган давлат унитар корхоналари ташкил этилиши мумкин.

Жазони ижро этиш муассасалари ҳузуридаги давлат унитар корхоналари (кейинги ўринларда давлат унитар корхоналари деб аталади) қонунчиликда белгиланган тартибда ташкил этилади.

Давлат унитар корхоналари бошқа хўжалик юритувчи субъектлар билан хусусий шериклик шартларида ҳамкорликда фаолият юритиш ҳуқуқига эга.


6. Жазони ижро этиш муассасалари, шунингдек, давлат унитар корхоналарининг бинолари ва ҳудудлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда режимли объектлар тоифасига киради.


7. Жазони ижро этиш муассасаларига расмий ном Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан берилади.



2-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ТУРЛАРИ


8. Жазони ижро этиш муассасаларига қуйидагилар киради:

жазони ижро этиш колониялари, шу жумладан, даволаш ҳуқуқи асосидаги;

тарбия колониялари;

турмалар;

маҳкумлар учун ихтисослаштирилган касалхоналар.

Тергов ҳибсхоналари озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган (кейинги ўринларда маҳкумлар деб аталади) ва хўжалик хизматига оид ишларни бажариш учун қолдирилган шахсларга нисбатан жазони ижро этиш муассасалари функцияларини бажаради.

Жазони ижро этиш колониялари манзил-колонияларга, умумий, қаттиқ, махсус режимли колонияларга бўлинади ва вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Тарбия колониялари вояга етмаган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.

Турмалар вояга етган маҳкумларни сақлаш учун мўлжалланган.


9. Маҳкума аёллар, судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг собиқ ходимларига мансуб маҳкумлар, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган маҳкум шахслар ушбу тоифа маҳкумлар учун мўлжалланган, жазони ижро этиш муассасаларининг суд томонидан тайинланган режими турига мувофиқ ажратилган участкаларида жазони ўтайдилар.


10. Жазони ижро этиш муассасаларининг режими тури ва тўлдирилиш лимити Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан белгиланади.


11. Жазони ижро этиш муассасаларининг сиғими маҳкумлар учун қонун ҳужжатларида белгиланган яшаш майдонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Битта жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар сони 3000 нафардан ошмаслиги лозим.



3-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИНИ ЖИҲОЗЛАШГА

ҚЎЙИЛАДИГАН УМУМИЙ ТАЛАБЛАР


12. Жазони ижро этиш муассасаларининг ҳудуди яшаш ва ишлаб чиқариш ҳудудидан, шунингдек, туташ ва ёрдамчи ҳудудлардан ташкил топади.


13. Маҳкумлар яшаши учун зарур шарт-шароитлар яратилган, ажратилган ҳудуд яшаш ҳудуди деб аталади.


14. Яшаш ҳудудида:

маҳкумлар учун яшаш жойлари - умумий яшаш ётоқхоналари, хоналар, камералар;

маданий-маиший бинолар - ошхоналар, клуб, кутубхона, мактаб, ҳаммом ва кир ювиш мажмуаси, маҳкумлар товар харид қилиши учун савдо шахобчаси (дўкон), маҳкумлар сафланиши ва спорт билан шуғулланиши учун майдончалар, омборлар ва бошқа коммунал-маиший бино ва иншоотлар;

махсус бинолар - тиббиёт қисми, қисқа ва узоқ муддатли учрашувлар учун хоналар, интизомий бўлинма, маҳкумларни қабул қилиш бўлинмаси, муассаса маъмурияти учун бино жойлаштирилади.

Аёл маҳкумаларни сақлашга мўлжалланган колониялар ҳузурида болаларнинг нормал яшаши ва ривожланиши учун шароитлар яратилган болалар уйи ташкил этилади.


15. Маҳкумлар ишлайдиган ажратилган ҳудуд ишлаб чиқариш ҳудуди деб аталади.

Ишлаб чиқариш ҳудуди доирасида:

ишлаб чиқариш саноат ва ишлаб чиқариш қурилиш объектлари;

омборхона бинолари;

ишлаб чиқариш ходимлари учун бино ва иншоотлар;

бошқа ёрдамчи бино ва иншоотлар жойлаштирилади.


16. Тарбия колониялари ва манзил-колонияларнинг яшаш ва ишлаб чиқариш ҳудудлари ажратилган участкаларга бўлинмайди.


17. Туташ ва ёрдамчи ҳудудлар уларда жазони ижро этиш муассасасининг нормал фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида жиҳозланган бино ва иншоотларни жойлаштириш учун мўлжалланган.

Туташ ва ёрдамчи ҳудудларда назорат ўтказиш жойи, жазони ижро этиш муассасаси маъмурияти ходимлари, омборлар, хизмат автотранспорт воситалари учун гараж, ёнғин хавфсизлиги бригадаси, коммунал-маиший иншоотлар жойлашади.


18. Жазони ижро этиш муассасалари ҳудуди мухандислик-техник қўриқлаш воситалари, қурилмалари ва коммуникация тармоқлари билан жиҳозланади.


19. Жазони ижро этиш муассасалари ҳудудида муассасалар фаолиятини ташкил этиш ва маҳкумлар қонунчиликда белгиланган шароитларда сақланишини таъминлаш учун бошқа бино ва иншоотлар ҳам жойлаштирилиши мумкин.


20. Жазони ижро этиш муассасаларининг бино ва иншоотлари қонунчилик томонидан тасдиқланган маҳкумлар учун яшаш майдони нормаларига ва санитария қоидаларига, нормаларига ва гигиена нормативларига, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ бўлиши керак.


21. Жазони ижро этиш муассасаларининг периметри асосий тўсиқ билан жихозланади (манзил-колониялар бундан мустасно). Асосий тўсиқ транспорт ва одамларнинг назорат ўтиш жойларидан ташқари, бошқа жойлардан киришининг олдини олиш, шунингдек, қўриқлаш чизиғини белгилаш ва объектни ташқи томондан кузатишни қийинлаштириш учун мўлжалланади.


22. Озодликдан маҳрум қилиш туридаги жазоларни ижро этиш муассасаларидан 50 метр масофада маъмурий, маиший, хўжалик бино ва иншоотлари қурилиши учун ер участкалари ажратиш, уларни ижарага бериш, шунингдек, баландлиги 6 метрдан ортиқ бўлган бино ва иншоотлар қурилишига йўл қўйилмайди.


23. Жазони ижро этиш муассасаларига кириб-чиқиш ва ички режимлар, қўриқлаш билан боғлиқ тадбирлар, шунингдек, жихозлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


24. Қуйидагилар Жазони ижро этиш муассасаларининг асосий вазифалари ҳисобланади:

маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш;

жазони ижро этиш муассасаларида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш;

маҳкумларни озод қилишга тайёрлаш, ишга жойлашишга ва маиший ҳаётидаги эхтиёжларини аниқлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингандан кейин уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқбузарликларни содир этишининг олдини олиш мақсадида тарбиявий ишлар олиб бориш;

жазони ижро этиш муассасалари ва давлат унитар корхоналарининг молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш;

шахсий таркиб ва кадрлар билан ишлаш, ходимларни қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича ишларни ташкил этиш.


25. Ўзига юкланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда жазони ижро этиш муассасалари қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) маҳкумларга нисбатан жиноий жазоларни ижро этиш соҳасида:

судларнинг ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари аниқ ва сўзсиз ижро этилишини таъминлайди;

маҳкумлар қонунчилик талабларига мувофиқ жойлаштирилишини таъминлайди;

маҳкумларни афв этиш тўғрисидаги материалларни ўз вақтида расмийлаштиради ва уларни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича Комиссияга тақдим этиш учун ЖИЭББга юборади;

амнистия ва афв этиш тўғрисидаги ҳужжатларнинг ўз вақтида ижро этилишини таъминлайди;

маҳкумларнинг ажратиб қўйилиши, қўриқланиши ва назорат қилинишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси ваколатли давлат органларининг жиноят иш юритуви соҳасидаги халқаро ҳамкорлик билан боғлиқ, шу жумладан, чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган маҳкумларни топшириш (экстрадиция қилиш) билан боғлиқ қарорларини ижро этади;


б) жазони ижро этиш муассасаларида қўриқлаш ва хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш соҳасида:

жазони ижро этиш муассасаларида ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликка риоя этилишини таъминлайди;

жазони ижро этиш муассасалари ҳудудларида бўлган маҳкумлар, шунингдек, ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлайди;

ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

жазони ижро этиш муассасаларида, маҳкумларни меҳнатга жалб этадиган ташкилотларнинг ишлаб чиқариш объектларида назорат қилишнинг замонавий муҳандислик-техник қўриқлаш воситаларидан фойдаланган ҳолда зарур даражада кузатув ва назорат ташкил этилишини таъминлайди;

таклиф, ариза ва шикоятларни белгиланган тартибда кўриб чиқади;

маҳкумлар томонидан жазони ижро этишнинг белгиланган тартибига риоя этилишини таъминлайди;

жазони ижро этиш муассасаларида тегишли белгиланган нормаларга мос келадиган сақлаш шарт-шароитларини яратади;

маҳкумларнинг моддий-маиший таъминотини ва уларга тиббий хизмат кўрсатилишини ташкил этади, шунингдек, маҳкумларга нисбатан тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларини қўллаш ва уларнинг мажбурий даволанишини амалга оширади;


в) маҳкумларни озод қилишга тайёрлаш, ишга жойлашишга ва маиший ҳаётидаги эхтиёжларини аниқлаш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилингандан кейин уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириш, шунингдек, уларнинг ҳуқуқбузарликларни содир этишининг олдини олиш мақсадида тарбиявий ишлар олиб бориш соҳасида:

маҳкумлар ўртасида қонунларга итоаткорлик, шахсга, жамиятга, меҳнатга, инсоний қадриятлар ва анъаналарга нисбатан ҳурматни шакллантириш, билим ва маданий даражасини оширишга қаратилган тарбиявий-профилактик ва тушунтириш ишларини амалга оширади;

маҳкумлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига имкон берувчи шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этади;

маъмурий назорат ўрнатилиши лозим бўлган маҳкумлар тоифасини аниқлаб, тегишли тақдимномаларни судга киритади;

тезкор-қидирув тадбирларини амалга оширади;

жазони ижро этиш муассасаларига тақиқланган предметларнинг (наркотик воситалар, психотроп, портловчи ва заҳарли моддалар, диний-экстремистик тусдаги адабиётлар ва бошқалар) кириб келиши йўлларини аниқланиши ва бартараф этилишини таъминлайди;

маҳкумлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини ташкил этади ва ўтказади;

маҳкумларни озод этилганидан сўнг кейинчалик ишга жойлаштириш мақсадида уларни меҳнат бозорида талаб бўлган касбни эгаллашлари учун касбга тайёрлашни ташкил этади;

жазони ижро этиш муассасаларидан қочган маҳкумлар ва қамоққа олинган шахслар, шунингдек, манзил-колонияларда сақланаётган ва ушбу муассасалар ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этган маҳкумларни қидириш ва ушлашни амалга оширади;


г) жазони ижро этиш муассасалари ва давлат унитар корхоналарининг молия-хўжалик ва ишлаб чиқариш фаолияти самарадорлигини ошириш, маҳкумларнинг бандлигини таъминлаш соҳасида:

молиявий-иқтисодий фаолиятни ташкил этиш ва бухгалтерия ҳамда статистика ҳисоботларини зарур даражада юритиш, олиб борилаётган молиявий ва хўжалик фаолиятининг мақсадга мувофиқлиги ҳамда қонунчиликка мослиги устидан назорат қилишни ташкил этади;

жазони ижро этиш муассасалари ва уларнинг корхоналарида ишлаб чиқариш ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини ташкил этади ва ривожлантиришга кўмаклашади;

жазони ижро этиш муассасаларини моддий-техник таъминлаш, мол-мулкдан мақсадга мувофиқ фойдаланиш, техник хизмат кўрсатиш ва қўриқлаш, шунингдек, уларнинг сақланиши ва оқилона ишлатилиши бўйича зарур чораларни кўради;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритишни амалга оширади;

ишлаб чиқариш (қишлоқ хўжалиги) участкаларида, алоҳида ҳолларда эса бошқа корхоналарда маҳкумларнинг ахлоқий ва моддий манфаатдорлиги учун шарт-шароитлар яратиш йўли билан уларнинг иш билан бандлигини таъминлаш.


д) кадрлар ва шахсий таркиб билан ишлаш, уларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, ходимларни ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасида:

ахборот-таҳлил ишларини амалга оширади, жазони ижро этиш муассасаси фаолиятини режалаштиради ва прогноз қилади;

кадрларни танлаш ва жой жойига қўйиш, уларни қайта тайёрлаш ва жанговор, жисмоний ҳамда ижтимоий-сиёсий тайёргарлиги, профессионал даражасини ошириш бўйича тадбирларни ташкил қилади;

жазони ижро этиш муассасалари шахсий таркибининг жанговар ва сафарбарлик тайёргарлигини оширади, фавқулодда вазиятларда куч ва воситаларнинг ҳаракатланишга шайлигини назорат қилади;

ходимлар (ишчилар ва хизматчилар) ва уларнинг оила аъзоларини ҳуқуқий, ижтимоий ҳимоясини ва шахсий хавфсизлигини таъминлайди;

ходимлар орасида ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш, бошқа ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича тадбирларни амалга оширади, одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилинишини таъминлайди;

ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини ошириш бўйича ишларини ташкил этади.

Жазони ижро этиш муассасаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа функцияларни ҳам амалга ошириши мумкин.



5-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ

МУАССАСАЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ

ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


26. Жазони ижро этиш муассасалари юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

жазони ижро этиш муассасалари ваколатига кирадиган масалалар бўйича давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш тузилмалари ва бошқа муассасаларнинг маълумотлар базаларидан (шу жумладан, электрон базаларидан) ахборот, статистик ва бошқа материалларни сўраш ва олиш;

қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш, жазони ижро этиш муассасалари фаолияти самарадорлигини ошириш масалалари бўйича таклифларни ЖИЭДга киритиш;

ҳуқуқни муҳофаза қилиш, давлат органлари, жамоат ташкилотлари вакилларини тарбиявий профилактик тадбирларга, маҳкумларни ижтимоий реабилитация қилишга ва мослаштиришга жалб этиш;

ЖИЭД билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан ҳамкорликни амалга ошириш;

маҳкумларнинг ахлоқий савиясини ривожлантириш, тарбиявий тадбирларни ташкил этиш ва ўтказиш, жазони ижро этиш муассасаларидан озод этилаётган шахсларга ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатишга фуқаролик жамияти институтлари, жамоатчилик вакиллари ва фуқароларни жалб этиш;

маҳкумларни бошқа жойга кўчиришда белгиланган йўналишлар бўйича ички ишлар органларининг тегишли бўлинмалари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

маҳкумларни ўқитиш (умумий, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим) жараёни масалалари бўйича таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги фаолиятни ташкил этиш;

озод этилаётган шахсларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам бериш, уларни ишга жойлаштириш ва уларнинг маиший турмуш шароитларини яхшилаш масалалари бўйича туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларининг ижтимоий мослашув марказлари билан ҳамкорликни амалга ошириш;

маҳкумларга пенсия тайинлаш ва уларга пенсия тўлаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш;

ЖИЭД билан биргаликда сайловларга тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш бўйича вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари билан ҳамкорлик қилиш;

соғлиқни сақлаш органлари билан ҳамкорликда маҳкумларга малакали даволаш-диагностика ва шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни турли экспертизадан ўтказиш, текшириш, шу жумладан, манзил-колонияларда сақланаётган маҳкумларни дори-дармонлар билан таъминлаш масалалари юзасидан ўзаро ҳамкорликни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббий-ижтимоий экспертиза республика инспекциясининг ҳудудий бўлинмалари билан маҳкумларнинг ногиронлигини тасдиқлаш ва белгилаш, уларнинг касбий меҳнатга қобилиятини йўқотганлиги даражасини аниқлаш масалалари бўйича ҳамкорликни амалга ошириш;

ходимларнинг моддий-техник ва ижтимоий таъминотини яхшилаш, уларнинг малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш бўйича таклифларни ЖИЭДга киритиш;

ЖИЭД билан келишган ҳолда ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи жазони ижро этиш муассасалари ривожлантириш ва моддий-техник базасини модернизация қилиш учун инвестициялар (шу жумладан, хорижий инвестициялар) жалб қилиш чораларини кўриш.

Жазони ижро этиш муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


27. Жазони ижро этиш муассасалари:

маҳкумларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз ваколатлари доирасида зарур чоралар кўришга;

муассаса фаолияти бўйича зарур маълумотларни тайёрлаш ва ЖИЭД раҳбариятига тақдим этишга;

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган асосий вазифаларнинг бажарилишини таъминлашга мажбурдир.

Жазони ижро этиш муассасалари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятларга ҳам эга бўлиши мумкин.


28. Жазони ижро этиш муассасалари ўзига юкланган вазифалар ва функциялар бажарилиши учун жавоб беради.



6-БОБ. ЖАЗОНИ ИЖРО ЭТИШ МУАССАСАЛАРИ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


29. Жазони ижро этиш муассасаларига жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари раҳбарлик қиладилар.

Тошкент шаҳрида жойлашган жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғининг тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири ва минтақавий мувофиқлаштириш марказлари бошлиқлари тақдимномасига кўра Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

30. Жазони ижро этиш муассасалари бошлиқлари ЖИЭД бошлиғи томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ўринбосарларга эга бўлади.

31. Иш юритиш ва махфийлик тартиботини ташкил этиш ва таъминлаш бўйича чора-тадбирлар жазони ижро этиш муассасалари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


32. Жазони ижро этиш муассасаларини моддий-техник воситалар ва бошқа мол-мулк билан таъминлаш белгиланган тартибда амалга оширилади.



7-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


33. Жазони ижро этиш муассасалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этилади, қайта ташкил этилади ва тугатилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 6 март














































Время: 0.0043
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск