ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Прокуратура. Адлия органлари. Нотариат. Адвокатура. Юридик хизмат / Нотариат /

Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 16.03.2020 й. 156-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 16 мартдаги

156-сон қарорига

1-ИЛОВА



Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар

фаолиятини ташкил этиш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар (кейинги ўринларда нотариус деб аталади) фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Нотариус нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари билан кафолатланган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг ҳимоя қилинишини таъминлайди.


3. Нотариус фаолиятини лицензиялаш, нотариусни ҳисобга қўйиш ва уни ҳисобдан чиқариш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари (кейинги ўринларда адлия бошқармалари деб аталади) томонидан амалга оширилади.


4. Нотариус ҳисобга қўйилганидан сўнг адлия бошқармалари бу ҳақда шу куннинг эртасидан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатасининг (кейинги ўринларда Нотариал палата деб аталади) тегишли ҳудудий бошқармасига хабарнома юборади. Хабарнома Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармасига тушган пайтдан эътиборан нотариус Нотариал палатанинг аъзоси бўлади ва нотариус мақомига эга бўлади.


5. Нотариус юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади, банкда ҳисобварақ очади, ходимлар билан меҳнат шартномалари тузади ва уларни бекор қилади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ёки юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга бўлади.


6. Нотариус ўзининг фаолиятини бошлашдан олдин ўз фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.


7. Нотариус фаолият юритадиган бино нотариал округи доирасида жойлашган бўлиши шарт.


8. Нотариуснинг номида "хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус" сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Нотариуснинг номида унинг фамилияси, исми ва отасининг исми кўрсатилади.

Мисол учун: "Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Ашуров Дилшод Рустамович".


9. Нотариуснинг муҳри Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Нотариус ўз муҳрининг эскизини келишиш учун адлия бошқармаларига тақдим этади.

Нотариус муҳрининг эскизи Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 28 августдаги 401-сон қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган муҳрлар ва ҳужжатлар бланкаларини тайёрлаш, фойдаланиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартибига мувофиқ кўриб чиқилади ва натижаси ҳақда нотариусга хат берилади.


10. Нотариал ҳаракатларни амалга оширишда нотариуслар давлат нотариал идораси нотариуси билан тенг ҳуқуқларга эга бўлади ва бир хил мажбуриятларни зиммасига олади. Улар томонидан расмийлаштирилган ҳужжатлар бир хил юридик кучга эга.



2-БОБ. НОТАРИУС ХОДИМЛАРИ


11. Нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, шунингдек, нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, оператор, курьер ва бошқа) эга бўлиши мумкин.

Нотариус ўзининг ходимларини лавозимга тайинлашда ва лавозимдан озод қилишда мустақилдир, ушбу Низомнинг 12 ва 13-бандларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Нотариус ходимларнинг меҳнат фаолиятини меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига асосан ташкил этади.

Нотариус ходимлар ҳақидаги маълумотни уларни ишга қабул қилгандан бошлаб уч иш кунидан кечиктирмасдан давлат солиқ хизмати органлари ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига тақдим этиши лозим.


11-1. Нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини мустақил белгилайди.

Нотариус иш вақти ҳақида, шу жумладан иш вақти ўзгарган тақдирда ҳамда меҳнат таътилида бўлиш ёки ўз касбий малакасини ошириш муддатлари ҳақида "Нотариус" автоматлаштирилган ахборот тизимига (кейинги ўринларда - Тизим) тегишли маълумотларни киритади.

Нотариус иш вақтида иш жойида бўлиши шарт, узрли сабабларга кўра бўлмаслик ҳолатлари бандан мустасно.

12. Нотариус стажёрини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси тавсиясига асосан бириктирилган нотариус томонидан амалга оширилади. Нотариус томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан нотариус стажёрини ишга қабул қилишни рад этишга номзоднинг Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддасида белгиланган талабларга мос келмаслиги асос ҳисобланади.

Стажировка нотариал идорада ўталади. Нотариус стажёри ўз фаолиятини нотариус раҳбарлигида, унинг алоҳида топшириқларини бажарган ҳолда амалга оширади.

Стажёрга раҳбар этиб нотариуслик лавозимида камида уч йил ишлаган нотариус тайинланади. Бунда бир нотариусга навбат асосида ва қоида тариқасида битта стажёр бириктирилади.

Нотариус стажёрининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан Нотариал палата билан биргаликда белгиланади.


13. Нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилиш Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишган ҳолда нотариус томонидан амалга оширилади.

Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси томонидан нотариус ёрдамчисини ишга қабул қилишни рад этишига номзоднинг Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 2-моддасида белгиланган талабларга мос келмаслиги асос ҳисобланади.


14. Нотариус Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаси билан келишган ҳолда ходимларининг вазифалар тақсимотини белгилаб бериши мумкин.



3-БОБ. НОТАРИАЛ ФАОЛИЯТ ВА

УНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


15. Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларга ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ фаолият нотариал фаолият ҳисобланади.

Нотариус нотариат соҳасида давлатнинг функциясини амалга оширувчи шахс сифатида оммавий-ҳуқуқий муносабатлар иштирокчиси ҳисобланади.


16. Нотариал ҳаракатлар Тизим орқали амалга оширилади.

Нотариус Тизимдан фойдаланганлиги учун ҳар ойда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан тузилган шартнома асосида базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 фоизи миқдорида тўлов тўлайди.

Нотариусларнинг Тизимдан фойдаланиш ҳамда унга уланиши учун қўйиладиган техник ва дастурий талаблар, шунингдек, ахборот хавфсизлиги сиёсати Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


17. Нотариуслар Тизимдан фойдаланишда қуйидагиларга мажбур:

нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлашни замонавий усуллардан (бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш) фойдаланган ҳолда амалга ошириш;

нотариал ҳаракатларни Тизимда мажбурий тўлиқ қайд этиш;

Тизимга нотўғри ва хато маълумотлар киритилишига йўл қўймаслик.


18. Нотариус ўз фаолиятини мустақил молиялаштиради.


19. Нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун ундириладиган давлат божининг қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариусларда қоладиган қисми ҳамда ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатганлик учун ундириладиган пул маблағлари (кейинги ўринларда нотариус томонидан ундириладиган тушумлар деб аталади) унинг фаолиятини молиялаштириш манбалари ҳисобланади.


20. Нотариал ҳаракатларни амалга оширганлик учун нотариуслар томонидан ундириладиган давлат божи белгиланган тартибда тегишли шахсий ғазна ҳисобварақларига кирим қилинади ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган миқдорларда тақсимланади.

Шахсий ғазна ҳисобварақларига кирим қилинган давлат божининг нотариусларга йўналтириладиган қисми Молия вазирлиги Ғазначилигининг тегишли электрон тақсимлаш тўлов тизими орқали тақсимланади.

21. Шахсий ғазна ҳисобварақларини очиш учун Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармаларига нотариуслар билан боғлиқ зарур маълумотлар (нотариуснинг тўлиқ номи, почта манзили, лицензияси ва банк реквизитлари)ни туман ва шаҳарлар бўйича тасдиқланган ҳолда тақдим этади. Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари молия бош бошқармалари нотариал ҳаракатлар учун ундириладиган давлат божини автоматик равишда тақсимлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига нотариуслар учун очилган шахсий ғазна ҳисобварақларини тақдим этади.

Нотариуслар томонидан ҳуқуқий ва техник тусдаги хизматлар кўрсатганлик учун ундириладиган пул маблағлари тўғридан-тўғри уларнинг банкдаги ҳисоб варақларига туширилади.


22. Нотариус томонидан ундирилган тушумлар давлат бюджетига солиқлар ва йиғимлар тўланганидан сўнг нотариуснинг тасарруфига ўтади.


4-БОБ. НОТАРИУСЛАРНИ ДАВЛАТ

ТОМОНИДАН ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШ


23. Адлия бошқармалари заруратга қараб Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариусларнинг фаолиятини ташкил этишда:

жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилишлари учун қулай бўлган жойлардан нотариусларга зарур бино ва иншоотлар, шунингдек, бундай бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкалари ажратилишига кўмаклашади;

нотариусларнинг Тизимга уланиши ва ундан фойдаланишини таъминлайди;

нотариусларнинг малакасини оширишга доир тадбирларни амалга оширишга кўмаклашади;

нотариусларнинг хорижий мамлакатларда тажриба алмашишига ёрдам беради.



5-БОБ. НОТАРИАЛ ОКРУГ


24. Нотариал округ - бу Ўзбекистон Республикасининг маъмурий-ҳудудий тузилиши ҳисобга олинган ҳолда ташкил этиладиган нотариал идоранинг ҳудуди.


25. Ҳар бир туман (шаҳар) ҳудуди битта нотариал округ ҳисобланади. Нотариал округ номи туман (шаҳар) номи билан аталади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар туман (шаҳар)лари ва Тошкент шаҳар туманлари ҳар бири алоҳида нотариал округ ҳисобланади.


26. Нотариуслар нотариал округ доирасида фаолият кўрсатиш ҳудудини эркин танлаш ҳуқуқига эга.


27. Жисмоний ва юридик шахс нотариал ҳаракатни амалга ошириш учун хоҳлаган нотариусга мурожаат қилишга ҳақли, Ўзбекистон Республикаси "Нотариат тўғрисида"ги Қонунининг 37, 51, 52, 59, 63, 74, 82 ва 93-моддаларида назарда тутилган нотариал ҳаракатлар бундан мустасно.

Нотариус нотариал ҳаракатларни ўз иш жойидан бошқа жойда фақат қонунда назарда тутилган ҳолларда амалга ошириши мумкин.

Нотариуснинг нотариал ҳаракатни белгиланган фаолият ҳудудидан ташқарида амалга ошириши бу ҳаракатни ҳақиқий эмас, деб топишга асос бўлмайди.

Нотариус мавжуд бўлмаган ҳудуддаги васият қилувчи оғир касал бўлган ҳолларда нотариус васиятномани ўзи хизмат кўрсатадиган ҳудуддан ташқарига чиқиб тасдиқлаши мумкин.



6-БОБ. НОТАРИУС ФАОЛИЯТ ЮРИТАДИГАН БИНО


28. Нотариус фаолият юритадиган бино (кейинги ўринларда бино деб аталади) нотариусга мол-мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши лозим.

Ушбу бинога эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларнинг асли (ёки уларнинг нусхаси) нотариусда сақланиши лозим.

Бино нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат этувчи шахсларнинг эркин киришини таъминлайдиган жойда жойлашиши керак.


29. Бинода фуқароларнинг нотариус ҳузурига кириши, нотариал ҳаракатлар махфийлиги, нотариал иш юритиш ҳужжатлари, материаллари ва нотариал архивнинг бут сақланиши, тўловларни қабул қилиш, аудио- ва видеода қайд этиш учун шарт-шароитлар таъминланиши лозим.


30. Нотариус ўз фаолиятини фақат битта бинода амалга оширади.

Икки ёки ундан ортиқ нотариуслар ўз фаолиятини амалга ошириш учун битта бинода жойлашиши мумкин.


31. Қуйидагилар нотариус фаолиятини ташкил этиш учун минимал талаблар ҳисобланади:

бино нотариус иш фаолиятини амалга оширадиган нотариал округ ҳудудида жойлашган бўлиши;

бинода ногиронлиги бўлган шахсларнинг тўсқинликсиз кириши учун шароитлар (пандус, лифт) мавжуд бўлиши;

бино қўриқлаш (темир панжара ёки камера ва сигнализация ёхуд қўриқчи) ва ёнғин хавфсизлиги тизимига эга бўлиши;

санитария-гигиена қоидаларига риоя қилиниши;

нотариал ҳаракатни амалга ошириш ва ҳужжатлар сақланиши учун махсус жиҳозланган алоҳида хона (архив) мавжуд бўлиши;

нотариуснинг муҳри, штамплари, қатъий ҳисобда турадиган гербли (махсус) бланкалар сақланадиган пўлат сейф ёки темир жавон мавжуд бўлиши;

нотариус ходимларининг фаолият юритиши учун зарур компьютер тўплами ва бошқа техник жиҳозлар (принтер, сканер, люверс, модем қурилмалари, бармоқ изини олиш ускунаси, аудио- ва видеода қайд этиш воситалари) га эга бўлиши;

телефон ва интернет алоқаси билан таъминланган бўлиши;

нотариус лицензиясининг нусхаси, нотариал ҳаракатлар намуналари, талаб қилинадиган ҳужжатлар, нотариал ҳаракат учун тўловлар ва иш тартиби тўғрисида ахборотлар кўрсатилган пешлавҳалар ёки электрон ахборот берувчи воситалар мавжуд бўлиши;

нотариал ҳаракатларнинг махфийлигини таъминлаш мақсадида нотариус фуқароларни қабул қиладиган хона алоҳида бўлиши ҳамда у табиий ва (ёки) сунъий ёритиш тизимига эга бўлиши;

нотариус ҳамда унинг ходимлари хонаси видеокузатув камералари билан жиҳозланган бўлиши, бунда видеоёзувлар камида бир ой давомида сақланиши таъминланиши;

нотариус ҳузурида навбатда турган шахсларнинг кутиш хонаси зарур ёруғлик билан таъминланиши, етарли майдонга, ўриндиқ ва мебель жиҳозларига, шунингдек, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш ва фуқароларнинг кутиши учун зарур предметлар билан жихозланган бўлиши. Нотариус қабулини кутиш хонасида нотариал ҳаракатларнинг лойиҳаларини тайёрлаш, ҳужжатлардан нусха олиш мосламаларини ўрнатиш, шунингдек, нотариал архивларни жойлаштиришга йўл қўйилмайди.


32. Нотариал архив ҳужжатларини сақлаш учун махсус стеллажлар, жавонлар, сейфлар билан жиҳозланган алоҳида хоналар (архив) ажратилиши, белгиланган талабларга риоя этилиши ҳамда архив ҳужжатлари сақланиши тўғри ташкил этилиши, уларнинг йўқолиши ва ўғирланишини бартараф этиш чоралари кўрилиши лозим.

Нотариус томонидан архив ҳужжатларининг бут сақланишини таъминлаш мақсадида бегона шахсларнинг архивга кириб ҳужжатлар билан танишишига йўл қўйилмайди.


33. Бинонинг нотариус фаолиятини ташкил этишга оид минимал талабларга мувофиқлигини текшириш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари томонидан нотариуснинг иш фаолияти юзасидан текширишлар ўтказиш вақтида амалга оширилади.

34. Нотариус жойлашган жой ўзгарганда, шу жумладан бинодан фойдаланиш ҳуқуқи муддатидан олдин бекор қилинганда, бу ҳақда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ва Нотариал палатанинг тегишли ҳудудий бошқармаларига уч кун ичида хабарнома берилиши лозим.

Хабарномада бино жойлашган жой ва иш тартиби тўғрисида маълумот кўрсатилиши шарт.


35. Нотариус жойлашган бинонинг ташқи томонидан, бинога кириш жойида шу нотариус тўғрисида жойлаштирилган ёки нотариал фаолият билан боғлиқ хизматлар ҳақида шу бино витринасидаги қоғоз ёки электрон ахборот (пешлавҳа) реклама ҳисобланмайди ва бунинг учун маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг рухсатини олиш талаб этилмайди.



7-БОБ. НОТАРИАЛ ФАОЛИЯТ УСТИДАН НАЗОРАТ


36. Нотариуслар томонидан лицензия талаблари ва шартларига, нотариат тўғрисидаги қонун ҳужжатларига, нотариал ҳаракатлар махфийлигига ва нотариус қасамёдига риоя қилиниши устидан назоратни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда адлия бошқармалари амалга оширади.


37. Нотариуснинг касб этикаси қоидалари ва касб мажбуриятларига риоя этиши устидан назорат Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан амалга оширилади.

38. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари ҳамда Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари тегишли буйруққа асосан нотариусларни камерал, қисқа муддатли ва режали текшириши мумкин.

Нотариал фаолият устидан назорат нотариуснинг нотариал ҳаракатларни амалга ошириши билан боғлиқ, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг шикоятлари бўйича ўтказиладиган текширишлар жараёнида амалга оширилади.


39. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, адлия бошқармалари, шунингдек, Нотариал палата ва унинг ҳудудий бошқармалари Тизимдан фойдаланган ҳолда камерал назоратни қуйидаги чора-тадбирларни бажариш орқали амалга оширади:

нотариал ҳаракатлар устидан ахборот тизими орқали онлайн тарзда мониторинг олиб бориш;

тезкор хабар олинган тақдирда нотариал ҳаракатларни тўхтатиб қўйиш;

"СМС" хабарнома юбориш ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашиш йўлга қўйилганлигини назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги нотариал фаолият тўғрисидаги маълумотларни йиғиш, уларни умумлаштириш жараёнларини комплекс автоматлаштириш ҳамда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда тегишли давлат органлари билан ахборот ҳамкорлигининг барча турларини таъминлаш мақсадида Тизимни техник таъминлаш ва юритиш учун масъул орган ҳисобланади.


40. Қисқа муддатли текшириш рейди, "Сирли мижоз" тадбирлари ва хизмат текшируви ўтказиш тартибида амалга оширилади.


41. Нотариуслар иш фаолиятида режали текшириш уч йилда камида бир марта ўтказилади. Нотариус иш фаолиятини дастлабки текшириш у иш фаолиятини бошлаганидан бир йил ўтгандан сўнг амалга оширилади.


42. Нотариус фаолиятини текширишда ваколатли шахслар ваколатини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этгандан сўнг нотариус уларга тегишли ҳужжатларни тақдим этиши шарт.


43. Нотариуснинг фаолиятини текширишга Нотариал палата ходими ёки унинг бошқарув аъзоларидан бири ёхуд нотариуслар жалб қилиниши мумкин.

44. Текшириш натижаларига кўра маълумотнома, хизмат текшируви ўтказилганда хулоса тузилади. Текшириш натижалари бўйича тузилган ҳужжатлар нотариусга таништирилади ва бир нусхаси тақдим этилади.


45. Нотариус лицензиясининг амал қилиши тўхтатиб турилганда ёки тугатилганда ёхуд бошқа узрли сабабларга (нотариус меҳнатга лаёқатсизлик, ҳомиладорлик, туғиш ва (ёки) бола парваришлаш таътилларига чиққанда, ишдан ажралган ҳолда малака оширишга юборилганда ва бошқа ҳолларда) кўра адлия бошқармалари Нотариал палатанинг ҳудудий бошқармалари билан келишган ҳолда ушбу нотариуснинг тугалланмаган нотариал ҳаракатларини амалга ошириш ҳамда аҳолига нотариал хизматлар кўрсатиш учун бошқа нотариусга ваколат беради ва бу ҳақда тегишли буйруқ расмийлаштирилади.


8-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


46. Нотариус фаолияти ихтиёрий ёки суд тартибида тугатилади.


47. Фаолияти тугатилган нотариус нотариал фаолиятига оид ҳужжатларни муқоваланган, тикилган ва рақамланган ҳолда адлия бошқармалари ҳузуридаги идоравий нотариал архивга икки ҳафтада топшириши шарт.

Нотариус фаолияти тугатилганда унга тегишли муҳр, штамплар ва ишлатилмаган гербли (махсус) бланкалар шу куннинг эртасидан кечиктирмай адлия бошқармаларига топширилиши шарт.


48. Нотариус вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда нотариал фаолиятига оид ҳужжатларни идоравий нотариал архивга топшириш адлия бошқармалари томонидан тузилган махсус ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.


49. Нотариуслар фаолиятини лицензиялаш, нотариусни ҳисобга олиш ва ҳисобдан чиқариш, нотариуслар фаолиятини суғурта қилиш ва улар фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади.


50. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 16 март











































Время: 0.1862
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск