ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Иқтисодиётнинг умумий масалалари / Бошқа масалалар /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.03.2020 й. ПФ-5975-сон "Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Фармони

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОНИ

26.03.2020 й.

N ПФ-5975



ИҚТИСОДИЁТНИ РИВОЖЛАНТИРИШ ВА

КАМБАҒАЛЛИКНИ ҚИСҚАРТИРИШГА ОИД

ДАВЛАТ СИЁСАТИНИ ТУБДАН ЯНГИЛАШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Иқтисодиётни эркинлаштириш ва бозор механизмларини кенг жорий қилиш тамойилларига асосланган ислоҳотларнинг янги босқичида давлатнинг иқтисодиётдаги ролини камайтириш ва хусусий секторнинг иштирокини кенгайтириш бўйича навбатдаги ишларнинг натижадорлигини ошириш бугунги кунда иқтисодиётни бошқаришнинг аниқ, шаффоф ва натижага йўналтирилган механизмини ишлаб чиқишни тақозо этмоқда.

Шу билан бирга, ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, хусусан камбағалликни қисқартириш вазифалари кўп жиҳатдан иқтисодиётнинг барча тармоқ ва соҳаларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда тадбиркорликни ривожлантириш учун фундаментал шароитларни яратиб бериш ҳисобига янги ва барқарор иш ўринларини ташкил этиш билан бевосита боғлиқдир.

Бу, ўз навбатида, иқтисодиётни таркибий жиҳатдан ислоҳ қилиш ва ривожланишига алоқадор вазирлик ва идоралар фаолияти уйғунлигини таъминлашни, мавжуд муаммо ва тўсиқларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этишга асосланган замонавий ва инклюзив институционал тизимни жорий этишни талаб этади. Хусусан:

биринчидан, макроиқтисодий барқарорлик, иқтисодий ўсиш мақсадлари ва таркибий ислоҳотлар ўртасидаги мувофиқликни таъминлаш, шунингдек, ташқи ва ички омиллар таъсирида юзага келадиган иқтисодий циклларни бошқаришнинг замонавий прогнозлаштириш моделларига асосланган самарали тизими ва механизмларини жорий этиш жараёни кечикмоқда;

иккинчидан, камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича яхлит тизим ва мувофиқлаштирувчи давлат органи, меъёрий-ҳуқуқий база, мезонлар ва баҳолаш услубиётининг мавжуд эмаслиги, шунингдек, ушбу йўналишдаги ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорликка жалб қилиш вазифаларининг аниқ ажратиб олинмаганлиги сабабли тегишли аҳоли гуруҳлари билан амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги паст даражада қолмоқда;

учинчидан, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича аниқ ёндашув ва тамойиллар тўлиқ шакллантирилмаган, иқтисодиётнинг ҳудудий ва тармоқ ривожланиши ўртасидаги ўзаро боғлиқлик таъминланмасдан ҳамда ҳудудларни ривожлантиришдаги мавжуд салоҳият ва "нисбий устунлик" мезонларидан оқилона фойдаланиш ва ишлаб чиқариш кучларини жойлаштиришда инсон капитали ва демографик омиллар инобатга олинмасдан қолмоқда;

тўртинчидан, мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришнинг аниқ ёндашувларини белгилаб олиш, тадбиркорликни молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлашнинг мақсадга йўналтирилган, айниқса, аҳолини тадбиркорликка ўқитиш ва касбга ўргатиш ишларини тизимлаштириш, шу жумладан барча дастурлар ҳисобидан ажратилаётган маблағларнинг сарфланиш самарадорлигини баҳолаш ишларини ташкил этишда камчиликлар кузатилмоқда;

бешинчидан, мамлакат саноатини ривожлантиришнинг фундаментал драйверлари ҳисобланган соҳаларда меҳнат унумдорлигини ошириш, соҳанинг рақобатбардошлигини кучайтириш бўйича аниқ механизм ва дастакларга асосланган ягона индустриал сиёсат ва стратегия ишлаб чиқилмаган, шунингдек, мазкур жараёнда техник регламентларни замон талабларидан келиб чиқиб янгилаш ва самарали фойдаланиш масалаларига етарлича эътибор қаратилмаган.

Самарали макроиқтисодий сиёсатни юритиш, барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида мақбул давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини жорий этиш мақсадида:


1. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (кейинги ўринларда - вазирлик) этиб қайта ташкил этилсин ҳамда қуйидагилар унинг асосий вазифалари этиб белгилансин:


а) макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва юритиш соҳасида:

макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш асосида иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш, иқтисодиётнинг реал сектори ҳолати, ички ва ташқи бозорлар конъюнктураси ҳамда глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ ҳолда иқтисодиётнинг асосий соҳаларини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш;

иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳолатни олдиндан баҳолаш индикаторларини ишлаб чиқиш ва самарали фойдаланиш тизимини жорий этиш;

инсон капиталини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш ва молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш, зарур инфратузилмани шакллантиришга асосланган иқтисодий ривожланишнинг концептуал йўналиш ва вазифаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва бошқа идоралар билан биргаликда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, шу жумладан инфляция даражасини пасайтириш ва қўйилган мақсадларга эришиш борасида мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган экспортни қўллаб-қувватлаш, экспорт ва импортда тариф ва нотариф тартибга солиш сиёсатларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирлар ва ислоҳотларнинг меҳнат унумдорлиги, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмларининг ўсишига, иш ўринлари яратилишига таъсирини баҳолаш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш;


б) камбағалликни қисқартириш борасида:

иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таъминлаш, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш;

камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубиятини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш;

барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларга эришиш чора-тадбирларини амалга ошириш, яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватини ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда аҳоли даромадлари табақалашувини ўрганиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш ҳамда уларнинг давлат мақсадли дастурлари билан ўзаро мувофиқлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда меҳнат бозори ва унинг таркибини сифат жиҳатдан ривожлантириш, ишчи кучи миграцияси жараёнларини таҳлил қилиш, такомиллаштириш ҳамда меҳнат ресурсларини тақсимлаш борасида ўзаро мувофиқликдаги ишларни олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги билан биргаликда инсон капиталини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

в) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида:

ҳудудларнинг табиий хомашё ва меҳнат ресурсларини ҳамда "нисбий устунликларини" инобатга олган ҳолда уларни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаб олиш ҳамда амалга ошириш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасидаги лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли бажаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ҳудудлараро ривожланишнинг табақалашувини қисқартириш чораларини кўриш;

ҳудудларда саноат зоналарини ташкил этиш, уларни жойлаштириш юзасидан услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш, уларни ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳудудларни ривожлантиришнинг миллий методологик асослари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш;


г) мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

мамлакатда кичик ва ўрта бизнесни ҳамда тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини юритиш;

иқтисодий ўсишни таъминлашда кичик ва ўрта бизнесни муҳим драйверга айлантиришнинг концептуал ва стратегик ёндашувларни ҳамда соҳани ривожлантириш борасида фундаментал тўсиқ ва муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

кичик ва ўрта бизнес субъектлари тоифасига оид мезонларни белгиловчи, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашнинг молиявий ва номолиявий чоралари - янги воситалар ва ахборот тизимларини яратиш, кредитлашнинг мавжуд механизмлари ва қўллаб-қувватлаш воситалари орқали ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан юқори самара берувчи йўналиш ва лойиҳаларни амалга ошириш;

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фаолиятини доимий равишда такомиллаштириш орқали ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва уни самарали бошқариш тизимини йўлга қўйиш;


д) саноатнинг устувор тармоқларини ривожлантириш - ягона индустриал сиёсатни юритиш борасида:

миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилиш, шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш уйғунлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан унумли фойдаланиш асосида мамлакат саноатини ривожлантиришнинг стратегия ва моделларини ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва аҳолини ёқилғи-энергетика ресурслари билан бозор механизмлари асосида узлуксиз таъминлашга қаратилган стратегия ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

асосий саноат тармоқлари ва йирик корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

саноат тармоқларининг ривожланиш даражасини мониторинг қилиб боришда халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган асосий индикаторларни аниқлаш, "яшил иқтисодиёт" ҳамда энергиясамарадорликнинг асосий принциплари ва усулларини амалиётга жорий этиш ва мониторинг қилиш услубиятини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика саноат корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, ҳажмлари, ички бозор талабининг қондирилиш даражаси бўйича ҳамда ички ва ташқи бозорларда муҳим саноат маҳсулотлари нархларининг ўзгариш тенденциялари бўйича таҳлиллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини ташкил этиш;


е) давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш борасида:

ваколатли давлат органлари билан биргаликда иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш мақсадларидан келиб чиқиб ҳамда иқтисодий ўсишга таъсири нуқтаи назаридан самарадорлиги паст бўлган йўналишларни аниқлаш асосида давлат иштироки мавжуд тармоқ ва корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш орқали яхлит давлат сиёсати амалга оширилишида иштирок этиш;

давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилиш жараёнларини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган шароитларни яратиш, хусусан улар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулот ва хизматларнинг эркин ва рақобатбардош бозорини шакллантириш билан боғлиқ таркибий ислоҳотларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини таъминлаш;

давлат улуши мавжуд стратегик тармоқ ва корхоналарда меҳнат унумдорлигини, энергия ва бошқа ишлаб чиқариш ресурслари тежамкорлигини ошириш ҳамда маҳсулот таннархини камайтиришда замонавий механизм ва ёндашувларнинг қўлланилиши бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда иштирок этиш;


ж) давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасида:

барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш учун устувор соҳа ва тармоқларни аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

иқтисодий ўсиш учун зарур бўлган инфратузилмани яратишга қаратилган инвестиция сиёсатини амалга ошириш, иш жойларини ташкил этиш ва ҳудудларни барқарор ривожлантиришни таъминловчи инфратузилманинг стратегик ривожланиш йўналишларини белгилаб бериш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш стратегиялари ва дастурларидан келиб чиққан ҳолда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда давлат инвестиция дастурини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига Инвестиция дастурининг асосий йўналиши ва лойиҳалари бўйича тегишли ички ва ташқи манбаларни шакллантириш учун буюртмаларни бериш;

давлат инвестиция дастурини макроиқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилиш ҳамда бу борада шакллантирилган хулосалардан келиб чиқиб, инвестиция йўналишларини белгилаш;

давлат инвестиция сиёсатининг умумий инвестициявий фаолликка, шу жумладан хусусий ва хорижий тўғридан-тўғри инвестициялар оқимига таъсирини таҳлил қилиш, прогнозлаш ҳамда бу борада тегишли таклифларни шакллантириш;


з) инфраструктурани ривожлантириш ва урбанизация сиёсатини юритишда:

республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори ва шаҳарларни ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш, турар жойларни муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан биргаликда қуришни инобатга олган ҳолда урбанизация жараёнларини давлат томонидан самарали тартибга солишни таъминлаш, шунингдек, ер участкаларига оид замонавий бозор механизмларини жорий этиш;

шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини прогноз қилиш ва шу асосда урбанизация кўламларини белгилаш - мавжуд шаҳарларни кенгайтириш ёки йўлдош шаҳарчаларни яратиш юзасидан ҳудудлар кесимида таклифлар тайёрлаш;

янги барпо этиладиган йўлдош шаҳарлар аҳолисининг яшаш шароити даражасини янада ошириш ҳамда шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқишнинг молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва мувофиқлаштириш;

илғор, энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш асосида ҳамда ижтимоий, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмалари мавжуд йўлдош-шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олган ҳолда шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқариш;

уй-жой қурилиш бозорини ипотека кредитлари орқали ривожлантириш ҳамда мавжуд уй-жой фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда реновация тизимини такомиллаштириш ва дастурлар ишлаб чиқиш;

даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишини мувофиқлаштириш;

и) бизнес муҳитини яхшилаш ва халқаро рейтинглар масалалари бўйича:

иқтисодиётни бозор тамойиллари асосида бошқариш бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш орқали бизнес фаолияти соҳасидаги асоссиз мажбуриятлар, тақиқлар ва чекловларни олиб ташлаш, жорий тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда соҳада амалдаги ва қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бизнес муҳитига таъсирини баҳолаш;

"Ўзстандарт" агентлиги ва бошқа ваколатли органлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари ўз бизнес фаолиятларини эркин амалга оширишларида тўсқинлик қилиши мумкин бўлган техник регламент ва талабларни ўрнатувчи органлар фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси билан биргаликда мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини яхшилаш, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман билан биргаликда бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;

халқаро иқтисодий рейтинглар билан ишлашда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рейтингларни ҳар бир таркибий индикатори кесимида мутасадди вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳларни тузиш ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштириш;


к) жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш соҳасида:

мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегиясидан, шу жумладан ўрта ва узоқ муддатли ташқи иқтисодий мувозанатлигини таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

иқтисодий соҳада турли интеграция бирлашмалари (МДҲ, ЕОИИ ва бошқалар) билан, республика ҳудудлари хорижий давлатлар ҳудудлари билан, шу жумладан чегараолди ҳамкорликнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига таъсирини кенг қамровли таҳлил қилиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ваколатлар доирасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан музокараларда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ифодалаш, белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ битимларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик битимларини тузиш;


л) давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш соҳасида:

"Давлат функциялари - бизнес учун имконият" лойиҳаси ва давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини юритиш;

хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил қилиш ва ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

Белгилансинки, вазирлик ўз олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда уларнинг устуворлиги ва босқичма-босқичлик тамойилидан келиб чиқади, шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича халқаро эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.


2. Вазирлик тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020 йил 1 октябрга қадар:

2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясини;

2030 йилгача Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантириш стратегиясини;

Камбағалликни камайтириш дастурини;

Тошкент шаҳри, Тошкент ва Фарғона вилоятларида ўтказилаётган синов натижаларига асосланиб, 2021 йилдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида минимал истеъмол савати ва яшаш минимуми жорий этилиши юзасидан тегишли қарор лойиҳасини ўрнатилган тартибда ишлаб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминласин.


3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича барча ўрта ва узоқ муддатли концепциялар, стратегиялар ва дастурлар вазирлик билан келишилган ҳолда ишлаб чиқилади;

қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурлар ва қарорлар вазирлик томонидан камбағаллик даражасига таъсирини баҳолаш нуқтаи назаридан экспертизадан ўтказилади;

рақобат ва монополияга қарши курашиш, техник регламентларни ўрнатиш, ер муносабатларини тартибга солиш, геология ишлари, давлат активларини бошқариш, давлат-хусусий шериклик механизмини такомиллаштириш бўйича чоралар ва сиёсатларнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашда вазирлик иштирок этади.

Вазирлик белгиланган вазифалар ижросини самарали амалга ошириш мақсадида бевосита халқаро молия ташкилотларидан грант маблағларини ва чет эллик юқори малакали экспертларни мунтазам жалб қилиш ҳуқуқига эга.


4. Вазирлик ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари камбағалликни қисқартириш бўйича биринчи навбатдаги амалий ишларни жадаллаштириш юзасидан бир ой муддатда:

маҳаллаларда ҳар бир хонадон ва оилаларнинг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламини ўрганиш асосида дастлабки рўйхатни ҳамда маҳаллалар паспортларини шакллантирсин;

аҳолининг ушбу қатламини бевосита моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилиши лозим бўлган ёки касбга ўқитиш ва тадбиркорликка ўргатиш орқали даромадини ошириш мумкин бўлган гуруҳларга ажратиб олиш орқали, шунингдек, зарур манбаларни аниқлаш ва ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларига асосланган чора-тадбирларни ишлаб чиқиб, амалга оширилишини бошласин.


5. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар амалга оширилишини мувофиқлаштириш функцияси юклансин.


6. Вазирлик:

а) Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 майга қадар "Ўзшаҳарсозлик ЛИТИ" давлат унитар корхонаси фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича тегишли қарор лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;

б) Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар Осиё тараққиёт банкининг 100 млн АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилиш орқали "Ўзбекистон Республикасида замонавий иқтисодиёт учун кўникмаларни ривожлантириш" лойиҳасининг амалга оширилишини ташкил этсин.


7. Белгилансинки:

республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси ҳамда тармоқлар, соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш стратегияларидан, шунингдек, макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш вазифаларидан келиб чиққан ҳолда вазирлик ижтимоий соҳа ва инфратузилмани ривожлантириш учун уч йил муддатга инвестициялар ҳажми прогнозларини белгилайди;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун бюджет маблағларининг ва давлат ташқи қарзининг лимитини вазирликка тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ижтимоий соҳа, инфратузилма ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотларининг маблағлари ҳамда хорижий ҳамкорларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этади;

давлат инвестиция дастури Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан вазирлик ҳамда Молия вазирлиги билан биргаликда шакллантирилади;

республика шаҳарлари ва шаҳар посёлкаларининг бош режаларини, шунингдек, қишлоқлар (овуллар) фуқаролар йиғинлари ҳудудларини архитектура-режалаштириш жиҳатидан ташкил этиш бўйича буюртмачи функциялари вазирлик, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, вилоятлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаларига юкланади.


8. Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Транспорт вазирлиги ва Автомобиль йўллари қўмитаси вазирлик билан биргаликда 2020 йил 1 августга қадар мавжуд дастурларни тўлиқ хатловдан ўтказиб, қайта кўриб чиқсин ҳамда ушбу дастурларни 2030 йилгача Ўзбекистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепциясида кўзда тутилаётган умуммиллий ривожланишнинг мақсадли параметрларига мувофиқлигини таъминласин.

9. Камбағаллик даражасини қисқартириш борасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш учун Молия вазирлиги ҳузуридаги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 2020 йилда вазирликка 100,0 млрд сўм ажратилсин.

Камбағалликни қисқартириш стратегиясида белгиланадиган вазифаларнинг амалга оширилишини ҳамда ушбу йўналишдаги дастурларнинг молиялаштирилишини таъминлаш учун 2021 йилдан бошлаб Давлат бюджети параметрларини шакллантиришда алоҳида қаторда тегишли маблағлар кўзда тутилади.


10. Вазирлик ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) этиб қайта ташкил этилсин.

Вазирлик 2020 йил 1 майга қадар Агентликнинг фаолиятини унинг барча вилоятлар, шаҳар ва туманларда бўлинмаларини ташкил этишни инобатга олган ҳолда тегишли ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


11. Вазирлик ҳузуридаги:

Урбанизация агентлиги тугатилсин ҳамда унинг функция ва вазифалари вазирликка ўтказилсин;

Урбанизацияни ривожлантириш жамғармаси фаолиятини юритиш юридик шахс ташкил этмаган ҳолда вазирликка юклатилсин.


12. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактаби ҳамда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази ва унинг ҳудудий филиаллари вазирликка ўтказилсин ҳамда уларнинг негизида Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби (кейинги ўринларда - Олий мактаб) ташкил этилсин.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда Олий мактаб фаолиятини ташкил этиш, шу жумладан, қуйидагиларни назарда тутувчи ҳукумат қарорини қабул қилсин:

Олий мактаб корпоратив бошқарув ва тадбиркорлик соҳасида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича олий таълим муассасаси ҳисобланади, унинг Нукус шаҳри ҳамда барча вилоятлар марказларида юридик шахс мақомига эга бўлмаган ҳудудий филиаллари тузилади;

бизнесни ташкил этиш ва бошқариш йўналишларида жаҳоннинг етакчи олий таълим муассасаларининг ўқув-услубиётига мувофиқ ишлаб чиқилган ўқув дастурлари асосида мутахассисларни тайёрлайди;

жойларда аҳолининг кенг қатламини бизнес юритиш ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш ҳамда бу соҳада малакали тренерларни тайёрлайди.


13. Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича "Эл-юрт умиди" жамғармаси 2020-2022 ўқув йиллари учун хорижда таълим олувчи номзодлар рўйхатини шакллантиришда "иқтисодий ривожланиш" ва "макроиқтисодий сиёсат" йўналишларида замонавий билимга эга бўлган кадрларни тайёрлаш мақсадларида вазирлик билан биргаликда ёш мутахассис ва олий таълим муассасаларининг битирувчиларини хорижга таълим олиш ва малака оширишга жўнатиш учун амалий чоралар кўрсин.

14. Вазирлик Молия вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Давлат активларини бошқариш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда, давлат захираларини бошқариш тизимини тубдан такомиллаштириш, стратегик ва сафарбарлик захираси товарлар номенклатураси ва ҳажмларини танқидий қайта кўриб чиқиш, маҳсулотлар нархи кескин ўзгаришининг олдини олувчи бозор тамойилларига асосланган таъсирчан механизмларни жорий қилишни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.


15. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 1 мартга қадар:

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерларни хусусийлаштириш бўйича Сирдарё вилоятида ўтказилаётган ҳуқуқий эксперимент муддатини узайтириш;

"Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларни хусусийлаштириш тўғрисида"ги Қонуннинг кучга кириш муддатини узайтириш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

Вазирлар Маҳкамаси уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасига тегишли қонун лойиҳасини киритсин.


16. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда мазкур Фармон талабларидан келиб чиққан ҳолда вазирлик фаолиятини ташкил этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасини белгиланган тартибда тасдиқлаш учун киритсин.


17. Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим фармонларига иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.


18. Вазирлик манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда белгиланган тартибда:

қонун ҳужжатларига мазкур Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклиф киритсин;

ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатларни мазкур Фармонга мувофиқлаштирсин.


19. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Р.А. Гулямов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 26 мартдаги

ПФ-5975-сон Фармонига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Президентининг

айрим фармонларига киритилаётган

ўзгартиришлар


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги "Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5621-сон Фармонида:


2-банддагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


3-банднинг учинчи-бешинчи хатбошиларидагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


4-банднинг иккинчи, учинчи, бешинчи ва олтинчи хатбошларидагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


5-банднинг биринчи хатбошисидагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


6-банддагиқтисодиёт ва саноат" ва "2019 йил 1 июнга қадар" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" ва "2020 йил 1 октябрга қадар" сўзлари билан алмаштирилсин;


7-банд ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 10 январдаги "Урбанизация жараёнларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПФ-5623-сон Фармонида:


а) 3-банддагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


б) 4-бандда:

"а" кичик бандидагиқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузурида Урбанизация агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) ташкил этилсин, унинг" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг" сўзлари билан алмаштирилсин;

"б" кичик бандидагиқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда" сўзлари билан алмаштирилсин;


в) 5-банддагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


г) 11-банддагиқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин;


д) илованинг 4, 15, 20, 22-23 позициялари "масъул ижрочилар" устунидаги "Иқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги "2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида" ПФ-5953-сон Фармонида:


а) 12-банднинг биринчи хатбошисидаги "августга" сўзи "октябрга" сўзи билан алмаштирилсин;


б) илованинг 189-позициясида:

"Бажариш муддати" устунидаги "август" сўзи "октябрь" сўзи билан алмаштирилсин;

"Ижро учун масъуллар" устунидаги "Иқтисодиёт ва саноат" сўзлари "Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш" сўзлари билан алмаштирилсин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 март





































Время: 0.1885
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск