ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Давлат ҳуқуқий тизими асослари / Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар / Вазирликлар /

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисида Низом (ЎзР Президентининг 26.03.2020 й. ПҚ-4653-сон қарорига 3-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 26 мартдаги

ПҚ-4653-сон қарорига

3-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва

камбағалликни қисқартириш вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг (кейинги ўринларда - Вазирлик) мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ҳамда ташкилий асосларини, шунингдек, раҳбарларининг функционал мажбурияти ва масъулиятини белгилайди.


2. Вазирлик мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланиш соҳасидаги давлат сиёсатини, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг инвестиция сиёсати стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади.


3. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, қонунлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, ушбу Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Вазирликнинг ўз ваколатлари доирасида қабул қилинган ва норматив-ҳуқуқий хусусиятга эга бўлган қарорлари давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик юритувчи субъектларнинг мулкчилик ва идоравий бўйсунувидан қатъи назар, ижро этилиши мажбурийдир.


5. Вазирлик юридик шахс бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўзининг номи битилган муҳрига эга.


6. Вазирликнинг расмий номи:

а) давлат тилида:

тўлиқ номи - Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;

қисқа номи - Иқтисодий тараққиёт вазирлиги;

б) рус тилида:

тўлиқ номи - Министерство экономического развития и сокращения бедности Республики Узбекистан;

қисқа номи - Минэкономразвития;

в) инглиз тилида:

тўлиқ номи - Ministry of economic development and poverty reduction of the Republic of Uzbekistan;

қисқа номи - Ministry of economic development.


7. Вазирлик қуйидаги манзилда жойлашган: Тошкент шаҳри, Ислом Каримов шоҳ кўчаси, 45а-уй.



2-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ТУЗИЛИШИ


8. Вазирлик қуйидагиларни ўз ичига олади:

Вазирликнинг марказий аппарати;

Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, вилоятлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармалари (кейинги ўринларда - Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари);

туманлар ва шаҳарлар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўлимлари (кейинги ўринларда - Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари);

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси;

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти;

Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби;

Тармоқ бозорлари ва ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлиги тадқиқотлари маркази;

"Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУК;

Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси.


9. Ҳудудий бошқармалар Вазирликка ҳамда тегишлилигига кўра Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларига бўйсунади.

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларига ҳамда тегишлилигига кўра туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсунади.


10. Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти ҳамда Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирига бўйсунади.


3-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФА

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


§ 1. Вазирликнинг вазифа ва функциялари


11. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:


а) макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва юритиш соҳасида:

макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш асосида иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳолати, ички ва ташқи бозорлар конъюнктураси ҳамда глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ ҳолда иқтисодиётнинг асосий соҳаларини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш;

иқтисодиётнинг реал секторидаги ҳолатни олдиндан баҳолашнинг замонавий индикаторларини ишлаб чиқиш ва самарали фойдаланиш тизимини жорий этиш;

инсон капиталини яхшилаш ва меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлаб чиқариш ва молиявий ресурсларни самарали тақсимлаш, зарур инфратузилмани шакллантиришга асосланган иқтисодий ривожланишнинг концептуал йўналиш ва вазифаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг амалга оширилишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Молия вазирлиги ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, шу жумладан инфляция даражасини пасайтириш ва қўйилган мақсадларга эришиш борасида мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан ишлаб чиқиладиган экспортни қўллаб-қувватлаш, экспорт ва импортда тариф ва нотариф тартибга солиш сиёсатларини шакллантириш жараёнида фаол иштирок этиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегиясида кўзда тутилган тадбирлар ва ислоҳотлар амалга оширилишининг меҳнат унумдорлиги, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлаш ҳажмларининг ўсишига, иш ўринларининг яратилишига таъсирини баҳолаш ва тегишли таклифлар ишлаб чиқиш;


б) камбағалликни қисқартириш борасида:

иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таҳлил қилиш ва таъминлаш, давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, жамоат ташкилотлари, халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан камбағалликни қисқартириш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш;

камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубиётини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари меъёрий асосларини ишлаб чиқиш;

миллий барқарор ривожланишнинг мақсад ва вазифаларига эришиш чора-тадбирларини амалга ошириш, яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчасини ҳисоблаш методологиясини ишлаб чиқиш ҳамда аҳоли даромадлари табақалашувини ўрганиш бўйича тизимли ишларни олиб бориш ҳамда уларнинг давлат мақсадли дастурлари билан ўзаро мувофиқлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан биргаликда меҳнат бозори ва унинг таркибини сифат жиҳатдан ривожлантириш, ишчи кучи миграцияси жараёнларини таҳлил қилиш, такомиллаштириш ҳамда меҳнат ресурсларини тақсимлаш борасида ўзаро мувофиқликдаги ишларни олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги билан биргаликда инсон капиталини ривожлантириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

в) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида:

ҳудудларнинг табиий хом ашё ва меҳнат ресурсларини ҳамда "нисбий устунликлари"ни инобатга олган ҳолда уларни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаб олиш ҳамда амалга ошириш;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари доирасидаги лойиҳаларни ўз муддатида ва сифатли бажаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ҳудудлараро ривожланишнинг табақалашувини қисқартириш чораларини кўриш;

ҳудудларда саноат зоналарини ташкил этиш, уларни жойлаштириш юзасидан услубий қўлланмаларни ишлаб чиқиш, уларни ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш.

илғор хорижий тажрибани ўрганган ҳолда ҳудудларни ривожлантиришнинг миллий методологик асослари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш ҳамда такомиллаштириш;


г) мамлакатда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

республикада тадбиркорликни ва маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини юритиш;

маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими асосида аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш ҳамда ўзини ўзи банд қилиш фаолиятига йўналтириш;

ваколатли давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчиларининг (кейинги ўринларда - ҳоким ёрдамчилари) фаолиятини мувофиқлаштириш;

иқтисодий ривожланишни таъминлашда тадбиркорликни муҳим драйверга айлантиришнинг янги ёндашувларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

маҳаллий ҳокимликлар билан бирга ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва тизимли таҳлил қилиш асосида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини доимий равишда такомиллаштириш орқали ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтириш ва уни самарали бошқариш тизимини йўлга қўйиш;

д) саноатнинг устувор тармоқларини ривожлантириш - ягона индустриал сиёсатни юритиш борасида:

миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни, шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш уйғунлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида мамлакат саноатини ривожлантириш стратегияларини (моделларини) ишлаб чиқиш;

Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва аҳолини ёқилғи-энергетика ресурслари билан бозор механизмлари асосида узлуксиз таъминлашга қаратилган стратегияни ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

асосий саноат тармоқлари ва йирик корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича стратегия ва дастурларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

саноат тармоқларининг ривожланиш даражасини мониторинг қилиб боришда халқаро тажрибада кенг қўлланиладиган асосий индикаторларни аниқлаш, "яшил иқтисодиёт" ҳамда энергия самарадорликнинг асосий принциплари ва усулларини амалиётга жорий этиш ва мониторинг қилиш услубиётини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

республика саноат корхоналарининг мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш, ҳажмлари, ички бозор талабининг қондирилиш даражаси бўйича ҳамда ички ва ташқи бозорларда муҳим саноат маҳсулотлари нархларининг ўзгариш тенденциялари бўйича таҳлиллар тайёрлаш ва оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилишини ташкил этиш;


е) давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш борасида:

иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш мақсадларидан келиб чиқиб, ҳамда иқтисодий ўсишга таъсири нуқтаи назаридан самарадорлиги паст бўлган йўналишларни аниқлаш асосида давлат иштироки мавжуд тармоқ ва корхоналарни ислоҳ қилиш бўйича таклифларни киритиш орқали яхлит давлат сиёсати амалга оширилишида иштирок этиш;

давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган шароитларни яратиш, хусусан улар томонидан ишлаб чиқариладиган хизмат ва маҳсулотларнинг эркин ва рақобатбардош бозорини шакллантириш билан боғлиқ таркибий ислоҳотлар бўйича асосий чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни таъминлаш;

давлат улуши мавжуд стратегик тармоқ ва корхоналарда меҳнат унумдорлигини, энергия ва бошқа ишлаб чиқариш ресурслари тежамкорлигини ошириш ҳамда маҳсулот таннархини камайтиришда замонавий механизм ва ёндашувларнинг қўлланилиши бўйича чора-тадбирларни мувофиқлаштиришда иштирок этиш;


ж) давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш борасида:

барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш соҳалари ва тармоқларини аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш концепцияси, тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш стратегиялари ва дастурларидан келиб чиққан ҳолда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда давлат инвестиция дастурини шакллантириш;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигига йўналиш ва лойиҳалар бўйича тегишли ички ҳамда ташқи манбаларни шакллантириш учун буюртмаларни бериш;

давлат инвестиция дастурларини макроиқтисодий нуқтаи назардан таҳлил қилиш ҳамда бу борада шакллантирилган хулосалардан келиб чиқиб, инвестиция йўналишларини белгилаш;

давлат инвестиция сиёсатининг умумий инвестициявий фаолликка, шу жумладан хусусий ва хорижий тўғридан-тўғри инвестициялар оқимига таъсирини таҳлил қилиш, прогнозлаш ҳамда бу борада тегишли таклифларни шакллантириш.


з) инфратузилмани ривожлантириш ва урбанизация сиёсатини юритишда:

республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори ва шаҳарларни ривожлантириш бўйича ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, ишлаб чиқариш кучларини оқилона жойлаштириш, турар жойларни муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан биргаликда қуришни инобатга олган ҳолда урбанизация жараёнларининг давлат томонидан самарали тартибга солинишини таъминлаш, шунингдек, ер участкаларига оид замонавий бозор механизмларини жорий этиш;

шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжларини прогноз қилиш ва шу асосда урбанизация кўламларини белгилаш - мавжуд шаҳарларни кенгайтириш ёки йўлдош шаҳарчаларни яратиш юзасидан ҳудудлар кесимида таклифлар тайёрлаш;

янги барпо этиладиган йўлдош шаҳарлар аҳолисининг яшаш шароити даражасини янада ошириш ҳамда шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқишни молиялаштириш манбаларини аниқлаш ва мувофиқлаштириш;

илғор, энергия тежовчи, экологик тоза технологиялар ва материалларни жорий этиш асосида ҳамда ижтимоий, муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаларини қамраб олган йўлдош шаҳарлар бунёд этилишини ҳисобга олган ҳолда шаҳар агломерацияларини шакллантиришни бошқариш;

жаҳон амалиётини ҳисобга олган ҳолда шаҳар аҳолисини жойлаштириш тизимини комплекс ривожлантиришни тартибга солиш, кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатини шакллантириш;

уй-жой қурилиш бозорини ипотека кредитлари орқали ривожлантириш ҳамда мавжуд уй-жойлар фондини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганган ҳолда реновация тизимини такомиллаштириш ва дастурлар ишлаб чиқиш;

даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқароларга ипотека кредити бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ажратилишинимувофиқлаштириш;

и) бизнес муҳитини яхшилаш ва халқаро рейтинглар масалалари бўйича:

иқтисодиётни бозор тамойиллари асосида бошқариш бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш орқали бизнес фаолияти соҳасидаги асоссиз мажбуриятлар, тақиқлар ва чекловларни олиб ташлаш, жорий тартибга солиш жараёнларини такомиллаштириш ҳамда соҳада амалдаги ва қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бизнес муҳитига таъсирини баҳолаш;

"Ўзстандарт" агентлиги ва бошқа ваколатли органлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз бизнес фаолиятларини эркин амалга оширишларида тўсқинлик қилиши мумкин бўлган техник регламент ва талабларни ўрнатувчи органлар фаолиятини мониторинг қилиш ва мувофиқлаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини яхшилаш, Савдо-саноат палатаси ва Бизнес-омбудсман билан биргаликда бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишларни ташкил этишда ҳамкорлик қилиш бўйича ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга ошириш;

бизнес экотизими, жумладан стартап, бизнес-инкубатор, бизнес-акселераторлар асосида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида венчур фондларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

халқаро иқтисодий рейтинглар билан ишлашда илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рейтингларни ҳар бир таркибий индикатори кесимида мутасадди вазирлик ва идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат махсус ишчи гуруҳларни тузиш ҳамда улар фаолиятини мувофиқлаштириш;


к) жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш соҳасида:

мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегиясидан, шу жумладан ўрта ва узоқ муддатли ташқи иқтисодий мувозанатни таъминлаш мақсадларидан келиб чиқиб, халқаро иқтисодий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

иқтисодий соҳада турли интеграция бирлашмалари (МДҲ, ЕОИИ ва бошқалар) билан, республика ҳудудлари хорижий давлатлар ҳудудлари билан, шу жумладан чегараолди ҳамкорликнинг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланиш истиқболларига таъсирини кенг қамровли таҳлил қилиш ва кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

ваколатлар доирасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан музокараларда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ифодалаш, белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ битимларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик битимларини тузиш.

Вазирлик ўз олдига қўйилган вазифаларни амалга оширишда уларнинг устуворлиги ва босқичма-босқичлик тамойилидан келиб чиқади, шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича халқаро эксперт-маслаҳатчиларни жалб қилиши мумкин.


л) давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш соҳасида:

"Давлат функциялари - бизнес учун имконият" лойиҳаси ва давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши юзасидан мониторинг олиб бориш ва вужудга келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

хусусий секторга ўтказилиши таклиф этилаётган давлат функциялари, шунингдек, хусусий секторнинг тегишли таклифларини эълон қилиш ва муҳокамадан ўтказиш учун электрон майдонча фаолиятини юритиш;

хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил қилиш ва ўрганиш натижасида тегишли чоралар кўриш юзасидан таклифлар тайёрлаш.

12. Вазирлик ўзига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


1) макроиқтисодий сиёсатни ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва юритишда, хусусан:


а) макроиқтисодий кўрсаткичларнинг таҳлили ва прогнози, иқтисодий бошқарувнинг бозор механизмларини жорий этишда:

макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш орқали мамлакат иқтисодиётининг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини аниқлаш, бозор ислоҳотлари жараёнларининг таҳлили асосида иқтисодиётни либераллаштириш бўйича тизимли мониторинг ва таҳлилини амалга оширади;

иқтисодиётнинг мавжуд салоҳияти ҳамда ташқи иқтисодий шароитларни инобатга олган ҳолда иқтисодий ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегияси ва макроиқтисодий сценарийларини ишлаб чиқади ва унинг амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

мавжуд ташқи шароитларни, монетар ва фискал сиёсатнинг жорий ҳолатини баҳолаш асосида қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозларга ҳамда макроиқтисодий сиёсат йўналишларига тегишли ўзгартиришлар киритиб боради;

макроиқтисодий сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишда иқтисодиётдаги номутаносиблик (диспропорция) ларни аниқлайди, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки билан биргаликда мувофиқлаштирилган макроиқтисодий сиёсатни амалга оширади;

Молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда бошқа тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, шу жумладан инфляция даражасини пасайтириш ва қўйилган мақсадларга эришиш борасида мувофиқлаштирилган сиёсатни амалга оширади;

макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлашнинг замонавий усулларини (моделларини) жорий этади;

Марказий банк, Молия вазирлиги билан биргаликда (ўзаро маълумот алмашиш орқали) мунтазам равишда чораклик макроиқтисодий шарҳ тайёрлайди ва эълон қилади;

асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни ишлаб чиқиш ва мониторинг қилишни, республиканинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш даражасини, ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларининг тизимли таҳлилини амалга оширади;


б) миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини оширишда:

ҳукумат томонидан тасдиқланган дастурлар асосида ўрта ва яқин муддатларга мўлжалланган товарларнинг асосий гуруҳлари бўйича ташқи савдо прогнозини шакллантиради;

экспорт таркиби ва ҳажмининг чуқур таҳлили асосида Ўзбекистон Республикасининг экспорт салоҳиятини ривожлантириш бўйича амалий чоралар ишлаб чиқиш, экспорт маҳсулотлари турларини кенгайтириш ва ҳажмларини ошириш резервларини аниқлайди;

макроиқтисодий параметрлар ва тўлов баланси билан уйғунлашган ҳолда ташқи савдони ривожлантириш прогноз параметрларини, хусусан товар (иш, хизмат)лар импорти кўрсаткичларини ва экспорт прогнозини ишлаб чиқади;

хўжалик юритувчи субъектларнинг экспорт фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган иқтисодий механизмларни такомиллаштириш бўйича таклифларни ва уларни рағбатлантириш инструментларини ишлаб чиқишда иштирок этади;

импорт қилинаётган маҳсулот ҳажми ва турларини таҳлил қилиш ва унинг асосида, истеъмол товарлари ишлаб чиқаришнинг мавжуд қувватларини кенгайтиришни рағбатлантириш мақсадида божхона тўловлари ставкалари бўйича асослантирилган таклифлар ишлаб чиқади;


в) инсон капиталини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни комплекс таҳлил қилиш ва ишлаб чиқишда:

меҳнат ресурслари баланси, шунингдек, демографик кўрсаткичларни, меҳнат ресурслари сони ва таркибида миқдорий ва сифат кўрсаткичларининг ўзгаришини, иқтисодиётнинг ривожланиш истиқболларини чуқур таҳлил қилиш ва прогноз қилиш асосида ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;

таълим тизимини такомиллаштириш ва меҳнат бозорини малакали мутахассислар билан таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

ривожланиш концепциялари, стратегия ва дастурларни, шунингдек, мактабгача, умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ҳамда олий таълим тизими муассасалари, фан, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

меҳнат ва аҳоли бандлиги, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт ва маданият соҳаларида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда иштирок этади;

мажбурий тиббий суғурталаш тизимида амалга оширилаётган давлат сиёсатидаги турли чора-тадбирларнинг иқтисодий ривожланиш параметрларига ва бизнес юритиш шароитларига таъсирини баҳолайди;

иқтисодиёт тармоқларининг олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёжларини аниқлаб бориш асосида ҳар бир ўқув йили учун олий таълим муассасаларига (бакалавриат йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари) қабул бўйича давлат буюртмаси параметрларини шакллантириб боришга қаратилган тадбирларни амалга оширади;


2) камбағалликни қисқартириш борасида:

иқтисодий ўсишнинг инклюзивлигини таҳлил қилиш асосида камбағалликни қисқартириш бўйича стратегияни ишлаб чиқади ва унинг ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб боради;

халқаро ташкилотлар, илмий-тадқиқот муассасалари ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда камбағалликни қисқартиришга қаратилган дастур ва "йўл харита"ларини ишлаб чиқади;

камбағалликни қисқартириш бўйича давлат бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

камбағалликни қисқартиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, хориж тажрибасини инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини ўлчашнинг миллий мезонлари ва баҳолаш усулларини қамраб олган услубиётни ишлаб чиқади;

ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари, яшаш минимуми ва минимал истеъмол саватчаси ҳамда даромадлар тақсимланишида номутаносибликларни аниқлашнинг меъёрий асосларини ишлаб чиқади;

камбағаллик ва даромадларнинг табақалашувини келтириб чиқарувчи омилларни аниқлайди ва таҳлил қилади;

қабул қилинадиган ижтимоий-иқтисодий дастурларнинг, давлат сиёсатларининг камбағаллик ва даромадларнинг табақалашув даражасига таъсирини экспертизадан ўтказади;

макроиқтисодий сиёсатнинг аҳолининг камбағал қатламига таъсирини таҳлил қилади ва тегишли чоралар ишлаб чиқади;

миллий барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш бўйича тизимли ишларни олиб боради;

миллий барқарор ривожланиш мақсадларининг давлат мақсадли дастурлари билан ўзаро мувофиқлигини таъминлайди;

ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги ва таъсирчанлигини мониторинг қилади, жаҳон тажрибасини инобатга олган ҳолда ижтимоий ҳимоя қилишнинг инновацион усуллари ва шаклларини амалиётга жорий этади;

меҳнат бозори ва ишчи кучи миграцияси жараёнларини таҳлил қилади, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги, Маданият ва туризм вазирлиги билан биргаликда инсон капиталини ривожлантириш бўйича дастурлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

3) ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш соҳасида:

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси ўртасидаги фарқни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва иқтисодиётни диверсификация қилиш орқали таркибий ўзгаришларнинг боришини белгилайди;

ҳудудларда фойдаланилмаган меҳнат захираларини ва ишлаб чиқариш салоҳиятларини аниқлайди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади. Бунда, табиий ва иқтисодий ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилайди;

ҳудудий инвестиция дастурларини шакллантириш жараёнида лойиҳаларни, хусусан ишлаб чиқариш кучлари, инфратузилма ва турар жойларни ҳудудга табиий, иқтисодий, архитектура-қурилиш, шунингдек истеъмол бозори каби омилларни инобатга олган ҳолда мақбул жойлаштириш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасидаги лойиҳаларни самарали ва сифатли амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди, уларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга тўсқинлик қилувчи тизимли муаммоли масалаларни аниқлаш чораларини белгилайди;

ҳудудларнинг инвестициявий инфратузилма муҳитини яхшилаш, саноат зоналарининг жозибадорлигини ошириш мақсадида инфратузилмани ривожлантириш бўйича чоралар кўради;

инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳақидаги битимлар ва узоқ муддатли ижара шартномаларига асосан саноат зоналари иштирокчилари томонидан ўзлари қабул қилган мажбуриятларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб боради;

хом ашё захираси мавжуд ҳамда аҳоли зич жойлашган, тадбиркорлик ташаббускорлиги даражаси баланд, инфратузилма яқин шаҳар ва туманлар атрофларида саноат зоналарини ташкил этиш чораларини кўради;


4) мамлакатда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

республикада тадбиркорликни ва маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш борасида ягона давлат сиёсатини юритади, тадбиркорликни ва маҳаллаларни иқтисодий ривожлантириш бўйича асосий йўналишлар юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек, республика вакиллари ва ҳоким ёрдамчилари фаолиятини мувофиқлаштиради ҳамда уларнинг ишини самарали ташкил этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

маҳаллабай ишлашнинг вертикал тизими асосида маҳалладаги иқтисодий ҳолатни "хонадонбай" ўрганишларни, жумладан, аҳолининг бандлик даражасини, оилаларнинг даромад манбаларини, томорқа ерларидан фойдаланиш ҳолатларини ҳамда даромадли меҳнатга бўлган интилишларини ва эҳтиёжларини таҳлил қилиш ишларини ташкил қилади ва мувофиқлаштиради;

аҳолининг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш ҳамда ўзини ўзи банд қилишнинг бошқа шаклларини рағбатлантириш ва ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

тадбиркорликни бошлаш учун молиявий қўллаб-қувватлаш воситаларини такомиллаштириш, камбағал аҳолини ишга олган корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тегишли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш асосида тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишда молиявий ва номолиявий қўллаб-қувватлаш тизимини мувофиқлаштиради;

аҳолида тадбиркорлик соҳасида зарур кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитиш жараёнига нодавлат нотижорат ташкилотлари ва нодавлат таълим ташкилотларини кенг жалб қилади;

аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва ўқитиш учун субсидиялар бериш ишларини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

республика ҳудудларининг хусусиятлари ва салоҳиятидан келиб чиқиб, тадбиркорликни ривожлантириш йўналишларини аниқлайди ва уларни ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурлар бажарилишини мувофиқлаштиради, тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг амалдаги ижросини таъминлашга қаратилган комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқади, уларнинг бажарилиши устидан самарали мониторинг олиб боради;

аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини қабул қилиш ва тизимли таҳлил қилиш асосида ҳудудларда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш чораларини кўради, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларда маҳаллабай ишлаш асосида оилавий тадбиркорликни, "етакчи" тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида иқтисодий кооперацияни ривожлантириш чораларини кўради;

тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга оширишда халқаро молия институтлари, хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг грантлари, кредитлари ва техник кўмагини жалб этиш юзасидан ҳамкорлик олиб боради;

тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида халқаро ва давлатлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш ва ривожлантиришда иштирок этади;

Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини доимий равишда такомиллаштириш орқали ресурслардан фойдаланиш имкониятини кенгайтиради ва уни самарали бошқариш тизимини йўлга қўяди;

5) саноатнинг устувор тармоқларини ривожлантириш - ягона индустриал сиёсатни юритиш, жумладан:


а) саноат корхоналарини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг табиий ва иқтисодий ресурсларидан оқилона фойдаланиш асосида республика саноатини ривожлантириш стратегияси (модели)ни ишлаб чиқиш соҳасида:

эркин бозор муносабатларига асосланган саноат сиёсатини ишлаб чиқади ва юритади. Бунда, саноат рақобатбардошлигини ошириш, унинг салоҳиятли драйверларини аниқлаш, баҳолаш ҳамда уларни ҳаракатга келтиришни назарда тутувчи саноатни ривожлантиришнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегиялари (моделлари) ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштиради;

саноатни ривожлантириш тенденцияларини таҳлил қилиш индикаторларини юритади ҳамда республикада мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, ишлаб чиқариш ҳажмлари, ички бозор талабининг қопланиш даражаси юзасидан таҳлиллар ўтказади ва таклифлар тайёрлайди;

республика саноат тармоқларини ҳудудлар билан узвий боғлиқликда ривожлантиради. Бунда, мавжуд хом ашё ресурслари ва ишлаб чиқариш инфратузилмаларидан келиб чиққан ҳолда ички ва ташқи бозорда талаб юқори маҳсулотлар бўйича истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш йўналишларини аниқлайди;

саноат тармоқларида рақобатбардошликни ошириш ва ишлаб чиқаришни диверсификация қилишда иштирок этади. Бунда, саноат соҳасидаги халқаро стандартларни уйғунлаштириш, ташқи иқтисодий фаолиятни нотариф усулда тартибга солиш ҳамда ноқонуний ва сифатсиз маҳсулотлар импортининг олдини олиш мақсадида мавжуд техник регламентларни қайта кўриб чиқиш ва янгиларини жорий этиш, синов лабораториялари ташкил этишни комплекс равишда мувофиқлаштиради.

саноатда меҳнат унумдорлигини ошириш, энергия тежамкор технологияларни жорий қилиш, ишлаб чиқариш харажатларини ва ЯИМда углерод сарфи ҳажмини камайтириш, соф ва экологик хавфсиз технологияларни саноат жараёнларида қўллаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва мониторингини амалга оширади;


б) товар бозорларидаги мувозанатни таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш соҳасида:

геологик тадбирларни амалга ошириш ва табиий ер ости бойликларидан унумли фойдаланиш сиёсатини юритишда иштирок этади. Бунда, иқтисодиётни минерал хом ашё ресурслари билан барқарор таъминлашда фойдали қазилма конлари захираларини оширишни назарда тутувчи йўналишлар бўйича таҳлилларни амалга оширади ва таклифлар тайёрлайди;

фойдали қазилма конларини геологик ўрганиш ва саноат йўли билан ўзлаштиришда маҳаллий ва хорижий инвесторларни жалб қилиш бўйича геология-иқтисодий таклифлар тайёрланишини мувофиқлаштиради;

кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари билан йирик саноат корхоналари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратади;

юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқариш билан минерал хом ашёни чуқур қайта ишлаш асосида базавий тармоқларни модернизация ва диверсификация қилиш дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширилишини таъминлайди;

илғор инновацион технологияларни жорий этиш асосида саноат ва тармоқлараро комплексларни модернизация қилиш ва техник қайта қуроллантириш дастурларини ишлаб чиқишни мувофиқлаштиради;

саноатнинг ривожланишини ва юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кўрилган чораларни баҳолайди.


6) давлат иштирокидаги корхоналарни трансформация қилиш борасида:

иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва самарадорлиги паст бўлган йўналишларни аниқлаш асосида давлат иштироки мавжуд тармоқ ва корхоналарни ислоҳ қилиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқади;

давлат улуши бўлган корхоналарда ишлаб чиқариш дастурлари, йиллик ҳисоботлар ва йиллик бизнес-режани, ўрта муддатга ва узоқ муддатга мўлжалланган ривожлантириш стратегиясини шакллантиришда иштирок этади;

давлат иштирокидаги корхоналарни хусусийлаштириш жараёнларини самарали ташкил этиш учун зарур бўлган шароитларни яратиш билан боғлиқ таркибий ислоҳотлар юзасидан чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

республиканинг иқтисодий ривожланиши асосий йўналишлари ва мақсадларидан келиб чиққан ҳолда устав фондида давлат улуши бўлган хўжалик жамиятларини ривожлантириш стратегиясини тайёрлаш, мониторинг ва баҳолаш бўйича тартиб-тамойилларни белгилайди;

Адлия вазирлиги билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида маъмурий ислоҳотлар амалга оширилишини ва стратегик тармоқларни ислоҳ қилишни мувофиқлаштиради;


7) давлат инвестиция сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, хусусан:


а) мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш соҳасида:

барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш учун устувор соҳалар ва тармоқларни аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқади ва амалга оширишда иштирок этади;

инвестицияларни жалб қилишнинг асосий йўналишларини, жумладан тармоқ ва ҳудудий ривожланиш мақсадли дастурлари кўрсаткичлари билан уйғунликда инвестицияларни жалб қилишнинг асосий йўналишларини белгилайди;

соҳаларни ривожлантириш концепциясини (стратегиясини) шакллантириш учун вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари томонидан, шу жумладан чет эл консалтинг компанияларини жалб қилган ҳолда ишлаб чиқилган техник шартларни келишади;


б) миллий ва ҳудудий инвестицияларнинг йўналиш ва лойиҳаларини шакллантириш, уларни амалга оширишда:

ижтимоий ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш учун ажратилган бюджет тизимининг бюджет маблағлари ҳисобидан инвестициялар самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

миллий иқтисодиётнинг ўрта ва узоқ муддатларга барқарор ривожланишини таъминловчи давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

давлат ривожланиш дастурлари ва инвестиция дастурлари, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожланиш дастурларига киритилган инвестиция лойиҳаларини самарали ва сифатли амалга ошириш бўйича таклифлар тайёрлайди;


в) давлат инвестиция дастурларини молиялаштириш манбаларини таҳлил қилиш ва прогнозлашда:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун тақдим қилинган бюджет маблағларининг лимитлари доирасида давлат инвестиция лойиҳалари таклифларини шакллантиради;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, вазирлик, идора ва хўжалик бирлашмалари томонидан ижтимоий соҳа ва ишлаб чиқариш инфратузилма йўналишларида бюджет маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш объектлари бўйича шакллантирилган манзилли рўйхатларни умумлаштиради, таҳлил қилади ва молиялаштириш манбалари асосида инвестиция дастурларини ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда ижтимоий соҳа, инфратузилма ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукуматлар молия ташкилотларининг маблағлари ҳамда хорижий ҳамкорларнинг тўғридан-тўғри инвестицияларини жалб этишда иштирок этади;

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ижтимоий соҳа, инфратузилма ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун салоҳиятли инвесторларни аниқлашда иштирок этади;

ишлаб чиқаришни (базавий тармоқларни) ривожлантириш борасида давлат инвестиция дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг бажарилишини мувофиқлаштиради, хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқишда ва амалга оширишда қатнашади, энг муҳим ва йирик инвестиция лойиҳаларининг қувватлари ва манбаларини аниқлаган ҳолда уларни жойлаштиришни амалга оширади;


г) давлат инвестиция дастурларини амалга оширишни мониторинг ва таҳлил қилишда:

ижтимоий соҳа бўйича амалга оширилган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш натижалари, жумладан мактабгача таълим ва умумтаълим муассасаларининг қамраб олиш даражаси, соғлиқни сақлаш муассасалари қатнов даражасини таҳлил қилади;

инфратузилма лойиҳаларининг амалга оширилишини мониторинг қилади, бунда ичимлик суви ва оқова сув билан таъминланганлиги, йўлларнинг қуриш ва таъмирлаш даражасини таҳлил қилади;

ишлаб чиқаришни (базавий тармоқларни) ривожлантириш борасида лойиҳаларнинг самарадорлигини таҳлил қилади, лойиҳаларнинг қувватлари ва манбаларини аниқлаган ҳолда уларни жойлаштиришни амалга оширади.

д) мамлакатда умумий инвестициявий фаолликни таҳлил қилиш ва прогнозлашда:

давлат инвестиция дастурининг самарадорлигини таҳлил қилади, лойиҳаларни жойлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

асосий капиталга киритиладиган инвестициялар кўламининг ўсиши юқори технологик тараққиёт ва интенсив иқтисодий ўсишнинг омили сифатида ялпи ички маҳсулот ва ялпи ҳудудий маҳсулотларга ижобий таъсирини таҳлил қилади;

иқтисодиётни диверсификация қилиш, таркибий ислоҳотларни амалга оширишни таҳлил қилади;

мавжуд молиявий-инвестиция салоҳиятидан оқилона фойдаланиш контекстида тадбиркорлик фаолиятини кенг ривожлантиришга ва пировард натижада янги иш ўринлари яратилиши орқали аҳолининг турмуш фаровонлиги оширилишини таъминлайди;


8) инфратузилмани ривожлантириш ва урбанизация сиёсатини юритишда, хусусан:


а) инфратузилмани ривожлантиришда:

инфратузилма секторининг инвестициявий жозибадорлиги ва самарадорлигини оширадиган, ҳар бир ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш учун инвестицияларни жалб қилишга қаратилган қулай муҳитни яратиш, давлат маблағларидан самарали фойдаланиш орқали узоқ муддатли стратегик инфратузилмаларни ривожлантириш ислоҳотларини амалга оширади;

инфратузилма ислоҳотларини амалга оширишда ҳудудларда янгидан ташкил этиладиган кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарга, инвестицияларни жалб қилиш учун қулай инфратузилма муҳитини яратиш ва энг самарали услублардан фойдаланишда давлат маблағларидан оқилона фойдаланиш юзасидан мониторинг олиб боради;

ҳудудларда инфратузилмани ривожлантиришга йўналтирилаётган маблағларни муҳимлилик даражасини аниқлаш, самарадорлигини ошириш, йўналтирилаётган маблағлар ўзини оқлаш (қайтарилиш)нинг иқтисодий мувофиқлигини аниқлашга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади;

транзит-транспорт салоҳиятини ривожланиш кўрсаткичлари, маҳсулотларни ташқи ва ички бозорларга етказиш ҳажмлари ҳамда нархларини мониторинг қилиб боради ва уларни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

сув таъминоти соҳасида замонавий ахборот-коммуникация технологияларини, шу жумладан истеъмол ва кўрсатилган хизматларни ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини жорий этишда таклифлар ишлаб чиқади;

мамлакатда узлуксиз ва ишончли, амалдаги меъёрлар ва қоидаларга мос равишда тақдим этиладиган сув таъминоти, канализация ҳамда иссиқлик таъминоти хизматлари билан тўлиқ қамраб олишга эришиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги халқаро ва ҳудудий ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобига транспорт хизматлари жаҳон бозорида Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига йўналтирилган стратегик лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

йўл-транспорт соҳалари фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари бўйича таклифларни ишлаб чиқади, инфратузилма соҳасини комплекс ривожлантириш учун қисқа, ўрта ва узоқ муддатли мақсадли дастурларни шакллантиради;

темир йўл, авиа ва авто ташувларга хусусий секторни жалб қилиш ва хизматлар турини кенгайтириш, аҳолининг транспорт билан таъминланганлик даражасини мониторинг қилиш ва уни ошириш бўйича чоралар кўради;


б) урбанизацияни ривожлантиришда:

республика ҳудудларида уй-жой қурилиш бозори, шаҳарларни ривожлантириш ва урбанизация жараёнларини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқади, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда урбанизацияни ривожлантириш бўйича давлат концепциялари ва дастурларини шакллантиради ҳамда амалга оширади;

ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмалари билан биргаликда янги саноат корхоналарини комплекс жойлаштириш орқали аҳоли пунктларида урбанизация жараёнларини фаоллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан таъминланган, тадбиркорлик субъектларининг молиявий ресурсларини жалб қилиш механизмларидан фойдаланган ҳолда, шу жумладан кам ва ўрта даромадли оилалар учун арзонлаштирилган турар жойларни қуришга йўналтирилган инвестицияларни қўллаб-қувватлаш бўйича махсус чора-тадбирларни назарда тутувчи уй-жой сиёсатини амалга оширишда урбанизация жараёнларини мувофиқлаштириб боради;

манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ер участкаларини хусусийлаштириш ва бозор нархини аниқлаш, ҳамда урбанизация ва ер муносабатларини тартибга солиш бўйича давлат сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

мавжуд салоҳиятни ҳисобга олган ҳолда корхоналарни жойлаштириш ҳамда шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларининг самарали саноат тузилмасини шакллантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларида турар жой, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмаси объектларини ва саноат корхоналарини жойлаштиришда ҳисобга олиш мақсадида демографик сиғим ҳисоб-китобини амалга оширади;

шаҳарлар, йирик қишлоқ аҳоли пунктлари ва шаҳар посёлкаларида уй-жой, ижтимоий, муҳандислик инфратузилмалари ва саноат корхоналарини реконструкция қилиш ва қуришнинг самарадорлиги ва мақсадга мувофиқлиги тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади;

аҳоли пунктлари бош режаларини ҳамда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича дастур лойиҳаларини уларнинг урбанизация йўналишларига, шу жумладан уй-жой, саноат объектларининг жойлаштирилишида экологик хавфсизлик талабларига мувофиқлигини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқади;

урбанизация жараёнларини устувор ривожлантириш учун минтақаларни аниқлаш ва танлаш мақсадида ваколатли давлат органлари билан биргаликда шаҳарлар ва шаҳар посёлкаларини уларнинг демографик, меҳнат, инфратузилма ва ишлаб чиқариш салоҳияти жиҳатидан ўрганиш юзасидан хатловдан ўтказади;

ишчи кучларнинг қишлоқдан шаҳарга эркин ҳаракатланиши йўлидаги мавжуд тўсиқларни аниқлайди ва ваколатли давлат органлари билан биргаликда уларни бартараф этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

шаҳар агломерацияларини шакллантириш учун истиқболларни ўрганиш мақсадида йирик шаҳар чеккасида жойлашган шаҳарлашган манзилгоҳларнинг ижтимоий, муҳандислик-коммунал ва йўл-транспорт инфратузилмалари ҳолатини баҳолаш орқали тегишли давлат органлари билан биргаликда йирик шаҳарлар чеккасида йўлдош шаҳарлар ташкил этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

энергия жиҳатидан самарали ва экологик технологиялар жорий этилишини назарда тутувчи аҳоли пунктларини "яшил шаҳарлар"га айлантириш механизмини ишлаб чиқади ва жорий этади;

ер бозорини ривожлантириш мақсадида ерни хусусийлаштириш механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлайди ва ер участкаларини хусусийлаштиришдан тушадиган барча маблағларни жамлайди;

халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда кичик, ўрта, катта ва йирик шаҳарларнинг самарали нисбатларини шакллантириш тенденцияларини ўрганади, субурбанизация йўли билан йўлдош шаҳарларнинг ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

ўзининг расмий веб-сайтида ва оммавий ахборот воситаларида урбанизация масалаларига оид ахборот ва маълумотлар эълон қилинишини таъминлайди;

урбанизация масалаларига оид халқаро ва миллий илмий анжуманлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни ташкил этади ва уларда иштирок этади;


9) бизнес муҳитини яхшилаш ва халқаро рейтинглар масалалари бўйича:

иқтисодиётни бозор тамойиллари асосида бошқариш бўйича институционал ислоҳотларни амалга ошириш орқали амалдаги ва қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг бизнес муҳитига таъсирини баҳолайди ҳамда такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ваколатли органлар билан биргаликда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўз бизнес фаолиятининг эркин амалга оширилишида тўсқинлик қилиши мумкин бўлган техник регламент ва талабларни ўрнатувчи органлар фаолиятини мониторинг қилади ва мувофиқлаштиради;

мамлакат иқтисодиётида рақобат муҳитини яхшилаш, бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги ишлар бўйича ваколатли органлар билан биргаликда ўзаро мувофиқлаштирилган ҳаракатларни амалга оширади;

бизнес экотизими, жумладан стартап, бизнес-инкубатор, бизнес-акселераторлар асосида тадбиркорликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида венчур фондларини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратади;

мамлакатда бизнес муҳитини яхшилаш ҳамда халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистон ўрнини яхшилашга қаратилган "Йўл хариталари"да белгиланган чора-тадбирларни мутасадди вазирлик ва идоралар томонидан ўз вақтида бажарилиши устидан мониторинг ишларини олиб боради;

"Бизнес юритиш осонлиги" индексининг алоҳида индикаторлари бўйича масъул вазирлик ва идоралар ишларини мувофиқлаштиради, "Иқтисодий эркинлик индекси - 2020" йиллик ҳисоботи натижаларини таҳлил қилади, салбий кўрсаткичлар сабабларини аниқлаб, уларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлайди;


10) жаҳон ҳамжамияти билан иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш соҳасида:

интеграция уюшмалари доирасида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига қўшилиши жараёнлари устидан тизимли мониторингида қатнашади, шунингдек, тегишли маълумотларни тўплайди, таҳлил қилади ва тегишли таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига қўшилиши юзасидан музокаралар ташкил этади ва қатнашади, бу борадаги халқаро ҳамкорлик шартномалари лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қатнашади;

Вазирлик ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг жаҳон иқтисодиётига қўшилиши учун асос бўладиган миллий қонунчилик нормаларини интеграция уюшмалари доирасидаги амалдаги ва янги қабул қилинадиган меъёрий-ҳуқуқий асосларга мослаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

республика ҳудудлари ва хорижий давлатлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик орқали минтақалараро ва чегараолди ҳамкорликни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқишда манфаатдор вазирлик ва идоралар билан иштирок этади;

берилган ваколатлар доирасида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан музокараларда Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий манфаатларини ифодалайди, белгиланган тартибда ва халқаро ҳуқуқ битимларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан иқтисодиёт ва саноатни ривожлантириш масалалари бўйича ҳамкорлик битимларини тузади;

Вазирликка назорат қилиш юклатилган савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг Ўзбекистон қисмлари фаолиятини манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан ҳамкорликда йўлга қўяди;


11) Вазирлик тизими фаолиятига инновацион ечимларни татбиқ этиш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, ахборот-коммуникация технологиялари инфратузилмасини ривожлантириш, ахборот хавфсизлиги ва вазирлик фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш, рақамли иқтисодиёт бўйича ходимларнинг билим ва малакасини ошириш соҳасида:

Вазирликда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишнинг устувор йўналишларини белгилайди;

Вазирликнинг реал эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда статистик ва таҳлилий маълумотлар базаларини шакллантиради, ахборот тизимларини ишлаб чиқади ва дастурий маҳсулотларни жорий этади;

рақамли иқтисодиёт доирасидаги муносабатларни тартибга солиш ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ҳамда иқтисодиёт тармоқлари фаолиятига рақамли технологияларни қўллаш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;

вазирлик ва идоралар билан биргаликда рақамли технологияларга асосланган инновацион лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш бўйича тадбирларни белгилайди ҳамда иқтисодий ўсиш ва иш ўринлари яратилишига таъсирини баҳолайди;

Вазирлик тизимининг рақамли инфратузилмасини замонавий технологиялар асосида ривожлантиради, унинг ахборот ва киберхавфсизлигини таъминлайди;

Вазирлик тизими фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлайди, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ўзаро ҳамкорликни юқори даражада йўлга қўяди;

тизим ходимларининг рақамли иқтисодиётга ўтиш ва ривожлантириш бўйича билим ва малакасини мунтазам равишда ошириш ҳамда иш юритишда инновацион механизмларни йўлга қўйишга қаратилган тадбирларни амалга оширади.


12) давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш соҳасида:


а) "Давлат функциялари - бизнес учун имконият" лойиҳаси доирасида:

давлат функцияларини аутсорсинг, краудсорсинг, давлат ижтимоий буюртмаси, аккредитация, сертификатлаш ва бошқа усуллар орқали босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш ҳамда давлат бошқаруви соҳасида амалда мавжуд бўлган имкониятларни кенгайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

вазирлик ва идоралар кесимида хусусий секторга ўтказилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил қилиш механизмларини йўлга қўйишга қаратилган давлат функцияларининг ягона реестрини шакллантиради;


б) давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилишида мониторинг олиб бориш доирасида:

давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилишида мониторинг олиб бориш жараёнига раҳбарлик қилади;

давлат функцияларини хусусий секторга ўтказишнинг комплекс механизми амалга оширилиши жараёнида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф қилиш бўйича таъсирчан чораларни амалга ошириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;


в) давлат функцияларини хусусий секторга ўтказиш жараёнининг шаффофлигини таъминлайди, бунда хусусий секторга ўтказиш таклиф этилаётган давлат функцияларини электрон майдончада кенг омма эътиборига ҳавола қилади ва муҳокамадан ўтказиш натижаси бўйича таклифлар ишлаб чиқади, шунингдек, электрон майдонча фаолиятини юритади;


г) хусусий секторга берилиши мумкин бўлган давлат функцияларини таҳлил қилади, ўрганиш доирасида давлат функциялари рўйхатини тузади ҳамда хусусий секторга ўтказиш мумкин бўлган функцияларни ягона реестрга киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


§ 2. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари

вазифалари ва функциялари


13. Вазирлик ҳудудий бошқармаларининг асосий вазифалари бўлиб қуйидагилар ҳисобланади:

мамлакатнинг ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожланишининг истиқболли устувор стратегик йўналишлари, узоқ, ўрта ва қисқа муддатли прогнозлар ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш, тузилмавий ўзгартиришлар, иқтисодиёт тузилмасини диверсификация қилиш дастурлари асосида ҳудуднинг саноат салоҳиятини ва экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш;

ҳудуднинг табиий хом ашё ва меҳнат ресурсларини ҳамда "нисбий устунлиги"ни инобатга олган ҳолда уларни ривожлантиришга туртки берадиган омиллар ва йўналишларни белгилаб олиш ҳамда амалга ошириш;

шаҳар ва қишлоқлардаги узоқ муддатли демографик тенденцияларни таҳлил қилиш, жадал саноатлаштириш шароитида шаҳарларнинг демографик сиғимлари ҳамда ишчи кучига бўлган эҳтиёжини прогноз қилиш ва шу асосда урбанизация кўламларини белгилаш - мавжуд шаҳарларни кенгайтириш ёки йўлдош шаҳарчаларни яратиш юзасидан таклифлар тайёрлаш;

аграр секторда тузилмавий ўзгартиришлар, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлаш соҳаларини чуқур таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш;

ҳудудларда саноат зоналарини ташкил этиш, уларни жойлаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


14. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ўзларига юклатилган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) макроиқтисодий кўрсаткичларни тизимли таҳлил қилиш ва режалаштириш соҳасида:

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилиб боради;

номутаносибликлар, захиралар ва ишлаб чиқаришга жалб қилинмаган минерал хом ашё ресурслари, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлайди;

мамлакатни ривожлантириш мақсадлари ва устувор йўналишларидан келиб чиқиб, ҳудудлар иқтисодиёти ва саноатини ислоҳ қилиш, барқарор ва мувозанатли ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шунингдек, ҳудудлар иқтисодиётини таркибий ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли дастурлар ишлаб чиқади;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, ҳудудларни комплекс ривожлантириш бўйича тасдиқланган дастурларни ва прогноз кўрсаткичлари бажарилиши бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;

асосий турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархларини ўрганиш, шунингдек, уларни мувофиқлаштириш ва таъсирчан чоралар белгилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;


б) камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича дастурлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши бўйича мониторинг олиб боради;

аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг даромадлари ўсишини ва харид қобилиятини оширишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолининг алоҳида қатламларини манзилли ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар бир маҳалла кесимида ўрганган ҳолда, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш чораларини кўради;

фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини тиклаш ва ишлаб турган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;

туман ва шаҳарлар иқтисодиёти ўсишига туртки берадиган соҳа ва йўналишларни белгилаш ва тадбиркорликни шу соҳаларда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


в) қишлоқ хўжалиги соҳасида:

аграр секторда тузилмавий ўзгартиришлар бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини мақбул жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришда қўшимча захираларни аниқлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишлари ва кўрсаткичларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


г) ижтимоий соҳа ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасида:

ҳудудлар демографик жараёнлари, аҳолининг бандлик даражаси ва тузилмаси, аҳоли турмуш даражаси, хизмат кўрсатиш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, маданият ва спортни ривожлантиришни тизимли таҳлил қилиб боради;

аҳолига соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий маданий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, демографик омиллар ва ҳудуднинг истиқболли иқтисодий ривожланиши асосида аҳолини иш билан банд қилишнинг прогрессив шаклларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

хизмат кўрсатиш ва туризм соҳасини ривожлантириш, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини оширишни таъминлаш, хизмат ва туризм соҳасини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш натижалари бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;


д) саноатни, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш соҳасида:

ҳудудлар саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, минерал хом ашё ресурсларини янада чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологик ишлаб чиқаришларни яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқади;

ҳудудий ривожланиш дастурларини шакллантириш ва уларни амалга ошириш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш устидан доимий мониторингни амалга оширади;

экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини инвестиция ва саноатни ривожлантириш дастурларига киритиш, хусусан уларни илғор ресурс тежамкор ва энергия самарадор технологиялар асосида модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудларда саноат соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари, шу жумладан ҳудудий ривожланиш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш дастурлари бажарилишини доимий таҳлил қилади ва мониторингини амалга оширади;

саноатда фойдаланишга қайта тикланадиган, шу жумладан муқобил ва паст сифатли ёқилғиларни ишлатадиган энергия манбаларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудуд саноатининг ривожланиш ҳолати, шу жумладан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, кооперация жараёнларини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;


е) саноат зоналарини ривожлантириш соҳасида:

саноат зоналари ҳудудида жойлаштириш учун маъмурий кенгаш қарорларига асосан тақдим этилган инвестиция лойиҳаларини танлаш бўйича танлов амалга ошириш устидан доимий мониторинг ўрнатади;

саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шу жумладан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш устидан мониторинг ўрнатиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

саноат зоналари жозибадорлигини ошириш ва иштирокчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


ж) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида:

ҳудудларни қурилиш, йўл-транспорт, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмасини ривожлантириш ҳолатини тизимли ва комплекс таҳлил қилади;

ҳудудларда йўл-транспорт, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳудудий инвестиция дастурлари, инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини шакллантиради ва унинг бажарилиши устидан доимий мониторинг амалга оширади;

ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни, жумладан коммунал соҳани (сув таъминоти, канализация, иссиқлик манбаи, санитар тозалаш) ривожлантириш бўйича тегишли дастурларга киритиш учун таклифлар ишлаб чиқади;

қурилиш, ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича дастурлар амалга оширилиши натижалари ҳақида таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;

ҳудудларда иқтисодий органлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

з) вазирлик ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш соҳасида:

макроиқтисодий сиёсат, иқтисодий ва ижтимоий режалаштириш, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тузилмавий ислоҳотларни амалга ошириш соҳасида вазирлик ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳудудларда камбағалликни қисқартириш борасида ишлаб чиқиладиган дастурлар, амалга ошириладиган чора-тадбирларни мувофиқлаштиради;

ҳудудларда саноат соҳаларини ривожлантириш бўйича давлат дастурлари, инвестиция дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари, инвестиция лойиҳалари бажарилишини доимий таҳлил қилади ва мониторингини амалга оширади;

вазирлик ва идораларнинг барча ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органларининг давлат дастурлари, инвестиция дастурлари, саноатни ривожлантириш дастурлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг тегишли қарорлари, инвестиция лойиҳалари амалга оширишда ўзаро самарали фаолиятини ташкил қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.


15. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари тўғрисидаги низомлар ва штатлар жадваллари Вазирлик билан келишилган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва вилоятлар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.



§ 3. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари

вазифалари ва функциялари


16. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларининг асосий вазифалари:

туман (шаҳар) иқтисодий-ижтимоий ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилишда қатнашиш, номутаносибликларни, захираларни аниқлаш ва минерал хом ашё, ишчи кучи ва ишлаб чиқариш салоҳиятларидан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бўлинмалари, хўжалик бошқаруви органлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларни ишлаб чиқиш, амалга ошириш ва мувофиқлаштириш;

туман (шаҳар)нинг саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш бўйича мамлакат ва ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегик устувор йўналишларидан, қисқа ва ўрта муддатли режалар ва комплекс ривожлантириш дастурларидан, ҳудудлар иқтисодиётини таркибий ўзгартириш, чуқурлаштириш ва диверсификация қилиш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда тармоқ тузилмалари билан биргаликда дастурлар ва бошқа чора-тадбирлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

муҳандислик, йўл-транспорт ва коммуникация инфратузилмаларини жадал ривожлантириш, транспорт хизматларини янада такомиллаштириш, уй-жой коммунал хизматларини кўрсатиш даражаси ва сифатини яхшилаш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш бўйича дастурлар ва бошқа чора-тадбирлар ишлаб чиқишда иштирок этиш;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини оптимал жойлаштириш, аграр секторда таркибий ўзгартиришлар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича таклифлар тайёрлаш;

ишлаб чиқариш кучларини оптимал жойлаштириш ва янги иш ўринларини яратиш ҳисобига банд бўлмаган аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш, аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш ва яшаш шароитларини яхшилаш, аҳоли учун тиббий, маърифий ва ижтимоий-маданий хизматларни янада такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш;

туман (шаҳар)да саноат зоналарини ташкил этиш, уларни жойлаштириш ва ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш.


17. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари ўзларига юклатилган асосий вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


a) асосий иқтисодий кўрсаткичларни тизимли таҳлил қилиш ва прогнозлаш соҳасида:

туманлар (шаҳарлар)нинг иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш даражасини тизимли таҳлил қилади;

мавжуд номутаносибликлар, захиралар, ва ишлаб чиқаришга жалб қилинмаган минерал хом ашё ресурслари, меҳнат ва ишлаб чиқариш салоҳиятини аниқлайди;

ҳудудларни ривожлантириш мақсадларига ва устувор йўналишларига асосланиб иқтисодиётни ислоҳ қилиш, барқарор ва мувозанатли ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

туманлар (шаҳарлар)ни комплекс ривожлантириш шунингдек туманлар (шаҳарлар) иқтисодиётининг таркибий ислоҳотларини чуқурлаштириш ва диверсификация қилиш бўйича қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли дастурларни ишлаб чиқади;

туманлар (шаҳарлар)нинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати, тасдиқланган комплекс ривожлантириш дастурларини ва туманлар (шаҳарлар)ни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичлари прогнозларининг бажарилиши бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;


б) камбағалликни қисқартириш ва тадбиркорликни ривожлантириш соҳасида:

тегишли корхона, ташкилот ва муассасалар билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича дастурларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилиши бўйича мониторинг олиб боради;

аҳоли турмуш даражаси ва сифатини ошириш, уларнинг даромадлари ўсишини ва харид қилиш қобилиятини оширишни таъминлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолининг алоҳида қатламларини манзилли ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини ҳар бир маҳалла кесимида ўрганган ҳолда, уларда тадбиркорлик кўникмасини шакллантириш чораларини кўради;

фаолиятини вақтинча тўхтатган тадбиркорлик субъектларининг фаолиятини тиклаш ва ишлаб турган тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш бўйича чоралар кўради;

туман (шаҳар) иқтисодиёти ўсишига туртки берадиган соҳа ва йўналишларни белгилаш ва тадбиркорликни шу соҳаларда ривожлантириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


в) қишлоқ хўжалиги соҳасида:

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини мақбул жойлаштириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантиришда қўшимча захираларни аниқлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишлари ва кўрсаткичлари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


г) ижтимоий соҳа ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасида:

демографик жараёнлар, аҳолининг бандлик даражаси ва тузилмаси, аҳоли турмуш даражаси, хизмат кўрсатиш, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш соҳалари, маданият ва спортни ривожлантиришни тизимли таҳлил қилиб боради;

аҳолига соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий маданий хизматлар кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

меҳнат бозорини ривожлантириш ва тартибга солиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, демографик омиллар ва ҳудуднинг истиқболли иқтисодий ривожланиши асосида аҳоли бандлигини таъминлашнинг прогрессив шаклларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

хизмат кўрсатиш, туризм соҳасини ривожлантириш, кўрсатиладиган хизматлар ҳажми ва сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантириш, аҳоли бандлигини ошириш, хизмат ва туризм соҳасини ривожлантириш дастурларини амалга ошириш натижалари бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;


д) саноатни, жумладан экспортбоп маҳсулот ишлаб чиқаришни ривожлантириш соҳасида:

ҳудудлар саноат салоҳиятини жадал ривожлантириш, минерал хом ашё ресурсларини янада чуқур қайта ишлаш бўйича юқори технологик ишлаб чиқаришларни яратиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

юқори қўшилган қийматга эга бўлган рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтириш ва турларини кенгайтириш бўйича тавсияларни ишлаб чиқади;

ҳудудий ривожланиш дастурларининг саноат салоҳияти қисмини шакллантириш ва уларни амалга ошириш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш устидан доимий мониторингни амалга оширади;

экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш лойиҳаларини инвестиция ва саноатни ривожлантириш дастурларига киритиш, хусусан уларни илғор ресурс тежамкор ва энергия самарадор технологиялар асосида модернизация, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича таклифлар тайёрлайди;

ҳудудларда саноат соҳаларини ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг қарорлари, шу жумладан ҳудудий ривожланиш, янги қувватларни ташкил қилиш ва мавжудларини модернизация қилиш дастурлари бажарилишини доимий таҳлил қилади ва мониторингини амалга оширади;

саноатда фойдаланишга қайта тикланадиган, шу жумладан муқобил ва паст сифатли ёқилғиларни ишлатадиган энергия манбаларини жорий қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудуд саноатининг ривожланиш ҳолати, шу жумладан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, кооперация жараёнларини кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича таҳлилий маълумотлар тайёрлайди;


е) саноат зоналарини ривожлантириш соҳасида:

саноат зоналари ҳудудида лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, шу жумладан ишлаб чиқаришни ташкил қилиш устидан мониторинг ўрнатиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

саноат зоналари жозибадорлигини ошириш ва иштирокчилар учун қулай шароитлар яратиш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;


ж) мақсадли дастурларни ишлаб чиқиш ва инфратузилмани ривожлантириш соҳасида:

туман (шаҳар)да йўл-транспорт, коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш бўйича ҳудудий инвестиция дастурлари, инвестиция лойиҳалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорларини шакллантириш ва бажарилиши устидан доимий мониторингни амалга оширади;

ишлаб чиқариш, муҳандислик-коммуникация, транспорт ва ижтимоий инфратузилмаларни, жумладан коммунал соҳани (сув таъминоти, канализация, иссиқлик манбаи, санитар тозалаш) ривожлантириш бўйича тегишли дастурларга киритиш учун таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларда иқтисодий органлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.


18. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари тўғрисидаги низомлар ва штатлар жадваллари вилоят ҳокимликлари ва Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан келишилган ҳолда туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан тасдиқланади.



4-БОБ. ВАЗИРЛИК ВА УНИНГ ҲУДУДИЙ

БЎЛИНМАЛАРИ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


§ 1. Вазирликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари


19. Вазирлик ўзига юклатилган вазифаларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

Вазирликка юклатилган вазифа ва топшириқларни бажариш билан боғлиқ бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва бошқа ҳужжатларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ўрнатилган тартибда киритиш;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал қилиш мақсадида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, республиканинг чет элдаги дипломатик ва савдо ваколатхоналари, Марказий банк ва тижорат банкларидан тегишли маълумотларни ўрнатилган тартибда сўраш ва олиш;

давлат статистика органларидан зарур статистик маълумотларни бепул олиш;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан методик материаллар ва тавсиялар ишлаб чиқиш;

Вазирлик фаолиятини амалга ошириш доирасида ушбу ишларни бажаришга давлат буюртмаси асосида ишланмалар ва илмий тадқиқотларни ўтказиш бўйича лойиҳаларни танлаш учун танлов комиссияларини ташкил этиш ва танловлар эълон қилиш;

илмий тадқиқотларга йўналтириш учун бюджет маблағларини тақсимлашда иштирок этиш;

республика иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлиги бўйича чора-табдирларнинг давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан бажарилишини назорат қилиш ва ушбу масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ва мутахассисларини жалб қилган ҳолда Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан ўрнатилган тартибда йиғилишлар чақириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг топшириқларига мувофиқ халқаро ташкилотларда давлат манфаатларини ифода этиш ҳамда ўрнатилган тартибда ва халқаро ҳуқуқ меъёрлари асосида бошқа мамлакатларнинг иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича масъул идоралари ҳамда илмий институтлари билан бевосита ёки уларнинг қуйи бўғин тузилмалари билан ҳамкорлик шартномаларини тузиш;

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш борасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича ўрнатилган тартибда тузилмавий илмий ва ўқув марказларини ташкил этиш;

иқтисодиёт соҳасидаги вазифаларни ёритиш мақсадида ўрнатилган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш ва нашриёт органларини ташкил қилиш;

Вазирлик ва унинг қуйи бўғин тузилмаларининг давлат мулкларини, ўзининг ташкилий тузилмаси доирасида, ўрнатилган тартибда бир тузилмадан бошқасига беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида ўтказиш;

биноларга хизмат кўрсатиш, инвентарлар ва хўжалик ашёлари, автотранспорт, алоқа воситалари, ҳисоблаш, компьютер ва оргтехникаларни сақлаш ва фойдаланиш бўйича ишларни бажариш, дастурий таъминот сотиб олиш бўйича ўрнатилган тартибда шартномалар тузиш;

Вазирлик ваколатларига кирувчи масалаларни ҳал этиш учун илмий ташкилотлар, олим ва мутахассисларни, шу жумладан чет эллик мутахассисларни шартнома асосида жалб қилиш;

Вазирлик ҳамда Вазирлик тизимига кирувчи таркибий тузилмалар ва ташкилотларнинг моддий-техника базасини яхшилаш чораларини кўриш;

қонунчиликка мувофиқ Вазирликнинг ижтимоий инфратузилмасини ташкил этиш ва такомиллаштириш, Вазирлик тизими ходимларининг меҳнатини рағбатлантириш бўйича ягона тизимни шакллантириш.

Вазирлик қонунчиликда белгиланган тартибда бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши мумкин.


20. Вазирлик ўзига юклатилган вазифаларнинг самарали ижроси юзасидан жавобгар ҳисобланади.



§ 2. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


21. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юклатилган вазифаларни сифатли амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг, ҳокимликларнинг таркибий бўлинмалари, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари ҳамда бошқа ташкилотлардан маълумотлар сўраш;

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларига топшириқ ва кўрсатмалар бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари, шунингдек илмий ташкилотларнинг малакали мутахассисларини ахборот-таҳлилий материаллар ва дастурий ҳужжатларни тайёрлашга жалб қилиш.


22. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари қуйидагиларга мажбур:

қонунчилик ҳужжатлари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ва унинг ўринбосарларининг топшириқлари, шунингдек, ҳудудий бошқармага юклатилган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурларининг тегишли республика дастурлари ва тармоқларни ривожлантириш дастурларига узвий боғлаган ҳолда ўрнатилган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ва саноатнинг ривожланиш тенденциялари, ҳудудий ривожланиш дастурлари ва прогнозларининг ижроси тўғрисидаги объектив таҳлилий маълумотларни Вазирликка тақдим этиш.



§ 3. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари

ҳуқуқ ва мажбуриятлари


23. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари қуйидаги ҳуқуқларга эга:

юклатилган вазифаларни сифатли амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот материалларини давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа ташкилотлардан сўраш ва олиш;

иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, шунингдек, бошқа ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар бериш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари раҳбарлари ва масъул ходимлари иштирокида йиғилишлар ўтказиш;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлинмалари, шунингдек илмий ташкилотларнинг малакали мутахассисларини ахборот-таҳлилий материаллар ва дастурий ҳужжатларни тайёрлашга жалб қилиш.


24. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари қуйидагиларга мажбур:

қонунчилик ҳужжатлари, иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири ва унинг ўринбосарлари, ҳудудий бошқармалар раҳбарлари томонидан берилган топшириқларни, шунингдек, бўлимга юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда бажарилиши устидан таъсирчан назорат олиб бориш;

ҳудудий ривожланиш дастурларини тегишли республика дастурлари ва тармоқларни ривожлантириш дастурларига узвий боғлаган ҳолда ишлаб чиқиш учун материалларни тайёрлаш тартиби, методологияси, қоидалари ва муддатларига риоя қилиш;

ҳудудларни ривожлантириш дастурлари ва прогнозлари ижросининг бориши тўғрисидаги маълумотларни ҳамда бошқа сўралган материалларни кўриб чиқиш учун туман (шаҳар) ҳокими, Вазирлик ҳудудий бошқармаларига тақдим этишда муддатлилик, мажмуавийлик ва сифатни таъминлаш.



5-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРИЯТИНИНГ

ФУНКЦИОНАЛ МАЖБУРИЯТЛАРИ


25. Юклатилган вазифаларга мувофиқ Вазирлик, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарларига қуйидаги функционал мажбуриятлар юклатилади:


а) иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири:

Вазирлик фаолиятига умумий раҳбарликни яккабошчилик асосида амалга оширади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавобгардир;

Вазирлик фаолиятининг айрим йўналишлари ва бўлимларини, шунингдек, қуйи ташкилотларни бошқариш учун вазир ўринбосарлари ва вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатлари ва шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;

Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган таклифлар ва ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқишда давлат манфаатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди, тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларини тасдиқлайди. Тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан сўнг уларнинг бажарилиши устидан тизимли назоратни ташкил этишни таъминлайди;

ўз ваколати доирасида Вазирлик тизими ходимлари учун мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва кўрсатмалар беради;

Вазирлик марказий аппаратининг харажатлар сметаси ва ходимлар штат жадвалини белгиланган штатлар доирасида тасдиқлайди;

Вазирлик марказий аппарати, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари ҳамда тасарруфидаги ташкилотлар тузилмасига белгиланган штатлар доирасида ўзгартиришлар киритади;

Вазирлик марказий аппарати тузилмавий бўлинмалари ва тасарруфидаги ташкилотлар тўғрисидаги низомларни тасдиқлайди;

Ўзбекистон Республикасининг "Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш муддатларига қатъий риоя этилишини таъминлайди;

давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, етакчи лойиҳа институтлари, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар ва хорижий компанияларнинг юқори малакали мутахассисларини, шунингдек экспертларни консультант сифатида жалб қилади;

малакали хорижий мутахассисларни ишга қабул қилади ҳамда уларга тегишли иш ҳақи ва бошқа тўловларни белгилайди;

қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


б) вазир ўринбосарлари:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг тегишли бўлинмалари ва Вазирлар Маҳкамаси билан иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш, экспертизани ташкил этиш ва ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини сифатли тайёрлаш масалалари бўйича ўзаро ҳамкорлик қилади;

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ва Бош вазир ўринбосарлари номидан иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бўйича устувор вазифалар ва дастурлар ижросини мувофиқлаштиради;

Вазирликнинг тасдиқланган тузилмасига мувофиқ Вазирликнинг тегишли бўлимларини бевосита бошқаришни амалга оширади;

вазир ўринбосарлари номенклатурасига киритилган Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари раҳбарлари ва мутахассислари лавозимларига номзодларни вазир томонидан тасдиқлаш учун тақдим этади;

вазир номенклатурасига киритилган таркибий бўлинмалар раҳбарларига қайта тайёрлаш, малакасини ошириш, рағбатлантириш ва интизомий жазо чораларини қўллаш бўйича таклифлар киритади;

мутасадди бўлинмаларда кадрлар захирасини шакллантириш ишларини тизимли асосда ташкил этади.


в) Вазирликнинг таркибий бўлинмаси бошлиғи:

таркибий бўлинма тўғрисидаги тасдиқланган низом доирасида аниқ йўналишлардаги вазифаларнинг юқори сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлайди;

мутасадди тармоқлар, иқтисодий соҳалар ва ҳудудларни ривожлантириш ҳолатини сифатли баҳолашни олиб боради ва уларни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ва амалга ошириш механизмларини Вазирлик раҳбариятига тақдим этади.


г) Вазирликнинг ҳудудий бошқармаси бошлиғи:

Вазирликнинг ҳудудий бошқармаси фаолиятини, жумладан бўлим бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва мутахассисларининг юклатилган вазифа ва функцияларга мувофиқ ишларини ташкил этади;

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳудуднинг ривожланиш ҳолатини сифатли баҳолашни олиб боради ва Вазирлик раҳбариятига уни янада ривожлантириш бўйича аниқ таклифлар ва амалга ошириш механизмларини киритади;

белгиланган тартибда бошқа вазифаларни бажаради;


д) Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлими бошлиғи:

бўлим фаолиятини ўзига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ ташкил этади;

бўлим мутахассислари ўртасида топшириқларни тарқатади, шунингдек, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилишини назорат қилади;

Вазирлик ҳудудий бошқармаси билан доимий ҳамкорликни амалга оширади;

тизимли асосда ҳудуд иқтисодиёти ва саноатининг ривожланиш даражасини таҳлил қилади;

бошқарма ваколатига кирувчи масалалар бўйича таклифларни белгиланган тартибда Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) ҳокимига тақдим этади;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармасига ходимларни рағбатлантириш ва бўлим ходимларига интизомий жазо қўллаш бўйича таклифлар киритади;

белгиланган тартибда бошқа вазифаларни бажаради.



6-БОБ. ВАЗИРЛИК РАҲБАРИЯТИНИНГ

ЖАВОБГАРЛИГИ


26. Вазир қуйидагилар учун масъул:

ушбу Низом ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган вазифаларни сифатли ва ўз муддатида бажариш, шунингдек, Вазирлик фаолиятидаги камчиликларни бартараф этиш чораларини кўриш;

амалга оширилаётган дастурлар, стратегиялар ва концепцияларнинг натижаларига, уларнинг мамлакат ва ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсир кўрсатишига эришиш;

Вазирликда, унинг таркибий ва ҳудудий бўлинмаларида ижро интизомига қатъий риоя қилиш.


27. Вазир ўринбосарлари қуйидагилар учун масъул:

тегишли йўналишлар бўйича бажарилаётган топшириқларнинг натижадорлиги ва ўз муддатидалиги;

масъуллик қиладиган йўналишлар бўйича иқтисодиёт тармоқларининг барқарор ривожланишини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган чораларнинг натижадорлиги ва самарадорлиги.


28. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқлари қуйидагилар учун масъул:

қонунчилик ҳужжатларини, Вазирлик раҳбариятининг топшириқларини ҳамда уларга юклатилган вазифа ва функцияларнинг ўз муддатида ва сифатли бажарилиши;

тегишли республика дастурлари ва тармоқларни ривожлантириш дастурлари билан узвий боғлаган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини белгиланган тартибда ишлаб чиқилишини таъминлаш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш тенденциялари тўғрисидаги объектив таҳлилий маълумотларни Вазирликка ўз вақтида тақдим этиш;

амалга оширилган ҳудудий дастурларнинг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ва саноатни ривожлантиришга таъсирининг натижадорлиги;

ҳудудларни ривожлантириш бўйича юклатилган вазифаларнинг сифатли ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш.


29. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари қуйидагилар учун масъул:

қонунчилик ҳужжатлари, Вазирлик ва Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари топшириқларини, шунингдек, юклатилган вазифалар ва функцияларнинг ўз муддатида ва сифатли бажариш ҳамда бажарилиши устидан таъсирчан назоратни амалга ошириш;

тегишли республика дастурлари ва тармоқларни ривожлантириш дастури билан узвий боғлаган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишнинг тартиби, услубиёти, тамойиллари ва муддатларига риоя этиш;

кўриб чиқиш учун ҳудудий бошқармаларга тақдим этиладиган таҳлилий маълумотларнинг ўз вақтидалиги, мажмуавийлиги ва сифатини таъминлаш;

ҳокимликлар раҳбарлари билан бирга туманлар (шаҳарлар)нинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини амалга оширишнинг натижалари.



7-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ФАОЛИЯТИНИ

ТАШКИЛЛАШТИРИШ


§ 1. Вазирликнинг раҳбарияти


30. Вазирликка Бош вазирнинг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган ва лавозимидан озод этиладиган вазир раҳбарлик қилади.

Вазир амалдаги қонунчиликка мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган олтита ўринбосарга, жумладан иккита биринчи ўринбосарга эга.

Вазирнинг биринчи ўринбосарлари мақоми бўйича вазирга, вазир ўринбосарлари - вазирнинг биринчи ўринбосарларига тенглаштирилади.


31. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш қуйидагича амалга оширилади:

Вазирлик ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигининг директори ўринбосарлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ижрочи директори ва ўринбосарлари, Прогнозлаш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тармоқ бозорлари ва ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлиги тадқиқотлари маркази, "Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази" ДУКнинг директори ва ўринбосарлари ҳамда Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи - Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири томонидан;

Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири, унинг ўринбосари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири билан келишилган ҳолда;

ҳудудий бошқармаларининг бошлиқлари ва уларнинг ўринбосарлари - тегишли вилоятлар ҳокимликлари томонидан Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири билан келишилган ҳолда;

Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари раҳбарлари - тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари бошлиқларининг тавсияномаси билан Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири билан келишилган ҳолда.



§ 2. Вазирликнинг марказий аппарати таркибий

тузилмаларининг Вазирликнинг ҳудудий

бошқармалари билан ўзаро ҳамкорлиги тартиби


32. Вазирлик марказий аппаратининг таркибий бўлинмалари Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари билан қуйидаги масалалар бўйича узвий ҳамкорликни амалга оширади:

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, Вазирлар Маҳкамаси, Вазирликнинг раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутатлари сўровларининг ўз вақтида бажарилишини, жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларнинг ўз муддатида кўриб чиқилишини таъминлаш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг бўлинмалари билан минтақаларни ривожлантириш бўйича прогнозлар ва дастурларни ишлаб чиқишда секторал ривожланиш дастурлари билан ўзаро алоқаларини таъминлаш;

ҳудудий ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш бўйича Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштириш, ҳудудларнинг изчил ва мувозанатли ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлаш, ҳудудларнинг табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланишни, ишлаб чиқариш кучларини оптимал тақсимлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишда, иқтисодиёт тузилмасида номутаносибликларни бартараф этишни таъминлаш;

асосий иқтисодий кўрсаткичлар динамикасининг тизимли мониторингини олиб бориш, ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида лойиҳалар ва тадбирларни амалга ошириш, уларни амалга оширишда тизимли муаммоларни аниқлаш, уларни ҳал этиш бўйича таклифларни ўз вақтида ва сифатли ишлаб чиқиш;

давлат органлари томонидан кўриб чиқиш ва келишиш учун тақдим этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва улар бўйича хулосалар тайёрлаш;

Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимларининг фаолияти самарадорлигини таҳлил қилиш ва баҳолаш;

ҳудудлар, туманлар (шаҳарлар)нинг ижтимоий-иқтисодий ва саноат ривожланиши даражасини баҳолаш учун мезонлар тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;

ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ва саноат ривожланиши даражасида дифференцияни камайтиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш.



§ 3. Вазирликнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви

органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва

бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик тартиби


33. Ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат бошқаруви органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга ошириш соҳасида Вазирлик:

ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан ҳукумат, давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий давлат бошқаруви органлари, ҳудудий бошқармалар, туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини мувофиқлаштиради;

Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича таклифлар тайёрлашда ва тақдим этишда белгиланган тартибда иштирок этади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги номутаносибликларни бартараф этиш, иқтисодиёт тузилмасини такомиллаштириш, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш, шунингдек, Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликлари билан ҳамкорлик қилади.



§ 4. Вазирликнинг ҳайъати, маслаҳат эксперт

ва бошқа маслаҳат органлари


34. Вазирликда вазир (ҳайъат раиси), вазирнинг биринчи ўринбосарлари ва ўринбосарлари, шунингдек, Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалар ва тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат тузилади.

Ҳайъат таркибининг сони ва шахсий таркиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:

мазкур Низом билан белгиланган Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;

Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг вазифа ва топшириқларини сифатли бажариш;

Вазирликнинг бошқа давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлаш;

амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш дастурлари, стратегиялар ва концепцияларнинг самарадорлигини ошириш бўйича қўшимча чоралар кўриш ва ўзгартиришлар киритиш орқали уларнинг натижадорлигини баҳолаш;

Вазирликнинг номенклатурасига кирувчи лавозимларга кадрларни танлаш, жойлаштириш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш.

Шунингдек, ҳайъат Вазирлик ваколатига кирадиган бошқа масалаларни кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.

Вазирликнинг ҳайъат йиғилишига давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, Марказий банк, тижорат банклари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.

Агар ҳайъат йиғилишида унинг таркибининг ярмидан кўпи қатнашса, ваколатли ҳисобланади. Қарорлар кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Ҳайъат қарорлари иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг буйруқлари, ҳайъат баённомалари билан амалга оширилади. Вазир ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар юзага келган тақдирда вазир юзага келган келишмовчиликлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.

Ҳайъат фаолиятининг тартиби ҳайъат томонидан тасдиқланадиган регламент билан белгиланади.


35. Вазирлик қошида вазирнинг биринчи ўринбосари раҳбарлигида (кенгаш раиси) Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи ҳамда муайян таркибий бўлинмалар раҳбарлари ва мутахассисларини, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва хўжалик бирлашмалари вакилларидан иборат таркибда ташкил этиладиган жамоатчилик-маслаҳат кенгаши тузилади.

Жамоатчилик-маслаҳат кенгашининг сони, шахсий таркиби ва низоми Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг буйруғи билан тасдиқланади.

Жамоатчилик-маслаҳат кенгаши йиғилишининг қабул қилинган қарорига асосан кенгаш раисига унинг шахсий таркибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳуқуқи берилади.

Қуйидагилар Жамоатчилик-маслаҳат кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

иқтисодиётни бошқаришда бозор усуллари ва механизмларини кенгайтириш, иқтисодиётни давлат томонидан тартибга солишни янада қисқартириш ва оптималлаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқиш;

хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни муҳокама қилиш, шунингдек, республикада ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилашга доир масалаларни кўриб чиқиш;

тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга ошириш механизмларини танқидий қўриб чиқиш, хусусий мулк дахлсизлигини ҳимоя қилиш ва кафолатлашнинг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва уларнинг фаолиятига асоссиз аралашувни камайтириш, давлат хизматлари тизимини такомиллаштириш;

қонунчилик базасини такомиллаштириш, шу жумладан Вазирлик томонидан ишлаб чиқилган ва киритилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилишда иштирок этиш.



8-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИНГ

САМАРАДОРЛИГИНИ БАҲОЛАШ

МЕЗОНЛАРИ


36. Фаолият самарадорлигини баҳолаш:

Вазир, вазирнинг биринчи ўринбосарлари, вазирнинг ўринбосарлари, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ва Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари бошлиқлари фаолияти ўрнатилган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида амалга оширилади;

Вазирликнинг марказий аппарати департаментлари, бошқармалари ва бўлимлари бошлиқлари ва ходимлари, Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, тасарруфидаги ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари фаолиятини баҳолаш Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири томонидан тасдиқланадиган фаолият самарадорлигини баҳолашнинг интеграциялашган кўрсаткичлари асосида амалга оширилади.



9-БОБ. ВАЗИРЛИК ФАОЛИЯТИНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ

ВА УНИНГ ХОДИМЛАРИНИ МОДДИЙ

РАҒБАТЛАНТИРИШ


37. Вазирлик фаолиятини молиялаштириш ва унинг ходимларини моддий рағбатлантириш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.


38. Вазирлик ходимларининг иш ҳақлари қонунчиликда кўзда тутилган лавозим маоши, мукофот пуллари, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантириш тўловларидан ташкил топади.

Вазирлик марказий аппарати, Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, Вазирликнинг туман ва шаҳар бўлимлари, Вазирлик ҳузуридаги Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси, Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти, Бизнес ва тадбиркорлик олий мактаби, Тармоқ бозорлари ва ишлаб чиқаришда меҳнат унумдорлиги маркази, Маъмурий бинолардан фойдаланиш бошқармаси ходимларига Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги миқдорда кўп йиллик ишлаганлик учун ҳар ойлик устама тўланади (рағбатлантириш коэффициентини инобатга олган ҳолда лавозим маошига нисбатан коэффициентларда):

1 дан 3 йилгача - 0,3;

3 дан 5 йилгача - 0,6;

5 дан 10 йилгача - 0,8;

10 дан 15 йилгача - 1,0;

15 дан 20 йилгача - 1,2;

20 дан юқори - 1,5.

Кўп йиллик ишлаганлик учун устама олиш ҳуқуқини берувчи иш стажи Вазирлик томонидан тасдиқланадиган тартиб асосида амалга оширилади.


39. Вазирлик ходимларининг иш ҳақларини тўлаш ва моддий рағбатлантиришни амалга оширишнинг манбаси бўлиб меҳнатга ҳақ тўлаш фонди, Вазирликнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси, бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда қонунчиликда тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобланади.

Вазирликнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси маблағлари Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 31 майдаги "Товар-хом ашё биржалари фаолиятини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 251-сон қарорига мувофиқ комиссион йиғимлар ҳисобига шакллантирилади.

Вазирликнинг бюджетдан ташқари ривожлантириш ва ходимларни моддий рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низом Вазирлик ва Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги томонидан тасдиқланади.


40. Вазирлик ҳудудий бошқармалари, туман (шаҳар) бўлимлари фаолиятини сақлаш ва молиялаштириш (шу жумладан моддий рағбатлантириш ва кўп йиллик хизматлари учун тўловларни амалга ошириш) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ходимлари учун белгиланадиган тартиб ва шартлар асосида Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджети, вилоятларнинг вилоят бюджети ҳисобидан амалга оширилади.



10-БОБ. ВАЗИРЛИКНИНГ ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИ, ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИ

АДМИНИСТРАЦИЯСИНИНГ ТЕГИШЛИ БЎЛИНМАЛАРИ ВА

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИ ОЛДИДАГИ ҲИСОБОТИ


41. Вазирлик Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамаси билан қуйидаги соҳаларда ўзаро ҳамкорлик қилади:

юклатилган вазифа ва функцияларни бажариш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ўрнатилган тартибда киритади;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш учун ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, давлат томонидан тартибга солишни оптималлаштириш, иқтисодиётни либераллаштириш, камбағалликни қисқартириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган таҳлилий маълумотлар ва таклифларни тайёрлашни таъминлайди;

инвестиция лойиҳаларини шакллантириш, амалга ошириш ва самарадорлигини баҳолаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, республикада иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришлар стратегиясидан келиб чиқиб, инвестиция жараёнларининг самарадорлигини ошириш бўйича аниқ таклифларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритади;

иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилаётган муҳим йўналишлар, тизимли муаммо ва камчиликларни доимий равишда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати ва тегишли комплекслари раҳбарлари ҳузурида кўриб чиқишни ташкил этади;

ўрнатилган тартибда бошқа функцияларни амалга оширади.


42. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, тегишли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари маълумотларини умумлаштириш ва ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш асосида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари бўйича ҳисоботларни Вазирлик ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритади.


43. Ҳар чорак якуни бўйича Вазирлик мос ҳисобот даври учун мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари бўйича пресс-релизни ўзининг веб-сайтида чоп этади.


44. Вазирликнинг ҳудудий бошқармалари ҳар чоракда, Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари маълумотлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларининг маълумотларини умумлаштириш ва чуқур таҳлил қилиш асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тасдиқланган прогноз ва мақсадли параметрлари бажарилишининг бориши ҳамда аниқланган камчиликлар тўғрисидаги умумлашган таҳлилий маълумотларни уларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифлар билан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига киритади.


45. Вазирликнинг туман (шаҳар) бўлимлари ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг тасдиқланган прогноз ва мақсадли параметрлари бажарилишининг боришини ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш асосида аниқланган камчиликлар ва уларни бартараф этиш бўйича асосланган таклифлар тўғрисидаги таҳлилий маълумотларни ҳар чоракда Вазирликнинг ҳудудий бошқармаларига, туман (шаҳар) ҳокимликларига киритади.



11-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


46. Вазирликни қайта ташкил этиш ва тугатиш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 27 март
























































Время: 0.2468
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск