язык интерфейса

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 й. 182-сон "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.03.2020 й. 182-сон "Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

25.03.2020 й.

N 182



УЙ-ЖОЙ СОТИБ ОЛИШ УЧУН

ФУҚАРОЛАРГА СУБСИДИЯ ТЎЛАШ

ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМНИ

ТАСДИҚЛАШ ҲАҚИДА



Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш орқали даромади юқори бўлмаган ҳамда уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа аҳоли қатламларига кўмаклашиш ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашда манзиллилик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2019 йил 28 ноябрдаги ПФ-5886-сон Фармони билан айрим шахсларга, шу жумладан, даромади юқори бўлмаган ва уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобига субсидиялар тўланиши белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Қуйидагиларни назарда тутувчи Уй-жой сотиб олиш учун фуқароларга субсидия тўлаш тартиби тўғрисида низом иловага мувофиқ тасдиқлансин:

уй-жой сотиб олишга ипотека кредитининг бошланғич бадал ва (ёки) фоизларнинг бир қисмини Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қоплаб бериш;

уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар томонидан субсидия олиш учун ариза бериш, ариза берувчини ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш;

туман (шаҳар)да уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган талабгорларни танлаш бўйича комиссиялар фаолиятини ташкил этиш ва ижтимоий мезонлар бўйича баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш;

сотиб олинадиган уй-жойларни аниқлаш, ажратиладиган ипотека кредити бўйича субсидияни ҳисоблаш, ипотека кредитини расмийлаштириш ва субсидияларни тўлаб бериш тартиби.


3. Белгилансинки:

Давлат хизматлари агентлиги ҳудудий бўлинмалари ва ягона интерактив давлат хизматлари портали (кейинги ўринларда - ЯИДХП) орқали уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлаш жараёнида кўрсатиладиган хизматлар;

тегишли ташкилотлар томонидан уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни танлашда фойдаланиладиган маълумотлар (ҳужжатлар) истисно тариқасида тўловларсиз амалга оширилади;

ҳар йили давлат бюджетидан шаҳар ва қишлоқ жойларида қурилган кўп қаватли уйлардан бирламчи бозорда квартиралар сотиб олишда ипотека кредитлари бўйича бошланғич бадал ва (ёки) фоиз харажатларининг бир қисмини қоплаш мақсадида ажратиладиган субсидиялар тегишли молия йили учун тасдиқланган параметрлар доирасида амалга оширилади.


4. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги "Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази" ДУК (кейинги ўринларда - Марказ) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан биргаликда 2020 йил 1 апрелга қадар:

давлат хизматлари марказларини, ариза берувчининг белгиланган ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга масъул бўлган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимларини, субсидия тўланадиган талабгор шахсларни танлаб олиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссиянинг ЯИДХПга уланишини;

ушбу қарор билан тасдиқланган давлат хизматини кўрсатиш ЯИДХП орқали жорий этилишини;

ЯИДХПда давлат хизматлари кўрсатишнинг ҳар бир босқичида мурожаатларнинг кўриб чиқилишини кузатиб бориш тартиби жорий этилишини таъминласинлар.


5. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ЯИДХПга электрон давлат хизматини жорий қилиш бўйича Регламент бир ҳафта муддатда Марказга киритилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2020 йил 1 июнга қадар:

талабгорларнинг белгиланган ижтимоий мезонларга мос келишини аниқлаш ва баҳолашга масъул бўлган ташкилотларнинг туман (шаҳар) бўлимлари, субсидия тўланадиган талабгор шахсларни танлаб олиш бўйича доимий ишлайдиган ҳудудий комиссиянинг "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизимига уланишини;

Марказ билан биргаликда "Ижтимоий ҳимоя ягона реестри" ахборот тизими Ягона интерактив давлат хизматлари порталига уланишини таъминласин.


7. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги Марказ билан биргаликда 2020 йил 1 июлга қадар уй-жой сотиб олиш учун субсидия тўланадиган шахсларни баллар асосида баҳолаш дастурий таъминот (кейинги ўринларда - дастурий таъминот) тизими яратилишини ва ЯИДХПга интеграциялашувини таъминласинлар.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги дастурий таъминотнинг оператори этиб белгилансин.


8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги дастурий таъминот тизими яратиш ҳамда зарур аппарат-дастурий комплекслар билан жиҳозлаш билан боғлиқ бўлган харажатларни Давлат бюджетидан молиялаштириш чорасини кўрсин.


9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - иқтисодиёт ва саноат вазири Ж.А. Қўчқоров ҳамда Ўзбекистон Республикаси молия вазири Т.А. Ишметов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                                      А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 март, 12-сон, 135-модда