Внимание!

Документ утратил силу.
Смотрите подробности в начале документа.


ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Суд ҳужжатлари / Олий суди Пленумининг қарорлари / Кучини йўқотган ҳужжатлар /

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 02.05.1997 й. 2-сон "Суд ҳукми тўғрисида"ги қарори

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ СУДИ ПЛЕНУМИНИНГ

ҚАРОРИ

02.05.1997 й.

N 2



СУД ҲУКМИ ТЎҒРИСИДА


Ҳукм одил судловнинг муҳим ҳужжатидир. Шахснинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинлигига риоя қилиниши ҳукмнинг қонуний, асосли ва адолатли бўлишига боғлиқ. Қонуннинг барча талабларига риоя қилинган ҳолда чиқарилиб қонуний кучга кирган суднинг ҳукми бўлмай туриб ҳеч ким жиноят содир қилишда айбли деб топилиши мумкин эмас.

Республика судларининг ҳукмлари асосан қонунийдир. Шунинг билан бирга ҳукмларни чиқаришда жиноят ва жиноят-процессуал қонунларининг бузилиш ҳоллари учраб турибди.

Суднинг ҳукмда ёритилган хулосалари ҳамма вақт ҳам етарли даражада асослантирилмайди. Қатор ишлар бўйича ҳукмлар ЖПК 26 ва 455-моддаларининг талабига зид ҳолда дастлабки терговда тўпланган, лекин суд мажлисида текширилмаган ёки ўз тасдиғини топмаган далилларга асослантирилган Конституция ва жиноят-процессуал қонун нормаларига зид ҳолда айбдорликни асослантириш учун қонунни бузиш йўли билан олинган далилларни келтириш ҳоллари учрайди.

Баъзан адолатли қарор қабул қилиш, айблов ёки оқлов ҳукми чиқариш ўрнига ишлар асоссиз қўшимча терговга юборилмода.

Жиноий жазо чораларини тайин этишда қонун бузилишлари рўй бермоқда.

Одил судловни амалга оширишда қонунийликни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми



ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Суд ҳукми давлат номидан чиқарилади.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-моддасига мувофиқ жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахс ўзини ҳимоя қилиш учун барча имкониятлар билан таъминланган ҳолда ошкора суд муҳокамасида қонуний тартибда аниқланмасдан туриб айбдор ҳисобланмайди.

2. Судлар ҳукм чиқаришда суднинг ҳукми қонуний ва адолатли бўлиши, фақат қонунга бўйсунувчи, мустақил судьялар томонидан чиқарилиши; судьялар маслаҳатлашувининг сир тутилиши; одил судловни фуқароларнинг қонун ва суд олдида тенглиги асосида, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилган ҳолда, тарафларнинг ўзаро тортишуви, далилларнинг бевосита ва оғзаки усулда текширилиши асосида чиқарилиши ва иш бўйича ҳақиқий ҳолатни аниқлаш тўғрисидаги жиноят процессининг муҳим тамойилларига амал қилишга мажбурдирлар. Ушбу тамойилларни бузишлик ҳукмни қонуний эмас деб топишга асос бўлади.

3. Судларнинг эътибори ЖПК 22-моддасига биноан иш бўйича ҳақиқатни аниқлаш учун фақат қонунда назарда тутилган тартибда тўпланган, текширилган ва баҳоланган маълумотлардан фойдаланиш мумкинлигига қаратилсин. Бунда ЖПК 26 ва 455-моддалари талабига биноан ҳукм фақат суд мажлисида текширилган ва суд мажлиси баённомасида ўз аксини топган далилларга асослантирилган бўлиши лозим.


4. Судланувчи томонидан терговда ёки судда айбини бўйнига олиш ҳолати у иш бўйича тўпланган ҳамда судда текширилган бошқа далиллар билан холисона тасдиқлангандагина айблов ҳукми чиқаришга асос бўла олади. Бу талаб айблов ҳукми тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмаслиги ва судланувчининг айбдорлиги суд муҳокамаси жараёнида исботланган тақдирдагина чиқарилиши лозимлиги ҳақидаги ЖПК 463-моддаси мазмунидан келиб чиқади.

Жиноят-процессуал кодексининг 117-моддасига биноан гумон қилинувчининг, айбланувчининг, судланувчининг яқин қариндошлари кўрсатув беришдан бош тортганлик учун жавобгарлик тўғрисида огоҳлантирилмайдилар, шунинг учун ҳам улар судда илгариги кўрсатувларидан бош тортганларида, суд уларнинг кўрсатувларига, дастлабки тергов босқичида қонуннинг қайд этилган талаблари уларга тушунтирилган тақдирдагина, асосланиши мумкин.

5. Иш бўйича ҳукм иш материалларида маълум бўлиб қолган барча кам-кўстлар тўлдирилгандан кейингина чиқарилиши мумкин.

Судланувчининг айбдорлиги ёки айбсизлиги тўғрисидаги суднинг хулосаларига зид бўлган далиллар ҳукмда нима учун улар ишончсиз деб топилганлиги ва рад этилганлиги сабаблари асослантирилган ҳолда кўрсатилиши лозим.

Ҳукмда судланувчининг жиноий ҳаракатларини фош қиладиган, оқлайдиган далилларга асосланганда, суд уларнинг мазмунини очиб ташлаши ва тегишли баҳо бериши лозим.

Бир нечта судланувчиларга тегишли иш бўйича ёки судланувчи бир нечта жиноятларни содир қилганликда айбланаётган иш бўйича, суд ҳукмда ҳар бир судланганга нисбатан ҳар бир айблов бўйича далиллар келтириши ва текшириши ҳамда хулоса қилиши зарур.

6. Қонунга зид равишда олинган барча далиллар юридик кучга эга бўлмасдан ҳукмга асос қилиб олиниши мумкин эмаслиги судларга тушунтирилсин. Қонунга зид равишда олинган далилларга тергов олиб боришнинг ноқонуний, руҳий ва жисмоний куч ишлатиш усулларини қўллаб олинган далиллар, шунингдек жиноят-процессуал қонун бошқа нормаларининг бузилиши (масалан, ҳимоя ҳуқуқининг бузилиши) натижасида олинган далиллар киради. Далил қонунга зид равишда олинган деб топилган тақдирда, суд ишдаги далиллар йиғиндисидан уни чиқариш тўғрисидаги ўзининг қарорини, қонуннинг бузилиши нимадан иборат эканлигини кўрсатган ҳолда, асослантириши лозим.

Далилни қонунга зид равишда олинган деб баҳолашда суд далилнинг ҳаққонийлиги ва холислиги тўғрисидаги ҳар қандай шубҳа, агар уни бартараф қилишнинг имкони бўлмаса, судланувчининг фойдасига ҳал қилиниши лозимлигидан келиб чиқиши керак.

Ишда тўпланган далилларнинг етарли эмаслиги, далиллар қонунга зид равишда олинганлиги сабабли улар далил сифатида танилмаганлиги ёки қўйилган айбловда судланувчининг айбдорлиги тўғрисидаги шубҳани бартараф қилишнинг имкони йўқлиги ҳақидаги суднинг асослантирилган хулосаси оқлов ҳукми чиқариш учун асос бўлади.


7. Жиноят-процессуал кодексининг 17-моддаси талабига биноан суд инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, унга маънавий азоб-уқубат етказадиган маълумотларни, агарда бундай маълумотлар ишдаги далилларга оид бўлмаса, ҳукмда кўрсатишга ҳақли эмас.


8. Судларга тушунтирилсинки, ЖПК 467-моддаси мазмунига кўра суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ушбу ишда муҳокама қилинмаётган шахс (шахслар)нинг жиноятдаги иштирокини кўрсатишга ҳақли эмас. Бундай ҳолларда ҳукмда судланувчи томонидан жиноят бошқа шахс (шахслар) иштирокида, унинг исми, фамилияси ва шахсига оид бошқа маълумотлар кўрсатилмасдан, содир этилганлиги қайд қилиб ўтилиши мумкин.

Бу хилдаги хатога йўл қўйилиб, у апелляция, кассация ва назорат босқич судлари томонидан тузатилмаган тақдирда, бундан кейин бундай жиноят қатнашчисига нисбатан ишни кўраётган суд биринчи ҳукмни айбдорликни тасдиқловчи далил сифатида келтиришга ҳақли эмас.

9. Ҳукмнинг кириш, тавсиф ва қарор қисмларининг мазмуни бўйича қонун талабларига риоя қилиш асосли суд қарори чиқарилишининг муҳим кафолатларидан бири ҳисобланади.

Жиноят-процессуал кодексининг 466-моддасига биноан ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши зарур бўлган судланувчи хусусидаги бошқа маълумотлар деб хусусан жазо тайинлашда, жазони ўташ турини аниқлашда, маҳкумни ўта хавфли рецидивист деб топишда инобатга олиниши мумкин бўлган маълумотлар ҳисобланиши лозимлиги судларга тушунтирилсин. Булар қаторида судланувчи саломатлигининг аҳволи тўғрисидаги (масалан, ногиронлик), унда давлат мукофотлари, махсус унвонларнинг борлиги ҳақидаги маълумотлар ҳам бўлиши мумкин. Шахснинг муқаддам судланганлиги тўғрисидаги маълумотлар, агар қонунда белгиланган тартибда судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган бўлса, ҳукмнинг кириш қисмида кўрсатилиши керак. ЖКнинг 77-моддасига мувофиқ судланганлик муддатининг ўтиб кетганлиги ёки судланганликнинг олиб ташланиши муносабати билан унинг барча ҳуқуқий оқибатлари бекор бўлади. Шунинг учун у ҳукмнинг кириш ва тавсиф қисмларида кўрсатилмайди.


10. Судлар хоҳ айблов, хоҳ оқлов ҳукмлари чиқараётганларида жиноий ҳодиса юз берганлиги, шахснинг қилмишида жиноят таркибининг борлиги, унинг ушбу жиноятни содир этилишида айбдорлиги каби ва ЖПК 457-моддасида кўрсатилган бошқа масалаларни ҳал қилишлари лозим.

Шунинг билан бирга айблов ҳукмининг тавсиф қисми мазмуни тартибга солинган ЖПК 467-моддаси талабига кўра, агар жиноят бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб ёки уюшган гуруҳ томонидан содир этилган бўлса, ҳукмда жиноятнинг ҳар бир иштирокчиси томонидан айнан қандай жиноий ҳаракатлар содир этилганлиги аниқ кўрсатилиши керак.

Айблов ҳукмининг тавсиф қисмида судланувчининг эълон қилинган айбловга муносабати ёритилиши, ўзини ҳимоя қилиш учун келтирган важларига баҳо берилиши керак. Судланувчи томонидан ўзининг суриштирув ва дастлабки терговда берган кўрсатмаларини ўзгартирган тақдирда суд унинг бу ва бошқа кўрсатмаларини батафсил текшириши ва уларга иш бўйича тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан биргаликда баҳо бериши лозим.

Судланувчининг кўрсатма беришдан бош тортиши унга нисбатан жазо турини ва миқдорини белгилашда жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олиниши мумкин эмас.

Иш бўйича айблов ҳукми чиқарилаётганда, ушбу иш бўйича чиқарилган биринчи ҳукм тайинланган жазо енгиллиги ёки оғирроқ жиноят тўғрисида қонунни қўллаш зарурлиги сабабли бекор қилинган бўлса, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчининг айбини тасдиқловчи далилларни келтирмайди, фақатгина ЖПК 414-моддасига биноан жиноятни тавсифлашга ва жазо чораларига боғлиқ бўлган ўзининг хулосаларини асослантиради.


11. Жиноятни Жиноят кодексининг у ёки бу моддаси, унинг исми ёки банди билан тавсифлаш бўйича суднинг асослантирилган хулосаси айблов ҳукмининг тавсиф қисмининг муҳим белгиси ҳисобланади. Бунда айбдорнинг ҳаракатлари нима учун айнан шу модда, қисм, банд билан тавсифланаётганлиги аниқ кўрсатилиши керак. Судланувчини жиноятни баҳоловчи категорияларга тегишли (масалан, жиддий зиён, оғир оқибатлар ва б.қ.) белгиларга қараб айбдор деб топганида, суд ушбу белгининг жиноий қилмишда бўлишлигига олиб келган асосларни ҳам келтириши шарт.

Жиноят-процессуал кодексининг 467-моддасига биноан айбловнинг ўзгартирилиши суд томонидан ҳукмнинг тавсиф қисмида асослантирилган бўлиши керак.

Суд ЖПК 415-моддасига биноан айбловни ўзгартиришга ва судланувчининг ҳаракатини қонуннинг бошқа моддасига ёки қонун моддасининг бошқа қисми, бандига қайта тавсифлашга, шунингдек жиноятнинг айрим эпизодларини, агар судланувчи қонуннинг янги моддаси билан тавсифланаётган ҳаракатлари унинг айбига кирган бўлиб, эълон қилинган айбловга нисбатан фактик ҳолатлари билан жиддий фарқ қилмаган ва оғирроқ жиноят белгилари бўлмаган тақдирдагина, судланувчига айб эълон қилинмаган қонун моддаси билан тавсифлашга ҳақли.

Оғирроқ айблов деганда оғирроқ жазо чорасини кўзловчи бошқа қонун нормаси (қонун моддасининг қисми ва банди) татбиқ этилишини, бу эса нафақат асосий, балки қўшимча жазога ҳам тегишли эканлигини судлар эътиборга олишлари керак. Жиноятнинг тавсифини оғирроқ жазо турини назарда тутувчи қонунни ўзгартиришга олиб келувчи ёки содир этилган ҳаракатнинг тавсифини ўзгартирмасдан фактик айблов миқдорини кўпайтирувчи, айбланувчига қўйилмаган қўшимча эпизодларни ўз ичига олувчи айблов ҳам оғирроқ айблов ҳисобланади.

Айбловнинг ҳақиқий ҳолатлари ўзгартирилиб, яъни, айблов ифодаси ўзгариб, унга илгари эълон қилинган жиноятдан объекти, айб формаси ва бошқа белгилари билан фарқ қилувчи бошқа қилмиш ёки жиноят қўшилганда айбловнинг илгари эълон қилинган айбловдан жиддий фарқланиши тушунилмоғи керак.

Бундан келиб чиқиб, масалан, суд айбдорнинг ЖК 97-моддаси 2-қисмининг бир бандидан иккинчи бандига, агарда бу қасддан одам ўлдириш сабабларини ҳисобга олган ҳолда айблов мазмунининг бузилишига олиб келса, жиноят ишини қайта терговга юбормасдан туриб ўзгартиришга ҳақли эмас.


12. Эълон қилинган айбловнинг (айблов эпизодларининг) қисми судда ўз тасдиғини топмаган тақдирда, айблов ҳукмининг тавсиф қисмида судланувчининг эълон қилинган айблов қисми бўйича оқланишининг сабаблари келтирилади. Ҳукмнинг қарор қисмида, суд шахсни эълон қилинган айблов қисми (эпизодлари) бўйича оқлаш тўғрисида қарорни қонуннинг аниқ нормаларига асосланган ҳолда чиқаради. Жиноятнинг тавсифини ўзгартиришга олиб келмайдиган айрим эпизодларнинг ёки айрим оғирлаштирувчи ҳолатларга кўрсатмаларнинг, шунингдек айбдорнинг шахсини салбий баҳоловчи маълумотларнинг айбловдан чиқариб ташлангани тақдирда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида айбловнинг қисмини асослантирилмаган деб топиш тўғрисида тегишли асослар келтирган ҳолда хулоса қилиши кифоядир.

Судланувчи томонидан содир этилган бир жиноят, жиноят қонунининг бир неча моддалари билан хато тавсифланганда, ёки бир неча содир этилган жиноятларини жиноят қонунининг оғирроқ жазони тақозо қилувчи биргина моддаси билан тавсифлаш ўрнига асоссиз равишда жиноят қонуни бир моддасининг бир неча қисмлари билан тавсифланганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида судланувчига хато қўйилган жиноят қонунининг моддаси (моддаси қисми)ни чиқариб ташлаш тўғрисида ҳам тегишли асослар келтирган ҳолда кўрсатиб ўтиши етарлидир, ҳукмнинг қарор қисмида такрорлаши шарт эмас.

13. Судларнинг эътибори, ҳукм чиқаришда уларнинг жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонун талабларига оғишмай риоя қилиш шартлигига, жиноят қонунининг асосий тамойилларидан бири инсонпарварлик тамойили эканлигига ва унинг мазмунига кўра жиноят содир этган шахсга нисбатан у ахлоқан тузалиши ва янги жиноят содир этишининг олдини олиш учун зарур ҳамда етарли бўладиган жазо ёки бошқа ҳуқуқий таъсир чораси қўлланилиши кераклигига қаратилсин.

Ушбу тамойилга биноан жазолашдан кўзланган мақсадга енгилроқ чораларни қўллаш орқали эришиб бўлмайдиган тақдирдагина оғирроқ жазо чоралари тайинланиши мумкин. Судлар жазо тайинлашда, содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини ва хусусиятини, содир этилган қилмишнинг сабабларини, келтирилган зарарнинг миқдори ва хусусияти, айбдорнинг шахси, унинг жавобгарлигини енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олишлари керак. Булардан келиб чиқиб, судланувчининг жавобгарлиги даражаси хусусиятига қандай ҳолатлар таъсир этганлиги, шунингдек унинг шахсини тавсифловчи суд муҳокамасида тасдиқланган ва ЖК 54-моддасига биноан жазо тайинлашда суд томонидан ҳисобга олинган бошқа ҳолатларни ҳукмда кўрсатиб ўтиш лозим.

Жазо тайинлашнинг умумий асослари тўғрисидаги қонунни қўллаётиб, судлар Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги "Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги 1-сонли қароридаги тушунтиришларга амал қилишлари ва ҳукмнинг тавсиф қисмида суд томонидан у ёки бу жазони тайинлаш ҳақидаги хулосага келганлик асосларини кўрсатишлари, шунингдек ушбу жиноят учун жиноят қонунида кўрсатилган жазодан ҳам камроқ жазо тайинлаш, қўшимча жазони татбиқ этиш, ҳарбий ҳамда махсус унвондан маҳрум қилиш асосларини кўрсатишлари зарур.

Жиноят кодексининг 56-моддасида санаб ўтилган жазони оғирлаштирадиган ҳолатлар рўйхати қатъий бўлиб, кенгайтирилган талқинга йўл қўйилмайди, жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар эса суд томонидан аниқ иш ҳолатларидан келиб чиқиб ҳукмнинг тавсиф қисмида асослар келтирилган ҳолда кенгайтирилиши мумкин. Жиноятни тавсифлаш белгилари, шунингдек шахснинг судланганлик ҳолатининг қонунда кўрсатилган тартибда тугалланиши ёки олиб ташланиши жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар сифатида келтирилмаслиги керак. Ҳукмда айбдорнинг биргина шахсини инобатга олган ҳолда жазо тайинланганлиги тўғрисида қайд этиш етарли бўлмайди.

Хавфли рецидивист томонидан жиноят содир этилиши бир қатор жиноятларнинг тавсифлаш белгиси ҳисобланади ва бу ҳолат шахс дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилинаётганида кўрсатиб ўтилган бўлиши лозим ва кейинчалик бу суд ҳукмининг тавсиф қисмида ҳам асослантирилган бўлиши керак.

15. Агарда Жиноят кодекси моддаси (моддалари)нинг санкцияси мажбурий қўшимча жазони кўзда тутган бўлса, суд томонидан у фақат ЖКнинг 57-моддасида кўрсатилган асослар бўйича қўлланмаслиги мумкин. Агарда қўшимча жазо муқобил тарзда кўзда тутилган бўлиб, суд уни қўллашни рад қилиш тўғрисида хулосага келган бўлса, ҳукмнинг тавсиф қисмида буни асослантиришга мажбур. Бу ҳолат алкоголик ва гиёҳванд деб топилган айбдорларга нисбатан суд томонидан мажбурий даволаш чорасини қўллашни рад этган ҳолатларга ҳам тааллуқлидир.

Ҳукмнинг тавсиф қисмида ундирилиши лозим бўлган моддий зарарни қоплаш миқдори, даъвони қаноатлантириш ёки рад этиш, айбдорни ўта хавфли рецидивист деб топиш тўғрисида ҳам асослантирилган хулосалар бўлиши керак.

16. Айблов ҳукмининг қарор қисмида ЖПК 468-моддасига биноан судланувчининг фамилияси, исми ва отасининг исми, Жиноят кодексининг уни айбли деб эътироф этишга асос бўлган моддаси (модданинг қисми, банди), судланувчининг ўта хавфли рецидивист деб топилганлиги (башарти суд шундай қарор қабул қилган бўлса), судланувчига ҳар бир жинояти учун тайинланган жазо тури ва меъёри, узил-кесил тайинланган ўталиши лозим бўлган жазо чораси, озодликдан маҳрум этиш жазо тури қўлланилганда жазони ўташ лозим бўлган тегишли тартибли колония тури; судланувчи шартли равишда ҳукм қилинганда, синов муддати ва маҳкумнинг устидан кузатув олиб бориш вазифаси юклатилган жамоа ва шахс; ушлаб турилган ёки қамоқда сақланган вақтни жазо муддати ҳисобига киритиш тўғрисида қарор; ҳукм қонуний кучга киргунига қадар судланувчига нисбатан эҳтиёт чорасига оид қарор; маҳкумнинг зиммасига юклатилган мажбуриятлар, ЖПК 533-моддаси асослари бўйича ҳукмнинг ижросини кечиктириш тўғрисидаги қарор ёритилиши лозим.

Бундан ташқари ҳукмнинг қарор қисмида маҳкумга нисбатан амнистия актини қўллашлик, қонуннинг тегишли нормаларига биноан маҳкумни жазодан озод этиш тўғрисидаги қарор кўрсатилмоғи зарур. Айрим жиноятлар учун қонун моддасида назарда тутилган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлашда, ҳукмнинг қарор қисмида ушбу жазо ЖКнинг тегишли моддаси (модданинг қисми, банди) билан ЖК 57-моддасини қўллаган ҳолда белгиланаётгани тўғрисида кўрсатиб ўтилиши керак.

Судланганга жазони ўташ колония тури жиноятлар мажмуи бўйича узил-кесил жазо белгилангандан кейингина тайинланади.

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган маҳкумнинг қарамоғида вояга етмаган болалари, қари ота-оналари ҳамда бошқа шахслар бўлиб, улар қаровсиз ҳамда ёрдамсиз қолаётган бўлса, суд айблов ҳукми чиқариш билан бир вақтда ЖПК 476-моддасига мувофиқ уларни қариндошлари ёки бошқа шахсларнинг, муассасаларнинг васийлиги ёки ҳомийлигига топшириш тўғрисида ажрим чиқариши лозим.

Жиноят-процессуал кодексининг 471-моддасига кўра ҳам айблов, ҳам оқлов ҳукмининг қарор қисмида қўзғатилган фуқаровий даъво ёки суднинг ташаббуси билан зиённи қоплаш тўғрисидаги қарор; ашёвий далиллар ҳамда ишга илова қилинган бошқа нарсалар ва ҳужжатлар, процессуал чиқимлар, шунингдек ҳукм устидан апелляция шикояти бериш ҳамда кассация протести билдириш тартиби ва муддати тўғрисида қарор бўлиши зарур.

17. Жиноят кодексининг 70 ва 71-моддаларига биноан иш судда кўрилаётган вақтгача шароит ўзгарди ёки шахс намунали ҳулқи, меҳнатга ёки ўқишга ҳалол муносабати билан ўзини кўрсатиб, ижтимоий хавфлилигини йўқотди деб эътироф этилса, ёки у қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган деб топилса, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида қабул қилинган қарорни аниқ ҳолатларни келтирган ҳолда асослантириши, қарор қисмида эса судланувчини айбдор деб топиши ва қонун талабига кўра унга жазо тайинланмаслигини кўрсатиши лозим.


18. Судлар оқлов ҳукмини чиқаришга олиб келувчи, жиноий ҳодисанинг ёки жиноят таркибининг бўлмаслиги, жиноят содир этилишига судланувчи дахлдор эмаслиги тўғрисидаги асослар рўйхати Жиноят-процессуал кодексининг 464-моддасида тўлиқ кўрсатилганлигини эътиборга олишлари лозим.

Оқлов ҳукми чиқарилаётганда унинг тавсиф қисмида ЖПКнинг 469-моддасига биноан судланувчига қўйилган айбловнинг моҳияти; суд аниқлаган иш ҳолатлари, судланувчининг айбсизлиги тўғрисидаги суд хулосасини тасдиқловчи далиллар; судланувчининг жиноят содир этишда айби бор деб даъво қилишга асос бўлган далилларни суд нима учун ишончга сазовор эмас ёки етарли эмас деб ҳисоблаши ёки нима учун жиноий ҳодисанинг ўзи юз бермаган ёхуд судланувчи содир этган қилмишни жиноят эмас деб ҳисоблаши; фуқаровий даъвога оид қарорнинг асослари баён қилинади.

Оқлов ҳукмига оқланганнинг айбдор эмаслигига шубҳа туғдирувчи ибораларнинг киритилишига йўл қўйилмайди.

Башарти Жиноят кодексининг бир ёки бир неча моддалари (моддалар қисмлари, бандлари) билан тавсифланган бир неча жиноятларни содир этганликда айбланган шахсга нисбатан оқлов ҳукми чиқарилганда, суд ҳукмнинг тавсиф қисмида ҳар бир модда (модданинг қисми, банди, айблов эпизоди) бўйича оқлашнинг тегишли асосларини кўрсатиб, айбловнинг асоссиз эканлиги тўғрисида асослар келтирилган ҳолда хулосани тузиши лозим.

Ҳукмнинг қарор қисмида ЖПК 470-моддасида санаб ўтилган барча кўрсатмалар тўлиғича ёритилиши лозим. Бундан ташқари оқланганга қонунга хилоф равишда жиноий жавобгарликка тортиш оқибатида етказилган маънавий ва моддий зарарларни қоплаш бўйича унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши керак.


19. Жиноий ҳодиса юз бермаганлиги ёки шахснинг жиноят содир этилишига дахлдор бўлмаганлиги сабабли оқлов ҳукми чиқарилаётганда суд фуқаровий даъвони қаноатлантиришни рад қилади. Судланувчи содир этган қилмишда жиноят таркиби бўлмаганлиги туфайли оқлов ҳукми чиқарилганда, суд даъвонинг исботланиш даражаси ва ҳажмини эътиборга олиб, уни тўлиқ ёки қисман қаноатлантиради ёхуд қаноатлантиришни рад этади.

20. Жиноят-процессуал кодексининг 465-моддасига мувофиқ иш қайси тилда кўрилган бўлса, ҳукм шу тилда, аниқ ва тушунарли ибораларда баён қилинади. Ҳукмда ноаниқ ибораларни ишлатиш, расмий ҳужжатларда ишлатиш қабул қилинмаган қисқартириш ва сўзларни қўллашга, шунингдек ишга оид бўлмаган ҳолатларни ёритиш билан ҳукмни ортиқча тўлдиришга йўл қўйиб бўлмайди.

Барча ҳолларда ҳам ошкора эълон қилинишини ҳисобга олган ҳолда, суд ҳукмни тузаётган вақтда, қурол, гиёҳвандлик воситалари ва портловчи моддаларни тайёрлаш билан боғлиқ бўлган жиноятни содир этиш усулларини батафсил ёритиш билан бирга фуқароларнинг шахсий маънавий ҳаётига путур етказувчи ибораларни ишлатиш мумкин эмаслиги тушунтирилсин.

Ҳукмга киритилган барча тузатишлар ҳукм эълон қилинишидан олдин изоҳланиши ва изоҳлар суднинг барча таркиби билан имзоланиши лозим.

21. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1983 йил 8 августдаги “СССР Олий суди Пленумининг “Суд ҳукми тўғрисида”ги 1969 йил 30 июндаги қарорининг Ўзбекистон ССР судлари томонидан бажарилишининг бориши ҳақида”ги 15-сонли қарори барча ўзгартиришлар билан ўз кучини йўқотган деб топилсин.







































Время: 0.1834
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск