язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Савдо. Умумий овқатланиш. Маиший хизмат кўрсатиш/ Бозорларда савдо қилиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 26.10.1998 й. 452-сон "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотиш бўйича улгуржи бозорлар тизимини шакллантириш ва ривожлантириш тўғрисида"ги Қарори

Вы можете получить доступ на один день к продукту Законодательство Руз.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

26.10.1998 й.

N 452



ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ МАҲСУЛОТЛАРИНИ

ХАРИД ҚИЛИШ ВА СОТИШ БЎЙИЧА УЛГУРЖИ

БОЗОРЛАР ТИЗИМИНИ ШАКЛЛАНТИРИШ

ВА РИВОЖЛАНТИРИШ ТЎҒРИСИДА


1998-2000 йиллардаги даврда қишлоқ хўжалигида иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш дастури амалга оширилишини таъминлаш, улгуржи савдо тизимини такомиллаштириш ва истеъмол бозорини қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қуйидагилар:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг республикада пахта, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган дондан ташқари қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотиш бўйича очиқ акциядорлик жамиятлари шаклидаги улгуржи қишлоқ хўжалиги бозорлари (кейинги ўринларда - "Улгуржи бозор" АЖ) тармоғини ташкил этиш ҳақидаги;

Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг, Деҳкон ва фермер хўжаликлари уюшмасининг Мева-сабзавот бирлашмаларининг Матлуботсавдо ҳудудий акциядорлик компанияларининг ташкил этилаётган Улгуржи бозор акциядорлик жамиятларига муассислар сифатида киришлари тўғрисидаги таклифлари қабул қилинсин.


2. Белгилансинки, Улгуржи бозор АЖ:

Тошкент шаҳрида, барча вилоят марказларида биттадан, зарур бўлганда эса йирик шаҳарларда ҳам маҳаллий ҳокимият ва бошкарув органлари ҳўзурида ташкил этилади;

Тошкент шаҳрида, барча вилоят марказларида биттадан, зарур бўлганда эса йирик шаҳарларда ҳам маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари ҳўзурида ташкил этилади;

ўз фаолиятида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва йирик шаҳарлар ҳокимликларига ҳисобот беради.


3. Қуйидагилар Улгуржи бозор акциядорлик жамиятларининг асосий вазифалари сифатида тавсия этилсин:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи харид қилиш ва сотишнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалиги корхоналаридан, деҳқон ва фермер хўжаликларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи харид қилиш ташкил этилишини таъминлаш;

сотувчилар ва истеъмолчиларга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини, унинг санитария-ветеринария таҳлилини, сертификациялашни, транспортда ташишни, ортиш-тушириш ишларини, сақлашни, пакетларга жойлаш ва маркалашни ташкил этиш бўйича комплекс сервис хизматлари кўрсатиш;

маҳсулот етказиб бериш юзасидан контрактлар тузишни ташкил этиш, улгуржи бозорлардаги конъюнктура, талаб ва таклифлар тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш;

халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш ва уларга дастлабки ишлов бериш бўйича ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек уларни маҳаллий деҳқон бозорларига ва экспортга етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.


4. Улгуржи қишлоқ хўжалиги бозори тўғрисидаги Намунавий низом ва Улгуржи бозор акциядорлик жамиятининг намунавий ташкилий тузилмаси 1 ва 2-иловаларга мувофиқ маъқуллансин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:

мавжуд улгуржи бозорларни реконструкция қилиш, кенгайтириш ёки уларни қуриш юзасидан техник-иқтисодий асослашларнинг буюртмачилари бўлсинлар ҳамда ишлаб чиқилган техник-иқтисодий асослашларни хизмат кўрсатувчи банкка ва бошқа тегишли идораларга тақдим этсинлар;

фаолият кўрсатаётган мева-сабзавот комбинатларини улгуржи бозорлар сифатида қайта жиҳозлашнинг мақсадга мувофиқлиги ва мавжуд улгуржи омборлар ва совутгичлардан фойдаланиш масаласини кўриб чиқсинлар;

улгуржи бозорлар қуриш учун белгиланган тартибда зарур ер участкалари ажратсинлар, шунингдек қуриладиган улгуржи бозорларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилишини ва ўз вақтида экспертизадан ўтказилишини таъминласинлар, лойиҳаларда меҳмонхоналар, умумий овқатланиш, маиший хизмат кўрсатиш корхоналари, шунингдек комплекс сервис хизматлари кўрсатиш бўйича бошқа объектлар қурилишини назарда тутсинлар;

икки ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига улгуржи бозорлар шакллантирилиши тўғрисида ахборот тақдим этсинлар.


6. Улгуржи бозорлар қурилиши бўйича лойиҳаларни амалга ошириш ва уларнинг самарали фаолият кўрсатишлари учун:

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Макроиқтисодиёт ва статистика вазирлиги билан биргаликда тақдим этилган лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосларини белгиланган тартибда  экспертизадан ўтказсин ҳамда уларнинг харажатларни қоплаши тасдиқланган такдирда Европа Тикланиш ва Тараққиёт банки (ЕТТБ) ва бошқа халқаро ва инвестиция институтлари билан улгуржи бозорлар қурилиши учун уларнинг кредитларидан фойдаланиш ҳакидаги масалани ишлаб чиқиш;

Бизнес-фондга улгуржи бозорлар қурилишини маблаг билан таъминлаш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг буюртманомаларини устувор тартибда кўриб чиқиш ва қурилаётган улгуржи бозорларнинг устав сармояларини шакллантиришда ўз маблаглари улуши билан белгиланган тартибда қатнашиш тавсия этилсин.


7. Тошкент шаҳар ҳокимлигининг, Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатасининг Тошкент улгуржи қишлоқ хўжалиги бозори акциядорлик жамияти ўзининг асосий вазифаларидан ташқари ташкил этилаётган улгуржи бозорлар тизимида савдо, хизмат кўрсатиш технологиясини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш, харидорлар ва сотувчилар, нархлар котировкаси тўғрисидаги маълумотлар банкини шакллантириш, маркетинг ва консалтинг хизматлари масалалари бўйича услубий марказ қўшимча функцияларини бажариши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

9. Ўзбекистон Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Ўздавстандарт маркази, Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги, Ўзавтотранс давлат корпорацияси улгуржи бозорлар ҳўзурида ахборот хизматлари кўрсатиш, маҳсулотларнинг мувофиқлиги ва келиб чиқиши сертификатларини олиш, транспорт хизмати кўрсатиш бўйича пунктлар ташкил этишни назарда тутсинлар.


10. Аҳолини мева-сабзавотлар ва уларни қайта ишлаш маҳсулотлари билан ўзлуксиз таъминлаш тизимини ташкил этиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Товар ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорлар палатаси, Деҳқон ва фермер хўжаликлари уюшмаси билан биргаликда:

шаҳарларда ва туман марказларида мева-сабзавот маҳсулотлари сотиш учун ихтисослаштирилган чакана савдо тармоқларини тиклаш ва ташкил этиш чора-тадбирларини кўрсинлар;

мева-сабзавот маҳсулотларини сотиш бўйича улгуржи бозорлар, чакана савдо тармоқлари ташкил этилишини ва уларнинг фаолиятини ҳар чоракда таҳлил қилсинлар ҳамда ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 15-кунида Вазирлар Маҳкамасига ахборот тақдим этсинлар.


11. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси статистика ишларини амалга ошириш юзасидан давлат буюртмасини шакллантиришда унга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотиш бўйича улгуржи бозорлар ҳамда мева-сабзавот маҳсулотларини чакана сотиш тармоқлари фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни киритишни назарда тутсин.

12. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари М.З.Усмонов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов






Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 26 октябрдаги

452-сон қарорига

1-ИЛОВА



Улгуржи қишлоқ хўжалиги бозори тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Улгуржи қишлоқ хўжалиги бозори қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари ва истеъмолчиларининг улгуржи савдо, шу жумладан, маҳсулотни сотишдан олдинги тайёрлаш хизматларига бўлган эҳтиёжларини қондириш учун акциядорлик жамияти шаклида (кейинги ўринларда - "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти деб аталади) ташкил этилади.

2. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ва йирик шаҳарларда юридик шахс ҳуқуқи билан ташкил этилади.

Ҳар қандай юридик ва жисмоний шахс, шу жумладан, хорижий юридик ва жисмоний шахс улгуржи бозорнинг муассиси бўлиши мумкин.


3. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси қонунларига ва белгиланган тартибда тасдиқланадиган ўз уставига амал қилади.


4. Улгуржи бозорлар фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун улар йирик шаҳарлар ва транспорт узеллари яқинидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари товар маҳсулотни йирик истеъмолчиларга ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчи ташкилотларга етказиб берадиган жойларда жойлаштирилади.



УЛГУРЖИ БОЗОРНИНГ МАҚСАДИ ВА

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


5. Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти етиштиришнинг мавсумий хусусияти билан унинг бир маромда истеъмол қилиниши ўртасидаги номутаносибликни бартараф этиш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари учун маҳсулотларни эркин белгиланадиган нархлар асосида сотиш, маҳсулотларни консигнацияга ва саноатда қайта ишлашга қабул қилиш кабилар, истеъмолчиларга эса - уларнинг буюртманомаларига мувофиқ етказиб бериш учун шароитлар яратиш "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти фаолият кўрсатишининг асосий мақсади ҳисобланади.


6. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти қўйилган мақсадларга эришиш учун қуйидаги вазифаларни ҳал қилади:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи харид қилиш ва сотишнинг замонавий бозор тизимини шакллантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалиги корхоналаридан, деҳқон ва фермер хўжаликларидан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи харид қилиш ташкил этилишини таъминлаш;

сотувчилар ва истеъмолчиларга қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини, унинг санитария-ветеринария таҳлилини, сертификациялашни, транспортда ташишни, ортиш-тушириш ишларини, сақлашни, пакетларга жойлаш ва маркалашни ташкил этиш бўйича комплекс сервис хизматлари кўрсатиш;

маҳсулот етказиб бериш юзасидан контрактлар тузишни ташкил этиш, улгуржи бозорлардаги конъюнктура, талаб ва таклифлар тўғрисидаги ахборотлар билан таъминлаш;

халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини саралаш ва уларга дастлабки ишлов бериш бўйича ишлаб чиқаришларни ривожлантириш, шунингдек уларни маҳаллий деҳқон бозорларига ва экспортга етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;

улгуржи бозорнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш (савдо майдонлари, омборхоналар, музхоналар, маҳсулотларни қайта ишловчи цехлар ва бошқа объектлар қуриш)га, улгуржи бозорларга туташ ҳудудларни ривожлантириш (меҳмонхоналар, овқатланиш пунктлари, транспорт тўхтаб туриш жойлари, йўллар, алоқа узеллари, тиббий хизмат кўрсатиш жойлари ва шу кабиларни қуриш)га инвесторлар маблағларини жалб қилиш;

республика минтақалари бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш объектлари ва нархлар бўйича маълумотлар банкини шакллантириш;

тегишли бошқарув органларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва озиқ-овқат товарлари билан улгуржи савдо қилишдаги ишларнинг аҳволи тўғрисида таҳлилий обзорлар тайёрлаш, уни ривожлантириш юзасидан тавсияномалар бериш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш соҳасида ҳам, хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам кичик ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш;

қўшимча иш жойлари ташкил этиш.


7. Ўз мижозларининг талабларини қондириш мақсадида "Улгуржи бозор" акциядорлик жамиятлари ўз ҳудудларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қабул қилишни, сотишдан олдинги тайёрлашни, сақлашни, истеъмолчиларга жўнатиш учун туркумлашни ҳамда бозор қатнашчиларига ахборот хизмати кўрсатишни, фермерлар ва деҳқон хўжаликларининг буюртманомаларига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ташиш учун транспорт беришни, меҳмонхона хўжалигини, автомобиль тўхташ жойларини, банк хизматлари кўрсатишни ўз ичига олувчи зарур хизматлар кўрсатишни таъминловчи корхоналар қуришга кўмаклашадилар.



УЛГУРЖИ БОЗОР ҚАТНАШЧИЛАРИ


8. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш, тайёрлаш, сақлаш, сотиш, истеъмол қилиш ва уларни қайта ишлаш соҳасида ўз фаолиятини амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини улгуржи харид қилувчилар, шунингдек битишувлар тузишда зарур хизматлар кўрсатувчи ва бозор фаолиятига хизмат кўрсатувчи бозор фаолияти инфратузилмалари муассасалари "Улгуржи бозор" акциядорлик жамияти қатиашчилари ҳисобланадилар.


9. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамиятининг ҳар бир қатнашчиси бозорда савдо қилишнинг ягона қоидасига риоя қилиши, бозорда рўйхатдан ўтган бўлиши ва визуал кузатиш учун қулай ҳамда ўз мақомига мувофиқ бўлган ягона намунадаги ҳужжат (рухсатнома, рўйхатдан ўтиш картаси ва бошқалар)га эга бўлиши керак.


10. Улгуржи бозор қатнашчиларига улгуржи бозорга тенг ва эркин кириш ҳуқуқи берилади.



УЛГУРЖИ БОЗОРНИНГ ФУНКЦИЯЛАРИ, УЛГУРЖИ

САВДОНИ АМАЛГА ОШИРИШНИНГ АСОСИЙ

ПРИНЦИПЛАРИ ВА ҚОИДАЛАРИ


11. "Улгуржи бозор" АЖ функцияларига қуйидагилар киради:

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг улгуржи олди-сотди операцияларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш ва хизматлар кўрсатиш;

сотувчиларга савдо секцияларини, музхона камераларини ижарага бериш;

савдо қоидаларини ишлаб чиқиш ва белгиланган савдо қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш;

бозор ҳудудини санитария жиҳатидан назорат қилишни таъминлаш;

маҳсулотни сертификациялаш ва санитария-ветеринария жиҳатидан таҳлил қилиш хизматлари фаолиятини ташкил этиш;

келаётган маҳсулотлар ҳисобини юритиш;

низоларни судгача етказмасдан ҳал қилиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини ва товарбоплигини сақлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

транспорт хизмати кўрсатиш, ортиш-тушириш ишлари, товарни сотишдан олдин тайёрлаш бўйича хизматлар кўрсатиш;

товарларнинг сақланиши ва савдо қатнашчиларининг хавфсизлигини сақлаш учун шарт-шароитлар яратиш;

улгуржи савдо қатнашчиларига банк хизмати кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;

қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилувчиларга божхона хизмати кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш;

сотувчиларга ва харидорларга маиший хизматлар кўрсатиш;

бозорнинг зарур инфратузилма объектларини ташкил этиш.


12. Улгуржи бозорда бозор қатнашчилари ўртасида эркин алоқалар боғлаш таъминланади, унда битишувларни муваффақиятли ўтказиш учун зарур бўлган комплекс хизматлар кўреатилади.


13. Улгуржи бозорларда пахта, шунингдек давлат эҳтиёжлари учун мўлжалланган дондан ташқари барча турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари (хом ашё, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр озиқ-овқат маҳсулотлари ва буюмлар) сотилиши мумкин.

Улгуржи бозорлар ҳудудида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини катта сиғимли идишлардан (контейнерлардан) ва автомашиналардан, шунингдек қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун ўраш ва жойлаш материалларини (қутилар, халталар, яшчиклар ва бошқаларни) сотишга йўл қўйилади.

14. Улгуржи бозордаги улгуржи савдолар қуйидаги принциплар асосида олиб борилади:

товарни эркин танлаш;

харидор ва сотувчини эркин танлаш;

эркин нарх белгилаш;

сотиб олинган товарларни эркин тасарруф этиш.


15. Улгуржи бозор ходимлари битишувларни амалга ошириш, шунингдек савдоларни ўтказиш жараёнига тўғридан-тўғри ёки билвосита аралашиш ҳуқуқига эга эмаслар. Улгуржи савдо қатнашчилари аниқ товар секцияларида аниқ савдоларга тааллуқли бўлмаган бошқа эълонлар қилишлари мумкин эмас.


16. Ишлаб чиқарувчилар (товар сотувчилар) товарнинг келиб чиқишини тасдиқловчи сертификатлар (ҳужжатлар)га эга бўлишлари керак.


17. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари харидорлари экспорт мақсадлари учун "Ўзстандарт" агентлиги ва Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги улгуржи бозордаги тайинланган вакиллик хизматидан товарнинг мувофиқлиги ва келиб чиқиши сертификатларини олишлари мумкин.

18. Улгуржи бозорда нақд товар билан улгуржи битишувлар (тўғридан-тўғри, форвардли ва консигнацияли битишувлар) тузилади. Товар учун ҳисоб-китоблар шакли сотувчи ва харидор томонидан белгиланади.



БОЗОРДА ФАОЛИЯТ КЎРСАТУВЧИ

АСОСИЙ ХИЗМАТЛАР


19. "Улгуржи савдо" акциядорлик жамиятига улгуржи савдо жараёнига кўмаклашиш мақсадида қуйидаги хизматлар фаолияти ташкил этилади:

маркетинг хизмати;

ветеринария ва санитария хизмати;

техника хизмати;

ахборот билан таъминлаш хизмати;

юридик хизмат;

қўриқлаш хизмати;

тош-тарози хизмати;

транспорт хизмати.


20. Улгуржи бозор фаолиятига қуйидагилар кўмаклашади:

ички ишлар органлари;

божхона хизмати;

солиқ хизмати;

санитария-эпидемиология хизмати;

"Ўздавстандарт" маркази хизмати;

ветеринария хизмати.



УЛГУРЖИ БОЗОРНИНГ ИШЛАБ ЧИҚАРИШ

ИНФРАТУЗИЛМАСИ


21. Улгуржи бозорнинг ишлаб чиқариш инфратузилмасига қуйидагилар киради:

улгуржи бозор савдосини амалга ошириш учун жиҳозланган майдон ва савдо секциялари;

қишлоқ хўжалиги маҳсулоти сифатини баҳолаш учун лаборатория;

вақтинча сақлаш омборлари ва консигнация омборлари;

тез бузиладиган маҳсулотларни вақтинча сақлаш учун совутиш камералари;

автомашиналар парки;

автомашиналар тўхташ жойлари;

маҳсулотларни сотишдан олдин тайёрлаш ва саноат йўли билан қайта ишлаш цехлари.



УЛГУРЖИ БОЗОРНИ БОШҚАРИШ


22. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамиятини бошқариш ва унинг хўжалик фаолияти "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Қонунига, Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонунларига, шунингдек акциядорлик жамиятининг уларга мувофиқ ишлаб чиқилган таъсис ҳужжатлари (устави)га мувофиқ амалга оширилади.

23. "Улгуржи бозор" акциядорлик жамиятлари ўзлари ҳузурида ташкил этилган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ва йирик шаҳарлар ҳокимликларига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот беради.






Вазирлар Маҳкамасининг

1998 йил 26 октябрдаги

452-сон қарорига

2-ИЛОВА



"Улгуржи бозор" акциядорлик

жамиятининг намунавий ташкилий

ТУЗИЛМАСИ








Акциядорлар умумий йиғилиши


































































Тафтиш комиссияси




















































Кузатувчи кенгаш

























Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари



















Бошқарув












































Бошқарув раиси

(Бош директор)





































































































Бош директор ўринбосари










Кадрлар бўлими ва юридик хизмат



































Савдо, маркетинг ва ахборот хизматлари бўлими










Молия-иқтисодиёт бўлими



































Ветеринария ва санитария хизмати










Транспорт хизмати



































Тош-тарози хизмати










Қўриқлаш хизмати



































Техника хизмати





































"Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорлари тўплами", 1998 й., N 10, 39-модда.