ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Соғлиқни сақлаш. Жисмоний тарбия ва спорт. Туризм / Соғлиқни сақлаш / ОИТС, жинсий ва юқумли касалликларни даволаш ва олдини олиш /

Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 25.04.2020 й. 254-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 25 апрелдаги

254-сон қарорига

2-ИЛОВА



Коронавирус инфекциясини юқтирганликда

гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда

сақлашга мослаштирилган мажмуада эпидемияга қарши

чора-тадбирларни амалга ошириш вақтинчалик

тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом Коронавирус инфекциясини юқтирганликда гумон қилинган шахсларни вақтинчалик карантинда сақлашга мослаштирилган мажмуада (кейинги ўринларда - карантин мажмуаси) эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


карантин - маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи;


марказ - карантин мажмуасини бошқариш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузурида ташкил этиладиган махсус марказ;


назорат органлари - карантин мажмуасида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан назоратни амалга оширишга масъул бўлган Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг вакиллари;

санитария-карантин пунктлари - Давлат чегараларини қуруқликда (автомобиль ва темир йўллари), ҳаво ва сув йўллари орқали кесиб ўтиш жойларидаги чегара-божхона мажмуаларида ташкил этиладиган ихтисослашган профилактик муассаса;


қизил зона - карантин мажмуасининг қабулхонаси, карантинга олинган шахсларнинг яшаши учун мўлжалланган хоналари (шу жумладан, ювиниш хонаси ва ҳожатхона), биологик материал олиш учун мўлжалланган хоналар, карантинга олинган шахсларнинг шахсий буюмлари сақланиши учун мўлжалланган хоналар, тозалаш ва дезинфекция воситалари сақланиши учун мўлжалланган хоналар;


сариқ зона - қизил зонадан яшил зонага ёки яшил зонадан қизил зонага ўтиш учун уларнинг оралиғида жойлаштириладиган ҳамда у ерда бўлган шахсларнинг кийиниши, ювиниши ва кийимларини зарарсизлантирилишига мўлжалланган хоналар;


яшил зона - карантин мажмуасининг тиббиёт ва хизмат кўрсатувчи ходимлари ҳамда назорат органларининг ходимлари учун мўлжалланган хоналар, шунингдек дори воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа тиббиёт препаратлари захираси сақланиши учун мўлжалланган ҳамда ходимлар учун ювиниш ва кийиниш хоналари, ҳожатхона ва ошхона.



2-БОБ. КАРАНТИНГА ОЛИНГАН ШАХСЛАРНИ КАРАНТИН

МАЖМУАСИГА ЖОЙЛАШТИРИШ ТАРТИБИ


1-§. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчиларни

карантин мажмуасига олиб бориш


3. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида навбатчи ходимлар томонидан коронавирус инфекциясининг белгиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилган ҳолда тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади.


4. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар орасидан коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс аниқланганда ҳаракатланиш Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган тартибда амалга оширилади.


5. Санитария-карантин пунктларининг навбатчи ходимлари томонидан чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчиларнинг рўйхати (кейинги ўринларда - чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати) шакллантирилади ва электрон алоқа воситалари орқали марказга юборилади.


6. Марказ чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.


7. Тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи чегарадан ўтаётган шахслар рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни ҳамда уларга тегишли бўлган буюмларни карантин мажмуасига олиб борилиши учун уларнинг сонига мутаносиб равишда транспорт воситалари билан таъминлайди.


8. Карантинга олинадиган шахслар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида карантин мажмуасига олиб борилади.

Карантинга олинадиган шахслар томонидан карантин мажмуасига боришдан бўйин товлаш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади ҳамда бундай ҳолларда шахс мажбурий тартибда карантин мажмуасига олиб борилади.


9. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб боришда кузатиб борувчи ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари, шунингдек уларни олиб борувчи транспорт воситаси ҳайдовчиси шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.


10. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб келган транспорт воситасида карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.



2-§. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан

мулоқотда бўлганларни аниқлаш ва уларни карантин

мажмуасига олиб бориш


11. Коронавирус инфекцияси билан касалланган шахс аниқланганда ички ишлар органлари ҳамда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг бўлимлари ходимлари томонидан дарҳол коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганларнинг рўйхати шакллантирилади.

Бунда, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда бўлганлар коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи даражасига қараб Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги 176-сон қарори билан тасдиқланган Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомда белгиланган мезонлар асосида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга ажратилади.


12. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг бўлими шу вақтнинг ўзида коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларниниг рўйхатини электрон алоқа воситалари орқали тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи, соғлиқни сақлаш органига ҳамда марказга юборади.

13. Ички ишлар органи томонидан коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар рўйхати тегишлилиги бўйича туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (ИИОФМБ, бўлимлари) га юборилади.


14. Туман (шаҳар) ички ишлар бошқармалари (бўлимлари) дарҳол ўзларига тегишли ҳудудда яшайдиган коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларнинг рўйхатида кўрсатилган шахсларни уй шароитида "ўзини-ўзи яккалаш"ини таъминлайди.


15. Марказ коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларнинг рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни жойлаштириш учун карантин мажмуасида уларнинг сонига мувофиқ тегишли хоналар ажратилишини таъминлайди.


16. Тегишли ҳудуддаги маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органи коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлганларниниг рўйхати асосида карантинга олинадиган шахсларни ҳамда уларга тегишли бўлган буюмларни карантин мажмуасига олиб борилиши учун уларнинг сонига мутаносиб равишда транспорт воситалари билан таъминлайди.


17. Карантинга олинадиган шахслар ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида карантин мажмуасига олиб борилади.

Карантинга олинадиган шахслар томонидан карантин мажмуасига боришдан бўйин товлаган тақдирда улар мажбурий тартибда карантин мажмуасига олиб борилади ва бундай ҳаракатлар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланади.


18. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб боришда кузатиб борувчи ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари, шунингдек уларни олиб борувчи транспорт воситаси ҳайдовчиси шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланиши шарт.


19. Карантинга олинадиган шахсларни карантин мажмуасига олиб келган транспорт воситасида карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.



3-§. Карантин мажмуасига жойлаштириш тартиби


20. Карантин мажмуасига чегара-божхона постидан ўтаётган ҳамда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштирилади.


21. Карантин мажмуаси ҳудуди яшил, сариқ ва қизил зоналарга ажратилади.


22. Яшил зонага тиббиёт ва хизмат кўрсатувчи ходимлар, назорат органларининг ходимлари, шунингдек карантин мажмуасининг ёрдамчи бўлимлари ходимлари ва карантин мажмуаси маъмуриятининг рухсати бўлган бошқа шахслар жойлаштирилади.


23. Қизил зонага карантинга олинган шахслар жойлаштирилади.


24. Карантин мажмуасига киритиладиган хизмат кўрсатувчи ходимлар мавсумий гриппга қарши эмланган бўлиши тавсия этилади.


25. Карантинга олинган шахслар карантин мажмуасида 14 кун давомида ёки карантинга олинган шахснинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддат давомида сақланади.


26. Карантин мажмуасига олиб келинган шахслар у ерга жойлаштирилишидан олдин бирламчи тиббий кўрикдан ўтказилиши, яъни тана ҳароратининг ўлчаниши, тиббий ниқоб билан таъминланиши ва қўлларини антисептик воситалари билан зарарсизлантирилиши ва шундан кейин тегишли хоналарга жойлаштирилиши керак.


27. Карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар карантин мажмуасининг кириш жойида ички ишлар органлари ходимлари томонидан вақтинча олиб қўйилади.


28. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар ҳар бир шахснинг Ф.И.О. кўрсатилган ҳолда икки нусхада тузиладиган рўйхат асосида қабул қилиб олинади.

Бунда, рўйхатда ҳар бир топширилган буюм кўрсатилиши, шунингдек буюмларни топширган ва қабул қилган шахс томонидан имзо қўйиш орқали тасдиқланиши лозим. Рўйхатнинг бир нусхаси буюмларни топширган шахсга берилади ва иккинчи нусхаси марказнинг масъул ходимида сақланади.


29. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар карантинга олинган шахс карантин мажмуасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд қонуний вакилларига топширилади. Бунда буюмларни қабул қилиб олган шахс уларни қайтариб олганлигини ўз имзоси билан тасдиқлаши шарт.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмларни сақлаш (қўриқлаш) марказ томонидан ички ишлар ва миллий гвардия органлари билан биргаликда ташкиллаштирилади.


30. Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар махсус хонада очиқ ультрабинафша нурлари (бактериоцид лампа) билан ёки стерилланган спиртли нам салфеткалар ёхуд антисептик воситалар билан дезинфекция қилинади.


31. Карантин мажмуасининг ҳар бир хонасига 4 тадан кўп бўлмаган шахслар уларнинг шахсини ҳисобга олган ҳолда жойлаштирилади. Бунда эркаклар ва аёллар ҳамда юқумли ва паразитар касалликларга чалинган ёки тиббий кузатувга муҳтож бўлган беморлар алоҳида хоналарда жойлаштирилиши шарт, бундан бир хонага бир оиланинг аъзоларини жойлаштириш ҳоллари мустасно.


32. Карантин мажмуасининг ҳар бир хонасига карантинга олинган шахсларни жойлаштириш бир вақтнинг ўзида амалга оширилиши шарт.

Агар хонага бир вақтнинг ўзида 4 тадан кам шахс жойлаштирилганда ёки бир хонага жойлаштирилган шахслар орасидан бири ёки бир нечтаси чиқарилганда ушбу хонада қолган шахсларнинг карантинда бўлиш муддати тугагунига қадар мазкур хонага бошқа шахсларни жойлаштириш тақиқланади.


33. Карантин мажмуасининг хонасида мавжуд жиҳоз ва буюмларнинг номи ва сони кўрсатилган рўйхат ҳар бир хонанинг ҳамма кўриши мумкин бўлган жойига осиб қўйилади.



3-БОБ. КАРАНТИН МАЖМУАСИДА КАРАНТИНДА

САҚЛАШНИНГ ИЧКИ ТАРТИБ ҚОИДАЛАРИ


1-§. Карантин мажмуасининг ички тартиб қоидалари


34. Карантинга олинган шахсларнинг кун тартиби марказ томонидан белгиланади. Кун тартиби карантин мажмуасининг ҳар бир хонасида ҳамма кўриши мумкин бўлган жойга осиб қўйилади.


35. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси эшигининг ташқи томонига ушбу хонада жойлаштирилган шахсларнинг Ф.И.О. кўринарли қилиб осиб қўйилиши зарур.


36. Карантинга олинган шахсларнинг шахсий вақтларида мутолаа қилишлари учун китоб ва даврий босма нашрлари билан таъминлаш марказ зиммасига юклатилади.

Бунда, бир хонадаги шахсларга берилган китоб ва даврий босма нашрларини бошқа хонадаги шахсларга беришга йўл қўйилмайди.


37. Карантинга олинган шахслар учун шахсий гигиена воситалари (шу жумладан, антисептик воситалар, тиббий ниқоб, совун) билан таъминланиши шарт.


38. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси барча зарур жиҳозлар билан таъминланган бўлиши керак. Бунда, хоналар мазкур Низомнинг иловасида белгиланган меъёрлардан кам бўлмаган ҳолда жиҳозланади.

Карантин мажмуаси ҳудудида жорий тозалов ишлари кунига бир маҳал, шунингдек ҳафтада камида бир маротаба дезинфекция воситаларидан фойдаланган ҳолда ўтказилади. Бунда карантинга олинган шахслар жойлаштирилган хонада жорий тозалов ишлари уларнинг ўзлари томонидан амалга оширилади.

Карантин мажмуаси ҳудудида, шу жумладан карантинга олинган шахслар жойлаштирилган хонада профилактик дезинсекция ва дератизация тадбирлари ҳар ойда камида бир марта амалга оширилиши талаб этилади.

Карантинга олинган шахсларнинг умумий ювиниш ва ҳожатхонадан фойдаланиши тақиқланади.

Ювиниш хонаси ва ҳожатхона карантинга олинган шахслар жойлашган хоналарининг таркибида бўлади.


39. Карантин мажмуасининг карантинга олинган шахслар жойлаштирилган ҳар бир хонаси тиббий ёрдам чақириш, карантин мажмуаси маъмурияти билан боғланиш ва ташқи алоқа учун узлуксиз равишда ишлайдиган телефон аппарати билан таъминланган бўлиши шарт.

Бунда, карантинга олинган шахсларнинг хонасидаги ювиниш хонаси ёки ҳожатхона ишламаслиги ёхуд шахсий гигиена воситаларининг (шу жумладан, антисептик воситалар, тиббий ниқоб, совун) мавжуд эмаслиги ҳақидаги талаблари карантин мажмуаси маъмурияти томонидан дарҳол бартараф этилиши шарт.


40. Карантин мажмуасида карантинга олинган шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларнинг тегишлилиги бўйича масъул ходимларга хабар берилишини таъминлаш мақсадида карантин мажмуасида алоҳида навбатчилик қисми ташкил этилади.


41. Карантинга олинган шахслар ташқаридан ҳар қандай кўринишдаги почта жўнатмалари, посилка ва бандероллар қабул қилиши тақиқланади, бундан қуйидаги жўнатмалар мустасно:

сурункали касалликларга чалинган карантинга олинган шахслар учун дори-дармон воситалари;

даволовчи шифокор тавсиясига кўра махсус парҳез маҳсулотлари;

болаларга мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ва зарур гигиена воситалари;

қўшимча гигиена воситалари, кийим-кечаклар ва адабиётлар.

Мазкур жўнатмалар марказнинг махсус ходимларига топширилади. Бунда жўнатмаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб ультрабинафша нурлари (бактериоцид лампа) ёки стерилланган спиртли нам салфеткалар ёхуд антисептик воситалар билан дизинфекция қилинади ва карантинга олинган шахсларга етказилади.


42. Карантин мажмуасида карантинга олинган шахслар шахсий эҳтиёжлари ёки бошқа сабаблар туфайли улар ҳаракатланиши белгиланган ҳудуддан чиқиши қатъиян тақиқланади.


43. Карантинга олинган шахсларнинг чойшаблари ҳар етти кунда ва ифлосланишига қараб алмаштирилади.

Карантинда бўлиш муддати тугаганидан сўнг карантин мажмуасидан чиқарилган шахсларнинг фойдаланилган чойшаблари камерали дезинфекция усулида зарарсизлантирилади, каравот ва каравот олди тумбалар ҳамда хонадаги барча жиҳоз ва анжомлар дезинфекцияловчи эритмалар ёрдамида жорий тозалаш ва дезинфекция тадбирларидан ўтказилади.


44. Карантинга олинган шахслар ҳар куни икки маҳал (эрталаб ва кечқурун) тиббиёт ходимлари томонидан тана ҳарорати ўлчанади, коронавирус инфекцияси клиник белгилари (тана ҳароратининг меъёридан юқорилиги, қуруқ йўтал, ҳолсизланиш, нафас сиқилиши) кузатилганда дарҳол шифокор кўриги ташкил этилади.

Тиббий кузатув билан бир вақтда тиббиёт ходими карантинга олинган шахсларнинг ўз ўрнида бўлганликларини текшириб боради ва бу ҳақдаги маълумотларни алоҳида журналда мунтазам равишда (камида суткада икки маҳал (тун ва кун) қайд этиб боради.


45. Карантин мажмуасида коронавирус инфекцияси клиник белгилари кузатилган шахс аниқланганда, у дарҳол карантин мажмуасининг алоҳида хонасига (изоляторга) кўчирилади ва уни 6 соат ичида тегишли касалхонага (госпитал, провизор госпитал) юбориш чоралари кўрилади. Бу шахслар билан мулоқотда бўлганлар эса лаборатория таҳлили натижалари олингунга қадар, ўз хоналарида изоляция қилинади.


46. Карантин мажмуасида фаолият юритаётган барча тиббиёт ходимлари, шунингдек хизмат кўрсатувчи ва бошқа шахслар шахсий ҳимоя воситалари (комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқоп) туридан фойдаланади.

Карантин мажмуасида хизмат ўтовчи ички ишлар органлари ходимлари, Миллий гвардия ва Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари зарур шахсий ҳимоя воситаларидан (тиббий ниқоб ва қўлқоп) фойдаланган ҳолда ўз хизмат фаолиятларини олиб борадилар.


47. Карантин мажмуасига жалб этилган ходимлар ушбу мажмуада 14 кун давомида қолиб ишлашлари (казарма ҳолатида бўлишлари) талаб этилади.


48. Марказ томонидан:

карантинга олинганлар ўртасида санитария-тарғибот ишлари мунтазам равишда олиб борилиши;

карантин мажмуаси масофадан ушбу тарғибот ишларини олиб бориш учун умумий ахборот етказувчи барча воситалар билан таъминланади.


49. Қизил зонага тиббиёт ходимлари ва хизмат кўрсатувчи ходимлардан бошқа ходимларнинг кириши ва карантинга олинган шахслар билан мулоқотга киришиши қатъиян тақиқланади.

Агар карантин мажмуасига жалб қилинган ходимлар фаолияти даврида уларда коронавирус инфекцияси белгилари қайд этилса, ушбу ходимлар карантин мажмуасидан чиқарилмасдан, алоҳида кузатувга олинади ва мазкур Низомнинг 45-бандига мувофиқ зарур тадбирлар амалга оширилади.


50. Карантин мажмуасининг қизил зонасидан яшил зонасига ўтиш ёки аксинча яшил зонадан қизил зонага ўтиш сариқ зона орқали амалга оширилади.


51. Вилоят, шаҳар, туман санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматининг бўлимлари ва ҳудудий ўлат, карантин ва ўта хавфли инфекцияларни профилактика қилиш марказлари карантин мажмуасида эпидемияга қарши режим талаблари бажарилишини мониторинг қилиш ва профилактик чора-тадбирларни ташкил этишга амалий ёрдам кўрсатади.

52. Карантинга олинган шахсларни овқатлантириш марказ томонидан аутсорсинг ёки кейтеринг шартлари асосида ташкил этилади.

Карантинга олинган шахслар бир кунда тўрт маҳал марказ ҳисобидан овқатлантирилади. Бунда карантинга олинган шахсларга озиқ-овқатларни тарқатиш тиббиёт ходими назорати остида амалга оширилиши шарт.


53. Марказ томонидан ҳар куни озиқ-овқат етказиб берувчи аутсорсинг (кейтеринг) ташкилотига карантин мажмуасида жойлаштирилганлар сони тўғрисидаги маълумотлар бериб борилиши лозим.


54. Карантин мажмуасига озиқ-овқатлар транспорт воситасида олиб келиниши, улар бир маротаба ишлатишга мўлжалланган, усти ёпиладиган махсус идишларга жойлаштирилган бўлиши керак.

Озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилишда фойдаланиладиган барча буюмлар бир маротаба ишлатишга мўлжалланган бўлиши талаб этилади.


55. Аутсорсинг (кейтеринг) ташкилотлари томонидан карантин мажмуасига олиб келинган озиқ-овқатлар марказ фаолиятига жалб қилинган масъул ёрдамчи ходимлар томонидан қабул қилиб олинади ва тарқатилади.


56. Озиқ-овқатлар шу вақтнинг ўзида тиббиёт ходимлари назорати остида карантин мажмуасида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан навбат билан қизил ва яшил зоналарда жойлаштирилган шахсларга тарқатилади.


57. Карантин мажмуасида хизмат кўрсатувчи ходимлар томонидан тарқатилган озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари ҳар бир хонадан махсус полиэтилен қопларга йиғиб чиқилади.

Озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари жойлаштирилган махсус полиэтилен қоплар сақлаб турилиши тақиқланади.


58. Барча озиқ-овқат идишлари ва овқат қолдиқлари жойлаштирилган махсус полиэтилен қоплар шу вақтнинг ўзида тегишли ҳудудга олиб борилиб, махсус (муфель) печларда куйдириб ташлаш орқали йўқ қилинади.


59. Карантин мажмуаси ҳудудига фақатгина марказ коменданти рухсати билан марказга хизмат кўрсатувчи транспорт воситалари киритилишига йўл қўйилади.


60. Карантин мажмуаси ҳудудига киритиладиган ҳар бир транспорт воситаси ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан кўздан кечирилгандан кейингина киритилиши мумкин.


61. Карантин мажмуаси ҳудудига киритиладиган ва ушбу ҳудуддан чиқариладиган транспорт воситалари, уларнинг ҳайдовчиси ва бошқа шахслар тўғрисидаги, шунингдек ҳудудга олиб кириладиган буюм, маҳсулот ва бошқа воситалар ҳақидаги маълумотлар ички ишлар ва миллий гвардия органларининг ходимлари томонидан тизимлаштирилган тартибда карантин мажмуаси бўйича юритиладиган электрон маълумотлар базасига киритиб борилиши шарт.


62. Транспорт воситасини карантин мажмуаси ҳудудига киритишда ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан транспорт воситаси ҳайдовчисига олиб келинган буюм, маҳсулот ва воситаларни карантин мажмуасида қабул қилиб олиш учун мўлжалланган ҳудуд доирасида ҳаракатланиши ва ортга қайтиши лозимлиги тушунтирилиши керак.


63. Карантин мажмуаси ҳудудидан ҳар қандай буюм, маҳсулот ва бошқа воситаларнинг олиб чиқилиши тақиқланади, бундан яшил зонадан чиқариладиган маиший чиқиндилар мустасно.


64. Транспорт воситалари карантин мажмуаси ҳудудидан чиқиб кетишидан олдин махсус ажратилган майдончада дезинфекция тадбирлари ўтказилганидан сўнг унинг кетишига рухсат берилади.


65. Карантин мажмуасида фаолият юритаётган тиббиёт ва бошқа хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳар қандай ҳолатда 2 метрдан кам бўлмаган ижтимоий масофани сақлашлари тавсия этилади.



2-§. Карантин мажмуасида назоратни таъминлаш


66. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги:

карантинга олинган шахсларнинг санитария-эпидемиологик осойишталиги таъминланиши устидан белгиланган тартибда назорат олиб боришлари;

карантинга олинган шахслар томонидан эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузилишини олдини олишлари, уларни аниқлашлари ва бартараф этишлари;

карантинга олинган шахсларда коронавирус инфекцияси белгилари аниқланган ҳолларда коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморларни дарҳол карантинда олинган бошқа шахслардан ажратиш чораларини кўрилишини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилишини таъминлашлари шарт.


67. Бегона шахсларни, жониворларни ва автотранспорт воситаларни карантин мажмуаси ҳудудига киритмаслик мақсадида карантин мажмуаси ҳудуди ўраб олиниши, ҳудудни қўриқлаётган ходимлар учун махсус хоналар бўлиши, ҳудудда кузатув олиб бориш ва кириш учун махсус постлар белгиланиши лозим.


68. Карантин мажмуасида сақланаётган шахсларни назорат қилиш ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда карантин мажмуаси ходимларидан иборат таркибда ташкил этиладиган навбатчилик гуруҳлари томонидан амалга оширилади.

Карантин мажмуасида карантинга олинган ҳар бир шахснинг хонаси ва унга туташ бўлган ҳудуд ушбу навбатчилик гуруҳлари томонидан алоҳида карантин ҳудуди сифатида қатъий назоратга олинади.


69. Карантин мажмуаси ҳудудини қўриқлаш Мудофаа вазирлигининг ҳарбий хизматчилари томонидан амалга оширилади.

Бунда, карантин мажмуаси бинолари ва унга туташ ҳудудни кеча-кундуз навбатчилик асосида қўриқланиши таъминланади.


70. Ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари томонидан:

карантинга олинган шахсларнинг карантин ички тартиб қоидаларига риоя қилишлари доимий назорат қилиб борилади;

карантин мажмуасининг ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилади.


71. Ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимлари ҳамда марказ ходимлари томонидан карантинга олинган шахсларнинг карантин муддати давомида ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этишга ҳар қандай уринишлар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш деб ҳисобланиши ва бу белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида огоҳлантирилади.


72. Карантинга олинган шахсларни ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этиш ёки шундай ҳаракатларни содир этишга уриниш, шунингдек тиббиёт ходимларига қаршилик кўрсатиш ҳолатлари содир этилса, бу тўғрисида ички ишлар ва Миллий гвардия органлари ходимларига зудлик билан хабар берилади.

Бунда, ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари карантинга олинган шахсларни ўзбошимчалик билан карантин ҳудудини тарк этишларини олдини олишга қаратилган кечиктириб бўлмайдиган чораларни кўришлари шарт.


73. Карантин ҳудудини ўзбошимчалик билан тарк этишга уринган ёки карантин ҳудудини тарк этган карантинга олинган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.



4-БОБ. КАРАНТИН МАЖМУАСИДА ЁРДАМЧИ

БЎЛИНМАЛАР ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ҲАМДА ЖИҲОЗЛАШ ТАРТИБИ


74. Карантин мажмуасида полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лабораторияси ва кирхона бўлинмалари ташкил этилади.


75. Полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборотория бўлинмаси алоҳида бинода жойлашган ва хоналарни жойлаштиришда кетма-кетлик қоидаларига риоя этилади ва қуйидаги хоналардан иборат бўлиши керак:

намуналарни қабул қилиш ва рўйхатга олиш хонаси;

материалларни бирламчи зарарсизлантириш ва саралаш хонаси;

РНК-ДНКларни ажратиш хонаси;

реакцион аралашмаларни тайёрлаш хонаси;

таҳлил натижаларини ҳисоблаш хонаси;

лаборатория мудири хонаси;

ходимлар хонаси;

материаллар сақлаш хонаси;

инвентарь хонаси;

кислота ва ишқорларни сақлаш хонаси.


76. Полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборатория бўлинмаси хоналари манфий босим остида ишлашга мўлжалланган механик вентиляция тизимига эга бўлиши керак.


77. Ҳар бир хона функционал вазифасидан келиб чиққан ҳолда асбоб-анжомлар, реактив ва сарфловчи материаллар билан таъминланиши керак, бунда:


а) РНК-ДНКларни ажратиш хонаси:

ламинар шкаф;

микроцентрифуга;

ультрапаст температурада ишлайдиган музлатгич;

реактивлар учун совутгич;

миксер/вортекс;

термомиксер;


б) реакцион аралашмаларни тайёрлаш хонаси:

биохавфсизлик шкафи;

реагентларни сақлаш учун совутгич;


в) таҳлил натижаларини ҳисоблаш хонаси:

полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лабораторияси аппарати;

полимеразия занжирли реакция (ПЗР) лаборатория бўлинмасининг барча хоналари бактерицид лампалар билан таъминланган бўлиши керак.


78. Ҳар бир хона лаборатория мебели (стол, стул, шкаф), бир каналли ҳар хил ўлчамдаги дозаторлар, контейнерлар, дозатор ва пробиркалар учун штативлар, ультрапаст температурали музлатгичлар учун криоқўлқоплар билан таъминланган бўлиши керак.


79. Лаборатория биоматериалларни зарарсизлантириш учун автоклав билан таъминланади.


80. Қизил мажмуада жойлашган хоналарнинг чойшабларини, шунингдек тиббий ходимларнинг махсус кийимларини ювиш учун карантин мажмуаси ҳудудида кирхоналар ташкил этилади.


81. Кирхона санитария қоидалари ва меъёрлари талаблари асосида сув таъминоти, канализация ва вентиляция тизимига эга бўлиши керак. Кирхона хоналари алоҳида бинода жойлашган ва хоналарни жойлаштиришда кетма-кетлик қоидаларига риоя этилади ва қуйидаги хоналардан (цехлардан) иборат бўлиши керак:

қабул қилиш ва саралаш цехи;

кирларни ювиш цехи;

кирларни қуритиш цехи;

кирларни дазмоллаш цехи;

юмшоқ жиҳозларни сақлаш хонаси;

кирларни тарқатиш (экспедиция) хонаси;

ювувчи ва дезинфекция воситалари сақлаш хонаси;

ходимлар хонаси;

дам олиш хонаси;

ювиниш хонаси ва ҳожатхона.


82. Кирхоналар кирларни зарарсизлантириш учун ванналар, кир ювиш машиналари, центрифугалар, дазмоллаш ускуналари билан жиҳозланади.


83. Ювилган чойшаб ва махсус кийимларни сақлаш хонасида стеллажлар ўрнатилган бўлиши керак.


84. Кирларни қуритиш цехи кирларни қуритиш учун мўлжалланган ускуналар билан жиҳозланган бўлиши лозим.



5-БОБ. КАРАНТИНГА ОЛИНГАН ШАХСЛАРНИ

КАРАНТИН МУДДАТИ ТУГАГАНИДАН СЎНГ

КАРАНТИН МАЖМУАСИДАН ЧИҚАРИШ ТАРТИБИ


85. Карантинга олинган шахсларда охирги 14 кунлик муддатда ёки уларнинг соғлиғи ҳолатига кўра соғлиқни сақлаш органлари томонидан белгилаб берилган муддатда коронавирус инфекцияси аниқланмаса, уларни карантин мажмуасидан чиқариш бўйича соғлиқни сақлаш органлари томонидан қарор қабул қилинади.

Бунда, мазкур шахслар билан бир хонада бўлган бошқа шахслар орасида коронавирус инфекцияси аниқланган тақдирда, қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.


86. Карантин мажмуасига жойлаштирилган шахсларни карантин мажмуасидан чиқаришда қуйидагилар инобатга олинади:

тана ҳарорати карантин муддатининг охирги 3 куни давомида меъёрдалиги;

нафас олиш белгиларининг яхшилиги;

касалликни бошқа белгилари мавжуд эмаслиги;

карантин муддатида жами уч маротаба полимеразия занжирли реакция (ПЗР) таҳлили ўрганишда манфий натижа чиққанлиги.


87. Карантин мажмуасидан чиқарилаётган шахсларнинг вақтинчалик олиб қўйилган буюмлари ички ишлар органлари ходимлари томонидан уларнинг ўзларига ёки уларнинг яқин қариндошлари ёхуд қонуний вакилларига карантин муддати тугаганидан кейин қайтариб берилади.


88. Карантин мажмуаси томонидан карантиндан чиққан шахслар ҳақида уларнинг яшаш жойларидаги поликлиникаларга ахборот берилади.

Карантинга олинган шахслар устидан кейинги 10 кун давомида яшаш жойидаги поликлиника шифокори томонидан телефон орқали кузатув ўрнатилади.


89. Карантин мажмуасидан чиқариладиган шахсларни махсус дезинфекцияланган транспорт воситаларида уларнинг яшаш жойларига олиб борилиши тегишли ҳудуддаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи томонидан таъминланади.

Бунда, уларни яшаш жойларига олиб борилиши ички ишлар ва миллий гвардия органлари ходимлари кузатуви ва назорати остида амалга оширилади.


90. Карантиндан чиқаётган шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақаси Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (рўйхат рақами 2667, 2015 йил 17 апрель) мувофиқ эпидемиолог ёки санитар врач томонидан берилиши мумкин.


91. Карантиндан чиққан шахслар яшаган хоналарда жорий тозалаш ва дезинфекция тадбирлари ўтказилгандан сўнг соғлиқни сақлаш органлари томонидан хоналар тегишли ҳудуддаги марказга топширилади.



6-БОБ. КАРАНТИН МАЖМУАСИДА ТОВАР-МОДДИЙ

ЗАХИРАЛАРНИ ҲИСОБИНИ ЮРИТИШ ВА САҚЛАШ


92. Карантин мажмуасида товар-моддий захираларни қабул қилиш, сақлаш ва топшириш учун жавобгарлик марказ директорининг буйруғи билан тайинланган моддий жавобгар шахсларга юклатилади.

Моддий жавобгар шахсларнинг алмашиниши товар-моддий захираларнинг инвентаризацияси ва марказ директори томонидан тасдиқланадиган қабул қилиш-топшириш далолатномаларини тузиш билан амалга оширилади.

Товар-моддий захираларни сақлаш жойлари ушбу захираларнинг хусусиятидан келиб чиқиб уларни сақлашга мўлжалланган воситалар билан таъминланиши, шунингдек зарур ўлчов асбоблари, ўлчов идишлари ва бошқа назорат мосламалари билан таъминланиши лозим.


93. Карантин мажмуасида товар-моддий захиралар қуйидагилар натижасида марказга кирим қилинади:

етказиб бериш (олди-сотди) шартномаси бўйича харид қилиниши;

беғараз келиб тушиши (ҳадя шартномаси бўйича);

марказнинг ўзида тайёрланиши;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда.


94. Ҳисобдан чиқарилаётган товар-моддий захираларнинг қиймати чиқарилиш далилини аниқлаш пайтида балансдан чиқарилиши керак. Товар-моддий захиралар марказ балансидан:

сотиш;

беғараз бериш;

сақлаш муддати тугагач яроқсизлиги сабабли жисмонан ва маънан эскирганлиги натижасида тугатиш (йўқ қилиш);

камомад, йўқотиш ёки шикастланиш (синиш, бўлиниш) аниқланиши;

бошқа операциялар ва ҳодисалар натижасида ҳисобдан чиқарилади.


95. Карантинга жойлаштирилган шахслар томонидан карантин мажмуасининг товар-моддий захираларига етказилган зарар ушбу шахслар маблағлари ҳисобидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.


96. Карантин мажмуасида товар-моддий захиралар жойлашган бинони қўриқлаш Миллий гвардия органлари томонидан амалга оширилади.



7-БОБ. КАРАНТИН МАЖМУАСИГА ЖОЙЛАШТИРИЛГАН

ШАХСЛАРНИ МАРКАЗЛАШТИРИЛГАН ҲИСОБИНИ

ЮРИТИШ ТАРТИБИ


97. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан карантинга олинган шахсларнинг марказлашган ҳисоби ва карантин режими ҳолати устидан мониторингини олиб бориш имконини берадиган марказлаштирилган ахборот тизими (кейинги ўринларда - ахборот тизими) ташкил этилади.

Ахборот тизимига жойлаштириладиган маълумотлар формати ўз ичига анкета, ҳисоботлар ва бошқа шаклларни олиши зарур.


98. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизими орқали карантин мажмуаларида жойлаштирилган шахслар тўғрисидаги маълумотларни жамлаш, ишлаш, умумлаштириш, сақлаш, таҳлил қилиш ва уларни рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоя қилиш, шунингдек уларни тегишли давлат органларига тақдим этилишини таъминлайди.


99. Ахборот тизими Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар соғлиқни сақлаш бошқармалари ва Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси (кейинги ўринларда - ҳудудий соғлиқни сақлаш органи) томонидан тақдим этиладиган маълумотлар асосида шакллантирилади.


100. Карантин мажмуасида ахборот тизимига киритиладиган маълумотларни ва карантинга олинган ва карантиндан чиқарилган шахслар ҳақидаги маълумотлар шакллантириш учун карантин мажмуасининг маълумотлар базаси (кейинги ўринларда - маълумотлар базаси) ташкил этилади.

Маълумотлар базасини юритиш учун марказ директорининг буйруғи билан масъул шахс тайинланади.

Маълумотлар базасига карантинга олинган шахслар ва карантиндан чиқарилган шахслар ҳақидаги маълумотлар ахборот тизимида белгиланган маълумотларни йиғиш шаклига мувофиқ амалга оширилади.

Маълумотлар базасидаги маълумотларнинг тўлиқлиги ва тўғрилиги учун марказ масъул ҳисобланади.


101. Марказ маълумотлар базасига киритилган маълумотларни ҳар куни камида икки маротаба тегишлилиги бўйича ҳудудий соғлиқни сақлаш органига ахборот тизими орқали юборади.


102. Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари марказ томонидан тақдим этилган маълумотларни қабул қилиб олади ва шу вақтнинг ўзида умумлаштирилган ҳолда ахборот тизими орқали Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда тегишлилиги бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этиб боради.


103. Ҳудудий соғлиқни сақлаш органлари томонидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига тақдим этиладиган маълумотлар ахборот тизимига масъул ходим томонидан умумлаштирилган ҳолда қайта киритилади.


104. Ахборот тизимида карантинга олинган ёки ундан чиқарилган шахсларни ҳисобга олиш ахборот тизимида ўрнатилган форматдаги шакл бўйича карантин мажмуасига жойлаштирилган шахсларни ҳисобга олиш карточкаси асосида амалга оширилади.


105. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот тизимидаги янгиланган маълумотни кунига камида икки марта Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига юборади.


106. Карантинга олинган шахслар ҳақидаги маълумотлардан фойдаланишда "Шахсга доир маълумотлар тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни талабларига қатъий амал қилиниши шарт.

Ахборот тизимидаги маълумотларнинг учинчи шахсларга ошкор этилиши оқибатида шахснинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари камситилишига олиб келган ёки ушбу маълумотлардан ғаразли мақсадларда фойдаланилган ҳолатларда қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий жавобгарлик чоралари қўлланилади.



8-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДА


107. Мазкур Низом талабларини бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.






Низомга

ИЛОВА



Карантинга олинган шахслар жойлаштириладиган

хоналарда бўлиши лозим бўлган жиҳозларнинг энг кам

МЕЪЁРЛАРИ

Т/р

Жиҳозларнинг номи

Жиҳозларнинг сони

1.

Кийим жавони

1 та

2.

Тумба (оёқ кийимлар учун)

1 та

3.

Каравот

4 та

4.

Стол

1 та

5.

Стул

4 та

6.

Юмшоқ жиҳозлар учун жавон

1 та

7.

Ёстиқ

4 та

8.

Тўшак

4 та

9.

Кўрпа (жун ёки пахтали)

4 та

10.

Чойшаб

4 та

11.

Ёстиқ жилд

4 та

12.

Кўрпа жилд

4 та

13.

Хўжалик анжомлари учун жавон

1 та

14.

Сочиқ

4 та

15.

Қоғоз салфеткалари

4 та

16.

Ахлат қутиси

1 та

17.

Пол ювиш учун латта

1 та

18.

Челак

1 та

19.

Супурги

1 та

20.

Ҳокандоз

1 та

21.

Швабра

1 та

22.

Кондиционер

1 та

23.

Телевизор

1 та

24.

Термометр

4 та

25.

Деворда турадиган илгич (сочиқлар учун)

1 та

26.

Холодильник

1 та

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 апрель





















































Время: 0.0049
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск