ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш. Хавфсизлик. Маъмурий ва жиноий жавобгарлик / Фавқулодда вазиятлар, уларнинг оқибатларини бартараф этиш /

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 28.04.2020 й. Ф-5567-сон "Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги Фармойиши

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ФАРМОЙИШИ

28.04.2020 й.

N Ф-5567




БУХОРО ВИЛОЯТИДА ЮЗ БЕРГАН ТАБИИЙ

ОФАТ ОҚИБАТЛАРИНИ БАРТАРАФ ЭТИШ

БЎЙИЧА КЕЧИКТИРИБ БЎЛМАЙДИГАН

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


2020 йил 27-28 апрель кунлари республикамизнинг қатор вилоятлари айрим туман ва шаҳарларида кучли шамол билан ёмғир ёғиб ўтди. Шамолнинг тезлиги баъзи ҳудудларда секундига 30-35 метрга етди.

Бу табиий офат айниқса Бухоро вилоятига ўзининг сезиларли таъсирини ўтказди. Натижада иқтисодиёт тармоқлари жиддий зарар кўрди. Жумладан, нефть-газ, энергетика ва инфратузилма соҳалари, ижтимоий объектлар - касалхоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, кўп қаватли ҳамда аҳолининг якка тартибдаги уй-жойлари, қишлоқ хўжалиги экинлари, шунингдек, ғалла, пахта, мева-сабзавот майдонлари ва иссиқхоналар катта талофат кўрди.

Юз берган табиий офат оқибатларини зудлик билан бартараф этиш, авария-тиклаш, қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш, қишлоқ хўжалиги экинларини тез кунларда қайта жойлаштириш ва экишни ҳамда зарар кўрган аҳолига ҳар томонлама тезкор амалий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш мақсадида:


1. Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссияси (кейинги ўринларда - Ҳукумат комиссияси) ташкил этилсин ва унинг таркиби иловага мувофиқ тасдиқлансин.


2. Ҳукумат комиссияси (А. Раматов) зиммасига қуйидаги вазифалар юклансин:

Бухоро вилояти иқтисодиёт тармоқларида, биринчи навбатда энергетика, ижтимоий соҳа, кўп қаватли уй-жой фонди, якка тартибдаги аҳоли хонадонлари, нотурар жой бинолари, маданий мерос объектларига етказилган зарар ва йўқотишлар миқдорини аниқлаш ва баҳолаш;

табиий офатдан зарар кўрган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, заруратга қараб уларга вақтинча турар жой, озиқ-овқат, тиббий хизмат ва бошқа тегишли шароитларни яратиш;

аҳоли пунктларида табиий офат оқибатларини тезкорлик билан бартараф этиш, ижтимоий-иқтисодий, муҳандислик, транспорт ва энергетика инфратузилмаси ҳамда бошқа ҳаётий муҳим объектлар ва тизимларни, уй-жой ва коммунал хўжалигини тиклаш ва ишчанлик ҳолатига келтириш;

қурилиш-тиклаш ишларига зарур бўладиган барча турдаги қурилиш материалларининг миқдорини аниқлаш ва уларни республиканинг турли ҳудудларидаги ишлаб чиқариш корхоналаридан керакли ҳажмда етказилишини таъминлаш;

қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқаришида етказилган зарарлар, экин майдонларидаги йўқотишлар ва нобудгарчиликлар ўрнини қоплаш, ирригация ва мелиорация тармоқларини тиклаш чораларини кўриш;

тез кунларда нобуд бўлган ғалла ва пахта майдонларини тўлиқ ўрганиб чиқиб, қисқа муддатларда бошқа турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экишни ташкил этиш, зарар кўрган иссиқхоналарни тиклаш ва улардаги экинларни парваришлаш бўйича зарур чора-тадбирларни белгилаш.


3. Ҳукумат комиссияси (А. Раматов) мутасадди вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларида етказилган зарар ва йўқотишлар кўламини ҳамда ажратиладиган молиявий маблағларни инобатга олган ҳолда табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастурини уч кун муддатда ишлаб чиқиб, уни амалга оширилишини таъминласин.


4. Молия вазирлиги (Т. Ишметов) бир кун муддатда Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 100 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратсин.

Ҳукумат комиссияси табиий офат оқибатларини ўрганиш натижаларига кўра, заруратга қараб Бухоро вилоятига қўшимча маблағлар ажратиш бўйича таклиф киритсин.


5. Вазирлар Маҳкамаси (Ў. Барноев), Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Ўзагроинспекция, "Давергеодезкадастр" қўмитаси, Бухоро вилояти ҳокимлиги уч кун муддатда қишлоқ хўжалиги экинларига, жумладан ғалла, пахта, мева-сабзавот ва иссиқхоналар бўйича зарар етказилган майдонларни аниқлаб, ҳар бир экин тури бўйича туманлар кесимида бажариладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқсин ҳамда тезкор тарзда амалга оширилишини таъминласин.


6. Вазирлар Маҳкамаси (Ж. Қўчқоров, Ў. Барноев), Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги беш кун муддатда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан зарар етган ғўза майдонларига қилинган харажатлар ва ғалладан олинмайдиган ҳосил ўрнини қоплаш юзасидан таклиф киритсин.


7. Энергетика вазирлиги (А. Султанов) уч кун муддатда ишлаб чиқариш, ижтимоий соҳа ва аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, шунингдек, авария-тиклаш ишларига республиканинг бошқа ҳудудларидан куч-восита ва махсус техникаларни жалб этиш чораларини кўрсин.


8. Мудофаа вазирлиги (Б. Қурбонов) табиий офат юз берган ҳудудларда муҳандислик, қидирув-қутқарув ва бошқа шошилинч ишларни бажариш, зарар кўрган одамларнинг ҳаёт фаолиятини биринчи навбатда таъминлаш, муҳим объект ва тизимларнинг ишчанлигини тезкорлик билан тиклаш ишларига Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий қисм ва муассасаларининг ҳарбий хизматчилари ҳамда махсус техникаларини жалб қилсин.


9. Ички ишлар вазирлиги (П. Бобожонов):

Миллий гвардия билан биргаликда Бухоро вилояти ҳудудида табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларини амалга ошириш жараёнида жамоат тартибини сақлаш, фуқаролар хавфсизлигини ҳамда жисмоний ва юридик шахслар турар-жойлари, бино-иншоотлари ва мол-мулки муҳофаза қилинишини таъминлаш чораларини кўрсин;

таъмирлаш-қайта тиклаш бригадалари ва махсус хизматлар транспорт воситаларининг тўсиқсиз харакатланишини таъминласин, зарур ҳолларда белгиланган йўналишларда Йўл-патрул хизмати кучлари ёрдамида уларнинг кузатувини ташкил этсин, транспорт таъминоти ва муайян ҳудудни қамраб олиш бўйича амалий ёрдам кўрсатсин.


10. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги (А. Қўлдошев) табиий офат оқибатида сақланиб қолаётган таҳдид ва хавфларни олдиндан аниқлаш ҳамда бартараф этиш, аҳоли турар-жойлари, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган объектларда ёнғинлар келиб чиқишининг олдини олиш, моддий йўқотишларни камайтиришга қаратилган ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган ишларни ташкил этсин.


11. Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги (Ш. Садиков) ўн кун муддатда Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатида алоқа воситалари, Интернет тармоқлари ҳамда техник қурилмаларга етказилган зарарни аниқлаш ва барчасини ишчи ҳолатга келтириш, узилган алоқа кабеллари ва носоз ҳолга келган мобил алоқа база станция антенналарини қайта тиклаш ҳамда уларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш чораларини кўрсин.


12. Республика комиссияси (А. Раматов, К. Камалов) ўн кун муддатда Олот тумани аҳолисига қулай шарт-шароитлар яратиш, туман марказини янада обод ва кўркам қилиш мақсадида кўп қаватли уй-жойлар, маданий-маиший ҳамда бошқа ижтимоий объектлар қурилиши бўйича, Молия вазирлиги (Т. Ишметов) мазкур қурилиш ишларини молиялаштириш юзасидан таклиф киритсин.


13. Бош вазир ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири С. Умурзоқов Бухоро вилояти ҳокимлиги ва тижорат банклари билан биргаликда икки ҳафта муддатда Олот ва Қоракўл туманларида йирик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан таклиф киритсин.


14. Белгилансинки, Бош вазирнинг биринчи ўринбосари А. Раматов - Ҳукумат комиссиясига умумий раҳбарлик қилиш билан бир қаторда Бухоро вилоятида иқтисодиёт тармоқлари, инфратузилма, қурилиш ва уй-жой фондини тиклаш ишлари бўйича, Бош вазир ўринбосари У. Барноев - қишлоқ хўжалигида амалга ошириладиган ишлар бўйича, Мудофаа вазири Б. Қурбонов - Олот туманида, Ички ишлар вазири П. Бобожонов - Қоракўл туманида ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари А. Қўлдошев - Жондор туманида бажариладиган барча ишларни ташкил этиш бўйича шахсан масъул ҳисобланади.


15. Республика комиссияси (А. Раматов) Соғлиқни сақлаш вазирлиги (А. Шодмонов) билан биргаликда табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларини ташкил этиш ва амалга ошириш давомида коронавирус инфекцияси тарқалиши муносабати билан жорий қилинган карантин тартиб-қоидаларига қатьий риоя этилишини таъминласин.


16. Мазкур фармойиш ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш. Низомиддинов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                    Ш. Мирзиёев






Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 28 апрелдаги

Ф-5567-сон фармойишига

ИЛОВА



Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини

бартараф этиш бўйича Ҳукумат комиссиясининг

ТАРКИБИ

А.Ж. Раматов

-

Ўзбекистон Реслубликаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Комиссия раиси


Ў.И. Барноев

-

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Комиссия раисининг ўринбосари


К.Ж. Камалов

-

Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи, Комиссия раисининг ўринбосари


Б.Н. Қурбонов

-

Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири


П.Р. Бобожонов

-

Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири


А.С. Султанов

-

Ўзбекистон Республикаси энергетика вазири


Т.А. Ишметов


Ўзбекистон Республикаси молия вазири


Р.Т. Маматов

-

Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири


Ж.А. Ходжаев

-

Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири


Ш.Р. Хамраев

-

Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги вазири


Ш.Х. Шерматов

-

Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири


М.Х. Салиев

-

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири


Ш.М. Садиков

-

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири


А.Х. Қўлдошев

-

Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари


И.Р. Махкамов

-

Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи


К.Т. Алимов

-

Ўзбекистон Республикаси мактабгача таълим вазирининг биринчи ўринбосари


С.С. Низомов

-

Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари


Ш.Р. Ҳошимов

-

Ўзбекистон Республикаси қурилиш вазирининг ўринбосари


М.Р. Абдуллаев

-

"Ўзбекнефтегаз" АЖ бошқаруви раиси


У.М. Мустафаев

-

"Ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бошқаруви раиси


Б.К. Зарипов

-

"Ўзсаноатқурилишматериаллари" уюшмаси раиси


Ў.Ҳ. Жумаев

-

Бухоро шаҳри ҳокими


Н.И. Нематова

-

Олот тумани ҳокими


Ш.Х. Саломов

-

Қоракўл тумани ҳокими


К.Р. Камолов

-

Жондор тумани ҳокими


                 

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 апрель
























Время: 0.1768
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск