язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Банк қонунчилиги/ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши Қоидалари (АВ томонидан 29.04.2020 й. 3231-сон билан рўйхатга олинган Марказий банк Бошқарувининг 15.02.2020 й. 3/13-сон қарори билан тасдиқланган)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Адлия вазирлигида

2020 йил 29 апрелда 3231-сон

билан рўйхатга олинган

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки бошқарувининг

2020 йил 15 февралдаги

3/13-сон қарорига

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон

пулларнининг чиқарилиши ва муомалада бўлиши

ҚОИДАЛАРИ


Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Республикасининг "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида электрон пулларнинг чиқарилиши ва муомалада бўлиши қоидаларини белгилайди.



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Қоидаларда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


айирбошлаш операцияси - бир электрон пуллар эмитенти (бундан буён матнда эмитент деб юритилади) томонидан чиқарилган электрон пулларни бошқа эмитент томонидан чиқарилган электрон пулларга алмаштириш операцияси;


бир эмитентли электрон пуллар тизими - бир эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқарилишини ва уларнинг электрон пуллар тизимида муомалада бўлишини таъминловчи электрон пуллар тизими;


кўп эмитентли электрон пуллар тизими - икки ва ундан ортиқ эмитентлар томонидан электрон пулларнинг чиқарилишини ва уларнинг ягона электрон пуллар тизимида муомалада бўлишини таъминловчи электрон пуллар тизими;


олдиндан тўланган карта (prepaid card) - персоналлаштирилмаган тўлов воситаси бўлиб, банк ҳисобварағига боғланмаган ҳолда олдиндан кирим қилинган электрон пул маблағларидан фойдаланиш имконини берувчи карта;


хавфсизлик тартиб-таомили - электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнга кириш ва электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш ҳуқуқларини белгилашга мўлжалланган хавфсизлик ва ахборотни ҳимоя қилишни таъминловчи дастурий-техник воситалар ва чора-тадбирлар мажмуаси;


электрон пуллар тизимининг агентлари - эмитент ёки электрон пуллар тизимининг оператори (бундан буён матнда оператор деб юритилади) билан тузилган шартнома асосида электрон пулларни олиш ва жисмоний шахсларга реализация қилиш операцияларини амалга оширувчи банклар ёки тўлов агентлари;


электрон пуллар тизимининг ишлаш қоидалари (бундан буён матнда электрон пуллар тизимининг қоидалари деб юритилади) - электрон пулларни чиқариш, реализация қилиш, сотиб олиш, қоплаш, шунингдек электрон пуллардан фойдаланган ҳолда электрон пуллар тизимида операцияларни амалга оширишни назарда тутадиган ва оператор томонидан белгиланадиган тартиб-таомиллари;


электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети - электрон пуллар эгасининг электрон пуллар тизимининг интернет ресурсидаги шахсий бўлими;


электрон пулларни қоплаш - эмитент томонидан ўзи чиқарган, электрон пуллар эгаси тақдим этган электрон пулларни уларнинг номинал қийматига тенг пул маблағлари суммасига алмаштириш операциясининг амалга оширилишини назарда тутувчи тўлов хизмати;


электрон пулларнинг чиқарилишини тугатиш - эмитент томонидан электрон пулларни чиқариш бўйича тўлов хизматларини кўрсатиш фаолиятининг тугатилиши;


электрон ҳамён - электрон пуллар тизимининг дастурий таъминоти, микропроцессор (чип), электрон пуллар сақланадиган ва улардан фойдаланиш имконини берадиган дастурий-техник қурилмаси;


электрон ҳамённи блоклаш - электрон ҳамёнга киришни ва электрон пуллардан фойдаланишни тақиқлаш;


эмитент - Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки (бундан буён матнда Марказий банк деб юритилади) ва банклар электрон пулларнинг эмитентидир.



2-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАР ТИЗИМИНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ


2. Эмитент, оператор, электрон пуллар тизимининг агенти, электрон пуллар эгаси, шунингдек эмитент билан шартнома тузган банклар, тўлов ташкилотлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар электрон пуллар тизимининг субъектлари ҳисобланади.


3. Электрон пуллар тизимининг ишлашини таъминлайдиган банк ва (ёки) тегишли лицензияга эга бўлган тўлов ташкилоти оператор ҳисобланади.


4. Эмитент ёки эмитент бўлмаган бошқа банк оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг ҳисоб-китоб банки (бундан буён матнда ҳисоб-китоб банки деб юритилади) бўлиши мумкин.


5. Эмитент электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолиятни бошлаши тўғрисида Марказий банкка мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборади.

Хабарномада операторнинг (товар белгисининг) номланиши ва операторга берилган лицензия рақами, эмитент, операторнинг ҳисоб-китоб банки ва электрон пуллар тизими агентлари ҳақидаги маълумотлар кўрсатилади.


6. Эмитент Марказий банкка хабарнома билан биргаликда қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

эмитент оператор бўлмаган ҳолларда ва унга электрон пуллар тизимининг товар белгиси тегишли бўлмаган тақдирда эмитентнинг электрон пуллар тизимидаги ўрнини тасдиқловчи ҳужжатларни (оператор билан тузилган шартнома);

электрон пуллар тизими субъектлари билан тузиладиган шартномалар намуналарини.


7. Марказий банк томонидан хабарнома олинганидан кейин ўн кун ичида тақдим этилган ҳужжатлар кўриб чиқилади ҳамда Марказий банкнинг расмий веб-сайтида юритиладиган Электрон пуллар тизими реестрига электрон пуллар чиқарилишининг бошланғич санаси ҳақида тегишли маълумот киритилади.

Эмитент Марказий банк бўлган тақдирда ўзининг электрон пулларни чиқариш ва реализация қилиш бўйича фаолиятини бошлаши ҳақида камида ўттиз кун олдин расмий веб-сайтида эълон беради ва Электрон пуллар тизими реестрига электрон пуллар чиқарилишининг бошланғич санаси ҳақида тегишли маълумот киритилади.


8. Эмитент ва оператор электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартларига мувофиқ, электрон пулларга рухсатсиз эга бўлиш ва (ёки) улардан рухсатсиз фойдаланиш, шунингдек электрон пуллар эмитентининг дастурий таъминоти ишидаги ёхуд электрон пуллар тизимининг фаолият кўрсатишидаги хатолар ёки узилишлар оқибатида электрон пуллар эгасига етказилган зарар бўйича электрон пулларнинг эгаси олдида жавобгар бўлади.


9. Оператор эмитент билан тузилган шартномага мувофиқ электрон пуллар тизимининг қоидаларини белгилайди. Кўп эмитентли электрон пуллар тизимида электрон пуллар тизимининг қоидалари ҳар бир эмитент билан келишилган бўлиши лозим. Бунда оператор электрон пуллар тизимининг қоидаларини Марказий банкка тақдим қилади.


10. Оператор электрон пуллар тизимида транзакцияларни электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ амалга оширилишини таъминлайди.


11. Оператор қуйидаги ҳолларда эмитент(лар) номидан электрон пуллар тизимининг бошқа субъектлари билан шартномалар тузишга ҳақли:

бир эмитентли электрон пуллар тизимида - эмитент ва оператор ўртасида тузилган шартномада назарда тутилган ҳолларда;

кўп эмитентли электрон пуллар тизимида - оператор билан ҳар бир эмитент ўртасида тузилган шартномаларда назарда тутилган ҳолларда.

Бунда, оператор электрон пуллар билан боғлиқ операцияларни ҳар бир эмитент бўйича электрон пуллар ҳисобининг алоҳида юритилишини таъминлайди.



3-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАРНИ ЧИҚАРИШ

ВА РЕАЛИЗАЦИЯ ҚИЛИШ


12. Электрон пулларнинг чиқарилиши эмитент томонидан жисмоний шахс ёки электрон пуллар тизимининг агентидан қабул қилинган пул маблағлари доирасида, электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади.


13. Электрон пулларнинг ҳисоби эмитент томонидан ҳисоб-китоб банкида очиладиган махсус депозит ҳисобварағида юритилади. Махсус депозит ҳисобварағидан фақат электрон пулларни чиқаришда пул маблағларини кирим қилиш ва уларни қоплашда пул маблағларини ҳисобдан чиқариш бўйича операцияларни амалга ошириш учун фойдаланилади. Мазкур ҳисобварақдаги қолдиқ маблағ тегишли электрон пуллар тизимида чиқарилган барча электрон пуллар бўйича мажбуриятларнинг йиғиндисига тенг бўлиши шарт.


14. Электрон пулларни жисмоний шахсларга реализация қилиш ёки электрон пулларни жисмоний шахслардан сотиб олиш эмитент ёки оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти томонидан амалга оширилади, ушбу шартномада тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, электрон пулларни реализация қилиш ҳамда сотиб олиш тартиби ва шартлари белгиланади.


15. Эмитент ёки оператор электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома тузилгунига қадар электрон пуллар тизимида иштирок этадиган жисмоний шахсга:

эмитентнинг ва операторнинг номи ҳамда жойлашган ери (почта манзили), шунингдек оператор банк ҳисобланмаган ҳолларда эса, тўлов ташкилотининг лицензияси рақами;

электрон пуллардан фойдаланиш шартлари;

электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплашда эмитент ва (ёки) оператор томонидан электрон пуллар эгасидан воситачилик ҳақини ундириш тартиби ва миқдори;

эътирозларни бериш усуллари ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида, шу жумладан эмитент ёки оператор билан боғланиш учун ахборот тақдим этиши шарт.


16. Электрон пулларни жисмоний шахсга ва электрон пуллар тизимининг агентига реализация қилиш электрон пуллар тизими томонидан ҳар бир электрон пуллар эгаси учун шакллантириладиган электрон ҳамёнга эмитентдан сотиб олинган электрон пулларни кирим қилиш йўли билан амалга оширилади.


17. Эмитент ёки оператор билан тузилган шартнома асосида электрон пуллар тизимининг агенти электрон пуллар тизимида электрон ҳамёнга эга бўлган жисмоний шахсларга электрон пулларни реализация қилиш ёки уларни қоплаш мақсадида электрон пулларни номинал қиймати бўйича электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахсдан сотиб олиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида эмитент томонидан чиқариладиган электрон пуллар фақат миллий валютада номиналлаштирилган бўлиши шарт.


18. Эмитент томонидан электрон пулларнинг чиқаришда электрон пулларнинг эгасига электрон пулларни реализация қилинганлиги ва электрон пулларнинг эгаси электрон пулларни сотиб олганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат (бундан буён матнда квитанция деб юритилади) қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилади.


19. Квитанция қуйидаги реквизитларга эга бўлиши шарт:

эмитент ва операторнинг номи;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония);

операциянинг тартиб рақами;

чиқарилган электрон пуллар суммаси;

электрон пуллар эгасига тегишли бўлган электрон ҳамённинг идентификация коди;

ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори (агар электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланган бўлса).

Квитанцияга эмитент томонидан қўшимча реквизитлар киритилиши мумкин.


20. Электрон пуллар тизимининг агенти томонидан электрон пулларни реализация қилишда жисмоний шахсга ушбу пулларнинг реализация қилинганлигини тасдиқловчи ҳужжат қоғоз ёки электрон шаклда тақдим этилади.

Ушбу ҳужжат қуйидаги реквизитларга эга бўлиши шарт:

агент, эмитент ва операторнинг номи;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония);

амалга оширилган операциянинг тартиб рақами;

реализация қилинган электрон пуллар суммаси;

электрон пуллар эгасига тегишли электрон ҳамённинг идентификация коди;

ундириладиган воситачилик ҳақи миқдори (агар электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланган бўлса).

Мазкур ҳужжатга эмитент ёки оператор томонидан қўшимча реквизитлар киритилиши мумкин.


21. Электрон пуллар тизимининг агенти томонидан электрон пулларни сотиб олиш ва реализация қилиш, шунингдек электрон пулларни реализация қилишда жисмоний шахслардан қабул қилинган пул маблағлари ҳисобини юритиш тартиби ва шартлари агент ҳамда эмитент ёки оператор ўртасида тузилган шартномада кўрсатилади.



4-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАРДАН ФОЙДАЛАНИШ


22. Электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс электрон пуллардан тўловларни ва электрон пуллар тизимининг қоидаларида белгиланган ҳамда қонун ҳужжатларига зид бўлмаган шартлар асосида эгасидан электрон пулларни электрон пуллар тизимининг бошқа иштирокчисига ўтказиш орқали бошқа операцияларни амалга ошириш мақсадида фойдаланади.


23. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун тўловларни тўлашда фақат Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чиқарилган электрон пуллар қабул қилиниши мумкин.


24. Якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахслар томонидан электрон пулларни битимларни амалга оширишда тўлов сифатида қабул қилиш эмитент ёхуд электрон пуллар тизимининг иштирокчиси бўлган бошқа банк билан тузилган шартнома асосида амалга оширилади.


25. Электрон пулларнинг эгаси томонидан электрон пуллардан фойдаланиш электрон пуллар тизимининг қоидалари ҳамда электрон пулларнинг эгаси ва эмитент ёки оператор ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ амалга оширилади.


26. Электрон пуллардан фойдаланган ҳолда операцияларни амалга ошириш шартлари электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномада белгиланади.


27. Электрон пуллар тизимида битимлар бўйича тўловлар, электрон пуллар тизими қоидаларига мувофиқ бир электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнидан бошқа электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнига электрон пулларни ўтказиш орқали амалга оширилади.


28. Электрон пуллар электрон пуллар тизимида ҳар бир электрон пуллар эгасига электрон пуллар тизимининг қоидалари, электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома ҳамда эмитент ва оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ электрон ҳамён шакллантирилади ёки олдиндан тўланган карта (prepaid card) кўринишида эмитент, оператор ёки электрон пуллар тизимининг агенти томонидан берилади.


29. Ҳар бир электрон ҳамёнга электрон пуллар тизими томонидан яратиладиган ва тизимда биринчи марта рўйхатдан ўтиш чоғида бериладиган ноёб идентификация рақами бириктирилади. Электрон ҳамён эгаси электрон ҳамённинг идентификация рақами бўйича аутентификация ўтказилгандан сўнг электрон ҳамёнга кириш ва электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш имкониятига эга бўлади.


30. Оператор электрон пуллар тизимининг интернет ресурсидаги электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети орқали аутентификация ўтказилганидан сўнг, унинг электрон ҳамёнга киришини таъминлайди.

Электрон пуллар эгасининг шахсий кабинети орқали кўрсатиладиган тўлов хизматлари рўйхати ва уларни кўрсатиш тартиби электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда электрон пуллар эгаси ва эмитент ёки оператор ўртасида тузилган шартномага мувофиқ белгиланади.


31. Оператор электрон пулларни айирбошлаш операцияларини турли электрон пуллар тизимлари ҳамда кўп эмитентли электрон пуллар тизими доирасида амалга ошириши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси норезиденти томонидан чиқарилган чет эл валютасида номиналлаштирилган электрон пулларни айирбошлаш операциялари эмитент томонидан Ўзбекистон Республикаси норезиденти билан шартномаси мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.


32. Электрон пуллардан мазкур электрон пуллар тизимининг субъекти бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахслардан товарлар, ишлар ва хизматларни харид қилиш учун фойдаланиш мумкин.


33. Эмитент ёки оператор томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларга махсус электрон ҳамёнлар шакллантирилади. Мазкур ҳамёнларга электрон пуллар фақат реализация қилинган товарлар, ишлар ва хизматлар учун кейинчалик банк ҳисобварақларига уларнинг номинал қийматига тенг бўлган пул маблағлари суммасини ўтказиш мақсадида қабул қилинади. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларнинг махсус электрон ҳамёнларидаги электрон пуллар мазкур электрон пуллар тизимида қайта реализация қилинишига йўл қўйилмайди.


34. Якка тартибдаги тадбиркорлар ва юридик шахсларнинг электрон пулларини қоплаш тартиби ва муддатлари эмитент билан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар ўртасида тузилган шартномада белгиланади. Агар эмитент ва якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахс ўртасида тузилган шартномада бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса, эмитент якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахс томонидан жисмоний шахслардан битим бўйича тўлов амалга оширилган вақтда олинган электрон пулларни қоплашни электрон пуллар келиб тушган кун давомида амалга оширади.


35. Электрон пуллар тизимида амалга оширилган ҳар қандай операция бўйича чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжат (бундан буён матнда тасдиқловчи ҳужжат деб юритилади) электрон пуллар эгасининг мобил алоқа воситаларига SMS-хабар ва (ёки) электрон почта манзилига хабар тарзида юборилиши шарт.

Тасдиқловчи ҳужжат қуйидагиларни ўз ичига олиши шарт:

электрон ҳамённинг идентификация коди;

тўловни идентификацияловчи транзакция коди;

якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахснинг номи ва СТИРи;

тасдиқловчи ҳужжат рақами;

тўлов суммаси;

операциянинг амалга оширилган санаси (кун, ой ва йил) ҳамда вақти (соат, минут ва сония).

Тасдиқловчи ҳужжатда бошқа маълумотлар ҳам кўрсатилиши мумкин.


36. Оператор электрон пуллар билан операциялар амалга оширилишида идентификация қилинган электрон пуллар эгасининг аниқланишини ва идентификация қилинмаган электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёнидаги зарурий реквизитларини аниқланишини таъминлайди.


37. Ўзбекистон Республикасининг "Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ оператор электрон пуллар тизимида амалга ошириладиган операцияларнинг энг кўп суммасига доир қуйидаги талаблар ўрнатилишини таъминлайди:

идентификация қилинган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслигини;

идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахснинг битта электрон ҳамёнида (қурилмасида) сақланадиган электрон пулларнинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараварига тенг бўлган суммадан ошмаслигини;

идентификация қилинмаган электрон пулларнинг эгаси бўлган жисмоний шахс томонидан амалга ошириладиган битта операциянинг энг кўп суммаси базавий ҳисоблаш миқдорига тенг бўлган суммадан ошмаслигини.


38. Электрон пуллар эгасининг сўровига кўра оператор унга электрон ҳамёндан фойдаланган ҳолда амалга оширилган операциялар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган электрон кўчирмани тақдим этади.


39. Электрон пуллар тизимида электрон ҳамён қуйидаги ҳолларда оператор ёки эмитент томонидан блокланади:

йўқолганлиги, ўғирланганлиги ёки электрон ҳамёндан рухсатсиз фойдаланилганлиги тўғрисида электрон пуллар эгасидан хабарнома олинганда;

электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартнома шартлари бузилганда;

шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Электрон ҳамённи блоклашга сабаб бўлган омиллар тўлиқ бартараф этилгандан кейин электрон ҳамён фойдаланиш учун қайта тикланади (актив ҳолатга ўтказилади).


40. Оператор эмитентга электрон пуллар эгаси томонидан амалга оширилган операциялар ва транзакциялар ҳақидаги маълумотларни онлайн режимида олиш имкониятини таъминлайди.


41. Электрон ҳамён блокланган ҳолларда эмитент ҳамда оператор электрон пуллар эгасининг электрон ҳамёни блокланган вақтгача юзага келган мажбуриятларнинг тўлиқ ижро этилишини таъминлаши шарт.


42. Оператор бошқа электрон пуллар тизими оператори билан ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзолаши мумкин, агар бундай ҳамкорлик тартиби электрон пуллар тизими қоидаларида акс эттирилган бўлса.



5-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАРНИ ҚОПЛАШ


43. Эмитент электрон пуллар эгаси томонидан тақдим қилинган электрон пулларни электрон пуллар тизими қоидалари ҳамда эмитент ва электрон пуллар эгаси ўртасида тузилган электрон пулларни чиқариш, улардан фойдаланиш ва уларни қоплаш тўғрисидаги шартномага мувофиқ нақд пулга алмаштириш ёки нақд пулсиз маблағларни электрон пуллар эгасининг банк ҳисобварағига кирим қилиш орқали қоплайди.


44. Эмитент электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни қоплаш учун тақдим қилинган электрон пулларнинг муомаладан чиқарилишини таъминлайди.


45. Эмитент томонидан электрон пуллар қуйидаги ҳолларда қопланган ҳисобланади:

электрон пуллар эгаси - жисмоний шахснинг банк ҳисобварағига тегишли сумма кирим қилинган ёки унга нақд пул маблағи берилган пайтдан бошлаб;

электрон пуллар эгаси - якка тартибдаги тадбиркор ва (ёки) юридик шахснинг банк ҳисобварағига тегишли маблағ кирим қилинган пайтдан бошлаб.

Эмитент томонидан электрон пулларни қоплаш операцияси амалга оширилганлиги тўғрисида электрон пуллар эгасига қоғоз ёки электрон шаклда квитанция берилади.


46. Эмитент электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатадиган тақдирда, камида ўттиз кун олдин Марказий банкка мазкур Қоидаларнинг 1-иловасига мувофиқ шаклда хабарнома юборади ва бу ҳақида ўзининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

Эмитент Марказий банк бўлган тақдирда, электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатишидан камида ўттиз кун олдин бу ҳақида ўзининг расмий веб-сайтида эълон бериши шарт


47. Электрон пуллар тизимида эмитент электрон пулларни чиқариш бўйича фаолиятини тугатишидан камида ўттиз кун олдин электрон пуллар эгаларини ва электрон пуллар тизимининг бошқа субъектларини оммавий ахборот воситалари, шунингдек электрон воситалар орқали мазкур фаолиятни тугатаётганлиги ҳақида хабардор қилади. Бунда ушбу хабар бир неча бор такрорланиши мумкин ва электрон пулларни қоплаш муддатини ўз ичига олиши керак.


48. Электрон пулларни чиқариш фаолиятини тугатиш бўйича эмитент томонидан белгиланган муддат якунлангандан сўнг, электрон пуллар эгаси томонидан электрон пулларни қоплаш бўйича мурожаат қилинмаган тақдирда, уларнинг электрон ҳамёнидаги электрон пуллари эмитент томонидан мажбурий равишда қопланади. Бунда эмитент томонидан:

якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахсларнинг электрон пуллари - уларнинг банк ҳисобварақларига электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани тўлиқ ўтказиб бериш;

идентификация қилинган электрон пуллар эгаси бўлган жисмоний шахснинг электрон пуллари - банк ҳисобварағига электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани тўлиқ ўтказиб бериш;

идентификация қилинмаган электрон пуллар эгаси бўлган жисмоний шахснинг электрон пуллари - электрон ҳамёнидаги қолдиқ суммани эмитентнинг жисмоний шахс талаб қилгунига қадар сақланадиган махсус ҳисобварағига тўлиқ кирим қилиш орқали қопланади.


49. Электрон пулларни қоплаш бўйича мурожаат қилмаган жисмоний шахсларнинг электрон пуллари эмитент томонидан мажбурий равишда қопланганидан сўнг:

идентификация қилинган электрон пуллар эгаси ҳисобланган жисмоний шахслар - шахсини тасдиқловчи ҳужжатини тақдим қилиш;

идентификация қилинмаган электрон пуллар эгаси ҳисобланган жисмоний шахслар - эмитент томонидан электрон почта манзилларига ёки мобил алоқа воситаларига олдиндан юборилган кодли маълумотни тақдим этиш орқали пул маблағларини олишлари мумкин.

Бунда, эмитент жисмоний шахсларнинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати асосида пул маблағларини олувчилар рўйхатини юритади.


50. Электрон пулларни қоплаш учун белгиланган муддат якунланганидан кейин, эмитент уч иш куни мобайнида Марказий банкка электрон пулларни қоплаш операцияси амалга оширилган электрон пуллар ҳисобига эмитентнинг банк ҳисобварағига кирим қилинган маблағлар, электрон пуллар эгалари сони ва электрон пуллар суммалари тўғрисида тегишли маълумот тақдим этади.


51. Эмитентлар кўп эмитентли электрон пуллар тизимида электрон пулларни чиқариш фаолиятини тугатганда:

электрон пуллар тизимининг бирор-бир эмитенти билан тузилган шартнома асосида унга чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятларни топширади;

чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятни кўп эмитентли электрон пуллар тизимининг бирор-бир эмитентига топшириш тўғрисида шартнома мавжуд бўлмаса, чиқарилган электрон пуллар бўйича мажбуриятларни бажариш ва қоплаш тартиби бир эмитентли тизим учун белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади.


52. Фаолиятини тугатган эмитентнинг мажбуриятларини ўз зиммасига олган эмитент томонидан якка тартибдаги тадбиркорлар ва (ёки) юридик шахслар, шунингдек электрон пуллар тизимининг агентига электрон пуллар тизими қоидаларига ҳамда улар ўртасида тузиладиган шартнома шартларига мувофиқ бошқа талаблар қўйилиши мумкин.



6-БОБ. ЭЛЕКТРОН ПУЛЛАР ТИЗИМИДА

ХАВФСИЗЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ ВА

РИСКЛАРНИ БОШҚАРИШ


53. Эмитент ва оператор электрон пуллар тизимида фирибгарликни ҳамда жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришни, терроризмни молиялаштиришни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришни аниқлаш, шунингдек уларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикасининг "Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонуни талабларига мувофиқ ташкилий ҳамда тартиб-таомилга оид чора-тадбирларни таъминлаш ва жорий этиш чораларини кўради.


54. Рухсат этилмаган тўловлардан ҳимояланиш тартиб-таомиллари электрон пуллар тизимининг қоидалари ва электрон пуллар тизими субъектлари ўртасида тузилган шартномалар билан белгиланади.


55. Электрон пуллар тизимининг дастурий-техник воситалари ва электрон ҳамёнларига рухсатсиз киришнинг олдини олиш воситалари ва чоралари, шунингдек ташкилий чоралар ахборотни етарли даражада муҳофаза қилишини таъминлаши шарт.


56. Электрон пуллар тизимида қўлланиладиган ахборот хавфсизлиги ва муҳофазасининг тартиб-таомиллари, электрон пуллар муомаласининг барча босқичларида ахборотнинг узлуксиз муҳофазасини таъминлаши шарт, шу жумладан:

электрон пуллар эгасининг электрон пуллар билан операцияларни амалга ошириш учун ҳуқуқларини аниқлаш;

электрон пуллар билан операцияларни амалга оширишда аниқланган инцидентларнинг сабабларини аниқлаш;

ахборотдан рухсатсиз фойдаланишдан ҳимоялаш ва ахборотнинг яхлитлигини таъминлаш.


57. Эмитент ва оператор ўртасидаги шартномага мувофиқ эмитент ёки оператор электрон пуллар эгаларининг электрон ҳамёнларидаги электрон пуллар қолдиғи ва улар томонидан амалга оширилган операцияларга доир ахборот ҳисобини юритади.

Оператор электрон ҳамёнлардан фойдаланган ҳолда амалга оширилган барча операцияларнинг рўйхатга олинишини, операциялар тўғрисида статистик ва ахборот тарзидаги ҳисоботларнинг шакллантирилишини ва операциялар тўғрисидаги маълумотларни улар шакллантирилган, жўнатилган ёки қабул қилинган форматида, яхлитлиги ва ўзгармаслигига амал қилган ҳолда беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақланишини таъминлайди.


58. Электрон пуллар тизимида рискларни бошқариш қуйидагиларнинг мавжудлигига асосланган бўлиши лозим:

тизим ишининг ички назорати ва аудити тартиб-таомиллари, тизимнинг ишлаши ва транзакциялар тўғрисида маълумотларни сақлаш;

ҳар бир транзакция бўйича маълумотларни ўз вақтида қайта ишлаш, ҳисобга олиш ва ахборотни сақлаш, тизимда маълумотларни ҳимоя қилиш ва сақлашни таъминловчи ахборот тизими;

малакали ходимларнинг мавжудлиги.



7-БОБ. ЯКУНИЙ ҚОИДАЛАР


59. Оператор ҳар ойнинг учинчи санасидан кечиктирмай, Марказий банкка электрон пуллар тизимининг ўтган ойдаги фаолияти тўғрисида мазкур Қоидаларнинг 2-иловасига мувофиқ шаклда ҳисобот тақдим қилади.


60. Ушбу Қоидалар талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.


61. Мазкур Қоидалар Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан келишилган.






Қоидаларга

1-ИЛОВА

N _______ "___" __________20___ йил.

Ўзбекистон Республикаси

Марказий банки

Электрон пулларнинг чиқарилишини

бошлаш (тугатиш) тўғрисида

ХАБАРНОМА

Электрон пуллар эмитенти



(банк номи)

               

20__ йил "____" _________ дан электрон пулларнинг чиқарилишини бошлаш (тугатиш) тўғрисида хабар беради.

Электрон пуллар тизимининг номи:


Электрон пуллар тизими операторининг номи:


                 

Электрон пуллар тизими ҳисоб-китоб банкининг номи:


Электрон пуллар тизимининг агентлари:

Т/р

Номи


Почта манзили


1.




2.




...


...

...

Хабар берувчининг ваколатли вакили


             


          


(лавозими)


(Ф.И.Ш.)

          





Қоидаларга

2-ИЛОВА



Электрон пулларни чиқарилишинг ва муомалада

бўлиши бўйича фаолият тўғрисида

ҲИСОБОТ

20__йил 1 ________ ҳолатига

(ой)


         

       


(Электрон пуллар тизими оператор номи)


Эмитент

номи


Электрон ҳамёнлар

сони ва улардаги қолдиқ

миқдори (ой бошига)


Электрон пуллар тизимида ой давомида

амалга оширилган операциялар


Электрон ҳамёнлар сони ва

улардаги қолдиқ миқдори

(ой охирига)


кирим


чиқим


Электрон

ҳамёнларни

тўлдириш


ЯТТ/ЮШ

товарлар, ишлар

ва хизматлар

учун тўлов


Электрон

пулларни

қоплаш


Электрон пуллар

эгаси - жисмоний

шахс


ЯТТ/ЮШ,

агент


сони

миқдори

(сўмда)

сони

миқдори

(сўмда)

сони

миқдори

(сўмда)


Электрон пуллар

эгаси - жисмоний

шахс


ЯТТ/ЮШ,

агент


сони


миқдори

(сўмда)


сони


миқдори

(сўмда)


сони


миқдор

(сўмда)


сони


миқдор

(сўмда)


1


2

3

4

5

6

7

8

9

10

11

12

13

14

15



























Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 29 апрель