язык интерфейса

Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.03.2020 й. 176-сон қарорига илова)

Коронавирус инфекцияси аниқланганда (гумон қилинганда) бажариладиган профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.03.2020 й. 176-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 23 мартдаги

176-сон қарорига

ИЛОВА



Коронавирус инфекцияси аниқланганда

(гумон қилинганда) бажариладиган профилактик

ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Низом коронавирус инфекцияси аниқланганда ёхуд гумон қилинганда давлат органлари ва бошқа ташкилотлари томонидан профилактик ҳамда эпидемияга қарши чора-тадбирларни амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


карантин - маълум ҳудудни коронавирус инфекцияси тарқатувчи манбадан муҳофаза қилиш ва уни йўқотишга ҳамда коронавирус инфекциясининг бир жойдан бошқа ҳудудларга тарқалишига йўл қўймасликка қаратилган маъмурий ва санитария-эпидемиологик тадбирлар мажмуи;


обсерватор - карантин зонада бемор билан мулоқотда бўлмаган соғлом кишиларни сақлаш учун мослаштирилган биноларда (мактаб, меҳмонхона, маъмурий бинолар, сиҳатгоҳлар, болаларнинг ёзги дам олиш оромгоҳлари ва бошқаларда) ташкил этиладиган махсус ажратиладиган жой;


госпитал - коронавирус инфекциясини юқтирганларни даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси;


провизор госпитал - коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахсларни сақлаш ва даволаш учун юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа тиббиёт муассасаси базасида ташкил этилган даволаш муассасаси;


изолятор - эпидемияга қарши режимни таъминлаш учун коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан мулоқотда бўлган шахслар жойлаштириладиган юқумли касалликлар шифохонаси ёки бошқа алоҳида ажратилган биноларнинг махсус жиҳозланган хонаси;


санитария-карантин пунктлари - Давлат чегараларини қуруқликда (автомобиль ва темир йўллари), ҳаво ва сув йўллари орқали кесиб ўтиш жойларидаги чегара-божхона мажмуаларида ташкил этиладиган ихтисослашган профилактик муассаса.



2-БОБ. КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИГА ГУМОН

ҚИЛИНГАН БЕМОРЛАР АНИҚЛАНГАНДА ДАВЛАТ

ОРГАНЛАРИ ВА БОШҚА ТАШКИЛОТЛАРИНИНГ

ҲАРАКАТЛАНИШ ТАРТИБИ


1-§. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморлар

аниқланганда ҳаракатланишнинг умумий қоидалари


3. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар, туманлар (шаҳарлар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказлари ҳамда барча тиббиёт муасасалари коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганда зарур тиббий-санитария чора-тадбирларини амалга ошириш учун масъул ҳисобланади.


4. Ҳар бир туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасида коронавирус инфекцияси аниқланганда тезкор режа асосида ҳаракатга келтириладиган маслаҳат, эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари ташкил этилади.


5. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганлиги тўғрисида хабар келганда, туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбари томонидан беморни кўрикдан ўтказиш учун маслаҳат-эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари юборилади.


6. Беморни олиб кетиш учун ҳайдовчи жойи салондан ажратилган ва зич ёпиладиган, махсус (тез тиббий ёрдам) автотранспорт воситаси ажратилади, гуруҳ аъзолари тегишли шахсий ҳимоя воситаларини кийган ҳолда бўлишлари шарт.

Инфекционист врач беморга бирламчи ташхис қўйиш ва аҳволини баҳолаш учун тиббий кўрикдан ўтказади.

Эпидемиолог врач бемор билан мулоқотда бўлганларни ва унинг ҳаракатланиш йўналишини аниқлаш мақсадида эпидемиологик суриштирув ўтказади.

Дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади. Беморни олиб келган автотранспорт воситаси махсус майдончада дезинфекция қилинади.


7. Беморда коронавирус инфекциясига гумон ташхиси касалликнинг клиник белгилари (тана ҳароратининг меъёридан юқорилиги, қуруқ йўтал, ҳолсизланиш, нафас сиқилиши) ва эпидемиологик суриштирув натижаларига асосланиб қўйилади.


8. Эпидемиологик суриштирув жараёнида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик нохуш бўлган давлатда ёки ҳудудда бўлганлиги, шунингдек, яшаш ёки иш жойида, сафар давомида юқори нафас йўллари инфекцияси билан оғриган ёки ушбу касалликдан вафот этган бемор билан мулоқотда бўлганлиги аниқланади.



2-§. Санитария-карантин пунктларининг фаолиятини

ташкил этиш ҳамда уларда коронавирусга гумон қилинган

бемор аниқланганда ҳаракатланиш тартиби


9. Чегара божхона постларидан ўтаётган йўловчилар дастлаб санитария-карантин пунктларида навбатчи ходимлар томонидан тиббий-санитария кўригидан ўтказилгандан сўнг чегара ва божхона хизматлари назоратидан ўтказилади. Бу жараёнда коронавирус инфекциясининг белгиларини аниқлашга алоҳида эътибор қаратилади.


10. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс аниқланганда бу ҳақда зудлик билан Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти маъмуриятига, ҳудудий тиббиёт бирлашмаси ва санитария-эпидемиологик осойишталик марказига хабар етказилади.


11. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган шахс изоляция қилинади ва зарур ҳолларда унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилади. Бунда маслаҳат гуруҳи етиб келгунга қадар Давлат чегараси орқали ўтказиш пункти маъмурияти томонидан ушбу пункт фаолияти вақтинчалик тўхтатилади.


12. Санитария-карантин пунктлари ходимлари шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда эпидемиологик суриштирув ишларини ўтказиб, мазкур шахс билан мулоқотда бўлганлар (йўловчи билан бирга келган ва яқин мулоқотда бўлганлар, чегарачилар, тиббиёт ходимлари ва бошқалар)нинг рўйхатини тузадилар ҳамда бошқа зарур маълумотларни (касалликнинг бошланиш вақти, унинг яширин даврида қаерда бўлганлиги, ҳудуддаги эпидемик вазият, касаллик белгиларининг динамикаси) аниқлайдилар.

Санитария-карантин пунктлари ходимларининг кейинги ҳаракатлари маслаҳат гуруҳи кўрсатмалари асосида олиб борилади.


13. Маслаҳат гуруҳи эпидемиологик суриштирув натижаларига қараб, коронавирус инфекциясига гумон қилинган беморни провизор госпитал (госпитал)га жойлаштириш учун эвакуация гуруҳини, шунингдек, санитария-карантин пунктларида дезинфекция ишларини олиб бориш учун дезинфекция гуруҳини чақиртиради.


14. Чегарадан кириб келишда тиббий-санитария тартиб-таомиллари Халқаро тиббий-санитария қоидаларига биноан белгиланади.


15. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор санитария-карантин пунктларида аниқланганда:

бемор коронавирус инфекциясига гумон қилинганда, дарҳол санитария-карантин пункти изоляторига жойлаштирилади ҳамда бу тўғрисида ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбарига хабар берилади;

санитария-карантин пунктларининг тиббиёт ходими шахсий ҳимоя воситаларини (комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқоп) кийган ҳолда тегишли тадбирларни давом эттиради;

туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик маркази раҳбари инфекция ўчоғига шахсий ҳимоя воситалари ва техника билан таъминланган эвакуация (инфекционист, эпидемиолог, шошилинч тиббий ёрдам хизмати врачи ва ўрта тиббиёт ходими) ҳамда дезинфекция (дезинфекция шифокори ва дезинфектор) гуруҳларини юборади;

эпидемиолог врач эпидемиологик суриштирув ишларини олиб боради ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганларни аниқлайди;

дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;

эвакуация гуруҳи беморни бокс палаталари бўлган махсус ажратилган юқумли касалликлар шифохонасига олиб боради;

тиббиёт муассасаси ходимлари бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олади ва вирусология лабораториясига юборади.



3-§. Коронавирусга гумон қилинган бемор уйда

ва тиббиёт муассасасида аниқланганда

ҳаракатланиш тартиби


16. Коронавирусга гумон қилинган бемор уйда аниқланганда:

тиббиёт ходими беморни уйида тиббий кўрикдан ўтказиб, коронавирус инфекциясига гумон қилган ҳолларда, ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда дарҳол ўзи ишлаётган тиббиёт муассасаси раҳбарига, раҳбар эса, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмасига хабар беради;

туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмаси раҳбари инфекция ўчоғига комбинезон, этик, тиббий ниқоб, кўзойнак ва қўлқопдан иборат шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган тиббиёт ходимлари гуруҳини ва тез тиббий ёрдам машинасини юборади;

санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи беморнинг уйига туман эпидемиолог врачи ва дезинфекцион гуруҳни юборади;

эпидемиолог врач эпидемиологик суриштирув ишларини олиб боради ҳамда бемор билан мулоқотда бўлганларни ва беморнинг харакатланиш йўналишини аниқлайди;

дезинфекция гуруҳи инфекция ўчоғида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;

бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар тиббиёт муассасалари томонидан олиниб, вирусология лабораториясига юборилади.


17. Коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор тиббиёт муассасасида аниқланганда:

тиббиёт муассасасига мурожаат қилган барча беморлар муассасага кириш эшиги олдида ёки қабул бўлимида фильтрдан ўтказилади, тана ҳарорати юқори, нафас сиқиши ҳамда йўталга шикояти аниқланганлар изоляторга жойлаштирилади;

коронавирус инфекциясига гумон қилинган бемор аниқланганда, шифокор бошқа беморларни қабул қилишни тўхтатади ва ушбу Низомга иловада белгиланган тартибда зудлик билан бемор ҳақида тиббиёт муассасаси раҳбарига, у эса, туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик марказига хабар беради ҳамда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тасдиқланадиган шаклдаги шошилинч хабарнома юборади;

туман (шаҳар) санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бош врачи беморнинг уйига туман эпидемиолог врачи ва дезинфекция гуруҳини юборади;

беморни қабул қилаётган шифокор шахсий ҳимоя воситаларини кийиб, эвакуация ва дезинфекция гуруҳлари келгунга қадар даволаш профилактика муассасасида қолади;

дезинфекция гуруҳи ёки тиббиёт муассасаси ўзининг ички имкониятларидан келиб чиққан ҳолда инфекция ўчоғида жорий дезинфекция тадбирларини ўтказади;

дезинфекция гуруҳи беморнинг уйида якуний дезинфекция тадбирларини ўтказади;

беморга аниқ бирламчи ташхис қўйиш мақсадида инфекционист врач уни кўрикдан ўтказади ва суриштирув ишларини олиб боради, бемор кўрикдан ўтказилганидан кейин, эвакуация гуруҳи уни бокс палаталари бўлган махсус ажратилган юқумли касалликлар шифохонасига олиб кетади;

бемор билан мулоқотда бўлган тиббиёт ходимлари ва беморнинг оила аъзолари бемор алоҳидаланган кундан бошлаб, 14 кун давомида карантинга олинади, агар улар орасида коронавирус инфекциясининг белгилари пайдо бўлса, улар госпиталга ётказилади;

беморни олиб келган автотранспорт воситаси юқумли касалликлар шифохонасининг махсус майдончасида дезинфекция қилинади;

бемордан лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олиниб, вирусология лабораториясига юборилади.



3-БОБ. КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИГА

ГУМОН ҚИЛИНГАН ШАХСЛАР УЧУН

КАРАНТИН БЕЛГИЛАШ ТАРТИБИ


18. Коронавирус инфекциясини юқтириш хавфи даражасига қараб, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларга бўлинади.


19. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар доирасига қуйидагилар киради:

коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан битта хонадонда яшаган шахслар;

коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан бевосита жисмоний мулоқотда (қўл сиқиш, қучоқлашиш) бўлган шахс;

коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан мулоқотда (масалан, йўталаётганда) ҳимояланмаган шахслар;

коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан 2 метрдан кам масофада 15 дақиқадан кўпроқ вақт давомида юзма-юз бўлган шахслар;

15 дақиқа ёки ундан кўпроқ вақт 2 метрдан кам масофада коронавирус инфекцияси аниқланган шахс билан бирга ёпиқ жойда (синф хонасида, йиғилиш хонасида, касалхона кутиш хонасида ва бошқалар) бўлган шахслар;

тиббий мутахассис ёки коронавирус инфекцияси аниқланган шахсни бевосита парваришлашни амалга оширувчи бошқа шахс ёки шахсий ҳимоя воситаларисиз ёки улардан фойдаланиш қоидаларини бузган ҳолда коронавирус инфекцияси аниқланган шахснинг бионамуналари билан ишлаган лаборатория мутахассислари;

самолётда, шаҳарлараро автобусда, поездда коронавирус инфекцияси аниқланган шахсдан ҳар қандай йўналишда икки ўриндиқ оралиғида ёки битта купеда (поездда) бўлган, шунингдек, коронавирус инфекцияси аниқланган шахс учиб кетган самолётда хизмат кўрсатган экипаж аъзолари.


20. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан яқин мулоқотда бўлган шахслар провизор госпитал ёки изоляторга жойлаштирилади.


21. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар доирасига коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан бир самолётда, поездда, автобусда бўлган, аммо улар билан яқин мулоқот қилмаган шахслар киради.


22. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахслар уй карантинида сақланадилар.


23. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлган шахсларнинг яшаш жойида уй шароитида изоляция қилиш учун шароитлар бўлмаган тақдирда, уларнинг карантинга олиниши маҳаллий ҳокимликлар томонидан таъминланади.


24. Коронавирус инфекциясини юқтирган ёки ушбу инфекцияни юқтирганликда гумон қилиниб карантинга жойлаштирилган шахсларга тегишли бўлган мобиль телефон, аудио ва видео воситалар, кредит карталари ҳамда бошқа ахборот ташувчи буюмлар вақтинча олиб қўйилади.

Бунда вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс инфекция юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва борган жойларини аниқлаш мақсадида ўрганилади.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмлар шахс даволаш муассасасидан чиқаётган вақтда ўзига қайтариб берилади ёки унинг яқин қариндошлари ёхуд вакилларига топширилади.

Вақтинчалик олиб қўйилган буюмларни сақлаш (қўриқлаш) тегишли даволаш муассасаси томонидан ички ишлар органлари ва Миллий гвардия бўлинмалари билан биргаликда ташкиллаштирилади.


25. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар ҳамда улар билан яқин мулоқотда ва мулоқотда бўлган шахсларни карантинда сақлаш муассасаларига етказиш махсус транспорт воситаларида (автобус, микроавтобус) амалга оширилади, бунда ҳайдовчи ўриндиғи салондан ажратилиши, дезинфекция жиҳозларлари ва ускуналари, ҳимоя ниқоблари, тиббий чиқиндиларни бир марталик йиғиш воситалари билан таъминланиши лозим.


26. Махсус транспорт воситалари ҳар бир ташишдан олдин ва кейин махсус ажратилган майдончада ювилади ва дезинфекцияланади, ишчиларнинг ҳимоя ва иш кийимлари ташиш якунига кўра режим бўйича дезинфекция қилинади.


27. Госпиталда, провизор госпиталда ва изоляторда ҳар куни жорий дезинфекция, улар бўшатилгандан кейин эса якуний дезинфекция ишлари олиб борилиши керак.


28. Карантин жойида мулоқотда бўлган шахсларни, ташриф буюрувчилар, транспорт воситалари киришлари ва чиқишлари, буюмлар, маҳсулотлар ва бошқаларни олиб киришни ва олиб чиқишни қатъий назорат қилиш учун Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардия томонидан кечаю-кундуз қўриқланади.


29. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлиб, карантинда сақланаётган шахслар орасида коронавирус инфекцияси бор бошқа шахс аниқланса, у госпиталга олинади ҳамда қолган шахслар учун карантин муддати қайтадан бошланади.


30. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар билан мулоқотда бўлиб, карантинда сақланаётган шахслар орасида карантин муддатида коронавирус инфекцияси бор шахслар аниқланмаса улар даволаш муассасасидан чиқарилади.


31. Коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар даволаш муолажаларидан сўнг коронавирус инфекциясидан тузалса ҳамда бу тегишли лаборатория текширувлари натижалари билан тасдиқланса, шахс даволаш муассасасидан чиқарилади.


32. Бемор уйига жавоб берилиши олдидан у санитария ишловидан ўтказилади. Госпиталда беморларнинг уйига жавоб бериш тартиби юқумли касалликлар бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруқлари асосида амалга оширилади.



4-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Карантин даврида ташкил этилган госпитал, провизор госпитал, изолятор ва обсерватор каби муассасалар фаолияти Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шахар эпидемияга қарши кураш фавқулодда комиссияларининг тегишли қарори билан тугатилади.


34. Мазкур Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

ИЛОВА



Коронавирус инфекциясига гумон қилинганда

шошилинч хабар бериш

ТАРТИБИ


Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 24 март


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 30 март, 12-сон, 133-модда