язык интерфейса

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.2020 й. 227-сон "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.04.2020 й. 227-сон "Алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркаларини жорий этиш тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

15.04.2020 й.

N 227




АЛКОГОЛЬ ВА ТАМАКИ МАҲСУЛОТЛАРИГА

ЯНГИ НАМУНАДАГИ АКЦИЗ МАРКАЛАРИНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Алкоголли маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" 2006 йил 7 ноябрдаги ПҚ-505-сон қарорига мувофиқ ҳамда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ноқонуний ишлаб чиқарилиши ва сотилишига йўл қўймаслик юзасидан назоратни янада кучайтириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2020 йил 1 майдан бошлаб алкоголь ва тамаки маҳсулотларига янги намунадаги акциз маркалари жорий этилсин.

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига олиб кириладиган алкоголь ва тамаки маҳсулотларига акциз маркалари намуналари ва тавсифлари 1 ва 1а-иловаларга мувофиқ тасдиқлансин.


2. Белгилансинки, эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган улгуржи ва чакана савдо тармоғидаги алкоголь ва тамаки маҳсулотлари янги намунадаги акциз маркалари жорий этилган кундан бошлаб тўққиз ой ўтгач маркаланмаган деб ҳисобланади ва белгиланган тартибда олиб қўйилади.

Импорт қилувчида эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь маҳсулотлари мавжуд бўлганда, эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда тайёр маҳсулот қолдиқларига янги намунадаги акциз маркалари янгидан маркаланиб, товарлардан эски намунадаги акциз маркалари олиб ташланиши керак.

Товарлардан олиб ташланган акциз маркалари эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган товарларни сотишнинг рухсат этилган муддати тугашига қадар беш ой қолган кунда инвентаризацияни ўтказиш комиссияси (солиқ ва молия органларининг вакиллари, ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг ходимларидан ташкил топади) томонидан куйдириш йўли билан йўқ қилиниши керак, бу ҳақда тегишли далолатнома тузилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси 2021 йил 1 февралдан бошлаб эски намунадаги акциз маркалари билан маркаланган алкоголь ва тамаки маҳсулотларини аниқлаш, уларнинг олиб кирилиши, ишлаб чиқарилиши ҳамда улгуржи ва чакана савдо тармоғида сотилишининг олдини олиш, шунингдек, ушбу маҳсулотларни белгиланган тартибда олиб қўйиш чораларини кўрсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси 2020 йил 1 майга қадар янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги ахборотни алкоголь ва тамаки маҳсулотларини импорт қилувчилар эътиборига етказсин.


5. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари 2020 йил 1 майга қадар:

янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисидаги ахборотни алкоголь ва тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар ва савдо ташкилотлари эътиборига етказсин;

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ва Давлат божхона қўмитаси билан биргаликда янги намунадаги акциз маркалари жорий этилиши тўғрисида оммавий ахборот воситалари орқали тушунтириш ишларини олиб борсин.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Д.А. Кучкаров зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                               А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 15 апрелдаги

227-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига

олиб кириладиган алкоголь маҳсулотларига акциз маркаларининг

НАМУНАЛАРИ ВА ТАВСИФЛАРИ

Ўзбекистон Республикасининг алкоголь маҳсулотлари учун акциз маркалари 160x18 мм ўлчовда бўлиб, горизонтал ҳолатда жойлашган.

Акциз маркасининг чап томонида металлограф босма усулида бинафша рангида босилган нақшинкор безак мавжуд.

Нақшинкор безакнинг ўнг томонида "O`ZBEKISTON AKSIZ MARKASI" сўзи вертикал кўринишда чоп этилган.

"O`ZBEKISTON AKSIZ MARKASI" сўзининг ўнг томонида кумуш рангли тасвир ифодаланган. Кумуш рангли тасвир устида "2020" аббревиатураси бўёқсиз металлограф босма усулида тасвирланган.

Кумуш рангли тасвирнинг ўнг томонида "UZB" аббревиатураси жойлаштирилган.

Акциз марканинг марказида QR-CODE жойлашган бўлиб, у ўз ичига маҳсулотни ишлаб чиқарган ташкилот номи, алкоголь маҳсулоти номи, ташкилот коди, алкоголь маҳсулоти ҳажми, акциз марканинг серия рақамлари ва индивидуал рақам маълумотлари киритилган.

QR-CODEнинг ўнг тарафидаги оқ қисмининг периметри бўйлаб жойлашган микроматн - кўп марта катталаштирилганда кўринадиган матн, такрорланувчи "UZBEKISTAN" деган сўз кўринишида мавжуд.

Акциз марканинг марказидан ўнг тарафида маҳсулот номи, серия рақамлари ва маҳсулот ҳажми ифодаланган.

Маҳсулот номининг ўнг томонида кўриш бурчаги рангини ўзгарганда ўз рангини ўзгартирадиган, "АНТИСТОКС" хусусиятига эга бўлган иридисцент бўёғида трафарет босма усулида тасвир туширилган бўлиб, тасвир устида "DSN" ва "UZB" аббревиатуралари мавжуд.

Акциз марканинг ўнг томонида ишлаб чиқарувчининг код рақамлари "O`Z20..." ёки "IM20..." ифодаланган.

Ишлаб чиқарувчи код рақамларининг чап тарафида ишлаб чиқарувчининг логотипи жойлашган.






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 15 апрелдаги

227-сон қарорига

1а-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган ва унинг ҳудудига

олиб кириладиган тамаки маҳсулотларига акциз маркаларининг

НАМУНАЛАРИ ВА ТАВСИФЛАРИ

Ўзбекистон Республикасининг тамаки маҳсулоти учун акциз маркалари 44x19 мм ўлчовда бўлиб, горизонтал ҳолатда жойлашган.

Тамаки маҳсулоти учун акциз маркасининг тангир (фон) сеткаси ҳар хил қияликда жойлашган чизиқлар кўринишида бажарилган.

Акциз марканинг тангир (фон) сеткасидаги чизиқлар барглар кўринишида тасвирланган бўлиб, ушбу тасвир марказида "AKSIZ" сўзлари ифода этилган.

Акциз марка ўнг томонининг оқ қисмида ёруғликда кўринадиган сув белгисининг элементлари жойлашган.

Акциз марканинг чап томонида ромб кўринишидаги микроматн жойлашган бўлиб, бу микроматн катталаштирилганда такрорланувчи "AKSIZ MARKA" деган сўзларни кўриш мумкин.

Микроматннинг ўнг томонида, яъни акциз марканинг марказида гильош нақши тасвирланган бўлиб, бу нақшнинг устига оптик ўзгарувчан "DSN" аббревиатураси элементи иридисцент бўёғида чоп этилган.

Гильош нақшининг юқори қисмида "TAMAKI MAHSULOTLARJ", пастки қисмида эса "O`ZBEKISTON AKSIZ MARKASI" деган сўзлар ва акциз марка ишлаб чиқарувчининг код раками "O`Z 1901" тасвирланган.

Гильош нақшининг ўнг томонида махсус ҳимоя бўёғи билан чоп этилган ультрабинафша ва инфрақизил нурлар остида кўринадиган ромб шаклидаги элемент акс эттирилган.

Акциз марканинг икки томонида ярим айлана кўринишида такрорланувчи микроматн жойлашган бўлиб, кўп маротаба катталаштирилганда "TAMAKI MAHSULOTLARI" деган сўзларни кўриш мумкин.

Акциз марканинг тўртбурчагида 45° С бурчак остида тасвирланган чизиқларда микроматн мавжуд бўлиб, уни кўп маротаба катталаштирилганда такрорланувчи "AKSIZ MARKA" деган сўзлар ифодаланган.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 апрель