язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Давлат органлари фаолиятининг қонуний асослари/ Алоҳида соҳалар фаолиятини ташкил этиш/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 06.05.2020 й. 269-сон "Самарқанд шаҳридаги айрим моддий маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

06.05.2020 й.

N 269




САМАРҚАНД ШАҲРИДАГИ АЙРИМ МОДДИЙ

МАДАНИЙ МЕРОС ОБЪЕКТЛАРИДАН САМАРАЛИ

ФОЙДАЛАНИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Самарқанд шаҳридаги давлат мулки ҳисобланган бўш турган моддий маданий мерос объектларидан самарали фойдаланиш, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш ҳамда Ҳожи Абдулазиз Абдурасуловнинг уй-музейини ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва Самарқанд вилояти ҳокимлигининг:

Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилоят маданий мерос бошқармасига тегишли бўлган Самарқанд шаҳар, Регистон кўчаси, 3а-уй манзилида жойлашган "Усматбой мадрасаси" биносини Бадиий ижодкорлар уюшмаси Самарқанд вилояти бўлимига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида бириктириб бериш;

Самарқанд вилояти Қурилиш бош бошқармасига тегишли бўлган Самарқанд шаҳар, Мирзо Улуғбек кўчаси, 35-уй манзилида жойлашган моддий маданий мерос объектини Маданият вазирлиги Маданий мерос департаментининг Самарқанд вилояти маданий мерос бошқармасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш;

маданий мерос объекти сифатида давлат рўйхатига олинган Самарқанд шаҳар, Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов кўчаси, 49-уй манзилида жойлашган тарихий ҳовлини Самарқанд давлат музей-қўриқхонасига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида бепул бериш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.


2. Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги ва Маданият вазирлиги бир ҳафта муддатда ушбу қарорнинг 1-бандида назарда тутилган моддий маданий мерос объектларини белгиланган тартибда қабул қилиш ва топшириш ишларини амалга оширсин.


3. Белгилансинки, ушбу қарорнинг 1-бандида кўрсатилган моддий маданий мерос объектларида режалаштириладиган қурилиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Моддий маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида" 2018 йил 19 декабрдаги ПҚ-4068-сон қарори талаблари асосида Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти ҳамда ЮНЕСКОнинг Умумжаҳон мероси маркази билан мажбурий тартибда келишилган ҳолда амалга оширилади.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Ж. Раматов ва Самарқанд вилояти ҳокими Э.О. Турдимов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                    А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 7 май