язык интерфейса
Комментарий к документу - NB! Мазкур Карор расмий эълон килинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Тадбиркорлик фаолияти тўғрисида/ Рухсат бериш тартиб-таомиллари/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11.05.2020 й. 277-сон "Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

11.05.2020 й.

N 277




ДАВЛАТ ВЕТЕРИНАРИЯ ХИЗМАТИ НАЗОРАТИ

ОСТИДАГИ ТОВАРЛАР ХАВФСИЗЛИГИНИ

ТАЪМИНЛАШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА

ЧОРА-ТАДБИРЛАР ТЎҒРИСИДА


Сўнгги йилларда мамлакатимизда чорвачилик ва паррандачиликни комплекс ривожлантиришда кенг кўламли ислоҳотлар ва давлат дастурлари, шунингдек, эпизоотик осойишталик ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалий тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Шу билан бирга, истеъмолчиларни хавфли ва сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилишдан ҳимоя қилишнинг етарли даражада самарали тизими яратилмаганлиги оқибатида қатор муаммолар, шу жумладан, республикада ҳайвонлар ва истеъмолчилар орасида юқумли касалликлар қўзғатувчиларининг тарқалиш хавфи юзага келмоқда.

Республика ҳудудига ўта хавфли юқумли касалликларни қўзғатувчилар кириб келишининг олдини олиш ҳамда тарқалиши хавфини бартараф этишнинг хавфсиз муҳофазанинг самарали тизимини яратиш, шунингдек, давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб кириш тартиб-таомилларини янада соддалаштириш ва такомиллаштириш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. 2021 йил 1 январдан бошлаб шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудига давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахслар (хорижий экспорт қилувчилар) реестрига (кейинги ўринларда - Реестр) киритилган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахсларга рухсат берилади;

давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришга ветеринария рухсатномаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади;

ушбу тартиб фавқулодда вазиятларда, халқаро кўргазмаларда қатнашишда, лаборатория таҳлиллари учун намуналарда, шунингдек, дипломатик корпус, ўқув муассасалари, илмий ва давлат мақсадлари учун олиб келинадиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларга нисбатан татбиқ этилмайди.


2. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси уч ой муддатда Реестрни шакллантириш ва юритиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин.


3. Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги 139-сон қарори (Ўзбекистон Республикаси ҚҲТ, 2017 й., 11-сон, 166-модда) билан тасдиқланган Давлат ветеринария хизмати назоратидаги товарларни экспорт, импорт қилишга ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги низомга иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимча киритилсин.


4. Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни икки ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


5. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


6. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари - Ўзбекистон Республикаси инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.У. Умурзаков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Б.Т. Норқобилов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                                   А. Арипов






Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 11 майдаги

277-сон қарорига

ИЛОВА



Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги

139-сон қарори билан тасдиқланган Давлат ветеринария

хизмати назоратидаги товарларни экспорт, импорт қилишга

ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит

қилишга рухсатномалар бериш тартиби тўғрисидаги

низомга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимча


1. Қуйидаги мазмундаги 44-1-банд қўшилсин:

"44-1. Ўзбекистон Республикаси ҳудудига давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришга Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни ишлаб чиқарадиган, қайта ишлайдиган ва сақлайдиган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахслар (хорижий экспорт қилувчилар) реестрига киритилган экспорт қилувчи ташкилотлар ва шахсларга рухсат берилади.

Давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларни олиб киришга ветеринария рухсатномаси учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида йиғим ундирилади. Йиғим Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳисобварағига ўтказилади.

Ветеринария рухсатномасини бериш рад этилган ёки товар эгаси берилган аризасидан воз кечган тақдирда, тўланган йиғим суммаси қайтарилмайди.

Ушбу тартиб фавқулодда вазиятларда, халқаро кўргазмаларда қатнашишда, лаборатория таҳлиллари учун намуналарда, шунингдек, дипломатик корпус, ўқув муассасалари, илмий ва давлат мақсадлари учун олиб келинадиган давлат ветеринария хизмати назорати остидаги товарларга нисбатан татбиқ этилмайди".


2. 56-банднинг иккинчи хатбоши чиқариб ташлансин.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 12 май