язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Банк қонунчилиги/ 2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш Стратегияси (ЎзР Президентининг 12.05.2020 й. ПФ-5992-сон Фармонига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Ўзбекистон Республикаси

Президентининг

2020 йил 12 майдаги

ПФ-5992-сон Фармонига

1-ИЛОВА



2020-2025 йилларга мўлжалланган

Ўзбекистон Республикасининг банк

тизимини ислоҳ қилиш

СТРАТЕГИЯСИ


2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси (кейинги ўринларда - Стратегия) Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги ПФ-5953-сон Фармони билан тасдиқланган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини "Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили"да амалга оширишга оид Давлат дастурига мувофиқ, шунингдек, Жаҳон банкининг мамлакат банк тизими жорий ҳолатини ўрганиш натижалари бўйича асосий хулосалари ва тавсияларини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.

Стратегия банк тизимини ривожлантиришнинг мақсадлари, вазифалари ва устувор соҳаларини, 2020-2025 йилларда банк тизимини трансформация ва ислоҳ қилиш йўналишларини, хорижий мамлакатларнинг молия секторини трансформация қилиш тажрибаси асосида ва молиявий соҳадаги жаҳон тенденцияларини ҳисобга олган ҳолда эҳтимолий ечимларни излаш йўлларини белгилайди.



I. БАНК ТИЗИМИНИНГ ЖОРИЙ ҲОЛАТИ


Ўзбекистон Республикаси банк тизими бугунги кунда банк хизматларининг анъанавий соҳалари - кредитлаш, депозит операциялари, ҳисоб-китоб ва касса каби хизматларини кўрсатувчи 31 та тижорат банкидан (кейинги ўринларда - банклар) ташкил топган.

Мамлакатимиз мустақиллиги даврида банклар давлат иштирокидаги корхоналарни ва давлат ривожланиш дастурларини имтиёзли фоиз ставкаларида молиялаштиришга фаол жалб этган ҳолда муайян мақсад ва вазифалар учун ташкил этилди. Натижада имтиёзли кредитларнинг банк тизими умумий портфелидаги улуши 60 фоиздан кўпроқни ташкил этмоқда.

Банк секторида давлат устун мавқега эга - 31 та банкдан 13 тасининг капиталида давлат иштироки мавжуд бўлиб, уларнинг капитали банк тизими жами капиталнинг 87 фоизидан кўпроғини, активлари эса умумий активларнинг 85 фоизидан кўпроғини ташкил қилади.

2017 йилда бошланган банк секторини ислоҳ қилишнинг фаол босқичи валюта бозорини либераллаштириш, банк фаолиятидаги эскирган чекловларни олиб ташлаш ва банкларни уларга хос бўлмаган функциялардан озод қилиш, банк хизматлари оммабоплигини оширишга қаратилди.

2019 йилда банк тизимида бир қатор сифат ўзгаришлари амалга оширилди. Хусусан:

банк ишининг замонавий стандарт ва тамойилларига мос келувчи янги таҳрирдаги "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг қабул қилиниши;

Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси иштирокида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш механизмларининг ислоҳ қилиниши;

давлат дастурларини Марказий банкнинг асосий ставкасидан кам бўлган ставкаларда кредитлаш амалиётидан воз кечилиши ва 2021 йилдан кредитлашнинг бозор шартларига ўтилиши;

тадбиркорликни ривожлантириш давлат мақсадли дастурлари доирасида кредитлашнинг 3 та банк - АТ Халқ банки, "Агробанк" АТБ ва "Микрокредитбанк" АТБда жамланиши;

тадбиркорлик фаолиятини давлат томонидан имтиёзли молиявий қўллаб-қувватлаш механизмининг Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси орқали ташкил этилиши;

бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари ҳисобидан аҳолини уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби жорий этилиши;

Жаҳон банки билан ҳамкорликда тижорат банклари фаолияти устидан пруденциал назорат механизмлари ва тартиб-таомилларини уларнинг Базель қўмитаси тамойилларига мос келиши нуқтаи назаридан баҳолашдан ўтказилиши.



II. БАНК ТИЗИМИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ

ҚИЙИНЧИЛИКЛАР ВА МУАММОЛАР


Банк секторида давлатнинг устун мавқеи, банкларнинг турли давлат дастурлари ва корхоналарини молиялаштириш учун воситачи сифатида фаол жалб қилиниши қуйидаги тизимли хатарлар ва муаммоларга олиб келди:

Жаҳон банкининг "Бизнес юритиш" рейтингидаги паст кўрсаткичлар - рейтингнинг "Кредит олиш" йўналишида Ўзбекистон 67-ўринни эгаллаб турибди;

йирик тижорат банкларининг тармоқдаги замонавий талабларга мувофиқ трансформация жараёнларида ортда қолиши, корпоратив бошқарув стандартлари, ахборот технологиялари маҳсулотлари, активлар ва пассивларни бошқариш, мижозлар билан алоқа қилиш бўйича замонавий усулларни амалиётга жорий қилишда кечикиши;

давлат иштирокидаги банкларнинг устувор дастурлар, секторлар ва давлат улушига эга корхоналарга бозор ставкаларидан паст ставкаларда кредитлар берувчи анъанавий "ривожлантириш банклари" вазифасини қисман бажариши. Чет эл валютасида узоқ муддатли имтиёзли молиялаштиришнинг мавжудлиги даромад эгри чизиғининг пасайишига олиб келиб, бу, ўз навбатида, давлат иштирокидаги корхоналар учун узоқ муддатли кредитларнинг қисқа муддатли кредитлардан кўра арзонроқ бўлишига сабаб бўлади ва уларнинг миллий валютада эмас, балки чет эл валютасида қарз олишини рағбатлантиради;

активлар ва пассивлар долларлашувининг юқори даражаси мавжудлиги, кредитлар ва депозитларнинг йирик компаниялар ва иқтисодиётнинг алоҳида секторларида жамланиши банкларни валюта ва кредит хатарларига, шунингдек, ликвидлик хавфига дучор қилади. 2020 йил бошида хорижий валютада номиналлаштирилган кредитлар жами кредитлар ҳажмининг 48 фоизини, чет эл валютасидаги депозитлар ва фондлар эса жами депозитлар ҳажмининг 44 фоизини ташкил этади. Давлат иштирокидаги банклар томонидан берилган кредитлар умумий ҳажмининг 36 фоизи 10 та энг йирик қарз олувчилар ҳиссасига тўғри келади;

банклар бизнес-моделларининг корпоратив мижозларга хизмат кўрсатишга йўналтирилганлиги, нобанк молия ташкилотлари, инновациялар ва ахборот тизимларининг суст ривожланганлиги сабабли молиявий оммабопликнинг паст даражадалиги. Натижада, бошқа мамлакатларда жисмоний шахслар ва корпоратив мижозларга ажратилган кредитлар бир меъёрда тақсимланган бир вақтда, мамлакатимизда жисмоний шахсларга ажратилган кредитлар жами кредит портфели ҳажмининг 19 фоизини, корпоратив мижозларга ажратилган кредитлар эса 81 фоизни ташкил этмоқда;

нобанк кредит ташкилотлари, шу жумладан микромолиялаштириш институтларининг етарли даражада ривожланмаганлиги. Бунинг оқибатида фаолиятини энди бошлаётган тадбиркорлар қатламини қамраб оладиган, уларнинг босқичма-босқич банк кредитларини жалб қила оладиган тўлақонли бизнес даражасигача "ўсишига" имкон яратувчи самарали механизмлар яратилмаган.



III. ИСЛОҲОТЛАРНИНГ МАҚСАДЛАРИ ВА

УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ


Стратегиянинг мақсади замонавий банк тизимини шакллантириш, банкларнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва банк хизматларининг янги стандартларини жорий этишга қаратилган банк тизимида комплекс ўзгартиришларни амалга оширишдан иборат.

Қуйидагилар Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилишнинг устувор йўналишлари ҳисобланади:

молия бозорида тенг рақобат шароитларини яратиш, фақатгина бозор талаблари асосида кредитлаш, банкларнинг давлат ресурсларига бўлган қарамлигини камайтириш, банк хизматларини модернизация қилиш, самарали инфратузилма яратиш ва банклар фаолиятини автоматлаштириш, шунингдек, банкларнинг асосий фаолият тури билан боғлиқ бўлмаган функцияларини босқичма-босқич бекор қилиш орқали банк тизимининг самарадорлигини ошириш;

кредит портфели сифати ва таваккалчиликларни бошқариш сифатини яхшилаш, кредитлаш ҳажмлари ўсишининг мўътадил даражасига амал қилиш, мувозанатлашган макроиқтисодий сиёсат юритиш, корпоратив бошқарувни такомиллаштириш ва халқаро миқёсда амалий тажрибага эга бўлган менежерларни жалб қилиш, молиявий таваккалчиликларни баҳолаш учун технологик ечимларни татбиқ этиш орқали банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш;

давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банкларини комплекс трансформация қилиш, банк ишининг замонавий стандартларини, ахборот технологияларини ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш, банклардаги давлат акциялари пакетини зарур тажриба ва билимга эга бўлган инвесторларга танлов савдолари асосида сотиш, шунингдек, давлат улуши мавжуд бўлган тижорат банклари ва корхоналарни бир вақтнинг ўзида ислоҳ қилиш орқали банк секторида давлатнинг улушини камайтириш;

етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган ва заиф қатламларда давлат иштирокини кўпайтириш ва манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиш, камхарж хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғини ривожлантириш, шунингдек, республиканинг ягона молия тизимидаги ўзаро тўлдирувчи қисм сифатида нобанк кредит ташкилотларининг шаклланиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали молиявий хизматлар оммабоплигини ва сифатини ошириш.



1. Банк тизимининг самарадорлигини ошириш


Банк тизими самарадорлигини ошириш тадбиркорлик субъектлари ва аҳолининг арзон ва сифатли молиявий хизматларга ўсиб бораётган эҳтиёжларини таъминлаш учун иқтисодий ривожланишнинг энг муҳим омили ҳисобланади.

Шу муносабат билан, Стратегия доирасида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

1) илғор халқаро тажриба ва технологияларни жалб қилиш ҳисобига банк хизматлари кўламини кенгайтириш ва сифатини ошириш;

2) корпоратив бошқарувнинг илғор стандартлари ва тажрибасини жорий этиш орқали банкларда бошқарувни такомиллаштириш, банк бошқаруви органлари ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ҳамда улар томонидан маълумотларни лозим даражада ошкор этилишини таъминлаш;

3) банклар фаолиятини тижоратлаштиришни ошириш, банк тизимининг молиявий барқарорлигини таъминлаш, шунингдек, пул-кредит сиёсати инструментларининг самарадорлигини ошириш учун субсидияланган кредит беришдан воз кечиш;

4) тижорат банкларининг жамғармаларни инвестицияларга сафарбар қилиш ҳамда уларни молиявий ва иқтисодий нуқтаи назардан энг самарали соҳаларни молиялаштиришга йўналтиришни таъминловчи молиявий воситачи сифатидаги ролини ошириш;

5) стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш ва молия тизимининг халқаро молия бозорларига босқичма-босқич интеграциялашувини таъминлаш учун зарур шарт-шароитларни яратиш мақсадида банк фаолиятини изчил либераллаштириш ва уни энг яхши халқаро амалиёт билан уйғунлаштириш;

6) нобанк кредит ташкилотларини, шу жумладан ушбу сегментда рақобатни ривожлантириш, пруденциал тартибга солишнинг тегишли нормаларини ривожлантириш орқали, шунингдек, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини енгиллаштириш ҳисобига ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш.



2. Банк тизимининг молиявий барқарорлигини

таъминлаш


Банк секторининг молиявий барқарорлиги ва бардошлилиги режалаштирилган ислоҳотларни муваффақиятли амалга оширишнинг ҳамда бизнес ва аҳолининг миллий банк тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашнинг асосий шарти ҳисобланади.

Банк сектори молиявий барқарорлигини оширишнинг стратегик мақсадларига эришиш учун қуйидаги тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда:

1) кредитлашнинг ўсиш суръатлари мўътадиллигини таъминлаш ва кредит портфели сифатини яхшилаш;

2) банк сектори назоратини такомиллаштириш ва банкларда таваккалчиликларни бошқаришнинг замонавий тизимини татбиқ этиш;

3) банк тизими ва иқтисодиётнинг реал секторидаги давлат улуши мавжуд корхоналарни ўзаро мувофиқ равишда ислоҳ қилишни таъминлаш, банклар томонидан давлат корхоналари ва ташкилотлари фаолиятини трансформация қилишда тижорат асосида фаол иштирок этиш, реал сектор ва молия секторидаги ўзгаришлар уйғун тарзда кечишини таъминлаш;

4) банкларнинг капиталига қўйиладиган минимал талабларни, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг халқаро иқтисодий ташкилотларга қўшилиши ва республика банк тизимининг халқаро молия тизимига интеграциялашувини ҳисобга олган ҳолда ошириш;

5) энг яхши халқаро тажриба асосида депозитларни ҳимоялаш тизимини изчиллик билан ривожлантириш.

Кўрсатиб ўтилган чора-тадбирлар доирасида қуйидагилар банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашга хизмат қилади:

давлат улуши мавжуд корхоналарни бошқариш самарадорлигини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилиши, жумладан улар доирасида мазкур корхоналарни бошқариш, молиявий барқарорлигини ошириш ва хусусийлаштиришнинг энг мақбул усуллари ишлаб чиқилади;

давлат улуши мавжуд банклар активлари сифатининг мустақил баҳолашдан ўтказилиши ва, шу жумладан ҳаракатсиз кредитларга амалий кўмаклашиш орқали уларнинг кредит портфеллари сифатини яхшилаш бўйича чоралар кўрилиши;

кредит бюролари фаолияти, шу жумладан уларнинг маълумотлар базаларини уй-жой коммунал хўжалик комплекси, солиқ ва пенсия тизимларининг ахборот тизимлари билан интеграциялаш орқали ривожлантирилиши;

банк ишини юритиш, шу жумладан корпоратив бошқарув ва мижозларга хизмат кўрсатишда илғор халқаро стандартларни жорий этиш тамойиллари асосида молия секторининг халқаро интеграциялашуви;

низоларни суддан ташқари ҳал қилиш тартиб-таомиллари, банкротлик, мажбурий ижро соҳаларидаги қонунчиликни ва қарздорларнинг инсофсиз ҳаракатларидан банкларни ҳуқуқий ҳимоя қилишнинг бошқа чораларини такомиллаштириш.



3. Банк секторида давлат улушини камайтириш


Тижорат банкларини хусусийлаштириш банк тизимини ислоҳ қилишнинг муҳим омили ҳисобланади.

Мазкур вазифани бажариш мақсадида қуйидагилар кўзда тутилмоқда:

1) кредит ташкилотларини уларга хос бўлмаган функцияларни бажаришдан, шунингдек, ортиқча юкламалардан озод қилиш орқали маъмурий юкни изчиллик билан бартараф этиш;

2) замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, тижорат банкларининг бизнес жараёнларини автоматлаштириш ва масофавий банк хизматлари турларини кенгайтириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш;

3) банк ишида етарли даражада тажриба, билим ва обрўга эга бўлган стратегик инвесторларни жалб қилган ҳолда, қатор тижорат банкларида давлат улушини камайтириш;

4) банк тизимини ислоҳ қилиш даврида аҳолининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, инвестиция лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш механизми ("лойиҳалар фабрикаси")ни жорий қилиш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида бир қанча банклардаги давлат улушини ўрта муддатли истиқболда сақлаб қолиш;

5) назорат юкларини, шу жумладан банкларнинг регулятор ва давлат органлари билан ахборот алмашинувини такомиллаштириш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш жараёнларини соддалаштириш ва автоматлаштириш орқали уларни тақдим этиш билан боғлиқ бўлган юкларни камайтириш.

Йирик банкларни хусусийлаштиришда асосий ёндашув икки босқични, шу жумладан 2020-2021 йилларда институционал ўзгаришларни ва ундан кейинги даврда давлат улушини стратегик инвесторларга тўлиқ сотишни назарда тутади.

Биринчи босқич давомида банкларни институционал ўзгартириш халқаро молия институтлари билан ҳамкорликни ҳамда банкларнинг молиявий ҳолатини чуқур таҳлил қилиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва тегишли трансформация стратегиясини ишлаб чиқиш учун халқаро консалтинг компанияларини жалб қилишни назарда тутади.

Халқаро молия институтлари билан кенг қамровли ҳамкорлик корпоратив бошқарув, бизнес-стратегия ва операцияларга замонавий ечимларни жорий этишга асосланади. Бундан ташқари, уларнинг иштироки потенциал стратегик инвесторлар учун ижобий белги ҳисобланади.

Давлат улушига эга бўлган банкларни корпоратив трансформация қилиш жараёни тўртта устувор йўналиш бўйича амалга оширилади:


1. Корпоратив бошқарувни такомиллаштириш:

банк кузатув кенгашларига банк соҳасида халқаро тажрибага эга бўлган мустақил аъзоларни киритган ҳолда, уларнинг таркибини янгилаш, тижорат банклари бошқарув органлари ўртасида ваколат ва мажбуриятларни аниқ тақсимлаш;

самарали назорат учун кузатув кенгашлари ҳузурида махсус қўмиталарни ташкил этиш;

замонавий халқаро тажриба асосида банк бошқарувининг ташкилий тузилмасини қайта кўриб чиқиш, ижро органлари фаолияти сифатини баҳолаш учун "самарадорликнинг энг муҳим кўрсаткичлари"ни белгилаш амалиётини жорий қилиш;

молиявий ҳисоботларнинг халқаро стандартларига ўтиш, миноритар акциядорлар, мижозлар ва бошқа манфаатдор томонларга маълумотларнинг етарли даражада ошкор этилишини таъминлаш;


2. Банк хизматлари сифатини ошириш ва кўламини кенгайтириш:

бизнес жараёнларни мақбуллаштириш ва бошқарув сифатининг халқаро стандартларини жорий қилиш;

таваккалчиликларни бошқариш тизимини такомиллаштириш орқали кредитлар ажратиш жараёнларини соддалаштириш;

мижозларга кенг кўламли хизматларни (молиявий маслаҳат, инвестицион банкинг, факторинг, лойиҳавий молиялаштириш, лизинг ва бошқалар) таклиф этиш;


3. Замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш:

масофавий банк хизматлари, шу жумладан контактсиз тўловлар сони ва қамровини кенгайтириш;

автоматлаштирилган скоринг тизими, рақамли идентификациялаш ва кредит конвейеридан кенг фойдаланиш;

банк маълумотлари ва тизимларининг ахборот хавфсизлигини кучайтириш;

банк соҳасидаги янги концепция ва технологияларни жорий қилиш (финтех, маркетплейс, рақамли банк);


4. Кадрлар салоҳиятини ошириш:

кадрларни бошқаришнинг корпоратив стратегиясини такомиллаштириш;

банк кадрларини узлуксиз ўқитиш тизимини жорий қилиш;

ҳар бир ходимнинг фаолияти натижаларини баҳолаш асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий тизимларига ўтиш (KPI, бонус).

Банк тизимидаги кадрлар салоҳиятини оширишда Банк-молия академияси фаолиятини янгича ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади. Бунда, етакчи хорижий банклар ва консультантлар билан ҳамкорлик қилиш асосида узлуксиз таълим тизимини ташкил этиш, назария ва амалиёт ўртасидаги узвий алоқани таъминлаш назарда тутилади.

Иккинчи босқич - давлат улушини хусусийлаштириш банкларнинг трансформацияси муваффақиятли якунланганидан сўнг амалга оширилади ва зарур тажриба, билим ва обрўга эга бўлган стратегик инвесторларга банк акцияларини сотишни назарда тутади.

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, мазкур Стратегия доирасида қуйидаги банкларни трансформация қилиш ва хусусийлаштириш кўзда тутилмоқда:

1) "Ипотека-банк" АТИБ ва "Ўзсаноатқурилишбанк" АТБни Халқаро молия корпорациясининг кўмагида;

2) "Алоқабанк" АТБни Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳамда Осиё тараққиёт банкининг кўмагида;

3) "Асака" АТБни Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг кўмагида;

4) "Қишлоқ қурилиш банк" АТБ ва "Турон банк" АТБни халқаро молия институтлари ва консалтинг ташкилотларини жалб қилиш орқали уларни қўшиб юбориш масаласини кўриб чиққан ҳолда.

Мазкур Стратегияни амалга ошириш доирасида АТ "Халқ банки" ва "Asia Alliance Bank" АТБдаги давлат акциялари пакетини хорижий стратегик инвесторларга сотиш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, АТ Халқ банкини хусусийлаштиришга тайёрлаш жараёнида жамғариб бориладиган пенсия тизимини банкдан ажратиб олиш кўзда тутилмоқда.

Банк тизимини ислоҳ қилиш даврида барча аҳоли қатламларининг молиявий хизматларга бўлган талабини қондириш, банк хизматларининг ҳудудий қамровини таъминлаш мақсадида давлат иштироки устувор равишда учта банкда - "Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки" АЖ (кейинги ўринларда - Ўзмиллийбанк), "Агробанк" АТБ ва "Микрокредитбанк" АТБда сақлаб қолинади.

Ўзмиллийбанк фаолияти устувор равишда стратегик корхоналар ва инвестиция лойиҳаларига бозор шартларида банк хизматларини кўрсатиш, шунингдек, кенг қамровли банк маҳсулотларини тақдим этишга қаратилган тизимли аҳамиятга молик банк сифатида белгиланади.

Бундан ташқари Ўзмиллийбанк халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда, инвестиция лойиҳаларини ишлаб чиқиш, кўриб чиқиш, молиялаштириш ва амалга оширишни қўллаб-қувватлашнинг ягона механизмини ("лойиҳалар фабрикаси") жорий этиш билан шуғулланади.

"Агробанк" АТБ ва "Микрокредитбанк" АТБнинг ҳудудлардаги тармоғи афзаллигини инобатга олган ҳолда, уларнинг фаолияти кичик ва ўрта бизнесни, қишлоқ хўжалигидаги ишлаб чиқарувчиларни давлат томонидан кредит орқали қўллаб-қувватлашга, ҳудудларда, шу жумладан молиявий хизматлар кўрсатиш қийин бўлган олис туманларда жисмоний шахсларга хизмат кўрсатиш ва кичик тадбиркорлик субъектларини молиявий қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.

Бунда, мазкур банкларда қуйидагиларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

профессионал кузатув кенгашларини шакллантириш, уларга малакали мутахассисларни жалб қилиш;

операциялар ва бизнес натижаларнинг самарадорлигини комплекс мониторинги тизимини жорий қилиш;

ташқи аудиторлар ва давлат назорат органлари билан ўзаро тизимли ҳамкорликни таъминлаш.

Давлат улуши мавжуд бўлган айрим банкларнинг фаолиятини диагностика қилиш ва молиявий аҳволини баҳолаш асосида, меъёрий талабларидан ҳамда иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлигидан келиб чиққан ҳолда қонун ҳужжатларига мувофиқ уларни уларни қайта ташкил этиш масаласи кўриб чиқилади.



4. Молиявий хизматларнинг оммабоплиги

ва сифатини ошириш


Молиявий хизматларнинг оммабоплигини ошириш аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари, шу жумладан, етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган сегментлар (кам даромадли жисмоний шахслар, қишлоқ аҳолиси, микрофирма ва кичик корхоналар) учун банкнинг базавий хизматларидан (депозит, кредит ва тўлов хизматлари) фойдаланиш имкониятини кенгайтиришни назарда тутади.

Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш мақсадида қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

1) Жаҳон банки кўмаги билан молиявий оммабопликни оширишнинг аниқ ва мувофиқлаштирилган йўналишларини белгиловчи Молиявий оммабопликни оширишнинг миллий стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;

2) субсидияланадиган кредит дастурларини етарлича хизмат кўрсатилмаётган ва заиф қатламларга йўналтириш ҳамда субсидияларни вақт бўйича чеклаш мақсадида давлатнинг иштирокини етарли даражада хизмат кўрсатилмаётган сегментларда жамлаш;

3) мавжуд бўшлиқларни тўлдириш мақсадида яхлит ва иқтисодий самарадор молиявий воситачилик ва маҳсулотлар тизимини, жумладан ушбу қатламлар учун мақсадли ечимларни ишлаб чиқиш имкониятига эга микрокредит ташкилотлари, лизинг, факторинг ва молиявий технологик (финтех) компаниялар, электрон пул операторлари, ихтисослаштирилган кредит-воситачиларини ривожлантириш.

Банкларнинг ҳудудлардаги иштироки базавий банк хизматлари тўпламини кўрсатувчи ва кўп сонли бошқарув ходимларини талаб қилмайдиган ихчам "банк хизматлари офислари" тармоғини барча ҳудудларда кенгайтирган ҳолда мавжуд филиаллар тармоғини мақбуллаштириш, шунингдек, "мобил банкинг" хизматларини кенг жорий қилиш ҳисобига таъминланади.

Молиявий хизматлар оммабоплигини ошириш учун қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда:

айрим банклар капиталида давлат улуши мавжудлигидан қатъи назар банклар фаолиятини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратиш орқали банк секторида рақобат муҳитини таъминлаш;

банкларнинг янги, шу жумладан "рақамли банкинг" тамойилларига асосланган бизнес-моделларини жорий қилиш;

банк хизматлари кўрсатишнинг халқаро сифат стандартларини қўллаш;

банкларнинг операцион ва капитал харажатларини оптималлаштириш;

биринчи навбатда, юридик ва жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитларини янада ошириш, шунингдек, банкларнинг халқаро капитал бозорларига чиқиши ҳисобига банк тизимига қўшимча ресурсларни жалб қилиш;

кичик ва ўрта бизнес субъектларига кўрсатилаётган хизматларнинг кўлами ва сифатини, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатиш орқали ошириш;

ипотека бозорида аҳолининг ошиб бораётган эҳтиёжларини қаноатлантирувчи тегишли банк ва нобанк маҳсулотлар турини кенгайтириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш орқали шаҳар ва қишлоқ жойларида ипотекани кредитлашни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиш.



IV. ХАЛҚАРО РЕЙТИНГЛАРДА ЎЗБЕКИСТОН БАНК

ТИЗИМИНИНГ МАВҚЕИНИ ОШИРИШ


Иқтисодий фаолиятнинг асосий ўринларидан бирини эгаллар экан, банк тизимининг ривожланиш ва самарадорлик даражаси кўрсаткичлари, қоида тариқасида, турли халқаро рейтингларга киритилади ва уларнинг асосийларидан бири Жаҳон банкининг "Бизнес юритиш" рейтинги ҳисобланади.

Кредитлар оммабоплигини ва мазкур рейтингда Ўзбекистоннинг мавқеини ошириш мақсадида 2019-2020 йилларда 4 та қонун ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та қарори қабул қилинди. Уларга мувофиқ:

кредиторларнинг ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш учун гаров мулкига қўйилган талаблар халқаро амалиётга мувофиқлаштирилди;

гаров реестрига ёзув киритилган сана ундирув навбатини ва кредиторнинг бошқа кредиторлар ва учинчи шахсларга нисбатан устувор ҳуқуқини аниқлаш учун асос ҳисобланади;

ундирувни мол-мулкка (мулкий ҳуқуққа) қаратишнинг ягона тартиби белгиланди;

гаровни белгилаш ва ундирувни унга қаратиш тартиб-таомиллари соддалаштирилди;

қарздор ва кредиторга банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битими тузиш ҳуқуқи берилди;

бир турдаги кредиторлар тушунчаси киритилди.

Қайд этилган чоралар миллий қонунчиликни халқаро амалиётга мувофиқлаштиришга, уларни қўллаш амалиётини такомиллаштириш эса мамлакат рейтингини оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, Жаҳон банки рейтингида мазкур Стратегиянинг мақсадли кўрсаткичларига эришиш учун қуйидагилар кўзда тутилмоқда:


1. Кредит ахбороти манбаларини кенгайтириш ва кўчмас мулк объекти тўғрисидаги маълумотларни кредит реестрида акс эттиришнинг янги механизм ва воситаларини жорий этиш.


2. Қонун ҳужжатларига қарз олувчининг қарзини мажбурий ундириш жараёнида кредиторларнинг гаров билан таъминланган ҳуқуқларини ҳимоя қилишни такомиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш.


3. Давлат персоналлаштириш маркази, Давлат солиқ қўмитаси, Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Мажбурий ижро бюроси, Давлат хизматлари агентлиги, шунингдек, коммунал хизматлар ташкилотлари, суғурта компаниялари ва бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг маълумотлар базаси билан интеграциялашган ҳолда қарз олувчиларнинг скоринг тизимини янада такомиллаштириш.



V. НОБАНК МОЛИЯ ИНСТИТУТЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ


1. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш

давлат жамғармаси


Банк секторининг тижоратлашувини ошириш, унга хусусий капитални жалб қилиш ва мазкур секторни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича вазифаларни амалга ошириш асносида Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) фаолиятини такомиллаштириш масаласи долзарб аҳамият касб этади.

Ҳозирги вақтда Жамғарманинг фаолияти фоиз ставкаларини қоплаш ва кредитлар бўйича кафилликлар бериш орқали молиявий қўллаб-қувватлашга қаратилган.

Банк секторини ислоҳ қилиш Жамғарма фаолиятини такомиллаштириш заруриятини кучайтиради. Хусусан, қарз олувчининг гаровга қўйилган мол-мулки билан бир қаторда кафолатлар бўйича ундиришни кўзда тутувчи маҳсулотларни жорий этиш бўйича ишлар олиб борилади. Бундан ташқари, Жамғарма фаолиятининг барқарорлигини ошириш, шунингдек, кафилликлар бўйича табақалаштирилган комиссияларга босқичма-босқич ўтиш учун молиявий модель ишлаб чиқилади.

Жамғарманинг корпоратив бошқаруви унинг кузатув кенгашида мустақил аъзолар, шу жумладан хусусий сектор ва/ёки илмий доира мутахассисларининг иштироки ҳисобига кучайтирилади.

Жамғарманинг молиявий ҳисоботлари аудиторлик текширувидан ўтади, шаффофлик ва ҳисобдорликни ошириш мақсадида бюджет ижроси тўғрисидаги ҳисоботлар эълон қилинади.

Таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва бошқариш соҳасида Жамғарманинг салоҳияти кучайтирилади, шунингдек, банклар томонидан кредит ажратиш жараёнининг мақбуллиги ва тўғрилигини баҳолаш методологияси ишлаб чиқилади.

Жамғарманинг таваккалчиликларни бошқариш тизими такомиллаштирилиши билан портфелни кафолатлаш ва унда кутилаётган йўқотишлар асосида турли воситачилик тўловларини ундириш маҳсулотлари жорий этилади.

Жамғарма операциялари ҳажмининг янада кенгайиши ва банк сектори барқарорлиги учун унинг тизимли аҳамияти ортишини ҳисобга олган ҳолда, унинг фаолиятини самарали пруденциал назорат қилиш механизми ишлаб чиқилади.



2. Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва

тараққиёт жамғармаси


Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (кейинги ўринларда - ЎТТЖ) республика молия тизимида муҳим ўрин эгаллайди. 2019 йилда инвестиция лойиҳалари ва дастурлари доирасида ЎТТЖга банклар томонидан қайта молиялаштириладиган кредитларни тўғридан-тўғри бериш билан, банк тизими орқали унинг ресурсларини ажратишни чеклаш чоралари кўрилди.

Шу муносабат билан, зарур ҳолларда, халқаро молия институтлари экспертлари ва хорижий консультантларни жалб этган ҳолда ЎТТЖ фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида уни янада ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирлар давом эттирилади.



3. Нобанк кредит ташкилотлари


Молиявий оммабопликни ошириш банк секторини ислоҳ қилиш бўйича режаларни муваффақиятли амалга оширишни таъминловчи омил эканлигини ҳисобга олиб, мазкур Стратегия нобанк кредит ташкилотларини (НКТ) ривожлантириш бўйича ташаббусларни шакллантиришни ҳам кўзда тутади.

Банкларнинг устун мавқеига қарамай, улар аҳолининг муайян қатламларини қамраб олмайди, хусусийлаштириш жараёнида ва хусусийлаштиришдан кейин эса уларнинг фаолияти юқори даромадли йирик корхоналар ва жисмоний шахсларга янада кўпроқ қаратилиши мумкин. Бу эса НКТ фаолиятини кичик бизнес ва кам даромадли аҳолига хизмат кўрсатишга қаратган ҳолда, уларни ривожлантириш зарурлигини тақозо этади.

Шу муносабат билан, молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришда НКТнинг ролини ошириш учун ўрта муддатли истиқболда Марказий банк ва бошқа ваколатли органларнинг саъй-ҳаракатлари қуйидагиларни назарда тутади:

НКТнинг барқарор ривожланишини рағбатлантириш учун лицензиялаш тартиб-таомилларини соддалаштириш, таваккалчилик соҳаларини мутаносиб равишда тартибга солиш ва тегишли инфратузилмадан фойдаланиш имкониятини таъминлаш орқали тенг шароитларни яратиш йўли билан томонларнинг иштирок этиш имкониятини енгиллаштиришга қаратилган қулай норматив-ҳуқуқий базани таъминлаш;

нобанк молия хизматларига оид маҳсулот таклифлари, шакл ва турларини, шу жумладан молия технологиялари соҳасида янги ечимларни кенгайтириш;

таваккалчиликка йўналтирилган назоратни қўллаш, бухгалтерия ҳисоби қоидалари ва талабларига риоя этилиши нуқтаи назаридан лозим даражада тартибга солиш, шунингдек, кредит бюролари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳисобига пруденциал тартибга солишнинг сифати ва қулайлигини ошириш;

молиявий хизматлар истеъмолчиларининг ҳуқуқларига риоя этилиши, шу жумладан "масъулиятли кредитлаш", хизматлар қиймати тўғрисида маълумотларнинг лозим даражада ошкор этилиши, истеъмолчилар шикоятларини кўриб чиқиш механизмларининг тартибга солиниши нуқтаи назаридан НКТни тартибга солиш;

НКТнинг банкротлик тартиб-тамоилларини кредиторларнинг йўқотишларини камайтириш мақсадида тартибга солиш.



VI. МАРКАЗИЙ БАНК ВА ПРУДЕНЦИАЛ

НАЗОРАТНИНГ РОЛИ


Кредитлашнинг юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолаётган шароитда, шунингдек, банк тизимини ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришга тайёрлашда Марказий банкнинг банк тизими регулятори сифатидаги ролини ошириш орқали лозим даражадаги пруденциал назоратнинг бўлиши молия тизими барқарорлигини таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан Жаҳон банки билан биргаликда банклар фаолиятини пруденциал назорат қилиш механизмлари ва тартиб-таомилларининг Базель қўмитаси "Банкларни самарали назорат қилишнинг асосий тамойиллари"га мувофиқлиги баҳоланди.

Баҳолаш натижаларидан келиб чиқиб, Марказий банк томонидан банкларни тартибга солиш ва назорат қилишни такомиллаштириш бўйича қуйидагиларни назарда тутувчи чора-тадбирларни амалга оширилади:

давлат устунлик қилаётган банк секторидан хусусий инвесторларнинг роли сезиларли бўлган секторга бир текис ўтишни таъминлаш, шунингдек, банкларга нисбатан халқаро эътироф этилган минимал стандартлар ва талабларни белгилаш учун норматив ва назорат базасини қайта кўриб чиқиш, уни Ўзбекистон Республикасининг "Банклар ва банк фаолияти тўғрисида"ги ва "Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида"ги қонунларига мувофиқ назорат циклининг бутун спектри бўйича ислоҳ қилиш;

секторнинг барқарорлиги ва яхлитлигини сақлаб қолиш учун аниқ, узоқ муддатли, реал стратегик ташаббуслар ва ҳаётий бизнес режаларга эга бўлган барқарор иштирокчиларнинг бозорга киришини таъминлаш мақсадида банкларни лицензиялаш қоидаларини қайта кўриб чиқиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг тавсияларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

тизимли аҳамиятга молик банклар учун капитал буферларини жорий қилиш орқали кредит портфелининг ҳаддан зиёд ўсиб кетишини жиловлаш;

банкларнинг шаффофлигига ва банклар томонидан мунтазам равишда чоп этиладиган ахборотларга қўйилган талабларни ишлаб чиқиш;

назорат фаолиятига жалб этилган ходимларнинг салоҳиятини доимий ва тизимли равишда ошириш;

муаммоларни барвақт, хатарлар амалда рўй беришидан олдин бартараф этиш мақсадида, жумладан банкларнинг ўзи томонидан олдини олувчи чоралар кўрилишини назарда тутувчи тезкор тузатиш ҳаракатларини (барвақт жавоб қайтариш чоралари) қўллаш механизмини ишлаб чиқиш;

назорат жараёнида ва маълумотлар алмашинувини амалга оширишда, шунингдек, ҳисоботларни шакллантиришда ахборот технологияларининг ролини кенгайтириш,

банкларнинг асосий фаолият турига хос бўлмаган функцияларини ҳамда уларнинг банк фаолияти ҳисобланмайдиган фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларнинг устав фондлари (устав капитали)да иштирокини босқичма-босқич қисқартириш;

консолидациялашган назоратнинг норматив базасини ишлаб чиқиш (шу жумладан банк гуруҳларини аниқлаш, гуруҳларни идентификациялаш, консолидациялашган ҳисобот, консолидациялашган асосда пруденциал коэффициентлар);

капиталнинг етарлилиги ва ликвидлик кўрсаткичи талабларига қатъий риоя этилишини, шу жумладан мавжуд талабларни қайта кўриб чиқиш ва уларни Банк назорати бўйича Базель қўмитасининг стандартларига мувофиқлаштириш орқали таъминлаш;

корпоратив бошқарув, ички назорат ва таваккалчиликларни бошқариш тўғрисидаги низомларни банклар учун корпоратив бошқарувнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва бошқа илғор тажрибаларга мувофиқлаштириш мақсадида қайта кўриб чиқиш;

банкларда стресс-тестларнинг ишончли тизимига қўйиладиган батафсил талабларни ишлаб чиқиш, унинг натижаларини банклар капиталининг етарлилик кўрсаткичларини ва ликвидлилигини режалаштиришда қўллаш;

самарали назорат олиб бориш учун ҳисоботларга оид кераксиз ва эскирган талабларни камайтириш ҳамда ҳисоботларни шакллантириш жараёнини автоматлаштириш орқали ҳисобот тизимини такомиллаштириш;

энг юқори таваккалчиликка эга - йирик, тизимли аҳамиятга молик банклар, юқори ёки ёмонлашаётган таваккалчилик-профилига эга ва/ёки бизнес фаолияти жараёнида таваккалчиликларни бошқариш сифати паст бўлган ва юқори даражадаги ички таваккалчиликларга эга банкларга нисбатан назоратга оид ресурсларни ажратишни назарда тутувчи таваккалчиликларни бошқаришга асосланган назоратга (таваккалчиликка йўналтирилган назорат) ўтиш;

банк фаолияти узлуксизлиги ва молиявий барқарорлик каби жамият манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида банкларни тартибга солиш ва санациялаш ҳамда омонатларни суғурталашга оид тегишли тизимни жорий қилиш;

халқаро амалиётга мувофиқ турли таваккалчиликларни (концентрация ва ликвидлик хавфи, кредит, операцион, валюта таваккалчилиги ва бошқалар) бошқариш бўйича қўлланмаларни ишлаб чиқиш.



VII. МОЛИЯ ВАЗИРЛИГИНИНГ РОЛИ ВА

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тижорат банкларида давлат улуши бўйича акциядор вазифасини юклаган ҳолда давлат улуши бўлган тижорат банкларини трансформация қилиш ва уларга замонавий бошқарув усулларини жорий этиш ҳамда қуйидаги вазифаларни бажариш бўйича масъулият юклатилган:

тижорат банкларининг ривожланиш стратегиясида белгиланган мақсадли вазифалар ва мўлжалларнинг бажарилишини баҳолаш ва назорат қилиш, шу жумладан ҳукумат қарорларига мувофиқ банкларни капиталлаштиришга йўналтирилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини баҳолаш;

тижорат банкларининг кузатув кенгашларини кучайтириш учун халқаро консультантларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш, шунингдек, тижорат банкларининг халқаро молия институтлари ва консалтинг компаниялари билан ислоҳотларни амалга ошириш ва хусусийлаштиришга тайёргарлик доирасидаги ўзаро ҳамкорлигини мувофиқлаштириш;

молиявий самарадорликка, инвестиция ва кредит портфели сифатига, шунингдек, депозитларни жалб қилиш соҳасидаги фаоллигига тўғридан-тўғри боғлиқ бўлган ижро этувчи (бошқарув) органларининг самарадорлиги мезонларни ишлаб чиқиш ва ўрнатиш.

Молия вазирлиги давлат улушига эга бўлган банкларни трансформация қилиш юзасидан ўзига тақдим этилган ваколатлар доирасида қуйидагиларни таъминлайди:

мазкур Стратегиянинг мақсад ва вазифаларига мувофиқ давлат улушига эга бўлган банкларни ўз вақтида ва сифатли трансформация қилиш ҳамда уларни хусусийлаштириш бўйича чора-тадбирларни изчил амалга ошириш;

банклар ижро этувчи (бошқарув) органлари ва кузатув кенгашлари таркибини, шу жумладан мустақил аъзолар билан кучайтириш, корпоратив бошқарув стандартларига қўйиладиган талабларни ошириш, молиявий самарадорлик ва таваккалчиликларни бошқариш сифати мезонларини белгилаш;

банкларни ислоҳ қилиш ва хусусийлаштиришга қадар тайёрлаш жараёнларига жалб қилиш учун халқаро молия институтлари ва консалтинг компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик қилиш.

Қуйидагилар Стратегияни амалга ошириш доирасида Молия вазирлиги томонидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳисобланади:

тегишли банклар томонидан мазкур Стратегия қоидаларига мувофиқ равишда ҳамда халқаро молия институтлари ва консалтинг компаниялари билан ўзаро ҳамкорликда трансформация режаларини ишлаб чиқилишини мувофиқлаштириб бориш;

Жамғариб бориладиган пенсия тизими маблағларини самарали бошқариш ва фойдаланишни таъминлаш;

банкларнинг трансформация жараёнини ҳамда базавий тармоқлар ва давлат иштирокидаги корхоналарда таркибий ўзгартиришлар киритишни узвий амалга ошириш ва мувофиқлаштириш чораларини кўриш.



VIII. СТРАТЕГИЯНИНГ МАҚСАДЛИ

КЎРСАТКИЧЛАРИ ВА УНИ РЎЁБГА

ЧИҚАРИШ УСТИДАН МОНИТОРИНГ


Банк секторини ислоҳ қилиш бўйича белгиланган мақсадларга ўз вақтида эришилишини ва қилинган саъй-ҳаракатлар муваффақиятини баҳолаш мақсадида мазкур Стратегия қуйидаги мақсадли кўрсаткичларни ўз ичига олади:

1) банк тизими активларининг жами ҳажмида давлат улуши бўлмаган банклар активлари ҳиссасини жорий 15 фоиздан 2025 йилга келиб 60 фоизгача ошириш;

2) банклар мажбуриятларининг умумий ҳажмида хусусий сектор олдидаги мажбуриятлар ҳиссасини жорий 28 фоиздан 2025 йил якунига 70 фоизгача ошириш;

3) 2025 йилга келиб давлат улуши мавжуд камида учта банк капиталига зарур тажриба, билим ва обрўга эга бўлган камида учта стратегик хорижий инвесторларни жалб қилиш;

4) умумий кредитлаш ҳажмида нобанк кредит ташкилотлари ҳиссасини жорий 0,35 фоиздан 2025 йилга келиб 4 фоизгача ошириш.

Стратегиянинг амалга оширилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш, умумий мувофиқлаштириш, банк тизимини ислоҳ қилишга тўсқинлик қилувчи муаммоли масалаларни тезкор кўриб чиқиш ва ҳал этиш Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Марказий банки томонидан амалга оширилади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 13 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 25 май, 19-20-сон, 200-модда