язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Давлат ҳуқуқий тизими асослари/ Ҳудуд/ Минтақалар тараққиёти/ Ўзбекистон Республикаси Президентининг 15.05.2020 й. ПҚ-4715-сон "Тошкент вилоятида саноат ишлаб чиқариш ҳажмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ПРЕЗИДЕНТИНИНГ

ҚАРОРИ

15.05.2020 й.

N ПҚ-4715



ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИДА САНОАТ

ИШЛАБ ЧИҚАРИШ ҲАЖМЛАРИНИ ЯНАДА

КЕНГАЙТИРИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА



Халқаро стандартларга, энергия самарадор ва экологик талабларга жавоб берадиган янги кон-металлургия комплексини замонавий ускуна ва технологияларни қўллаган ҳолда қуриш ҳамда "Ёшлик I" конини ўзлаштириш орқали "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамиятининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш мақсадида:


1. Қуйидагилар:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 1 мартдаги ""Ёшлик I" кони негизида "Олмалиқ КМК" АЖнинг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги ПҚ-2807-сон қарорига мувофиқ "Олмалиқ кон-металлургия комбинати" акциядорлик жамияти (кейинги ўринларда - "Олмалиқ КМК" АЖ) томонидан рангли ва қимматбаҳо металлар ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга қаратилган "Ёшлик I" конини ўзлаштириш" инвестиция лойиҳаси (кейинги ўринларда - инвестиция лойиҳаси) амалга оширилиши белгиланганлиги;

инвестиция лойиҳаси доирасида 3-сон Мис бойитиш фабрикасини (кейинги ўринларда - 3-МБФ), фабрикада маъданларни бойитиш жараёнида ҳосил бўладиган қолдиқларни сақлаш объектини, унинг инфратузилма ва санитар зоналарини (кейинги ўринларда - қолдиқларни сақлаш объекти), шунингдек, 3-МБФ сув ва ташқи электр таъминоти объектларини (кейинги ўринларда - инфратузилма объектлари) қуриш назарда тутилганлиги;

3-МБФ, қолдиқларни сақлаш объекти ва инфратузилма объектларини қуриш учун Тошкент вилоятида умумий майдони 3 768,8 гектарга тенг ҳудуд зарурлиги аниқланган бўлиб, шундан 1616 гектари Тошкент вилояти ҳокимлигининг ва 25 гектари Пискент тумани ҳокимлигининг тегишли қарорлари билан ажратиб берилганлиги;

қолдиқларни сақлаш объектини қуриш учун Пискент туманида умумий майдони 1 415,8 гектар ҳамда инфратузилма объектларини қуриш учун Пискент ва Оҳангарон туманларида умумий майдони 712 гектарга тенг ҳудудлар ажратиб берилиши зарурлиги маълумот учун қабул қилинсин.


2. Тошкент вилояти ҳокимлиги:

а) бир ой муддатда:

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси билан биргаликда қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектлари ҳудудларининг аниқ чегараларини белгиласин;

қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектлари ҳудудларида жойлашган турар жой, ишлаб чиқариш ҳамда бошқа иншоотлар, қурилмалар ва экинларни хатловдан ўтказсин;

б) "Олмалиқ КМК" АЖ билан биргаликда:

қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қуриш доирасида олиниши режалаштирилаётган ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачилари билан очиқ мулоқот ўтказсин, шунингдек, фойда ва харажатларни баҳоласин;

ўтказилган хатлов ва очиқ мулоқот натижаларига кўра, қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қуриш доирасида ер участкаларининг олиниши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни "Олмалиқ КМК" АЖ маблағлари ҳисобидан қоплаш ишларини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширсин;

в) қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қуриш доирасида ер участкаларининг олиниши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш масаласи ҳал этилгандан сўнг, ер участкаларининг келишилган тартибда олиниши ва "Олмалиқ КМК" АЖ саноат объектлари қурилиши учун ажратиб берилишини таъминласин.


3. "Олмалиқ КМК" АЖнинг қолдиқларни сақлаш объекти ҳамда инфратузилма объектларини қуриш доирасида:

ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг кўрган зарарларини, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги ишлаб чиқариши нобудгарчиликларининг ўрнини;

ер участкалари мулкдорлари, эгалари, фойдаланувчилари ва ижарачиларининг кўрган зарарларини баҳолаш харажатларини;

ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиниши натижасида турар жойлари бузилиши назарда тутилган жисмоний шахсларнинг янги қурилаётган якка тартибдаги тураржой ва бошқа иншоотларини тегишли муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш харажатларини "Олмалиқ КМК" АЖ маблағлари ҳисобидан қоплаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.


4. "Олмалиқ КМК" АЖ инвестиция лойиҳасини амалга ошириш доирасида қишлоқ хўжалигидан бошқа мақсадларда фойдаланишга олинадиган суғориладиган ерларни ўзлаштириш, шунингдек, лалми ерлар, пичанзорлар, яйловлар ҳолатини тубдан яхшилаш учун талаб этиладиган компенсация тўловларидан, истисно тариқасида, озод қилинсин.


5. Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси лойиҳа ҳужжатларининг давлат экологик экспертизадан белгиланган тартибда ўтказилишини ва лойиҳани амалга ошириш доирасида табиатни муҳофаза қилишга қаратилган қонун ҳужжатларига риоя этилиши юзасидан давлат назорати ўрнатилишини таъминласин.


6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикаси Президенти                                        Ш. Мирзиёев



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 15 май


"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами",

2020 йил 25 май, 19-20-сон, 207-модда