ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Иқтисодиётнинг айрим соҳалари / Саноат / Саноат хавфсизлиги /

Хавфли ишлаб чиқариш объектида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2020 й. 291-сон қарорига 2-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 майдаги

291-сон қарорига

2-ИЛОВА



Хавфли ишлаб чиқариш объектида саноат

хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан

ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш ва

амалга ошириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган, мулкчилик шаклидан ҳамда идоравий мансублигидан қатъи назар жисмоний ва юридик шахсларнинг хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш ва амалга ошириш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалардан фойдаланилади:


хавфли ишлаб чиқариш объекти (кейинги ўринларда - ХИЧО) - "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 4-моддасида белгиланган корхоналар ёки уларнинг цехлари, участкалари, майдончалари, шунингдек, бошқа ишлаб чиқариш объектлари;


саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан ишлаб чиқариш назорати (кейинги ўринларда - ишлаб чиқариш назорати) - ХИЧОнинг хавфсиз ишлашини таъминлашга, авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга, шунингдек, эҳтимол тутилган авария ва нохуш ҳодисаларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймасликка ҳамда уларнинг оқибатларини тугатишга шайликни таъминлашга қаратилган ташкилий-техник тадбирлар комплекси;


саноат хавфсизлиги талаблари - қонун ҳужжатларида, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳамда риоя этилиши саноат хавфсизлигини таъминлайдиган шартлар, тақиқлар, чекловлар ва бошқа мажбурий талаблар;


авария - ХИЧОдаги иншоотлар ва (ёки) қўлланиладиган техника қурилмаларининг бузилиши, назорат қилиб бўлмайдиган портлаш ва (ёки) хавфли моддалар ажралиб чиқиши;


нохуш ҳодиса - ХИЧОда қўлланиладиган техника қурилмаларнинг ишдан чиқиши ёки шикастланиши, технология жараёни режимидан четга чиқиш, саноат хавфсизлиги соҳасидаги қонун ҳужжатларида, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасида норматив ҳужжатларда кўрсатилган талабларнинг бузилиши;


ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот - мулкчиликнинг ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатьи назар ҳусусий мулк ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида ХИЧОдан фойдаланадиган ташкилот.


3. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот рахбари "Хавфли ишлаб чиқариш объектларининг саноат хавфсизлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9 ва 18-моддалари ҳамда ушбу Низом талабларига мувофиқ ишлаб чиқариш назоратини таъминлайди, шунингдек, ишлаб чиқариш объектининг ихтисослигини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқариш назорати тўғрисидаги локал ҳужжат ишлаб чиқилишини ташкил этади.

Ишлаб чиқариш назорати тўғрисидаги локал ҳужжат Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси (кейинги ўринларда - Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси) органлари билан мажбурий келишилган ҳолда ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.

Ходимлари сони йигирма кишидан кам бўлган ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотлар ХИЧОдан фойдаланувчи ҳамда штатида ишлаб чиқариш назорати хизмати (бўлим, департамент, бюро) мавжуд бўлган ташкилотлар билан ишлаб чиқариш назоратини ташкил этиш бўйича шартномалар тузиши мумкин.

ХИЧОда авария содир бўлган тақдирда, ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари ХИЧО ходимларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш чоралари таъминланиши учун қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


4. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш ваколати ташкилотнинг қуйидаги ходимларидан бирига юкланади:

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбарининг ўринбосарларидан бирига - агар ХИЧОда банд бўлган ходимларнинг сони 150 нафардан кам бўлса;

махсус тайинланган ходимга - агар ХИЧОда банд бўлган ходимларнинг сони 150 нафардан 500 нафаргача бўлса;

ишлаб чиқариш назорати хизмати раҳбарига - агар ХИЧОда банд бўлган ходимларнинг сони 500 нафардан 5 000 нафаргача бўлса;

бўлим бошлиғига - техник раҳбар ўринбосарига - агар ХИЧОда банд бўлган ходимларнинг сони 5 000 нафардан 10 000 нафаргача бўлса;

департамент (бўлим) раҳбарига - корхона техник раҳбарининг ўринбосарига - агар ХИЧОда банд бўлган ходимларнинг сони 10 000 нафар ва ундан кўп бўлса.

Ишлаб чиқариш назорати хизмати ходимлари сони ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан белгиланади.


5. Ишлаб чиқариш назорати хизмати (бўлими, департаменти, бюроси) ходимларига қуйидаги талаблар қўйилади:

ишлаб чиқариш объекти ихтисослигига мувофиқ бўлган олий техник маълумотга эга бўлиш;

тегишли тармоқдаги ХИЧОда камида 3 йил иш стажига эга бўлиш;

саноат хавфсизлиги бўйича ўқиганлиги ва аттестациядан ўтганлигини тасдиқловчи сертификат ёки гувоҳномага эга бўлиш.


6. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш вазифаси юклатилган ходим (хизмат) қуйидаги функцияларни бажаради:

ХИЧОда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини таъминлайди;

тегишли хизматлар томонидан зарур синов ва кўриклар, шунингдек, ХИЧОда қўлланиладиган техника қурилмалари, бинолар ва иншоотлар диагностикаси ўз вақтида ўтказилиши устидан назоратни амалга оширади;

ХИЧОда авария ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга, шунингдек, эҳтимол тутилган авария ва нохуш ҳодисаларнинг кенгайиб кетишига йўл қўймасликка ҳамда уларнинг оқибатларини тугатишга шайликни таъминлайди;

ХИЧОда саноат хавфсизлиги холатини такомиллаштиришга ҳамда бахтсиз ҳодисалар, авариялар ва нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқади;

технологик интизомга риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади.


7. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш учун масъул бўлган ходим (хизмат) қуйидаги ҳуқуқларга эга:

куннинг исталган вақтида ХИЧОга тўсқинликсиз кириш;

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотда саноат хавфсизлиги ҳолатини баҳолаш учун зарур бўлган ҳужжатлар билан танишиш;

саноат хавфсизлиги декларацияларини ишлаб чиқиш ва қайта кўриб чиқишда иштирок этиш;

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбарига саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этган ходимларни рағбатлантириш юзасидан таклифлар киритиш.


8. Ишлаб чиқариш назорати амалга оширилишига масъул бўлган ходим (хизмат) қуйидаги мажбуриятларга эга:

а) ХИЧО ходимлари томонидан саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назорат ўрнатилишини таъминлаш;

б) ҳар йили:

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот бўлинмаларида ишлаб чиқариш назоратини таъминлаш юзасидан ишларни амалга ошириш бўйича иш режани;

саноат хавфсизлиги ҳолатини текшириш ҳамда иш жойларини аттестациядан ўтказиш натижалари юзасидан саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш;

в) саноат хавфсизлиги ҳолати юзасидан комплекс ва мақсадли текширувлар ўтказиш, иш жойларидаги хавфли омилларни аниқлаш;

г) ХИЧОда авариялар ва нохуш ҳодисалар кенгайиб кетишига йўл қўймаслик ҳамда уларнинг оқибатларини тугатиш бўйича чора-тадбирлар режалари ишлаб чиқилишини ташкил этиш;

д) ХИЧОда саноат хавфсизлиги экспертизаси ўтказилиши бўйича ишларни ташкил этиш;

е) ХИЧОда авариялар ва нохуш ҳодисалар, шунингдек, бахтсиз ходисалар юзага келишининг сабабларини таҳлил қилиш ҳамда уларни ҳисобга олиш ҳужжатлари сақланишини таъминлаш;

ж) саноат хавфсизлиги соҳасида ходимларнинг тайёргарлиги ва аттестациядан ўтказилишини ташкил этиш;

з) ХИЧОда янги технологиялар ва ускуналар жорий этилишида иштрок этиш;

и) норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек, техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда белгиланган саноат хавфсизлиги талабларидаги ўзгаришлар тўғрисидаги маълумотларни ХИЧО ходимларига етказиш;

к) ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот рахбарига:

саноат хавфсизлигини таъминлаш ва такомиллаштириш юзасидан тадбирлар ўтказиш;

саноат хавфсизлиги талаблари бузилишини бартараф этиш;

тегишли малакага эга бўлмаган, саноат хавфсизлиги бўйича ўз вақтида тайёргарликдан ва аттестациядан ўтмаган шахсларни ХИЧОда ишлашдан четлаштириш;

саноат хавфсизлиги талабларини бузган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида таклифлар киритиш.


9. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш учун масъул бўлган ходим (хизмат) қуйидагилар устидан назоратни таъминлайди:

саноат хавфсизлиги соҳасида фаолият турлари бўйича лицензиялар, рухсат берувчи ҳужжатлар шартлари бажарилиши;

саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши юзасидан ХИЧОнинг қурилиши, реконструкция қилиниши, капитал таъмирланиши, техник жиҳатдан қайта жиҳозланиши, консервацияланиши ва тугатилиши, шунингдек, ХИЧОда фойдаланиладиган техник қурилмаларнинг таъмирланиши;

авариялар ва нохуш ҳодисаларнинг келиб чиқиш сабаблари ва оқибатларининг бартараф этилиши;

тегишли хизматлар томонидан ХИЧОда қўлланиладиган техник қурилмаларнинг зарур синов ва техник кўрикдан ўз вақтида ўтказилиши, назорат ўлчов воситаларининг таъмирланиши ва қиёсловдан ўтказилиши;

қўлланиладиган техника қурилмаларига саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлик сертификатининг мавжудлиги;

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибий бўлинмалари ёзма кўрсатмаларининг бажарилиши.



2-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ НАЗОРАТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


10. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотда саноат хавфсизлигини таъминлашнинг барча элементлари ва жиҳатлари ишлаб чиқариш назорати хизмати томонидан доимий ва мунтазам ўтказиладиган текширувларнинг предмети хисобланади.

Саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш фаолият йўналишлари бўйича тегишли бўлимлар ва хизматларни жалб этган ҳолда ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш бўйича иш режасига мувофиқ даврий мақсадли ва комплекс текширувлар йўли билан режалаштирилади ва амалга оширилади.

Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш бўйича иш режаси ҳамда мақсадли ва комплекс текширувлар жадвали ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланади.


11. Ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш режаси қуйдагиларни ўз ичига олади:

текширилиши зарур бўлган фаолият турлари ва соҳалари;

малакаси ва тажрибаси ҳисобга олинган ҳолда текширув ўтказиш учун масъул ходимлар рўйхати;

текширув ўтказиш сабаблари.

Бундан ташқари текширув ўтказиш режаси, қоида тариқасида, текширув натижалари бўйича хулосалар ва тавсияларни тақдим этиш тартиб-таомилини ўз ичига олади.


12. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотнинг таркибий бўлинмалари (хизматлари)ни текшириш қуйдагиларни қамраб олиши мумкин:

ХИЧОнинг ташкилий тузилмаси;

маъмурий ва иш тартиб-таомиллари;

моддий ва инсон ресурслари, ускуналар;

иш участкалари, операциялар ва ишлаб чиқариш жараёнлари;

ҳужжатлар, ҳисоботлар, ишлаб чиқариш назорати билан боғлиқ маълумотларни рўйхатга олиш ва сақлаш тартиби.

Текширувда иштирок этаётган шахслар текширилаётган фаолият билан шуғулланишлари мумкин эмас.


13. Саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши бўйича текширув натижалари, ишлаб чиқариш назорати хизматининг хулосаси ва тавсиялари ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбариятига текширув натижалари бўйича далолатнома шаклида кўриб чиқиш учун тақдим эталади.

Текширув натижалари бўйича далолатнома ишлаб чиқариш назорати хизмати томонидан рўйхатдан ўтказилиши ва текширилган иш жойлари учун масъул раҳбарларга етказилиши керак.

Зарур ҳолларда ташкилот томонидан текширув натижалари юзасидан аниқланган саноат хавфсизлиги талаблари бузилишларини бартараф этиш бўйича қарор қабул қилинади.


14. Текширув натижалари бўйича далолатномада:

саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши, уларга номувофиқлар ёки улардан четга чиқишнинг қисқача тавсифи;

аниқ нормалар ва қоидалар бузилишига ҳавола;

саноат хавфсизлиги талабларининг бузилиши, уларга номувофиқлилар ёки улардан четга чиқишларни бартараф этиш чоралари ва уларни бажариш муддатлари кўрсатилади.


15. Текширув натижалари ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот мутахассислари ва раҳбарияти томонидан кўриб чиқилади.

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбарияти саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши, уларга номувофиқликлар ёки улардан четга чиқишларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиши керак.

Чора-тадбирлар саноат хавфсизлиги талабларидан четга чиқишнинг олдини олишни таъминловчи бошқарув қарорларини қабул қилишни, саноат хавфсизлиги талаблари бузилиши, уларга номувофиқлилар ёки улардан четга чиқишларни бартараф этиш учун масъул шахсларни белгилашни ҳамда уларни бартараф этиш муддатларини ўз ичига олади.

Чора-тадбирлар амалга оширилгандан кейин ишлаб чиқариш назорати хизматига қоида бузилишларининг бартараф этилганлиги тўғрисида ҳисобот тақдим этилади.


16. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбарияти ишлаб чиқариш назорати натижаларининг мустақил таҳлил қилиниши ҳамда саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишининг холисона баҳоланишини таъминлаши керак. Бундай таҳлил ва баҳолаш ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбарияти таркибидаги шахслар ёки фойдаланувчи ташкилот раҳбарияти томонидан жалб этилган ваколатли мустақил мутахассислар (экспертлар) томонидан амалга оширилиши мумкин.


17. Ўтказилган таҳлил:

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотнинг барча таркибий бўлинмалари (ҳизматлари) томонидан саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилишини текшириш натижаларини;

саноат хавфсизлигининг умумий бошқаруви самарадорлигини баҳолашни;

ишлаб чиқариш фаолияти ва ишларнинг табиий, техноген ва ижтимоий шарт-шароитлардаги ўзгаришларга мувофиқ ишлаб чиқариш назорати самарадорлигини таъминлаш бўйича таклифларни ўз ичига олади.



3-БОБ. ХИЧОДА САНОАТ ХАВФСИЗЛИГИ ҲОЛАТИ

ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ РЎЙХАТДАН

ЎТКАЗИШ


18. Ишлаб чиқариш назорати хизмати (ходими) ХИЧОнинг саноат хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотларни ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот томонидан белгиланган тартибда идентификациялаш, тўплаш, рўйхатдан ўтказиш, сақлаш, киритиш ва рўйхатдан чиқаришни амалга оширади ёки ташкил этади.

ХИЧОнинг саноат хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг юритилиши саноат хавфсизлиги талаблари бажарилишини тасдиқлаш мақсадида амалга оширилади.

ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотда қўлланиладиган техник қурилмалар, асбоб-ускуналар ва бошқа маҳсулотларнинг саноат хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги ахборот кўрсатилган маълумотларнинг таркибий элементи бўлиши керак.


19. ХИЧОнинг саноат хавфсизлиги ҳолати ҳақидаги барча маълумотлар ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотда сақланади. Бунда уларнинг яроқсиз ҳолатга келиши ва йўқотилишининг олдини олувчи шарт-шароитлар таъминланиши керак.

ХИЧОнинг саноат хавфсизлиги ҳолати тўғрисидаги маълумотларни сақлаш муддатлари ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот раҳбари буйруғи билан белгиланади.

Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмалари ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотлардан ХИЧОда саноат хавфсизлиги ҳолати ҳамда ишлаб чиқариш назорати амалга оширилиши тўғрисида рўйхатдан ўтказилган маълумотларни сўраб олишга ҳақлидир.



4-БОБ. ИШЛАБ ЧИҚАРИШ НАЗОРАТИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ТЎҒРИСИДАГИ МАЪЛУМОТЛАРНИ

ТАҚДИМ ЭТИШ


20. ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилотлар йил якунлари бўйича, шунингдек сўровга кўра ишлаб чиқариш назорати ташкил этилиши тўғрисидаги ахборотни қонун ҳужжатларига мувофиқ Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасининг таркибий бўлинмаларига ва бошқа ваколатли органларга тақдим этади.


21. Ишлаб чиқариш назорати ташкил этилиши тўғрисидаги ахборот қуйидаги маълумотларни ўз ичига олади:

а) саноат хавфсизлигини бошқариш тизимини ташкил этиш тартиби;

б) ишлаб чиқариш назоратини амалга ошириш учун масъул бўлган ходимнинг фамилияси, унинг лавозими, маълумоти, мутахассислик бўйича иш стажи, саноат хавфсизлиги бўйича охирги аттестация санаси;

в) асосий потенциал хавф манбалари, эҳтимол тутилган авариялар оқибатларининг тавсифи билан ХИЧОлар сони;

г) саноат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар режасини амалга ошириш ҳамда текширув натижалари, шунингдек, қоида бузилишларини бартараф этиш ва Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси таркибий бўлинмаларининг ёзма кўрсатмаларини бажариш тўғрисидаги маълумотлар;

д) ХИЧОда авария юз берган тақдирда бошқа шахсларнинг ҳаёти, соғлиғи ва (ёки) мол-мулкига ҳамда атроф муҳитга зарар етказганлик учун фуқаролик жавобгарлигини суғурта қилиш шартномаси нусхаси;

е) ХИЧОда қўлланиладиган ва мажбурий сертификатланадиган асбоб-ускуналарнинг ҳолати;

ж) ХИЧОдан фойдаланувчи ташкилот ходимларининг авария вақтидаги ҳаракатларга шайлигини баҳолаш;

з) ХИЧОда содир бўлган нохуш ҳодисалар ва аварияларнинг тавсифи, уларнинг юз бериши сабаблари ва кўрилган чоралар таҳлили;

и) ХИЧО раҳбарлари, мутахассислари ва бошқа ходимларини саноат хавфсизлиги бўйича тайёрлаш ва аттестациядан ўтказиш режаси.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


22. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 май


















































Время: 0.0066
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск