ВСЕ ЗАКОНОДАТЕЛЬСТВО УЗБЕКИСТАНА

ЎзР Конунчилиги / Мудофаа. Ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат / Ҳарбий кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш /

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини ташкил этиш тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 19.05.2020 292-сон қарорига 1-илова)

Функция недоступна

Данная функция доступно только для клиентов (пользователей)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 19 майдаги

292-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида

армия спортини ташкил этиш тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишнинг комплекс тизимини ва армия спортини ташкиллаштириш, ҳарбий-касбий фаолиятга оид масалаларни самарали ҳал этишга қодир, соғлом, жисмонан ривожланган, руҳан барқарор ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш тартибини белгилайди.


2. Армия спортига Олимпия, оммавий, миллий, ҳарбий-амалий ҳамда техник ва амалий спорт турлари киради.


3. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


Олимпия спорт турлари - Халқаро олимпия қўмитасининг қарори билан Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари;


оммавий спорт турлари - ташкил этилган ва мустақил машғулотларни, шунингдек, оммавий-жисмоний ва спорт тадбирларини ўтказиш орқали аҳолини жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга жалб қилишга, ривожлантиришга, жисмоний жиҳатдан тарбиялашга, соғломлаштиришга қаратилган спорт турлари;


миллий спорт турлари - Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ривожланаётган ва миллий, ижтимоий-маданий йўналишга эга спорт турлари;


ҳарбий амалий спорт турлари - ҳарбий-амалий аҳамиятга эга бўлган ҳамда "Жисмоний тайёргарлик ва спорт" фани бўйича таълим дастурига киритилган алоҳида спорт турларидан (енгил атлетика, сузиш, якка курашнинг турли кўринишлари ва бошқалар) олинган машқлар ва улар бирикмасининг умумлаштирилган номи;


техник ва амалий спорт турлари - спорт натижаларига эришиш учун спортчи томонидан умумий жисмоний машқлар мажмуасидан ташқари, спорт техникасидан, мосламаларидан ёки техникавий воситалардан фойдалана билиш ва уларни бошқариш соҳасидаги кўникмалар ва маҳорат қўлланиладиган, шунингдек, ҳар хил спорт турларидан олинган, амалий аҳамиятга эга бўлган машқлар бирикмасидан фойдаланиладиган спорт турлари;


ҳарбий спорт мусобақалари - ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлик дастурига киритилган ҳарбий-касбий усуллар, ҳаракатлар ва машқлардан фойдаланган ҳолда ўтказиладиган мусобақалар;


оммавий спорт ишлари - ҳарбий хизматчиларнинг ҳар томонлама жисмоний тайёргарлигини ошириш, уларда зарур маънавий-руҳий сифатлар ва амалий кўникмаларни ҳосил қилиш ҳамда соғлиғини мустаҳкамлаш ва организмини чиниқтиришга қаратилган чора-тадбирлар мажмуаси;


таҳсил олаётган спортчилар - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази олий маҳорат спорт мактабининг спорт бўлинмаларига қабул қилинган, ёши ва жинси бўйича танлаган спорт тури билан шуғулланаётган ҳарбий бўлмаган фуқаро ҳамда спорт тадбирларида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги номидан иштирок этувчи спортчилар;


ҳарбий хизматчининг жисмоний тайёргарлиги - ҳарбий хизматчиларнинг зарур жисмоний тайёргарлик даражасини сақлаб туриш ва уларда жанговар топшириқларни бажариш учун юксак маънавий-руҳий сифатларни тарбиялашга қаратилган тадбирлар мажмуаси.



2-БОБ. ВАКОЛАТЛИ ОРГАНЛАРНИНГ

АРМИЯ СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

СОҲАСИДАГИ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


4. Армия спортини ривожлантириш соҳасида вазирликлар ва идораларнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:


а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги:

ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний такомиллашувини ишончли ва тезкор бошқаришни амалга ошириш ҳамда жисмоний тайёргарлик тизими фаолиятининг самарадорлигини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлигини ошириш ва жанговар қобилиятини таъминлаш бўйича фаолиятда замонавий қарашлар, мақсадли кўрсатмалар, тамойиллардан келиб чиқиб, жанговар тайёргарликни такомиллаштириш концепциясини белгилаш;

ҳарбий хизматчиларни жисмоний тайёргарлик мобайнида ўргатиш ва тарбиялашнинг умумий тизими, жисмоний тарбия ва спорт машғулотларининг давлат тизими, турли ижтимоий ҳолатларни бошқариш тамойилларини амалга ошириш, шунингдек, замонавий жанг ва ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний ҳолатлар талабларига мос тарзда ўқув-машқ жараёнининг амалий, мажмуавий, тизимли ва оптимал бўлишини таъминлаш;

спорт индустрияси доирасида ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялашнинг миллий стратегияси асосида чақириққа қадар бўлган ёшлар ўртасида армия спортини барча имкониятлардан фойдаланган ҳолда ривожлантириш ва оммалаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда жисмоний тарбия ва спорт соҳасида ҳарбий кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этишда узлуксиз иш олиб бориш, ҳарбий қисм ва муассасаларни жисмоний тарбия ва спорт бўйича юқори малакали мутахассислар билан таъминлаш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасида тасдиқланган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ижросини белгиланган тартибда таъминлаш;


б) Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари кўламида жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари, клублар, спорт қўмиталари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга ошириш;

ҳарбий қисм ва муассасаларнинг моддий-техник базаларини, жисмоний-соғломлаштириш ва спорт объектлари, иншоотлари мустаҳкамланишида ва ривожланишида, шунингдек, уларни замонавий спорт инвентарлари ва асбоб-ускуналар билан таъминлашда бевосита иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида профессионал ва оммавий спорт, шунингдек, ҳарбий-амалий ва техник спорт турларини ривожлантиришга ёрдам бериш ва рағбатлантириш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлик жараёнида замонавий технологияларни татбиқ этиш, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар дўстона армияларининг спорт кенгашлари ва халқаро ҳарбий спорт қўмитаси доирасида халқаро ва вилоятлараро мусобақаларни ташкил этиш бўйича тадбирларни ўтказиш;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги фаолиятни ҳамкорликда ташкил этиш тўғрисида идоралараро тасдиқланган меморандумлар бўйича иш олиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги ҳузуридаги Илмий-методик таъминот, жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази базасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари учун жисмоний тарбия ва спорт мутахассисларини тайёрлаш бўйича тадбирларни ўтказиш;


в) Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги:

турли ҳарбий-ҳисоб ихтисосликларининг талабларини ҳисобга олган ҳолда спорт-таълим муассасаларининг спорт тайёргарлиги бўйича ягона стандартларни ишлаб чиқиш ва фаолиятга татбиқ этиш;

ҳарбий-амалий йўналишга эга республика таълим муассасаларида клублар, тўгараклар ва секцияларни ташкил этиш;

турли куч тузилмалари мутахассисларини жалб қилган ҳолда спорт ва амалий йўналишга эга ҳарбий-ватанпарварлик тўгаракларини яратиш;

ўқувчилар ва чақирув ёшигача бўлган ёшлар ўртасида ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари очиқ чемпионатларини (кубок, биринчиликлар) ташкил этишда бевосита иштирок этиш;


г) ҳудудларнинг ҳарбий-маъмурий секторлари:

армия тузилмаларининг ҳудудлар аҳолиси билан ўзаро ҳамжиҳатлигини маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва жамоатчиликни мазкур жараёнга жалб қилган ҳолда амалга ошириш;

гарнизон ва ҳарбий шаҳарчалар моддий-техник спорт базасининг яратилиши ва самарали ишлашида иштирок этиш;

ҳудудларнинг ҳарбий-спорт тадбирлари ва армия жисмоний ҳаракатини қўллаб-қувватлашни манзилли молиялаштириш учун маҳаллий бюджет маблағларини жалб қилиш;

ҳарбий қисм командирлари ва муассасалар бошлиқларининг буюртмаси бўйича ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлик машғулотлари ва спорт тадбирларини ўтказиш учун маҳаллий спорт иншоотларини бепул асосда тақдим этиш.



3-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИДА АРМИЯ СПОРТИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


5. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини ташкил этиш субъектлари қуйидагилар ҳисобланади:

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби Жанговар тайёргарлик бош бошқармаси - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ҳарбий-амалий ва техник спорт турларини ривожлантириш ва оммавий-спорт ишларини ташкил этиш соҳасида;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази - Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ва чақирувга қадар ёшлар ўртасида юксак натижаларга эришиш мақсадида спортни ривожлантириш соҳасида;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибий бўлинмалари.


6. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини бошқаришни ташкил этиш ушбу Низомга иловага мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. АРМИЯ СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

СОҲАСИДА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ БОШ ШТАБИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ

ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


7. Армия спортини ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штабининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тарбия ва спортни бошқаришни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида оммавий-спорт ишларини ташкил этиш ҳамда спортнинг ҳарбий-амалий ва техник турларини ривожлантириш;

ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, чақирувга қадар ёшлар ва чақирув ёшидаги ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, танлаган спорт тури билан шуғулланиш учун шарт-шароитлар яратиш;

чақирувга қадар ёшлар ва чақирув ёшидаги ёшлар ўртасида ҳарбий хизматни оммалаштириш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тайёргарлик ва спорт бўйича ўқув ва моддий-техник базани такомиллаштириш.


8. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тарбия ва спортни бошқариш тизимини ташкил этиш соҳасида:

жисмоний тарбия ва спорт масалаларига оид мажбуриятларнинг барча тоифадаги мансабдор шахслар томонидан самарали бажарилиши учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди;

армия спортини ривожлантириш соҳасидаги масъулиятни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг турли даражадаги раҳбарлари ўртасида тақсимлайди;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тайёргарлик ва спортни ривожлантиришнинг асосий тамойиллари амалий жиҳатдан бажарилишига кўмаклашади;


б) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида оммавий-спорт ишларини самарали ташкил этиш ҳамда спортнинг ҳарбий-амалий ва техник турларини ривожлантириш соҳаларида:

барча тоифадаги командир ва бошлиқларнинг ҳарбий хизматчилар, ҳарбий бўлмаган ходимлар, уларнинг оила аъзолари ўртасида жисмоний тарбия ва армия спорти билан шуғулланишни оммалаштириш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

ҳар йили армия спортининг ҳар хил турлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари очиқ чемпионатларининг ўтказилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида спортнинг ҳарбий-амалий ва техник турлари фаол ривожланишига кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги шахсий таркибини Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши (CISM) ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар армияларининг спорт қўмиталари томонидан ўтказиладиган республика ва халқаро миқёсдаги мусобақаларга тайёрлашни ва улардаги иштирокини таъминлайди;

барча тоифадаги фуқаролар учун уларнинг ёши ва тайёргарлик даражасига мос келувчи ҳарбий-спорт мусобақалари ўтказилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги шахсий таркибининг жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги касбий тайёргарлигини, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этади;

ҳар бир ҳарбий қисмда жисмоний тайёргарлик тизими ишончли фаолият юритишини таъминлайди;


в) ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини, чақирув ёшига қадар ва чақирув ёшидаги ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш, улар спортнинг танланган тури билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратиш соҳасида:

ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, чақирув ёшига қадар ва чақирув ёшидаги ёшларнинг армия спортининг танланган тури билан шуғулланиши учун шарт-шароитлар яратишда кўмаклашади;

ҳарбий-амалий ва армия спортининг бошқа турлари бўйича спорт разрядлари ва унвонларини, мураббийлик ва ҳакамлик тоифаларини белгиланган тартибда беришни амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спорт соҳасидаги армия мутахассисларининг меҳнатини рағбатлантиришни таъминлайди;


г) чақирув ёшига қадар ва чақирув ёшидаги ёшлар ўртасида ҳарбий хизматни оммалаштириш соҳасида:

спорт секцияларининг иши ҳамда секция ва селекция ишларини ўтказиш учун шарт-шароитлар яратиш бўйича комплекс тадбирларни амалга оширади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш мавзулари, шу жумладан, юқори малакали спортчиларни мутахассис ва йўриқчилар сифатида жалб қилган ҳолда оммавий ахборот воситаларида мунтазам ёритилишини ташкил этади;

олий ҳарбий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш, контракт бўйича хизматни ва махсус бўлинмалардаги хизматни ўташ учун энг яхши жисмоний тайёргарликка эга ёшларни танлаб олишда иштирок этади;

ватанпарварликка қаратилган спорт тадбирларини ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлайди;


д) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тайёргарлик ва спорт бўйича ўқув ва моддий-техник базани такомиллаштириш соҳасида:

республиканинг ҳарбий-маъмурий секторлари билан ҳамкорликда ҳарбий гарнизонларнинг спорт объектлари инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича узлуксиз ишлар амалга оширилишини ташкил этади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги спорт объектлари спорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқади ва амалга оширади, уларнинг замонавий инвентарь ва қурилмалар билан жиҳозланишини таъминлайди.



5-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ҚУРОЛЛИ

КУЧЛАРИ БОШ ШТАБИ ЖАНГОВАР ТАЙЁРГАРЛИК

БОШ БОШҚАРМАСИНИНГ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


9. Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби Жанговар тайёргарлик бош бошқармасининг армия спортини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида ўтказилаётган спорт ва оммавий-жисмоний тарбия тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишга жалб қилинган Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги барча бўлинмаларининг фаолиятини мувофиқлаштириш;

жисмоний тайёргарлик ва спорт мутахассисларининг фаолиятини жанговар тайёргарлик дастурининг вазифаларини бажаришга йўналтириш;

жисмоний тайёргарлик ва спорт бўйича ўқув, моддий-техник базанинг ҳолати, уни такомиллаштириш ва ундан самарали фойдаланиш устидан назоратни амалга ошириш, шунингдек, замонавий жиҳозлар ва инвентарь билан ўз вақтида ва сифатли таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида жисмоний тайёргарлик ва спортнинг ҳолати тўғрисидаги маълумотларнинг тизимли мониторинги, таҳлил, умумлаштириш ва ҳисобга олишни ташкил этиш ҳамда ахборот материалларини Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий бошқарув органлари, ҳарбий қисм ва муассасаларига юбориш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларидаги жисмоний тайёргарлик ва спорт мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишни ташкил этиш;

календарь йил учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигидаги спорт ва оммавий-жисмоний тадбирлар режасини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш;

оммавий-жисмоний ишлар кўрик танловларини, Бутун армия ўйинлари, Қуролли Кучлар чемпионатлари ва халқаро ҳарбий-спорт мусобақаларини ташкил этиш ва ўтказиш;

жисмоний тайёргарлик ва спорт масалалари бўйича юқори турувчи қўмондонлик буйруқларининг лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва уларнинг ижросини ташкил этиш;

жисмоний тайёргарлик ва спорт бўйича ҳарбий мутахассис кадрлар таркибини танлаш ва жойлаштиришни амалга ошириш.



6-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИ ОЛИЙ СПОРТ НАТИЖАЛАРИНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ МАРКАЗИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


10. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги Олий спорт натижаларини ривожлантириш марказининг (кейинги ўринларда Марказ деб аталади) армия спортини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

Марказнинг олий маҳорат спорт мактабида оммалаштирилаётган спорт турларини ривожлантириш, ҳарбий хизматчи, хизматчи ва ўқувчи спортчилардан миллий спорт терма жамоалари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг спорт терма жамоалари учун юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш;

ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ишчи ва хизматчилар, ўқувчи ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш бўйича ишларни ташкил этиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг спорт терма жамоалари ва алоҳида спортчиларининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг халқаро алоқалар режалари бўйича ўтказиладиган тадбирларида иштирок этишини таъминлаш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жисмоний тайёргарлик ва армия спорти бўйича мутахассисларига жисмоний тайёргарлик ва спортнинг барча шаклларини ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Халқаро ҳарбий спорт кенгаши билан спорт алоқаларини ривожлантиришда белгиланган тартибда иштирок этиш ҳамда ушбу ташкилотнинг қўмиталарида вакил бўлиш;

жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, армия спортчиларининг ютуқларини тарғиб қилиш.


11. Марказ ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) Спорт мактабида оммалаштирилаётган спорт турларини ривожлантириш, ҳарбий хизматчи, хизматчи ва ўқувчи спортчилардан миллий спорт терма жамоалари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг спорт терма жамоалари учун юқори тоифали спортчиларни тайёрлаш соҳасида:

ўзининг ваколатлари доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, шунингдек, жисмоний тарбия ва армия спорти соҳасидаги спорт нормативларини ишлаб чиқади;

жисмоний тарбия ва армия спортини ривожлантириш мониторингини олиб бориш ва таҳлил қилиш, Мудофаа вазирлиги тизимида жисмоний тарбия ва спортни янада ривожлантириш бўйича таклифларни шакллантиради;

алоҳида спорт турларини оммалаштириш бўйича таклифларни киритади;

тегишли йил учун Марказнинг оммавий-спорт тадбирлари календарь режасини ишлаб чиқади ва тасдиқлаш учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги раҳбариятига киритади ҳамда ушбу тадбирларнинг ўтказилишини таъминлайди;

спорт индустрияси ва Марказ инфратузилмасини ривожлантириш бўйича таклифларни ишлаб чиқади;

Марказнинг олий маҳорат спорт мактабидаги спортчилар таркиби бўйича таклифлар киритади;


б) ҳарбий хизматчилар, уларнинг оила аъзолари, ишчи ва хизматчилар, ўқувчи ёшларни жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб қилиш бўйича ишларни ташкил этиш соҳасида:

давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан биргаликда жисмоний тарбия ва армия спорти билан шуғулланишни оммалаштириш бўйича ишларни ташкил этади;

аҳолининг кенг қатламлари орасида спорт ва оммавий-жисмоний тарбиявий тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашади;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларида мунтазам равишда оммавий спорт ва жисмоний-соғломлаштириш тадбирларини, жумладан, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, ишчи ва хизматчилар, ўқувчи ёшлар ўртасида халқ ўйинлари ва миллий спорт турлари бўйича мусобақаларни ташкил этишга кўмаклашади;

Ўзбекистоннинг миллий спорт турлари ва халқ ўйинларини ривожлантириш, шунингдек, миллий спорт турларини халқаро спорт майдонларида кенг тарғиб қилиш ва ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам кўрсатади;


в) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг терма спорт жамоалари ва алоҳида спортчиларининг Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳамда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлигининг халқаро алоқалар режалари бўйича ўтказиладиган тадбирларда иштирок этишини таъминлаш соҳасида:

Марказнинг спорт жамоалари таркибини тасдиқлайди, уларнинг тайёргарлиги ҳамда халқаро спорт мусобақалари ва оммавий-жисмоний тадбирларидаги иштирокини таъминлайди;

олий спорт натижаларини ривожлантиришда, спорт турлари бўйича республика терма жамоалари таркибига киритиш учун энг иқтидорли ва истиқболли спортчиларни саралаб олишда ҳамда соғлом турмуш тарзини оммалаштириш доирасида ўқувчи спортчиларни тарбиялашда иштирок этади;

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар билан биргаликда келгусида армиянинг спорт захирасини шакллантириш учун иқтидорли ва истиқболли спортчиларни саралаб олиш, тайёрлаш ва малакасини оширишнинг узлуксиз тизимини амалга ошириш бўйича комплекс тадбирларни ташкил этади;

халқаро ва республика миқёсидаги спорт ва оммавий-жисмоний тарбиявий тадбирларнинг ўтказилишини, спортчи, мураббий ва бошқа мутахассисларнинг таъминотини, Ўзбекистон Республикасининг спортчилари ва спорт терма жамоаларини тайёрлашни ташкил этишни ҳамда уларнинг Олимпия, Паралимпия ва Осиё ўйинларида, жаҳон, Осиё чемпионатлари, кубоклари ва биринчиликлари ҳамда бошқа халқаро спорт мусобақаларидаги иштирокини белгиланган тартибда таъминлайди;


г) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жисмоний тайёргарлик ва армия спорти бўйича мутахассисларига жисмоний тайёргарлик ва спортнинг барча шаклларини ташкил этиш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш соҳасида:

жисмоний тайёргарлик ва армия спорти мутахассисларини қайта тайёрлайди малакасини оширади, ва стажировкасида иштирок этади;

халқаро кўрик-танлов, фестиваль, спорт мусобақалари ва бошқа тадбирларда иштирок этиш учун идоравий бўйсунувидан қатъи назар спорт жамоалари, мутахассислари, арбоблари, шунингдек, спортчилар ҳамда жисмоний тарбия ва спорт соҳасининг бошқа вакилларини тайёрлаш, юбориш ва қабул қилишни таъминлайди;


д) Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Халқаро ҳарбий спорт кенгаши билан спорт алоқаларини ривожлантиришда иштирок этиш ҳамда ушбу ташкилотнинг қўмиталарида вакил бўлиш соҳасида:

армия спортини ривожлантириш бўйича ўз ишларини Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Миллий олимпия қўмитаси, республика жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар армияларининг спорт қўмиталари билан ҳамкорликда режалаштиради ва амалга оширади;

халқаро спорт алоқаларини ўрнатади ва ривожлантиради, Халқаро ҳарбий спорт кенгаши ва халқаро спорт ҳамжамияти билан ўзаро муносабатларда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги манфаатларини ҳимоя қилади;

жисмоний тарбия ва армия спорти соҳасида ҳамкорлик ҳамда хорижий инвестиция ва грантларни жалб этишда иштирок этиш бўйича халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқишда иштирок этади;

армия спорти соҳасида иқтидорли ёшларни хорижда ўқиш ва стажировкага юборишга кўмаклашади;

конференция, кўргазма ва спорт мусобақаларини ўтказади, армия спортига хорижий инвестиция ва грантларни жалб қилиш бўйича ишларни ташкил этади;


е) жисмоний тарбия ва спортни, шунингдек, армия спортчиларининг ютуқларини тарғиб қилиш соҳасида:

жисмоний тарбия ва армия спорти бўйича илмий, ўқув, илмий-оммабоп ва оммавий адабиётларни, шунингдек, армия спортчиларининг ютуқлари акс этган фото-видеоматериалларни тайёрлашда иштирок этади;

ўқитиш ва маҳорат дарслари ўтказиш учун республика ва хорижий мамлакатларнинг машҳур спорт арбобларини, илғор педагог-мутахассисларни таклиф этади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар, республика жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, спорт турлари бўйича федерациялар билан армия спортчиларининг тажриба алмашиши, спорт маҳоратини ошириши, шунингдек, спорт турлари бўйича мураббийлар ва бошқа мутахассисларнинг малакасини ошириш, мамлакат ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва армия спортини, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантиради.



7-БОБ. МАРКАЗНИНГ ОЛИЙ МАҲОРАТ СПОРТ

МАКТАБИ АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ ВА

ФУНКЦИЯЛАРИ


12. Марказ Олий маҳорат спорт мактабининг армия спортини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

жисмоний тарбия ва спорт бўйича машғулотлар ўтказиш, мамалакат ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг спорт терма жамоалари учун спорт турлари бўйича спорт захирасини ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлашни ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун малакали мураббийлар таркибини саралаб олиш;

спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳларига мансуб спортчиларнинг ўқув-машқ жараёнидаги шакл ва усулларнинг авлоддан авлодга ўтишини таъминлаш;

спортчиларни тайёрлашнинг барча босқичларида ўқув-машқ жараёнини ишлаб чиқилган ўқув-машқ режалари ва дастурларга мувофиқ таъминлаш, ташкил этиш ва ўтказиш, унга илғор илмий технология ва методикаларни татбиқ этиш;

турли спорт ташкилотлари ва федерациялар билан спортчиларнинг тажриба алмашиши, спорт маҳоратини ошириш, шунингдек, спорт турлари бўйича мураббийлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш, мамлакат ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва спорт, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш.


13. Марказнинг Олий маҳорат спорт мактаби ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:


а) жисмоний тарбия ва спорт бўйича машғулотлар ўтказиш, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларининг спорт терма жамоалари учун спорт турлари бўйича спорт захирасини ва юқори тоифали спортчиларни тайёрлашни ташкил этишнинг энг янги усулларини қўллаган ҳолда ўқув-машқ жараёнини ташкил этиш учун малакали мураббийлар таркибини саралаб олиш соҳасида:

республика спорт делегациялари ва Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг ҳарбий-спорт делегациялари таркибида хорижга чиқиш учун номзодларни (спортчилар, мураббийлар, спорт мутахассислари) саралайди;

Мудофаа вазирлиги қўшинларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун спорт турлари бўйича етакчи мутахассисларни жалб қилишга оид кадрлар сиёсатини фаол олиб боради;


б) спорт тайёргарлиги босқичларида барча ёш гуруҳларига мансуб спортчиларнинг ўқув-машқ жараёнидаги шакл ва усулларнинг авлоддан-авлодга ўтишини таъминлаш соҳасида:

аҳолининг ёш ва жинс хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда спорт ва оммавий-спорт тадбирларини ташкил этади ва ўтказади;

спортчилар фаолияти, уларнинг спорт натижалари ва ютуқлари мониторингини олиб боради;


в) спортчиларни тайёрлашнинг барча босқичларида ўқув-машқ жараёнини ишлаб чиқилган ўқув-машқ режалари ва дастурларга мувофиқ таъминлаш, ташкил этиш ва ўтказиш, унга илғор илмий технология ва методикаларни татбиқ этиш соҳасида:

оммавийлаштирилаётган спорт турларининг рўйхатини ҳамда республика ва халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун спорт мактаби спортчилари таркибини ишлаб чиқади;

мураббийлар таркиби билан биргаликда спорт бўлинмаларининг ўқув соатлари ҳажмини белгилайди;

тайёргарликнинг замонавий спорт усуллари ва халқаро тажриба асосида ўқув-методик қўлланмаларни тайёрлайди ва нашр қилади;

Марказ спорт тадбирларининг календарь режасини ишлаб чиқади ва унинг бажарилишини таъминлайди;


г) турли спорт ташкилотлари, федерациялар ва ассоциациялар билан спортчиларнинг тажриба алмашиши, спорт маҳоратини ошириш, шунингдек, спорт турлари бўйича мураббийлар ва бошқа мутахассисларнинг касбий малакасини ошириш, мамлакат ёшлари ўртасида жисмоний тарбия ва спортни, соғлом турмуш тарзини оммалаштириш масалалари бўйича ҳамкорликни ривожлантириш соҳасида:

турли спорт тадбирларини ўтказиш ва тажриба алмашиш масалаларида спорт турлари бўйича федерация ва ассоциациялар, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мудофаа вазирликлари спорт қўмиталари ва Халқаро ҳарбий спорт кенгаши билан яқин ҳамкорликни амалга оширади;

мамлакат ёшлари ўртасида тизимли асосда маҳорат дарсларини ташкил этади ва ўтказади;

соғлом турмуш тарзи ва зарарли одатлардан воз кечишни тарғиб қилиш бўйича тадбирларни ўтказади.



8-БОБ. МАРКАЗ СПОРТ ОБЪЕКТЛАРИНИНГ

АСОСИЙ ВАЗИФАЛАРИ


14. Марказ спорт объектларининг (спорт комплекси, "Тошкент денгизи" эшкак эшиш базаси, спорт отиш майдони) армия спортини ривожлантириш соҳасидаги асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

оммавийлаштирилаётган спорт турлари ва спорт мусобақаларига тайёргарлик гуруҳларидаги ўқув-машқ жараёнининг юқори даражасини таъминлаш;

ҳарбий хизматчи, хизматчи, ўқувчи спортчилар ва мураббий ўқитувчиларга спорт турлари бўйича ўқув-машқ машғулотларини ўтказиш учун зарур шарт- шароитлар яратиш;

ўқув-машқ базасини сақлаш, хизмат кўрсатиш ва таъмирлаш, шунингдек, спорт тадбирларини тиббий жиҳатдан таъминлаш.



9-БОБ. АРМИЯ СПОРТИНИ ИЛМИЙ-МЕТОДИК

ВА ТИББИЙ ЖИҲАТДАН ТАЪМИНЛАШ


15. Армия спортини илмий-методик ва тиббий жиҳатдан таъминлаш қуйидагиларни ўз ичига олади:

жинси ва ёшидан келиб чиққан ҳолда ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлик даражасига мақсадли дастурлар ва норматив талабларни ишлаб чиқиш;

армия спорти назарияси ва амалиётидаги ўта долзарб муаммолар юзасидан илмий, методик ва оммабоп адабиётларни тайёрлаш ва нашр этиш;

фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича соҳага оид маълумотлар банкини яратган ҳолда армия спортини таъминлашнинг илмий-ахборот тизимини ташкил этиш;

ҳар йили ўтказиладиган диспансеризацияни амалиётга татбиқ этиш, ҳарбий хизматчилар барча ёш гуруҳларининг жисмоний ривожланиш даражаси текширувини ўтказиб, келгусида уларга соғлигини мустаҳкамлаш учун тавсиялар бериш;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги терма жамоаларини тайёрлаш жараёнида спортчиларнинг тиббий текширувини мунтазам равишда таъминлаш;

спортнинг барча тур йўналишлари бўйича шаклланган якка тартибдаги даволаш ва соғликни тиклаш бўйича тавсияларни ишлаб чиқиш;

тиббий ва жисмоний диспансерлари ва врач назорати хоналари тармоғини кенгайтириш.



10-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ МУДОФАА

ВАЗИРЛИГИДА АРМИЯ СПОРТИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ

БЎЙИЧА ТАДБИРЛАРНИ МОЛИЯЛАШТИРИШ


16. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида армия спортини ривожлантириш билан боғлиқ харажатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Мудофаа вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлари, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Ўзбекистон Олимпиадачиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобига амалга оширилади.



11-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДА


17. Армия спортини сифатли ва тўлақонли ривожлантириш, жумладан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлик бўйича тадбирларни ўтказиш ва ташкил этиш учун жавобгарлик Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги бўлинмаларининг раҳбарияти зиммасига юкланади.






Низомга

ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида

армия спортини бошқариш

ТУЗИЛМАСИ

    

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши

Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси, ҳудудларнинг ҳарбий-маъмурий секторлари

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Бош штаби




Жанговар тайёргарлик бош бошқармаси

Олий спорт натижаларини ривожлантириш маркази

Жисмоний тайёргарлик ва спорт бўлими

Олий маҳорат спорт мактаби*

Мудофаа вазирлиги спорт комплекси, ўқ отиш майдони, эшкак эшиш базаси


Ҳарбий округлар спорт взводлари

Олий ҳарбий таълим муассасалари спорт кафедралари

Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўмондонлиги, Ҳаво Ҳужумидан Мудофаа ва Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўшинлари ҳамда ҳарбий округлар Жанговар тайёргарлик бўлимлари

Ҳарбий қисмлар ва муассасалар

      

*) Олий маҳорат спорт мактаби ўзининг фаолиятини жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 20 май









































Время: 0.0238
по регистрации МЮ строгое соответствие
  • Все
  • действующие
  • утратившие силу
  • Русский
  • Ўзбекча
  • Оба языка
  • любая дата
  • точная дата
  • период
  • -

Свернуть поиск