язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Айрим тармоқларнинг фаолияти/ Қишлоқ хўжалиги/ Ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб олинадиган донни сақлаш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 22.05.2020 й. 312-сон қарорига 1-илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 22 майдаги

312-сон қарорига

1-ИЛОВА



Ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб

олинадиган донни сақлаш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси (кейинги ўринларда - Жамғарма) томонидан ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб олинадиган донни сақлаш тартибини белгилайди.


2. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


бошоқли дон - озиқ-овқат, озуқа ем ва техник мақсадлар учун фойдаланиладиган бошоқли экинларнинг дони;


доннинг намлиги - дон тўқималари билан физик-кимёвий ва механик боғланган, стандарт шароитларда аниқланаётганда чиқиб кетадиган сувнинг миқдори;


доннинг сифати - мўлжалланишига мувофиқ белгиланган эҳтиёжларни қондириш учун яроқли эканлигини тасдиқловчи дон хоссаларининг мажмуи;


доннинг тўпи (партияси) - сифати бўйича бир хил, бир вақтда қабул қилишга, юклашга ёки сақлашга мўлжалланган, сифати тўғрисидаги битта ҳужжат билан расмийлаштирилган доннинг миқдори;


зараркунандалар билан зарарланган дон - ҳашоратлар ёки каналар билан ташқариси ёки ичи, куртак, қобиқлари ва эндоспермаси қисман ёки тўлиқ кемирилган дон;


ифлослантирувчи аралашмалар - дондан мақсадли фойдаланишда ажратиб олинадиган, истеъмолга яроқсиз бўлган органик ва ноорганик аралашмалар;


корхона - мулкчилик шаклидан қатъи назар, бошоқли донни қабул қилиш, сақлаш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи корхона;


омбор - технологик, конструктив ва иқтисодий тавсифга эга бўлган, доннинг миқдор ва сифат жиҳатидан сақланишини, сақланадиган донга ер ости сувлари ва атмосфера ёғинлари тушмаслигини таъминлашга мўлжалланган иншоот;


сиғим - дон сақлашга мўлжалланган, аниқ ўлчамга эга бўлган ва махсус талабларга мос келадиган иншоот;


элеватор - махсус сиғимга эга бўлган, мукаммал ва тўлиқ механизациялаштирилган, донни сақлашга мўлжалланган омборхона.


3. Ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб олинадиган донни сақлаш ушбу Низомга 1-иловада келтирилган схемага мувофиқ амалга оширилади.



2-БОБ. БОШОҚЛИ ДОННИ ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА САҚЛАШ

МАЙДОНЛАРИ, ОМБОРЛАР ҲАМДА БОШҚА

СИҒИМЛАРГА БЎЛГАН ТАЛАБЛАР


4. Корхоналарга тегишли бўлган барча бино-иншоот, ускуна ва жиҳозлар билан бирга унинг ҳудуди ўралган бўлиши лозим ва донни сақловчи корхоналардаги техника хавфсизлиги ва санитария қоидаларига қатъий риоя қилиниши талаб этилади.


5. Корхона ҳудудидан атмосфера ва ер ости сувларининг қувурларга чиқиб кетишини таъминловчи тизими бўлиши лозим.

Ҳудуднинг транспорт юрадиган қисми, шунингдек, бошоқли дон билан боғлиқ ишлар амалга ошириладиган барча майдонлар ва жойлар асфальтланган, тунги вақтларда ёритилган бўлиши керак.

Дон омборлари ва бошқа сиғимларнинг периметри бўйлаб нишаби 10°С дан кам бўлмаган ва эни 1-2 метр (ер ости сув сатҳини инобатга олган ҳолда) йўлакчалар, шунингдек, сув оқиб кетадиган ариқлар мавжуд бўлиши талаб этилади.


6. Сақланаётган дон захиралари зараркунандалар билан зарарланишининг олдини олишни таъминловчи чора-тадбирлар, яъни корхоналарнинг моддий-техника базасини янги дон ҳосилини қабул қилишга тайёрлаш жараёнида объектларни комплекс дезинсекциялаш мажбурий ҳисобланади.


7. Дон омборлари ва бошқа сиғимларнинг техник ва санитария ҳолати бўйича қуйидагилар талаб этилади:

қуруқ, шу жумладан, ер ости ва оқова сувларнинг сизиб киришидан ҳимояланган бўлиши;

бошоқли донга хос бўлмаган ҳидга эга бўлмаслиги ҳамда заракунандалар билан зарарланмаган бўлиши;

омборларнинг ички ва ташқи деворлари сувалган, элеваторларда беркитилмаган горизонтал ва вертикал ёриқлар бўлмаслиги;

эшиклар зич ёпилиши, паст ва девор қисмлари силлиқ, тирқишларсиз бўлиши;

томларининг соз ҳолатда бўлиши, деразалар омборнинг ички тарафидан беркитилиши;

чироқларга махсус ҳимоя ғилофлари кийдирилган бўлиши;

шамоллатиш тизимлари доимий иш ҳолатида бўлиши лозим.


8. Ер ости сувларининг сатҳи паст бўлган ҳолларда, қадоқланган бошоқли донни бевосита (текис, соз ҳолдаги) асфальтланган юзада сақлашга рухсат этилади.


9. Тара ва брезентларни сақлаш, зарарсизлантириш мақсадида уларни тозалаш ва газация қилиш, дон сақлаш омборларидан ажратилган алоҳида хоналарда амалга оширилади.

Тара ва брезентларни ифлос, намлиги юқори, зараркунандалар билан зарарланган ҳолда сақлашга рухсат этилмайди.


10. Барча тоифадаги оралиқ маҳсулот ва чиқиндилар дон омборларидан ажратилган алоҳида сиғимларда сақланиши керак.


11. Дон билан ишлашда дон омборлари ва ҳудудни тозалашдан ҳосил бўлган ифлослантирувчи аралашмалар (қўшимчалар) ҳамда чанг уюмлари белгиланган тартибда корхона ҳудудидан ташқарига чиқариб ташланиши керак.


12. Дон уюми устидан юришда уюм устига солинган тахта траплар ёки тўшамалар устида пойабзал устидан кийиладиган бахилалар ёхуд матоли пайпоқларда юриш талаб этилади.


13. Дон омборлари ва маҳсулот омборларига фақат хизмат қилувчи ходимлар ва сақланаётган доннинг устидан назорат ва кузатишни амалга оширувчи шахслар киришига рухсат этилади.


14. Дон омборларидан фойдаланиш жараёнида чанг, ифлослантирувчи аралашмалар, бегона жисмлар тўпланишига йўл қўйилмайди. Омборхонани мунтазам тозалаб туриш ва ускуналарни озода сақлаш талаб этилади. Омборхоналарда фойдаланилмайдиган кўчма ва олиб юриладиган мосламаларни қолдириш тақиқланади.


15. Ҳар бир корхонанинг ички тартиб-қоидаларида омборлар, элеватор сиғимларини дон қолдиқлари ва чангдан тозалаш, зараркунандаларга қарши ишлов бериш жадвали назарда тутилган бўлиши керак.



3-БОБ. БОШОҚЛИ ДОН ПАРТИЯЛАРИНИ ҚАБУЛ

ҚИЛИШ, ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ЖОЙЛАШТИРИШ


16. Янги ҳосилдан олинган бошоқли донни қабул қилиш ва жойлаштиришни тўғри ташкил этиш мақсадида харид қилиниши кутилаётган бошоқли дон миқдори, шартномалар (контрактация, фьючерс, форвард ва бошқа), бошқа корхоналардан қабул қилиниши ва жўнатилиши кутилаётган миқдор, ўтган йиллардаги бошоқли дон қолдиқлари, дастлабки йиллар маълумотлари бўйича кутилаётган сифат ҳамда қайси мақсадга мўлжалланганлигини ҳисобга олиш талаб этилади.

Ўрим-йиғим даврида донни узлуксиз қабул қилиш, тўғри жойлаштириш, унга вақтида ишлов бериш, дон сиғимлари, транспорт ва технологик ускуналардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида технологик карталарни тузиш тавсия этилади.


17. Бир турдаги дон партияларини шакллантириш ва уларни жойлаштириш норматив-техник ҳужжатларга мувофиқ уларнинг технологик тавсияларини ифодаловчи сифат кўрсаткичлари, шунингдек, намлиги, ифлос ва донли аралашмаларнинг мавжудлик ҳолати бўйича амалга оширилади.

Доннинг намлик ва ифлосланганлик ҳолати таснифи ушбу Низомга 2-иловага мувофиқ белгиланади.


18. Алоҳида ҳисобга олинадиган кўрсаткичлар бўйича - совуқ урган, қоракуя, фузариоз, тошбақасимон кана ва кана (клещ) билан зарарланган, бошоқли донга хос бўлмаган ҳидли, унган дон (5 фоиздан ортиқ), шунингдек, зарарли ва қийин ажралувчи аралашмалар (O`z Dst 880:2015 да назарда тутилган) билан ифлосланган, пестицидлар миқдори белгиланган меъёрдан ортиқ бўлган дон алоҳида жойлаштирилади ва унга ишлов берилади. Қолдиқ пестицидлар миқдори дон етиштирувчи хўжалик ҳужжатларида кўрсатилади.

Таркибида 3 фоизгача унган дон бўлган партиялар алоҳида жойлаштирилади.


19. Тури жиҳатидан буғдой учун клейковина миқдори ва сифати, намлиги ва ифлосланганлик ҳолати ҳамда сифатнинг бошқа кўрсаткичлари бўйича бир хил бўлган дастлабки йиллар ҳосилининг дон партияларини бирлаштириш мумкин, давлат захирасига олиб қўйилган донлар бундан мустасно.


20. Фумигация қилиш талаб этиладиган дастлабки йиллар ҳосилининг донини янги ҳосил дони билан, шунингдек, "ўз-ўзидан қизиб кетувчи" донни "соғлом" дон билан бирлаштириш тақиқланади.


21. Янги йиғиб олинган дон стандарт талаблари бўйича белгиланган меъёрларга етказилгунга қадар қуритилиб, ғарамланади.


22. Қуруқ ва ўртача қуруқ дон уюмининг баландлиги дон омборининг техник ҳолати йўл қўйган даражадаги баландликда белгиланади.


23. Донни сақлаш, юклаш ҳамда шамоллатиш ишларини амалга ошириш мақсадида омборнинг 10 фоиз қисми, элеваторларда эса - ҳар бир транспортёр учун камида битта бўш сиғим бўлиши талаб этилади.


24. Дон топширувчилардан қабул қилинаётган донни корхоналар омборларига жойлаштириш ушбу Низом талабларига мувофиқ амалга оширилади.



4-БОБ. ДОННИНГ СИФАТЛИ САҚЛАНИШИНИ ТАЪМИНЛАШ


25. Корхонага келаётган донга унинг сифатли сақланишини таъминловчи муддатларда ишлов (тозалаш, қуритиш, совутиш, зарарсизлантириш ва бошқалар) берилиши керак.


26. Бир йилгача сақлашга мўлжалланган ва сиғимларга жойлаштирилаётган доннинг намлик даражаси 14,5 фоиздан ошмаслиги лозим.


27. Кузги салқин тушиши билан олдиндан ишлаб чиқилган режага асосан корхонанинг барча техник воситаларини қўллаш орқали корхоналарда донни қишки шароитда сақлашга ўтказиш борасида ишлар амалга оширилади. Дон партияларини совутиш навбати уларнинг намлиги, ҳарорати, зарарланганлигига қараб белгиланади.


28. Дон массасининг ҳарорати +10°С дан 0°С гача бўлган дон партиялари биринчи даражагача, дон массасининг барча қатламларининг ҳарорати 0°С дан пастгача совутилган дон партиялари иккинчи даражагача совутилган ҳисобланади.


29. Баҳорда кунлар исиши билан донда паст ҳароратни имкон қадар узоқ сақлаш учун қуйидагиларни бажариш лозим:

омборларнинг эшик ва деразаларини, элеваторларнинг силос усти ва силос ости қаватларини ёпиб қўйиш;

сақланаётган дон ҳароратини тонгги соатларда текшириб туриш;

дон омборларини фақат қуруқ ва салқин об-ҳавода шамоллатиш.


30. Ўз-ўзидан қизиши мумкинлигидан далолат берувчи сақланаётган дон ҳароратининг кўтарилишида, уни зудлик билан совутиш ва қуритиш чоралари кўрилади. Бунда тозалаш, қуритиш ва шамоллатиш бўйича мавжуд бўлган барча воситалар, шунингдек, ҳавонинг пасайган ва тунги ҳароратидан фойдаланилади.

Қизиётган дон метереологик шароитлардан қатъи назар, ташқи ҳаво ҳароратига яқин келгунича совутилади.


31. Ўз-ўзидан қизиган дон биринчи навбатда сотилади.


32. Сақланаётган донда моғор ҳиди пайдо бўлганда (дон ҳарорати ошмаса) шамоллатилади.



5-БОБ. НАРХЛАР БАРҚАРОРЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШДА

ДОН СИФАТИНИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ


33. Нархлар барқарорлигини таъминлашда доннинг сифати устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси томонидан қонун ҳужжатларида белгилаган тартибда амалга оширилади. Назорат қуйидагилар устидан амалга оширилади:

донни қабул қилиш, сақлаш, юклаш, ташиш жараёнларида табиий камайиш миқдорларининг асосланганлиги ва ҳаққонийлиги;

ҳисоботларнинг тўғри юритилиши;

режасиз қарама-қарши ташишларга йўл қўйилмаслиги;

дон партияларининг асоссиз хатловдан ўтказилишига йўл қўймаслик;

дон партияларининг айланма ҳаракати сунъий оширилишига йўл қўймаслик;

зараркунандалар билан зарарланишнинг олдини олиш бўйича тадбирлар ўз вақтида ва самарали амалга оширилиши (зарарсизлантириш ишлари олиб борилганлигининг асосланганлиги ўрганилади).


34. Дон корхонага келиб тушган вақтдан бошлаб ҳар бир партиянинг сифати ва ҳолати бўйича белгиланган режа-жадваллар асосида мунтазам назорат ташкил этилади.

Бунда доннинг намлиги, ҳарорати, дон захираларининг зараркунандалар билан зарарланганлиги, ҳиди, ранги ва амалдаги норматив-техник ҳужжатлар билан меъёрланадиган сифатнинг бошқа кўрсаткичлари устидан назорат амалга оширилади.


35. Дон ҳароратини элеваторларда ўлчаш учун ҳароратни масофадан назорат қилишнинг электротермометрик ускуналари қўлланилади.

Дон ҳароратини омборларда ўлчаш учун техник термометрли термошуплар, ҳарорат индикаторларидан фойдаланилади.


36. Донни жойлаштириш, ишлов беришдан олдин ва кейин намликни тезкор аниқлаш учун намлик ўлчагичларни қўллашга рухсат этилади.


37. Дон ҳароратини омборларда кузатиб туриш учун унинг юзаси шартли равишда ҳар бири тахминан 200 кв.м дан бўлган қисмларга бўлинади. Ҳар бир қисм рақамланиб, омборга кириб келишда кўринадиган ўлчамда йирик рақамлар билан ёзиб қўйилади.


38. Омборлардаги уюм баландлиги 1,5 метрдан ортиқ бўлганда, ҳар бир қисмда турли сатҳда (юқорига, ўртага, пастга) учта термоштанга ўрнатилади. Уюм баландлиги 1,5 метрдан паст бўлганда, ҳарорат иккита қатламда - юқориги ва пастки қатламда ўлчанади.

Дон ҳарорати ҳар сафар ўлчанганидан сўнг термоштангалар олдинги қисм доирасида ўлчанган жойдан 2 метр масофага шахмат тартибда, тушириш чуқурлигини ўзгартирган ҳолда кўчирилади.


39. Масофадан назорат қилиш мосламалари билан жиҳозланмаган элеватор сиғимларида ҳарорат 0,5, 1,5 ва 3 метр чуқурликда термоштанга ёрдамида ўлчанади.

Дон сифати ва ҳолатини назорат қилиш учун зарур ҳолларда, у бўш сиғимларга кўчирилади, бўш идиш бўлмаган ҳолларда эса, сиғимдан доннинг 10 фоиздан ортиқ бўлмаган миқдорини чиқариб туриш мумкин ва бу дон шу сиғимга яна қайта солинади. Кўчириш вақтида доннинг ҳарорати, намлиги, ҳиди, ранги ва зараркунандалар билан зарарланганлиги текширилади.


40. Дон ҳарорати ушбу Низомга 3-иловада кўрсатилган муддатларда лаборатория ходимлари ва моддий жавобгар шахслар томонидан текшириб турилади.


41. Металл сиғимларда қуруқ доннинг ҳароратини назорат қилиш 10°С дан ортиқ бўлганда 3 кунда бир марта, 10°С ва ундан паст бўлганда эса - 7 кунда бир марта назорат қилинади.


42. Текшириш муддатлари дон уюмининг алоҳида қатламларидан аниқланган энг юқори ҳароратга қараб белгиланади, ҳарорат масъул шахслар ва лаборатория ходимлари томонидан назорат қилинади.


43. Бошоқли донни сақлаш учун жойлаштиришда, шунингдек, тозалаш, қуритиш, шамоллатишдан сўнг ва жўнатишдан аввал унинг тўлиқ техник таҳлили ўтказилади.

Сақлаш даврида тўлиқ техник таҳлил бир турдаги партиядан олинган ўртача намуна бўйича бир ойда бир марта ўтказилади.

Дон зараркунандалар билан зарарланганлигини текшириш дон ҳарорати 5°С ва ундан паст бўлганда бир ойда бир марта, 5°С дан юқори бўлганда эса - бир ойда 2 марта ўтказилади.


44. Металл сиғимлардан намуналар уюмнинг юқори қатламидан (устки қопқоқ ва ички нарвон мавжуд бўлганда, техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилган ҳолда), шунингдек, пастки қопқоқ орқали доннинг бир қисмини бўш сиғимга ўтказиш йўли билан олинади.


45. Барча таҳлил ва кузатишлар натижалари лаборатория журналида қайд қилинади. Бир турдаги доннинг ҳар бир партиясига лаборатория ходимлари доннинг сифати тўғрисидаги бирламчи лаборатория ҳужжатларини тўлдириш ва юритиш тартиби ҳақидаги кўрсатмаларга мувофиқ белгиланган шаклда штабель ва элеватор сиғим ёрлиқларини ёзади ва юритади.


46. Ҳар бир элеваторда сиғимларнинг схемаси акс эттирилган "сиғим пештахтаси" бўлиши лозим. Бунда элеватор сиғими, "юлдузча" ("звездочка") ва бункер белгиланган тартибда рақамланади, уларга элеватор сиғим ёрлиғи тузилади. Элеватор сиғим ёрлиғида дон тури, сақланаётган дон партиясининг массаси, жойлаштирилган санаси, сифат кўрсаткичлари акс эттирилади.



6-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


47. Донни сақлаш жараёни техника ва саноат хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси ва гигиенаси ҳамда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқ амалга оширилади.


48. Сотиб олинган ғалла сақланаётган омборларда ғалланинг сифати ва миқдори тўғри сақланишини таъминлаш ғалла сақланаётган корхоналар масъуллари зиммасига, улар устидан ойлик назорат ўрнатиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясига юкланади.


49. Ушбу Низом талаблари бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан

сотиб олинадиган донни сақлаш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Муддатлар

1-босқич

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, "Ўзстандарт" агентлиги, дон корхоналари


Мулкчилик шаклидан қатъи назар барча дон қабул қилиш ва сақлаш корхоналарида давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган ғалла сақланаётган омборларда бошоқли доннинг сифати ва миқдори бўйича тўғри сақланишини назорат қилиш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.


Ҳисобот

йилининг

15 мартига

қадар







2-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари


Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари ҳар йили 1 апрелга қадар ички бозорда дон ва нон маҳсулотлари нархлари барқарорлигини таъминлаш мақсадида сотиб олинадиган ғалланинг туманлар кесимидаги тақсимоти ҳамда бошоқли дон сақлаш учун Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг ҳудудий бошқармалари хулосасига эга бўлган дон корхоналари рўйхатини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этиб боради.


Ҳар йили

1 апрелга

қадар







3-босқич

Вазирлар Маҳкамаси


Туманлар кесимида ғалланинг ҳажмлари ва уларни сақлайдиган дон корхоналари рўйхатини тасдиқлайди.


Ҳар йили

1 майга

қадар







4-босқич

"Ўзстандарт" агентлиги, дон корхоналари


Мулкчилик шаклидан қатъи назар, дон сақлашга талабгор бўлган барча дон корхоналарининг лабораториялари ва тарозиларини хатлов ҳамда қиёсловдан ўтказади ва уларнинг амалдаги талабларга мослиги тўғрисида хулоса беради.


Ҳисобот

йилининг

1 майига

қадар







5-босқич

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодиёт тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат статистика қўмитаси, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси


Дон сақлашга рухсат этилган корхоналар рўйхати ҳамда уларнинг дон сақлаш қувватлари тўғрисидаги маълумотларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.


Ҳисобот

йилининг

10 майига

қадар







6-босқич

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Молия вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш жамғармаси, дон корхоналари


Давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган донни қабул қилиш, сақлаш, ташиш жараёнларида миқдор-сифат ҳисоботларининг тўғри юритилиши, табиий камайиш миқдорларининг ҳаққонийлиги ҳамда асоссиз йўқотишларнинг олдини олиш устидан ойлик назорат олиб боради.


Тасдиқланган

жадвалга

асосан







7-босқич

Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, дон корхоналари


Давлат эҳтиёжлари учун сотиб олинган доннинг сифати ва миқдори ҳамда доннинг сақланиш ҳолати юзасидан Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиб боради.


Тасдиқланган

жадвалга

асосан







8-босқич

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, дон корхоналари, фермер хўжаликлари


Ғалла етиштирувчи фермер хўжаликлари ихтиёрида қоладиган донни шартнома асосида дон корхоналари томонидан ижарага олиб сақланиши мумкин ва талабдан келиб чиқиб, келишилган ҳолда фермер хўжаликларидан сотиб олинади ва истеъмолчиларга етказиб берилади.


Ғалла

тайёрлаш

мавсуми

даврида

           





Низомга

2-ИЛОВА



Доннинг намлик ва ифлосланганлик ҳолати

ТАСНИФИ

Доннинг ҳолати


Буғдой учун меъёр (фоизда)


кузги


баҳорги


Намлиги бўйича:

Қуруқ


14,0 дан ошмаган

14,0 дан ошмаган

Ўртача қуруқ


14,1-15,5

14,1-15,5

Нам


15,6-17,0

15,6-17,0

Хом


17,1 ва ундан юқори

17,1 ва ундан юқори

Ифлослантирувчи аралашмалар бўйича:

Тоза


1,0 дан ошмаган

1,0 дан ошмаган

Ўртача тоза


1,1-3,0

1,1-3,0

Ифлос


3,1 ва ундан юқори

3,1 ва ундан юқори

Донли аралашмалар бўйича:

Тоза


2,0 дан ошмаган

1,0 дан ошмаган

Ўртача тоза


2,1-7,0

1,1-5,0

Ифлос


7,1 ва ундан юқори

5,1 ва ундан юқори

         





Низомга

3-ИЛОВА



Ғалла етиштирувчи хўжаликлар ва корхоналардан сотиб

олинадиган доннинг ҳароратини текшириб туриш

МУДДАТЛАРИ

Доннинг намлиги

бўйича ҳолати

Янги йиғиб олинган

дон (қабул қилинган

вақтдан бошлаб уч

ой давомида)

Ҳарорати қуйидагича

бўлган бошқа донлар


10°С дан

юқори


10 °С дан

0°С гача

0°С ва

ундан паст

Қуруқ ва ўртача қуруқ


15 кунда бир марта


15 кунда

бир марта


15 кунда

бир марта


15 кунда

бир марта


Нам


ҳар куни


2 кунда

бир марта


5 кунда

бир марта


15 кунда

бир марта


Хом


ҳар куни


-

-

-

         

         

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 май