язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Иқтисодиётнинг айрим соҳалари/ Транспорт/ Ҳаво транспорти/ Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 23.05.2020 й. 324-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 23 майдаги

324-сон қарорига

ИЛОВА



Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво

кемаларининг эксплуатантларига бир марталик

парвозни амалга ошириш учун рухсатнома

бериш тартиби тўғрисида

НИЗОМ


1-боб. Умумий қоидалар

2-боб. Сўровномаларни тақдим этиш

ва рухсатнома бериш тартиби

3-боб. Якунловчи қоидалар

1-илова. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси

аэродромларига бир марталик парвозни амалга

ошириш учун рухсатнома бериш схемаси

2-илова. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси

аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш

учун тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар рўйхати

3-илова. Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво

кемаларининг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон

Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир

марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома

рақамларини шакллантириш тартиби



1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги (кейинги ўринларда - Агентлик) томонидан хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантларига Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тартибини белгилайди.


2. Ҳаво ҳудудидан фойдаланишга сўровнома тақдим қилиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Самовий ҳудудидан фойдаланиш тўғрисидаги низом билан белгиланади ва Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинади.


3. Хорижий давлатларнинг давлат ва экспериментал авиацияси ҳаво кемаларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида хорижий давлатлар ҳаво кемаларининг парвозларига махсус дипломатик рухсатномалар бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан белгиланади.


4. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:


ариза берувчи - Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома олиш мақсадида Агентликка ёзма сўровнома билан мурожаат қилган хорижий давлат авиация маъмурияти, фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг эксплуатанти ёки улар томонидан ваколат берилган вакил;


аэродром - қуруқликдаги ёки сув сатҳидаги махсус жиҳозланган, ҳаво кемаларининг келиб қўниши, жўнаши ва шу сатҳ бўйлаб ҳаракатланиши учун тўлиқ ёки қисман мўлжалланган, шунингдек, бинолар, иншоотлар ҳамда анжомлар жойлашган участка;


аэропорт - ҳаво кемаларини қабул қилиш ва жўнатишга, ҳаво транспортида ташишга хизмат кўрсатишга мўлжалланган ва шу мақсадларда аэродром, аэровокзал, бошқа иншоотлар, шунингдек зарур қурилмаларга эга бўлган иншоотлар мажмуаси;


бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровнома - ариза берувчининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома олиш мақсадида белгиланган муддатларда тақдим қилинган сўровномаси;


бир марталик парвоз - хорижий давлат фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига жадвалда назарда тутилмаган бир марталик парвози;


рухсатнома - хорижий давлат фуқаро авиацияси ҳаво кемасининг эксплуатантига Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун Агентлик томонидан берилган расмий ҳужжат;


транзит парвоз - ҳаво кемасининг Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди орқали қўнмасдан амалга оширган парвози;


ҳаво кемаси - атмосферада ўзининг ҳаво билан ўзаро таъсири ҳисобига ушлаб туриладиган ҳар қандай учиш аппарати, ер юзасидан қайтган ҳаво билан ўзаро таъсир бундан мустасно;


хавфли юк - ҳаво транспортида ташиш вақтида йўловчилар ёки экипаж аъзоларининг соғлиги, парвоз хавфсизлиги ёки ҳаво кемаси бортида жойлашган мол-мулк бутлигига хавф туғдирувчи буюмлар ёки моддалар;


ҳаво кемасининг эксплуатанти - хорижий давлатнинг ҳаво кемасидан фойдаланадиган юридик ёки жисмоний шахси.


5. Рухсатнома ушбу Низомга 1-иловага мувофиқ схема асосида берилади.


6. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудуди орқали транзит парвозлар Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилга ариза берувчи томонидан парвозни амалга ошириш манзилидан режалаштирилган жўнаш вақтидан камида йигирма тўрт соат олдин тақдим этилган сўровномага ва камида тўрт соат олдин тақдим этилган учиш режасига (flight plan) асосан амалга оширилади.



2-БОБ. СЎРОВНОМАЛАРНИ ТАҚДИМ ЭТИШ

ВА РУХСАТНОМА БЕРИШ ТАРТИБИ


7. Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномалар (кейинги ўринларда - сўровнома) хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Агентликка бир марталик парвозни амалга оширишдан камида уч кун олдин тақдим этилади.


8. Ариза берувчи рухсатнома олиш учун Агентликка сўровномани инглиз ёки рус тилларда Ўзбекистон Республикаси Аэронавигация маълумотлари тўпламида эълон қилинган манзилларга мавжуд алоқа каналлари (Интернет жаҳон ахборот тармоғи, почта, телефон ва бошқа электрон алоқа воситалари) орқали ушбу Низомга 2-иловадаги рўйхатда назарда тутилган маълумотларни тақдим этади.

Ариза берувчидан ушбу Низомга 2-иловадаги рўйхатда назарда тутилмаган маълумотларни тақдим этишни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Агентлик рухсатнома олиш учун зарур бўлган маълумотлар рўйхатини ўз веб-сайтига жойлаштиради.


9. Ишончли бўлмаган ёки бузилган маълумотлар тақдим этилганлиги учун ариза берувчи қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб беради.


10. Агентлик сўровнома келиб тушган кундан эътиборан уч кундан ошмаган муддатда сўровномани кўриб чиқади. Фавқулодда ҳолатларда, қидирув-қутқарув ишларини бажаришда, тиббий ёрдам, табиий ва техноген хусусиятга эга фавқулодда вазиятлар рўй берган тақдирда, инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш мақсадида бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровнома Агентлик томонидан ўн икки соат ичида кўриб чиқилади.


11. Агентлик тақдим этилган маълумотлар рўйхатини кўриб чиқади ва унинг нусхасини "Uzbekistan Airports" АЖ ҳамда "O`zaeronavigatsiya" Markazi" DUKга ҳаво кемасини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш ва келишиш учун юбаради.


12. "Uzbekistan Airports" АЖ бир кун ичида ҳаво кемасининг фуқаро авиацияси аэродромига учиб келиш вақти билан ер усти хизматлари учун тўлов ҳужжатларини кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинганда ҳаво кемасини қабул қилишга розилик беради.


13. "O`zaeronavigatsiya" Markazi" DUK бир кун ичида маълумотлар рўйхатини кўриб чиқади, ижобий қарор қабул қилинганда Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланиш учун розилик беради.


14. Агентлик сўровномани кўриб чиқиш ва тақдим қилинган маълумотларни текшириш натижаларига асосан рухсатномани ушбу Низомга 3-иловадаги шаклга мувофиқ бир кун муддатда расмийлаштиради.


15. Агентлик томонидан бир марталик парвозни амалга ошириш учун берилган рухсатнома бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидан фойдаланишга берилган рухсатнома ҳисобланади.


16. Сўровномани кўриб чиқиш натижалари бўйича Агентлик томонидан қуйидаги қарорлардан бири қабул қилинади:

бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома бериш тўғрисида;

бир марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома беришни рад этиш тўғрисида.

Агентлик қабул қилинган қарор тўғрисида ариза берувчига қабул қилинган санадан бошлаб, бир кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилади.


17. Рухсатнома бериш қуйидаги асосларга кўра рад этилиши мумкин:

талаб қилинган маълумотлар тўлиқ ҳажмда тақдим қилинмаса;

тақдим қилинган маълумотлар нотўғри ёки бузиб кўрсатилган бўлса;

"Uzbekistan Airports" АЖнинг ёки "O`zaeronavigatsiya" Markazi" DUKнинг ҳаво кемасини қабул қилиш имкони йўқлиги ҳақида асосланган салбий хулосаси мавжуд бўлса.


18. Агентлик томонидан бир марталик парвозни амалга ошириш учун сўровномани кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.


19. Рухсатнома унда кўрсатилган ҳаво кемасининг учиш вақтидан эътиборан 72 соат давомида амал қилади.



3-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


20. Агентликнинг қарори, шунингдек, Агентлик мансабдор шахсининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) юзасидан ариза берувчи белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкин.


21. Ушбу Низом талабларининг бузилишида айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларига мувофиқ жавоб берадилар.






Низомга

1-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси

аэродромларига бир марталик парвозни

амалга ошириш учун рухсатнома бериш

СХЕМАСИ

Босқичлар

Субъектлар


Тадбирлар


Бажариш

муддати



1-босқич

Ариза берувчи


Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига сўровномани инглиз ёки рус тилларда мавжуд алоқа каналлари орқали тақдим қилади.


Парвозни амалга оширишдан камида уч кун олдин










2-босқич

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги


Сўровномани қабул қилади ва унинг нусхасини "Uzbekistan Airports" АЖга ва "O`zaeronavigatsiya" Markazi" DUKга ҳаво кемасини қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш учун юборади.


Ҳужжатлар қабул қилинган кунда










3-босқич

"Uzbekistan Airports" АЖ ва "O`zaeronavigatsiya" Markazi" DUK


Сўровномани кўриб чиқади ва ижобий қарор қабул қилинганда, ҳаво кемасини қабул қилишга розилик беради.

Салбий қарор қабул қилинганда, Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлигига асосланган жавоб жўнатади.


Бир кун давомида










4-босқич

Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Фуқаро авиацияси агентлиги


Ижобий қарор қабул қилинганда, ариза берувчига рухсатнома беради (жўнатади).

Салбий қарор қабул қилинганда, ариза берувчига рухсатнома бериш ёки рад қилинганлиги тўғрисида асослантирилган хабарнома жўнатади.


Қарор қабул қилинган санадан кейин бир кун муддатда



            





Низомга

2-ИЛОВА



Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси

аэродромларига бир марталик парвозни амалга

ошириш учун тақдим этилиши шарт бўлган маълумотлар

РЎЙХАТИ


1. Ҳаво кемаси эксплуатантининг номи ва фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг таснифи бўйича уч ҳарфли белгиси.


2. Ҳаво кемаси ҳақида маълумотлар:

а) фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг таснифи бўйича ҳаво кемасининг тури;

б) ҳаво кемасининг танитувчи индекси (парвоз рақами);

в) ҳаво кемасининг рўйхатга олинган рақами;

г) ҳаво кемасининг учиш-қўниш оғирлиги;

д) навигация ва алоқа ускуналарининг тури;

е) ҳаво кемаси эксплуатанти ва унинг юридик манзили.


3. Экипаж ҳақида маълумотлар:

а) ҳаво кемасининг командири;

б) экипаж аъзоларининг сони (уларнинг фуқаролиги кўрсатилган ҳолда).


4. Режалаштирилаётган парвоз ҳақида ахборот:

а) парвоз мақсади;

б) учиш ва қўниш пункти (фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг кодларида), Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудига кириш ва ундан чиқиш нуқталари (пунктлари) ҳамда ҳисобланган вақти кўрсатилган ҳолда, универсал мувофиқлаштирилган вақтда парвозни амалга ошириш санаси ва жадвали;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудидаги парвознинг йўналиши ва баландлиги;

г) йўловчилар (сони, рўйхати, мақоми, фуқаролиги);

д) ташилаётган юкнинг рўйхати ва тавсифи (хусусияти);

е) ҳаво кемасининг ижарачиси ва унинг манзили;

ж) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида кутиб олувчи томон (реквизитлари);

з) юк жўнатувчи/юк олувчи (реквизитлари);

и) бортда қурол ва ўқ-дорилар мавжудлиги.


5. Ўзбекистон Республикаси ҳаво ҳудудида аэронавигация хизматлари учун тўловчининг банк реквизитлари, манзили, телефон ва факс рақамлари кўрсатилган тўлов тури.


6. Ҳаво кемаси бортида хавфли юклар билан бир марталик парвоз амалга оширишилган тақдирда, ариза берувчи Агентликка Бирлашган Миллатлар Ташкилоти рўйхатига киритилган хавфли юкларнинг рақамини кўрсатган ҳолда, ҳаво орқали хавфли юкларни ташиш билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи сертификатнинг нусхасини тақдим этади.


Изоҳ:

Кўрсатилган ҳаво кемасининг фуқаро авиацияси халқаро ташкилотининг талабларига мувофиқлигини тасдиқлаш мақсадида Агентлик ариза берувчидан:

ҳаво кемаси эксплуатантининг сертификати ва унинг иловалари;

ҳаво кемасининг рўйхатдан ўтганлиги тўғрисидаги гувоҳнома;

ҳаво кемасининг учишга яроқлилиги тўғрисидаги гувоҳнома;

учувчилар экипажи гувоҳномалари нусхаларини сўраб олишга ҳақлидир.






Низомга

3-ИЛОВА



Хорижий давлатлар фуқаро авиацияси ҳаво

кемаларининг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон

Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир

марталик парвозни амалга ошириш учун рухсатнома

рақамларини шакллантириш тартиби


Хорижий давлатларнинг фуқаро авиацияси ҳаво кемаларининг эксплуатантлари томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаро авиацияси аэродромларига бир марталик парвозни амалга ошириш учун қуйидаги кўринишдаги рухсатнома берилади:


CAA UZB 123 / 08 / 2020 TAS, бунда:

CAA UZB

-

рухсатнома берувчи органнинг, ушбу ҳолатда Агентликнинг қисқартмаси


123

-

жорий ойда берилган рухсатноманинг тартиб рақами


08

-

рухсатнома берилган йилдаги ой рақами


2020

-

рухсатнома берилган йил


TAS

-

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўниш манзилининг, ушбу ҳолда Тошкентнинг, уч ҳарфли белгиси

Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 23 май