язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Нотижорат ташкилотлар (жамоат бирлашмалари)/ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 23.05.2020 й. 326-сон "Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

23.05.2020 й.

N 326




ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ,

ВИЛОЯТЛАР, ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲАМДА

ТУМАН ВА ШАҲАРЛАРДА НУРОНИЙЛАР

ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШЛАРИНИ ТАШКИЛ

ЭТИШ ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарларда нуронийлар жамоатчилик кенгашлари (кейинги ўринларда - Нуронийлар кенгаши) ташкил этилсин.


2. Қуйидагилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари этиб белгилансин:

кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;

нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда - вазирлик) ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш;

қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш.


3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида" 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармонининг 11-бандига мувофиқ вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг тегишли ўринбосарлари - нуронийлар кенгашлари раислари этиб белгиланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

Белгилансинки:

Нуронийлар кенгаши вазирликнинг тегишли ҳудудий бўлинмаси раҳбари қарори билан ташкил этилади;

Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида олиб борадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади;

вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари нуронийлар кенгашларининг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.


4. Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.


5. Вазирлик бир ой муддатда белгиланган тартибда:

ушбу қарор билан тасдиқланган Намунавий низом асосида нуронийлар кенгашлари тўғрисидаги низомларнинг;

нуронийлар кенгашлари таркибининг;

нуронийлар кенгашларига юкланган асосий вазифалардан келиб чиқиб, уларнинг чораклик иш режаларининг тасдиқланишини таъминласин.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлар ҳокимликлари нуронийлар кенгашлари фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалаларнинг тезкор ва сифатли ҳал этилишини таъминласин.


6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига ушбу қарорда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилишини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб бориш тавсия этилсин.


7. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсин.


8. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ижтимоий ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Б.А. Мусаев ва Ўзбекистон Республикаси маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири Р.Т. Маматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири                             А. Арипов



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 май