язык интерфейса

ЎзР Конунчилиги

ЎзР Конунчилиги/ Базада янги/ Май, 2020 й./ Нотижорат ташкилотлар (жамоат бирлашмалари)/ Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 23.05.2020 й. 326-сон қарорига илова)

Полный текст документа доступен в платной версии. По вопросам звоните на короткий номер 1172

Вазирлар Маҳкамасининг

2020 йил 23 майдаги

326-сон қарорига

ИЛОВА



Нуронийлар жамоатчилик кенгашлари тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


1-БОБ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Мазкур Намунавий низом (кейинги ўринларда - Низом) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳамда туман ва шаҳарлардаги нуронийлар жамоатчилик кенгашларининг (кейинги ўринларда - Нуронийлар кенгаши) асосий вазифалари, функциялари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.


2. Нуронийлар кенгаши ўз ишини жамоатчилик асосида амалга оширадиган, доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади.


3. Нуронийлар кенгаши ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳужжатларига, мазкур Низомга ва бошқа қонун ҳужжатларига амал қилади.


4. Нуронийлар кенгашининг қарорлари тавсиявий хусусиятга эга.


5. Нуронийлар кенгаши тўғрисидаги низом мазкур Низом асосида вазирликнинг тегишли ҳудудий бўлинмалари бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.


6. Нуронийлар кенгашларининг таркиби тегишлича Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман (шаҳар) бўлимлари (кейинги ўринларда - вазирлик ҳудудий бўлинмалари) бошлиқларининг қарорлари билан тасдиқланади.


7. Нуронийлар кенгаши қонунийлик, коллегиаллик, ошкоралик, ўзаро ҳурмат, тенг ҳуқуқлилик, ихтиёрийлик ва жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш тамойиллари асосида фаолият юритади.



2-БОБ. НУРОНИЙЛАР КЕНГАШИНИНГ АСОСИЙ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


8. Қуйидагилар Нуронийлар кенгашининг асосий вазифалари ҳисобланади:

кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш;

нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг (кейинги ўринларда - вазирлик) ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш;

қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш;

маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш.


9. Нуронийлар кенгаши ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажаради:


а) кексаларни қўллаб-қувватлаш соҳасига оид қонун ҳужжатларининг ижросини таъминлашга кўмаклашиш соҳасида:

кексалар учун қонунчиликда назарда тутилган пенсиялар ва имтиёзлар бўйича қонун ҳужжатларининг ижроси юзасидан жамоатчилик назоратини амалга оширади, ушбу соҳада вазирлик ҳудудий бўлинмаларига кўмаклашади;

қариялар, ногиронлиги бўлган нуронийлар ва ёлғиз кексаларни даволаш, тизимли соғломлаштиришни ташкил этиш, профилактика тадбирлари билан қамраб олиш даражасини ўрганади ҳамда натижаси бўйича таклифлар тайёрлайди;

ёрдамга муҳтож кексалар ва ногиронлиги бўлган нуронийларни сифатли ёрдамчи ва техник реабилитация воситалари билан таъминлаш даражасини ошириш, уларни тиббий-ижтимоий реабилитация қилиш чораларини кўриш бўйича тавсиялар ишлаб чиқади;


б) нуронийларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига тааллуқли энг муҳим масалалар юзасидан вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти ҳақида жамоатчиликнинг, шу жумладан кексалар фикрини тизимли мониторинг ва ҳар томонлама таҳлил қилиш соҳасида:

соҳага алоқадор бўлган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кексаларга доимий равишда тушунтириб боради;

вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари ва бошқа тегишли ташкилотлар билан кексаларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш чораларини кўради;

маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг кексалар, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар билан учрашувларини, шунингдек, уларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ишларни, шу жумладан жойларга бориб ташкил этишда қатнашади ва уларнинг амалга оширилишини мониторинг қилади;

меҳнат фахрийларининг маҳаллаларда ҳамда оилаларда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштиришдаги иштирокини кенгайтириш ишларига ёрдамлашади;


в) ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини комплекс ўрганиш ва бу борада таклифлар ишлаб чиқиш соҳасида:

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг уй-жой, ижтимоий-маиший шарт-шароитларини, уларга малакали тиббий ёрдам кўрсатиш шароитларини яхшилашда кўмаклашади;

ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларда тадбиркорлик руҳини уйғотиш ҳамда оилавий салоҳиятни рўёбга чиқаришда ҳаётий тажрибадан келиб чиқиб, йўл-йўриқ кўрсатади ҳамда оила аъзоларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашади;

маҳаллаларда аҳоли, шу жумладан ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийларнинг муаммоларини аниқлаш ва ҳал этиш бўйича "маҳалла - сектор - Халқ қабулхонаси - маҳалла" тамойили асосида ҳамкорлик тизимини самарали ташкил этишда фуқаролар йиғинларидаги "кексалар маслаҳати" гуруҳлари ва бошқа жамоатчилик тузилмалари аъзоларини, ижтимоий фаол меҳнат фахрийларини кенг жалб этади;

"Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин" шиори остида кексалар, шу жумладан кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож нуронийларни мамлакатимиздаги тарихий жойлар билан таништириш учун сайёҳлик сафарларини, зиёрат туризмларини ташкил этиш бўйича таклифлар киритади;


г) қабул қилинаётган қарорларда, шунингдек, тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурларида кексалар манфаатлари ва жамоатчилик фикри ҳисобга олиниши, вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг нуронийлар манфаатларига дахлдор вазифаларини бажариш билан боғлиқ фаолияти устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш соҳасида:

тармоқ ва ҳудудий ривожлантириш дастурлари, чора-тадбирлар режаларини, шу жумладан кексаларни қўллаб-қувватлашга оид бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлайди;

нуронийларнинг оилаларни мустаҳкамлаш, ажримларнинг олдини олиш, оилавий қадриятларни, шу жумладан "Оила - муқаддас" деган эзгу ғоя тарғиботидаги ролини оширишга қаратилган чора-тадбирларни ташкил этишда қатнашади;

маҳаллаларда ва оилаларда соғлом турмуш тарзини йўлга қўйиш, оммавий спортни ривожлантириш ишларини "умуммиллий ҳаракат"га айлантиришда нуронийларнинг ташаббускор бўлишларини тарғиб қилади;

маҳаллаларда тўйлар ва бошқа маросимларнинг ихчам, кенг аҳоли манфаатларининг ҳисобга олган ҳолда ўтказилишини таъминлашда нуронийларнинг фаол иштирок этишларини таъминлаб боради;

фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказишда ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принципларига риоя этилишини таъминлашда иштирок этади;


д) маҳаллаларда нуронийларнинг билим ва бой ҳаётий тажрибасидан ёшлар маънавиятини юксалтириш, уларда ватанпарварлик руҳини мустаҳкамлаш масалаларида самарали фойдаланиш тизимини йўлга қўйишга кўмаклашиш соҳасида:

ўсиб келаётган ёш авлодни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий ва умуминсоний қадриятларни уларнинг онгига сингдириш ҳамда уларнинг юксак маънавиятли ва садоқатли бўлиб вояга етишларида кексаларнинг ижтимоий фаоллигини оширади, бу борада ҳарбий округлар билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш чораларини кўради;

нуронийларнинг ёшлар ўртасида Ватанга муҳаббат, ёши катта инсонларни ҳурмат қилиш, мардлик, ҳалоллик, одиллик ва раҳмдиллик каби эзгу туйғуларни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларини ташкил этади;

ёшларни тўғри йўлга бошлаш, улар ўртасида лоқайдлик ва боқимандаликнинг олдини олиш, ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ножўя хатти-ҳаракатлардан қайтариш каби тадбирларда нуронийларнинг фаоллигини оширади;

аҳоли ўртасида оилавий қадриятларни тарғиб қилиш, оилаларда фарзандларни маънавий-аҳлоқий тарбиялаш ва жамият олдидаги масъулият ҳиссини оширишда нуроний отахон ва онахонларнинг ҳаётий тажрибаларидан кенг фойдаланишга қаратилган тарғибот тадбирларини уюштиришга кўмаклашади;

маҳаллалар, кўчалар, қабристонлар ва хонадонлар тозалиги ҳамда ободлигини таъминлашнинг аҳамиятини ёшларга ўргатиш, уларни ушбу ишларга сафарбар қилишда кексаларни ташаббускорликка чорлайди;

кексалар ва фахрийларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида "Нуронийлар масканлари"да ва маҳаллаларда турли маданий-маърифий тадбирлар, кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларини ўтказиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

кексалар ўртасида тўрт босқичли "Ёшлар мураббийси" кўрик-танловининг маҳаллалараро (саралаш), туман (шаҳар) ва ҳудудий босқичларини ташкил этиш ва ўтказишда масъуллар ҳамда иштирокчилар томонидан қонунийлик, шаффофлик, ошкоралик, адолатлилик, тенглик каби принципларга риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади.



3-БОБ. НУРОНИЙЛАР КЕНГАШИНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ


10. Нуронийлар кенгаши ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун:

вазирлик ҳудудий бўлинмалари йиғилишлари ва бошқа оммавий тадбирлар тўғрисидаги ахборотни сўраб олиш ҳамда мазкур тадбирларда иштирок этиш;

ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва миллий истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга муносиб ҳисса қўшиб келаётган фаол, ташаббускор кексаларни "Маҳалла ифтихори" ва "Меҳнат фахрийси" кўкрак нишонлари билан тақдирлаш юзасидан вазирлик ҳудудий бўлинмаларига таклифлар киритиш;

ўзига юкланган вазифалар ижросини таъминлаш билан боғлиқ масалалар юзасидан вазирлик ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари томонидан ҳар чоракда тегишли халқ депутатлари кенгашларига тақдим этиладиган ахборотларга таклифлар киритиш;

вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш учун зарур бўлган ахборотлар, статистика ва бошқа материалларни белгиланган тартибда олиш;

вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари томонидан ишлаб чиқилган дастур ва режалар лойиҳаларининг жамоатчилик ва мутахассислар муҳокамасини таъминлашда иштирок этиш;

кексаларнинг мурожаатларига вазирлик ҳудудий бўлинмалари томонидан берилган жавобларнинг сифатини таҳлил қилиш;

фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчилари, "кексалар маслаҳати" гуруҳлари ва маҳаллалардаги бошқа жамоатчилик тузилмалари фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича тавсиялар бериш;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилаларнинг розилиги билан уларнинг уй-жой ва ижтимоий-маиший шарт-шароитлари билан танишиш;

Нуронийлар кенгаши мажлисларида муҳокама қилинадиган масалаларни ёритиш бўйича оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиш;

юкланган вазифаларни бажариш учун семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларни ташкил этиш, зарур ҳолларда уларга давлат органлари ва жамоат ташкилотларининг масъул ходимларини ҳамда маҳалла фаолларини таклиф этиш ҳуқуқига эга.

Нуронийлар кенгаши қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.


11. Нуронийлар кенгаши ўз фаолиятини амалга оширишда:

жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиши;

вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолияти билан боғлиқ қонун ҳужжатларида белгиланган қоидаларга амал қилиши;

давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширадиган фаолиятига аралашмаслиги;

давлат органи ва унинг мансабдор шахслари фаолият кўрсатиши учун тўсқинлик қилмаслиги шарт.

Нуронийлар кенгашининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа мажбуриятлари ҳам бўлиши мумкин.



4-БОБ. НУРОНИЙЛАР КЕНГАШИНИНГ ТАРКИБИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШ ВА ИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ ТАРТИБИ


12. Нуронийлар кенгашининг таркибига раис, раис ўринбосари ва аъзолари киради.

Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг бошлиқларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарлари бир вақтнинг ўзида тегишли нуронийлар кенгашларига ҳам раислик қилади.

Вазирлик ҳудудий бўлинмалари кексалар ва фахрийларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий фаоллигини ошириш бўйича мутахассислари бир вақтнинг ўзида тегишли нуронийлар кенгашларининг котиблари ҳисобланади.

Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосарлари Нуронийлар кенгаши аъзолари орасидан йиғилиш иштирокчиларининг учдан икки қисми овози билан сайланади.


13. Нуронийлар кенгаши 15 нафар аъзодан иборат таркибда шакллантирилади.

Нуронийлар кенгаши таркиби, қоида тариқасида:

а) давлат органлари ва муассасаларида, нодавлат нотижорат ташкилотларида, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларида намунали хизмат кўрсатган меҳнат фахрийлари;

б) давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари фахрийлар кенгашларининг фаол раислари;

в) жамоатчилик фаолияти соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган обрў-эътиборли ва ташаббускор зиёлилар;

г) нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг нуроний ходимлари;

д) намунали фуқаролар йиғинлари раисларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича маслаҳатчиларидан шакллантирилади.

Нуронийлар кенгаши аъзолигига давлат органлари ходимлари ва мансабдор шахсларининг киритилиши тақиқланади.


14. Нуронийлар кенгашининг таркиби вазирлик ҳудудий бўлинмаси бошлиғининг қарори билан ҳар 3 йилда тасдиқланади.


15. Қуйидаги ҳолатларда Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосарлари ва аъзолари унинг таркибидан чиқарилиши мумкин:

улар томонидан Нуронийлар кенгаши таркибидан чиқиш тўғрисида ариза берилганда;

Нуронийлар кенгашининг мажлисларида мунтазам равишда иштирок этмаганда, мазкур Низомнинг 11-бандида назарда тутилган мажбуриятларни бажармаганда;

Нуронийлар кенгашига юкланган вазифалар ижросини таъминлаш ишларида мунтазам қатнашмаганда;

уларга нисбатан чиқарилган суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирганда;

вафот этганда, шунингдек, суд қарорига кўра улар муомалага лаёқатсиз, бедарак йўқолган ёки вафот этган деб топилганда.


16. Нуронийлар кенгашининг таркиби тўғрисидаги маълумот ва киритилган ўзгартиришлар тасдиқланган кунда вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг Интернет жаҳон ахборот тармоғидаги расмий веб-сайтларида эълон қилинади.


17. Нуронийлар кенгашининг раиси:

Нуронийлар кенгашининг фаолиятига умумий раҳбарлик қилади;

Нуронийлар кенгашининг мажлисларини чақиради ва кун тартибидаги масалаларни белгилайди;

Нуронийлар кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

Нуронийлар кенгашининг иш режалари, мажлис баённомалари ва бошқа ҳужжатларини тасдиқлайди;

Нуронийлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилади;

Нуронийлар кенгаши аъзоларининг зиммасига юкланган вазифалар бажарилишини мувофиқлаштиради;

Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг расмий веб-сайтларида ва бошқа ресурсларда жойлаштириладиган Нуронийлар кенгашининг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар таркиби бўйича таклифлар киритади ва уни вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари билан келишади;

Нуронийлар кенгашининг қарорларини бажариш масалалари юзасидан давлат органларининг ҳудудий бўлинмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилади;

Нуронийлар кенгашининг самарали ишини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.


18. Нуронийлар кенгашининг раиси бўлмаган тақдирда, унинг вазифаларини раис ўринбосари бажаради.


19. Нуронийлар кенгаши раисининг ўринбосари:

раис йўқлигида Нуронийлар кенгашининг мажлисларида раислик қилади;

Нуронийлар кенгаши қарорларининг ижросини назорат қилиш ишларини ташкил этади;

фуқароларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилади, шунингдек, Нуронийлар кенгаши фаолиятига тааллуқли мурожаатларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;

Нуронийлар кенгашининг самарали ишларини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.


20. Нуронийлар кенгашининг котиби:

Нуронийлар кенгашининг фаолиятини услубий, ташкилий-ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини ҳал қилади;

Нуронийлар кенгашининг навбатдаги мажлисига барча зарур материаллар ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди, вазирлик ҳудудий бўлинмалари ходимларидан зарур ҳужжатлар ва маълумотларни сўраб олади;

кун тартибига мувофиқ Нуронийлар кенгашининг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

Нуронийлар кенгаши мажлислари ўтказиладиган сана, жой ва уларга таклиф этиладиган шахслар рўйхатини Нуронийлар кенгашининг раиси билан келишади;

Нуронийлар кенгашининг аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни Нуронийлар кенгаши мажлислари ўтказиладиган жой, сана ва вақт ҳақида хабардор қилади;

Нуронийлар кенгаши қарорлари бажарилишининг мониторингини олиб боради ва унинг натижаларини Нуронийлар кенгашлари мажлисида кўриб чиқиш бўйича таклифлар киритади;

Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомасини расмийлаштиради ва тасдиқланган баённоманинг Нуронийлар кенгаши аъзолари ҳамда бошқа манфаатдор шахсларга юборилишини таъминлайди;

Нуронийлар кенгашининг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ваколатларни амалга оширади.


21. Нуронийлар кенгашининг аъзолари ўз мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилиш ва ҳал қилишда ўз ваколатини бошқаларга ўтказиш ҳуқуқига эга эмас.

Нуронийлар кенгашининг мажлисида иштирок этиш имкони бўлмаган ҳолатларда, Кенгаш аъзолари мажлис кун тартибидаги масалалар бўйича ўз фикрини ёзма шаклда юбориши мумкин. Бунда унинг фикри мажлисда кўриб чиқилади ва овоз беришда ҳисобга олинади.

Нуронийлар кенгашининг аъзолари:

ўз зиммасига юкланган вазифаларни бажариш учун вазирликнинг ҳудудий бўлинмаларида, фуқаролар йиғинларида ташкил этиладиган мажлисларда ва бошқа оммавий тадбирларда иштирок этади;

Нуронийлар кенгаши иш режаларининг лойиҳаларини тайёрлайди, уларни Нуронийлар кенгашида кўриб чиқиш учун киритади ва тасдиқланган иш режалари бажарилишини таъминлайди;

вазирлик ҳудудий бўлинмалари ҳамда фуқаролар йиғинлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш бўйича таклифлар ва тавсияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалга оширишда қатнашади;

ёлғиз кексалар, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган нуронийлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар билан учрашувлар ўтказади ва уларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини таъминлаш бўйича таклифларни Нуронийлар кенгашига киритади;

Нуронийлар кенгашининг кун тартибига киритилган масалалар юзасидан таҳлилий материаллар тайёрлайди;

Нуронийлар кенгашининг ваколатига кирадиган масалалар билан боғлиқ мурожаатларни кўриб чиқади ва натижалари бўйича тегишли ҳужжатларни тайёрлайди;

Нуронийлар кенгашига юкланган вазифалар ва функцияларга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.


22. Нуронийлар кенгаши фаолиятининг асосий масалалари унинг мажлисларида кўриб чиқилади. Нуронийлар кенгашининг мажлиси иш режалари асосида ҳар чоракда камида бир маротаба чақирилади.

Нуронийлар кенгаши раисининг ташаббуси, шунингдек, Нуронийлар кенгаши аъзолари учдан бир қисмининг ёзма мурожаати асосида унинг навбатдан ташқари мажлиси чақирилиши мумкин.


23. Нуронийлар кенгашининг мажлисларига давлат органлари, хўжалик бирлашмалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтларининг вакиллари, маҳалла фаоллари таклиф этилиши мумкин.


24. Нуронийлар кенгаши мажлиси кун тартибининг лойиҳаси котиб томонидан Нуронийлар кенгаши аъзоларининг таклифлари ва Нуронийлар кенгаши раисининг топшириғи асосида шакллантирилади.


25. Нуронийлар кенгашининг мажлисини унинг раиси олиб боради.

Раис иштирок эта олмаган ҳолатларда, мажлисни унинг ўринбосари олиб боради.

Нуронийлар кенгашининг мажлисида вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари бошлиқлари, уларнинг ўринбосарлари ва бошқа ходимлари иштирок этиши мумкин.


26. Нуронийлар кенгашининг мажлиси, агар унда Нуронийлар кенгаши аъзоларининг камида учдан икки қисми (кворум) иштирок этган тақдирда, ваколатли ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум шаклланмаган тақдирда, Нуронийлар кенгашининг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади.


27. Нуронийлар кенгаши қарорлари унинг аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади.


28. Нуронийлар кенгашининг ҳар бир аъзоси қабул қилинаётган қарорлар бўйича ўзининг фикрини ёзма ва оғзаки шаклда ифодалашга ҳақли. Унинг фикри Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомасига мажбурий тартибда қўшиб қўйилади.


29. Нуронийлар кенгашининг мажлисида қабул қилинган қарор баённома билан расмийлаштирилади.

Нуронийлар кенгаши мажлисининг баённомаси котиб томонидан имзоланади, мажлисга раислик қилувчи томонидан тасдиқланади ва уч кун муддатда вазирлик ҳудудий бўлинмаларига, фуқаролар йиғинларига, Нуронийлар кенгаши аъзоларига ва манфаатдор шахсларга юборилади.


30. Нуронийлар кенгашининг қарорини тезлик билан қабул қилиш зарурати туғилганда, қарор кенгаш раисининг ташаббуси билан Нуронийлар кенгашининг аъзолари билан келишилган ҳолда сўров йўли билан ҳам қабул қилиниши мумкин.

Вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари Нуронийлар кенгашининг қабул қилган қарорига қўшилмаган ҳолларда, Нуронийлар кенгашининг қарорини олган кундан бошлаб ўн кун муддатдан кечикмай унга асослантирилган эътирозини ёзма шаклда юборади.


31. Нуронийлар кенгашининг котиби кенгаш аъзолари кўмагида Нуронийлар кенгашининг топшириқ ва қарорлари ижросининг ҳолатини ўрганади ва кўриб чиқади, зарур бўлган ҳолларда, Нуронийлар кенгашининг раисига тегишли таклифлар киритади.


32. Вазирлик ҳудудий бўлинмаларининг кексалар ва фахрийлар ишлари бўйича ўринбосарига бириктирилган таркибий бўлинма Нуронийлар кенгашига доимий равишда услубий ва амалий ёрдам кўрсатади.



5-БОБ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР


33. Нуронийлар кенгашининг фаолиятини моддий-техник жиҳатдан вазирлик ҳудудий бўлинмаси томонидан, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан таъминланади.


34. Нуронийлар кенгашининг фаолияти унинг низомига ва қонун ҳужжатларига мувофиқ эканлиги вазирлик ҳудудий бўлинмаси раҳбари томонидан назорат қилинади.



Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси (www.lex.uz),

2020 йил 25 май